ЗИНАИДА СЕРЕБРЯКОВА

ХХ асрда дунёнинг икки мудҳиш уруши орасида яшаб, ҳаётнинг мураккаб синовларини ижоди билан енгиб, санъат тарихида муносиб из қолдирган ижодкорлар талайгина, бироқ, улар орасида умрининг сўнгига қадар енгилмасдан санъат йўлида қолган аёл санъаткорлар саноқлидир.Тасвирий санъат оламида ана шундай мардонавор ижод қилган рассомлардан бири Зинаида Сереб­ряковадир.
Атоқли рус мусаввираси Зинаида Серебрякова (Зинаида Лансере)1884 йилда Белгороддаги Нескучной шаҳарчасида ижодкорлар оиласида дунёга келган. Унинг онаси Екатерина Лансере француз-италян рассомлари ва архитекторлари авлодидан бўлиб, ўзи ҳам иқтидорли график рассом эди. Отаси Евгений Лансере эса анималист-ҳайкалтарош бўлиб, у Зинаида икки яшарлик чоғида оламдан ўтганди. Зинаиданинг барча яқинлари – оила аъзолари, тоғалари, акалари рангтасвирга алоқадор кишилар бўлиб, расм чизиш унга болаликдан кўникмага айланганди. Бўлажак рассомнинг илк устозлари Шура (рассом, меъмор, танқидчи Александр Бенуа) ва Берта (рассом, меъмор, академик Альберт Бенуа) тоғалари эди.
Серебрякованинг рангтасвирдаги илк қадамлари манзара жанри билан, аниқроғи, ўзи учун қадрдон маскан Нескучноенинг табиати билан узвий боғлиқ. У кенг далаларни, йиғим-терим майдонларини, шу ердаги меҳнаткаш одамларни ўзгача муҳаббат билан чизарди. Илк асари “Олма” (1900) ҳам шу мавзуда бўлиб, уни Зинаида ўн олти ёшлигида чизган. Сереб­рякованинг ижодида қариндошлари ва дўстларининг ажойиб портретлари ҳамда меҳнаткаш деҳқонлар мавзусидаги полотнолар ўзига хос ўрин тутади.
Зинаида 1900 йили қизлар ўқитиладиган махсус гимназияни тамомлаб, Петербург Бадиий Академиясига ўқишга киради. Аммо бўлажак рассом бу ўқишни унчалик ёқтирмайди. Шу сабабли у Академияни машҳур меценат княгинья Мария Тенишеванинг бадиий мактабига, ундан сўнг машҳур портретчи рассом Осип Бразнинг устахонасига алмаштиради.
1902–1903 йилларда Италияга саёҳат қилиб, истеъдодли рассом Анна Остоумова-Лебедова билан танишади. Шундан сўнг рассомнинг тумандек хира кўринган ижод йўли ойдинлашади ва ҳеч қандай устоз кўмагисиз мустақил равишда рангтасвир билан шуғулланишга киришади.
Зинаида Борис Серебряковга турмушга чиққач, у билан Парижга, афсонавий Де ла Гранд Шомьер академиясига жўнаб кетади. Аммо Париж қанчалик гўзал ва бетакрор бўлмасин, ёш рассом ўзини бегона ҳис этар, илҳом манбаи қишлоғини соғинарди. Орадан бир неча йил ўтиб, улар барибир Нескучноега қайтадилар.
Рассом бу ерда фарзандлар тарбиялаш билан бирга қишлоғининг табиати, бепоён денгиздек чайқалиб ётган жавдар далаларини чизишдан чарчамасди. Рассом ўз хотираларида ҳаётининг бу дамларини шундай хотирлайди: “Болаларим билан Нескучноеда қолишга қарор қилгандим… Турмуш ўртоғим Борис Анатольевич хизмат сафарида эди. Бу йил қиш эртароқ келди, ҳаммаёқ қалин қор билан қопланди – бизнинг боғ, атроф дала, қор, қор, қор… ташқарига чиқиш иложсиз. Лекин уй қўрғончамиз иссиқ ва оромбахш эди.”
