Жан-Доминик Боби (1952–1997) Скафандр ва капалак

 Қисса

“Скафандр ва капалак”нинг, дастлаб, кино вариантини кўрдим. Бағоят таъсирландим. Дарҳол интернетдан асарнинг русча матнини топиб ўқидим. Қачондир вақт топсам, асарни таржима қилишни кўнгилга тугдим. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети очилиб, жаҳон адабиёти фанидан дарс бера бошлаганимда эса, у ҳақда талабаларга бот-бот гапириб бердим. Бори – шу. Кунлардан бир кун асарни “Ўзбек-инглиз таржима” факультети талабаси таржима қилаётганини эшитиб, юки ердан кўтарилган инсондек хурсанд бўлдим. Кўришиб қолганимизда эса, “Таржимани тез тугаллаб олиб келинг, “Жаҳон адабиёти” журналига берамиз”, дедим. Мана, ниҳоят, асар қўлимизда.
Одатда, Ғарб маданияти, санъати ва адабиёти ҳақида гап кетганда, бир ҳушёр тортиб оламиз. Дунёқарашимиз, менталитетимиз ва тарбиямизга тажовуз қиладиган нимадир йўқмикан, деган ҳадик билан кутиб оламиз хабарларни. Лекин “Скафандр ва капалак”ни ўқиб тамомила ўзга хулосаларга келасиз: инсон Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам барибир инсон эканига, уни бир нуқтага олиб келадиган муштарак жиҳатлари кўплигига иймон келтирасиз. Бунинг учун эса, шакллар тузоғидан эсон-омон ўтиб, инсонлик моҳиятига интилмоқ талаб қилинади, холос.
Француз журналисти ва драматурги Жан-Доминик Бобининг “Скафандр ва капалак” номли асари, аввало, чўнг бир изтироб, сўнгра эса худди шундай умидга йўғрилганлиги билан эътиборни тортади. Айни кучга тўлган, ҳаёт ва ижодда муваффақият қозониб келаётган 44 ёшли драматург сира кутилмаганда инсультга чалинади-да, тўшакка михланиб қолади. Лекин у таслим бўлмайди. Соғлом мия ва биттагина кўз ёрдамида ҳаёт учун курашади. Чунки қолган ҳамма аъзолар фалаж ҳолда: на қимир этади, на гапиради ва на овқат ея олади. Ишга яроқли биттагина кўзи орқали логопед ёрдамида дунё билан мулоқотга киришади. Бунинг учун алифбодан фойдаланилади. Логопед бир чеккадан ҳарфларни ўқиб чиқади, фалаж драматург керакли ҳарфга келганда ягона соғ кўзини юмади ва шу тарзда бир неча дақиқада биргина сўз ёзилади. Бемор шу тарзда асар ёзмоққа ҳам бел боғлайди. Ниҳоят, машаққатлар, жасоратлар эвазига асар дунёга келади. Битигини “Скафандр ва капалак” деб номлайди. Скафандр бу – сув остига тушиш учун кийиладиган махсус кийим, лекин бу ерда рамзий маъно касб этиб, инсон танасини, капалак эса руҳни англатади.
Асарни ёш таржимон Нилуфар Усмонова русчадан ўзбекчага ўгирди. Бу унинг илк салмоқли иши. Камчиликлари бўлиши табиий. Аммо Нилуфар келажакда ўз устида ишлайдиган, сакталикларни тузатишга жасорати етадиган умидли ёшларимиздан. Таржимадек машаққатли, аммо шарафли йўлда Нилуфарга омад, ўзбек ўқувчиларига эса француз драматурги Жан Доминик Бобининг “Скафандр ва капалак” асарини ўқиш завқини тилаб қоламиз.

Улуғбек Ҳамдам

Муқаддима

Оқимтир нур кўримсиз парда ортида тонг отаётганидан дарак бермоқда. Оёқ оғриғи, бош оғриғи… гўё скафандр бутун танамни сиқаётгандек азоб­лайди. Менинг палатам аста-секин зулматдан озод бўлмоқда. Менга азиз бўлган инсонларнинг суратларини, болалар чизган расмларни, кечагина ошнам Рубедан жўнатган миттигина велосипедчи ҳайкалчасини ва каравотим тепасидаги токчани томоша қиламан. Ярим йилдан бери шу каравотда ётавериб, ўзимни дунёдан узилиб қолган бир махлуқдек ҳис қилар эдим.
Қаердалигимни англашим, ўтган йилнинг 8 декабрь жума кунида ҳаётим остин-устун бўлиб кетганини эслашим учун менга кўп вақт керак эмас.
Шу пайтгача мия сопи ҳақида эшитмаган эканман. Айнан ўша куни миямизнинг асосий қисми қандай эканлигини; мия ва асаб толаларининг қандай боғлиқлигини, юрак-қон томир тизимининг бузилиши юқорида айтилган мия сопини ишдан чиқаришини тушуниб етдим. Илгари буни мияга қон қуйилиши деб аташарди ва бундан одамлар шунчаки ўлиб кетаверишар эди. Жонлантириш бўлими асбоб-ускуналарининг ривожланиши бу азобларни енгиллаштирди. Тирик қолиш эҳтимоли бор, лекин сиз англосакс тиббиётида айтилган “locked-in syndrome”ига маҳкум қилинасиз: бошдан-оёқ фалаж бемор ўз танасига қамаб қўйилади; у фикрлайди, лекин бу сезилмайди, ягона алоқа воситаси бўлиб фақат чап кўзини қисиш қолади. Қарангки, тақдир томонидан шундай илтифот кўрсатилгани ҳақида энг аввало билиши керак бўлган инсонга охирида хабар берилди. Мен йигирма кун ҳушсиз ётдим ва фожианинг залворини англашимдан олдин бир неча кун ноаниқлик гирдобида қолдим. Январнинг охирида, айнан шу Беркс касалхонасининг деразасидан илк тонг шуъласи тушиб турган палатада бутунлай ўзимга келдим.
Бу энг оддий тонг. Соат еттидан бошлаб ҳар чорак соатда вақт ўтаётганидан хабар берувчи қўнғироқлар чалинади. Тунги оромдан ке­йин тўлиб кетган ўпкаларим шовқин билан яна ишлай бошлайди. Сариқ чойшабни ғижимлаб олган қўлларим азоб беради, қизиғи, улар иссиқми ё совуқ, тушуна олмайман. Анкилозга қарши курашиб қўл-оёқларимни ҳеч бўлмаганда бир неча миллиметрга чўзишга ҳаракат қиламан. Бу менинг қийналиб кетган тана аъзоларимга сал бўлса ҳам енгиллик беради. Скафандр оғирлиги камаяди ва хаёлларим капалакдек учиб кетади. Ҳали қилиниши керак бўлган бир дунё иш бор. Осмонларга учса ёки замонлар аро кезса, Оловлар Маконига саёҳат қилса Мидас подшоҳининг саройига ташриф буюрса бўлади. Кейин суюкли ёрингизнинг қошига сездирмасдан учиб бориб, ширин уйқуга беланиб ётган юзини аста силаш мумкин. Самовий қасрлар қуриш, Олтин мўйнани қўлга киритиш ҳам мумкин. Атлантидани кашф қилса, болаликдаги орзулар ва улғайгандаги тушларни рўёбга чиқарса бўлади. Қисқаси, дам олиш учун чалғиса бўлади. Энг асосийси, нашриётдан келадиган вакилга бу саргузаштларни қандай қилиб қимирлай олмайдиган ҳолда ҳарфма-ҳарф айтиш усулини ўйлаб топишим керак. Хаёлан ҳар бир жумлани ўн марта қайта-қайта синчиклаб ўйлайман, айрим сўзларни олиб ташлайман, сифатлар қўшаман ва ўзимнинг тузган матнимни сўзма-сўз ёдлайман.
Соат етти ярим. Навбатчи ҳамшира хаёлимни бўлди. Белгиланган тартибга биноан у пардаларни очади, трахеостомани, осма дорини текширади ва телевизорни ёқади – яқинда хабарлар бошланади. Ҳозирча Ғарбнинг энг чаққон қурбақаси ҳақида болалар кўрсатуви бўлмоқда. Мен ҳам қурбақага айланиб қолишни ният қилсаммикан?

