Иван Крилов: “Ёзганим ҳам, айтганим ҳам – масал”

Истеъдодли рус шоири, драматург, ношир ва публицист Иван Андреевич Крилов рус адабиёти тарихидан асосан машҳур масалнавис сифатида ўрин олган. Унинг ижодий меросини 9 китобдан жой олган трагедия ва комедиялар, 230 дан ортиқ масал ташкил этади.

Иван Крилов 1769 йилнинг 2 февралида Москва шаҳрида ҳарбийлар оиласида туғилган. Кам ойлик оладиган ҳарбий отанинг маошига бир амаллаб кун кечираётган оила Иван 6 ёшга тўлганда ўз боқувчисидан ажралиб қолади. Йўқчилик боис Иван Москвада бошлаган ўқишини давом эттиролмайди. Лекин мустақил равишда билимларини бойитиб, ўз даврининг машҳур кишиларидан бирига айланди. Буларнинг бари бўлғуси масалчининг мустақил равишда китоб ўқишга, тил ўрганишга бўлган катта қизиқиши, тинимсиз интилиши, изланиши самараси эди.

Оддий халқ Крилов учун ҳақиқий ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилган. У турли халқ сайилларида, кўча-кўйда уюштириладиган базмларда кўп бора иштирок этарди, улардан чексиз завқ-шавқ оларди. Қишлоқ болалари билан муштлашиб, уйига юзи моматалоқ ҳолда қайтган пайтлари ҳам кўп бўлган. Айнан оддий одамлар орасида у халқ донишмандлигининг ўткир намуналаридан баҳраманд бўлди. Кулги, кесатиқ, қочирим, ҳажв асносида ғафлатда юрган, калондимоғ, беписанд олифта бойваччалар, териси қалин, тепса-тебранмас амалдорларнинг қитиқ патига тегишда мўлжални шундай аниқ олардики, “ўқ” тегмасдан қолмасди. У демоқчи бўлган фикрини оддий халқ тилида, оддий иборалар билан қисқа ва содда баён этардики, таъсирчанлиги зумда кучини кўрсатарди. Айниқса, паррандаю даррандалар мисолида жамиятдаги мавжуд иллатларга қарата айтилган масаллар нишонга бехато тегарди. Бу кўпчиликнинг қаҳр-ғазабини келтирса-да, ўзлари ҳақида гап кетаётганини билдирмаслик учун тилларини тишлашга мажбур бўлишарди.

Драматургия Крилов ҳажв “нота”сининг янада баланд пардаларга кўтарилишига туртки берди. У ойда бир марта чиқадиган ҳажвий журнал нашр эта бошлайди. Орадан саккиз ой ўтиб, журнал фаолиятини тўхтатади. Чунки унда босилаётган ҳажвиялар амалдорлар ўртасида кескин норозиликни келтириб чиқара бошлаганди. Мамлакат императори Иван Андреевичга бу ишларини тўхтатиб, яхшиси саёҳатга чиқишни маслаҳат беради. Бунинг учун унга ҳатто давлат ғазнасидан маблағ ҳам ажратилади. Бироқ Иван Крилов ўз билганидан қолмайди – масал ёзишда давом этаверади.

1792 йилда истеъфога чиққач, Иван Крилов босмахона сотиб олади ва у ерда “Зритель” (“Томошабин”) журналини нашр эта бошлайди. Журнал тезда оммалашиб кетади. “Қалб” қиссасида подшолик тузуми зўравонлиги ва Екатерина II нинг ясама либерализми устидан кулади, ўқувчи бу ерда гап Россиядаги ҳаёт ҳақида кетаётганини осонгина англаб етади. 1792 йилнинг ёзида унинг босмахонасида тинтув ўтказилади. Ўтказилган тинтувдан сўнг журнал ёпилади.

Мамлакатда император ўзгаргандан кейин вазият бирмунча юмшайди. Крилов пойтахтга қайтиб, ёзиш услубини ўзгартиради – масал ёзишга ўтади. Чунки тобора чириб бораётган жамиятнинг мавжуд иллатларини очиқчасига айтиб бўлмасди. Ҳайвонлар номидан кинояли гапириш, шама қилиш, кесатиқ, қочирим орқали мақсадига эришади. Унинг “Бўри билан қўзичоқ”, “Ҳайвонлар ўлати”, “Бўрилар ва овчилар”, “Деҳқонлар ва дарё” каби масалларида ижтимоий иллатлар фош этилган, зулм ва зўрлик қораланган.

