Кечинманинг бадиий ифодаси

Шоир Ғулом Фатҳиддин лирикасидаги теран кечинма ҳамда унинг турли шакл ва услубда ифодаланиши, борлиқни ҳиссий-фалсафий, рамзий-метофорик идрок этиши диққатни тортади. Зеро,”туйғунинг ҳаракати бизга, тахмин қилингандек, улар умумий ҳиссиётга яқинлашганда эмас, балки уларга сингдирилган ҳиссий қабул қилиш маълум предмет ва образ оламини яратишга хизмат қилганда сезилади. Бизнинг ҳиссий қабул қилишимиз қанчалик такомиллашган бўлса, бу олам бизга шунчалик гўзал бўлиб кўринади ва биз уни янада аниқ тасаввур эта оламиз”[1]. Демак, воқелик натижасида шоир қалбида юзага келган кечинма қанчалик теран, етук бўлса, шеърнинг шакл ва мазмун бирлиги ҳам шунчалик мукаммаллашади. Ғулом Фатҳиддин шеърларида шундай жиҳатлар мавжуд.

 

Рангпар деразадан мўраларди жим,

Чинор оғушига яширинган ой.

Ғира-шира тунда сузар хотиржам,

Жўнгина кулбамиз – тенги йўқ сарой.[2]

 

Мазкур парча бошловчи банд сифатида лирик қаҳрамон кўнглидаги ҳаётсеварликни, ошиқнинг кузатувчанлиги ва бағрикенглигини очиб беради. Иккинчи мисрадаги чинор ва ой ўз бахтидан масрур ошиқ-маъшуқ тимсоли бўлса, тўртинчи қатордаги “кулба” эса “сарой” билан истиоравий муносабатга киришиб, мазмуни зид сифатлар ёрдамида лирик қаҳрамон кечинмасининг теранлигини акс эттиради. Биринчи мисрада берилган “дераза” детали лирик қаҳрамон юрагига нисбатан олиб борувчи йўл ҳисобланди. Унга “рангпар” сифатининг берилиши эса бир томондан бу йўл кўҳналигига ишора бўлса, иккинчи томондан лирик қаҳрамоннинг ошиқлик ҳолати ҳақида ҳам бадиий хабар ташимоқда. Лекин, бадиий хабарнинг бошқа томонлари кейинги бандда янада кенгроқ очилади:

 

Кўҳна қўшиғини хиргойи қилар

Хушбўй бедазорда сармаст бедана.

Зилол сув жилдираб унга жўр бўлар,

Чигирткалар ҳазин чириллар яна.

 

“Бедананинг кўҳна қўшиғи” жумласи орқали шеърдаги замон ва макон кўлами узоқ тарихга қадар кенгаяди. Бунда “кўҳна қўшиқ” ва “сармаст бедана” жумлалари билдирган маъно асосий ўрин тутади. Бу ўринда, шоир қадимий Ватан ва азалий турмуш тарзимиз – гўзал табиатга ошноликни руҳий параллелизм орқали бераётгани аён бўлади. Зилол сув жилдираши, чигирткаларнинг ҳазин чириллаши табиатдаги оҳанглар ва уларга йўғрилган кечинмалар образи руҳимизга бир соғинч ҳадя этади. Бедазордаги хушбўйликдан маст бўлган бедананинг сайрашига жўр бўлаётган табиат овози бизнинг туйғуларимизга таъсир қилади. Туйғулар кечинмага айланади. Кечинма эса Ватанга бўлган муҳаббатни кучайтиради. Шоир учун Ватан бу, аввало, пичан ҳиди ва севимли маъшуқанинг юзи, булутлар ва оҳанглар, “япроқлари шивирлаб, дуо ўқиётган тераклар” ва лирик қаҳрамон юрагига тушган ўтдир. Ана шундай деталлар лирик қаҳрамон қалбидаги кўтаринки кечинмаларни тўла акс эттиради. Бу эса, унинг содда ва самимий юракка эга бағрикенг шахс эканлигидан далолат беради.

“Оппоқ йиғи” сарлавҳали шеърида эса лирик қаҳрамони иродали, ғурури баланд шахс эканлиги кўзга ташланади:

 

Ҳавасим келади сенга, эй, гилос,

Силагим келади яшил бошингни.

Йиғлар чоғингда ҳам қаддинг тутиб ғоз,

Тўкасан гулларга ўраб ёшингни.

 

Гилос ҳам табиий, ҳам рамзий образ сифатида бир неча мазмуний қатлам ва таъсирчан ёрқин тасвирга эга бўлиб, шоирнинг бадиий нияти дарахтнинг гўзаллигини ифодалаш эмас, балки, инсон феълини очиб беришдир.