Ўриндиқ

Бунчалар кўп оқ халатларни ҳали палатамда кўрмаган эдим. Ҳамширалар ва уларнинг ёрдамчилари, кинезитерапевт, психолог, эрготерапевт, нев­ропатолог, тиббиёт олийгоҳи талабалари ва ҳатто бўлим бошлиғи, бир гап билан айтганда, бутун касалхона шу муносабат билан йиғилган. Улар киришганда қандайдир нарсани каравотим томонга суришди, мен янги бемор келдимикан деб, ўйлабман. Бир неча кун олдин Беркка ўтказилдим, аммо мен билан ногиронлар аравачаси орасида қандай боғлиқлик борлиги ҳеч ақлимга сиғмас, тасаввур ҳам қилолмас эдим.
Менинг аҳволимни ҳеч ким аниқ тушунтириб беролмасди ва тўсатдан, шунчаки тасаввур қилинган далилларга таяниб яқинда яна ҳаракатга ва тилга киришимга ишончимни оширардим. Менинг адашаётган ақлим кўп режалар тузар эди: саёҳат, ишқ орзулари, театр пьесаси ва мен тайёрлаган мевали коктейлнинг сотувга чиқиши. Фақат қандай тайёрланишини мендан сўраманг, уни унутдим.
Хуллас, улар шу заҳотиёқ мени кийинтиришди. “Бу кайфиятни яхшилайди”, – огоҳлантирувчи оҳанг билан гапирди руҳшунос. Ҳақиқатан, сариқ нейлон кўйлакдан кейин мен жоним билан яна катак кўйлак, эски шим ва шаклини йўқотган свитерни кийган бўлар эдим, аммо буларни ки­йиш жараёнининг ўзи даҳшат. Сон-саноқсиз тутқаноқлардан сўнг ниҳоят, менинг бўшашган, бўйсунмас танамга кийим кийгазишди, азоб чекишга мажбур қилишди.
Бу тайёргарликдан сўнг “маросимни” бошлаш мумкин эди. Икки киши елкам ва оёғимдан ушлаб, каравотдан кўтариб ўриндиққа олишди. Оддий бемордан ногиронга айландим, худди новиллеро тореадорга айланиб қолган каби. Ўтирган ҳолатим тутқаноққа сабаб бўладими-йўқми, шуни билиш учун мени бутун қават бўйлаб айлантириб чиқишар, мен эса келажакдаги режаларим барбод бўлгани ҳақида хаёл суриб тик ўтирар эдим. Фақатгина бўйним тагига махсус ёстиқчани қўйиш қолди, чунки бошим тик туролмасди, худди африка аёлларининг бўйнида бир неча йил пирамида ҳолатида турадиган узуклар ечиб ташланганидек. “Сизга аравача тўғри келди”, – худди яхши янгилик айтаётган каби табассум билан гапирди эрготерапевт. Менга эса бу ҳукмдек эшитилди. Шу даражада ҳайратга соладиган ҳақиқатни эшитдимки, бу ҳақиқат атом бомбасининг портлашидан кейин пайдо бўладиган улкан қўзиқоринсифат тутунга ўхшар эди. Жаллод қиличидан ҳам ўткир ҳақиқат.
Ҳамма кетди, учта санитар мени бирваракайига кўтариб ётқизишди. Менга улар гўё детектив фильмларидаги ҳозиргина ўлдирилган одам жасадини машинасининг юкхонасига тиқаётган жаллодларни эслатди. Ногиронлар аравачаси бурчакда турар, устига кийимим ташлаб қўйилган эди. Энг сўнгги оқ халатлининг кетишидан олдин унга секингина телевизорни ўчириб қўйишини ишора қилдим. “Сонлар ва ҳарфлар” кўрсатуви бўляпти – отамнинг севимли кўрсатуви. Деразаларни эрталабдан бери ёмғир тўхтамай тиқиллатар эди…

Ибодат

Алалоқибат ногиронлар аравачасининг ижобий томони ҳам бор экан. Ҳаммаси ойдинлашди. Мен бошқа ғаройиб режалар тузмайман ва сукут қасамёдидан дўстларимни “озод” қиламан. Улар бўлган воқеадан кейин мени ғамхўрлик билан ўраб олишди. Бу мавзу энди тақиқланмаган ва биз “locked-in syndrome” ҳақида бемалол муҳокама қилар эдик. Биринчидан, бу жуда кам учрайдиган касаллик. Бу касалликка чалиниш имкони супер лотереяда соврин ютиш имкони билан баравар. Беркда бундай касалланганлар иккита, бунинг устига касаллигим даражаси ҳали тўлиқ аниқланмаган. Мен бошимни буриш имкониятига эгаман, бу эса касаллик белгиларига номувофиқ. Беморларда айни ҳолат ҳаёти давомида узайиб бораверади, шунинг учун бу патология етарлича ривожланмаган. Бир нарса аниқки, агар асаб тизимим яна ишга тушса, бу сочнинг ўсиши тезлиги каби бўлади, яъни жуда секин. Шундай экан, бармоқларимни қимирлатишимга йиллар керак бўлар.
Аслида, кутилиши мумкин бўлган ўзгаришлар нафас йўлларида содир бўлади. Узоқ муддатдан сўнг меъёрий ҳолатда, ошқозон зонди ёрдамисиз овқатланиш, овоз найчаларини ҳаракатга келтирадиган табиий нафас олиш ва секин нафас чиқаришга умид қилса бўлади. Ҳозирча оғзимда доимо тўпланиб қолаётган сўлакни ютиш қўлимдан келганида мендан бахтли инсон топилмас эди. Тилимни танглайимнинг тубига тиқиб, ютиниш рефлексини уйғотмоқчи бўляпман. Шунингдек, деворда осиғлиқ турган халтачалардаги ладан ўсимлигидан тановул қиламан. Бу совғани менинг тошларга сиғинувчи диндор, саёҳатчи дўстларим Япониядан олиб келишган. Улар мен учун ҳамма илоҳий руҳларга илтижо қилишди. Мен қандай қилиб бўлса ҳам бу хонада йиғилиб қолган руҳларни тартибга солишим керак. Менинг шарафимга Бертон бутхоналарида шам ёқишганини ёки Непал ибодатхоналарида дуо ўқишганини билганимда, муқаддас сўзлардан кўзланган мақсадини бирдан англаб қоламан. Шундай қилиб, ўнг кўзимни камерунлик Марабунтага топширдим, айнан шу руҳонийдан дўстим африка ҳудоларининг менинг ҳаққимга дуо қилишларини илтимос қилди. Эшитиш қобилиятимга келсак, Бордодаги солиҳ юракли руҳонийлар биродарлик жамиятига суянаман. Улар мен учун доимо дуо ўқишади ва мен хаёлан уларнинг ибодатхоналарига учиб бориб, самоларгача етиб борадиган муножотларини тинглайман. Буларнинг ҳеч қайсиси ҳали натижа бергани йўқ, лекин бу жамиятдаги еттита руҳонийни исломий мутаассиблар ўлдирганида қулоқларим бир неча кун оғриб юрди. Бироқ улкан, лойдан қилинган қалъалар, қум деворлар ва ҳатто Мажино чегарасининг ҳимояси ҳам менинг қизчам Селестанинг уйқудан олдин Худога ўқийдиган дуосига дош  бера олмайди. Мени ҳамма ёмон касофатлардан асраб турувчи дуо ҳақидаги ширин хаёллар билан уйқуга кетаман.

