Витаминлар етишмаса

Организм меъёрий ривожланиши учун витаминларнинг аҳамияти катта. Ҳар бир киши витамин танқислигининг оқибатлари ва зарур витаминлардан билиб фойдаланиш хусусида етарлича маълумотга эга бўлиши лозим.

Витамин А (ретинол) кўриш пигментлари ҳосил бўлишида қатнашиб, кўзнинг турли даражадаги ёруғлик нурига мослашишини таъминлайди.

Бордию, организмда ретинол етишмаса, дастлаб қоронғуликка мослашиш бузилади, шабкўрлик ва ёруғга қарай олмаслик юзага келади. Тери қуруқшаб оқаради, қипиқланади, терининг йирингли касалликлари ривожланади, соч ҳам қуруқлашиб тўкила бошлайди.

Витамин А ўсимликларнинг яшил баргларида, айниқса, исмалоқ, петрушка, шивит, шовул, ўрик, сабзи ва балиқ мойида кўп бўлади.

Витамин В3 (никотин кислота) ҳужайраларга ҳаёт бериб, уларнинг нафас олишини таъминлайди, оқсиллар алмашинувида қатнашади, организмда ўсимлик оқсилларининг ҳазм бўлишини тезлаштиради, меъда ости бези ишлаб чиқарадиган шира таркибини яхшилайди, жигар ишини меъёрга солиб туради.

Никотин кислота етишмаса, одамда пеллагра (чиллашир) деган касаллик пайдо бўлади. Бунда ич кетади, тил қизариб ялтирайди, оёқ-қўл панжаларига қизил доғлар тошади. Тинка қуриши, бош оғриши, лоқайдлик, зеҳннинг пасайиши, асабнинг қўзғалувчанлиги юз беради, ҳатто беморнинг кайфияти тез-тез бузилиб, яхши ухлолмайди.

Никотин кислота мол жигари ва буйрагида, сабзавот ва меваларда, гречиха ёрмасида, товуқ ва бузоқ гўштларида анчагина миқдорда мавжуд.

Витамин К (филлохинон) етишмаганда тери остида, мушак тўқимасида ва шиллиқ пардаларда қон қуйилиши кузатилади. Одатда бир кеча-кундузда кишида 100 миллиграмм витамин К зарур бўлади. Бу витаминни йўғон ичакнинг юқори қисмидаги микроорганизмлар синтезлайди.

Витамин D (кальциферол) моддалар алмашинувига, суяк ҳосил бўлишига таъсир кўрсатади. У скелетнинг жадал ўсиши учун зарур. Агар бу витамин танқис бўлса, болаларда рахит касаллиги ривожланади, беҳол бўлиб, кўп терлайди, тез-тез шамоллайди, тиш чиқиши кечикади.

Катталарда витамин D танқислигида ланжлик, тез чарчаш, чаноқ суяклари соҳасида ва мушакларда оғриқ туриши кузатилади. Ҳатто суякларнинг юмшаб қолиши рўй бериб, бу оғир оқибатларга олиб келади. Бу витамин етишмаганда ичакларда кальцийнинг сўрилиш жараёни ҳам бузилади.

Витамин В6 (пиридоксин) нерв тизими фаолиятини тартибга солади, камқонликнинг олдини олади.

Пиридоксин танқислиги, айниқса, ҳомиладор аёллар учун жуда хавфли. Чунки бундай вазиятда уларда токсикоз барвақт бошланади ва кучайиб боради.

Пиридоксин нўхат, картошка, лавлаги, мол ва товуқ гўштида кам миқдорда учрайди. Аслида бу витамин ичак бактериялари таъсирида юзага келади. Агар бирор касаллик туфайли антибиотиклар қабул қилинса, ичак микроорганизмлари шикастланиб, пиридоксин янада камаяди. Шунинг учун антибиотикларни ичгандан сўнг, врач рухсатига кўра, витамин В6 қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА, мутахассис.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x