Алишер НАВОИЙ (1441–1501) ХАРОБОТ АРО КИРДИМ…

Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазиналари”) девонида шоирнинг бир неча таржиъбанд ва шунга ўхшаш йирик шеър­лари бор. Улар “Хазойин ул-маоний”нинг XX асрда Тошкентда нашр этилган тўрттала китобида учрайди.
Аввал таржиъбанднинг маъносини ечиб олайлик. “Таржиъ” араб тилида қайтариш, такрор демакдир. Банд эса бўғин, боғланишни англатади. Демак, таржиъбанд дегани бир-бирига боғланувчи шеър бўлаклари маъносидадир. Улардаги охирги байт (икки мисра) ҳар бўлакда ўз­гаришсиз такрорланаверади. Масалан, Навоий қаламига мансуб “Хазойин ул-маоний”нинг биринчи китоби “Ғаройиб ус-сиғар” (“Болаликнинг ғаройиботлари”) даги таржиъбанднинг ҳар бири ўн байтдан иборат бўлган бўлагида ўнинчи байт такрор келаверади.

Харобот аро кирдим ошуфтаҳол
Май истарга илкимда синган сафол.

Бу байт маснавий тарзида қофияланган. Қолган байтлар эса ғазалдаги сингари қофияланган. Демак, ушбу таржиъбанднинг тўққиз байтли ғазалдан фарқи, унинг ўнинчи байтининг ҳар бир бўлакда такрорланишидир.
Қуйида ўша ўн байтли бўлакни тўлалигича келтирамиз:
1) “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги таржиъбанд

Кетур соқий, ул майни субҳи аласт
Анинг нашъасидин кўнгул эрди маст.
Майеким қилур, қуйсалар жон аро
Ўзи масту кайфияти майпараст.
Анинг саргузаштеки, бир кун манга
Неча майпараст ўлдилар ҳамнишаст.
Май олмоққа пири муғон жазбаси
Мени чекти андоқки, моҳийни шаст.
Қилиб хирқа май раҳнию зарфининг
Этиб оғзини мум ила сангбаст.
Келур эрдим илкимда майлиқ сабу
Бўлуб тўққуз афлок оллимда паст.
Ки огоҳ ўлуб тўш-тўшумдин қабаб
Манга топтилар иҳтисоб аҳли даст.
Шикастим менинг онча эрмас эди
Ки май зарфи топти арода шикаст.
Чу синди сабу, чорае топмадим
Мени муфлису ўру гирёни маст.
Харобот аро кирдим ошуфтаҳол
Май истарга илкимда синған сафол.

