Китоб мутолааси ҳақида

Ҳерманн ҲЕССЕ

 

Кўпчилик, афсуски, китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушуниб ҳам етмайдилар. Баъзилар буни саводли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли, деб билади. Уларнинг фикрича, ҳар қандай китоб кишини “ўқимишли” қила олади. Бошқа бировлар учун эса ўқиш, бу – дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш барибир, зерикарли бўлмаса бас. Шунчаки дам олиш, вақт ўтказишни истаган ва “ўқимишли” бўлиш ҳақидагина қайғурадиган ўқувчи китобдаги дилни покловчи, кишини руҳлантирувчи қандайдир номаълум бир кучни сезади. Бироқ бу кучни у аниқ тасаввур этолмайди ва баҳолай ҳам олмайди. Бундай китобхон тиббиётдан мутлақо бехабар беморга ўхшайди, яъни айнан қайси дори кераклигини англамасдан, ҳар бир қутичадагидан татиб кўра бошлайди. Аслида, мутолаа борасида ҳам ҳар бир киши ўзи учун зарур, янги куч ҳамда руҳий таъсир бахш эта оладиган китобларнигина топа билиши мақбул эмасмикин?

Албатта, биз муаллифларга одамлар кўп мутолаа қилишлари ёқади. Муаллифнинг китобхонлар ҳаддан ташқари кўп китоб ўқишларига эътибор қаратиши у қадар тўғри эмас. Чунки мингта лоқайд ўқувчидан ўнта яхши китобхон афзал. Шу боис, бемалол таъкидлайман, ҳамма жойда ҳаддан ташқари кўп мутолаа қилишади ва бу – адабиёт учун обрў эмас, балки зиён келтиради, холос. Китоб мустақил бўлмаган кишиларни яна ҳам маънавий заифлаштириш учун ёзилмайди, бундан ташқари, ундан баъзан ноқобил одамларга арзон-гаров манзара ҳамда осонгина ўзгартирилган ҳаётни кўрсатиш учун ҳам фойдаланишади. Китоблар инсонни ҳаётга йўллагандагина, унга хизмат қилгандагина фойдали. Агар китоб ўқувчига оз бўлса-да, куч-ғайрат, шижоат, маънавий поклик бахш этмаса, мутолаа учун сарф этилган ҳар бир соат беҳуда ва бесамар қолаверади.

Шунчаки ўқиш, бу – диққатни тўплашга мажбур этувчи машғулот ва овуниш учунгина ўқиш, ўз-ўзини алдаш. Лоқайд кишилар учун, умуман, бирор нарсадан овунишнинг ҳожати йўқ. Аксинча, улар ҳамма жойда диққат-эътиборли бўлишлари, қаерда нима иш билан шуғулланишмасин, нима ҳақда фикр юритишларидан қатъи назар, ўзларини бутун вужудлари билан воқеалар гирдобида ҳис этмоқлари зарур.

Ҳаёт қисқа, унинг поёнида ҳеч кимдан ўқилган китоблар сони сўралмайди. Фойдаси йўқ экан, ўқишга вақт сарфлаш ақллилик белгиси эмас, аксинча, кони зиён эмасмикин? Мен бу ўринда фақат ёмон китобларни эмас, авваламбор “сифатли мутолаа”ни назарда тутаяпман. Ҳаётда босган ҳар бир қадаминг каби ўқишдан ҳам бирон натижа кутилади. Мутолаадан янги куч-ғайрат олмоқ учун аввал куч сарф этмоқ, янада яхши тушунмоқ учун олдин ўзингни “йўқотмоқ” керак.

Агар ҳар бир ўқилган китоб қувонч ва алам, шижоат ҳамда руҳий тазарру олиб келмаса, жаҳон адабиёти тарихини билишдан маъно йўқ. Фикр-мулоҳаза қилмасдан ўқиш – хушманзара табиат қўйнида кўзни боғлаб юрмоқ демак. Биз ўзимизни ва турмушимизни унутиш учун эмас, балки ҳаёт жиловини янада онглироқ равишда англаш учун ўқишимиз керак. Китобга димоғдор ўқитувчига қараган қўрқоқ ўқувчи сингари эмас, балки энг баланд чўққини забт этмоққа шайланган шиддаткор альпинист каби ёндашмоқ талаб этилади.

