ЖАҲОН МАШҲУРЛАРИ ҲАЁТИДАН

Кунлардан бир кун, Кишинёв шаҳрида рус поэзиясининг қуёши, Александр Сергеевич Пушкин икки марта дуэлга  чиқади. Қарта ўйнаётганда бир зобит билан жанжаллашиб  қолади. Уларнинг дуэли ҳам жуда ғаройиб бўлади. Пушкин тўқнашув бўладиган жойга бир ҳовуч олча билан келади. Биринчи бўлиб отиши лозим бўлган зобит  уни мўлжалга олаётганда шоир бамайлихотир олчасини еяверади. Зобит ўқ узади, лекин мўлжалга теккизолмайди. Отиш гали Пушкинга  келади. У отиш ўрнига рақибидан  сўрайди:
– Энди  кўнглингиз ўрнига тушдими?
Шунда рақиби ўзини Пушкиннинг қучоғига отмоқчи бўлиб талпинади, аммо шоир уни  четга суриб, “Буниси энди ортиқча!”, дея  гўё ҳеч нима рўй  бермагандек, хотиржам  жўнаб  қолади.

* * *

Репин уйига  чорлаган меҳмонлардан бири, асл  касби адвокат бўлган, тасвирий санъатдан мутлақо бегона  кимса қадаҳ сўзи айтаётиб  яхшигина  қовун туширади:
– Ушбу  қадаҳни  “Бояр хоним Морозова” деган даҳо картинани яратган Илья Ефимович Репиннинг  соғлиги учун  кўтаришингизни  сўрайман!
Илья Ефимович шундай жавоб  қилади:
– Чин юракдан эътирофингизга  қўшиламан. Сиз айтган  картина ростдан ҳам беқиёс санъат намунаси, фақат уни Суриков эмас, мен яратганимда эди, шодлигимнинг чеки бўлмасди.

* * *

Кунлардан бир кун театрда ўтирган Россини ёнидаги  қўшнисига шундай дейди:
– Қўшиқчининг мазаси йўқ, эплолмаяпти. Бунақа ёқимсиз  овозни биринчи бор эшитишим.
– Агар қўшиқ ёқмаётган бўлса, балки  уйга  кетганингиз маъқул, – дея маслаҳат беради  қўшниси.
– Мутлақо  кетмайман, – дейди Россини жонланиб.– Эшитишимча, учинчи пардада бошқа  қаҳрамон  бу қўшиқчини  ўлдираркан, шуни ўз  кўзим билан  кўрмоқчиман.
* * *

Катта театрда “Евгений Онегин” операси намойиш этилаётганди. Бир қанча  ёш артистлар  саҳна ортидан томоша  қилиб туришарди. Татьянанинг мактуби  воқеасига келганда артистлардан бири нега энди Татьяна Онегинга эмас,  Ленскийга хат ёздийкин, дея норозилик билдиради. Шунда яқинроқда турган Онегин ролининг ижрочиси –  артист Оленин кулимсираб луқма ташлайди:
–  Азизлар! Пушкиндан норози бўлишнинг ҳожати йўқ, ахир у Ленскийни Собинов ижро этишини билмаган-да.

* * *

Машҳур олим ва адиб Виктор Шкловскийни қўшниси туғилган куни билан табриклайди:
– Табаррук тўқсон ёшингиз муборак бўлсин, Виктор Борисович!
– Раҳмат, миннатдорман, қўшнижон!
– Юз ёшингизда ҳам сизни табриклаш насиб этсин!
– Илоё ниятингизга етинг. Агар ичкиликка ружу қўймасангиз, чекишни ташласангиз, бадантарбияни канда қилмасангиз юз  ёшлик юбилейимда қатнаша оласиз.

* * *

Пётр Ильич Чайковский Одессага келганда маҳаллий театрда унинг опералари  кетма-кет намойиш этилаётганди. Репетиция пайтида опера мутасаддиси Эммануэль буюк композиторга шундай дейди:
– Биласизми, Пётр Ильич, “Мазепа” оперангизда “Евгений Онегин”, “Пиковая дама”нинг таъсири  сезилади.
– Маълумотингиз  учун айтиб қўяй –  “Мазепа”ни ҳам, “Евгений Онегин”, “Пиковая дама”ниям ўзим  ёзганман.