Ўнинчи байт ҳар бир ўнликнинг охирида айнан такрорланади. Шундан “таржиъ” (такрор) келиб чиқади. Ушбу таржиъбанднинг лирик қаҳрамони майпараст. У эрталаб май нашъасини сурмоққа илҳақ. У худди қармоққа илинган балиқ сингари майхонаси ҳузурига интилади. У ерга бориб ўзининг эски чопонини гаровга қўяди, сўнг мум билан беркитиб ташланган май идиши олдида турганича ўз кувачасига майни қуйдиради. У энди хурсанд. Тўққиз фалакни назар-писанд қилмайди. Топажак май нашъаси умиди билан тўла уйига қайтмоқда. Йўлда унга мухтасиблар (текширувчилар) учрадилар ва ушладилар. Май солинган идишни синдирдилар. Мен, дейди ҳикоячи, муфлис, ярим яланғоч, йиғлоқ, маст ҳолатда қолиб кетдим.
Шундан кейин бу бенаво синган сафол идишини кўтарганича, ошифтаҳол яна май истаб хароботга (майхонага) кириб борди.
Бу ўн байтли шеърдаги асосий масала ўша май истаган ринд майхўр ва унинг аянчли аҳволи. Шеърда тилга олинаётган май, албатта, ичкилик, шароб эмас. У маънавий талаб. Майхўр эса ана шу талаб ва эътиқод йўлидаги ошифтаҳол.
Таржиъбанд – шеърнинг лирик қаҳрамони чин севги йўлидаги фидойи. У севги ва садоқатда собитқадам. Севги майига доимо хумор ва ташна ошиқ. Унинг кўнглини тўлдирган туйғулари бу ошиқни муҳаббат девонаси, бенаво, ҳақир; дунёнинг барча икир- чикирларига бепарво, фақат ёр ва унга муҳаббат майига хумор ва ташна бечорага айлантириб юборган. Унинг учун ҳам шоир тонг ёришар-ёришмас соқийдан ўша севги ма­йини сўровчи номидан ҳикояни бошлайди. Шу шахс пири муғондан ўзи тилаган майни олиб қайтаётганида юз берган воқеалар ўша май кайфини йўққа чиқарди ва у бечора қўлидаги синган сафоли билан яна хароботга қайтиб келади. Бу – умумлашма образ. Унда фақат бир кишининггина эмас, балки шу тоифадаги бутун бир жамоанинг ҳолати, кайфияти, интилишлари кўрсатилмоқда. Навоий куйламоқда бўлган “май” таърифи, бизнинг ошиқ ва унга ҳамнишаст (бирга ўлтирувчи) бўлган неча майпарастларнинг аҳволи бу таржиъбандда тасвир этилган шароит, кўринишлар ва ҳодисалар орқали намоён этилмоқда.
Иккинчи ўнликда лирик қаҳрамон ўзи чеккан уқубат ва изтироблардан хулоса қила бошлайди. Бу ўнлик ҳам соқийга хитоб билан бошланади. У кўпроқ олдинги ўнликнинг давомига ўхшаб кетади. Лекин унда воқеалар баёни йўқ. Балки фикр ва мулоҳазалар ортиқроқ:
Бу гулшан гулига чу йўқтур вафо,
Не парҳез этай жоми гулфомдин.

Модомики, ҳаёт гулшани гулларига доимийлик берилмаган экан; гул рангли, гул ҳидли, гулдек гўзал жомдан, ундаги май нашъасидан воз кечмак керакми? Шоир бу фикр асоси учун жуда кучли бир нисбатни ишлатади. Айрилиқ хумори зулматини йўқ қилувчи тонг отмади. Шунинг учун майни шундайин ичайки, дейди ошиқ-майпараст, шом билан субҳнинг фарқига боролмайдиган бўлиб қолайин.
Шундан сўнг шоир кундалик турмуш кўринишларини бир-бири билан қиёслашга ўтади. Унинг учун (яъни майпараст девона учун) дайр пири (майхонадаги жамоа бошлиғи) шайх ул-исломдан (мусулмонларнинг бош раҳбари) кўра ортиқроқ. Майхонадаги майхўрлик хоҳ оддий, хоҳ хос одамлардаги ақлу ҳушдан афзалроқ. У шундай фиғон чекадики, хароботда қилган нолалари одамларда фарёдлар уйғотади. Зоҳир бу кишига савол бермоққа журъат қилолмайди. Бу девона ўзи тилаган май учун бор-йўғини гаров қилиб тугатган. Бу бору йўқ ҳам фақат эски чопон ва тасбеҳдангина иборат эди, холос.

Бўлай дайр пириға андоқ мурид
Ки ёд этмайин шайх ул-исломдин.
Кирай дайр аро уйла мажнуну маст
Ки кетсун хирад хос ила хомдин.
Хароботий ўлмоғлиғим, зоҳидо,
Суол этма мен зори бадномдин
Гаров қилғали майға чун қолмади
На тасбиҳу на чора нокомдин.

Ана шундай аҳволда эди, кўлида синган сафолни кўтарганича май истаб хароботга кириб келган бечора.
Учинчи ўнликда бу ошиқ-девона ўзининг синиқ жомида озгина лойқа май борлигини айтади. Ўша май қуйқаси унга ойна (гетинамо) бўлиб кўринар эди.

