ЗАМОНАВИЙ ТУРК ШЕЪРИЯТИДАН

Меҳмет НУРИ ПАРМАКСИЗ

1974 йил Истанбулда туғилган. Ғозий университетининг турк филологияси факультетини тамомлаган. “Сел томчилари” халқаро адабий лойиҳаси раҳбари. “Жоҳит Ситқи Таранжи ва унинг мактублари”, “Муғон шеър оқшомлари”, “Кўнгилдан ташқарида”, “Капалак умри” каби бир қанча шеърий ва илмий асарлари чоп этилган.

Ташқарининг хаёли

На чуқурга кетар руҳим, на саёз,
Бир томчидек ерга сингар бу жисмим.
Йўллар хароб, йиллар эса жуда оз,
Ичимда йиғлаган бола – болалигим.
Қўлимдадир синган созим симлари,
На чуқурга кетар руҳим… на саёз.
Қалбимда ҳасратдан турку сўйлар тажрибасизлик.
На сўздан тушунар, на кўздан руҳим,
Ҳар нафасда ишқдан жўшар, ишққа қочар, менлигим
Ишқ соғинчи, ишқ рақсида, ёр ўйнар
Ҳасратдан рашким қўзир,
Ҳужайраларимда сенга айланган сенлигим,
Бир ситамида қалб деворим бўлар торумор,
На сўздан англар руҳим, на кўздан…
Ёмғирларнинг ҳовури сўнгсизлик
Ўлим синовида уйқусирар
На ишққа тўяр руҳим,
На ишққа қонар руҳим.
Кўзларимда умид, қўлларимда севинч иштиёқ,
Ўлим, кириши ёпилган руҳимни
Шамоллари-ла қўриқлар
Ишқ, соғинч-ла, томчининг бахтли айтган қўшиғи
Қалбим тушларида чексизликка кўз тикар.
На ишққа тўяр руҳим, на ишққа қонар руҳим.
Осонми?

Сендан узоқлашмоқ осонми?
Ҳар кун юксаклардан ерга тушмоқ каби,
Ўлмоқ ва тирилмоқ орасидаги нарса бу.
Ҳар кўринганни сен деб ўйламоқ,
Ухларкан хаёлларинг билан овунмоқ,
Ва ҳар доим йўқлигига ишониб,
Исми пушаймонлик бўлган бу ўлкада,
Туни бўйи ҳўнграб йиғламоқ,
Кулайми, шу ҳақда ўйласанг,
Сендан узоқлашмоқ осонми?

Айт, ахир осонми сени унутмоқ,
Вужудимга синган ифорни,
Айирмоқчи бўлган ҳижрону хорни.
Юзларингдан таралган нурни,
Юзимдаги ажинларимни
Бўлмагандай гумонга бормоқ,
Осонми, шу ҳақда ўйласанг,
Осонми, сени унутмоқ.
Ҳалигача ҳеч нарса бўлмагандай яшамоқ.
Осонми, сени унутмоқ?

Йўқотажак нимам бор?

Оловману ёнингда совуқ қотади қўлим
Жим ўтирма, қизарма – кутмоқ, аслида, ўлим.
Йўқотажак нимам бор? Айтинг-чи, Худо учун.
Давосиз дард инсонни йиқитади, шубҳасиз,
Нафсим кўз ўнгимдаги йиқилмаган бир девор.
Изтиробим ҳар кеча соям каби чўкар тиз,
Бу чўлга чиқиш йўқми, қайси табибда қарор.
Норозилик кайфият қонимда кезар ҳар он,
Жим тургим келмас, аммо, тилим ҳам тугундадир.
Ёғса ҳам ювилмагай
Ўлимгача мен билан сендан ёпишган бу кир,
Оловману ёнингда совуқ қотади қўлим,
Жим ўтирма, қизарма, кутмоқ – аслида ўлим,
Умид аталган орзу
Тебранмиш дарахтларда,
Йўқотажак нимам бор?

Муҳаббат рашкларида,
Йўқотажак нимам бор,
Йўқотажак нимам бор,
Айтинг-чи, Худо учун!

Сенсан, Сен
Сен билан сузиб ўтсак, бошқа дунёларга,
Кечалари кетсак умид ирмоқларга.
Нафасимни кесган сенсан,
Ҳамма ерда эсган сенсан!
Сенинг билан гўзал ҳамма кун,
Сен бор учун гўзаллик, мазмун.
Сенинг билан кетсак майли, оролларга,
Бир он бўлсин қайтмасак бу томонларга.

Жўшқин ҚОРАБУЛУТ

Таниқли турк шоири Жўшқин Қорабулут 1956 йил Карс вилоятининг Сариқамиш шаҳрида туғилган. Хожитепа университетининг социология факультетида таҳсил олган. Бугунги кунда Фатиҳия Санъат марказининг ижрочи директори. “Самолар қадар”, “Не бор бизники бўлган?”, “Ташлаб кет мени”, “Чизги”, “Сўзлар ҳам ўлажак” каби бир қанча шеърий ва илмий китоблар муаллифи.

