ВОҲИДОВ ЭРКИН – атоқли ўзбек шоири, драматург, таржимон, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири. Шоир 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида таваллуд топган, 2016 йил 30 майда Тошкент шаҳрида вафот этган. Эркин Воҳидовнинг ижодий солномаси бир-биридан гўзал шеърлар, ғазаллар, қасидалар, достонлар, драмалар ва публицистик асарлардан таркиб топган. Унинг турли йилларда чоп этилган “Тонг нафаси”, “Қўшиқларим сизга”, “Юрак ва ақл”, “Менинг юлдузим”, “Муҳаббат”, “Келажакка мактуб”, “Тирик сайёра”, “Шарқий қирғоқ”, “Бедорлик”, “Куй авжида узилмасин тор”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” тўпламлари, “Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома” сайланмаларида жамланган шеърлари ўзбек замонавий назмининг бетакрор намуналари ҳисобланади. Шоир “Орзу чашмаси”, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”,“Тошкент садоси” каби асарлари билан ўзбек достончилиги ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Э.Воҳидовнинг “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” каби пьесалари 80-йиллар ўзбек драматургияси ва театр санъати тарихидан муносиб ўрин олган.
Эркин Воҳидов таржимон сифатида ҳам салмоқли ишларни амалга оширган. Жумладан, буюк немис шоири Гётенинг машҳур “Фауст” асари, С.Есенин, Ф.Шиллер, Р.Ҳамзатов, Л.Украинка, А.Блок каби жаҳон шеъриятининг илғор вакиллари ижоди Эркин Воҳидов таржимасида ўзбек китобхонларига етиб келган. ХХ аср ўзбек шеъриятининг забардаст намояндаси Эркин Воҳидовнинг асарлари қардош туркий тиллардан ташқари, немис, француз, рус, инглиз, урду, араб, ҳинд ва бошқа кўплаб хорижий тилларида севиб ўқилади.
ВОЛЬТЕР (ФРАНСУА-МАРИ АРУЭ) – XVIII аср француз адабиётининг йирик намояндаси, адиб, шоир, тарихчи, файласуф. 1694 йил 21 ноябрда Парижда таваллуд топган, 1778 йилда вафот этган. Адабий фаолиятини шеъриятдан бошлаган Вольтер ҳаёти давомида фалсафага, айниқса, антик давр алломалари ва Уйғониш даври Европа файласуфларининг таълимотларига катта қизиқиш билан яшаган. У ўн саккиз ёшида юридик таҳсилдан воз кечиб, ўзини адабий фаолиятга бағишлайди. Вольтер ижодининг дастлабки босқичида “Фалсафий мактублар”, “Оқсуяк одам”, “Генриада”, “Орлеанлик бокира” поэмалари, “Эдип”, “Альзира”, “Муҳаммад” трагедиялари дунёга келган. Адиб ҳаётининг иккинчи ярми Англия, Шотландия, Берлин ва Россияга саёҳат ва сафарлар билан кечиб, бу даврда у асосан, илмий-фалсафий изланишларларини давом эттиради. “Ньютон фалсафаси асослари”, “Метафизика ҳақида рисола”, “Номзод”, “Буюк Пётр даври Россия империяси тарихи”, “Энциклопедия ҳақида мулоҳазалар”, “Бағрикенглик ҳақида рисола”, “Фалсафий луғат ёндафтари”, “Халқ руҳи ва одатлари ҳақида умумий тажрибалар”, “Содда дил” сингари фалсафий қиссалари адиб ижодий тафаккурининг қимматли намуналари ҳисобланади.
ВУЛЬГАРИЗМ – (лотинча “vulgaris – “қўпол”, “оддий”) умумий нутқда ишлатиладиган, адабий тил қоидалари ва ифода усулига кирмайдиган анъанавий тил услуби. Яъни, тилда мавжуд бўлган сўкиш ва қарғиш сўзларидир. Бу турдаги сўзлар, одатда, икки гуруҳга ажратиб ўрганилади: биринчиси, қарғиш сўзлар ва иккинчиси, ҳақорат сўзлар. Нутқ услублари доктринаси билан боғлиқ вульгаризм таълимоти, тилнинг ижтимоий-диалектик парчаланиши, сўзнинг ҳиссий оҳангида фарқланишини тартибга солувчи қоидаларга асосланади. Ҳозирги кунда ишлатилиш кўлами чегараланган лексика, яъни вульгар сўзлар умумистеъмолдаги лексиканинг бир бўлаги ҳисобланади.
