Далалардан – болаларга

Буғдой

 

Олтин тожли

Султонман.

Сомса, патир,

Ширмонман.

Азиздирман

Одамга.

Арзандаман

Оламга.

Ел куйласа,

Ўйнайман.

Хирмон сари

Бўйлайман…

Ой чиққанда

Қўноққа,

Ўхшар

Кумуш ўроққа.

 

Пахта

 

Оппоққина

Ошнангман,

Тўлпоққина

Ошнангман.

Эгнингдаги

Шу нимчанг,

Оқ кўйлагинг,

Кўк шимчанг,

Киссангдаги

Дастрўмол –

Бари менман,

Билиб ол.

Пайпоқларинг ҳам

Ўзим…

Айтсам,

Тугамас сўзим.

 

Сабзи

 

Юпқагина

Пўстим бор.

Далада

Кўп дўстим бор.

Мақолда ҳам

Ёзиқман,

Ўша

„Олтин қозиқ“ман.

Ётсам

Ерга қапишиб,

Думгинамдан

Тортишиб,

Ташладилар

Ўрага…

Салом

Паловтўрага!

 

Тарвуз

 

Ўғитларга

Тўйдим мен.

Роса қорин

Қўйдим мен.

Энди

Сувдан беришсин,

Томирларим

Керишсин.

Бир четдан

Боқмай ола,

Берироқ кел,

Ҳой, бола.

Бир мақтаб қўй

Мени еб.

Тепмасанг бас

Копток деб.

 

Узум

 

Доналарим

Маржонча.

Бир бошим –

Нақ бир жомча.

Қуритсангиз,

Майизман.

Дастурхонга

Файзман.

Кузда

Еб-еб тўйишар.

Қишга

Осиб қўйишар.

Боқар шод

Ёш-қарилар.

Мақтар ҳатто

Арилар.

 

Шолғом

 

Попук баргли

Бошим бор.

Вазмингина

Тошим бор.

Думи узун

Редиска –

Менга

Кенжатой ука.

Ёш-да,

Пича шошар у –

Баҳордаёқ

Пишар у.

Мен шошмайман,

Беғамман.

Шунинг учун

Шолғомман.

 

Анжир

 

Кеча-кундуз

Ухламай,

Мева тугдим

Гулламай.

Мевам ўзи

Гулчадир.

Тилло рангли

Кулчадир.

Ғўдаймайман,

Сипоман.

Кўп дардларга

Шифоман.

Мени еса

Муталлиб,

Юрмас эди

Йўталиб.

 

Саримсоқпиёз

 

Исмим –

Жаноб Саримсоқ…

Гапиргим йўқ

Кўп узоқ.

Айтмоқчиман

Мен фақат,

Тайёрлаган пайт

Овқат,

Бўлма анқов

Ва содда,

Чиқариб қўйма

Ёддан –

Мендек

Ҳиди ширинни…

Ҳой,

Жийирма бурунни!

 

Писта

 

Қувноқ-шодон

Пистаман.

Аскияга

Устаман.

Жилмайганим

Жилмайган,

Кимга ёқар

Тумтайган?

Нега мени

Эркалаб,

Чақмаяпсиз

Битталаб?

Йўқми сира

Хушингиз?

Демак,

Чатоқ тишингиз.

 

Ҳандалак

 

Ҳандалакман

Полизда,

Лекин қандман

Оғизда.

Яйраб ўсдим

Далада.

Офтоб чиқса,

Ялла-да.

Сув келмаса

Томирга,

Ялинаман

Ёмғирга.

Менинг фахрим

Ширамдир.

Қовун

Катта энамдир.

 

Қалампир

 

Лақабим –

Гўштқалампир.

Эккан мени

Бир кампир.

Бордир

Эски касалим –

Пачавароқ

Асабим.

Чиқса бирдан

Аччиғим,

Тутиб

Юрак санчиғим,

Япроқларим

Гезарар,

Бурним

Дарров қизарар.

 

Ўрик

 

Танишайлик,

Ўрикман.

Ғайнолига

Шерикман.

Егинг келса

Кўк ғўра,

Баҳор чоғида

Сўра.

Ёзда эса

Пишаман.

Қоқма,

Ўзим тушаман.

Хоҳласанг,

Е мағизни.

Қани,

Оч-чи оғизни…

 

 

Бодринг

 

Ичинг тўла

Сув, дема.

Хоҳламасанг,

Бор, ема!

Қондошман-а

Бананга,

Киви –

Хорижлик янгам.

Пайти келса,

Тортар жон –

Менга

Ҳазрат Бақлажон…

Хуллас,

Кўпдир уруғим.

Шу боис

Зўр довруғим.

 

Помидор

 

Тўс-тўполон

Бозорда,

Ёки

Бирон гузарда –

Учраб қолган

Онимда,

Ўтиб кетма

Ёнимдан.

Кўрганмисан

Кинони –

Машҳур

„Чиполлино“ни?

