БЕЛАРУСЬ ТАСВИРИЙ САНЪАТИ

Беларусь тасвирий санъати миллат маданиятининг ажралмас қисми сифатида унинг бугунги қиёфаси дунё санъати тараққиёти билан бевосита боғлиқдир.
Санъат доимо харакатланувчи, ўзгарувчан соҳа бўлиб, бир даврда эришилган ютуқлар, кейинги давр санъатига табиий равишда ўз таъсирини кўрсатади. Беларусь тасвирий санъати ҳам дунё санъати ютуқларидан айро ҳолда ривожланмаган. Турли миллий мактаблар тажрибасининг уйғунлашуви, турфа ижодий оқим ва йўналишлар бу мамлакат мусаввирлари учун кенг изланишлар учун йўл очгани табиий.
Беларусь тасвирий санъати тарихи ва қиёфасини номлари дунёга таниқли бўлган мусаввирлар ижоди белгилаб беради. Бу диёрда камол топган М.Шагал, М.Савицский, Ю.Пэн, Л.Юден, Х.Сутин, Р.Генин Л.Альперович, Я.Кручерлар жаҳоний номга эга рассомлардир.
XIX асрда дунё маданиятининг ўчоғи – Парижда Марк Шагалдан ташқари Михаил Кикоин, Пинхус Кремень, Осип Цадкин, Яков Балглей, Осип Любич, Евгений Зак, Роберт Генин каби белорус рассомлари ижод қилган. XVIII асрнинг охири – XIX асрнинг биринчи ярмида Беларусь тасвирий санъатида асосан икки оқим: классицизм ва романтизм етакчилик қилади. Классицизм академик тасвирий санъат тарафдорлари амал қилган услуб эди. Романтизм элементлари ҳам рассомларнинг ижодига жадал кириб келган.
Рассом В.Ванькович беларус тасвирий санъатида романтизм йўналишида юксак натижалар кўрсатган намояндалардан ҳисобланади. Классицизм ҳамда романтизмга хос унсурларнинг ўзаро уйғунлашуви рассом И.Олешкевич ижодида намоён бўлади. Тарихий жанрнинг санъаткорона талқинларини эса мусаввир Я.Данель асарларида кузатиш мумкин.
XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, тасвирий санъатда илоҳиёт мавзуси асос бўлган классицизм ўрнини секин-аста реализм йўналиши эгаллаб боради. Бу даврда ижод қилган беларусь рассомларидан А.Горавский, В.Бялиницкий-Бирули, Ф.Рушиц, С.Жуковскийлар бетакрор манзаралари билан машҳур бўлади. Ф.Рушицнинг энг яхши асарлари бўлмиш “Ер”, “Эски чархпалак”, “Муҳожирлар” каби пейсажларида манзара ва маиший жанрлар ўзаро уйғунлашади. С.Жуковский асарларида эса пейзаж интерьер ва натюрморт билан боғлиқликда тасвирланади.
Маиший жанр устаси Н.Силиванович Беларусьдаги дастлабки мозаикачилардан бири бўлган. Портрет ва маиший жанрда Юдель Пэн ижоди кўплаб мусаввирларнинг ижодига ўз таъсирини ўтказган. “Соатсоз”, “Кекса кийим тикувчи” асарлари унинг реалистик услубдаги машҳур асарлари ҳисобланади.
Ю.Пэннинг энг машҳур шогирдларидан бири Марк Шагалдир. Унинг ижодида Витебск тасвирлари, бу ҳудудда истиқомат қилувчи яҳудийларнинг кундалик ҳаёти мавзуси катта ўрин эгаллайди.
Тасвирий санъатнинг ажралмас тармоғи графика XI–XII асрлардаёқ шаклланган бўлиб, диний қўлёзма китобларнинг (Оршан, Полоцк, Туровск инжиллари) безаклари графикада яратилган. XVII–XVIII асрларга келиб, Беларусь китобот санъатида графиканинг мавқейи яна ҳам кенгаяди.
