Кексалар гипотонияси

Гипотония (қон босими пастлиги) касаллигига чалинган кексаларимиз ҳолсизланиб, тез толиқади, қулоқ шанғиллаши рўй беради, боши айланади ва оғрийди, ўрнидан тез турганда кўзи тинади, мушак ва бўғимлари оғрийди. Беморлар одам гавжум жойларда, кўча транспортида ўзларини нохуш сезишлари мумкин. Юқоридаги клиник белгилар пайдо бўлганда улар тоза ҳавода пиёда юришса, аҳволлари енгиллашади, чунки бундай вақтда бош мия томирларининг қон билан таъминланиши яхшиланади. Негаки, касалликнинг асл сабаби танада қон айланишининг бузилиши ҳисоб ланади.

Гипотония, аввало, ирсий мойиллик, камҳаракатлилик ёки кун давомида ўтириб ишлаш оқибатида юз беради. Шунингдек, организмда рўй берадиган ҳар қандай ўзгаришлар, масалан юқумли касалликлар, иммунитет пасайиши, гормонал хасталиклар, стресс, оғир юмушларни бажариш, об-ҳаво ва радиация таъсири сингарилар қон томирларнинг кенгайиб, артериал босимнинг пасайишига олиб келади. Натижада қон кислородни барча аъзолар (энг аввало, бош мия)га секинлик билан олиб боради. Бу эса инсонда беҳоллик, уйқучанлик, тез толиқиш, беҳузурлик, баъзан ҳушдан кетиш каби ҳолатлар билан намоён бўлади.

Кардиолог назорати муҳим

Қон босими тонометр ёрдамида ўлчанганда юқори (систолик) рақам 100 мм симоб устуни, пасткиси (яъни диастолик) эса 60 мм (симоб устуни)дан паст бўлган тақдирда беморга гипотония ташхиси қўйилади. Кичик ва ўсмир ёшдаги болаларда бу кўрсаткич 85-60 симоб устунини ташкил этади. Қон босимининг доимий паст юриши бошқа аъзолар фаолиятини издан чиқаради. Шунга кўра, хасталикни оилавий шифокор ёрдамида, зарур ҳолларда эса кардиолог назорати остида ўз вақтида даволаш зарур.

Касалликнинг ўткир тури бир неча дақиқа ёки соат давомида юзага келиши мумкин. Бу ҳолат ички аъзоларда қон айланишининг бузилиши, бош мияга кислород етишмаслиги, юрак фаолиятининг издан чиқиши, автоҳалокат оқибатида кўп миқдорда қон йўқотиш пайтида ҳам рўй беради.

Гипотониянинг сурункали тури аксинча узоқ вақт яширин кечади. Сабаби бу ҳолатда организм касалликка “кўникади”. Вақти-вақти билан ҳолсизланиш, бош айланиши, уйқучанлик каби аломатлар кузатилса-да, бу ҳолат беморлар учун одатий ҳисобланади ва улар бунга етарлича эътибор беришмайди. Натижада касаллик борган сари сурункали тус олади.

Гипотониянинг бирламчи тури – беморнинг ота-онаси, оила аъзоларида кузатилган тақдирда, фарзандларда ҳам ирсий мойиллик сифатида намоён бўлиши ёки умри давомида сурункали кечиши мумкин. Касалликнинг иккиламчи тури эса юрак етишмовчилиги, инфаркт, ўпка касалликлари, камқонлик, оғир турдаги юқумли касалликлар, буқоқ хасталиги гипотериоз, асаб бузилишлари, қорин бўшлиғининг ўткир дардлари, ошқозон яраси, гепатит (сариқ касаллиги), жигар циррози каби бир қатор касалликларга чалинган беморларда ҳамда баъзи вақтларда дори-дармонларнинг ножўя таъсиридан келиб чиқади.

Шуни айтиб ўтиш керакки, кекса кишиларда гипотония юрак хасталикларининг асорати сифатида бошланиши мумкин. Бу дарднинг ўзига хос белгиларидан бири бу тана ҳароратининг кескин пасайишидир. Гоҳида ҳарорат 36-35,8 даражагача тушиб кетади. Бунда бемор ўзини нохуш сезади, совқотиши, юз териси оқариб, ҳатто кўкариб кетиши мумкин. Шунингдек кексаларимизда ўриндан турганда бош айланиши, оғриши, беҳоллик, тинч ўтирган пайтда нафас қисиши, ҳансираш, кайфият тушиши, хотира ва иш қобилиятининг пасайиши, ўта жиззакилик, арзимаган нарсага асабийлашиш, ёрқин нур ёки баланд товушларни ёқтирмаслик каби ҳолатлар юз бериши мумкин.

Ҳолсизланиш — асосий аломат

Аллергик таъсирлар, овқатдан ёки кимёвий моддалар билан ишлаш оқибатида заҳарланиш, организмда гормонлар етишмовчилиги ёки қон босимини туширувчи дориларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш ҳам қон босимининг кескин пасайиб кетишига олиб келади. Шунингдек, қон босими иқлим ўзгариши ёки об-ҳавонинг тез-тез ўзгариб туриши, юқори даражадаги намлик (кўп ёмғир ёғадиган баҳор-куз даври) таъсирида ҳам пасайиши мумкин.

Маълумки, гипотониянинг асосий белгиси ҳолсизланиш ҳисобланади. Уни енгиш учун бемор кун давомида ҳаракатда бўлиши лозим. Ана шундагина танадаги қон айланиши тезлашиб, беҳоллик ўрнини тетиклик, яхши кайфият эгаллайди. Қон босими паст юрадиган кексаларимиз вақтида овқатланиб, меҳнат қилиб, дам олиб юришлари, суткада 8-9 соат ухлашлари, ётган жойидан тез туриб кетмасликлари, аввал 3-4 марта чуқур нафас олиб, сўнгра аста-секин туришлари керак.

Яхши дамланган қора чой, қаҳва (умуман тонусни оширувчи суюқликлар) ичиб туриш, витамин, минерал моддалар ва микроэлементларга бой мева, сабзавот, ошкўклар ҳамда овқатларни истеъмол қилиб туришлари лозим. Агар қандли диабетлари бўлмаса, кўпроқ узум, майиз, ёнғоқ, новвот, қовун истеъмол қилиб юришлари керак. Спиртли ичимликларга, тамаки, нос чекишларга ружу қўймаслик, ҳар куни эрталаб бадантарбия машқларини бажариб, тоза ҳавода сайр қилишлари лозим. Беморлар сув муолажаларини (суви иссиқ бўлмаган ванна, душ, бассейнларда сузишни) йўлга қўйишса, баданни нам сочиқ билан артиш, тоза ҳавода пиёда сайр қилишга одатлансалар артериал босимнинг меъёрда бўлишига эришадилар ва ўзларини соғлом ҳис қиладилар.

Абдуқаҳҳор ФОЗИЛОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x