Руҳиятимизнинг табиий, туғма эҳтиёжи – тур, хил, намуналарни аниқлаб олиш ва улар асосида бутун инсониятни тур-турга ажратиб чиқишни тақозо этади. Теофраст[1] “Характерлар”идан тортиб, то аждодларимиз ва ота-боболаримизнинг тўрт мизож тўғрисидаги тушунчалари (инсон табиатига хос хусусиятлар) ва энг замонавий психологияга қадар, мана шу эҳтиёж турланган тартибда мунтазам намоён бўлиб, сезилиб туради. Қолаверса, ҳар қандай киши ҳам атрофидаги одамларни ёшлигида ўзи учун муҳим характерлар билан ўзаро ўхшашлигига қараб, кўпинча ғайришуурий бир тарзда гуруҳларга бўлиб чиқиши табиий. Бундай бўлинишлар, қанчалик жозибали ва ёқимли бўлмасин, соф шахсий тажрибага ёки қандайдир илмий типологияга асосланишидан қатъи назар, ҳар қандай одамда ҳам ҳар қайси турга хос хусусият, белгилар ва ўта қарама-қарши характерлар ҳамда мизожлар, бир-бири билан ўзаро алмашиниб турадиган ҳолатлар янглиғ, ҳар бир алоҳида шахсда учраши мумкинлигини таъкидлаб, тажрибанинг янги кесимини белгилаб олиш баъзан ўринли ва самарали бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, мен қуйида китобхонларнинг уч тури ёки бошқача қилиб айтганда, уч даражаси хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Албатта, бу билан камина китобхонларнинг бутун дунёси узил-кесил мана шу уч тоифага бўлинади, демоқчи эмасман. Зеро, ҳар биримиз ўз шахсий ҳаётимизнинг турли даврларида гоҳ у, гоҳ бу гуруҳларга мансуб бўлишимизга тўғри келишини ҳам унутмаслигимиз лозим.

Шунга кўра, энг аввало, содда китобхонни олиб кўрайлик. Ҳар биримиз ҳам дам-бадам ана шундай ўқувчи қиёфасида намоён бўлиб турамиз. Бундай китобхонлар – ҳиндулар ҳақидаги китобчани ўқиётган болакай ё граф аёл ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилувчи романни мутолаа қилаётган оқсоч ёки Шопенҳауэрни ўрганишга киришган талаба – барчаси, овқатни паққос туширадиган сертомоқ хўранда сингари, китобни ютиб юборади. Бундай ўқувчининг китобга муносабатини бир шахснинг иккинчи бир шахсга муносабатидек, деб бўлмайди, балки аксинча, от сулига ёки извошчига қандай қараса, худди шундай дейиш мумкин. Китоб етаклайди, китобхон эса унга эргашади. Китоб сюжети холисона, беғараз воқелик сифатида идрок қилинади. Сюжетнинг ўзи бўлса кошкийди! Бадиий адабиётнинг туппа-тузук билимга эга ашаддий ўқувчилари ҳам борки, улар буткул содда китобхон синфига мансубдир. Гарчи улар сюжетнинг ўзи билангина кифояланиб қолмасалар-да, романда қанча аза ёки қанча тўй тасвир этилганига қараб баҳо бермайдилар, шу билан бирга, муаллифнинг ўзини тушуниб, китобнинг эстетик моҳиятини холисона қабул қиладилар. Улар асар муаллифининг барча завқ-шавқ, қувончига ва илҳомига шерикдирлар, унинг дунёқарашига буткул қўшилиб, муаллифнинг тасаввур маҳсулини, турлича маъно бериш ҳолатларини ҳеч бир эътирозсиз қабул қиладилар. Оддий одамларни асар сюжети, ундаги вазият, воқеа ва ҳаракатлар қизиқтирса, ўткир ақл соҳиблари учун эса муаллиф маҳорати, тили, билими, маънавий савияси муҳим. Улар бунинг барчасини қандайдир холисона воқелик сифатида – адабиётнинг сўнгги ва энг юксак бойлиги сифатида – Карл Май[2] мухлиси бўлмиш навқирон ўқувчи “Эски пайпоқ” асаридаги воқеаларни мавжуд воқелик деб қандай идрок этса, худди шундай тушунадилар.