Ўша ерда

Мен ҳам бор.

Номим

„Синиор Помидор“.

 

 

Беҳи

 

Икки юзим

Буришқоқ.

Дема мени

Уришқоқ.

Ишга солиб

Ақлимни,

Сездирмайман

Жаҳлимни.

Агар

Ширин бўлмасам,

Хушомадни

Билмасам,

Мени дарров

Кесишар,

Ўрнимга

Нок экишар.

 

Ошқовоқ

 

Исмим –

Кади-ошқовоқ!

Осилтириб

Қош-қовоқ,

Барг остида

Ётаман,

Томга

Палак отаман.

Қўшиб есанг

Шакарга,

Доридирман

Жигарга…

Нега уздинг

Бандимни,

Соғиндингми

Мантини?

 

 

Нок

Қайда

Салқин ҳаводир,

Тан-жонимга

Даводир.

Меваларим

Қанд-боллик,

Қилмасанг бас

Қўполлик.

Узган чоқда

Кулиб ол.

Пишганимни

Билиб ол.

Кимки отса

Менга тош,

Дунёда у –

Энг хумбош.

 

Карам

 

Экилганман

Кеч кузда.

Баҳор ҳам

Келди тезда.

Қуёш

Шамдек милтирар.

Бойчечаклар

Дилдирар.

Менга совуқ

Қилмас кор,

Қават-қават

Тўним бор.

Фақат, тўнни

Мен қари

Кийволибман

Тескари.

 

Пиёз

 

Ерга чуқур

Ботсам мен,

Беркинволиб

Ётсам мен,

Излаб топди

Ошпазлар,

Мени чопди

Ошпазлар.

Йиғламадим,

Полвонман…

Лекин жуда

Ҳайронман:

Ошпазларнинг

Ўзлари

Нега ёшлар

Кўзларин?

 

Шафтоли

 

Мен тураман

Букиб шох.

Камтаринман

Ва юмшоқ.

Шундан ҳамма

Ширин дер,

Узиб олай

Бирин дер.

Болакайлар

Чуғирлаб,

Мени боғдан

Ўғирлаб,

Қўйинларга

Уришар…

Сўнг

Қичиниб юришар.

 

Турп

 

Менга теккан чоқ

Оғзинг,

Тиниқ бўлар

Овозинг.

Сўнг очилар

Иштаҳанг.

Бўпкетмасанг бас

Наҳанг.

Пўстим

Осмон рангида.

Қишнинг

Совуқ тонгидан –

Симираман

Ёруғлик…

Тагим –

Олтиариқлик.

 

Майманчак

 

Биров боқмас,

Бўлсам хом.

Сал пишсамоқ,

Ушлаб жом –

Чопқиллашиб

Келишар,

Мақтаб-мақтаб

Теришар.

Ўт қалайди

Сўнг момо,

Қилмоқ учун

Мураббо…

Мураббога

Қалайсан?

Беришса-ку,

Ялайсан!

 

Гилос

 

Бир қиз,

Болдоқ қилай деб,

Қулоғимга

Илай деб,

Қўш мевамни

Узволди.

Уйқумниям

Бузворди.

Қараб турсам

Ортидан,

Бир чеккага

Борди-да,

Ҳар иккала

„Болдоқ“ни –

Еб қўйди-я…

Алдоқчи!

 

Бақлажон

 

Билиб қўйгин,

Укажон,

Мана, биз-да

Бақлажон!

Мени қишга

Тузлашиб,

Ейишади

Сизлашиб.

Бодринг билан

Ошқовоқ

Тунда суҳбат

Қилган чоқ,

Қўшиламан

Гурунгга,

Ўхшаб

Катта бурунга.

 

Анор

 

Ҳар доначам

Бир аскар.

Бир қалъада

Минг лашкар.

Улар ётар

Панада –

Оқ пардали

Хонада.

Хоналар тинч,

Атроф жим.

Қалъачани

Бузса ким,

Бошланади

Тўполон

Ва тўкилар

Яна қон.

 

Мош

 

Мушуксан деб

Шоштирма,

Мен ҳақиқий

Мошдирман.

Гоҳи тошман,

Гоҳи ош.

Қадрдоним –

Сув, қуёш.

Деҳқон чолни

Бобом деб,

Эгиламан

Салом деб…

Таърифим ҳам

Жа зўр-да,

Ичганмисан

Мошхўрда?

 

Бодом

 

Мен баҳорнинг

Севинчи,

Гуллагайман

Биринчи.

Чиройлидир

Қоматим.

Бу ҳам бўлса,

Омадим.

Ҳавас қилиб

Мевамга,

Қизига бир

Ёш янга

Ном қўйганмиш

Бодом деб,

Ширин бўлсин

Болам деб.

 

 

Картошка

 

Гоҳ ухлайман

Тўрвада,

Гоҳ пишаман

Шўрвада.

Қовурмада

Қайнайман.

Маставада

Ўйнайман.