Рус адабиётининг забардаст вакилларидан Александр Пушкин ва Виссарион Белинский Крилов масалларига юқори баҳо берган. Жумладан, Пушкин уни “ақл макр-ҳийласини ишга солиб, ҳайвонлар тилидан ўйноқи гаплар орқали истеҳзоли кулиш, масхара, мазах қилишни маромига етказиб ифода эта оладиган ҳақиқий рус шоири”, деб эътироф этади. Крилов ўз масалларида бутун бошли Россияни шер – подшо бошчилигидаги амалдорлар, ситамгарлар бошқараётганидан норози бўлиб, уларни мазахлайди, қилмишларини элга овоза қилади.

Масалчи одамлар шоҳидан халқнинг дарди-ташвишига қулоқ тутишни талаб қилади. Чунки халқ мамлакатдаги мавжуд вазиятни шоҳ аъёнларидан кўра яхшироқ билади. Текинхўр дворянлар ва меҳнаткаш деҳқонлар ҳақида “Ит ва От” масалида шундай дейди:

…Албатта, – деди От, – гапларинг тўғри,

Сен борки, бу уйга киролмас ўғри.

Аммо агарда ер ҳайдамасам мен –

Бунда нимани ҳам қўриқлардинг сен?

Муаллиф “Бўри ва қўзичоқ” масалида оқсуяк зодагонлар зўрми ё полициячилар, ёки ер ҳайдайдиган деҳқонларми, деган саволга биринчи мисрадаёқ аниқ ва лўнда қилиб жавоб беради:

Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим,

Тарихда мисоллар жуда кўп бунга…

“Квартет” масалида эса мамлакат вазирликларининг қайта ташкил этилиши мазах қилинган:

…Бўлмоқ-чун созанда – машшоқ,

Уқув билан керакдир нозикроқ қулоқ.

Сиз-чи, азиз дўстларим, қандай ўлтирманг,

Машшоқ бўла олмайсиз, овора бўлманг.

1810 йилда Иван Крилов император кутубхонаси раҳбарининг ёрдамчиси вазифасига тайинланади, 1812 йилда эса унга ўзи раҳбарлик қилади. Иқтисодий аҳволи ўнгланиб, жамиятдаги мавқеи ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Бу ерда 30 йил ишлайди. Бу орада кутубхона фаолиятида катта ўзгаришлар қилади, библиографик кўрсаткич ва славян-рус луғатини тузиш устида ишлайди. Унинг рус тили ва адабиётини бойитишдаги хизматлари таҳсинга лойиқ.

Рус адабиётида асарлари халқчил, ҳаммабоп бўлган Иван Криловдан бошқа ёзувчини топиш қийин. Унинг масаллари ҳаётлиги давридаёқ салкам 80 минг нусхада чоп этилган. Бу ўша давр адабиёти учун катта бир ҳодиса эди. Адабиётшуносларнинг ҳақли эътироф этишларича, Иван Криловнинг обрўйи, шон-шуҳрати барча замондошларидан, ҳаттоки Пушкин ва Гоголдан ҳам юқори бўлган.

Машҳур рус масалчиси Иван Крилов жуда кўнгилчан бўлганидан муаллифи хафа бўлмасин, деб бўшроқ асарларни ҳам мақтаб қўяверган. Бир сафар истеъдодсиз бир шоир китобига ўзи кириш сўз ёзиб, асарига Крилов яхши баҳо берганини қистириб ўтади.

– Кўрдингми, Иван Андреевич, сенинг бағрикенглигингдан фойдаланибди, – дейди ёзувчига бир дўсти куюниб. – Энди доим шу гапни айлантириб юраверади.

– Парво қилма, – деб жавоб беради Крилов. – Ахир, менинг ёзганим ҳам, айтганим ҳам – масал. Буни ҳамма билади!

Дарҳақиқат, Иван Криловнинг ёзганлари фақат масал бўлди. Шу масаллари уни элга танитди, халққа хизмат қилди, қилаяпти.

 

Хориж матбуоти асосида Мусо МУРОДОВ тайёрлади.

 

“Қашқадарё” газетаси сайтидан олинди.

https://saviya.uz/hayot/mashhurlar-hayoti/ivan-krilov-yozganim-ham-aytganim-ham-masal/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x