Бундай содда китобхон, мутолаага муносабатига кўра, умуман, шахс ҳисобланмайди, балки ўзи билан ўзи андармон ўқувчи, холос. У романдаги воқеаларнинг кескинлигига, хавф-хатарга тўла саргузаштларига, ишқий лавҳаларга бойлигига, тасвирнинг дабдабали ёки ожизлигига қараб баҳолайди ёки бунинг ўрнига, муаллифнинг ўзигагина баҳо бериб қўяқолади, яъни унинг муваффақиятларини шундай андаза билан ўлчайдики, бу меъёр охир-оқибатда доимий одатга айланади. Бундай ўқувчи китоб, умуман, ҳис қилиб, тушуниб ўқиш ва мазмуни ёки шаклига муносиб баҳо бериш учунгина яратилган деб ўйлайди, бунга шак-шубҳа қилмайди. Яъни, китоб – нон ёки кўрпа-тўшакка ўхшаган нарса, деб ҳисоблайди.

Бироқ дунёдаги мавжуд барча нарсаларга нисбатан бўлганидек, китобга ҳам ўзгача муносабат жоиз. Инсон тарбиясига эмас, табиатига амал қилди дегунча, болага айланади ва буюмларни ўйнай бошлайди. Шунда нон ерости йўли қазилган тоққа, кўрпа эса ғорга ёки қор босган далага айланади. Шундай болаларга хос соддаликдан ва бу ўйинчи даҳодан иккинчи турдаги китобхонга нимадир юқади. Бу ўқувчи асар мазмуни ёки шаклини қанчалик қадрласа, унинг ҳақиқий, янада муҳимроқ қадр-қимматини ҳам шунчалик юқори баҳолайди. Бу китобхон болаларга ўхшаб, ҳар бир нарсанинг эҳтимол ўн ёки юз мазмун-моҳияти, аҳамияти ва қадр-қиммати борлигини яхши билади. Мазкур ўқувчи, масалан, ёзувчи ёки файласуфнинг воқеа, ҳодисалар, нарсаларга нисбатан ўз баҳосини ўз-ўзига ёхуд китобхонга мажбуран қабул қилдиришга уринаётганини кузата бориб, жилмайиб қўйиши ҳамда муаллифнинг эркинлиги ва асоссизлиги бўлиб кўринаётган нарса аслида сусткашлик ва мажбурлашдан бошқа нарса эмаслигини пайқаб олиши мумкин. Бу китобхон профессор-адабиётшунослар ва адабиёт мунаққидларига кўпинча бутунлай номаълумлигича қоладиган жиҳатни: мазмун ва шаклнинг эркин танлови деган тутуриқсиз гапнинг мутлақо мавжуд эмаслигини ҳам яхши билади. Яъни, адабиёт тарихчиси, Шиллер фалон йили фалон сюжетни танлаб олиб, уни беш бўғинли ямб (вазн) орқали ифодалашга аҳд қилган, дейди. Китобхон эса на сюжет, на ямб шоирнинг эркин танловига сабаб эмаслигини, унга роҳат бағишлаган ягона нарса – шоир сюжетни нима қилиши эмас, балки сюжет шоир билан нималар қилганини кўриш истагидир.

Шу хилдаги фикрга келганда, эстетик деб аталадиган қадриятлар деярли бутунлай ўз қимматини йўқотади ва айнан ҳар қандай хато, камчилик ва номукаммалликлар улкан жозибадорлик касб этиши мумкин. Чунки бундай китобхон ёзувчи кетидан извошчига эргашган отга ўхшаб эмас, балки ўлжанинг изига тушган овчидек боради ва поэтик эркинлик бўлиб кўринаётган нарса томон ногоҳ ташланган назар, шоирнинг сустлиги ва зўракилигини пайқаган нигоҳ, соз техника ҳамда нафис сўз санъатининг барча гўзалликларидан ҳам кўра кўпроқ завқ-шавқ, шодликка ноил бўлмоғи мумкин.

Яна йўлимизда давом этамиз ва учинчи – охирги типдаги китобхонга дуч келамиз. Шу ўринда яна бир бор таъкидлаймиз, ҳеч ким, ҳеч қайси биримиз у ёки бу тоифада муқим, абадий қолиб кетишга мажбур эмасмиз, зотан, ҳар биримиз бугун иккинчи, эртага учинчи, индин эса яна биринчи гуруҳга мансуб бўлмоғимиз ҳам мумкин. Шундай қилиб, энди ниҳоят, учинчи – сўнгги босқич ҳақида сўз юритамиз.

