Алишер НАВОИЙ (1441–1501) ВАТАНИМ ДАЙРИ ФАНОДУР

Садриддин Айний ўзининг Навоийга бағишланган китобининг “Алишер Навоий ва нафис санъатлар” деган фаслида шундай ёзади: “Навоий мусиқа соҳасида кўзга кўринарли ишлар қилди. Аввало, унинг ўзи мусиқа билан шуғулланиб, бу соҳада мутахассис бўлди. У мусиқа илмини бу илмнинг назария ва амалиётини яхши билган Хожа Юсуф Бурхон деган кишидан ўрганди. У яхши шоир ҳам бўлиб, ўз шеърларини куйга солиб ўқир ва “Исфаҳон” номли бир куй ихтиро қилиб, уни ўзининг бир шеърига басталаган эди.
Алишер ҳаваскор ёшларни ўзи ва бу соҳанинг бошқа мутахассисларига бериб, тарбиялаб етиштирарди. Чунончи, ёшлигида ўзининг мусиқага бўлган қобилиятини кўрсатган машҳур устоз Қулмуҳаммадни аввал Навоийнинг ўзи тарбиялаб, сўнгра мусиқа ҳақида “Аслул-усул” деган асар ёзган Мавлоно Алишоҳга шогирд қилиб бериб, уни бу соҳанинг назарияси ва амалиёти бўйича мутахассис қилиб чиқарди.
Алишернинг шогирдларидан бўлиб, қозилик ҳамда вазирлик мартабаларига эришган Хожа Абдуллоҳ Марворид унинг ёрдами ва раҳбарлигида мусиқадан ихтисос олиб, бу соҳада бир китоб ёзди.
Абдуллоҳ Марворид Навоийнинг:

Дин офати муғбачайи моҳлиқодур,
майхораву бебок
Ким, ишқидин онинг ватаним дайри фанодур,
сармасту яқом чок, –

деб бошланадиган бир мустазодига “Сармасту яқом чок” деган ном билан куй басталайди. Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ”даги муболағалироқ таъбирига кўра, бу ашула ўша вақтларда Ҳиротда жуда машҳур бўлган ва куйланмайдиган бирор уй ва бу ашулани эшитганда ёқасини чок қилмайдиган бирор тингловчи бўлмаган. Бу куй Бухорода охирги вақтларга қадар “Машрабхоний” номи билан куйланар эди”.
Қадрли ўқувчи, биз таҳлилларимизнинг ушбу қисмини мана шу мустазодга бағишлаймиз. Аввал “мустазод” нималигини Навоийнинг ўз тилидан билиб олайлик. Шоир ўзининг “Мезон ул-авзон”ида бу ҳақда шундай дейди: “Ва яна бу халқ орасида бир суруд бор экандурким, ҳазажи мусаммани ахраби макфуфу маҳзуф вазнида анга байт боғлаб битиб, анинг мисрасидан сўнгра ҳамул баҳрининг икки рукни била адо қилиб, суруд нағоматиға рост келтирурлар эрмиш ва ани “мустазод” дерлар эрмиш, андоқким, мустазод:

Эй ҳусунга зарроти жаҳон ичра тажалли
Мафъувлу мафоийлу мафоийлу фаувлун
мазҳар санга ашё
мафъувлу фаувлун
Сен лутф била кавну макон ичра мувалли
Олам санга мавло».

Хожа Абдуллоҳ Марворид куй басталаган мустазод шундай:

Дин офати бир муғбачайи моҳлиқодур,
майхораву бебок
Ким, ишқидан онинг ватаним дайри фанодур,
сармасту яқом чок.
Ҳам туррасининг дуди вараи белига зуннор
мен кофири ишқи,
Ҳам юзи мажус ўти киби шуълафизодур,
мен ўртанибон пок.
Ул чеҳра фуруғи тушубон зор танимға
бир нав қўярким,
Ҳар кимса ани кўрди, соғиндики ёнодур
ўт ичида хошок.
Ҳайвон суйи жонимни олур лаълидин айру
ул журъайи майким,
Тегмиш анга майгун лаби жонимға даводур
не заҳру, не тарёк.
Бу навки ойлар майи васли ҳавасидан
махмур бўлибмен,
Мушкилки ёзилғай бу хумореки мангодур
соғар бўлуб афлок.
Сойилмену мақсудум эрур нақди висолинг
бухл айлама, жон
Ким, барча мазохибдаки ишқ аҳли ародур,
мазмун эрур имсок.
Хажрингда юзи сарғарибон дам ура олмас
бечора Навои,
Гўёки хазон фаслида бебаргу наводур
ул булбули ғамнок.