Қўлим бир аҳволда

Ҳовучимга тўлмасдинг бир пайт,
Қўлларимни узатсам сенга,
Сен бошқа қўлдамидинг?
Менинг қўлим ҳавода қолди,
Ҳовучларим бўм-бўш бугун ҳам.

Ўйинлар

Мен осмон юзиман,
Сен ер юзисан,
Менда қанот ўйинлари бор,
Сенда оёқ ўйинлари бор…
Бу дунёни тамомлаяпмиз
Икки тарафдан!

Вақт

О, бу қадар кўп инсон,
Келар ва яна кетар.
Баъзан қолар ортидан –
Озгина обрў… хатар.
Қизиғи йўқ аслида,
Вақт қолмаган бу сафар.

Ёлғизлик

Ҳаммасини тўғри ўйладим,
Ва ҳар ерда ёлғиз турдим жим.
Узоқларим келди яқинга,
Узоқлашиб кетди юрагим…

Кет

Телбаларча кетдинг,
Кетсанг, кет…
Ёлғиз кетсанг –
Ҳаётим эмас,
Хотиралар кетар,
Шарафим кетар.
Ғурурим кетар.
Гўзаллик, бахт кетар,
Ҳамма яхши нарса –
Бир-бир кетажак…

Сенинг алдашинг ва ёлғонинг,
Чиркинликнинг белгиси каби,
Уч тийинлик завқу шавқ учун,
Кетаяпсан сен…
Кетган ёлғиз сен бўлсанг,
Парвойимга келмас, кетавер.
Ичишим мумкин қасам,
Аммо қара, нелар кетмоқда,
Юрак кетар-ку…
Дўстлик кетар-ку…
Инсонийлик қўлдан кетар-ку…
Кетган сен бўлсанг,
Осмон кетар-ку…

Ишонч

Бир ёнда ер юзи,
Чечаклар очилар ернинг юзида,
Дарахтлар мевага кирар
тўрт мавсум.
Бу тарафда Осмон бор –
Бир тик турган дарахти ҳам йўқ…
Бу нима?
Озиқ олсалар-да тупроқдан,
Тебрансалар ҳамки мардона,
Кўк юзига узанур қўллар.
Демак, билар экан улар ҳам,
Ер – ердир,
Осмон ҳам Осмон!
* * *

Сув билади,
Ҳозиргача мен,
Қўлларимни кирлатмадим
Кўп шукур.
Ҳаммадан қўл ювсам
Сабаблари бор.
Сув борлиги учун эмас асло
Биласиз…

Илтер ЯШИЛОЙ

Анқарада туғилган. Илк китоби “Йиллар ичра йўқолди ишқ” номи билан нашр этилган. Замонавий турк санъати, мусиқаси ва қўшиқчилиги бўйича бир қанча мақолалар муаллифи. “Зайтун ва туз” номли шеърий, “Ёмғир ва туш” ҳамда “Ишқдан воз кечилмас” номли романлари нашр этилган.

Ичимдаги овоз

Ичимда бир овоз бор, бир менга маълум овоз,
Ҳар олган нафасимда, келгин дея ёлворар.
Илкларимда айланган бир девона мисоли,
Мени ортга қайтариб олгин, дея ёлворар.

Ким қайга олиб кетди севгимнинг бешигини,
Кеч, дея йўл берганим кўнглимнинг эшигини.
Мусодара қилинган умримнинг қўшиғини,
Етти девор ортига кўмгин, дея ёлворар.

На кечанинг қораси, на соғинчнинг яраси,
На ичимда ҳайқирган ғуруримнинг наъраси.
Кўз ўнгимда ёнганим – икки дунё ораси –
Тиззамга бироз дармон бергин, дея ёлворар.

Бу қалбдан қалбга кетган бир лаҳзалик ёрлиқми?
Бу бир пичоқ яраси, бир санчиқ, бир оғриқми?
Йўқса Тангри даргоҳи пир Юнусга боғлиқми?
Ол, бу унаштирмоқни, ёрим дея ёлворар.

Оҳ, бу жоннинг жазоси жондан ташқаридами?
Оҳ, меним Сирот узра ўтишим камондами?
Бир бутун икки ярим анорим боғчамдами?
Йиғиштириб ол мени боғдан, дея ёлворар.

Меҳнат билан қилинса, миннат туйғуси бўлмас,
Сўз ўзида бўш қолса, илдизи асло тўлмас.
Илдизи ишқ ерида бўлса, ишқ гули сўлмас,
Бу мавзудан воқиф бўл, ёрдам, дея ёлворар.

Тилимда Сенинг исминг, севгинг бор тўрт ёнимда,
Ҳам бу кунимда борсан, ҳам кечаги кунимда.
Юз минг марта аминман жумла-олам ўнгида –
Ишонмасанг, чормихда қолгин, дея ёлворар.

Агар уруш майдони – ҳаёт, деб ҳисобланса,
Жим турса ҳам юрагим – тилим олар аланга.
Агар бўлса дунёда кечиб кетардим анга,
Ҳузур тўла бир ошён ер бўлса деб ёлворар.