Чўмилиш

Саккиз яримда кинезитерапевт пайдо бўлади. Чиройли қомат, юзи Рим гўзалларининг сиймоси каби… Бриджит хасталикка чалинган қўл-оёқларимни мажбуран ҳаракатга келтириш учун келади. Бу сафарбарлик деб аталади. Бундай жанговар номлар озиб кетган “жангчилар” учун аталгани одамни кулдиради: 20 ҳафта ичида ўттиз килограмм вазн йўқотдим. Мазкур бахтсизликка учрашимдан бир ҳафта олдин парҳез тутишни бошлаганимда бундай натижага эришаман, деб ҳеч ўйламагандим. Йўл-йўлакай Бриджит айрим титрашлар яхшилик аломатимикин, деб текшириб кўради. “Кафтимни сиқиб кўринг”, – мурожаат қилади у. Баъзан хомхаёлларга бериламан, гўёки бармоқларимни қимирлата оламан ва бор кучимни йиғиб сиқиб кўраман. Лекин бармоқларим қилт ҳам этмайди ва Бриджит жонсиз қўлимни махсус тиргак ёстиқчага қўяди. Қувонарлиси, бош қисмимда ўзгариш бор: мен энди бошимни 90 градусгача бура оламан. Энди мен кўришим мумкин бўлган майдон кенглиги қўшни бинонинг томидан бошланиб, оғзимни ҳатто оча олмаган вақтимда ўғлим Теофил томонидан чизилган, тилини чиқариб турган ажойиб Миккининг расмига бориб тугайди. Бирмунча машқ натижасида оғзимга сўрғич тиқишга эришдик. Руҳшунос айтганидек, буларнинг ҳаммаси сабр-тоқат талаб қилади.
Муолажа юзни уқалаш билан тугайди. Юзим ҳеч нарса сезмайди, лекин айрим қисмларида ҳали асаб толалари тирик. Бриджит ўзининг илиқ қўллари билан юзимни силаётганини ўшандан сезаман. Сезувчи чегара оғзимнинг ярмидан ўтади, мен ярим чала табассум қила оламан. Бу табассум менинг ҳар доимги кайфиятимдан далолат. Мисол учун оддий ювиниш менда турли хил ҳиссиётларни уйғотади.
Гоҳида жуда ғалати туйилади, қирқ тўрт ёшимда мени ювинтиришади, ўгириб артишади ва йўргаклашади, худди эмизикли чақалоққа қарашгандек. Гўё болаликка қайтгандек бўламан. Ҳатто бундан завқ ҳам туяман. Аммо, баъзи кунларда буларнинг ҳаммаси даҳшатли фожиалигини тушунаман ва санитар соқолимни олиш учун суртган кўпикка кўзёшларим бирин-кетин оқа бошлайди. Ҳар ҳафталик чўмилишга келсак, бу нарса мени ҳам қайғуга солади, ҳам роҳатлантиради. Ваннага тўлдирилган сувга кираётгандаги ёқимли лаҳзалар кетидан ёқимсиз шалпиллаб чўмилиш келади. Авваллари ваннада узоқ ётардим – қўлимда хушбўй чой ёки виски, қизиқарли китоб ёки газета, ётган жойимда оёғим билан сувнинг ҳароратини ўзгартираман… Ўтмишдаги хурсандчиликларни эслаб, ҳозирги даҳшатли ҳолатимни англаб, кўнглим чексиз қайғуга ботади. Лекин ҳозир тўхтаб қолиш ноўрин. Совуқдан титраган ҳолатимда ноқулай, қаттиқ ғилдиракли столда палатамга олиб кетишди. Соат ўн яримда тайёр бўлиб, реабилитация хонасига тушиш керак. Тавсия қилинган ёқимсиз спорт ки­йимини рад этиб, “кечиккан талаба” кийимига қайтаман. Эски свитерларим чўмилиш каби қайғули хотираларни эсга соларди, лекин мен уларда ҳали ҳам давом этаётган ҳаёт тимсолини кўраман, бу ўзлигимни йўқотишни хоҳламаслигимдан далолат эди.

Алифбо

Мен алифбо ҳарфларини жуда ҳам яхши кўраман. Қоронғи тунда, фақат телевизорнинг ёниб турган митти чироғигина кўриниб турган маҳалда, унли ва ундош товушлар мен учун Шарль Трененинг фарандола куйи остида рақсга туша бошлайди: “О, Венеция, афсонавий шаҳар, нафис хотираларимни сенда сақлайман…” Қўл ушлашиб улар палатамни кезишади, каравотим атрофини айланишади, дераза олдидан ўтиб, девор устидан юриб эшиккача боришади ва яна йўлларини давом эттиришади.
E S A R I N T U L O M D P C F B V H G J Q Z Y X K W
Тартибсиз кўринган бу хушчақчақ намойиш тасодиф эмас, буларнинг ҳаммаси моҳирлик билан ўйлаб топилган. Буларни алифбо деб ҳам бўлмайди. Ҳар бир ҳарфнинг француз алифбосидаги қайтарилиш частотасига қараб ўрни бор. Хўш, “E” ўзини биринчи бўлиб намойиш қилади, “W” эса энг охирида қолиб кетмай, деб навбатга эргашади. “B” эса жаҳл устида – уни “V” нинг олдига суриб қойишган, уларни тинмай адаштиришади. Мағрур “J” эса ҳайратда, нега уни бунчалик узоққа қўйишди, қанча жумлалар у билан бошланади-ку! “H” ўрнини эгаллаб олишига йўл қўйган семиз “G” жаҳл устида кўринади, ҳеч бир-биридан айрилмас “T” билан “U” эса яна бирга бўлиб қолганидан хурсанд эди. Бу тартиб катта аҳамиятга эга: мен билан суҳбат қурмоқчи бўлганларнинг ишини енгиллаштиради.
Бу жуда содда тизим: менга ҳарфларни тартиб билан кўрсатишади (вариант “ЭСА…”), мен эса ҳамсуҳбатим ёзиши керак бўлган ҳарфга келганида кўзимни қисаман. Агар хато чиқмаса, бирпасда сўз пайдо бўлади, кейин тушуниш иложи бор бўлган жумла ҳосил бўлади. Лекин бу – назария, ишлатилиш усули, изоҳли ёзув. Шунингдек, реаллик ҳам мавжуд – айримларнинг ваҳимаси-ю, ўзгаларнинг соғлом фикри. Бу кодли усул (хаёлларим таржимасини шундай аташади) олдида ҳамма ҳам тенг эмас. Бошқотирма ва скрабл ўйинларини севувчиларига енгилроқ. Қизлар йигитларга нисбатан яхши уддалайди. Айримлар эса тажрибаси мавжудлиги туфайли бу ўйинни ёддан билишади ва уларга ҳарфлар кетма-кетлигидан иборат “муқаддас” китоб ёки гапларим ёзилган ёндафтарча шарт эмас. Аммо мени ўйлантирадиган нарса бу уч мингинчи йиллар этнологлари дафтарларни топиб олиб, агар бир бетнинг ўзида чалкаш ҳолда ёзилган “Кине ҳомиладор”, “Айниқса оёқларда”, “Бу Артур Рембо” ва “Французлар ҳақиқатан чўчқадек ўйнашди” каби ёзувларни ўқиб қолишса, қандай хаёлларга боришар экан? Хато тузилган сўзлар, тушиб қолган ҳарфлар, тартибсиз бўғинлар тушунарсиз чалкашликни ҳосил қилади.
Таъсирчан одамлар тез адашиб кетади. Паст овоз билан шошиб ҳарфларни теришади, тахминан бир нечта ҳарфларни ўзидан қўшади-да, натижада олдинги гапга қовушмайдиган: “Мен – нотавонман!” деган гапни ўқиб ажабланишади. Бир томондан бу фойдали бўлиб чиқади, чунки улар суҳбатлашиш масъулиятини ўз зиммасига олади ва бундай шошқалоқларни тезлатиш шартмас.
Мен кўпроқ мужмал жавоб берадиганлардан қўрқаман. Агар мен улардан: “Ишларингиз қандай?” – деб сўрасам, улар: “Яхши”, – деб жавоб беришади ва сўзни яна менга беришади. Улар билан суҳбатлашишда алифбо оловли тўсиққа ўхшайди ва янглишиб кетмаслик учун олдиндан 2-3 та савол ўйлаб қўйиш керак.
Меҳнаткашлар ҳеч ҳам адашмайдилар. Улар ҳар бир ҳарфни синчиклаб ёзишади ва гап тугагунича иборада яширинган маънони шошқалоқлик қилиб топишга уринишмайди. Қўшимча сўз қўшиш борасида сўз ҳам бормайди. Ишонч билан айтаманки, улар ўзбошимчалик билан “он” ни “чемпи” ни кетидан қўшишмайди, “мли” эса “ато” ни кетига улашмайди, “мас” қўшимчаси эса “туга”ёки “чида” нинг кетида пайдо бўлиб қолмайди. Бундай секин жараён безор қиладиган ҳолатга олиб келади, лекин тахмин қилишни яхши кўрадиган таъсирчан одамлар дуч келадиган маъно бузилишидан сақлайди. Масалан, бир куни кўзойнагимни олиб беришларини илтимос қилган эдим, улар эса мендан, астагина, кўзимга ойнак тиқишимнинг сабабини сўрашди ва мен бундай ақлий ўйинларнинг ўзига хос жозибасини тушундим…

