ИНСОНГА МАДҲИЯ

Машҳур олмон мусаввири Альбрехт Дюрер 1471 йил 21 майда Нюрнберг шаҳрининг заргарлар оиласида дунёга келган. Илк бошланғич таълимни у отасидан олган. 1477 йилдан бошлаб лотин мактабига борган. Аввал бошда отаси Альбрехтга заргарлик ишларини ўргатади. Бироқ болакай рассомликка қизиқар эди. Ва буни тушунган ота 15 ёшида ўғлини ўша даврнинг машҳур рассоми бўлмиш Михаэл Волгемут устахонасига юборади. Рассомнинг ўзи бу ҳақида “Оилавий хроника” китобида ёзиб қолдиради ва бу китоб Ғарбий Европа тарихидаги биринчи автобиографик китоб ҳисобланади.
1490–1494 йилларга келиб унинг жанубий Германия ва Швейцария бўйлаб саёҳати бошланади, 1494–1495 йилларда эса Италияга, 1505–1507 йилларда Венецияга, 1507–1520 йилларда Нюрнбергга, 1521–1528 йилларда Нидерландияга саёҳат қилади. Рассом умрининг сўнггида Нюрнбергга қайтади ва шу ерда вафот этади.
Дюрер қайси мамлакатга бормасин, шунчаки саёҳат қилиб қолмасдан ўша мамлакатнинг анъанасини, мактабларини, рассомларининг ишларини чуқур ўрганган ва албатта, улар услубида ўзини синаб кўрган. Бу ҳолат унинг бир қанча гравюралари, пейзаж ва хомаки ишларида кўринади. Рассом бир қанча портретлар яратган бўлиб, улар ортиқча деталлардан холи, ҳеч қандай атрибуция ва уй жиҳозларисиз, яъни иккинчи даражали жиҳозларсиз бўлиб, мураккаб ва аниқ ишланган юз қиёфага эгалиги ҳамда бутун диққат эътибор шахсга қаратилгани билан ажралиб туради. Унинг портретлари нейтрал фонда, асосий образнинг ташқи ва ички дунёсини, индивидуал ташқи қиёфасини яратиш учун пухта ўйлаб ишланган асарлардир.
Дюрернинг ўзига хос  томони шундаки, у асарларини тугал ишлайди ва уларда кўпроқ ўзининг шахсий дунёқарашини акслантиради. Инсон фигурасини, унинг идеал қиёфасини яратишга интилади, назарий жиҳатига катта эътибор қаратади. Бу каби хусусиятлар унинг 1500 йилларда яратган икки гравюраси: “Денгиз мўъжизаси” ва “Немезида”да ўз аксини топган. Унда ажойиб, мураккаб образли қаҳрамонлар юксак маҳорат билан ишланган.
Ҳақиқатан ҳам, ушбу асарларда инсонлар индивидуаллиги классик нормалардан узоқлашмаган. Бу каби хусусиятлар унинг 1500 йилларда яратган икки гравюраси: “Денгиз мўъжизаси” ва “Немезида”да ўз аксини топган. Унда ажойиб, мураккаб образли қаҳрамонлар юксак маҳорат билан ишланган.
Дюрер ижодининг энг чўққисига чиққан даврида уч қисмдан иборат: “Чавандоз, ажал ва иблис”, “Ҳужрадаги Муқаддас Иэрон” ва “Меланхолия” гравюрасини яратади. Ушбу дастгоҳли гравюралар улкан маҳобатли санъат намуналари даражасига бемалол кўтарила оларди. Бу уч гравюрадаги сюжетлар ўзаро боғлиқ эмас, лекин улар гўё ягона занжирга тизилган, худди бир бутун воқеликка ўхшайди; уларнинг барчасидаги образ инсонларга хос ақл, онг, ҳиссиёт образидир, ҳар бир гравюра алоҳида, ўзига хос бир қанча пландан иборат.
“Ҳужрадаги Муқаддас Иэрон” гравюрасида рассом илмий тафаккур оламини яратган бўлиб, унда уйғунлик ҳукмронлик қилади; “Чавандоз, ажал ва иблис” асарида инсон ҳаракати – Чавандоз – турли хавфлар билан ўраб олинган, аммо у қўрқмас; “Меланхолия”даги қанотли Илоҳа эса юксак фантазия ва қайғу ҳисси билан уйғунлашган.
Ҳар бир гравюра – бу фақатгина рассом тасаввурининг меваси эмас, улар натурадан қараб ишлангандек. Мисол учун, “Чавандоз, ажал ва иблис” қисмидаги от фигураси, асосан, натурадан ишланган отнинг хомаки тасвири асосида яратилган ва идеал даражадаги от пропорцияларини вужудга келтирган. “Муқаддас Иэрон”нинг хонаси натуранинг буюк кўриниши, рассом интерер ва натюмортдан оқилона тарзда фойдалана олган ва бу билан ёруғлик ҳамда ҳавони яратган. “Меланхолия” асари эса психологиянинг самимий ва кучли намунаси акс эттирилган асар бўла олади. Катта аҳамиятга эга бўлган гравюралар фалсафий мавзу ва рамзий тасвирлар ортидаги реализмнинг ўзига хос кўриниши эди.
Альбрехт Дюрер гравюрада тенгсиз эди. У турли эгри-бугри чизиқлар, ранглар, нур ва соя орқали асарнинг бутун ғоясини очиб беришга интилган ва шуни таъкидлаш лозимки, унинг ижодида доимо биринчи ўринда инсон турган. Унинг маънавий дунёсини моддий гўзаллик орқали кўрсатиш рассомнинг асосий хусусияти эди. Дюрернинг устози эса табиат эди. Рассом ҳеч қачон бир қолипга тушиб, шу қолипда қотиб қолмаган. Имконияти даражасини билиш учун ўзини турли жабҳаларда синаб кўрган. Дюрернинг шогирдлари маълум эмас. Шунинг учун ҳам унинг ишларини давом эттирган ижодкор бўлмади. Аммо рассом ўзи, ҳаёти, саёҳатлари, ижоди ҳақида ёзиб қолдирган автобиографик китоб бугунги кун рассомлари ва санъатшунослари учун асосий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Альбрехт Дюрернинг ижодий ишлари асл санъат намуналари сифатида умуминсоний қадрятлар тизимида муайян ўрин эгаллаб, жамиятни юксалтиришга хизмат қилади. Зеро, Дюрер мукаммал ижодкор бўлиб, ўз устида тинимсиз ишлаган. Ҳозирги кунда мусаввирнинг ижоди батафсил ўрганилмоқда. Унинг рангтасвир, графика, гравюра ва назарияларига оид мероси ҳақида ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалалар чоп этилмоқда. Рассомлар эса буюк мусаввирларнинг, шулар қаторида Албрехт Дюрер ижодини ҳам алоҳида ўрганиб, ўз ишларида унинг услубини қўлламоқдалар ва ўзларидан кейинги шогирдларига ҳам ўргатмоқдалар. Хусусан, А. Барч, австриялик И. Медер, В. Г. Холштейн каби олимлар ижодкорнинг гравюраларини ўрганиб, бир қанча каталоглар тузганлар. Бугунги кунда Альбрехт Дюрернинг барча асарлари дунё музейларида энг нодир экспонатлар қаторидан жой олмоқда.

Зилола Йўлдошева

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/10/%d0%b8%d0%bd%d1%81%d0%be%d0%bd%d0%b3%d0%b0-%d0%bc%d0%b0%d0%b4%d2%b3%d0%b8%d1%8f/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x