Қонун сизни ҳимоя қилади

Кишиларнинг тамаки чекиши ёки спиртли ичимликлар ичишлари қандай жойларда таъқиқланади?

(Толибжон Бойзоқов, Ғаллаорол шаҳри)

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 187-модда биринчи қисмига кўра, иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш таъқиқланади, бундан тўйлар, юбилейлар ҳамда бошқа тантаналар ва маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари мустасно.

Иш жойларида соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаларида ва бошқа жамоат жойларида (тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва хоналар бундан мустасно), шунингдек, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди.


Ишлаётган аёлнинг ёш боласи тез-тез касалликка чалинганда ёки шунга ўхшаш бошқа жиддий ҳолатларда аёл идора хизматидан вақтинча чекланиб, уйда ишлаши мумкинми?

(Нодира Каримова, Тошкент шаҳри)

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 229-моддасига мувофиқ, аёл идора раҳбарига ёш гўдагининг соғлиғига оид тиббий хулосани тақдим этиш орқали тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси жорий этишни илтимос қилишга ҳақлидир. Яъни, аёл бемор фарзандининг аҳволидан келиб чиқиб иш кўради. Масалан, вазият жиддий бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очтиради ва боласи соғайгунга қадар ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга бўлади.

Масалан, гепатитга чалинган бола бир неча кун ёки ҳафтада ўзига келиши мумкин, аммо 6 ой давомида болага жиддий парвариш буюрилади. Ишлайдиган аёл 6 ой ишсиз ўтирмасдан, қолган муддат учун тўлиқсиз иш соатлари ёки ҳафталарида меҳнат қилса бўлади.

Вазият тақозосига кўра, бола оғир касалликка чалинмаган бўлса, унга шифокор кун бўйи қилинадиган даво чораларини буюрмасдан, тушликка қадар мактабга ёки боғчага боришининг зарари йўқ, деб ҳисобласа, она идора раҳбаридан меҳнатга лаёқатсизлик варақасини очтириши шарт бўлмай, фақат тўлиқсиз иш кунлари берилишини сўрайди.

Маълумки, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлга боласи уч ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш таътили берилади. Бу пайтда аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Аёл ўз хоҳишига кўра, бола парваришлаш таътили даврида иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. (Меҳнат кодекси, 234-модда.) Борди-ю, у аёл ижтимоий нафақа олаётган бўлса, уйда ишлаб пул топаётгани нафақа олишига таъсир кўрсатмайди.


Ҳомиладор ёки қўлида ёш гўдаги бўлган аёлларни идора раҳбарлари кўпинча ишга олмасликка ҳаракат қилишади. Шу тўғрими?

(Шаҳло Эгамбердиева, Самарқанд шаҳри)

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг (янги таҳрири) 6-моддаси, биринчи қисм, иккинчи банди ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 58-моддаси, биринчи қисми, иккинчи бандига кўра, “Давлат ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимояланишни кафолатлайди”.

«Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 1 моддасига кўра, “Ҳар бир фуқаро давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисобласа, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 224-моддасига асосан, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабаб аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади.

Агар иш берувчи аёлнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги учун эмас, бошқа асосли сабаблар (маълумотининг тўғри келмаслиги, мутахассислигига зидлиги, юклатиладиган вазифаларни бажариш қобилияти йўқлиги)га кўра ишга ололмаса, иш берувчи бу ҳақида маълумот бериши керак.

Ёш боласи борлигини рўкач қилиб ходимани ишдан бўшатиш ҳам ноқонуний ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасида қайд этилишича, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги керак.

Саволларга ҳуқуқшунос
Ойбек МАМАРАСУЛОВ жабов берди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x