Қандли диабетда оёқлар зарарланиши

Бемор ўн беш-йигирма йилдан ортиқ вақт қандли диабет билан оғриса, 80 фоиз ҳолларда оёқ томирлари зарарланиши мумкин. Бундай ҳолатларда жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарур бўлади.

Қандли диабетда оёқ кафти синдроми – патологик ҳолат бўлиб, бунда томир, тери, юмшоқ тўқималар, суяклар, бўғимларнинг периферик нервлари зарарланиши кузатилади. Кўпинча суяк, бўғим зарарланиб йирингли некротик жараёнлар авж олади. Шунингдек оёқларда майда томирлар тармоғи шикастланиб (микроангиопатия), тўқималар озиқ моддалар ва кислород билан тўйинмай қолади. Моддалар алмашинуви жараёнлари бузилиб, ортиқча маҳсулотлар чиқиб кетолмайди, оқибатда гипоксия тўқималарда жиддий ўзгаришлар пайдо қилади ва гангреноз-некротик жараёнлар ривожланади.

Қандли диабетда атеросклеротик зарарланиш (макроангиопатия) ривожланади ва жуда оғир кечади. Атеросклеротик зарарланишлар сон, тизза ости ва оёқ кафти артерияларида учрайди.

Полинейропатия яъни нерв толалари зарарланиши (соматик ва автоном нейропатия) қандли диабет билан оғриган бемор оёқларида трофик яралар ривожланишига олиб келади. Аксарият ҳолларда оёқ кафтининг шакли ўзгаради, бемор юрганда ҳам, турганида ҳам гавда ҳолати нотўғри бўлади. Иссиқ ёки совуқ ҳароратга сезгиси пасайган оёқ кафти одатдан кўпроқ механик, иссиқлик, кимёвий таъсирлардан шикастланади ва йирингли некротик зарарланишлар хавфи ошади.

Диабет остеоартропатиясида кальциурия, яъни кальций ва бошқа тузларнинг кўплаб чиқиб кетиши рўй беради.

Қандли диабетда оёқ кафтининг нейропатик, ишемик ва нейроишемик турлари тафовут қилинади. Дард бошланганида беморлар оёқларининг толиқиши, совуққотиши, увишишини кўпроқ сеза бошлайдилар.

Диабет узоқ кечганда оёқ кафти шакли ўзгаради, ясси оёқлик пайдо бўлади, бармоқлар болғасимон тус олиб, панжа остида эса қадоқлар пайдо бўлади. Бемор оқсоқланиб юради, оёқда чипқон, трофик яралар пайдо бўлганда, уларнинг тузалиши қийин кечади.

Касалликка ташхис қўйишда оёқ кафтини подоскопда текшириш муҳим аҳамиятга эга. Оёқ кафтида дарди бор беморларни даволашда айрим жараёнлар (масалан, дори-дармонлар турини аниқ белгилаш, яра атрофидаги терини соғломлаштириш ва перифокаль яллиғланишнинг олдини олиш, йирингли-некротик жараённи ва ярадаги яллиғли ўзгаришларни тўхтатиш, иммун тизимини мустаҳкамлаш, оёқларга кўпроқ енгиллик бериш, даволаш вақтида углевод алмашинувини яхшилаш сингарилар)га жиддий эътибор қаратиш керак.

Инфекциялар асорат берганда, ишемик зарарланишларда ва гипергликемияда беморларни албатта инсулин билан даволаш керак бўлади ҳамда оёқ оғриғини қолдирадиган ва полинейропатия аломатларини камайтирувчи дори ва малҳамлар буюрилади. Жароҳатни яхши тозалаш, атрофидаги терини соғломлаштириш, боғловни ҳар куни янгилаб туриш муҳим аҳамиятга эга.

Патологик жараённи даволагандан кўра олдини олиш яхшироқдир. Бунинг учун эса қандли диабет билан хасталанган беморлар ҳар куни оёқ панжаларини назорат қилиб, тўғри парвариш қилишлари ва зарур ҳолларда дарров шифокорга мурожаат этишлари ўта муҳимдир.

Зилола ДОСОВА,
Республика ихтисослаштирилган
эндокринология илмий-амалий
тиббиёт маркази
“Қандли диабетнинг йирингли
асоратлари” бўлими шифокори,
эндокринолог.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x