* * *

Эрцгерцогиня Мария Антуаннета  болакай, бўлажак  композитор Моцартни Вена  саройида ўйнатиб юрарди. Ногоҳ бола қоқилиб, йиқилади. Мария  чопқиллаб  келиб, уни ердан  кўтариб олади.
– Сиз жуда ҳам олийҳимматсиз,– дейди ёш мусиқачи, – мен сизга  уйланаман.
Мария боланинг  сўзларини онасига айтади.
– Нега энди  сен маликага  уйланмоқчисан?– деб  сўрайди император хоним.
– Ҳиммат юзасидан, – дея жавоб қилади бўлажак даҳо.

* * *

Америкада гастролда юрган польшалик актриса Гелена Моджеевскани бир оқшом зиёфатга таклиф этишади. Таомдан  кейин меҳмонлар актрисадан ўз она тилида бирон нарса ижро этиб  беришни сўрашади.
Актриса  узоқ  вақтгача рози бўлмай туради, ахийри ўрнидан туриб, ўз тилида ижрони бошлайди.
Тингловчилар биронта  сўзни тушунишмаса-да,  кўзларида ёш билан  актрисани  қарсаклар билан олқишлайдилар. Сўнгра  ундан ижро этилган асарнинг мазмунини  сўрашади.
– Мен бор-йўғи она тилимда юзгача санадим, холос,– дея жавоб  қилади актриса.

* * *

Машҳур итальян трагик актёри Росси бир куни шундай деган эди:
– Ҳамма бало  шундаки, Ромеони ўн етти ёшда ўйнаш керак,  қандай ўйнаш лозимлигини эса фақат  етмишга  кирганда тушунасан.

* * *

Машҳур пиониначи Падеревский  Париж кўчаларида айланиб юрганида рўпарасидан бир исқирт  бола чиқиб қолади.
– Туфлингизни тозалаб берайми?– деб  сўрайди у.
– Раҳмат, керак эмас! – дея жавоб  қилади Падеревский.– Агар  сен ҳозир юз-қўлингни  топ-тоза  қилиб ювиб  келсанг, мендан йигирма франк пул оласан.
Болакай ғизиллаб  кўчанинг нариги томонига югургилаб кетади ва сув  қувурида обдон ювингач, топ-тоза бўлиб  келади.
– Мана  сенга ваъда  қилинган йигирма франк,– дейди Падеревский болага пулни узатиб.
Болакай сочлари ўсиқ пиониначига  ажабланиб  қарайди:
– Йўқ, олмайман, сартарошга бориб, бу пулга пахмоқ сочингизни олдирволинг!

* * *

Машҳур итальян композитори Пуччини ҳаётсевар, некбин одам эди. Ҳазил туйғуси бир умр  уни тарк этмаганди. Кунлардан бир куни унинг оёғи синиб, касалхонага тушади. Орадан  кунлар ўтгач, дўстлари йўқлаб  келишади. Салом-аликдан сўнг композитор қувноқ овозда хитоб қилади:
– Мен жуда бахтиёрман, дўстларим! Ҳозирданоқ менга ҳайкал ўрнатишмоқчи!
– Ҳар нарсани  валдирайверма! – дейди дўстлардан бири.
– Мен ҳазиллашаётганим йўқ, мана кўринглар! – дея жавоб  қилади  композитор ва гипсга ўралган оёғини очиб  кўрсатади.

* * *

Озодлик руҳидаги шеърлари  учун  Пушкин жанубга  сургун  қилинади. Киевдан ўтаётганда бир дўстини  учратиб  қолади. У Пушкиндан бу томонларга  қандай  қилиб келиб қолганини сўрайди.
– Тил югуриги Киевга етаклайди! – жавоб  қилади шоир тагдор оҳангда.

