Чин ошиқлик қисмати…

Ўзининг кўплаб шеърлари, драма ва насрий асарлари билан болалар адабиётини бойитишга хизмат қилаётган таниқли ёзувчи Анвар Обиджоннинг “Ажинаси бор йўллар” номли автобиографик асари болалик оламини ўзига хос рангларда тасвирлаши билан ажралиб туради.

Албатта, ўзбек адабиётида бунгача ҳам автобиографик йўсинда анча-мунча асарлар битилган, тажриба тўпланган эди. Бу ҳақда гапирганда, энг аввало 20-йилларнинг охирларидаёқ чоп этилган Мўминжон Муҳаммаджоновнинг “Турмуш уринишлари”, Садриддин Айнийнинг “Эсдаликлар”и, Ойбекнинг “Болалик”и ва Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”и ёдга тушади. Кейинчалик бу саноқ Н. Сафаров, Шукрулло, С. Аҳмад, Н. Фозилов каби ёзувчиларнинг у ёки бу тарзда ёзилган автобиографик лавҳалари билан кенгайди. Бу хотираларнинг айримларида ҳаётий манбаларга кўпроқ эътибор қаратилган бўлса, бошқаларида адиблар болалигининг бадиийлашган сиймоси яратилганини кўриш мумкин. Анвар Обиджоннинг китоби кўпроқ М. Муҳаммаджоновнинг “Турмуш уринишлари”га монанд тарзда битилганига қарамай, бир қатор жиҳатлари билан ажралиб туради.

Маълумки, ёзувчи таржимаи ҳоли, кўрган-кечирганлари битилган хотиралар унинг ижодини англашдаги муҳим манбалардан биридир. Китоб билан танишар эканмиз, ҳар бир хотира кейинчалик турли даврларда битилган шеърлар бўлиб яралганига гувоҳ бўламиз. Чунончи, “Беш ёшлик хуштор” фаслида ҳис қилган туйғуларини ифодалар экан, 1977 йилда ёзилган айни шу руҳдаги шеър парчасининг келтирилиш фикримизни тасдиқлайди. Бундан шеърларнинг битилишида болалигидаги ёрқин хотиралар асос бўлганлигини пайқаш қийин эмас.

Шу боис, китобнинг яққол кўзга ташланиб турадиган жиҳатиларидан бири муаллифнинг “Мен кимман?”, дея эсини таниганидан (беш яшарлигидан) бошлабоқ ўзлигини излаган образнинг ошиқ тимсолида намоён бўлишида кўринади. Асарни бошдан-оёқ битта марказда тутиб турувчи қаҳрамонимиз муайян ҳолатларда “жонли” гўзалларга ( яқинда келин бўлиб тушган келинчак, Малинахон ва б.) интилган бўлса-да, кейинчалик “Ғалати Ойсанам” (илҳом париси)нинг тўрига илинади ва чинакам ошиққа айланади. Ва мана шу ошиқликда ўзлигини топади. Китоб ўзлигини излаган ва топишга уриниш йўлида чеккан изланишлари, азоб-уқубатларини ҳикоя қилувчи ижодкор (ошиқ)нинг бўяб-бежамай айтган чин иқрорномасининг бир бўлагидир. Биз бу ўринда ошиқнинг китобда акс этган барча кечмишини таҳлил қилмай, ундаги битта эпизод орқали намоён бўлган вафо тимсолига айланган бир асари талқинига тўхталамиз.

Китобнинг “Бирлашган қўшин” деб номланган фаслида ҳадеб кўчага дайдиб кетаверадиган укаси Акрамни ойиси қуйидагича қойийди:

“ – Қоронғи тушганда кўчада санғимагин, – дея уни қўрқита бошларди аям. – Нуся карис сенга ўхшаганларни пойлаб юради. Ушлаб олса, ўғирлаб кетади.

– Тағин шунақа қилсанг, ўзимиз сени пиёзфуруш Нусага сотворамиз, – деб қўшимча киритарди опаларим.

Бу гаплардан Акрам қолиб, менинг юрагимни ҳам қўрқув қопларди ( ўша даврда корейслар асосан пиёз, шоли экиш билан шуғулланар, Нюся дегани деҳқончилигини эшакаравада маҳаллама-маҳалла сотиб юрарди)”.[1]

Шундан сўнг китобда қаҳрамоннинг туш кўриши, тушида Нюсянинг пул санаб бериб, укасини машинага миндириб олиб кетаётгани-ю, унинг жон ҳолатда “Машинадан сакра!” деб қичқириб уйғониб кетииши ҳикоя қилинади. Хотирада Нюся ҳақида шундан бошқа тасвир учрамайди ва у китобхонда мавҳум ҳолда, шунчаки қаҳрамоннинг туш кўришига асос сифатида келтирилгандек таассурот қолдиради. Негаки, бу эпизоддан кейин қаҳрамонинг бошқа кўрган тушлари тавсирига ўтиб кетилади.

Бироқ, қизиғи шундаки, “Ёшлик” журналининг 2014 йил 12 сонида ёзувчининг “Оддий айрилиқ ҳақида эртак” номи остида чоп этилган жажжи қиссаси айни шу Нюся хола ва унинг оиласи тақдирига бағишланади. Бунда биз хотирадагидан тамоман бошқача манзарага дуч келамиз. Асарни том маънода инсонийлик қиссаси дейиш мумкин.

