ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

ГАБРИЕЛ Д’АННУНЦИЮ – итальян шоири, драматург, адиб, сиёсий арбоб. 1863 йилда Италиянинг Пескара шаҳрида туғилган, 1938 йилда Гардоне-Ривьерада вафот этган. “Атиргуллар романи”, “Жованни Эпископо”, “Ўлим шарафи”, “Бегуноҳ”, “Эҳтимол, балки, йўқ” каби насрий асарлар, “Ўлик шаҳар”, “Жоконда”, “Франческа да Римини”, “Йорионинг қизи”, “Кема”, “Федра” сингари пьесалар муаллифи.

“ГАНГ ДАРЁСИНИНГ ҚИЗИ” – Ўзбек миллий академик драма теат­рида саҳналаштирилган спектакль. Асар 1956 йилда ҳинд ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Робиндранат Тагорнинг “Ҳалокат” романи асосида Ўзбекистон халқ артисти Александр Гинзбург томонидан саҳналаштирилган. Мазкур спектаклда асосий ролларни Эркли Маликбоева (Умеш), Олим Хўжаев (Нолинакха), Яйра Абдуллаева (Камола, Химонкори), Қудрат Хўжаев (Жоген) каби санъаткорлар ижро этган. Шу асар асосида 1961 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясида режиссёр Ҳожи Ахмар томонидан бадиий фильм ҳам суратга олинган. Сценарий муаллифи Александр Гинзбург. Унда асосий ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Ҳ.Умаров (Ромеш), Ё.Аҳмедов (Окхой), О.Жалилов (Оннода бабу), З.Садриева (Химонкори) М.Ёқубова (Нобинкали), А.Орифхонова (Камола) ва бошқа актёрлар ижро этишган. Оқ-қора тасвирдаги мазкур картина ўзбек киноси хазинасидан муносиб ўрин олган.

ГАНЖАВИЙ НИЗОМИЙ – Озарбайжон мумтоз шоири, маърифатпарвар, қомусий олим. Ганжавий 1141 йилда Ганжа шаҳрида (Эрон) таваллуд топган, 1209 йилда Озарбайжонда вафот этган. Асл исми Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд бўлиб, тахаллуси туғилган шаҳри номига нисбат қилиб олинган. Ганжавий фиқҳ, тарих, география, фалсафа, мантиқ соҳаларида устод даражасига етишган, табобат ва илми нужумни чуқур эгаллаган. У замонавий илмлардан ташқари, юнон фалсафаси ва адабиёти, эроний халқларнинг исломдан олдинги сўз санъати, халифалик даври илмий-адабий муҳити, яҳудий ва насроний халқлари тарихи, Кавказ халқларининг ўтмишини ўрганган. Ганжавий ижодининг муҳим қисмини шеърияти ташкил этади. Ўз даври шоирларидан тортиб, Алишер Навоийгача Низомий Ганжавийни ўзларига устоз деб билишган. Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида уни шайхлар қаторида зикр этади. У хамсанависликда юксак шараф топган сўз султонларидан биридир. “Маҳзан ул-асрор”, “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Ҳафт пайкар”, “Искандарнома” номли беш достондан иборат “Хамса”си билан Шарқ оламида шуҳрат қозонган. Маълумотларга кўра, Низомий Ганжавийнинг 20 минг байтдан иборат шеърий девони бўлган. Лекин ундан 16 та қасида, 192 та ғазал, 5 қитъа, 68 та рубоий ва 17 байт бизгача етиб келган. XIV аср ўрталарида Қутб Хоразмий “Хусрав ва Ширин” достонини, Огаҳий эса “Ҳафт пайкар”ини туркий тилга таржима қилган. Ганжавий қасидалари, ғазаллари, қитъа, рубоий ва ҳикматларидан намуналар 1983 йилда Шоислом Шомуҳамедов томонидан ҳозирги ўзбек тилига ўгирилган.

ГАРРИ ПОТТЕР – адабий персонаж, таниқли инглиз адибаси Жоан Роулинг (1965) қаламига мансуб туркум фантастик романлар бош қаҳрамони. 1997–2016 йилларда эълон қилинган мазкур романлар ўн бир ёшли сеҳргар Гарри Поттер ва унинг дўстлари бошидан кечирган турфа саргузаштларни қамраб олади. Образ характерининг аниқ протатипи йўқ, лекин муаллиф унинг ташқи кўриниши ва фамилиясини эски дўсти Ян Поттердан олган. Гарри Поттер роман сюжетига кўра, оғир шароитда улғаяди ва бу унинг руҳий дунёсига таъсир этади. Образ характер жиҳатдан ижобий, довюрак, ҳаммага ёрдам қўлини чўзадиган меҳрибон, шу билан бирга рақибларига нисбатан жуда ашаддий курашчи сифатида намоён бўлади. Крис Коламбус, Альфансо Куарон, Майкл Ньюэлл, Девид Йейтс каби режиссёрлар саккиз романнинг ҳар бири асосида фильм суратга олган. “Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши”, “Гарри Поттер ва маҳфий ҳужра”, “Гарри Поттер ва Аскабан маҳбуси”, “Гарри Поттер ва аланга кубоги”, “Гарри Поттер ва феникс жамияти”, “Гарри Поттер ва тилсим шаҳзода”, “Гарри Поттер ва ажал туҳфаси” номли фильмлар шулар жумласидандир. Мазкур фильмларда бош қаҳрамон ижрочиси Даниел Рэдклиф Гарри Поттер қиёфаси билан дунёга машҳур. Романлар муаллиф ва режиссёрлар номини тез фурсатда дунёга танитган, аммо ўрта бўйли, думалоқ кўзойнак тақиб юрадиган, пешонасида чақмоқ шаклли чандиғи бўлган мазкур образнинг шуҳрати муаллиф номидан ҳам машҳурроқдир.

ГАРМОНИКА – эркин аерофон синфига мансуб клавишли мусиқа соз­ларининг умумий номи. Атама юнонча сўздан келиб чиққан бўлиб, “уйғун, мос келувчи, ҳамоҳанг” деган маъноларни билдиради. Эрамиздан аввалги 2–3 минг йилликка оид Хитой қадимий қўлёзмаларида келтирилишича, гармоник созларнинг энг дастлабки тури Шэн деб аталган. Бу турдаги клавишли созлар лаб гармонлари, қўл гармонлари ва фисгармонияларга бўлинади. Лаб гармонларида ҳам клавиш, ҳам пуфлама мунштук бўлади. Аккордина, мелодика, гармонетта лаб гармонининг энг кўп қўлланиладиган турларидир. Аккардеон, баян, хромка, банданеон, концертина қўл гармоникасинининг асосий турлари саналади. Ушбу чолғулар оиласига мансуб учинчи тур – фисгармониялар тузилиш ва ҳажм жиҳатидан фортепианога ўхшаб кетади. Фисгармониянинг мультимоника, оркестрион, ҳинд гармоникаси ва оёқ билан бошқариладиган турлари мавжуд.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/10/21/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc-7/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x