Ғулом Фатҳиддин битикларининг яна бир яхши жиҳати шаклий, услубий изланишидир. Шоир қатор шеърларида эркин вазндан фойдаланган. Аслида, ҳар бир ижодкор ўз онггига таъсир кўрсатган ташқи омил – турли ижтимоий муносабат, нарса, воқеа, ҳодисалар асосида воқеликни бадиий англайди ва ўзига хос ифода этади. Натижада, турли поэтик шакллар, ифода усуллари, бадиий жиҳатлар яратилади. Жумладан, шоир ўзбек шеъриятида ўзига хос шеърий шакл сифатида шаклланиб улгурган учликда ҳам шеърлар ёзган:

 

Қулоғимга чалинар гоҳо

денгиз чиғаноғи товушларидек

мармар лавҳаларнинг ҳўрсинишлари.

 

Шеърдаги дунёни англашга интилиш, мармартошнинг дарддан ҳўрсинишини эшитиш учун шунчаки одам эмас, балки инсон бўлиш керак. Чунки ҳақиқий инсонгина марҳум қабрига қўйилган тошнинг қабристондаги марҳумлар тақдирини англаб оғир хўрсинишини тушунади ва унда доимо шабада билан бирга қулоққа чалинадиган денгиз овозини эшита олади. Бир қарашда денгиз чиғаноғи ва мармарнинг овози бошқа-бошқадек туюлади. Лекин ҳар иккаласи ҳам ташқи томондан турли безаклари ва нисбатан қаттиқлиги билан ўхшайди. Шоир ана шу кичик ўхшашликдан катта ҳаётий мазмун топа билган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, шоир ижодида денгиз алоҳида ўринга эга. Чунки денгизнинг безовта қалбини тушунган денгизчи сифатида шеърларида денгизга бот-бот мурожаат қилади. Лекин уни бегона эмас, соф миллий феъли билан боласини аллалаётган она тимсолида ифодалайди.

 

Тўлқинлар шаштидан тебранар денгиз,

Қояларга урар кумуш тиғини.

Қуёш чекинмоқда қолдирмай, эсиз.

Соҳил ойнасида нурли туғини.

 

Лирик қаҳрамон денгизнинг кумуш тиғини, қуёшнинг нурли туғини кўриб ҳаяжонга тушади ва уларнинг вақтинча эканлигидан афсус чекади. Лекин бу қайтаётган тўлқин, ботаётган қуёш бағрида эртанги кунга умид борлигини, жажжи тўлқин яна курашга отланаётганидан ғайратга тушади. Бошқа бир учлик шеърида эса шовқинли ўрмонни ташлаб кетаёган гўзаллик тимсолларининг тасвири берилган:

 

Бақириқ-чақириққа тўла гунг ўрмон.

Бундан чиқиб кетмоқдалар ўксиниб,

Менинг оҳуларим тилини тишлаб.

 

Шеърнинг биринчи мисраси тезис сифатида лирик асардаги кўламдорликни таъминлайди. Шоир шеър замирида глобал бўлган экологик муаммони ёритар экан, ўрмон ва оҳу детал-образлари орқали метафорик усул ёрдамида бадиий дид, гўзалликни тушуниш камайиб бораётганидан изтироб чекади.

Шоирнинг “Мавҳумлик”, “Ёруғ дунё ҳақида ўйлар”, “Кўҳна жараён ҳақида янги башорат”, “Фуқаролик ҳақида ўйлар” каби шеърлари эркин вазннинг ўзига хос кўринишлари саналади. Уларда умуминсоний қадриятлар қамраб олинган бўлиб, шоир одам ва оламни тушунишга интилиш жараёнида пайдо бўлган туйғуларини лирик кечинманинг ҳиссиёти билан мужассамлаштиради.

Ғулом Фатҳиддин шеърларидаги лирик кечинмада лирик субъектнинг табиий олами теран фалсафий ҳиссиётга бой, серқатлам дунёсини, олам ва одам моҳиятини англашга ҳаракат қилаётган инсонни кўриш мумкин.

Шоир ана шу хусусиятни жуда яхши англаган ҳолда, оддий ҳаётий воқелик асосида ҳам теран фалсафий мушоҳада, кутилмаган хулоса ясай олади:

 

Ҳуштагини чалиб шамол,

Адирларга арқон ўрайди.

Чечаклардан иборат олам

Товонлардан шафқат сўрайди[3].

 