Учинчи турдаги китобхон зоҳиран “яхши” деб ном олган ўқувчининг бутунлай тескарисидир. Бу китобхон шу даражага етган шахски, у ҳеч кимга ўхшамайди. У – ўз мутолаа салтанатида мутлақ ҳоким, ҳукамо, ҳукмдор. Китобдан у на маърифат излайди, на вақтичоғлик. Китобдан – бу ёруғ оламда қолган бошқа ҳар қанақанги нарса каби – фақатгина бошланиш, йўналиш нуқтаси сифатида, истак, ният, майл сифатида фойдаланади. Унга аслида нима ўқишнинг фарқи йўқ. У бирор файласуфнинг асарини унга ишониб, таълимотини ўрганиб олмоқ ёки уни танқид қилиб, унга қарши ҳаракат қилмоқ учун ўқимайди, бирон-бир шоирни дунёнинг қандай яралганини тушунтириб бериши учун мутолаа қилмайди. Йўқ, у ҳамма нарсани ўзи тушунади, ўзи англай олади. У, таъбир жоиз бўлса, комил инсон. У ҳамма нарса билан ўйнаша олади: муайян бир нуқтаи назар; қараш; фикр; тасаввур. Ҳамма нарсани ўйинга айлантиришдан ҳам кўра фойдалироқ ва самаралироқ бошқа ҳеч нарсага ҳожат қолмайди. Агар бундай ўқувчи китобдан бирон-бир сентенция, яъни ҳикматли сўз, доно гап, ҳикмат топиб олса, энг аввало, топилманинг астар-аврасини ағдаради. У азал-азалдан биладики, ҳар қандай ҳақиқатларни инкор этиш асл ҳақиқатдир. У маънавият соҳасидаги ҳар қандай фикр, қараш, нуқтаи назар қутб эканлигини ва унга қарама-қарши худди шундай зўр қутб ҳам мавжуд эканини азалдан яхши билади. У ёш болага ўхшаб, ассоциатив[3] тафаккурни етарли даражада қадрлайди, бироқ у бошқа нарсаларни ҳам билади. Шундай қилиб, мазкур китобхон ёки, тўғрироғи, шу гуруҳга мансуб ҳар биримиз ҳам дуч келган нарсани – роман, грамматика, йўл қатнови жадвали, босмахона намуналарини ва бошқа ҳар қандай нарсани ўқийверишимиз мумкин. Фантазиямиз ва ассоциатив қобилиятимиз муносиб даражада бўлган пайтда ҳам биз барибир қоғоздаги битикларни ўқимаётган, лекин шу аснода ўқиганларимиздан бизга ёғилиб турган нурафшон ёғдулар, истак, ният ва майллар оқимида сузаётган бўламиз. Улар саҳифалар, матнлар бағридан, шу билан бирга, босма ҳарфлар терилган устунчаларда ҳам кўриниши мумкин. Ҳаттоки, газетада босилган эълон ҳам янгилик. Энг бахт-омадли, тантанавор фикр мутлақо жонсиз сўз замиридан келиб чиқса ҳам ажаб эмас, негаки, ундаги ҳарфларни, худди мозаикага ўхшаб, дам бундоқ, дам ундоқ айлантириб кўравериш ҳам жоиз. Бундай ҳолатларда ҳатто Қизил Шапкача ҳақидаги эртакни қандайдир космогония[4] ёки фалсафа ёхуд гўзал ишқий поэзия янглиғ мутолаа қилиш дуруст. Аллақандай сигара қутисидаги “Colorado maduro” деган ёзувни шунчаки ўқиб, ушбу сўзлар, ҳарфлар ва товушлар ўйинига берилиб кетгач, илм, хотира ва тафаккурнинг барча юзта салтанати бўйлаб, юракдаги орзуга айланган олис саёҳатга отланмоқ ҳам мумкин.