Император аёл

Францияда малика Евгения хотираси ёд этиладиган жойлар кам қолган. Ногиронлар аравачаси бемалол, беш  қаторлаб юрадиган жой, шинамгина Берк касалхонасининг галереясида Наполеон III нинг рафиқасини бу ернинг ҳомийси бўлганини эслатувчи алоҳида бир кўргазма мавжуд. Бу кичкина музейнинг иккита асосий ёдгорликларидан бири бу оқ мармардан бунёд этилган, маликанинг бетакрор гўзаллигини ўзида ифодалаган ҳайкалдир. Малика 94 ёшида, айнан Иккинчи империя қулашидан ярим аср ўтиб вафот этган. Шунингдек, Берк вокзалининг бошлиғини ёрдамчиси “Корреспондент маритим” газетасининг муҳарририга императорнинг 1864 йил 4 майдаги ташрифи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтган хати иккинчи ёдгорликдир. Маликага ҳамроҳ бўлиб келаётган ёш аёлларни, шаҳар кўчаларида бўлаётган тантанали намойишларни ва маликанинг номини улуғ деб биладиган касалхона беморларини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Мен шу вақтгача бу азиз ёдгорликларга таъзим қилиб ўтиш имконини бирон марта ҳам қўлдан бой бермаганман.
Тахминан йигирма марта темирйўлчининг ҳикоясини ўқиб чиқдим. Хаёлан ғала-ғовур кўтариб кетаётган маликанинг канизаклари сафига қўшилиб оламан ва Евгения бир бинодан иккинчи бинога ўтаётган дамда мен унинг малла рангли ленталар уланган шляпаси ва соябони кетидан, маликанинг ифоридан маст ҳолатда эргашаман. Бир куни мен журъат қилиб унинг оқ-пушти, кенг атлас тасмали кўйлаги бурмаларининг орасига бошимни яширдим. Бу дам шунчалик ширин, тонгги шудринг каби соф эди. Малика мени ҳайдамади. У менинг сочларимни меҳр билан силади ва худди невропатолигимнинг шевасига ўхшаган испанча шева билан гапирди: “Ҳечқиси йўқ болагинам, сабр-тоқатли бўлиш даркор”. Бу инсон энди французлар маликаси эмас эди, энди у илоҳий тасалли берувчи, худди умидсизлик чоғида юпатувчи муқаддас Рита каби эди.
Кейин эса куннинг ярмига келиб, мен дарду ҳасратимни маликага баён қилаётганимда, орамизда нотаниш киши гавдаланди. Витринада бу одамнинг юзи кўринди, гўё диоксин моддали бочкага кириб чиққан одамга ўхшар эди: буришган оғиз, қийшайган бурун, патила сочлар, даҳшатга тўла нигоҳ. Бир кўзи тикилган, иккинчи кўзи эса жиноятчи Қобилнинг кўзи каби олайиб турибди. Мен бир дақиқа бу қорачиққа тикилиб турдим, бу инсон аслида менинг ўзим эканлигини кейин англаб етдим.
Айни шу дамда мен эйфорияга тушиб қолдим. Мен нафақат сургун қилинган, фалаж, соқов, ярим кар, барча дунё роҳатларидан маҳрум қилинган эдим, шунингдек, ташқи кўринишим ҳам даҳшатли экан. Кучли асабий кулгу мени қамраб олди. Агар инсон тақдирнинг сўнгги зарбасидан кейин буларнинг ҳаммасини ҳазил деб ўйласа, охири ҳалокат билан тугайди. Бошида Евгения менинг хириллашимдан ҳайратлана бошлади, кейин бу ғалати хурсандчилигим унга ҳам юқди. Биз кўз ёшлар пайдо бўлгунича тўхтамай кулдик. Шу пайт мусиқачилар жуфт бўлиб ўйналадиган куй чала бошлашди ва менинг шунчалик рақсга тушгим келаётган эдики, агар ўринли бўлганида Евгенияни рақсга таклиф қилган бўлар эдим. Биз плиткали полда гир-гир айланиб рақсга тушган бўлар эдик. Бўлган воқеалардан сўнг бу кенг галереяга келсам, маликанинг нозик табассум билан менга тикилиб турганини кўраман.

Чинечитта

Опал соҳил бўйлари устидан шовқин кўтариб учадиган енгил самолётда Берк касалхонаси устидан учиб ўтаётганингизда кўнглингиз ғайриоддий ҳаяжонга тўлади. Касалхонанинг жимжимадор, жумбоқли кўриниши, Шимол уйларининг усули остида қурилган жигарранг ғиштли баланд деворлари сирга тўла, гўёки Ла-Маншнинг кумушранг суви билан уни Беркон шаҳридан узиб олиб соҳил бўйларига, юмшоқ қумлар қўйнига улоқтириб юборилганга ўхшайди. Энг чиройли деворларнинг юзида, шунингдек, пойтахт жамоат ҳаммомларида ва давлат мактабларида бир ёзувга дуч келасиз: “Париж шаҳри”. Бу касалхона Иккинчи Империя даврида об-ҳаво туфайли Париж касалхоналарида тузала олмаган касал болалар учун қурилган бўлиб, ҳудудий мустақиллигини сақлаб қолган. Яъни, сиз ҳозирда Па-де-Каледа бўлсангиз-да, ҳокимият қонунларига биноан, Сена соҳиллари бўйида ҳисобланасиз. Касалхона ичидаги чеки йўқ, бир-бирига уланиб, чалкашиб кетган йўлаклар ўзига хос лабиринт, яъни чигалликни ҳосил қилади. “Менар” беморини “Соррел” да йўлидан адашиб қолганини кўп учратасиз: машҳур жарроҳларнинг исмлари асосий жой номлари сифатида хизмат қилади. Кўзи даҳшатга тўла, онасидан жудо қилинган, бахтсиз боланинг қўлтиқтаёғига суяниб, фожиали оҳангда тинимсиз: “Мен йўқолиб қолдим!” деган сўзларининг қулоққа тез-тез чалиниши эҳтимолдан холи эмас. Мен эса санитарлар айтишганидек, сорреллардан бириман ва йўлларда адашмайман. Лекин, мени олиб келаётган одамлар ҳақида ҳам бундай фикр билдириб бўлмайди. Йўлимиздан адашиб қолишимизни яхшилик сифатида қабул қилиш менга одат тусига кирди. Шу баҳона мен ҳали кўрмаган йўлаклар билан танишаман, янги инсонларни учратаман, йўл-йўлакай ошхонадан чиқаётган ширин ҳидларни сезиб ўтиб кетаман. Мен эндигина беҳушлик зулматидан ўзимга келаётган вақтлар мени ногиронлар аравачасида олиб кетишаётганда кўзим бир маёққа тушган эди. Биз зина томон бурилаётганимизда қаршимда пайдо бўлди: салобатли, мустаҳкам, ўзининг қизил-оқ чизиқлари билан регби ўйинчисининг кийимини эслатар эди. Денгизчилар бирлиги рамзи, шунингдек, ёлғизлик ҳалокатига дучор бўлган касалхона беморларининг рамзи бўлган бу маёққа мен шу заҳотиёқ шайдо бўлдим. Биз ҳар доим кўришиб турамиз. Мен унинг ҳузурига тез-тез бориб тураман ва мени Чинечиттага олиб боришини сўрайман. “Соррел” биносининг кимсасиз айвонларини шундай атайман. Жануб тарафга қараган бу кенг айвонлардан ўзгача шоирона жозибага эга бўлган, кинофильм декорациясига ўхшаган манзара кўз олдимизда намоён бўлади. Берк атрофи электропоезд саҳнаси учун безатилганга ўхшайди. Бир нечта қум тепаликлар қадим Ғарб ҳақида тасаввурларни ҳосил қилади. Бепоён денгиз тўлқинлари эса шунчалик оппоқки, гўё сохтага ўхшайди.
Мен кун бўйи Чинечиттада вақтимни ўтказишим мумкин эди. У ерда мен замонлар аро энг буюк режиссёрга айланиб қоламан. Шаҳар томондан мен яна “Ёвузлик муҳри” фильмининг биринчи саҳнасини суратга ола бошлайман. Соҳил бўйларида “Дилижанс”ни яна тревелинг қиламан. Очиқ денгизда эса “Ой ёғдусида”ги контрабанда иштирокчиларининг ҳужумини тасвирга оламан. Ёки бу мўъжаз манзаралар орасида йўқ бўлиб кетаман, шунда дўстимнинг музлаб қолган бармоқларимни аста силашидан бошқа ҳеч нарса мени бу дунёдан узилган кўнглимни қайтара олмайди. Мен – юзига қизил-кўк бўёқ чизилган, ақлдан озган, бошига портловчи динамит боғлаб қўйилган масхарабозман. Чарт этиб гугурт чақмоқ васвасаси хаёлларимга булут каби ўрнашиб олган. Кейин эса қуёш бота бошлайди, Парижга йўналтирилган сўнгги поезд ҳам жўнайди ва палатага қайтиш вақти келади. Мен қишни интизорлик билан кутаман. Иссиқ кийимларга бурканган ҳолатда кечгача шу ерда қолиб, қуёш ботишига, маёқ чироғини атрофга умид учқунларини сочишига термуламан.

