“Ранжком” достонида шоир орзусининг ёритилиши

Катта ижодкорлар ҳар доим миллат ва жамият муаммоларини шахсий кечинмалардан устун қўя олишади. Шунинг учун ҳам жаҳон адабиётининг энг йирик адиблари ва сара асарларини кузатганимизда уларда умуминсоний муаммолар кўтарилганига гувоҳ бўламиз. Ўзлигини қидирган Одам эса бу асарларда ўзини, ҳаётини, оддий турмушни кўргани боис, қайта ва қайта ўқишга эҳтиёж сезади. Бундай асарлар ҳар қандай даврда ўзининг янгидан янги ўқувчиларини топаверади.

Юртимиз ва адабиётимиз бошидан кечирган мономафкуранинг ўтган йиллар адабиётига таъсирини таъкидлаш керак. Лекин ана шу даврларда ҳам гоҳ рамзлар, баъзан эртагу ривоят тарзида миллатнинг бош муаммоси кўтарилган асарлар бисёр. Ана шулар орасида Абдулла Ориповнинг “Ранжком” драматик достони туради. Негадир, ўтган давр мобайнида саҳналаштирилганини эътиборга олмасак, адабиётшуносликда бу асарга унчалик аҳамият қаратилмади. Аслида шоирнинг достонлари ҳам лирик шеърларидан бадиий жиҳатдан кам эмас. Улардаги драматизм, асар ва ҳаёт мантиғининг уйғунлиги ўқувчини ўзига ром этади.

“Ранжком” достони 1988 йилда нашр қилинган. Лекин шоир унга манбани ижодга энди кириб келган йилларидан йиға бошлаган, десак адашмаймиз. Чунки, ер юзида нафсига қул, амал ва бойлик учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одамлар бор экан, шоирлар юрагида мана шундай оғриқлар бўлиши табиий. Асар қаҳрамонлари унчалик кўп эмас, бор-йўғи олти нафар. Агар ер юзини тарози деб тасаввур қиладиган бўлсак, “ранжком”чилар бир тараф, олим, чол, фаррош кампир каби мазлумлар иккинчи тараф. Асар ёзилган давр демографик статистикасига қарайдиган бўлсак, жами башарият сони олти миллиарддан ошиқроқ бўлган, дея таъкидланади. Шоир одамларни икки гуруҳга бўлади. Биринчиси табиийки, манфаатпараст золимлар, иккинчиси мазлумлар. У дунёни шундай кўради. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Лекин золимларнинг ҳам ёмонликни кўрсатиб қиладиган, ёки зимдан иш кўрадиган тоифасини эслатиб ўтади. Шунинг учун ҳам ташкилот аъзолари уч нафар. Мана шу уч образга барча нафс бандаларининг умумий қиёфасини усталик билан жойлаштира олган. “Ранжком” ташкилотининг бир раиси ва икки аъзоси бор. Уларнинг “Ҳашорат” журнали ҳам таъсис этилган. Ташкилотнинг бош вазифаси мажлис ўтказиб, одамларни ранжитиш режасини ишлаб чиқиш. Ташкилотнинг “бош маслаги” раис номидан баён қилинган:

 

Биз маънавий ташкилотмиз – “Ранжком”миз яъни,

Ўзгаларни ранжитмоқлик бизнинг ишимиз.

Баб-баравар “сийлагаймиз” барча-барчани,

Дуч келганга қадалади ўткир нишимиз.

 

Шоир раис тилидан, бу ташкилотга изоҳ берар экан, булар ўзгалар каби зимдан эмас, балки ошкора ёмонлик қилишни касб қилган нокаслар, деб уқтиради. Аслида ҳам шундай. Табиатан ҳасадгўй, ичи қора, манфаатни онасининг саломатлигидан ҳам устун қўядиган одамлар негадир бир-бирларини қоронғуда ҳам топиб олишаверади. Ташкилотга аъзо бўлиб киришнинг биринчи шарти – қасам ичиш. Бу ҳолат бизнинг азалий қадриятларимизга хос эмас эди-ку! Бундай бало ва ташкилотга йўл очганлар ким ва мақсади нима эди, деган савол туғилади. Асар иштирокчилари аста-секинлик билан ўзларини “намоён” қилиб боришади. Ҳамма замонда бўлгани каби, содда, ғўр ёшларнинг ишончига кириб, сафимизни кенгайтириб олишимиз керак, дейишади. Бу эса ҳамма вақт барча – наркобизнес, ўғрилик, фаҳш, талончиликни касб қилиб олган уддабурон “ранжком”чиларнинг бош дастуруламали бўлиб келмоқда. Шоир кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида ёшларнинг бундай оқимларга қўшилиб кетишидан бундан қарийб ўттиз йиллаб олдин огоҳ этган эди. Уларнинг мақсади аниқ – йўлида учраган ҳар кимни қора лойга чаплаш, чоҳнинг энг чуқур ерига итқитиб юбориш. Шу ўринда бу ташкилотнинг бир аъзоси раисга ҳақли савол беради: “Агар ёш болага дуч келсак уни қандай ранжитамиз?” Раиснинг жавобини қаранг? Ёш болани эркаланг, суйиб қўлига ширинлик тутқазинг, сўнг секин қулоғига “сенинг отанг тамомила бошқа одам” деб айтинг, дея жавоб беради. Бу эса ўта даҳшатли ва оқибати аянчли манзара касб этиши табиий.