Сафол ичра бир журъа лойе менга
Эрур жоми гетинамойи менга.

Энди қаҳрамонимиз ўз бошидан кечирганларини ҳикоя қила бошлайди. Олдин у зоҳидга ишора қилади. Унинг савол бермоққа ҳаққи йўқлигини билдирган эди. Ҳозир эса ўзининг барча кўрган-билганларини очиқ изҳор этишга киришади. У дайр пирига вафоли. Шунинг учун замона жафоларини назар-писанд қилмайди.

Чу мен дайр пири вафосидамен,
Фалакдин етишмас жафойе менга.

У тариқат сулукини (йўлини) маҳкам тутган. Ундан олдин бу одам зуҳду тақвони шиор қилган, хонақоҳда мақом қилган эди; зикр ва сажжода (жойнамоз)га берилганди. Уларнинг ҳеч қайсисида тилаган нарсасини топмади. Шунинг учун уларнинг ҳаммасидан воз кечди.
Бурун зуҳду тақвони айлаб шиор
Дедимким, етишгай сафойе менга.
Бориб хонақаҳ ичра қилдим мақом
Бу маъно хўб ўлди балойе менга.
Боқиб хилвату зикру сажжодани
Зуҳур этди ҳар дам риёйе менга.
Булардин ўзимни халос айладим
Ки то ҳосил ўлгай фанойе менга.

Ана шу истиғфор (хатолардан кечирим сўраш)дан кейин қаҳрамонимиз ўзининг қўлида синган сафолини тутганича хароботга кириб келгани ва бу ерда осойиш топмоқчи эканлигини айтади.
Агарда ушбу таржиъбанднинг (“Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги) биринчи ва иккинчи ўнликлари соқийга мурожаат билан бошланган бўлса, учинчи ўнликда бундай мурожаат йўқ. Бунда солик (йўлчи)нинг олдинги ишлари тўғрисида ҳикоя асосий ўринни эгаллайди, ўша ишларнинг барчаси беҳуда эканлигига тан берилади.
Тўртинчи ўнлик дайр (майхона) таърифига бағишланган.
Лирик қаҳрамон май истаги билан тўла. У майхонага бир кошона сифатида қарайди. Бу ердаги пири муғон “сахо шевали”, яъни қўли очиқ бир зот. У ҳаммани маърифат майи билан зиёфат қилади. Майни тутувчилар эса

Суманбарлар ичра пари чеҳрае
Паричеҳралар ичра девонае.
Менга гоҳи ул берса май бирла жон
Бу қилса гаҳи қатли мастонае.

Майхонада тўйиб-тўйиб май ичган девонанинг хаёли афсоналарда. Бу ерга йиғилган муфлислар давра қуриб базмни авжига чиқармоқдалар. Яна маълум бўладики, пири муғон яна бир майхона очиб унда ҳам ҳар гадога паймона тутмоқда эмиш. Демак, майхоналарнинг иши авжида.
Бешинчи ўнликда мавзу сал ўзгаради. Энди шоир ишқ тўғрисида сўзлайди:

Яна бўлмишам ошиқи зор ҳам,
Хароботию ринду хаммор ҳам.

У майга берилиб зуҳду тақводан ор қилган. Узун май идишини бут қилиб олган, унинг ипини эшиб ўзига зуннор қилган. Кафш ва салласини эса нуқл (газак, май сўнгидан ейиладиган мева) учун берган. У қаландарсифат бир кимсага айланиб қолган. Унинг маҳбубаси бўлмиш зот ҳам шундай.

Мени ишқдин ўртаган муғбача
Ки девонавашдур, паривор ҳам.

Ана шу паривор “харобот куйида майхор” ҳам эди.

Эрур чунки якранглик шарти ишқ
Бу тақриб бирла мени зор ҳам.