(“Наводур уш- шабоб” девонидан)

Маълум бўлганидек, Навоийнинг ҳаёт вақтида бир анжуманда мазкур мустазод куйга солиб ўқилганда, барча мажлис аҳли ёқасини йиртиб оҳ чекканлигига сабаб бунда теран маъно ва юксак санъат борлигидир. Мус­тазоднинг биринчи байти шундай ўқилади:
Ди: – но- фа ти- бир – муғ- ба ча-йи : мо-ҳ ли қо- дур
май-хо- ра ву- бе – бок
Ким- иш-қи ди- на: – нинг- ва та – ним – дай – ри фа – но – дур
сар-мас- ту я -қом- чок.

“Муғбача” – муғбола дегани. Муғ аслида, оташпарастларнинг руҳо­нийсидир. Муғбача муғлар ибодатхонасидаги шогирд бола.
Ўтпарастлар ўтга сиғинганлиги учун уларнинг ибодатхонасида доим ўт ёниб турган. Мана шу ўтга ҳаммадан кўпроқ алоқадор шахс муғбача бўлган. Чунки бу ўтга, биринчидан, амали, яъни, хизмати билан, иккинчидан, ихлоси билан яқин. Болаларнинг юраги фитратан, яъни яратилишдан катталарникига нисбатан тоза бўлади. Катталар ўз ибрат амали ёки суитарбияси билан бузмаган болаларнинг нияти доим яхши бўлади ва улар эзгуликка интилувчан бўладилар. Мана шунга кўра, муғбачанинг ўтга ихлоси ҳам мартабали муғларникига нисбатан тоза бўлиши табиийдир. Ўтнинг ишққа нисбати бор. Мутлақ ишқ борлиқдаги азалию абадий ҳарорат ва жозибадан иборат, нисбий ишқ инсондаги кучли муҳаббат, яъни, етук дўстона муносабат ва олам ёки инсон хақиқатини идрок этишга бўлган зўр иштиёқдир.
Боладаги мазкур фитрий ихлоснинг аҳамияти жуда улуғ бўлиб, бунга мутафаккирлар алоҳида эътибор берадилар. Боланинг ихлос билан қилган хизматининг ўзи ҳам, оқибати ҳам буюкдир. Ундан ташқари, ҳақиқат аҳли нуқтаи назаридан хизмат буюргувчидан хизматни адо этувчи устун туради.
Мана шуларни ҳисобга олиб, ҳақиқат шууридан баҳраманд буюк шоир Навоий муғбачани инсоннинг маънавий камоли йўлида ихлос билан хизмат қиладиган ёшларнинг тимсоли сифатида олиб, “муғбача” сўзини рамзий маънода қўллаган. Бунга асос муғбачадаги ихлос ва хизмат. Ихлос ва хизмат ўтга қаратилган. Ўтнинг ишққа нисбати бор. Ишқ эса илм билан биргаликда, баъзан илмсизлик ҳам кишини камолга етказувчи омил ҳисобланади.
Энди муғбачага, яьни камолот йўлида хизмат қилувчи йигитга берилган сифатларга эътибор қаратайлик. Сифатларнинг бири моҳлиқодир. “Моҳлиқо” – ой юзли дегани. Демак, муғбачанинг ранги тоза, юзи нуроний экан. Кишининг маънавий гўзаллиги унинг қиёфасида ҳам акс этади. Сифатлардан яна бири “дин офати” деган сифатдир. “Дин” деганда, биринчи навбатда, муқаддас деб ҳисобланган қонун-қоидалар ва шу қонун-қоидаларга риоя қилиш тушунилади. Дунёда дин кўп. Диннинг моҳиятига юзаки қараб, унга таассуб қилиш ёки уни суиистеъмол қилиш дин намояндалари орасида, ҳатто бир динга оид турли мазҳаб вакиллари ва ундан ҳам ёмонроғи, бир маҳзабга оид кишилар орасида қонли тўқнашувларни келтириб чиқарувчи адоватга сабаб бўлади. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп. Мустазоддаги “дин офати”дан мурод кишидаги мазкур диний таассуб ва диний адоватларни йўқотишдир. Ҳақиқий ошиқда бу сиёсий хислатлар бўлмайди. Демак, мазкур муғбачанинг яна бир сифати кишидаги мазкур салбий хислатларни йўқотиш экан. Оташпарастлик ҳам бир дин. Шунга кўра, муғбача дин офати эмас, дин қуввати бўлиши керак эди. Лекин Навоий тазод йўли билан, биринчидан, мисранинг бадиий кучини оширган, иккинчидан “муғбача”нинг шеърда рамзий маънода эканлигини билдирган.
Муғбачага берилган сифатлардан яна бири “майхора”дир. “Майхора” – май ичувчи, майпараст дегани. Бу ердаги майдан мурод мазкур ишқ лаззатидир. Демак, инсоний камолот йўлида хизмат қилувчи йигитга, ҳам унинг эзгу нияти, ҳам холис хизмати, ҳам бу эзгу нияту холис хизмат оқибати унга доим лаззат бағишлаб туради.
Муғбачага берилган охирги сифат “бебок”. “Бебок” – қўрқмас дегани. Бунинг мазмуни шуки, мазкур йигит ўзи танлаган ҳақиқат йўлидан, бошига қилич келса ҳам қайтмайди, турли таъналарда, бўҳтон ва айбномалардан ҳамда бу йўлда учрайдиган ҳалокатли қийинчиликлардан қўрқмайди.
Шундай қилиб, Навоийнинг маҳбуби “Дин офати бир муғбачайи моҳлиқодур, майхораву бебок”. Мана шундай йигитнинг ишқида шоирнинг ватани дайри фано, ўзи сармаст, ёқаси чок экан.
“Ватан” сўзи бу ерда доимий жой маъносида. “Дайр” сўзининг биринчи маъноси ғайриисломий ибодатхона, иккинчи кўчма маъноси майхонадир. “Дин офати” муғбачага зидлаштирилган бўлса, “дайр” муғбачага уйғунлаштирилган. Агар шу ўринда “майкада”, “майхона” сўзларидан бири ишлатилса, у сўз “муғбача” сўзига уйғунлашмас эди. Бу мусаввирнинг бир-бирига мос бўёқларни тополмаганига ўхшаб қоларди. Навоийнинг шу ўринда “дайр” сўзидан фойдаланиши унинг етук санъаткорлигидан нишонадир.
Шоир “дайр” сўзининг биринчи, яъни ибодатхона маъносидан уни “муғбача” сўзига уйғунлаштириш учун фойдаланган бўлса, унинг иккинчи, яъни майхона маъносини “фано сўзини муайянлаштириш, шу билан бирга, бу тушунчани “майхора” ва “сармаст” сифатларига уйғунлаштириш учун қўллаган.
“Фано” сўзининг бу ердаги маъноси маъшуқ хаёлига бутунлай берилиш натижасида ўзини бутунлай унутишдир. Фано майхонага ўхшатилган, шоир бу фано майхонасининг муқимига айланган. Демак, ошиқ Навоий ишқида фано мақомига эришган, яъни ўзининг борлигини сезмайдиган даражага етган ва у ишқ майидан сармаст, бошидан ақлу ҳуши кетган, ёқаси чок, яъни йиртиқ.
Мустазоднинг иккинчи байти шундай ўқилади:

Ҳам-тур-ра си-нинг-ду: -ди ва-раъ- бе-ли га-зун-нор
ман-ко-фи ри-иш-қи
Ҳам- юзз-и ма-жў- су: ти ки-би: шуъ-ла фи-зо-дур
мен-ўр-та ни-бин-пок.

