Юқори малакали кадрлар — улкан куч

Ҳаёт тезкорликни талаб этмоқда. Бирваракайига кўплаб вазифаларни амалга ошириш жараёнида иш сифатига алоҳида эътибор қаратиш эса янада муҳим саналади. Айнан тиббиёт соҳасининг равнақ топишини тезлаштиришда ихтисослаштирилган марказлар фаолиятини яхшилаш зарурлиги давлатимиз раҳбари томонидан қайта-қайта таъкидланаётгани бежиз эмас. Негаки, кейинги йилларда юқори технологик усулларнинг вилоят миқёсида ва туманлар кесимида татбиқ этилишида қатор камчиликлар борлиги аён бўлиб қолганди. Шунинг учун ҳам диагностика ва даволашнинг республика муассасаларида синовдан ўтган илғор технологик усуллари вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига суст жорий этилганлиги аҳоли орасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишни юртимизда янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, вилоят ва туманлар кесимида ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш, бу борада ихтисослаштирилган марказлар ташкилий-услубий раҳбарлик масъулиятини ошириш, замонавий даволаш ва диагностика усулларини вилоят ва туман тиббиёт муассасаларида кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Қарорда, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида республика бўйича ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденцияларини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган замонавий таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини кенг қўллаш назарда тутилган. Кадрлар тайёрлаш масалаларига ушбу Қарорда айниқса жиддий эътибор қаратилган.

Марказлар зиммасига республикадаги даволаш-профилактика муассасаларига ихтисослаштирилган хизмат кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, вилоят ва туман тиббиёт муассасаларида маҳорат дарсларини ўтиш вазифаси юклатилган. Марказ ходимларини чет элдаги етакчи килиникалар ва марказларда малакаларини ошириш, замонавий даволаш ва диагностика усулларини республикамизда жорий этиш учун хорижий етакчи клиникалар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида чет эллик мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф этиб, маҳорат дарсларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1-январгача тегиш ли ихтисослаштирилган тиббий хизматларга ва юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. Ихтисослаштирилган марказлар 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлардан, четдан келадиган янги тиббиёт ускунаси ва эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан озод қилиниши ва бўшаган маблағлар марказларнинг моддий техник базасини яхшилашга, янги бинолар қуришга ва мавжудларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлашга йўналтирилиши кўрсатилган.

Дастур доирасида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Қарор ва Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар республикада, айниқса вилоят ва туман даражасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилашга, аҳолининг кенг қатламларини юқори технологик тиббий ёрдамдан баҳраманд қилишга хизмат қилади.

Равшан ҚУРБОНОВ,
Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори,
профессор, Ўзбекистон Қаҳрамони.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x