Асар воқеаларини ёзувчи хотиралари балан қиёслаб ўқисак, унинг кўп ўринлари айнан ўхшашлигини кўриб, бадиий асар адиб ҳаётининг муайян бир бўлаги, дейилган асосли тўхтамга келиш мумкин. Чунончи, хотирада акс этган отасининг қамомад туфайли қамалиши, қамоқдан кейин маълум вақт ишсиз юриши, турмушининг начорлашуви ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу ҳаётий фактлар қиссага айнан ўтган бўлса-да, ундаги вокеалар ёзувчининг ҳамқишлоғи Эртош бободан эшитганлари асосида ҳикоя қилинади, яъни бадиий ишлов берилади.

Уруш арафасидаги оғир йилларда узоқ ўлкалардан келиб қолган Садир тоға ва Нуса хола, дадасининг айтишича, то чўлда бошпана қургунча қиши билан уларникида яшаган. Ялпизлар қулоқлай бошлаган пайтда чўлга кўчиб пиёз, шоли экиб тирикчилик қилади. Нуса хола ( русча исми Нюся, Садир тоғаники корейсча Сугир) қишлоқма қишлоқ эшак аравада пиёз, гуруч сотиб юради.

Ёзувчи бола тилидан бу икки камтарона оила аъзолари ўртасида боғлаб турадиган риштани зўр маҳорат билан бадиийлаштиради, моҳиятини оддий ҳаётий воситалар орқали очиб беради. Унинг номини инсоний меҳр деб аташ мумкин. Мана шу инсоний меҳр ўзи қамбағал бўлса-да, тор уйини кенг қилиб бир бегона оилага қиши билан уйидан жой берган инсоннинг маънавий қиёфасини белгилайди. Шу меҳр туфайли бир йиллик қамоқ жазосидан қайтиб иш тополмай юрган отасини чўлга, ўз ёнига чорлаган Садир тоғани ҳам англаш мумкин. Асарда тасвирланган ўзидан ўн беш кунлик кичик Гоптайнинг қулоғини онасининг ўргатуви билан белгили қилиш учун карсиллатиб тишлаган боланинг болаларча қилиғи начоғли жозибали, ҳаётий.

Асарда Садир тоға тилидан айтиладиган қўшиқ ниҳоятда дардчил. У юрт соғинчи, узоқларда қолиб кетган ота-она ҳоки-пойи соғинчи. Ёзувчи соддагина қўшиқ воситасида Садир тоғанинг папирос чекиб, аччиқ-аччиқ тутинни ичига тортишининг сабабларини очиб бераётгандек гўё.

Нуса хола вафотидан кейин тақдир бу оилани бир-биридан ажратади. Кейин Садир тоға ва қизи Гоптайнинг қўшни Қозоғистонда аварияда ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалади.

Ёзувчини қўлига қалам олиб, ушбу эртакка айланган инсоний меҳрни ёзишга ундаган нарса ушбу воқеликнинг мунги ва ибратли хотимасидир. Йиллар ўтиб, аслида, ўша ҳалокатда тирик қолган Гоптай момо онасининг қабрини зиёрат қилиш учун Узумчи қишлоғига келади ва Эртошни топиб хурсандчилигидан уникида бир ойлар чамаси яшайди. Юртига қайтишга тайёрланган Гоптай момо охирги кеча Эртош билан ярим тунгача суҳбатлашиб ётади-ю қайтиб турмайди. Ёзувчи майит ёнида қарахт ҳолда турган Эртош қисматининг сўнгги ва эртакка айланган ҳолатини қуйидагича тасвирлайди:

“Оқсоқол охири Эртош отанинг олдига кириб борди. Елкасидан секингина қучиб тебратганича, энди нима қиламиз, деб сўраган эди, у кескин товушда: “Гоптай ёнимда қолади!” деди. Шундай деди-ю, кўзлари тўсатдан тепага битиб, боши биланглаб чайқалди, остидаги курсидан каравот томонга мудгий бошлади. Оқсоқол потранган алфозда унинг қўлтиғидан тутди, авайлаб гиламга ётқизди.

Эртош ота билан Гоптай момо қабристонга бирга кетди, ёнма-ён қазилган лаҳатларга бир пайтда қўйилди”. [2]

Уларнинг эртакка айланган бу қисмати ҳам катта инсоний меҳр туфайли содир бўлди.

Мазкур қисқа таҳлилидан бирон бир ҳаётий вокеа ёки одамлар кечмиши ёзувчи ижодий лабораториясида қайта ишланиб, мангуликка дахлдор туйғуларни куйловчи қўшиққа айланиши мумкинлигини кўриш мумкин.

Албатта, ҳам китоб, ҳам қисса билан танишган китобхонда қиссада тасвирланган воқеа ва кечмишлар нега хотирада акс этмади экан, деган саволнинг ҳам туғилиши табиий. Бироқ хотираларнинг ҳали биринчи қисми эълон қилинганини, унинг давоми борлигини назарда тутсак, балки қисса кейинги хотираларни безовчи асосий безаклардан бирига айланишини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Асардаги чуқур инсоний туйғуларни куйловчи концепция ва бадиий мукаммаллик шундан далолат беради.

 

Қурдош ҚАҲРАМОНОВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Анвар Обиджон. Ажинаси бор йўллар. – Т.: “Ўзбекистон”. 2015.
  2. “Ёшлик”. 2014, 12-сон. 10-17-бетлар.

 


[1] Обиджон А. Ажинаси бор йўллар. – Т.: “Ўзбекистон”. 2015. –Б.108.

[2]Обиджон А.  Оддий айрилиқ ҳақида эртак. Қисса.// Ёшлик. 2014. № 12. –Б.12

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/chin-oshiqlik-qismati/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x