Сайёҳлар

Урушдан сўнг Берк даҳшатли сил касали қурбони бўлган болаларни қабул қилар эди, лекин ҳаммаси кейинчалик ўзгарди. Ҳозир у ерда кексалик офатлари, четлаб ўтиб бўлмайдиган мия ва тана фаолиятининг бузилишига қарши кураш олиб борилади. Лекин гериатрия – бу ердаги хизматлар ҳақида маълумот берувчи шунчаки бир фрагментдир. Шунинг ўзидагина йигирматача беҳуш ҳолатдаги беморлар, ўлим дарвозаси қаршисидаги чексиз тун гирдобига тортилган бахтиқаролар бор. Улар ҳеч қачон палаталарини тарк этмайдилар. Ҳар бири шу ерда эканликарини билишади ва жамиятга заррача фойда келтира олмаётганлари уларнинг виждонини пора-пора қилади. Қарама-қарши томонда эса ақли заиф беморларни даволаш қисми жойлашган. Ёнида эса семизликдан азоб чекаётган беморларнинг паришон боқишларига дуч келасиз. Тиббиёт олимлари бу беморларнинг вазн ҳажмларини камайтиришга умид боғлашган. Марказда эса асосий “қўшин”ни ташкил қиладиган майиб беморлар жамоаси мавжуд. Улар спорт туфайли ёки йўл ҳалокатларидан, шунингдек, турли хил  фалокатларидан жабрланганлардан ташкил топган. Беркка бу беморлар вақтинчалик тушиб қолиб, жароҳатланган қўл-оёқларини даволашади. Мен уларни сайёҳлар деб атайман.
Ва ниҳоят биз – қаноти синган қушлар, овози узилган тўтилар, бахтсизлик жарчилари, ўз инларини асаб даволаш бўлимининг боши берк йўлакчасини бурчакларига қурганмиз. Биз – доимо сукунат сақловчи фалаж беморлар, дарди бизникидан енгилроқ бўлган инсонларнинг кўнглида нотинчлик уйғотамиз. Мен буни яхши тушунаман. Бунинг гувоҳи бўлиш учун энг мос жой – кинезитерапия зали. Айнан шу ерга барча беморлар даволаниш учун келади. Бу ҳақиқатан Мўъжизалар кўчасига ўхшар эди: шовқинли, ранг-баранг.
Қўлтиқтаёқларнинг, протезларнинг тарақ-туруқи ва турли хил шовқинлар орасида сизга ҳар хил инсонлар учрайди. Мисол учун қулоғига зирак тақиб олган, мотоцикл ҳалокатига йўлиққан ёшгина эркак; йиқилиш туфайли жароҳатланиб, қайта юришни ўрганаётган юпқа кўйлакли кампир; метрода оёғини узиб олган дайди (ҳеч ким уни қандай қилиб бу кўргиликка йўлиққанини билмайди). Бу жамоа эътиборсиз ҳодимлар назорати остида қўл-оёғини қимирлатиб кўришга ҳаракат қилар, бу маҳал мени эса аста-секин вертикал ҳолатига келтиришаётган бўлишади. Ҳар куни эрталаб шу ҳолатда ярим соат тураман, қаддимни “тек” тутиб. Менимча, шу пайт мен Моцартнинг “Дон Жуан”ининг сўнгги саҳнасидаги Командор ҳайкалига ўхшасам керак. Пастда эса одамлар ҳазил қилишмоқда, кулишмоқда, суҳбатлашишмоқда… Менинг ҳам шу хурсандчиликда иштирок этгим келади, аммо ягона қолган кўзим билан уларга қарашим биланоқ улар юзларини мендан ўгириб оладилар. Бирданига шифтдаги ёнғин хавфсизлиги учун ўрнатилган қурилмани томоша қилгилари келиб қолади. “Сайёҳлар” ёнғиндан жуда қўрқишса керак-да.

Колбаса

Ҳар куни вертикализация сеансидан кейин санитар мени палатамга олиб келади-да, жойимга кўтариб жойлаштириш мақсадида ёрдамчиларни кутиб туради. Бу пайтгача эса аллақачон тушлик вақти келган бўлади ва санитар атайлаб хушчақчақ оҳангда “Ёқимли иштаҳа!” деб хайрлашиб кетади. Бу эса 15 августда Рождество байрами билан табриклаш ёки иш кунини айни қизиган палласида хайрли тун тилаш билан баробар-ку! Саккиз ой давомида мен лимон шарбатининг бор-йўғи бир нечта томчиларини ютдим. Ярим қошиқ йогурт эса нафас йўлларимда йўқолиб қолишига сал қолди. Озиқланиш тажрибаси, бачканароқ номланган бу тажриба, самарасини бермади. Лекин хавотирга ўрин йўқ, мен оч қолмайман. Ошқозонимга уланган жигарранг, шишасимон зонд орқали менга етарлича озуқа етказилиб турилмоқда. Хотирамда сақланиб қолган битмас-туганмас таъм ва ҳид хотираларини ҳузурланиш учун уйғотаман. Кимдир маза қилиб овқат тайёрлай олади, мен эса синчковлик билан масаллиқларни танлаб, хаёлларимдан тайёрлайман. Хоҳлаган вақтда, ҳеч қандай оворагарчиликсиз овқатланишга ўтириш мумкин. Ресторандан стол буюртма беришга ҳожат йўқ. Қачонки ўзим овқат тайёрласам, албатта кўнгилдагидек чиқади. Бургундияликлар усулига биноан қовурилган мол гўшти, гўштлик шаффоф илвира ва меъёрида нордон шафтоли торти. Кайфиятга қараб ўзимни ўзим меҳмон қиламан: ўн икки дона чиғаноқ, пиширилган картошка билан чўчқа гўшти, нордон карам ва бир шиша тилларанг, узоқ йиллар давомида сақланган гевюртс-траминер, ёки оддийгина қовурилган тухум билан нон. Қандай роҳат! Тухум сариғи томоғимдан ўз илиғини таратиб ўтиб кетмоқда. Шунингдек, ҳазм қилиш билан алоқадор муаммолар ҳеч қачон юзага келмайди. Албатта, мен энг яхши маҳсулотлардан фойдаланаман: энг янги сабзавотлар, хозиргина тутилган балиқ, ёғликкина гўшт. Ҳаммаси қоидага биноан тайёрланиши шарт. Менга дўстим Труадан ҳақиқий сосис­ка тайёрлаш шартларини юборган эди, яъни уч хил гўшт бир-бирининг устига таҳланган ҳолатда тайёрланади.
Шундай синчковлик билан мен йил фаслларини алмаштираман. Ҳозирда мен ширин қовунлар мазасидан баҳра олаяпман. Денгиз чиғаноғи ва қуш гўштини кузга заҳиралаб қўяман, агар уларни ейиш хоҳишим мени тарк этмаса, албатта. Чунки, шу кунларда негадир жуда ўзгача фикрлайдиган, мулоҳазакор бўлиб қолганман. Аввалига, узоқ вақт оддий овқатдан жудо бўлганим мени мушкул ҳолатларга солди. Мен очофат бўлиб қолдим. Ҳозирда эса хаёлларимнинг қайсидир бурчагида осиғлик турган колбасани бемалол томоша қила оламан. Лион колбасасининг шакли нотўғри, жуда юпқа ва қўпол кесилган. Ширасини чиқариб чайнашингиздан илгарироқ тилда эришни бошлайди. Бу ҳузур ҳам муқаддас нарса, қирқ йиллик тарихга эга бўлган эътиқод. У пайтлардаги ёшимда мен ширинликларни яхши кўришим керак эди, лекин кўнглим кўпроқ колбаса маҳсулотларига тортар эди. Онам томондаги бобомга қарайдиган энага қоронғу Распай хиёбонига ҳар гал келганида болаларча ажойиб эркалик билан менга колбаса беришини сўрар эдим. Бу чевар аёл овқат борасида болаларга ҳам, қариларга ҳам жуда мурувватли эди. Шундай ташаббускор йўл орқали у бир ўқ билан иккита қуённи урди: мени колбаса билан сийлади ва бобомнинг шундоққина ўлимидан олдин унга турмушга чиқди. Бу кутилмаган турмуш оиламиздагиларга унчалик ҳам хуш келмади. Менинг хотирамда фақат бобомнинг эллик франклик пулнинг юзида тасвирланган Виктор Гюгонинг жиддий кўриниши каби қарашлари сақланиб қолган, холос. Лекин ўйинчоқ ва китобларим орасига менга совға қилинган колбасани жинниларча тиқиб қўйганим яққол эсимда. Менимча, ҳеч қачон бундан-да мазалироқ колбасани ҳаётимда емаганман.

