Ҳабибий (1890–1982)

Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Ҳабибий мумтоз шеъриятимизнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган ва ривожлантирган шоирдир. У ўз ғазаллари билан халқимизнинг умид ва интилишларини, руҳий камолотини ифодалаб келди.

Ҳабибий 1890 йили Андижон вилоятининг Пахтаобод туманига қарашли Қўқон қишлоғидаги Сой маҳалласида деҳқон оиласида туғилди. У эски мактабда, Андижон ва Қўқон мадрасаларида таълим олди. Лутфий, Навоий, Фузулий, Муқимий, Фурқат ва Завқий ғазалларини мутолаа қилди, уларга эргашиб шеърлар ёзди, Шарқ адабиёти анъаналарини давом эттириш йўлидан борди.

“Алишер Навоий “Хамса”сидаги фасоҳату балоғат, Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” достонида муболаға устидаги жўшқин маҳорати ўқиган сайин муҳаббатимни ўзига тортиб, мени мафтун қилар эди, – деб ёзади Ҳабибий “Таржимаи ҳол”ида. – Бора-бора йигирма ёшларимда шеър ёзишга киришдим. Адабиётда кўп учрайдиган араб, форс, туркий сўзларни, яъни луғатларни кучим етганича ўрганиб, аруз вазнининг турли баҳрларини билиш учун диққат билан кўп ўқидим, ёздим. Қандай ёзган бўлсам, шу қишлоқда бирга дарс ўқишган етук шоир, олим дўстим Муҳаммадхон (тахаллуси Маҳжурий) ва яна бир ўрта ёшлик пешқадам, жодузабон шоир Зокир қори (тахаллуси Зокирий), яна Андижонда адабиётчи ўртоқлардан шоир Сайфий, Улфатий, Анисий ва бошқа шеършунос қадрдонларнинг самимий муҳокамаларига ҳавола қилар эдим”.

1919 йилда Ҳабибий Андижоннинг Бўтақора қишлоғида яшаб, деҳқончилик билан шуғулланган. 20-йилларда халқ қўшиқлари услубида кўплаб шеърлар яратди. Шоир ижодида она Ватан ва халқимиз ҳаёти, кураши ва интилишлари ҳақидаги шеърлар етакчи ўринни ишғол этади.

 

Эй, ҳур Ватаним, тоза тану жон ила севдим,

Жон ила тану покиза виждон ила севдим.

 

Собир Абдулла, Чархий, Чустий каби ғазалнавис шоирларга ҳамовоз бўлди. Шу ғоя унинг “Ўлкам”, “Фарҳод қўшиғи”, “Муборак ёш”, “Инсон азиз”, “Улуғ бурч”, “Чеварлар”, “Муддао билан” каби шеърларида ўз маромига етказилди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида шоир қаламини найзага айлантирди. Бу даврдаги ғазаллари орасида “Жангчи йигит қўшиғи”, “Боладан ота-онага хат”, “Онадан болага хат” каби ғазаллари, айниқса, характерлидир.

Ҳабибий 1939 йили Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

1946 йилгача Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрида адабий эмакдош вазифасида ишлади. 1949 йили шоирнинг икки тўплами нашр этилди. “Меҳнат қўшиқлари” ва “Янги яллалар” деб аталган бу мажмуалардан турли йилларда ёзган ғазаллари, мухаммас ва мураббаълари ўрин олган. Булар ортидан “Кўнгил тароналари” (1957), “Замон Фарҳодлари” (1959), “Танланган асарлар” (1960 ва яна 1967 йилда Собир Абдулла сўзбошиси билан “Танланган асарлар” мажмуаси), “Шеърлар” (1963), “Ҳабибий” (1965), “Гулзорим гўзал” (1965), “Девон” (1971-биринчи нашри, 1975-иккинчи нашри), “Наврўзи олам” тўпламлари ғазалхонларга тақдим этилди.

Ҳабибий 1974 йили 85 ёшга тўлиши муносабати билан “Ўзбекистон халқ шоири” унвони билан тақдирланган.

У ўзбек шеърияти ғазал ва қўшиқчилик бобида ўзига хос мактаб яратган, аруз вазнидан муваффақиятли фойдаланган катта истеъдод соҳибидир.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан

https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/habibiy-1890-1982/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x