Алишер НАВОИЙ (1441–1501) УЛ ПАРИВАШКИМ, БЎЛУБМЕН…

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Ўқларингдин дам-бадам таскин топар кўнглум ўти,
Бордурур бир қатра су гўёки ҳар пайкон анга.

Бир диловардур кўнгулким, ғам сипоҳи қалбида,
Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга.

Новакининг парру пайконида рангин тус эрур
Ёки кўнглумдин чу паррон ўтти, юқмиш қон анга.

Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен
Эл отин ўқур ҳасаддин ёзмадим унвон анга.

Хизри хаттингнинг ажаб йўқ сабзу хуррам бўлмоғи,
Лаб-балаб чунким берур су чашмайи ҳайвон анга.

Эй хушо, муғ кўйиким, рифъат била зийнатда бор
Меҳр анга бир шамсаву кўк тоқидур айвон анга.

Истамиш булбул вафо гулдин магарким, жоладин
Бағри қотмиш ғунчанинг, баским эрур хандон анга.

Қилмамиш жонин фидо жононға етмас дер эмиш,
Эй Навоий, ушбу сўз бирла фидо юз жон анга.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 9-ғазал)

ЛУҒАТ:

Диловар – қўрқмас, ботир, қаҳрамон
Новак – камон ўқ; бу ўринда киприк
Паррон – учаётган
Хатт – ёр юзидаги туклар
Чашмаи ҳайвон – тириклик суви
Муғ – оташпараст руҳоний
Рифъат – кўтарилиш, юксалиш
Шамса – иморатларнинг деворлари ва пештоқига қуёшга ўхшатиб айлана шаклида ишланган нақш
Жола – дўл
Кўк тоқи – осмон гумбази

Байтларнинг насрий баёни

Дилнавоз Юсупова шарҳи

1. Бир париваш (гўзал)нинг ишқида шундай зору саргардон бўлдимки, бу ишқдан барча менинг ҳолимга ҳайрон, мен эса у паривашнинг гўзаллигидан ҳайратдаман.
2. Тинимсиз ёғилаётган ўқларингдан кўнглим оташи таскин топмоқда. Гўёки ҳар бир пайконинг (кипригинг)да бир томчи сув борга ўхшайди.
3. Кўнглим ғам қўшинининг қуршовида якка ўзи жанг қилаётган жасур паҳлавонга ўхшайди. Унинг қуроли – оҳ, қалқони эса янги ҳосил бўлган қип-қизил доғдир.
4. У гўзал отаётган ўқнинг учи ва пати қизил рангга бўялганми ёки кўнглимни тешиб ўтганида унга қоним юқдимикан?!
5. Ёзган мактубим ул ойга қандай етиб борсинки, мен бошқалар унинг исмига назари тушишидан рашк қилиб, мактубнинг манзили (унвони)да ёримнинг исмини ёзмаган бўлсам?
6. Лабинг устидаги тукларнинг яшнаб хуррам бўлиши ажабланарли эмас, чунки бу хаттни Хизр каби обиҳаёт чашмаси – оғзинг суғориб турибди.
7. Оташпарастлар кўчаси қандай яхши жойки, унинг улуғворлиги ва зийнати олдида гўё Қуёш шамса – иморатнинг пештоқига айлана шаклида ишланган нақшга, осмон эса айвонга ўхшайди.
8. Булбул гулдан вафо истабди, бу – қизиқ, балки очилган ғунчанинг бағри дўл ёғганидан тошдек қотиб, ўзи хандон бўлиб қолгани учунмикан?
9. Жонни фидо қилмагунча жононга етиб бўлмас, дейдилар, эй Навоий,­ шу сўзнинг ўзига юзта жонни фидо этса арзийди.