Қайғу ёмғири

Қайғу ҳовучларимга ёғаркан кўк юзиндан,
Бундай ҳолда бурчакда қолмоқ истамайман ҳеч.
Қўлимни мендан тортган у севгининг вужудин,
Қўлимдаги изини артмоқ истамайман ҳеч.

Дунё муҳокамаси кўр этса-да кўзимни,
Ич-ичимдан биламан, Сендан келган ўзимни.
Манзилимга қўйгандим, ёди берган сўзимни,
Маломатга кўмилиб қолмоқ истамайман ҳеч.

Мен битикда яшабон қиш мисоли эканман,
Хотирамдан жой олган ул афсунни деганман.
Юзимдан юз ўгириб мен ўзимга келганман,
Елкамдаги шарф каби тушмоқ истамайман ҳеч.

Ханжаримда яширин етти юз эллик ғурур,
На мени бош эгдирар, на бош эгмоққа турур.
Бир Сендан воз кечолмас, бир сенга мафтундур У,
Томчига муҳтож экан, пишмоқ истамайман ҳеч.

Лол бўлса-да тилларим яна сени тилайман,
Етарки, қўлинг узат, мен ҳеч нарса демайман.
Не ўтмишим бор бўлса, билмам, яна билмайман,
Сен меники, ҳаддимдан ошмоқ истамайман ҳеч.

Қолган хотираларим дилимда ҳайрон ўлса,
Нима бўлса йўлига бош қўйган шу он бўлса.
Келиб менда банд бўлса, қотса, яна тош бўлса –
Сукунатга ҳеч қачон чўммоқ истамайман ҳеч.

Устига устак яна ҳимояда сирлари,
Кўплигидан элакнинг қўлда қолган бирлари,
Ёвузни тупроқ этган бу панжада шерлари.
Балки бу қисмат дея тешмак истамайман ҳеч.

Сен ўнгимда йўл очиб, мени йўллаган қудрат,
Сен бор бўлсанг, етарки, етади менга шуҳрат.
Нима келса бошимга фақат сендан иборат –
Агарда сен бўлмасанг яшаш истамайман ҳеч.

Малоҳат ЎЗЧАБОН

Спарталик шоир. Истанбул хорижий тиллар университетининг олмон филологияси факультетини тамомлаган. Ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш жамияти мутахассиси. Шеърлари ўнга яқин тилларга таржима қилинган.

Вақтимиз бор экан

Истасанг, ўчириб ташла қалбингдан,
Истасанг, узоқ тут кўзингдан, майли.
Пушаймон бўлмагин, тўрт томонингдан,
Чеккан аламларинг мени ўртайди.

Бир куни келарсан – соғиниб кетсанг,
Ёмғирдай, ёмғирдай ёғилиб кетсанг.
Оққан кўзёшларим Сени қўймайди,
Фақат эҳтиёт бўл, қоқилиб кетсанг.

Эски дафтарларни очолмайман мен,
Нетай, хотирадан кечолмайман мен.
Йўлингни тўсмайман, майли кетсанг, кет –
Заҳримни дунёга сочолмайман мен.

Фақат шу зайлда ўтар вақтимиз,
Фақат шу зайлда умримиз ўтар.
Муҳаббатсиз ахир биз киммиз, киммиз?
Эрта биз ўтамиз, дунё унутар.

Сунай АКИН

Таниқли турк шоири Сунай Акин (тўлиқ исми Шукру Сунай Акин) 1962 йил 12 июлда Трабзон вилоятининг Мачка шаҳрида туғилган. Истанбул университетининг Физика факультетини тамомлаган. Мармара университетининг Нафис санъат бўлимида дарс берган. Айни пайтда Туркия давлат телевидениесида фаолият олиб бормоқда. 2005 йил Истанбулда Ўйинчоқлар музейига асос солди. “Хаёл қаҳрамонлари”, “Кийикли хиёбон”, “Ойпараст”, “Қадим қайғулар” каби бир қанча шеърий китоблар муаллифи.

Айрилиқ

Бир поезд йўлининг
Икки тарафимиз.
Нимани ҳал этар
Яқинлигимиз.
Барибир сўнгида
Сўнгги бекат бор…

Бехабарлик

Пўстлоғини арчмасдан
Олмаларни сўя билдим.
Ва тузатдим битта ярмини,
Аммо қаршимдан чиққунча
Қурт эди олма қуртлари
Менинг пичоқларим
Юриш қилгунча
Унинг юртига…
Лабингдан қолган улуш
Пиёлада қолган
Лабларинг изи каби
Узоқ қололмайман
Кўзларингда…
Қани яқин бўлса
Қўлларимга қўлларинг.
Ёнингдаги бетон бинога
Суянгани каби
Эски бир уйнинг…
Сен ахир мих каби
Миямга қоқилгансан
Ва бутун дунёнинг
Қисқичларини
Денгизга отганман.
Энди бошқа иложимиз
Йўқдир севгилим!

Турк тилидан
Хосият РУСТАМОВА
таржималари

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x