* * *

Пушкин Москвада анча вақтдан буён кўришмаган танишини  учратиб қолади.
– Эшитишимча, уйланаётган эмишсан?– деб  сўрайди у шоирдан.
– Ҳа,– дея жавоб  қилади Пушкин,– аммо бу ҳаётимдаги охирги тентак­лик эмас.

* * *

Бир даврада Пушкинни хижолат қилмоқчи бўлган кимса шоирдан  сўрайди:
– Айтинг-чи, мен билан  қуёш ўртасида  қандай ўхшашлик бор?
Шоир ҳозиржавоблик билан дейди:
– Сизга ҳам, қуёшга ҳам пешонани тириштирмасдан қараш мумкин эмас!

* * *

Ўзи ҳақида жуда юқори фикрда бўлган бир ёш актёр таниқли актёр Рибаковдан  сўрайди:
–  Охирги пардада Дездемонани жуда  қойил  қилиб ўлдирдимми?
– Яхши,–  дея жавоб  қилади Рибаков. – лекин  сен Шекспирни  ундан ҳам  қойил  қилиб ўлдирдинг.

* * *

Рим императори Нероннинг тарбиячиси бўлган  файласуф Сенека гоҳо ёвуз ҳукмдорга аччиқ ҳақиқатларни айтишга журъат эта оларди. Бир куни  Неронга шундай деган эди:
– Қанча одамларнинг ёстиғини  қуритмагин, барибир бир куни ўрнингни эгаллаши мумкин бўлган  ворисни ўлдиролмайсан!

* * *

1815 йили, Францияда Реставрация даври бошланганда депутатларнинг Миллий  йиғини жуда ғариб бир жамоа кўринишида эди.
– Наҳотки ушбу жамоа ватанни қутқариб  қололса?– дейди кимдир Талейранга.
– Қайдам,– дея жавоб  қилади машҳур дипломат,– бир замонлар ғозлар Римни  қутқариб  қолган-ку!…

* * *

Кунлардан бир кун Марк Твен яқин дўстлари даврасида меҳмон бўлиб ўтирган эди. Одатига  кўра у жуда  кўп чекди, сигаретасининг кули ҳамма жойга – дераза  токчасига, роялга ва печка устига тўкилади. Хонадон  соҳиби кулларни бир  банкага тўплаб, ёзувчидан бу идишга дастхат ёзиб беришни  сўрайди.  Ёзувчи  шундай дастхат битади: “Бу куллар ҳақиқатан ҳам меники эканлигини тасдиқлайман”.

* * *

Марк Твен муҳаррирлигида чоп этилаётган газетада бир безори, муттаҳам одам ҳақида ўткир танқидий мақола босилади. Мақола шундай сўзлар билан тугаганди:  “Жаноб Н. юзига туфлашга ҳам  арзимайдиган одамдир”.
Жаноб Н. ўзини ҳақоратланган ҳисоблаб, муҳаррирни судга беради  ва газетада раддия берилишига эришади. Суд  қарорига  кўра,  Марк Твен газетада шундай раддияни эълон  қилади: “Жаноб Н. ҳақида чоп этилган мақолани рад этамиз ва олдинги фикримизни нотўғри деб ҳисоблаймиз. Жаноб Н. юзига туфлашга  арзимайди дейилиши нотўғри, аксинча, жаноб Н. юзига туфлашга  арзийдиган шахс.”

* * *

Кунлардан бир кун Марк Твен касал бўлиб  қолади. Врач  унга парҳез буюради:
– Сизга кунига бир стакан сут  ва озроқ қотган нон кифоя.
– Намунча оз, дўхтиржон? – дейди ёзувчи норози бўлиб.
– Бундан ортиғи мумкин эмас, сиз парҳездасиз.
– Ҳмм!..–дейди ёзувчи ўзича минғирлаб. – Ундай бўлса менга почта маркасини берсангиз. Уйқудан олдин озроқ ўқимоқчи эдим.