Бир қарашда шоир табиат тасвирини чизаётгандек туюлади. Шеърдаги “шамол” ва “чечак” образлари предметлилик даражасига кўра детал-образлар бўлиб, улар зиммасига жамиятнинг икки қутбини кўрсатиш юкланган. “Шамолнинг адирларга арқон ўраши” шоирнинг ажойиб топилмасидир. Дарҳақиқат, кенглик ўртасидаси адирни қоплаган майса ва чечаклар устида шамолнинг эпкини натижасида ҳосил бўладиган тўлқин гўё похолдан арқон эшиш натижасида ҳавода қоладиган изга ўхшайди. Шамолнинг ҳолатига аниқлик сифатида киритилган “ҳуштак чалиб” ибораси эса шамолни жонлантириб, унинг қалбида кўтаринкилик, аллақандай мамнунлик борлигидан дарак беради. Гарчи кўзга кўринмаса-да, шамолнинг нима биландир машғуллигини билдиради. Шу парчада шамол образининг зиммасидаги ҳаётсеварлик, меҳнатсеварлик қирралари кўзга ташланади. Лекин банднинг кейинги мисраларида эса шамолнинг оёқлари остида эзилаётган чечаклар оламининг фарёдини англаган шоир қалби юзага чиқади. “Чечакларнинг овози” ва “шамолнинг ҳаракати” иккала қирранинг банддаги фаолиятида ўзаро мазмуний зиддиятга киришиши таъминлаган унсурлардандир. Мазмуний зиддият дастлабки ўринда, соф табиий тасвир бўлса, иккинчи мазмуний қатламда, истиоравий кўриниш олади ва ижтимоий тасвирга айланади. Учинчи ўринда эса, улар ёнига лирик субъект овози ҳам қўшилади. Бу овоз асосан, икки қудратли кучни англаган шахснинг овози сифатида ҳали лирик воқеликка жадал аралашгани сезилмайди.

 

Кезиб юрар хазонлар иси,

Кенгликларда товланар сароб,

Наҳот, нурга бўлган севгиси

Лолазорни айлагай хароб?

 

Мазкур бандда шоирнинг аввалги тўртлик тасвир замиридаги ҳадиги кучая бошлайди. Яъни, лирик субъект лирик воқеликка аралашади. Лекин унгача яна лирик композицияда тезислар берилади: “Кезиб юрар хазонлар иси”, “Кенгликларда товланар сароб”. Лирик субъектнинг кузатувчанлиги, баҳорда ҳам, яъни, ҳамма нарса гуллаб, яшнаб, майсалар, япроқлар сўлмайдиган кўкламда хазон исини туюши, саробни кўриши ва унинг зиммасидаги маънавий кўчимларни англаши шеърнинг мазмуний доирасини кенгайтиради. Бу ўринда нур ва лолазор деталлари орқали одамлар қалбидаги ёруғлик, нозиклик, гўзалликни англашимиз мумкин.

Шоир ижодининг яна бир жиҳати шеърдаги лирик хронотоплар (баҳор, қир), лирик композия (тезис, антитезис ва хулоса), синтактик усуллар (риторик сўроқ, метафора)дан унумли фойдаланганида кўринади.

Юқорида айтилганидек, шоир метафорадан унумли фойдаланган. Буни “Озодлик суврати” номли шеърида кузатишимиз мумкин[4].

Шоир мазкур шеърида, Ватаннинг суратини метафорага айлантирган.

 

Унинг қаршисида оқарарди вақт –

Тун рангли сочларин босмиш қорли тонг.

Кўкрак қафасига қилмасдан шафқат

Осилган юраги чалаётир бонг.

 

Аслида, реал ҳаётда вақт оқармайди. Лекин Ғулом Фатҳиддин метафора ёрдамида “вақт” хронотопини мувафаққият билан эпитетлаган. Cоч ва тонг деталлари орқали эса вақтнинг тундан тонгга қараб ҳаракатланиши ифодаланган. Ана шу ҳаракат эса тун ва тонг хронотопларининг вақтга нисбатан маъно кўчимини, яъни, метафорани топа билган. Юракнинг ҳар бир уриши кишиларга инсонпарварлик ғоясини сингдирувчи бонгдек етиши шеърдаги муайян шахснинг озодликка талпинишидек янграйди.

Яна бир жиҳат. Ғулом Фатҳиддин шеърларида ўзидан аввалги шоирлар ижодидан таъсирланиши ва уларнинг анъаналарига ёндашиши ҳам яққол кўзга ташланади.

Ижодий таъсирнинг яна бир муҳим жиҳати, жамият ёки ижодкорда мумтоз адабиёт вакили ва у яшаган даврга нисбатан ташқи яқинлик шаклланишида ҳам кузатилади. Шу маънода, Ғулом Фатҳиддинда мустақиллик даврида берилган ижодий эркинлик натижасида аждодларимиз меросига нисбатан ҳурмат кучайган ва шоир бадиий қирраларни чуқур ўрганишга ҳаракат қиламоқда.

 

Қаҳҳоржон ЙЎЛЧИЕВ,

филология фанлари доктори

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–3

 


[1] Потебня А.А. Слово и миф. М.: Правда, 1989. – С.17-200.http://philologos.narod.ru/potebnja/

[2] Ғулом Фатҳиддин. Истак. шеърлар. Тошкент “Камалак” нашриёти. 1992 йил.

[3] Ғулом Фатҳиддин.  Ложувард соя. Шеърлар, достонлар, таржималар. Тошкент. “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси, 2012. –Б.23

[4] Юқоридаги манба.- Б.39.

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/kechinmaning-badiiy-ifodasi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x