ЕВРОПА РОМАНТИЗМИ ВА “МИНГ БИР КЕЧА” ЭРТАКЛАРИ

XVI асрда европалик савдогарлар ўз маҳсулотларини ҳинд зираворлари, Хитойнинг ипак ва чиннилари билан айирбошлаш мақсадида Осиё мамлакатлари томон йўл олишди. Аввалига испаниялик ва португалияликлар Шарқ бозорида етакчиликни қўлга олишган бўлса, XVII асрнинг ўрталарида Голландиянинг Иберия ярим ороли савдогарлари бу борада бошқалардан ўзиб кетишди. Бироқ, орадан кўп ўтмай, англиялик ва франциялик тижоратчиларнинг босими остида голландлар ҳам савдодан сиқиб чиқарилди.
Савдогарлар ўз саёҳатлари давомида сеҳрли Шарқ эртаклари, достонлари ва ҳикояларини тинглаб, уларга маҳлиё бўлиб қолишди. Натижада, инглиз ва француз тижоратчиларининг онгу шуурида, хаёлот оламида ўзига хос тўнтариш юз бериб, юртларига бир дунё таассуротлар билан қайтишди.
Жан Антуан Галланнинг 1704–1711 йилларда Францияда “Les Mille et une Nuits” номи билан босқичма-босқич чоп этилган “Минг бир кеча” араб эртаклари Европани ўзининг шарқона бадиий жилолари билан мафтун қилиб қўйди. Бу ҳақда француз олими Пол Азар шундай ёзади: “Шаҳризода ўзининг тунги эртакларини ҳикоя қилишни бошлар экан, хаёлотнинг бепоён кенгликлари Арабистон, Сурия ва Шом мамлакатлари билан бойиди; У Шарқ халқларининг феъл-атвори ва урф-одатлари, уларнинг диний маросимлари, кундалик юмушлари, ёрқин ва ранг-баранг ҳаёти ҳақида сўзлашни бошлаганида шундай бўлди. У қандай қилиб инсониятни ҳеч қандай мураккаб интеллектуал ғояларсиз ёки мавҳум асосларсиз мафтун этишни намойиш қилиб, уларни эртаклар оламига шайдо қилди. Бутун Европа буни бажонидил тингларди”.
1690-йилларда Константинополда “Денгизчи Синдбод қиссаси” деб номланган қадимий қўлёзмага дуч келиб қолган Антуан Галлан 1701 йилда асарни француз тилида чоп эттиради. Шундан сўнг таржимон XIV асрга тегишли “Минг бир кеча” қиссаларини ҳам таржима қилишга киришади. 1704 йилда араб қиссаларининг “Mille et Une Nuit” номли таржимасининг илк икки боби француз тилида чоп этилади. Қиссанинг сўнгги ўн иккинчи бобининг таржимаси эса 1717 йилда таржимон вафотидан сўнг нашрдан чиқади. Галланнинг муваффақияти сабаби шунда эдики, у асарни ўз замонаси китобхонлари дидига мослаб таржима қилди. Мутаржимнинг маҳорати ҳақида Хорхе Луис Борхес “Минг бир кеча” қиссаси таржимонлари” деб номланган китобида шундай ёзади: “Бу фактни инкор қилиб бўлмайди. “Минг бир кеча”нинг энг машҳур ва сўзга чечан мадҳиячилари – Кольриж, Томас Де Квинси, Стендаль, Теннисон, Эдгар Аллан По, Ньюманлар – Галлан таржимасини мутолаа қилишган эди. Орадан икки юз йил ўтди ва ўнлаб яхши таржималар яратилди. Бироқ Европа ва америкаликлар “Минг бир кеча” ҳикояларини ҳамон биринчи таржима асосида тасаввур қиладилар.
XVIII асрда француз тилидан инглиз тилига таржима қилинган “Минг бир кеча” эртаклари, гўёки англияликлар томонидан Европа адабиётига олиб кирилгандек нотўғри талқин этилди. Франция, нафақат Англияга Шарқ уруғларини сочди, балки Шарқ хаёлотининг инсоният билган ва билмаган билимлари ўртасидаги чегарани ҳам кашф этди. Бу ерда шарқлик миллат ва элатларнинг айни чегараси назарда тутилмаяпти, саёҳатлар давомида содир бўлаётган адабий алоқалар ва “Минг бир кеча” туркум эртакларининг асл мағзини чақиш хусусида гап бормоқда. Франциялик шарқшунос олим Пирр Мартино таъкидлаганидек, “Шарқ бадиияти” деганда фақат Осиё эмас, балки муқаддас ерларни ўз ичига олмайдиган ҳадсиз ва шакл-шамойилсиз мамлакатлар ҳам тушунилади. Бу эса “Шарқ бадиияти” деганда битта жойни тушуниш керак эмаслигини англатади. Гарчи муқаддас ерлар, ҳақиқатдан ҳам, шарққа тегишли бўлса-да, европалик китобхон ўзининг муқаддас ерлар билан боғлиқ диний қарашлари негизидаги адабий Шарқнинг ғайриоддийлигини ҳазм қила олмайди. Бундан ташқари, у ҳозирда завқ олаётган ўша “ғайридинлар” билан унинг аждодлари бу майдонда курашган”.