* * *

Марк Твен далаҳовлисига ўғирликка тушган  ўғри  қўлга олинганини  эшитиб, шундай дейди:
– Мен бу жиноятчиларга жуда ачинаман. Агар   ўғирликни ташлашмаса, уларни конгрессга сайлашади. Бундан ҳам ортиқ  кўргулик бўлиши мумкинми?

* * *

Яқин дўстларидан бири Марк Твендан катта  миқдорда пул  қарз олиб, агар  ўлмай  қолса, қарзни бир ой ичида тўлашга  ваъда беради. Орадан бир ой ўтади. Қарз  қайтарилмайди. Шунда Марк Твен газетада шундай эълонни бостиради: “Ҳамма дўстларимни Гарри Дунканнинг куни  кеча  вафот этганидан огоҳ  қиламан. Мендан 500 доллар  қарз олиб,  агар ўлмай қолса бир ой мобайнида пулни  қайтаришга ваъда берувди. Қадрдоним Гарри  Дункан ҳамиша ўз сўзининг  устидан  чиқадиган одам эди, шу боис  унинг  кеча ўлгани шубҳасиздир. Раҳматлининг жойи жаннатда бўлсин”
Бу хабарни эшитган “раҳматли” тезда тирилиб  кетади  ва қарзни  қайтаради.

* * *

Л.Н.Толстой уйлангандан  кейин ёзувчи Соллогуб уни йўқлаб  Ясная Полянага боради.
– Қандай бахтли одамсиз,– дейди у. – Сиз яхши кўрадиган  ҳамма нарса бор.
Толстой  кулимсираб жавоб  қилади:
– Ундай эмас, мен яхши  кўрадиган ҳамма нарса йўқ, аммо менда бор нарсаларнинг ҳаммасини  яхши  кўраман.

* * *

Немис адиби  ва муҳаррири Теодор Фонтане бир куни почтадан  келган  шеърни олади. Унда муаллиф шундай  илтимосни  қўшимча  қилганди: “Мен принцип юзасидан  вергулларни  қўймадим, уларни кераксиз деб ҳисоблайман. Агар  зарурати бўлса, вергулларни ўзингиз қўйиб чиқсангиз”
Фонтане шеърни эгасига  қайтариб юборади ва қуйидаги гапни илова  қилади:
“Кейинги гал фақат вергулнинг  ўзини юборсангиз, шеърни  ўзим бир амалларман”.

* * *

Кунлардан бир кун врач француз адиби Фонтенелга шундай маслаҳат беради:
– Кофе жуда ҳам  зарарли ичимлик, уни ичманг.
– Гапингизда жон бўлиши  мумкин,– дейди ёзувчи,– аммо унинг зарари жудаям  секин таъсир  қиларкан. Мана мен уни 80  йилдан буён ичаман.

* * *

Фонтенелни Франция  фанлар академияси  аъзолигига сайлашади. Академияга жами 40 нафар одам аъзо эди. Жавоб нутқида ёзувчи шундай дейди:
– Мана энди дунёда  фақат 39 нафар одамгина мендан ақллироқдир.

* * *

Кунлардан бир куни  адабиёт мухлиси Фонтенелдан  сўради:
–  Шеърий асарларга қандай баҳо бериш мумкин?
– Уларни ҳеч иккиланмай, ёппасига ёмон деяверинг, – дея маслаҳат беради ёзувчи,– шунда  фақат бир-икки  ҳолатдагина  янглишишингиз мумкин.

* * *

Кунлардан бир куни машҳур ёзувчи Анатол Франс ҳузурига ишга  ёлланмоқчи бўлиб стенографист  қиз келади.
– Мен бир дақиқада 150 та сўзни ёза оламан,– дейди ёш  қизалоқ.
– Яхши, аммо бунча  сўзни  қаердан топаман? – дея ҳайрон бўлади ёзувчи.

Рус тилидан Шодмон  Отабек таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/08/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%bc%d0%b0%d1%88%d2%b3%d1%83%d1%80%d0%bb%d0%b0%d1%80%d0%b8-%d2%b3%d0%b0%d1%91%d1%82%d0%b8%d0%b4%d0%b0%d0%bd/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x