У заҳматкаш деҳқонларни чиндан ҳам жуда севарди. Машҳур этюдларидан бири “Дон йиғиш”да оқ кўйлак, оч қизил ва кўк рангли сарафан кийган деҳқонларнинг аҳил меҳнат жараёни акс эттирилган. “Кўзгу олдида” (1909) автопортрети ҳам айни мана шу даврга оид бўлиб, унда Серебрякова ўзини ёшликка хос енгил, кўтаринки руҳда тасвирлаган. Унинг порлаб турган кўзларидан қалбининг тозалиги, гўзаллик барқ уриб турган қиёфасидан эса яшашга, ҳаётга бўлган улкан муҳаббати кўриниб туради. Москвада ўтказилган “Санъат олами” кўргазмасида “Кўзгу олдида” ва “Яшиллик. Куз” (1908) номли асарлари билан қатнашади. Шу икки асар Зинаида Серебряковага илк бора машҳурлик ҳадя қилади, асарларининг Третьяков галереясига сотиб олинишига сабаб бўлади.
ХХ аср бошларида авангард ҳали кучга кирмаган, рус рангтасвир санъати ҳамон Эдуард Манэ, Эдгар Дега каби импрессионистлар изи­дан борарди. Валентин Серов, Константин Сомов, Константин Коровин, Виктор Борисов-Мусатов рус тасвирий санъатининг илғорлари неоклассик йўлида ижод қиларди. Серебрякова эса ўз асарларида абстракт формалардан, яширин мазмунга эга чизиқлардан фойдаланмади. У асосан, гўзал, соғлом аёлларни, табиат ва болаларни, оиласи, уй муҳити ва турмуш ўртоғини тасвирларди. Айни шу мавзуда ишланган “Нонушта вақтида” (1914) полотноси унинг энг машҳур ишлари сирасига киради. Картинада болаларнинг рассомга қараб турган ҳолати, стол ва унга ёйилган оппоқ дастурхон, ҳалқадаги қўл артгич, чинни идиш, бувисининг ликопчаларга шўрва сузаётган қўллари маҳорат билан тасвирланган. Серебрякова композициядаги осойишта уй тасвирини тобора ёпирилиб келаётган биринчи жаҳон урушига, Россиядаги чорасизликка қарама-қарши қўя олган.
1917 йилдаги инқилоб Серебрякованинг Қримда ўтказмоқчи бўлган таътилларини, хорижда очилажак кўргазмалар режасини, Нескучноедаги осойишта ҳаёт тарзини парчалаб юборади. Зинаиданинг турмуш ўртоғи дастлаб Сибирга, сўнг Москвага хизматга сафарбар этилади. Очарчилик ҳамма каби унинг оиласига ҳам чанг солган вақтда-да у чизишдан, севимли меҳнатидан воз кечмади. “Холстни оқартириш” асари айни шу даврда ишланган, унда қишлоқ аёллари доимгидек меҳнат жараёнида, улар қўлларида мато, яъни холстларни оқартириш билан банд ҳолатда тасвирланган. Эътиборлиси, аёлларнинг қомати антик давр маъбудалари каби улуғвор ишланган бўлиб, асар композициясида миллат қалбини кўрсатиш мақсади ётади.