Ғазалнинг умумий мазмун моҳияти

Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ошиқона мазмунда бўлиб, ёшлик лирикаси маҳсули ҳисобланади. Шоирнинг ўзи “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида эслаб ўтишича, Саййид Ҳасан Ардашер ёш Навоийнинг бир неча шеърлари қатори ушбу ғазалини хуш кўриб, мажлисларда айтиб юрган.
Ғазал матлаъсида келтирилишича, бир паримонанд гўзал ошиқни зору саргардон қилган. Атрофдагилар унинг бу ҳолидан ҳайрон бўладилар, ошиқ эса ул паривашнинг гўзаллигидан ҳайратдадир. Бундан англашиладики, ушбу париваш шунчаки оддий гўзаллардан эмас, балки Мутлақ гўзалликнинг бир заррасини ўзида мужассам этган илоҳий мазҳардир. Ошиқнинг ушбу гўзалликдан ҳайратда қолиши, атрофдагиларнинг эса ошиқнинг бу ҳолидан ҳайратда тушиши тасвиридаёқ зоҳиран ошиқона кўринган ғазалда орифона мазмун ҳам мужассам эканлигини сезиш қийин эмас:

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Иккинчи байтдан англашиладики, ёр ошиққа назар ташлаб, унинг кўнглига ишқ оташини ташлаган, бундан унинг кўнгли ёнмоқда. Энди ошиқ мана шу ўт тушишига сабаб бўлган киприклар қатра сув мисол яна унинг қалбидаги ўтни дам-бадам ўчириб, унга таскин беришини истаяпти:

Ўқларингдин дам-бадам таскин топар кўнглум ўти,
Бордурур бир қатра су гўёки ҳар пайкон анга.

Кейинги байтларда ҳам ушбу тасвир давом этади: ёрнинг ошиқ кўнглига қарата отган ўқлари тасвири бетакрор бадиий тимсоллар воситасида ифодаланади. Шоирнинг тасвирича, ошиқнинг кўнгли ғам қўшинининг қуршовида якка ўзи жанг қилаётган бир жасур паҳлавонга ўхшайди. Бу паҳлавоннинг қуроли “оҳ”дан иборат, қалқони эса янги ҳосил бўлган қип-қизил доғ мисол…

Бир диловардур кўнгулким, ғам сипоҳи қалбида,
Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга.

Кейинги байтда тажоҳули ориф санъати воситасида “ўқнинг учи ва пати қизилмикан ёки ошиқнинг кўнглини тешиб ўтган пайтда унга қизил доғ юқдимикан” деган савол қўйиладики, жавоби саволнинг ўзида бўлган бу усул шеърнинг бадиий таъсирчанлигини янада оширади:

Новакининг парру пайконида рангин тус эрур
Ёки кўнглумдин чу паррон ўтти юқмиш қон анга.

Навбатдаги байтда эса ҳусни таълил санъатининг бетакрор намунасига гувоҳ бўламиз. Ошиқ ёрини атрофдагилардан рашк қилади. Нафақат ёрнинг ўзини, балки унинг исмини ҳам эл кўзидан яширишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам ёзган мактубининг устига (манзил кўрсатиладиган жойга) ёрининг исмини ёзмайди. Ва табиийки, бу хат ёрга етиб бормайди…

Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен
Эл отин ўқур ҳасаддин ёзмадим унвон анга.
Ёрининг жамолию исмини бошқалардан пинҳон тутмоқни истаган ошиқ маъшуқанинг лаблари устидаги хаттини Хизрга қиёслайди. Ва бунга иккита нарсани сабаб деб кўрсатади. Биринчидан, яшнаб турган хатт Хизрдек ҳусн ва ишқ водийсига саргардон бўлганларга раҳнамолик қилса, иккинчидан бу хатт жон бағишловчи калом – ёрнинг оғзи устидадир. Байтда ҳусни таълил санъати талмеҳ, истиора, ташбеҳ билан уйғунликда юксак санъаткорликни вужудга келтирган.
Навбатдаги байт орифона мазмун билан зийнатланган. Унинг зоҳирий маъносига кўра, муғ (оташпарастлар руҳонийси)нинг кўчаси шундай юксак жойки, унинг улуғворлиги ва зийнати олдида гўё қуёш шамсага, яъни иморатнинг пештоқига айлана шаклида ишланган нақшга, осмон эса айвонга ўхшайди. Ёки бошқача айтганда, бутун оламни ўз ҳарорати билан қиздиргувчи қуёш оташпараст муғнинг кўчаси олдида оддийгина бир айлана шаклидаги нақш, осмон эса айвон кабидир:

Эй хушо, муғ кўйиким, рифъат била зийнатда бор
Меҳр анга бир шамсаву кўк тоқидур айвон анга.

Байтнинг ботиний маъноси эса тасаввуф истилоҳларидан хабардор бўлмоқликни талаб этади: пири комил ҳузури шу даражада улуғворки, унга интилган қалблар маънавий мулоқотга эҳтиёжманддирлар.
Кейинги байтлар ҳам анъанавий тимсоллар билан зийнатланади. Табиат ҳодисаси – жала ёғилиши сабаб, ғунчанинг очилиши ва бу ҳолатни (ғунча очилишини) кутиб яшаган булбулнинг армони ўткинчи гўзаллик соҳибларидан вафо кутиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрга боғлаб талқин қилинади:

Истамиш булбул вафо гулдин магарким, жоладин
Бағри қотмиш ғунчанинг, баским эрур хандон анга.

Мақтаъда Навоий ҳақиқий вафо тушунчасини фидойилик билан боғлаб талқин қилар экан, ёрга жонфидо бўлиш муҳаббатнинг исботи эканлигини таъкидлайди ҳамда ўзи ҳам шу йўлда минг жони бўлса ҳам қурбон қилишга тайёр эканлигини билдиради.
Ғазал рус тилига мутаржим Н.Лебедев томонидан ўгирилган. Таржима аслият матнидан кўра анча кичик: беш байт ҳажмида амалга оширилган. Афтидан, мутаржим ғазалнинг умумий маъносини ва орифона мазмунини яхши англамаган кўринади, оташпараст муғ (пири комил) талқини билан боғлиқ байтда бу ноқислик яққол кўзга ташланади.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Николай ЛЕБЕДЕВ

Я от скорби обезумел, одичал – и потому
Изумился беспредельно мир смятенью моему.

Успокой мое горенье! Стрелы в грудь мою метни!
Я, как струи свежей влаги, жадным сердцем их приму.

Как письмо тебе доставить! Имя светлое твое
Я, к чужим глазам ревнуя, не доверю никому.

Храм высокий мудрых магов, дом вина – тебе приют,
Небо – кровля, светоч – солнце в радостном твоем дому.

Не достичь тому любимой, кто не жертвует собой,
Навои, отдай сто жизней в жертву взгляду одному.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Қосимбой Маъмуров

OF THAT ANGEL’S LOVE I GRIEVED…

Of that angel’s love I grieved, wandered with a sigh,
Of her love the world wondered at me, at her so did I.

From your eyelash arrows my soul-fire calms oftener,
As if each eyelash arrow seems to have a drop of water.

Surrounded by grieve troops a brave soul does pain,
The woe is his arrow; his shield is his red blood stain.

Whether the arrow and feather were painted in red,
Or they stained when went through my heart straight.

How could my love-letter reach that remote moon?
As I didn’t put her name lest folks might read soon.

The hair on your lip, no surprise, seems so bright,
As your lips are watering it with alive water right.

Fire – idol’s look is gloriously designed with decoration,
Before it sun seems a circle paint, sky – its roof fashion.

A nightingale was said to ask faith from the flower,
Of hail bud’s soul turned stone so did her smile over.

The beloved can’t be reached if a soul is not sacrificed,
Hey Navoi, for this word let hundred souls be sacrificed.

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x