“Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир…”

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида юзага чиққан истиқлол адабиёти, таъкидлаш жоизки, ўзгариб бораётган миллий онгнинг, янгиланаётган эстетик тафаккурнинг маҳсули эди. Айниқса, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Азим Суюн, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Икром Отамурод, Муҳаммад Юсуф, Фахриёр, Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Баҳром Рўзимуҳаммад, Иқбол Мирзо каби шоирлар шеъриятида оламни поэтик идрок этиш янги босқичга кўтарилгани яққол намоён бўлди. Ушбу сирада Шавкат Раҳмон номини сира унутиб бўлмайди, албатта.

Қалби безовта, руҳи уйғоқ шоир асарлари инсон иродасини тобловчи оғриқлар, пўртанавор руҳий тўлғоқлар ва қиличдай ўткир фикрларга бой. Шоирнинг тили кескир сўзлардан қонайди, сўрашишга узатилган қўли ҳам ўрни келса тиғдай ялтираб кетиши мумкин. Зотан, “… билмоқчи бўлсангиз агар, шоирлик – жасорат сўзининг таржимасидир”.

Шавкат Раҳмон эллик йил ҳам яшамади. Умрининг асосий қисми эса мустамлака даврида ўтди. Буюк аждодлари дунёни лол қолдирган миллатнинг камситилиши, қадр-қиммати ерга урилиши шоир юрагини пора-пора қилади. Шу боис унинг сатрлари орасидан, таъбир жоиз бўлса, қамчилар зарбидан томчилаётган қон сизиб туради. “Иқрор” шеъридан бир парча тинглаб кўринг-а:

 

Мен жангчи эмасдим,

мен шоир эдим,

ниҳоят шоирдан кўра зобитман,

ҳар нафас мусулмон миллатим дедим,

Нафсига куйганлар келди оқибат,

Ҳаромни хуш кўрган малакфурушлар

зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,

япроқдан сарғайдим, буюк урушда

мусулмон йўқ эди,

йўқ эди миллат.

 

Бу мунглиғ шеър “Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир, бир япроқ қолмади шивирлайтурғон”, дея тугалланади.

Шавкат Раҳмон ижодида юксак санъаткорона битилган муҳаббат, табиат лирикаси алоҳида ажралиб туради. Аммо шоир поэзиясида бундай асарлар улушини кескир шеърлар салмоғи босиб кетади. Сабабини сал аввалроқ ҳам айтдик. Ижодкор давр тақозосига кўра миллатнинг изтиробли куйчисига айланган, эзилган халқининг чўнг дарди шоир қаламига сиёҳ вазифасини ўтаган. Шу боис “Дарчадан мўралаб турган гўзал сўзларни қолдириб кетаман энди барчага”, дейди ва яна “Аслида атиргул бўйин таратган бу ўйноқи сўзлар меникимасдир. Менга нондай зарур, қиличдай кескир, заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир”, дея қўшимча қилади.

Сайладим сўзларнинг сараларини,

курашлар шамоли кирди назмимга.

Юртимни кезаман,

энди ҳар нарса –

Эгилган нарсалар тегар ғашимга.

Энди ишлаш керак бу кенгликларда,

токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,

токим буюк тоғлар салтанатида

эгилган бошларни

қиличлар кессин.

 

Халқимизда эгилган бошни қилич кесмайди деган мақол бор. Аслида боболар уқтирмоқдаки, одам айбига очиқ иқрор бўлиши, жазодан қочиб қутулишни кўзламаслиги, аксинча, бунга тик бора билиши керак. Мазкур мақол ҳаргиз мутеликни тарғиб қилмайди. Бироқ халқда қуллик психологияси кучайиб кетса, зулм қиличига бўйин эгиб бориш, бўйин эгиб юриш одатга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Тарки одат эса амри маҳолдир. Шавкат Раҳмон шеърларида бу ҳолатга ўзгача аҳамият қаратади. Ёвқур шоир қилич кесмасин деб эгилган бошлардан нафратланади ва нафратини сатрларига сингдиради.

“Туркийлар” шеъри Шавкат Раҳмон ижтимоий лирикасининг сара намуналаридан саналади. Шоир истибдод эзган миллатнинг боши бирикмаслигидан, тобе бўлиб яшашга кўникканидан озорланади. Туркий халқларда фақат эгилган бошлар қолганидан, ўзлигидан бехабар қуллар туғилаётганидан юраги ёниб, кўкси пора-пора бўлади. Муросасиз шоир бу ҳолат билан келишолмайди, миллатни уйғотишни истайди, шу мақсадда аччиқ сўзлар айтади:

 

Борми эр йигитлар,

Борми эр қизлар,

борми гул бағрингда жўмард нолалар,

борми гул туфроқда ўзлигин излаб,

осмону фалакка етган болалар,

Бор бўлса,

аларга еткариб қўйинг,

Бир бошга бир ўлим,

бир қараб туйинг:

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

 

Шавкат Раҳмон туркийлар томирида азал-азалдан жўш уриб турган эрк қони кейинги асрларга келиб тўнғиб қолганидан изтиробга тушади, энди эса бу муз қотган қонни фақат кескир сўзгина яна-тағин вулқондай қайнатишига умид боғлайди. Шунданми, шеърдан шеърга сўзларини қайраб бораверади.

 

Эй беклар,

заҳар ич – ўзбегинг қолиб,

ўзгага бўйсундинг,

ўлганинг шулдир.

Шунданми, бошида теридан қолип,

Саксовул сингари майишган будун…

 

“Кенглик соғинчи” шеъридан кўриниб турибдики, шоирнинг наздида қуллик ўлимдан-да қаттиқроқдир. Зеро, қулларда ҳеч қачон ҳур фикр, озодликка интилиш, жонини хатарга қўйиш, зарурат туғилса, қурбон қилиш туйғуси бўлмайди.

Шавкат Раҳмон китобларини варақлаб, кескир сатрларидан қалбингиз қонаб, бедорлик қонлари гул туфроққа сачраб, эрта кўкламда она табиатдай уйғонганингизда, қора тошлардай гуллаганингизда… бир гап ҳадеб тилингизда еру кўкни қучган қалдирғочлардай айланаверади: “Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир бир куни қайтадан яраладими?”.

Яралмайди! Шавкат Раҳмон сингари истеъдодли шоирларимиз ҳам кўп туғилади, аммо у каби кўнгли изтироб оғусига тўлган шоиримиз бўлмайди. Чунки халқимиз елкасини энди қуллик қамчилари яраламайди. Чунки халқимиз бундан бу ёғига бош эгиб яшамайди. Чунки бул ватанда эр йигитлар бор, эр қизлар бор, ўзлигин излаб осмону фалакка етган болалар бисёр! Аларга шоирнинг безовта қалбидан бир учқун етган, кескир шеъриятидан бир баҳра етган. Шукрки, Шавкат Раҳмонга ҳам ватан мустақиллигини кўриш насиб этди, озод ҳаволардан тўйиб-тўйиб нафас олиш насиб этди.

 

Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси –

ётмасман тупроққа дўниб, тинчланиб,

жасадим тирикдир ёруғ дунёда,

ойнинг синиғидай чақнар синчларим.

Агар етти қават ернинг қаърида

ётсам-да, ларзага солиб ҳавони,

элимнинг юрагин

топар барибир

жисмимни куйдириб учган овозим.

 

Гуласал Содиқова

Андижон давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабаси.

 

Yoshlik”, 2017–5

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/shavkat-rahmon-degan-bir-ojar-shoir/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x