Бироқ шу ўринда – мутолаа ҳам шунақа бўладими? – дея мени ёзғиришлари табиий. Хўш, айтайлик, Гётени ўқиётиб, Гётенинг ният, мақсад, ўй ва фикрларини уқиш, идрок этиш ва чуқур англаш ўрнига ўзини гўё қандайдир эълонни ёки бўлмасам, тасодифий терилган ҳарфлар уюмини томоша қилаётгандек тутадиган одамни, умуман, китобхон деб атаб бўладими? Мутолаанинг сўнгги – учинчи даражаси деб атаганимиз аслида китобхонликнинг энг паст, энг бачкана, энг варварларча тури эмасмикин мабодо? Бундай ўқувчидан Ҳёлдерлин[5] мусиқаси, Ленау[6] эҳтироси, Стендаль иродаси, Шекспир теранлиги қаёққа ҳам қочиб қутула оларкин? Нимаям дердим, ёзғирган киши ҳақ. Учинчи тоифадаги китобхон – мутлақо китобхон эмас. Мазкур гуруҳда узоқ қолиб кетадиган одам охир-оқибат китоб ўқишни йиғиштириб қўяди. Бунга сабаб шуки, унинг учун гилам расми, девор, тўсиқ, ғовга терилган тошлар аъло ва мукаммал даражада тартиб берилган ҳарфлардан тузилган энг гўзал саҳифа ўрнини бемалол боса олади. Алифбо ҳарфлари битилган варақ унинг учун бирдан-бир, ягона китобга айланиши ҳам мумкин.

Ҳа, шундай, бу охирги босқичдаги китобхон ортиқ китобхон эмас. Унга Гёте бир пул, Шекспир ҳам чикора. Ана шу сўнгги даражадаги китобхон энди, умуман, китоб ўқимайди. Ҳа-да, китоб унга не даркор? Ахир, бутун олам унинг ўзида мужассам эмасми?

Учинчи гуруҳда узоқ тўхтаб қолган одам ким бўлмасин, ортиқ китоб ўқимай қўяр эди. Аммо, унда ҳеч ким узоқ туриб қолмайди. Шундай бўлса ҳам, ҳарҳолда, кимки мана шу учинчи босқич билан таниш эмас экан, ёмон, хом, ғўр, думбул китобхондир. Чунки у дунёнинг бутун поэзияси ва бутун фалсафаси ўзида мужассам эканлигини билмайди, зеро, энг буюк шоир ҳам ҳар биримизда мавжуд ўша пинҳоний сарчашмадан улги олади, ахир. Ҳаётингда ақалли бир мартагина майли, фақат бир кунга учинчи – босқичда бир бўлгин – ана кейин (ортингга енгил қайтиб), мавжуд барча битикларнинг анча дуруст ўқувчисига, тингловчисига ва шарҳловчисига айланасан. Шу босқичда атиги бир мартагина бўлиб кўргин, шунда сен учун йўл бўйида ётган тош ҳам Гёте ёки Толстой қадар маъно касб этади, – сўнгра сен Гёте, Толстой ва бошқа барча ёзувчилардан беқиёс улкан маъно-мазмун, илгаригидан ҳам кўра кўпроқ шира-шарбат ва асал оласан, ҳаётга ва ўз-ўзингга ишончинг яна-да ортади. Негаки, Гёте асарлари, бу – Гёте эмас, Достоевский жилдлари, бу – Достоевский эмас, бу – уларнинг уринишлари, ўзлари марказида турган дунёнинг кўповозлилиги ва кўпмаънолилигини босиш, пасайтириш йўлидаги, ҳеч қачон охирига етмайдиган умидсиз, тушкун уринишлари, холос.