Фаришта

Сандринанинг оқ халатига қистириб қўйилган “Логопед” деган сўз “Фаришта” деб ўқилса муболаға бўлмайди. Айнан у менга кодлар орқали гаплашишни ўйлаб топди, акс ҳолда, мен бу дунёдан узилиб қолишим ҳеч гап эмас эди. Кўпчилик дўстларим мен билан код орқали суҳбатлашса-да, афсуски, касалхонада эса фақат Сандрина ва бир психолог докторгина шу йўл орқали мен билан алоқа қилишади. Шунинг учун менга оддий мимика усуллари билан тушунтиришга тўғри келади (кўз қисиш ва бош қимирлатиш). Одатда мен эшикни ёпишни, ҳожатхонадаги сув тушишини тўғирлашни, телевизор овозини пасайтиришни ёки ёстиғимни баландроқ қўйишларини сўрайман. Аммо ҳар доим ҳам бу истакларимга эриша олмайман.
Ёлғизлик оламида ўтказган вақтим давомида мен бир нарсани тушундим, одамлар икки мақомда бўлади. Уларнинг кўпчилиги менинг хоҳиш-истакларимни тушунишга ҳаракат қилишади, қолган масъулиятсизроқлари эса мен уларга кўрсатишга ҳаракат қилаётган белгиларимни кўрмаганликка олишади. Мисол учун, тунов куни бир галварс мен кўриб турган Бордо-Мюнхен ўйинини ярмига келганда тўсатдан ўчирди-да, шафқатсизларча “Хайрли тун” деб чиқиб кетди. Ноқулайликлар, суҳбатлашиш имкониятидан маҳрумлик одамда тушкун кайфиятини яратади. Аммо, кунига икки марта Сандрина ўзининг қайғурган кўзлари билан хонамга назар ташлаши биланоқ ҳамма ёмон руҳлар атрофимдан ҳайдалади. Шунда кўримсиз скафандр азоби енгиллашади.
Логопедия – бу чексиз ҳурматга сазовор санъат. Француз товушларини юзага чиқариш учун тилимиз қанча ҳаракатларга келишини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ҳозирда мен “Л” ҳарфини талаффузида қийинчиликларга дуч келмоқдаман. Гўё ўз журналининг номини талаффуз қила олмаётган бечора муҳаррир. Омадим келган кунлари иккита йўтал хуружидан сўнг нафас олишим кучга кириб, бир нечта фонемаларни гапиришга уриниб кўраман.Туғилган кунимга яқин Сандрина алифбони дона-дона қилиб ўқишга ундади. Мен учун энг яхши туғилган кун совғаси шу бўлди. Хириллаган овоз билан сўзланаётган йигирма олтита ҳарфни эшитиб, ўзимни энди гапиришни ўрганаётган ғор одамидек ҳис қилиб кетим.
Айрим пайтларда машғулотимизни телефон қўнғироғи бўлиб қўяди. Мен Сандрина орқали бирон-бир яқин одамим билан алоқага кириб ҳаётнинг бир лаҳзасини тотишга ҳаракат қиламан, худди учиб кетаётган капалакни тутиш каби. Қизгинам Селеста эса пони устида сайр қилганини гапириб беради. Беш ойдан кейин унинг тўққиз ёшга киришини нишонлаймиз. Отам эса тўқсон уч ёшида оёқда туришнинг мушкулликларини мардларча енгаётгани ҳақида айтиб беради. Отам ва Селеста менга ғамхўрлик қилаётган энг суюкли инсонларим. Мен кўп ўйланиб қоламан, бу бир томонлама суҳбатлар уларда қандай таассурот қолдирар экан? Менга-ку таъсири катта, кўнглимни кўтариб юборади. Уларнинг меҳрга тўла гапларига сукунат билан жавоб қайтармасликни қанчалик хоҳлайман-а.
Айримлар бундай суҳбатларга дош бера олмайдилар. Агар Сандрина қулоғимга тутиб турган телефон гўшагига қаттиқ хўрсиниб қўймасам, мулойим Флоранс менга гапирмайди. “Жан-До, шу ердамисиз?” – хавотирланиб сўрайди Флоранс. Тўғрисини айтганда, охирги пайтларда ўзим ҳам бу борада шубҳалана бошлаяпман.