Шундай қилиб, шоир ишқ йўлида телба бўлиб майхонада ўрнашган девона ошиқнинг ҳамда унга якранг бўлган бошқа бир майхоранинг суратини чизади. У ўша девонанинг севгилисидир.
Бу ерда бир нарсага диққат қилмоқ лозим кўринади. Девона, майхори ошиқ зуҳду тақводан юз ўгириб, белига зуннор (ғайридинлик белбоғи) боғлаб; кафшу саллаю эски чопонини майга гаров қўйган эди. Бу қилмишларини у девоналар иши (девонакирдор) деб билади ва шундай деб тушунтиради. Амалда ҳам шундайми ёки йўқ? Ўқувчиларимиз бу айтилганларни шоир томонидан бадиий тасвир воситаларининг қўлланиши деб қарашлари керак. Навоий ана шундай хатти-ҳаракатларни маъқулловчи ва айниқса, тарғиб қилувчи сифатида чиқмоғи мумкин эмас. Шоир ўз қаҳрамонининг ҳамиша майга илҳақлиги даражаси баланд ва кучли эканини тасвирламоқда. Мусулмон этикасида эса ана шу айтиб ўтилган ҳоллардан кўра кучлироқ, таъсирчанроқ восита бўлмоғи қийин. Ушбу таржиъбанддаги маҳбуба образи ҳам ўзига хос ўринга эга. У ишқ йўлида қатъий ва муқим туради. Лекин бу маҳбуба ўз сифатлари билан қаҳрамонимизга ўхшаб кетади. Асосий масала ишқ ва унга муносабатдан иборат. Бу ерда ишқ туфайли девона ва унинг севгилиси ўртасида содир бўлаётган воқеаларнинг бадиий тасвири гўё кундалик турмушда бўладиган оддий майхона, майхора ва май тутувчилар образи орқали берилмоқда. Агар биз бу тасвирни шундай ўзича қабул қилсак, бу ўта сохталаштирув бўлади. Бундай ёндашув бадиий ижод қоидаларига мутлақо хилофдир.
Алишер Навоий таржиъбандида тасвир этилмоқда бўлган воқеалар хаё­лот маҳсуллари, шоир фикри ва тасаввурининг самараларидир. Аммо шу тасвирлар Навоий ҳикоя қилаётган соф муҳаббат майига мос келади. Худди воқеалар реал турмушда юз бераётгандек туюлади. Шоирнинг бадиий қуввати ҳам шунда. У ўқувчини ўз айтганларига ишонтириб, уни шу юз бераётган воқеалар томошабини, ҳатто иштирокчисига айлантириб юборади. Амалда эса ёзилган нарсалар ҳаммаси хаёлийдир. Лекин бадиий ижод шундай воқеаларнинг кундалик турмуш ҳодисаларига ўхшаш, яқин бўлмоғига эришмоқни тақозо қилади. Таржиъбанддаги майхора паричеҳра образи ҳам шу мақсадга хизмат қилади. У хаёлийми ёки реал образми — айтиш қийин. Эҳтимол, шоир билган шахслар орасида шундай дилбар паризод бўлгандир. Ҳар ҳолда шеър қаҳрамонининг кўнгли унга тушди. Унинг юрагида бу гўзалга муҳаббат уйғонди. Лекин бу муҳаббат олдинги қайта-қайта куйланган муҳаббат майи каби эмас, бу мажозий муҳаббат. Тўғрироғи, ўша олий, ҳақиқий муҳаббат шуълаларидан бири. Ҳар иккала шахсни бир-бирига боғловчи куч ҳам ўша олий муҳаббатга берилишдаги уйғунликдир.
Таржиъбанднинг олтинчи ўнлиги яна ўша девонаваш майхора аҳволи тасвирига бағишланган. У майга ташна, соқийи гулъузорни қидиради. Майга хуморлик унинг жонига қасд этмоқда.

Қани соқийи гулъузорим менинг,
Ки жон қасди этмиш хуморим менинг…
Хумор айлаб ул навъ ошуфтаким,
Иликдин бориб ихтиёрим менинг.

