ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

“ГАЛАТЕПАЛИК АВЛИЁ” – таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг сценарийси асосида суратга олинган қисқа метражи фильм. Фильм 1983 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган. Фильм режиссёри Темур Малик Юнусов, бадиий раҳбар атоқли рус кинорежиссёри Элдар Рязанов. Фильмда асосий ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Ҳамза Умаров (Махзум), Ҳусан Шарипов (Ҳожиқул), Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаева (Зубайда), Муҳаммаджон Раҳимов (Сайфил мулк)лар ижро этишган. Фильмнинг қисқача сюжет шундай: бош қаҳрамони Махсум – галатепалик оқил, доно киши. У ҳамиша одамларга яхшилик қиладиган, тўғри йўл кўрсатиб, хайрли ишларга бош бўладиган инсон. Шунинг учун уни одамлар “авлиё” санаб, ҳурмат қилишади. Махзум қишлоқдаги бева жувон Зубайдага қўшни қишлоқлик Ҳожиқул номидан ўзи совчи бўлиб боради-ю, аммо ич-ичидан буни истамайди. У кўнгил тубида яширган туйғусини Зубайданинг ўғли Сайфил мулк сезади ва ҳаммага ошкор қилади. Ўзбек халқининг характери ва турмуш тарзи ёрқин акс этган мазкур бадиий фильм миллий кино санъати тарихидан муносиб ўрин олган.
“ГАЛДИР” – ўзбек халқ ижодиётининг ишқий-маиший турига мансуб машҳур қўшиқлардан бири. “Галдир” сўзи “бошига ишқ савдоси тушган” “телба”, “девона” деган маънони ифодалайди. “Беқасам тўнлар кийиб, бунча мани куйдурасан” мисралари билан бошланадиган қўшиқ мазмунига кўра, бошига ишқ савдоси тушган аёлнинг тилидан эркак кишига қарата айтилади. Авлоддан авлодга оғзаки ўтиб келган “Галдир” бугунги кунга қадар кўплаб ҳофизлар томонидан ижро этилган бўлиб, ўзбек мумтоз шеъриятининг бир қанча намуналари мазкур куйга солинган. Жумладан, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ориф Алимаҳзумов талқинида Зокиржон Фурқатнинг “Дард аро мен чекмаган жабру жафолардан бири” мисралари билан бошланувчи мухаммаси куйланган.
ГАЙДН ФРАНЦ ЙОЗЕФ – австриялик атоқли композитор, дирижёр, мусиқа назариётчиси. Классицизм даври Вена мумтоз мусиқа мактабининг йирик намояндаларидан бири. Гайдн 1732 йилда Жанубий Австриянинг Рорау шаҳрида дунёга келган, 1809 йилда Венада вафот этган. XVIII асрда Европанинг маданият ўчоғи бўлган Венада Гайдн, Моцарт, Бетховен ижоди асосида муҳташам санъат мактаби шаклланади. Мусиқа дунё­сида янги инструментал жанр ва йўналишлар шаклланиб, юксак даражада тараққий этади. Гайдн ижодий мероси “Асмодей ёхуд оқсоқ иблис”, “Ацис ва Галатея”, “Маркизлар орзуси”, “Филемон ва Бавкида”, “Кутилмаган учрашув”, “Ойдаги олам”, “Кимсасиз орол”, “Армида”, “Орфей ва Эвридика ёхуд Қалб фалсафаси” каби 24 та опера, 104 та симфония, 83 та квартет, 52 та соната ва қатор увертюра, марш, оратория, қўшиқлардан иборат.
ГВЕРЧИНО – итальян мусаввири. 1591 йилда Италиянинг Феррара шаҳрида туғилган, 1666 йилда Болоньяда вафот этган. Болонья санъат мактаби вакилларидан бири. Борокко услубидаги портрет ва диний мавзудаги асарлари билан ном қозонган. “Уйқудаги Эндимион”, “Клеопатра”, “Мария Магдалина”, “Авлиё Екатерина изтироби”, “Сусанна ва қариялар”, “Илоҳий Ромуальдо”, “Танкред ва Эрминия”, “Авлиё Петр изтироби” сингари асарлари дунёнинг нуфузлари музейларида сақланиб қолган.
ГЕНРИХ БЁЛЛ – атоқли олмон ёзувчиси, шоир, публицист. 1917 йилда Германиянинг Кёльн шаҳрида туғилган, 1985 йилда вафот этган. Бёлл ўтган асрнинг 50-йилларида “Поезд ўз вақтида келади” номли қиссаси билан адабий майдонга кириб келган. “Қаерда эдинг, Адам?”, “Почта ёрлиғи”, “Хабар”, “Ўтган йилларнинг нони”, “Эгасиз уй”, “Бир аскар халтаси ҳақида ҳикоя”, “Доктор Борзиганинг бир пиёла чойи”, “Ирланд кундалиги”, “Доктор Муркенинг сукунати”, “Масхарабоз кўзлари”, “Аёлларнинг жамоавий портрети”, “Ихтиёрий чекиниш”, “Катарина Блуснинг йўқотилган номуси”, “Рейн соҳилидаги аёллар”, “Миналанган ҳудуд”, “Жароҳат” каби асарлари билан дунё адабиёти ривожига ҳисса қўшган. Адиб 1972 йилда “Аёлларнинг жамоавий портрети”(1971) романи учун Нобель мукофоти совриндори бўлган.
ГЕНРИК ИБСЕН – норвегиялик атоқли драматург, Европа адабиётида “янги драма” оқимининг асосчиси. 1828 йилда Норвегиянинг Шиен шаҳрида таваллуд топган, 1906 йилда вафот этган. Ибсен адабий оламга XIX асрнинг 50-йилларида кириб келган. Унинг дастлабки драмаси қадимги Рим тарихига оид “Катилина” пьесасидир. Ибсен ижодининг биринчи босқичида “Эстротлик Фру Ингер”(1854), “Севги комедияси”(1862), “Тахт учун кураш”(1864), “Бранд”(1865) ва “Пер Гюнт”(1867) каби пьесалари ёзилади. Ижодининг иккинчи – юксалиш даврида ёзилган “Гедда Габлер”(1871), “Қўғирчоқ уй” (1879), “Шарпа”(1881), “Халқ душмани”(1882), “Ёввойи ўрдак”(1884), “Солнес қурувчиси”(1892) каби асарлари жаҳон драматургиясининг энг сара намуналари ҳисобланади. Ибсен драматургиясида замон ва инсон руҳияти эврилишлари теран таҳлил этилиб, Европада “янги драма” ижодий оқимининг шаклланишига асос бўлган. Генрик Ибсен номи “норвегиялик Чехов” дея шарафланади. Бугунги кунга қадар унинг деярли барча асарлари дунё театрларида такрор-такрор саҳналаштирлиган ва экран талқинлари яратилган.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/11/22/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc-8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x