Сурат

Отамни охирги марта соқолини олаётганимда кўрган эдим. Бу воқеа айнан мен фалокатга учраган ҳафтада бўлган эди. У касал эди, шунинг учун мен унга қарашга унинг Париждаги, Тюилри яқинидаги миттигина хонадонида қолдим. Тонгда унга сутли чой тайёрлаб бериб, бир неча кун давомида уни ўсиб кетган соқолидан халос қилишга қарор қилдим. Бу воқеа бутун умрга эсимда қолди. Қизил намат ўриндиққа жойлашиб олиб, газетани бошдан-оёқ синчиклаб ўқиб чиқадиган отам унинг қариб кетган юзига “ҳужум қилаётган” устарага қарши мардонавор чидар эди. Озиб кетган бўйнининг атрофига кенг сочиқ ўраб ташланган, юзига эса кўпик қалин қилиб суртилган. Мен унинг томирлари кўриниб турган юз терисини шикастламасликка ҳаракат қилар эдим. Отам шунчалик чарчаган эдики, ўтирган жойида кўзлари юмилиб кетаётган эди. Ҳолсиз кўринишда бурун суяги ҳам бўртиб чиққан, лекин ёшлигидан сақланиб қолган ўзгача барно қомати ўз кучини йўқотгани йўқ. Қариларга хос бетартиблик ҳиссини уйғотадиган турли хил нарсалар хонада қалашиб кетган. Булар анча йиллар давомида йиғилиб қолган расмлар билан безатилган эски журналлар, ҳеч ким тингламайдиган пластинкалар, ғалати нарсалар ва катта ойнали рамкага солинган турли замонга тегишли расмлар. Буларнинг орасида денгизчилар кийимчасини кийиб олган отамнинг болаликда расми ҳам (урушдан олдин 1914 йил), от миниб тушган саккиз ёшли қизимнинг расми ҳам ва менинг кичкина голф майдончасида тушган оқ-қора расмим ҳам бор. Расмда мен ўн бир ёшдаман. Қулоқлар диккайган. Кўринишимдан сал аҳмоқроқ, итоаткор ўқувчига ўхшайман. Кўрсам, ғашим келади, чунки айнан ўша пайтларда учига чиққан дангаса эдим-да.
Сартарошлик ишимни битириб, ҳаётимнинг муаллифи бўлган отамга унинг севимли атирини сепаман. Кейин ҳар доимгидек “Кўришгунча” деб хайрлашамиз ва столининг остига яшириб қўйилган васиятномаси ҳақида бу гал ҳам бир оғиз сўз айтмайди. Шундан сўнг биз бошқа кўришмадик. Мен ўзимнинг Беркдаги касалхонамни тарк этмайман, унга эса тўқсон икки ёшида уйининг чексиз зинапояларидан тушишига оёқлари дош бермайди. Иккимиз ҳам бир йўсиндамиз – “locked-in syndrome” : мен – ўзимнинг “скафандрим”да, у – уйининг тўртинчи қаватида. Энди ўзимни ҳам эрталаблари соқолимни олишмоқда. Бир ҳафта ичида ўсиб кетган соқолимни тиббий ходимлардан бири олаётганида хаёлимга бирдан отам келади. Умид қиламанки, ўша куни мен булардан кўра сартарошнинг вазифасини эҳтиёткорроқ бажардим.
Вақти-вақти билан отам менга қўнғироқ қилиб туради. Меҳрибон қўл қулоғимга тутиб турган телефон гўшагидан отамнинг озгина қалтироқ босган овозини эшитаман. Ўз ўғлингга қўнғироқ қилсанг-да, у ҳеч гапирмаса қийин бўлса керак. У менга голф майдончасида тушган расмимни ҳам юборди. Аввалига мен тушунмадим, нима сабабдан у бундай қилди? Бу савол агар кимнингдир хаёлига расмнинг орқа томонига қараб кўриш фикри келмаганида жавобсиз қолган бўлур эди. Шу пайт дам олиш кунларининг бирида содир бўлган воқеалар эсимга тушиб кетди: шамол эсиб турган ғамгин бир жойга тоза ҳаводан нафас олиш учун оилавий бордик. Ўзининг текис, чиройли ёзуви билан отам оддийгина қилиб: Берк-сюр-Мер, апрель, 1963 йил деб ёзиб қўйибди.

Яна бир ўхшашлик

Агар Александр Дюманинг китобхонларидан қайси асар қаҳрамонига айланиб қолишни хоҳлар эдингиз деб сўрашса, ҳеч шубҳасиз, улар Дартанянни ёки Эдмон Дантесни танлашган бўлар эди. “Граф Монте-Кристо”даги даҳшатли қаҳрамон – Нуартени танлаш эса ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлар эди. Ёзувчи бу қаҳрамонни тирик нигоҳ билан тикилиб турадиган мурда, танасининг чорак қисми гўё гўрида бўлган одам қиёфасида тасвирлаган. Буткул ногирон бўлган бу қаҳрамон образидан инсонни титроқ босади. Ҳамма даҳшатли сирлардан хабардор бўлган кучсиз, доимо сукунат сақлайдиган бу одам бутун умрини ногиронлар аравачасида ўтказади. Алоқа қилишининг ягона йўли бу фақат кўзини қисиш: бир марта бўлса “ҳа”, икки марта – “йўқ”. Аслида Нуарте бобо (невараси уни меҳр билан шундай чақиради) “locked-in syndrome”га чалинган ягона бемор персонажи. Бахтсизлик туфайли онгимни ўраб олган қалин тумандан ақлим озод бўлган пайтларда мен Нуарте бобо ҳақида кўп ўйлайман. Яқинда “Граф Монте-Кристо”ни ўқиган эдим, энди эса китобдаги воқеалар марказига тушиб қолганга ўхшайман. Тағин энг ёқимсиз вазиятда. Бу китобни мутолаа қилишим тўсатдан бўлмади. Менда шум фикр пайдо бўлди, романнинг замонавийлаштирилган вариантини ёзиш: албатта, асосий ғоя бўлган қасос мавзуси сақланиб қолинарди, аммо воқеалар бизнинг замонамизда содир бўлаётган бўлар эди. Монте-Карло эса аёл киши бўлар эди. Мен бу жиноятга қўл уришимга ва шундай буюк романни ҳақоратлашга улгура олмадим, вақтим тугади. Жазо сифатида мен барон Дангларга, Франса Дэ Эпинега ёки албатта, Фариага айланиб қолишга розиман. Дурдона асарлар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Аммо адабиёт ва асаб худолари менга нисбатан умуман бошқа ҳукм чиқаришди.
Кечалари Нуарте бобонинг ўзини узун оппоқ сочлари билан касалхона йўлаклари бўйлаб қадимий, занг босган аравачасида санғиб юргани тасаввуримга келади. Тақдирга улкан ўзгартиришлар киритиш учун мен буюк афсонага айланадиган режа тузмоқдаман, қаердаки энг асосий гувоҳ фалаж бўлган киши эмас, қочоқ бўлади. Ким билади, балки бу ростдан ҳам рўёбга чиқар.

Туш

Мен ҳеч қачон тушларимни эслаб қола олмайман. Тонг отиши биланоқ сценарийдаги воқеалар занжири узилади-да, ҳаммаси эсдан чиқади. Лекин нега унда декабрь тушлари хотирамда тошга ўйилган нақш каби сақланиб қолган? Балки бу беҳушликнинг бир хусусиятларидандир. Сиз ўнгингизга қайта олмайсиз, тушлар эса тугамайди, аксинча, бирин-кетин давом этаверади, худди роман-фельетоннинг ҳодисалари каби. Бу кеча ҳодисаларнинг бири эсимга тушди.
Тушимда лайлакқор ёғаётган экан. Тахминан ўттиз сантиметр қор автомобиллар мозорини устини қоплаган. Мен энг яқин дўстим Бернар билан совуқдан титраб, у ерни кезиб ўтяпмиз. Уч кундан бери Францияга шаҳардаги умумий иш ташлаш сабабли етиб бора олмаяпмиз. Биз тўхтаб қолган жой, Италия чанғи комплексида, Бернар Ниссага борадиган поезд қидирди. Аммо саёҳатимиз сўнгида бизни иш ташловчилар жамоаси тўхтатиб, аёзли об-ҳаво бўлаётганига қарамасдан, юпқа ботинка ва костюмда поезддан чиқишимизни талаб қилишди. Аянчли манзара. Автомобиллар мозорининг устидан катта кўприк ўтган. Назаримда, баландлиги эллик метр бўлган шу кўприкдан машиналар устма-уст қулаб, қалашиб кетган ва мазкур автомобиллар мозори вужудга келган.
Биз нуфузли бир италиялик киши билан учрашув белгилаганмиз. У инсоннинг штаб-қароргоҳи шу ажабтовур жойда яширинган. Биз топишимиз керак бўлган эшик сариқ темир эшик бўлиб, унда “ҳаёт учун хавфли” деган ёзув бор ва тагидан электр токидан зарба олган одамга кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам йўл-йўриғи ифодаланган. Тақиллатиб кўрамиз. Эшик очилади. Уйнинг кириш қисми қандайдир “Санте” фирмаси бошлиғининг омборхонасига келиб қолгандек ҳис қиласан ўзингни: илгакларда пиджак­лар, шимлар осилган, қутиларда кўйлаклар – ҳаммаси шифтгача уюлган. Қўлида автомат кўтариб турган соқчини сочидан дарҳол таниб оламан. Бу сербиялик – Радован Каражич. “Ошнамнинг нафас олиши қийинлашиб боряпти”, – деди Бернар. Каражич менга трахеостома қўяди. Кейин ҳашаматли шиша зинадан ертўлага тушамиз. Деворларга қизғиш чарм тортилган кенг ўриндиқлар ва хира ёруғлик бу хонага тунги ресторан хусусиятини бахш этади. Бернар бу ернинг хўжайини бўлган “Фиат” яккаҳокимлиги бошлиғи Жанни Анелли билан гаплашар эди. Бу пайтда эса мени ливан талаффузи билан гапирадиган ёрдамчи қиз кичкина майхона қаршисига ўтқизади. Шиша стаканларнинг ўрнига шифтдан самолётларда ҳалокат пайтида тушадиган кислород ниқоби каби пластик найчалар тушди. Майхона эгаси менга найчалардан бирини оғзимга солишимни ишора қилди. Мен айтганини қиламан. Қаҳрабо рангли, занжабил мазасини эслатадиган суюқлик найча орқали оқади ва оёғимдан то сочимнинг толасининг учигача исиб кетаман. Бироз вақт ўтганидан сўнг ичишни ўхтатиб, ўриндиғимдан тушгим келди. Лекин тўхтовсиз ичишни давом эттираверардим, қилт ҳам эта олмасдим. Майхона эгасини эътиборини қаратиш учун унга қўрқув тўла нигоҳимни тикаман. У менга сирли табассум қилади. Овозлар ва юзлар айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Бернар нимадир дер эди, аммо овози умуман тушунарсиз эди. Бунинг ўрнига Равелнинг “Болеро”сини эшитаётган эдим. Мени ғирт маст қилиб қўйишган эди.
Қаердандир урушга тайёргарлик шовқин-суронлари эшитилар эди. Ёрдамчи қиз мени елкасига ортиб, зинадан тепага олиб чиқаётганди: “Кетишимиз даркор, ҳозир миршаблар бостириб келади”. Ташқарида эса тун, қор эса ёғмаётганди. Муздек шамолдан этим жимирлаб кетди. Кўприкка ўрнатилган прожектор нурлари ташландиқ автомобиллар сиртини ёритиб турар эди.
“Атрофингиз ўраб олинган, таслим бўлинглар!” – деган баланд овоз эшитилади. Биз қочиб қолишга муяссар бўламиз. Тушларимда доим қочиб кетгим келади, лекин шундай имконият пайдо бўлиши биланоқ енгиб бўлмайдиган карахтлик устимдан ҳукмронлик қилиб олади. Мен ҳайкалга, мумиёга айланиб қоламан. Агар ўртада эшик турган бўлса, бу эшикни очиш учун кучим етмайди. Бунга сабаб фақат менинг қўрқинчим эмас. Мен дўстларимнинг ҳам мен каби шундай сирли тариқат асирига айланиб қолишидан қўрқаман. Мен бор кучим билан уларни огоҳлантиришга уринаман, аммо минг афсуслар бўлсинки, менинг тушим ўнгим билан бир хил – бир оғиз сўз ҳам гапира олмайман.