ВУЧИЧЕВИЧ-СИБИРСКИЙ – (Владимир Дмитриевич Вучичевич-Сибирский) ХХ аср рус анъанавий рангтасвир санъати намояндаларидан бири, рассом, график. Вучичевич-Сибирский 1869 йилда Россиянинг Полтава губернасида таваллуд топган, 1919 йилда вафот этган. У ўсмирлик йилларида машҳур рассом, кўплаб буюк мусаввирларнинг устози Мурашконинг Киевдаги устахонасида, шунингдек, таниқли манзарачи рассом Шишкин устахонасида рассомлик маҳоратини эгаллаган. Вучичевич бўлажак рассомлар Врубель, Нестернов, Васнецов билан бир авлод сифатида ижодий майдонга кириб келган. У дастлабки манзара жанридаги машқлари билан буюк Репиннинг назарига тушади. Репин ёш Вучичевични илк муваффақиятлари билан табриклагач, маълум муддат унга устозлик қилади. Вучичевич манзара жанридаги “Кечки пайт”, “Финнанинг кичик ҳовлиси”, “Қиш”, “Тонг” сингари асарлари билан кўргазмаларда қатнашиб, коллекционерлар эътиборини қозонади. Мусаввирнинг “Достоевскийнинг Кузнецкадаги кичик уйи”, “Тунги сукунат”, “Тургаяка қирғоғи”, “Кузги Байкал шовқини”, “Кўл”, “Қишки ўрмон йўли”, “Солон-Нур кўли”, “Дарахт пейзажи”, “Ёмғирдан сўнг”, “Тайга”, “Тун қўйнидаги кўл” сингари йирик асарлари унга профессионал рассом сифатида чинакам шуҳрат келтиради. Ҳозирда Вучичевич-Сибирский асарларининг маълум қисмигина Россиянинг Барнаул, Иркутск, Кемерово, Томск вилоятларидаги Бадиий музейларда сақланади. Рассомнинг ўлимидан сўнг ижодий меросининг катта қисми турли сабабларга кўра йўқолган.
ВЯЧЕСЛАВ ТИХОНОВ – атоқли рус театр ва кино актёри. Тихонов 1928 йил 8 февралда Москва вилоятига қарашли Повловский шаҳарчасида таваллуд топган, 2009 йилда Москвада вафот этган. Тихонов рус киноси тарихида турфа жанр ва характерли роллари билан йирик пландаги актёр сифатида ўз салоҳиятини жаҳонга намоён қилган. Жумладан, петербурглик йигит “Тарас Шевченко” (режиссёр И.Савченко), Константин Гаврилович Кожемякин “Имтиёзли муҳаббат” (режиссёр В.Кучинский), Печорин “Замонамиз қаҳрамони” (режиссёр С.Ростоцский), Андрей Болконский “Уруш ва тинчлик” (режиссёр С.Бондарчук), Павлин “Егор Бульич ва бошқалар” (режиссёр С.Соловьёв), Тихон “Иблислар” (режиссёр И.Таланкин), Штирлиц “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” (режиссёр Т.Лиознова), Михаил Зайчев “Кутиш зали” (режиссёр Д.Астрахан), Капитонов “Оилавий бахт” (режиссёр С.Соловьёв), Петер Лоссер “Европа тарихи” (режиссёр И.Гостев), Кекса олим “Бўри кўзлари” (режиссёр Н.Вороновский), Шарлемань, архивариус “Аждарниг ўлими” (режиссёр М.Захаров), Всеволод Константинович “Чарчаган қуёш” (режиссёр Н.Михалков) каби олтмишга яқин образлари Вячеслав Тихонов номини элга танитган.
Дилрабо МУҲАММАДЮСУПОВА
тайёрлади
2019/3
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/26/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87/