Охир-оқибат, “Шарқ бадиияти” шарқий Европа халқлари ва Ўрта Ер атрофидаги айрим мамлакатлар, ҳатто, Греция ва Африканинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб келди.
Галлан таржима қилган “Минг бир кеча” қиссаларини француз тилига мутлақо аслиятдагидек ўгирилган дейиш мушкул. Таржимада кўплаб қисқартириш ва ўзгартиришларни кузатган айрим адабиётшунослар асарга мутаржимнинг муаллифлик иши сифатида ҳам қарашади: “Галлан туғма ёзувчи эди. У ўз даврида Шарқ эртакларини фақат французларнинг дидига мослаб эмас, балки барча халқлар ва замонларнинг универсал китобсеварлари ўқий оладиган қилиб таржима қилди. Унинг баъзи таржималари қайта шарқ тилларига ўгирилиб, ижобий қабул қилинди. Уни содиқ таржимон деб бўлмайди, чунки эркин таржимадан сўнг, араб адабиётидан кўра, француз адабиётига яқин асар яратилганди”.
Шунингдек, Галлан таржима жараёнида фақат биргина асл нусхадан фойдаланмаган. Ўзи истамаса-да, турли қароқчилик йўли билан чоп этилган вариантларни ва бошқа манбаларни ҳам кўриб чиққан. Натижада, унинг “Mille et Une Nuit” қиссаси аслиятидан анча фарқ қилиб, туркум қиссалар рўйхатидан янги эртаклар ҳам жой олди. Улар сирасига ҳали-ҳануз машҳурлик шоҳсупасидан тушмай келаётган “Оловуддин ва унинг сеҳрли чироғи”, “Алибобо” қиссалари ҳам киради.
Инглиз китобхонлари “Минг бир кеча” қиссаларини катта завқу шавқ билан мутолаа қилди. Улар асарни французлардан кам кутиб олгани йўқ. Қиссанинг илк инглизча таржимасини қачон ва ким қилгани ноаниқ бўлса-да, 1707 йилнинг бошларида Галланнинг олти боблик асари асосида номаълум мутаржим томонидан инглиз тилига ўгирилди.
Айрим адабиётшунослар “Минг бир кеча” қиссаларини биринчи марта инглиз тилига ўгирган таржимонни “The Grub Street Translator” номи билан аташади. Айнан у ҳозиргача араб қиссалари учун инглиз адабиётида фойдаланиб келинаётган “The Arabian Nights Entertainment” сарлавҳасини кашф қилган. Ҳаттоки бу ном асарнинг Калкуттадаги 1839–1842 йиллар нашри учун инглиз тилидан арабчага қайта ўгирилган. Галлан таржимасидан тўққиз йил ўтиб, 1713 йилда эртаклар инглиз тилида тўртинчи бора нашрдан чиқди. Бу сўнгги вариант XVIII асрда ҳам деярли қўшимча ва ўзгаришларга юз тутмади.
“Минг бир кеча” қиссалари англиялик ижод аҳлига ҳам чуқур таъсир қилди. Бўлажак адиблар болалик чоғларидан бошлаб, то вояга етгунларига қадар сир-синоатларга лиммо-лим Шарқ эртаклари оҳангида улғайишди. Кейинчалик онгу шуурини қамраб олган ўша хаёллар таъсирида ўз асарларини ёзишди. Ижодкорларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларига қисқача тўхталиб ўтамиз. Англиялик тарихчи Эдуард Гиббон ўз автобиографик асарида бундай дейди: “Мен Кингстон мактабини тамомлашимдан олдин, инсоният хулқ-атвори ва ғайритабиий мўъжизалар тасвири билан кўнгилни хуш этадиган икки китоб – Попнинг “Ҳомер” достони ва арабларнинг “Минг бир кеча” қиссалари билан муфассал танишиб чиқдим”.
Ўз шарқона қиссаси “Ватек” (“Vathek”, 1786) билан ном қозонган Уильям Бекфорд ҳам ёшлик пайтларида “Минг бир кеча”ни мутолаа қилади. Асар шоир ҳаётида нақадар муҳим роль ўйнагани ҳақида унинг биографик ёзувчиси шундай дейди: “У ҳикояларни ниҳоятда сабрсизлик билан қайта-қайта ўқиб чиқди. Асар унда шунчалар кучли таассурот уйғотгандики, охири лорд Чатам китобни ундан олиб қўйиш керак­лиги ҳақида Леттисга кўрсатма берди. Эҳтиёт чорасини кўришга энди жуда кеч эди… Шарқона эртаклар ҳассос китобхоннинг онгига ўрнашиб бўлганди… Улар ёшгина қалбга аланга солиб, уни ўзига бутунлай асир қилди. Асарнинг таъсир кучи шоир умрининг қолган қисмида ҳам заррача камаймади…”
Бекфорднинг замондоши, Англияда романтизм даври асосчиларидан бири Уильям Вордсворт ҳам тенгдошлари қатори Шарқ эртакларига маҳлиё бўлганди. Вордсворт “Муқаддима” (The Prelude, 1799-1805) поэмасида “Минг бир кеча” китобининг бир жилдини қандай қилиб авайлаб-асрагани ва қолган қисмларини топа олмай қанчалар тушкунликка тушганини эслайди:

Митти сарғиш, каноп жилд китоб,
Араб эртакларин мавҳум бир қисмин –
Хазинам мисоли асраб-авайлам
Янги ўлкадаги ҳамроҳларимдан.
Англадим, шу эрур кўнглим гавҳари,
Лек бу ов ўлжаси бўлинган тўртга –
Тўрт жилддан иборат эмишдир алар,
Ҳақиқат тобора бўлмишдир аён,
Аҳд-паймон туюлар базўр, даргумон.
Мендан бойроқ одам йўқ эди гўё,
Лек ваъда саробга айланиб борар.
Тўпладик бойликни кўп ва хўп, бироқ
Биргаликда йиғдик, юрдик бегумон.
Шул китоб эгаси бўлмоқлик учун,
Сарфлаб қанча ойлар,
Нафс қули бўлмай, сақладик –
Лек синди Тангрига содиқлигимиз.
Дерлар: Банда айтганлари бўлмайди рўёб.

Кольриж 1801–1816 йиллар оралиғида яратилган сиёсий ва фалсафий очеркларидан иборат “Муносабат” (“The Friend”) номли асарида болалик чоғларидаёқ араб эртакларига меҳр қўйганини баён этади: “Беш ёшга тўлгунимга қадар ушбу эртакларнинг бир жилдини қайта ва қайта мутолаа қилиб, бутун хаёлиму ҳиссиётларим нима билан банд бўлганини тасаввур қилиш осон. Китоб, ҳали-ҳануз эсимда, художўй отамнинг ибодатхонаси яқинидаги меҳмонхона ойнаси бурчагида ётарди: тушунарсиз ваҳима ва кучли хоҳиш ичимда қоришиб, ўша китобга қарашга, то тонгги қуёш нурлари тушиб, унинг устини қоплаб олгунига қадар томоша қилишга журъат қилганим ҳамон ёдимдан чиқмайди. Шундай қилиб, бу бебаҳо хазинани қўлимга олишга журъат топиб, уни ушладим-у, ўйингоҳдаги чароғон бурчак томон чопдим”.
Юқорида келтирилган маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, илк бора арабчадан француз тилига таржима қилинган “Минг бир кеча” эртаклари Европа адабиётида катта бурилиш ясади. Францияда бошланган романтик ҳаракатлар Англия бўйлаб тарқалади. Араб эртакларининг оҳанрабоси француз ва инглиз ёзувчиларига бемисл илҳом бағишлайди. Уларнинг Шарқ оламига бўлган қизиқишлари тобора ортиб, яна бошқа адабиётлар орқали шарқий мамлакатларнинг географияси, табиати, урф-одатларию анъаналари, тарихий шахслари ва миллий қадриятларини ўрганишга даъват этади. Натижада ижодкорлар романтик руҳдаги янгидан-янги асарлар ёзишни бошлайди. Ўз навбатида Англияда XVIII асрнинг охирларида “Кўл мактаби” шоирлари Саути, Кольриж ва Вордсвортлар шарқона жилоларга бой ижодлари билан инглиз адабиётида Романтизм даврига асос солишади.

Гулноз Мамарасулова,
Жиззах давлат педагогика
институти мустақил тадқиқотчиси

2019/9

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x