Улар камбағал, чориғини зўрға судраб юрган кишини кўрса, бойликдан гап очишни, кўзи ожиз кимсага эса, қуёш ва олам гўзаллигини тавсифлашни ният қилишади. Бу эса шундоқ ҳам эзилиб, ҳаётдан тўйиб юрган кишини синдириш эмас-ми? Афсуски, ҳаётда бу ташкилотнинг аъзолари ҳали ҳам бор ва улар жуда кўпчиликни ташкил этишади.

“Ранжком” чилар суҳбатлашиб турган хонага Савдойи олим кириб келиши билан асарда драматизм янада кучаяди. Уларнинг хатти-ҳаракатини кўриб ўқувчининг беихтиёр нафрати ошиб кетади. Бу табиийки, шоирнинг маҳоратига яна бир далилдир. Бечора олим ноёб нусха капалагининг кетидан қувлаб, тақдир тақазоси билан шу ерга келиб қолади. Аслида олим, ноёб ҳашорат устида илмий иш қилаётган ва ташкилот журналига мурожаат қилган эди. Лекин минг афсуски, бу ерда ўтирганлар учун унинг илми-ю назарий қарашларининг бир пуллик ҳам қиймати йўқ. Чунки Савдойи олимдан ҳеч қандай манфаат чиқмайди-да. Шунда ҳам бечора чолни ранжитиб, Масковдан вакиллар келиб, капалакни олиб кетгани ва унинг эгасини таклиф қилиб, билет ташлаб кетганларини рўкач қилишади. Бу бир бечора олимни масхаралашдан бошқа нарса эмас эди.

Асарни ўқиш жараёнида кулишни ҳам, йиғлашни билмай қоладиган вазиятлар тасвири жуда кўп. Масалан, ташкилотга ихтиёрий равишда қўшилган аъзо бир ўринда қилмишини айтиб:

 

Кўчамизда бир лектор бор, Худойқул оти,

Ёзғувчи деб тегар эди ғашимга нуқул.

Сен – диндор деб эълон қилдим ўша заҳоти,

Чунки дедим, сенинг исминг айнан Худойқул.

 

Бундай муносабатни кутмаган бечора одам нима қиларини билмай, бу исмни қўйган етти авлодини бўралаб сўкишгача боради, тўғрироғи, шунга мажбур қилишади. Кўча-кўйда маъруза ўқиб, ҳаммани оғзига қаратиб юрган бечора воиз бир зумда бебурд бўлиб, ранжкомчининг оёғига ётиб ялинади:

 

Деди: – Кўнглим тўлмас эди, асли исмимдан,

Ўз вақтида танқид қилдинг дардингни олай.

Ихтиёрий воз кечаман “Худой” қисмимдан,

Майли исмим ярим бўлсин, “Қул” бўлиб қолай.

 

Бир бечора бир кунда исмидан ҳам воз кечишга тайёр! Кеча ўтган тарихимизда афсуски, шунга яқин ҳолатлар бўлгани ҳақида гапирилади. Бечора Худойқул қул бўлишга тайёр бўлганида, “ранжком”чининг тили яна баланд келади. Бу дориламон замонларда қулу қулдорлик йўқ бўлиб кетганини писанда қилади. Шундай қилиб, бир бечора ўз ихтиёри билан куппа кундузи исмидан айрилиб қолади. Раис унинг бу қилмишини алқагани иккинчи аъзога ёқмайди ва ўзи қилган ундан ҳам баттар ишни гапириб беради. Табиатан овчиликка қизиққан иккинчи аъзо сафидаги бошқа бир овчини кўролмагани боис, ҳасад ўтида ёниб, атайлаб анжуман ташкил қилади. Табиатда ўтган бу анжуманнинг бош масаласи ҳалиги овчини бадном қилиш эди. Ўлкада йўқ бўлиб кетган барча ноёб жонзодлар хунини ундан талаб қилишади. Бечора одам ўтирган жойида вафот этади. Бечора одам бу разил кимсалардан ўлиб қутилади.

Агар “Ранжком” чиларни бир жамият деб қабул қиладиган бўлсак, ўша узоқ йил давом этган мономафкурачиларнинг оддий одамлар устидан “қилиб қўйган номақбул иш”лари яққол аён бўлади. Буни шоирнинг раис номидан айтган изоҳи ҳам исботлайди:

 

Шу сабабдан очиқ-ойдин бир гапни айтай,

Фидойилик деган нарса ҳавойи бир гап.

Ўзинг учун ҳар юмушга бўла олгин шай,

Сени алдаб кетишмасдан улгургин алдаб.

 

Ёки бир ўринда “уни йўлга солгай фақат қилич ё фириб” деган фикрни айтиб ўтади. Халқимиз ўтган даврда бу ҳолатларнинг ҳар иккисини ҳам бошдан кечирди.

Бу ташкилотчилар эртадан кечгача яқин келажакда қиладиган нохуш ишларнинг режасини тузиш билан овора бўлиб турган бир вақтда хонага фаррош кампир кириб келади. Фаррош кампир образи Абдулла Орипов асарларида кўп учрайди. Шоир бу образга мурожаат қилишининг икки сабаби бор. Биринчидан бу касб эгалари йўлу йўлакни, хоналарни ҳар қандай чангу ғубор ва ифлосликлардан тозалайди. Иккинчидан, улардаги самимият, тўғрисўзлик ва бироз дағаллик хислатларидан шоир унумли фойдаланади.

 

Адиба ДАВЛАТОВА

 

“Ёшлик”, 2015 йил 6-сон

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/ranjkom-dostonida-shoir-orzusining-yoritilishi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x