“Турра” деб сочининг жингалакларига айтилади. “Дуд” – тутун дегани. Турра, яъни сочнинг жингалаклари буралиб чиқаётган тутунга ўхшатилган. Турранинг бу ўринда дудга ўхшатилишининг сабаби тутуннинг ва муғбачанинг ўтга муносабати борлигидадир.
“Вараъ”–“бебок”нинг зидди бўлиб, тақводор, яъни ғайришаърий ва ғайрирасмий ишлардан сақловчи деган маънода, “зуннор” эса исломдан ўзга диндаги руҳонийларнинг махсус қора белбоғидир.
Биринчи байтда шоир муғбачани “дин офати” деган эди. Энди бу ерда шуни аниқлаштириб, унга жингалак қорасочининг ўзи ҳам шундай гўзалки, буни кўрган “ваъра”, яъни ўзини жуда эҳтиёт қиладиган тақводор киши ҳам исломга зид бўлса-да, уни белига зуннор, яъни муқаддас бир белбоғ қилиб боғлашга тайёр, мана шунинг учун мени кофирликда айбласалар ҳам унинг ишқидан қайтмайдиган даражага етганман, дейди.
Муғбачадан мурод ҳақиқат ишқи йўлидаги маъшуқ эканлигини ёддан чиқарманг. Диндан чиқиш ва кофир бўлишдан мақсад ҳақиқат ишқи йўлида бебокона, яъни қўрқмасдан, таассуб ва хурофотдан қутулиб, исломнинг моҳиятини англаган ҳолда мақсад сари эркин ҳаракат қилишдир.
“Мажус” деб ўтпарастларга айтилади, баъзан офтобпараст ва ойпарастлар ҳам шу жумлага киритилади. “Мажуз” сўзи форсча “манжгўш” сўзининг арабчалашган шакли деган фикр бор. “Манжгўш” – кичик қулоқ деган маънода.
Оташпарастликнинг асосчиси Зардуштнинг қулоғи кичкина бўлгани учун шу лақаб вужудга келган, дейилади.
“Шуълафизо” – шуъла орттирувчи, яъни кучли шуъла ҳосил қилувчи дегани. Муғбачанинг ўтдай қизил юзи ўтпарастларнинг ўти сингари ловуллаб ёнади.
Навоий яна мавзуни ўт доирасидан ташқари чиқармаслик учун муғбачанинг юзини унга алоқадор бўлган мажуз ўтига ўхшатган ва унинг қизиллигини шуълафизодур, деган. Мана шу ўтга шоир “мен ўртанибон пок”, яъни мен бутунлай ёниб тамом бўлдим, дейди. Бу ерда “пок” сўзининг алоҳида аҳамияти бор. Киши ишқ ўтида ёнганда, масалан, олтин ўтда соф ҳолга келтирилганидек, бутун салбий хислатлари гўё куйиб йўқ бўлиб, пок ҳолга келади ва пок маъшуққа эришиш даражасига етади.
Мустазоднинг иккинчи байти шундай ўқилади:

Ул-чеҳ-ра фу-ру:-ғи:-ту шу-бон-зо-р та-ним-ға
бир-нав-ъ ку-яр-ким,
Ҳар-ким-са а-ни-кўр-ди со-ғин-ди-ки-ё-на-дур
ўт-ич-и-да хо-шок.

“Фуруғ”– ёруғлик дегани. “Ул чеҳра фуруғи”дан мурод маъшуқ, яъни муғбача юзидан ёғилиб турган нурдир. “Соғинмоқ” феълининг биринчи маъноси тасаввур қилмоқ, бир нима деб ўйламоқдир. Мазкур байтда “соғинмоқ” ана шу биринчи маъносида қўлланган. Лекин Навоий бу байтда маъшуқ юзидан ёғилиб турган нур менинг ожизу озғин танимга тушиб, уни шундай куйдирдики, буни кўрган киши ўт ичида хошок, яъни чўп ёнаяпти, деб ўйлайди, деган. Маъшуқ юзидаги нур яна ўтга ўхшатилган. Ошиқ жисми чўпга. Бу байтда ҳам мавзу ўт доирасидан четга чиқарилмаган. Маъшуқ чеҳрасининг нуридан ошиқ жисмининг ўтга тушган бир чўпдек куйишини қандай тушуниш керак?
Аслан ягона бўлган мутлақ борлиқ мавжудотда чексиз ва ранг-баранг кўринишларда зуҳур қилади, яъни намоён бўлади. Борлиқ ўзининг энг гўзал юзини инсон чеҳрасида кўрсатган. Шунинг учун етук кишининг чеҳраси Навоий ва унинг эътиқодидаги кишилар учун мутлақ гўзалликкка эришиш воситаси ҳисобланади. Чунки бу чеҳра мутлақ гўзалликнинг кўзгуси бўлиб, уни фақат шу кўзгу орқали идрок қилиш мумкин. Линза орқали жамланиб тушган қуёш нури нарсаларни куйдирганидек, инсон чеҳрасида мутлоқ гўзаллик нурини жамлаб қабул қилиш қобилиятига эришган ошиқнинг жисми ўтда куйган хасдек ўртанади. Яна шуни ҳам назарда тутиш керакки, бу ўринда тан куйиши, нафс балосининг куйиши ва шунинг натижасида кишининг юраги тозаланиб, ахлоқий камол касб этишидир.
Мустазоднинг тўртинчи байти шунда ўқилади:

Ҳай-вон-су-йи-жо-ним-ни о-лур-ла-ли ди-най-ру:
ул-жур-а йи-май-ким,
Тег-миш-а нга-май-гун-ла би-жо-ним-ға да-во-дур
не: -заҳ-ру не-тар-ёк.

“Ҳайвон суйи” – тириклик суви дегани ва бундан мурод Хизр ичган сувдир. Навоий мана шу афсонавий ҳаёт сувига ҳақиқат майини қарама-қарши қўяди ва ундан ҳайвон суйи менга умр бағишламайди, балки жонимни олади, дейди. Бунинг заминида теран мазмун бор. Чунки ҳақиқатдан йироқ афсонавий мақсадларга берилиб, шунга етишмай деб, дўсту душманни ажратмасдан, ҳам ўзини ҳам дўстларини, ҳатто авлодини хонавайрон қилганлар бор.
Бинобарин, Навоий ҳушёр кишига хаёлий – ҳаёт суви ҳақиқат эътибори билан оғу эканлигини таъкидлаш мақсадида “ҳайвон суйи жонимни олур” деган. Аммо шу ерда “лаълидин айру”, яъни ҳақиқий маъшуқнинг ҳақиқий ҳаёти манбаи бўлган лаби бўлмаган тақдирда, деган шарт ҳам бор. Бунинг маъноси шуки, киши ҳақиқатни мақсад қилиб, доим шуни назарда тутса, афсоналар, ғайри воқеий, хаёлий нарсалар уни тўғри йўлдан оздиролмайди. “Ул журъайи майким, тегмиш анга майгун лаб” дегандаги “журъа” – қултум дегани, “майгун” – май рангли, яъни қизил дегани. “Қизил” маъносида “майгун” сўзини ишлатишдан мақсад лабни майга уйғунлаштиришдир. “Майга теккан майгун лаб” деб ўша лабни ўша майга тегишининг шоирона табиийлигига қизил маъносида “майгун” сўзини қўллаш билан эришилган. “Май” сўзининг ўзи рамзий, ҳақиқат ишқи ва унинг сархушлиги маъносида истеъмол қилинган.
Нима учун шоир ўша қултумни заҳр бўлса ҳам, тарёк бўлса ҳам менинг жонимга даво, дейди? Заҳр бўлса ҳам жоннинг давоси эмас, офати-ку? Гап шундаки, улуғ бир мақсадга интилган киши унинг аччиқ-чучугини тотиши табиий ва унинг аччиғига чидаш керак бўлади. Бугина эмас, Навоийлар фикрича, мақсад йўлидаги аччиқ ҳам чучук деб қабул этилиши керак. Чунки бу аччиқнинг ширин натижаси бор. Лекин натижасиз, муваққат шоирлар ҳақиқат аҳли қошида ҳақиқий аччиқдир.
Мустазоднинг бешинчи байти шундай ўқилади:

Бу-нав-ъ ки-ой-лар-ма йи-вас-линг-ҳа ва-си: – дин
мах-му:-р бў-либ-мен,
Муш-кил-ки ё-зил-ғай-бу ху-мо-ри:-ки ма-нга:-дур
со-ғар-бў лу-баф-лок.