Ана шундай аянч аҳволга тушиб қолган майхоранинг нолаи зори бу ўнликнинг ҳар байтида эшитилиб туради.
Воқеалар тасвири шу йўсинда давом эта боради.
Олтинчи ўнликда девонаваш майхоранинг эндиги аҳволини кўрамиз.
Қаҳрамонимиз хоксор, ер билан яксон бўлган, айрилиқ туфайли кўп оғирликларни кўтармоқда, ғам ва дардларга мубтало. У майхона сари интилади. У ерга етгач пири муғоннинг озми-кўпми тутган майига йўғу борини сарф этмоққа тайёр. У фақиҳга мурожаат қилади, ўзининг бу машаққатларидан хабардор бўлмоқни ундан сўрайди. Кеча хароботда сармаст бўлгани, энди эса майсиз сабру тоқатини йўқотганини айтиб зорланади.
Еттинчи ўнликда ҳам майхоранинг ана шундай аянч ҳоли тўғрисидаги ҳикоя давом этади.

Мени май ошуфтаҳол айлади,
Бу водийда мажнун мисол айлади.

Бу ошифтаҳоллик шундайки, майфуруш узумни қанчалик эзиб, мижиғлаб ташласа, менинг жисмим ҳам шунчалар янчилиб кетган, дейди у. Май (чоғир) тўла идиш ўрдакка (бот) ўхшагандир. У идишнинг жозибаси шу қадар кучли эдики, ақл булбулини гунгу лол айлаб қўйган.

Чоғир касрати май батидек манга
Хирад булбулин гунгу лол айлади.

Майхора девона қўлида қадаҳни тутганича ғам юки остида қадди букилиб кетган, қизил май иштиёқида унинг юзи сарғайиб кўз ёшлари қондек қизарган. Зилол май қуйилган жом учун у саломатлик чопонини гаровга қўйган, осмон атласчи майхона йўлида кетаётганида унга кийим ўрнига эски шол (юнгдан тўқилган ёпинчиғ) ёпган эди. У қўлида жом ўрнига синган сафолни тутганича бормоқда. Идбор (бахтсизлик, омадсизлик) ва ошифталиғ шу аҳволда май истаб тентирамоққа мажбур этган.
Шоир майхоранинг бундай зор аҳволини кўрсатар экан, унинг майга интиқлиги қанчалар зўр эканлигини ёзмоқда. Лекин унга етиша олармикин?
Саккизинчи ўнликда баҳс бор. Бу зиддиятни кўрсатади. Зиддият эса зоҳид билан майхора ўртасида. Баҳс олдидан девонаваш майхўр майни улуғлайди, соқийга мурожаат қилиб бу миръот, яъни софлик, тиниқлик, равшанлик (аслида кўзгу, ойна)даги майни оғзига қуймоқни сўрайди. Унинг хароботга келмоқдан мақсади шу.

Яна дурдкашмен мубоҳот учун
Бериб жон ҳавои харобот учун
Кетур соқий, бода, оғзимға қуй,
Дамеким, ўлубмен бу миръот учун.

Тўққизинчи ўнликда ҳам ҳикоя реал турмуш кўринишларига оид. Бунда майхоранинг ҳабиби рақиб билан бирга бода ичаётгани тўғрисида сўз боради. Бундай аҳволда майхора дарвеш ошиқ оғир кайфиятга тушиб қолди.

Яна бошламиш бода ичмак ҳабиб
Манга ичмай ўлгайму сабру шикеб
Ичармен вале қон, надинким ичар
Ҳабибим била бода ҳар дам рақиб.

У дардини бода ичмоқ билан босмоқчи. Лекин ҳабибининг рақиб билан бирга эканидан у май ўрнига хун ютади.

Насиби рақебинг ар май бўлуб
Насибам менинг бўлса қон ё насиб.

Шоир энди бечора ошиқ-девонанинг изтироблари тасвирига кўчади. Бу қандай гапки, гулшанда зоғ гулга маҳрам бўлса-ю, булбул гулдан маҳрум бўлиб қолаверса.