Бу миллатининг асосан ҳалқ анъаналари асосида ривожланган амалий-декоратив санъати ҳам узоқ тарихга эга. Буюк Литва князлигида ҳайкалтарошлик католик дини таъсири остида ривожланган. Бу даврга хос айрим ёдгорликлар мамлакат ҳудудида ҳамон сақланиб қолган. Витебск вилояти Глубокск туманидаги XIV асрга тааллуқли Исо суръати солинган бут шулар сирасига киради.
Беларусда меъморчилик билан боғлиқ фреска (деворга суратлар ишлаш) санъатининг ривожланишига эса сербиялик муҳожир усталарнинг сезиларли таъсири борлиги эътироф этилади.
Бут ва санамлар ясаш беларусь монументал санъатининг мустақил тармоқларидан бири бўлиб, санъат сифатида шаклланиши XV–XVI асрларга бориб тақалади. Биби Марям тасвирланган санамлар иконографиядаги энг кўп тарқалган сюжет ҳисобланади. Қадимий иконаларнинг катта қисми мамлакатнинг Полесье шаҳри ҳудудида сақланиб қолган.
ХХ асрда мамлакатда рўй берган туб ижтимоий ўзгаришлар, жумладан, Беларусь Республикасининг ташкил бўлиши маданият ва санъат соҳасидаги миллий тажрибани пухта ўрганишга зарурат пайдо қилади.
Мамлакатда маданий муҳит янги қиёфа касб этиб, бадиий кўргазмалар, музейлар барпо этилади. Вильнюс, Витебск, Могилев, Гродно шаҳарлари кескин ривожланиб, маданият марказларига айланади. Ушбу давр тадқиқотлари беларусь, рус, яҳудий, украин, польяк халқлари маданияти бир-бирига ўзаро ижобий таъсир этганини кўрсатади.
Биринчи жаҳон уруши беларусь маданияти учун ҳам ҳалокатли бўлиб, мамлакатдаги музей, кутубхона, декоратив-амалий санъат намуналарининг аксарияти йўқотилган.
Беларуcь маданиятида ҳайкалтарошлик соҳаси алоҳида ўрин тутади. Полотчинадан топилган ибтидоий (XII–XIII аср) маданиятга мансуб тош ҳайкаллар, қуш ва ҳайвонларнинг суягидан ясалган мўжаз ҳайкалчалар, Киев руси даврининг тош санамлари беларус ҳайкалтарошлигининг қадимий ёдгорликлари ҳисобланади.
Ҳайкалтарошликнинг ривожланиши, айниқса, юқори даражага кўтарилган даври XVII–XVIII асрларга тўғри келади. Бу даврда Рус давлатидаги аксарият сарой ва ибодатхоналарнинг безатилиши беларусь усталари томонидан амалга оширилган.
XIX аср охири – XX аср бошларида тасвирий санъатнинг барча тармоқлари янги босқичда ривожланиб боради. 1923 йилда Витебск халқ бадиий мактаби асосида ташкил топган Витебск бадиий техникуми профессионал кадрларнинг тайёрланишида жуда муҳим роль ўйнайди. Беларусь халқ рассомлари З.Азгур, А.Бембель, А.Глебов, С.Селиханов кабилар ҳам айни шу даврда етишиб чиққан санъаткорлардир.
Беларусь тасвирий санъатининг бизгача етиб келган барча дурдоналари давлат ҳимоясидадир. Улар йирик давлат музейлари ва фондларда сақланади. Беларус санъатининг бугунги авлоди миллатнинг атоқли рассом, ҳайкалтарош ва амалий санъат дарғалари анъаналарига содиқ қолган ҳолда, турли замонавий йўналишларда изланиб, маданий ҳаётни бойитишга интилмоқда.

Шаҳноза ҚОСИМОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий
рассомлик ва дизайн институти
Музейшунослик кафедраси
катта ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x