Ягона тарих, умумий келажак, барқарор юксалиш қон-қардошлигимизнинг улуғ мақсадларига хизмат қилади

Мамлакатимизнинг қўшнилари оддий эмас: қон-қардош, жон-жондош қўшнилар. Тарихларни бирга яратганмиз, маданиятларни бирга қурганмиз. Қайси тилда гаплашмайлик, кундалик мулоқотлар қилмайлик – ҳамиша бир-биримизни тўла тушунганмиз: чунки биз сўзлашиб келган тил оға-инилар тили, бу оға-иниликка юракларимизни оғушта қилганмиз.

Зеро, қон-қардошни қадрласак, ардоқласак, Жанубда, Шимолда, Машриғу Мағрибда ҳам барчамизни ардоқлашларини, жаҳон сиёсати майдонида, унинг маънавият ва маърифат ўрамларида бизни ёқлашларини яхши англаймиз. Махтумқули, Аҳмад Дониш, Бердақ, Чингиз Айтматов, Абай Қўнонбоев сўзлари бизга худди Навоий, Чўлпон сўзидек мойдай ёқади. Уларнинг оламшумул инсонпарварликларидан кўнглимиз юксакларга кўтарилади, уларнинг сўзлари бизга кимлигимиз, қаердан келаётганлигимиз, дунё халқлари қаторида қандай ўрин тутганлигимиз ҳамда тутажагимизни англатади ва улуғ келажакдан дарак-муждалар айтади. Булар қандай денгизлар ахир! Булар қандай сероб-серҳаёт дарёлар ахир!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мана шуларни юракдан ҳис қилади, шунинг учун замонамизнинг катта сиёсатига уларни ҳамоҳанг-оғушта қилади. Сиёсат ҳаракатдаги реалликка айланади. Сиёсат, иқтисод, ижтимоийлик, маданият, тарих бирлашиб ягона қудратли куч каби тарих саҳнасига чиқади. Зеро, буларни ҳеч қачон бир-биридан ажратиб бўлмайди, айри тасаввур қилиб бўлмайди. Абай Қўнонбоевни биз худди озодлик жарчиси ва фидокори Беҳбудий каби англаймиз ва эъзозлаймиз. Уларнинг эрк ҳамда инсонпарварлик, миллий равнақ ғоялари биз учун доим тирик ва доим жамият майдонларида ҳаракатда.

Биз Президентимизнинг 2018 йил 13 мартда имзоланган “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорини, унинг теран мазмун-моҳиятини қон-қардошлигимизнинг улуғ мақсадларига хизмат қилади деб англадик: ягона тарих, умумий келажак, барқарор ривожланиш ҳамда тараққиёт мана шулардан ҳосил бўлади. Унинг илдизи шу қадар чуқур!

Абай Қўнонбоев қардош қозоқ халқининг ажойиб ва тенгсиз бир адиби, шоири, маърифатпарвари, такрорланмас донишманд мутафаккиридир. У қирқ ёшида ўзининг халқ ҳаётидаги ўрнини шундай тансиқ сўзларда ифодалаганди: “Қозоққа ширин-ширин ўлан айттим, Ўланда ҳеч ким менга тенг келмади, Лекин қадрим тополмай йиғладим жим, Ўзим юксакларга қанот қоқтим”…

Абай ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан то ХХ асрнинг тўртинчи йилигача қозоқ ҳамда қардош туркий халқларни маърифатли, маданиятли, эркли ва илғор халқларга тенглашиши йўлида жонини аямай тер тўкди. У халқни орқага тортадиган кучлар ҳамда ижтимоий ҳаётий, руҳоний ҳодисаларни аниқ билган ва тасаввур қилганидек, халқни озодлик сари, тараққиёт сари етаклайдиган кучлар ва ғояларни ҳам аниқ тасаввур қилар, англар ва шуларни чин маънода рўёбга чиқариш учун жонбозлик қиларди. Абай “кўкрагида ўти бор ўйли одам” учун умр бўйи курашди. Ижоди, барча ўтли сўзларининг бош маъно-мазмунини шунда, деб билди.

Бу барча туркий халқларнинг ривож жараёнларида энг долзарб масала – ғоя эди. Шунинг учун: “Мен ўланни ёзмайман эрмак учун” деб, ижод қилишдан бош мақсад-аъмолини теран ифодалади. Унинг ўланларидан шунинг учун юрак ёлқинлари отилиб туради. У кўкрагида ўти бор ўйли одам деганда, ғайратли, ақл, имон, илм, инсофни ўзига дастур қилиб олган, элга, жамиятга фойда келтириш тилаги, мақсади билан яшайдиган, ҳаракат қиладиган одамни тушунди. Шундай одам Абай Қўнонбой ўғлининг идеали эди. У қозоқ элига мурожаатларида рўй-рост айтди: илмни ким беради “ёнмай ётиб сўнсангиз” деди. Қозоқни ўзини ўнглашга даъват этди. Шоирона теран бир тарзда эл ўзи учун ҳаракат қилмаса, “кўз ёши, юрак қони билан ҳатто ички муз эримайди” деб башорат қилди. У ҳақиқатан элга сабоқ бўлсин, деб ўлан айтди. У дунёнинг эшигини халқлар учун оташин ва ҳаққоний ўлан очишига чин дилдан ишонди. Иброҳим Қўнонбой ўғлининг барча оташин сўзлари ҳали-ҳануз тирик: у ҳамон ўз улуғ шоирлик маснадидан туриб: “Теран ўй, теран илм йўлинг очсин!” деб гўзал ҳақиқатларини элларга етказиб туради.

Президентимизнинг қарори мана шундай ажиб бир даҳони бизга янада яқинлаштираяпти. Бир пайтлар Миртемир, Уйғун, Асқад Мухтор каби шоирларимиз Абайнинг гўзал, ҳақпараст ва ўта туркона асарларини ўзбек тилига жилвасоз қилиб таржима қилган эдилар, Носир Фозилов унинг Навоий, Монтен, Гёте, Кайковус эсселаридан кам бўлмаган ўта ёрқин нақлларини ўзбекчалаштирган. Бу асарлар янги замон ўқувчилари учун ажиб бир янгилик бўлажак. Зеро, уларнинг бир сўзи ҳам эскирмаган ва ҳар фикри янги замонларга шуъла ҳамда аланга сочиб туради. Биз улуғ туркий шоирнинг сайланмалари тўлиқ ҳолда чиқишини интизорлик билан кутамиз. Абай мушоиралари, қарорда таъкидланганидек, кўнгилларимизга янги сурурлар, янги тўлқинлар олиб киражак.

 

Иброҳим FАФУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

 

“Халқ сўзи” газетаси сайтидан олинди.

https://saviya.uz/hayot/nigoh/yagona-tarix-umumiy-kelajak-barqaror-yuksalish-qon-qardoshligimizning-ulug-maqsadlariga-xizmat-qiladi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x