Сайр қилиб юрган чоғингда, ақалли бир марта хаёлингга келган ўй-фикрлар занжирини тутиб қолишга уриниб кўр. Ёки – бундан ҳам кўра енгилроқ туюлган – тунда кўрганинг оддийгина тушни эслаб қол! Тушингда сенга кимдир аввал таёқ ўқталди, сўнг эса, орден тутқазди. Хўш, бу ким экан? Зўр бериб эслашга ҳаракат қилаверасан, у бир дўстингга, бир отангга ўхшаш туюлади, лекин қандайдир бегона, ёт эканлиги билиниб туради, аёл кишига, синглингга, маҳбубангга ҳам ўхшаб кетади… У ўқталган таёқ тутқичи эса нимаси биландир сен ўқувчилик даврингда илк бор саёҳатга отланган кемадаги штокни[7] эслатади. Ва шунда бирданига юз минглаб хотиралар қалқиб, юзага чиқади. Агар сен ана шу жўнгина тушни эслаб қолиб, мазмунини қисқача қилиб, стенография ёки алоҳида сўзлар билан ёзиб қўймоқчи экансан, биласанми, то ўша орденга етиб боргунингча, бутун бошли китоб дунёга келади, бир эмас, балки иккита, эҳтимол ўнта бўлар. Гап бунда эмас. Чунки туш, бу – туйнук, у орқали сен бутун вужудинг ичидаги бор нарсани кўра оласан, ўша бор нарса – бутун дунёдан, сен туғилгандан то ҳозирги дақиқагача, Ҳомердан Ҳайнриҳ Маннгача, Япониядан тортиб, Гибралтаргача, Сириусдан то Ергача, Қизил Шапкачадан то Бергсонга[8] қадар бутун дунёдан на катта, на кичик бўлмаган бир оламдир. Ва сен ўз тушингни айтиб, таъбирлаб беришга ҳаракат қилаётганинг тушинг ўраб, қамраб олган дунёга дахлдорлиги каби, муаллиф асари ҳам у айтмоқчи бўлган нарсага, фикрга, ғояга тааллуқлидир.

Гёте “Фауст”ининг иккинчи қисми устида олимлар ва дилетантлар (ҳаваскорлар) деярли юз йилдан бери баҳслашиб, тортишиб келадилар, бу эса бирталай бамаъни ва бемаъни, теран ва тутуриқсиз изоҳлар, шарҳлар, тушунтиришларнинг юзага келишига сабабчидир. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳар қандай адабий асар замирида ўша сирли сирт – юза остига яширинган, номсиз кўпмаънолилик мужассам. Буни энг янги психология “рамзларнинг ўта детерминантлашуви” деб атайди. Усиз ҳам буни фикрнинг чексиз, битмас-туганмас мукаммаллиги узра қисман бўлса-да, пайқаб олмоқ учун, ҳар қандай ёзувчи ёки мутафаккирни торгина доирада уқиб, идрок этасан, унинг муайян бир бўлагини яхлит, бир бутун ўрнида қабул қиласан, юзани тўла қамраб ололмаётган изоҳ, тушунтиришларга батамом ишонасан.

Китобхоннинг мутолаадаги шу уч босқич орасида гоҳ у ён, гоҳ бу ён кўчиб юриши табиий, бу ҳар қандай киши билан ҳар бир соҳада содир бўлиши мумкин. Минглаб оралиқ даражалардан иборат ана шу уч босқич архитектура, рассомлик санъати, зоология, тарих каби соҳаларда ҳам мавжуд. Ва мана шу учинчи босқич ҳам ҳаммаёқда бор, унда сен ҳаммадан кўра кўпроқ ўз-ўзинг билан тенглашасан, бироқ у ҳар ерда сендаги ўқувчини йўқотиш учун таҳдид қилади, адабиётнинг, санъатнинг айниши, дунё тарихининг бузилиши учун хавф-хатар туғдиради. Аммо шундай бўлса ҳам, сен мана шу босқични ўтамасанг, китоб ўқишда, санъат ва илм ўрганишда имло ўқиётган оддий мактаб ўқувчисидан фарқинг қолмайди.

 

Немис тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–5

 


[1] Теофраст (Феофраст, ҳақиқий исми Тиртам) (эр. олд. 372-287) – қадимги юнон файласуфи, табиатшунос олим, Арастунинг дўсти ва издоши, “Ахлоқий характерлар” асарининг муаллифи.

[2] Карл Май (1842-1912) – немис ёзувчиси, ҳиндулар ҳақидаги кўплаб саргузашт романлар муаллифи.

[3] Ассоциатив – айрим тасаввурларнинг бир-бири билан ўзаро боғланишига оид.

[4] Космогония – оламнинг пайдо бўлиши ҳақидаги таълимот.

[5] Йоҳанн Кристиан Фрийдриҳ Ҳёлдерлин (1770-1843) – немис романтик шоири.

[6] Николаус Ленау (1802-1850) – австриялик романтик шоир.

[7] Шток – кема лангарининг тепа қисмига ўрнатилган кўндаланг ўқ.

[8] Анри Бергсон (1859-1941) – француз файласуфи, адабиёт соҳасидаги Нобель мукофоти соҳиби.

https://saviya.uz/ijod/publitsistika/kitob-mutolaasi-haqida/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x