Лағмонда ҳам

Мен борман.

Ҳамма жойда

Тайёрман.

Кўринмасам

Шавлада,

Эринмасдан

Кавла-да.

 

Қулупнай

 

Анорчага

Ўхшатманг.

Фонорчага

Ўхшатманг.

Адашманг-да,

Ўргилай,

Исмим –

Биби Қулупнай.

Жўякларда

Юрсангиз,

Мени тотиб

Кўрсангиз,

Ёришади

Таъбингиз,

Қизаради

Лабингиз.

 

Ёнғоқ

 

Баҳорда

Тўн бичаман.

Уни

Кузда ечаман.

Шамол келса

Гувиллаб,

Тўкиламан

Дувиллаб.

Олинг мени,

Акалар.

Еб кетмасин

Ҳаккалар.

Болангизга

Ёқаман.

Ҳам озиқ,

Ҳам соққаман.

 

Олма

 

Микрофонни

Баланд тут.

Мен сўзлай,

Сен сўлак ют.

Аланг-жаланг

Кузатма.

Беш панжангни

Узатма.

Кўпнинг

Кўзин куйдирган,

Қорнини ҳам

Тўйдирган

Менман ўша

Нақш олма…

Энди

Йўлингдан қолма!

 

Қанд лавлаги

 

Едир мени

Қўйингга,

Семиради

Тўйингга.

Берсанг

Сигир маймоққа,

Қаймоқ қўшар

Қаймоққа.

Корхонага

Борсам гар,

Бўламан

Оққанд, шакар.

Истасанг,

Бир роҳат қил –

Ўзингга

Зўр овқат қил.

 

Маккажўхори

 

Мен ҳаммадан

Юқори.

Исмим –

Маккажўхори.

Думбилгинам

Гўдакча.

Ухлар кўм-кўк

Йўргакда.

Соғлом улғай,

Жон гўдак.

Малла сочинг

Жингалак.

Сени кутар

Болалар

Ҳамда

Товуқ холалар.

 

Кунгабоқар

 

Кулча юзим

Ойтовоқ.

Ойтовоқмас,

Мойтовоқ.

Мойтовоқда

Пистача,

Роса

Тўққиз юзтача.

Дўстлар,

Балки нодонман,

Бир нарсага

Ҳайронман:

Мен қаёққа

Бурсам бош,

Шу ёққа

Чопар қуёш.

 

Арпа

 

Отим –

Арпахон пари.

Бобом –

Мулла Жавдари.

Чиройлиман,

Сўлимман.

Кенг далага

Келинман.

Ўриб олинг

Вақтида –

Ҳосилимнинг

Нақдида.

Ахир,

Атрофда ҳамон

Кўпдир

Текинхўр сичқон.

 

Тут

 

Мени дерлар

Қоратут.

Шошмай,

Битта-битта ют.

Қайнатиб

Сол чиннига,

Айланаман

Шиннига.

Япроқларим

Тилладир –

Қанор-қанор

Пилладир.

Ўзимда туриб

Ипак,

Қишда қолдим

Бекўйлак.

 

Ловия

 

Ҳасад қилар

Менга мош.

Меваларим

Қаламқош.

Бир тупимда

Юз уя.

Уя тўла

Ловия.

Ловиялар

Қоракўз.

Силкитмасдан,

Аста уз.

Йўқса,

Уйни очишар,

Тирқирашиб

Қочишар.

 

Шоли

 

Мен ҳозирча

Шолиман.

Қипиғимдан

Нолима.

Пўстим тушар

Арчилиб,

Обжувозда

Янчилиб.

Шопирилсам

Хирмонда,

Ярқирайман

Маржондай…

Энди турма

Қашиб бош.

Қани, пишир

Сутли ош.

 

Чилонжийда

 

Емаган бўлсанг

Жийда,

Кўпчиб ётмасдан

Уйда,

Пишиқчилик

Паллада

Бир айлангин

Далада.

Думимдан

Ипга боғла.

Шошмасанг,

Қишга сақла.

Шошсанг,

Ташла оғзингга…

Э, қойилман

Нафсингга!

 

Қовун

 

Обиноввот

Қовунман.

Битта тишлаб

Овун, ма.

Нега бўлдим

Мен номдор?

Чунки,

Чопоним гулдор.

Ёнбош қилиб

Ётаман.

Ширин ўйга

Ботаман.

Хаёлимда

Одамлар –

Бозорда

Мени танлар.

 

Каноп

 

Қамиш эмас,

Биз – Каноп.

Еримиз

Минг-минг таноб.

Пахтазорга

Ёндошмиз.

Ипакка ҳам

Қондошмиз.

Қаддимизга

Берилиб,

Мақтанмаймиз

Керилиб.

Биз азалдан

Ҳаммабоп:

Гоҳ шолчамиз,

Гоҳи – қоп.

 

Анвар ОБИДЖОН

https://saviya.uz/ijod/nazm/dalalardan-bolalarga/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x