Не зулмики, гулшанда гул маҳрами
Бўлуб зоғу маҳрум эрур андалиб.

Бундай беҳад зулмдан куйиб ёнган ошиқ ишқ кофирига айланади. У белига зуннор боғлайди, бўйнига салиб (бут) осади, ёқасини чок этади, кўксига тош уради; эл аро ғавғо, тўс-тўполон бошлайди. Бунинг ҳеч ажаб­ланарли жойи йўқ.

Не тонг, боғламоқ кофири ишқ ўлуб,
Киши белга зуннору осмоқ салиб.
Ёқам чок этиб, кўксума тош уруб,
Солиб рустахез эл аро мен ғариб.

Лекин бу ишлардан натижа бўлмади. Энди ошиқ беҳудликка ўтмоқчи. У лаболаб май ичиб ўзидан кетмоқчи. Шунинг учун қўлидаги синган сафол билан хароботга кириб келади. У “харобот йўлида бўлдим нишаб (пастлашмоқ)” дейди.
Шундай қилиб, тўққизинчи ўнлик олдингиларидан фарқли. Бунда рақиб ва унга мойиллик кўрсатувчи бевафо ҳабиб образлари бор. Бу ночорликдан бечора ошиқнинг аламзадалиги ортиб бормоқда. У кофири ишққа айланади. Яъни ўша маҳбубадан воз кечиб номусулмон йўлига ўтмоқчи. У белига зуннор боғлаб, бўйнига бут осмоқни хаёл қилади. Бундан барибир фойда бўлмаслигини билгани учун харобот ичра тубанлашиб, тинмай май ичиб беҳудликка тушмоқни афзал кўради.
Тўққизинчи ўнликда воқеа – ҳабибнинг рақиб билан бирга бўлмоғи, бундан ошиқнинг озурдалиги ва шу туфайли яна май ичмоққа берилиб кетмоғи ошиқнинг беқарорлигини кўрсатади. Лекин ошиқ май ўрнига қон ютгандай изтироб чекмоқда. Бу воқеа тасвири тўққизинчи ўнликда бош ўрин эгаллайди. Ҳолбуки, бу воқеа таржиъбанднинг олдинги байтларидаги ошиқ, май, майхора ва бошқалар тўғрисидаги тушунчаларга мувофиқ келмайди. Чунки агар ўша олий муҳаббат ва унинг объекти бўлган буюк кучга нисбатан бу гапларни нафақат ёнма-ён қўймоқ, ҳатто уларни тилга олмоқ ҳам мумкин эмас. Тўққизинчи ўнликда шоир ёри қошидаги рақибни зоғчага, ўзини эса гулшандаги гулга маҳрамликдан маҳрум бўлган булбулга ўхшатмоқда. Бу тасвир Навоийнинг ҳаёт ҳақиқатидан узилмай ўз юрагидаги дардларини баён этмакдан асло узилмаслигидан далолат беради. Биз шоирнинг кундалик турмушда бевафо ёр етказган азобу уқубатларидан хабардормиз. Ўзининг таржиъбанд шеърида, айниқса, “Соқийнома”да Навоий бу тўғрида муфассал сўзлаган. Бу тўғрида биз ҳам ўз ўрнида айтиб ўтамиз (Ушбу ишнинг “Севгинома” бобида). Демак, шоирнинг юраги дардга шундай тўлиб кетган эдики, у ўйлаган мавзудан сал узоқлашса ҳам ўша дардларини айтиб кўнглини бўшатмай қола олмайди.
Демак, шоир ижод жараёнида ҳамиша реал заминда туради, ундан ҳеч узилмайди. Реал ҳаёт туғдирган турли-туман кайфият, изтироб, қайғулар унинг шеъриятида ўз аксини топа боради. Бадиий ижоднинг кучи ҳам ана шу реалликда, унинг ҳаёт билан чамбарчас бирлигидадир.
Тўққизинчи ўнлик шундай ачинарли кўриниш билан якунланган.
Ўнинчи ўнлик таржиъбандга хотима ясайди. Шоир бу шеърда ўзининг фикр дунёсидаги мушкулликлар тўғрисида сўзлайди. У дунёга назар ташлар экан, бу “коргаҳ вазъи”га, яъни дунёнинг тузилишига ҳайратда қолади. Қуёш у ёқда турсин, ҳатто бир зарранинг ҳам моҳиятини ечмоқдан ожиз бўлган ўз хатти-ҳаракати ва фикратига (фикр дунёси) афсус қилади. Унинг учун на келмак, на кетмакнинг, на келиб чиқиш жойи (мабдаъ), на орқага қайтмоқнинг аниқ эмаслигига тан бериб ҳайронланади.