Махмур бўлмоқ – хумори бўлмоқ дегани. Хумор майнинг кайфидан кейин келадиган дард ва майга бўладиган талабдир. Мазкур байтда васл, яъни маъшуққа эришиш майга ўхшатилган ва бу эришишга бўлган кучли талаб хуморга ташбеҳ қилинган.
Шоир, мен шунчалик хумориманки, агар фалакларни соғар, яъни коса қилиб васл майини ичсам ҳам, хуморимнинг ёзилиши қийин, дейди.
Бу байтда афлок соғар бўлса ҳам хуморим ёзилиши қийин деган гапда муболаға борга ўхшайди. Аслида ундай эмас. Чунки бу ерда гап ичиладиган, ейиладиган нарса ҳақида кетаётгани йўқ. Агар ичимлик бўладиган бўлса, фалакни соғар қилиб эмас, бир челагини ҳам қоринга сиғдириб бўлмайди. Аммо маънавий нарсаларни киши чексиз равишда ўзлаштириши мумкин. Мисол учун илмни оладиган бўлсак, киши уни ҳар қанча ўзлаштирса, унга оғирлик ёки ортиқчалик қилмайди. Аксинча, унинг билимга бўлган иштаҳаси борган сари очилиб боради.
Олим билган сари, ўрганган сари, янги-янги муаммолар кўпайиб боради. Жумбоқларни ҳал қилишга одатланиб қолган донишманднинг маърифатга бўлган хумори ҳам броган сари ортиб боради. Ҳар бир қилинган масала унга кучли бир лаззат бағишлайди.
Маънавий талаб ишқ даражасида бўлса, унинг васли лаззати ва хумори ҳам чексиз даражада бўлади.
Мустазоднинг олтинчи байти шундай ўқилади:

Со-йил-ме ну-мақ-су:-ду ме-рур-нақ-ди ви-со:-линг
бух-лай-ла ма-жо-н
Ким-бар-ча ма-зо:-ҳиб-да ки-иш-қаҳ-ли а-ро:-дур
маз-му:-мэ ру-рим-сок.

“Сойил” – тиланчи, “нақд” – пул, “бухл айламак” – хасислик қилмоқ, “мазмум” – қораланган, “имсок” – торлик қилиш, қурумсоқлик дегани. “Мазоҳиб” – “мазҳаб”нинг кўплиги. Навоий бу байтда ўзини гадога, васлини пулга ўхшатган ва мен сенинг васлингнинг гадосиман, мендан ҳусн бойлигини аяма, агар аясанг, бу иш бой кишининг тиланчига нисбатан хасислик қилганига ўхшайди. Хасислик қилиш эса барча мазҳаблардаги ишқ аҳли қошида қораланади, деган.
Мустазоднинг мақтаси, яъни охирги байти шундай ўқилади:

Ҳаж-ринг-да ю-зи:-сар-ға ри-бон-дам-у ра-ол-мас
бе-чо-ра На-во-ий,
Гў-ё:-ки ха-зон-фас-ли фа-бе:-бар-гу на-во-дур
ул-бул-бу ли-ғам-нок.

Яъни, айрилиқ туфайли хазон япроғидек юзи сарғайган Навоий кузда гулидан жудо бўлиб, овози чиқмай қолган ғамгин булбулга ўхшаб индамай қолди, дейди.
Бу байтдаги “бебаргу наво” алоҳида бадиий аҳамиятга молик. “Барг” сўзининг япроқдан ташқари, яна чолғу ва куй маъноси ҳам бор бўлиб маишату ишрат учун керакли бўлган нарсаларни ҳам билдиради. Ундан ташқари, илтифот маъносида ҳам қўлланилади. “Барг”га “наво” бирикиб, “баргу наво” бўлганда, унга яна кучу қудрат ва хонадон ривожи деган тушунчалар ҳам қўшилади. Мазкур байтда бу маъноларнинг ҳаммаси бор. Шу билан бирга, у ҳам булбулга, ҳам Навоийга алоқадор. Яна шуниси ҳам борки, “Навоий” “бенаво” бўлса, “-ий” қолиб, шоирнинг асли (ўзаги) йўқ бўлади. Ҳақиқий инсон вужудининг асоси мақсад навосидан иборат. Васл баҳорида у равнақда, ҳажр хазонида эса тупроқдадир.

Алибек РУСТАМОВ

2019/10

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x