1919 йили Борис Серебряков оиласини Нескучноедан Харьковга олиб кетади, аммо хизмат сафарларида орттирган хасталик туфайли 39 ёшида оламдан ўтади. Зинаида тўрт нафар вояга етмаган фарзанди билан ўттиз олти ёшида ёлғиз қолади. У фарзандлари билан қийинчиликда ҳаёт кечиришда давом этади. Бўёқ анқонинг уруғи бўлиб турган даврда ҳам кўмир ва қалам билан Харьков миллий музейидаги тарихий археологик топилмалар суратини ишлайди. Зерикарлидек туюлган бу иш фавқулодда омадли чиқиб, бир мунча даромад ҳам келтиради. 1920 йили Зинаида болалари билан Петроградга, тоғаси Николя Бенуанинг уйига кўчиб ўтади. У ерда дўстлари санъатшунос Сергей Эрнст, рассом Дмитрий Бушенларнинг кўмаги билан фарзандларининг яхши таҳсил олишига имконият ахтаради. Маринский театрининг мураккаб ва қизиқарли саҳна орти ҳаётини кузатиб, балериналар акс этган бир неча сериали асарлар яратишга киришади. Ёш раққосаларнинг саҳна ортидаги тайёргарлиги, уларнинг юз қиёфаларидаги ҳаяжонни ўз йўналишида моҳирона ифодалайди. Бироқ, етишмовчилик муаммоси борган сари уни ижоддан узоқлаштириб борарди. Бу шароитда ижодининг гулламаслигини англаб етган рассом 1924 йилда фарзандларини кекса онаси қарамоғига қолдириб, Францияга жўнаб кетади. Аммо Парижда ҳам рангтасвирнинг “нонини ейиш” осон эмасди. Авангард аллақачон рангтасвирни тарк этган, мумтоз шаклнинг ихлосмандлари деярли йўқ эди.
Зинаида 1925 йили кенжа ўғлини, кейинроқ кенжа қизини Францияга олиб келиб, энг арзон қишлоқ уйларни ижарага олиб яшайди. Бу орада Ривьера, Прованс, Бретаньга, Англия ва Швецариядаги қариндошлариникига ва бир неча бора Италияга боради. Ниҳоят, 1928 йили Брюсселдаги “Эски ва янги рус санъати” кўргазмасидаги иштирокидан сўнг унга кетма-кет буюртмалар кела бошлайди. Мароқандда ишлаган буюртма асарлари Париж кўргазмасида намойиш этилади. Ижоди эътироф этилса-да, аммо унинг ҳеч қайси асари сотилмайди. Чунки Серебрякова соф ижодкор бўлиб, олди-сотди ишларига сира уқуви йўқ эди.
1940 йилларга келиб, Серебрякова оиласини бирлаштиришга бир неча бор уриниб кўради. Бироқ, Франция ва Россиянинг ўша даврдаги муносабатлардаги кескинлик бунга имкон бермайди. Орадан йиллар ўтиб, 1960 йилдагина унинг тўнғич қизи Татьяна 36 йиллик айрилиқдан сўнг онаси билан Парижда кўришиш учун рухсат олади. Татьяна бу вақтда Москва бадиий академик театри (МХАТ)да рассом бўлиб ишларди. Учрашувдан кейин Татьяна Серебрякова Россия Рассомлар уюшмасига онасининг кўргазмасини ватанида ташкил этилишини сўраб мурожаат қилади. Кўргазма 1965 йилда бирданига уч шаҳарда – Москва, Киев, Ленинградда очилади. Серебрякова бу вақтда 80 ёшда бўлиб, асарларига ўз ватандошларининг муносабатини билишни интизорлик билан кутарди. Кутилганидан-да ортиқ томошабин, газеталардаги ҳайратлар садоси рассомнинг дилида йиллар давом этган унутилиш изтиробини парчалаб юборди. Музейлар картиналарини сотиб олишди, миллонлаб тираждаги альбомлари чоп этилди, коллекционерлар унинг полотноларини ҳаддан ташқари катта пулга ҳарид қила бошлашди.
Ўнқир-чўнғир ҳаёт йўлини сабр тоқат ила яшаб, сабр тоқат ила ўз санъатини яратган ва жаҳоний номга эришган хассос ижодкор Зинаида Серебрякова 1967 йил 19 сентябрда 82 ёшида оламдан ўтган.

Инобат ИМОНҚУЛОВА
санъатшунос

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/26/%d0%b7%d0%b8%d0%bd%d0%b0%d0%b8%d0%b4%d0%b0-%d1%81%d0%b5%d1%80%d0%b5%d0%b1%d1%80%d1%8f%d0%ba%d0%be%d0%b2%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x