Назар айла бу коргаҳ вазъиға
Ки ортар тамошосида ҳайратим.
Қуёш, йўқки, бир зарра моҳиятин
Топа олмади саъй ила фикратим.
На келмак аён бўлди, на кетмагим,
На мабдаъ яқин бўлди, на ражъатим.

Бу мушкулликларни ҳал этиш осон эмас. На касбу улум (илм ўрганиш), на тақвою тоат уларни оча олади; на ҳоким, на шайх уларни ҳал этмоққа кўмаклаша олади.

Не касби улум этти ҳал мушкилим,
Не тутти илик тақвию тоатим.
Не қилди бу дардим иложин ҳаким
Не шайх айлади дафъ бу иллатим.
Не қилмоққа бир амрдин ҳосилим
Не кечмакка бу фикрдин журъатим.

Шу ҳаётдаги мушкулликлар қаҳрамонимизнинг фикрини чулғаб олган. Уларни ечмоқдан воз кечмоққа у журъат қилмайди. Аммо бундай ечимни топмоққа ҳеч ким унга ёрдам бера олмайди. Бу ҳақда қавм билан ўтказилган суҳбатлар ҳам бефойда.
Хуллас, шоир:

Менинг бошима бир қотиқ тушмиш иш
Чу тоқ ўлди бу дард ила тоқатим

дея фиғон қилганича қолаверади.
“Хазойин ул-маоний”нинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги ўнта ўнликдан иборат таржиъбанд шу билан тугалланади. Ушбу таржиъбанд мазмуни тўғрисида қуйидаги хулосаларга келмоқ мумкин.
Алишер Навоийнинг машҳур ғазалида (“Хазойин ул-маоний” 1-ғазал) шундай мисра бор:

Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо –

яъни севикли маҳбубанинг гўзал жамоли аксини майда кўргин, деб жомдан (қадаҳдан) овоз келмоқда.
Таржиъбанддаги май ана шу севгилининг чиройини ўзида акс эттирувчи майдир. У ҳақиқий муҳаббат майи. Таржиъбанд шеърда ўз тасвирини топаётган лирик қаҳрамон эса ўша май хумори. У гоҳо шу майдан сармаст, гоҳо эса унга ташна. Ана шу май ошиқнинг кўнглига ҳаёт жозибаси, хушнудлик ва сархушлик бағишловчи кучга эга.
Менинг бу ерда шу май мавзуини чуқурлаштирмоқ ниятим йўқ. Тасаввуфий мазмундаги муҳаббат майи, ҳамиша унга интилувчи, фақат шу май орқалигина ором ва ҳузур топувчи ташналаб майхора образи бу соф, юксак, олийжаноб муҳаббат эгасининг образидир. Унинг муҳаббати Тангрига тушган. Унга севги ва садоқати бу муҳаббат соҳибининг туб моҳиятини ташкил этади. У ҳар доим шу ёр ёди билан яшайди, унга интилади, шу билан хушҳол.

Академик
Азиз Қаюмов шарҳи

4/2019

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/08/15/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501-%d1%85%d0%b0%d1%80%d0%be%d0%b1%d0%be%d1%82-%d0%b0%d1%80%d0%be-%d0%ba%d0%b8%d1%80%d0%b4%d0%b8%d0%bc/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x