Кадр ортидаги овоз

Менда шундай вақтлар бўлганки, “роҳатланиб” уйғонганман. Айниқса, ўша январнинг охирги кунларидан бирида ҳушимга келганимда қаршимда бир одам эгилиб, пайпоқ тикаётган каби ўнг қовоғимни нина билан тикаётган эди. Мени беихтиёр қўрқув босди. Агар тўсатдан кўз шифокори мени чап кўзимни ҳам тикиб қўйса-чи? Бу дунё билан ягона алоқа воситамни, зиндонимдаги бир дона туйнугимни, “скафандр”имдаги биргина тирқишимни-я!
Минг шукурлар бўлсинки, зулмат оламига мени ғарқ қилишмади. Шифокор миттигина асбоблари ичига пахта тўлдирилган қаттиқ қутига солди-да, судда қораловчи жиноятчига жазо эълон қилаётгандек бир жумлагина гапирди: “Ярим йил”. Мен соғ кўзим билан саволларга тўла нигоҳимни унга қаратдим, лекин умри давомида кўз қорачиғига қараб кунини ўтказган бу чол кўзга қараб фикрни ўқий олмас экан. Бу одам “Менга умуман фарқи йўқ”, деган шифокорларнинг туридан. Димоғдор, қўпол, кеккайган, беморларига фармони ила соат саккизда келишини буюради-да, ўзи соат тўққизда пайдо бўлади ва бештакам ўнда, ҳаётининг жуда муҳим қирқ беш минутини кеткизганини англаб, кетиб қоладиган шифокор. Кўринишидан Максвелл Смартга ўхшар эди: кенг, юмалоқ юзли, калтабақай, келишмаган гавдаси бор. Оддий беморлар билан камгап бўлса-да, мендек арвоҳ кабилардан қисқагина тушунтириш бериб қочади. Алалоқибат, нега ўнг кўзимни тикиб қўйганини тушундим. Қовоғим ёпилмай қолибди, бу эса кўзнинг пардасини касалланишига сабаб бўларди.
Бир неча ҳафтадан сўнг мен ўйлаб қолдим, мабодо касалхона шундай ёқимсиз ишчини атайин узоқ муддатли беморларнинг тиббий ходимларга нисбатан яширинган шубҳаларини аниқлаш учун ёллаганмикан? Қандайдир маънода у қурбондир. Уни ишдан кетади, деган гаплар юрибди. Агар у кетса мен кейин кимнинг устидан куламан? Унинг ҳар доимги: “Кўзингиз иккита кўряптими?” деган саволига хаёлан: ”Ҳа, битта аҳмоқнинг ўрнига иккита аҳмоқни кўраяпман”, деб жавоб бераман.
Нафас олишга бўлган эҳтиёж каби хавотирланиш, севиш ва ҳайратланиш каби ҳиссиётларга ҳам муҳтожман. Дўстимнинг хати, табрикнома устидаги Балтюс сурати вақт ўтаётганидан дарак беради. Бефарқ ва ҳамма нарсага аҳамиятсиз бўлиб қолишдан қўрқиб, ўзимда озмунча ғазаб ва алам ҳисларини сақлаб қўйганман: кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас, худди тез қайнар қозон каби. Унда хавфсизлик клапини мавжуд бўлиб, буғ чиқаради ва шунинг ҳисобидан портлаб кетмайди.
Хўш, тез қайнар қозон… Театр пьесаси учун яхши ном. Бир кун келиб ўзимнинг тажрибаларимдан келиб чиққан ҳолда шу асарни ёзарман ҳам. Шунингдек, мен уни “Кўз” деб ва албатта “Скафандр” деб номлашни режалаштираётган эдим. Сценарий воқеалари ва безаклар – ҳаммаси сизга маълум. Касалхона палатаси, ёши ўтган бемор жаноб Д. юрак-қон томирларининг жиддий касалликка йўлиқиши туфайли юзага келган “locked-in syndrome” касаллиги билан қандай ҳаёт кечиришни ўргатади. Пьесада йирик реклама агентлигининг асосчиси бўлган жаноб Д. нинг таббиёт оламидаги саргузаштлари; хотини, фарзандлари, дўстлари ва ҳамроҳлари билан бўлган муносабатларидаги ўзгаришлар ҳақида гап кетади. Шуҳратпараст, ҳаёсиз ва шу пайтгача ҳеч ҳам омадсизликка дуч келмаган жаноб Д. бахтсизликка дуч келади, атрофидаги одамларнинг ишончсизлигини кўради ва яқинларини яхши билмаганлигини тушуниб етади. Бу аста содир бўлувчи воқеаларни кузатиш осон кечади, чунки кадр ортидаги жаноб Д.нинг овози, ички монологи, ҳар бир вазиятни тушунтириб туради. Пьесани ёзишгина қолди, холос. Оҳирги саҳна кўринишини ҳам ўйлаб қўйганман. Саҳна ғира-шира ёруғлик билан ёритилган, фақат ўртада турган каравотгагина нур тушиб турибди. Тун, ҳамма уйқуда. Жойида қимирламай ётган жаноб Д. тўсатдан устига ёпинган кўрпасини тушириб бирдан сакраб ўрнидан туради ва саҳна бўйлаб юради. Кейин чироқлар ўчирилади ва сўнгги марта жаноб Д.нинг ички монологи, саҳна ортидаги овоз эшитилади: “Жин урсин, ҳаммаси шунчаки туш бўлган экан!”

(Давоми кейинги сонда)

Рус тилидан
Нилуфар УСМОНОВА
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/01/15/%d0%b6%d0%b0%d0%bd-%d0%b4%d0%be%d0%bc%d0%b8%d0%bd%d0%b8%d0%ba-%d0%b1%d0%be%d0%b1%d0%b8-1952-1997-%d1%81%d0%ba%d0%b0%d1%84%d0%b0%d0%bd%d0%b4%d1%80-%d0%b2%d0%b0-%d0%ba%d0%b0%d0%bf%d0%b0%d0%bb/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x