ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

ГАЗЕТА – доимий ном остида, ҳар ойда ёки ҳафтада бир марта чоп этиладиган босма оммавий ахборот воситасидир. Газета ҳозирги кунда мавжуд барча оммавий ахборот воситалари ичида энг қадимийси ҳисобланади. Чоп этиладиган материалнинг долзарблиги, даврийлиги, расмийлиги, кенг оммага мўлжалланганлиги, кўп қирралилиги, мобеллиги газетанинг алоҳида хусусиятларини ташкил этади. Газетанинг энг қадимги авлоди қўлёзма ахборот бюллетенлари ҳисобланади. Қадимги Римда лойдан тайёрланган планшетларда воқеалар хроникаси, Юлий Цезар даври “Сенат актлари”, “Халқнинг кундалик ижтимоий ҳаракатлари” қайд этиб борилган. Варақа шаклидаги газетанинг пайдо бўлиши Европа уйғониш даври билан боғлиқ. VII асрда Хитойда пахтадан қоғоз тайёрлаш усули кашф қилинган бўлса, XIII–XIV асрларга келиб Европада қоғоз тайёрлаш, ёзма ахборотни қайд этиш ва тарқатиш амалиёти юзага келади. XV аср ўрталарида германиялик олим Иоган Гутенберг томонидан кўчма литерли босма дастгоҳнинг яратилиши билан газеталарни кўпайтириш имконияти кенгаяди. XVI асрда Италияда суд жараёнлари, савдо янгиликлари ва шаҳар ҳаётидан бошқа ижтимоий хабарлар ёзилган варақани бир газеттега сотиб олиб ўқишган. “Газета” атамаси итальянча “gazette” – “пул, чақа” сўзидан келиб чиққан. XVII аср бошларида Европада дастлабки ҳақиқий газеталар пайдо бўлади. 1609 йилда Германияда “Avisso Relation, oder Zeitung”, 1622 йилда Англияда “Weekly News”, 1631 йилда Францияда “La Gasette” газеталари чоп этила бошлайди. Россияда Петр I фармони билан 1702 йилнинг охири – 1703 йил бошида “Ведомости” номи остида дастлабки русча газета дунё юзини кўради. Ўзбекистон тарихида дастлабки газета “Туркестанские ведомости” ва унга илова тарзда ўзбек тилидаги “Туркистон вилоятининг газети” 1870 йилдан бошлаб чиқа бошлаган.

ГАЙДАЙ ЛЕОНИД – атоқли рус кинорежиссёри, сценарийнавис. Л.Гайдай 1923 йил 30 январда Россиянинг Амур губернасида таваллуд топган, 1993 йили Москвада вафот этган. Ўтган асрнинг 50-йилларида кино оламига кириб келган режиссёр умри давомида ўттизга яқин фильм­лар суратга олган. Леонид Гайдай комедия жанрида ўзининг бетакрор услубини яратган режиссёр сифатида кино санъати тарихида қолган. Унинг “Ишбилармон кишилар” (1962), “Ы”операцияси ёхуд Шурикнинг саргузаштлари” (1965), “Кавказ асираси ёхуд Шурикнинг янги саргузаштлари” (1966), “Бриллиант қўллар” (1968), “12 стул” (1971), “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради”(1973), “Гугуртга кетиб” (1980), “Ҳаёт учун хавфли” (1985) сингари фильмлари жуда машҳурдир. Мазкур фильмлар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.
ГАЛИЯ ИЗМАЙЛОВА – атоқли ўзбек балеринаси, хореограф, раққоса, балетмейстр. 1923 йилда Россиянинг Томск шаҳрида таваллуд топган, 2010 йилда Тошкентда вафот этган. Саккиз ёшида оиласи билан Тошкентга кўчиб келган Г.Измаилова ўн бир ёшидан рақс билан шуғуллана бошлаган. У 1935–1941 йилларда Ўзбек давлат балет мактаби (ҳозирги Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби)да таҳсил олган. 1941 йилдан Ўзбек давлат опера ва балет (ҳозирги А.Навоий номидаги давлат академик катта) театрида балерина сифатида меҳнат фаолиятини бошлайди. Галия Измаилова мазкур театрда “Уйқудаги гўзал”, “Боғчасарой фонтани”, “Дон Кихот”, “Оққуш кўли”, “Эсмеральда”, “Жизель”, “Маскарад”, “Шаҳризода”, “Лайли ва Мажнун”, “Кармен-сюита”, “Спартак” каби элликка яқин балетларда асосий партияларни ижро этган. У 1958 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтида режиссура бўйича таҳсил олади. 1977–1885 йилларда Опера ва балет театрининг бош балетмейстри сифатида фаолият юритиб, “Оққуш кўли”, “Шаҳризода”, “Кашмир қўшиғи”, “Севги афсонаси”, “Кармен”, “Корсар”, “Раймонда” сингари ўттиздан ортиқ балетларни саҳналаштиради. Балерина 1962 йилда ўттиз беш ёшидаёқ Халқ артисти унвони билан тақдирланган. Г.Измаилова тайёрлаган кўплаб шогирдлари бугунги кун ўзбек хореография ва рақс санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

ГАЛЕРЕЯ – тасвирий ва амалий-декоратив санъат кўргазмалари учун мўлжалланган жой, музейнинг бир тури. Атама итальянча “Galleria” сўзидан келиб чиқиб, узун ёпиқ хона ёки бинонинг қисмлари ёки қўшни бинолар орасидаги йўлакни билдиради. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда ҳам галерея тушунчаси икки хил маънода – меъморий услуб ва санъат асарлари сақланадиган жойга нисбатан қўлланилади. Галерея санъат маскани сифатида деворлари махсус ёритиладиган узун залларни билдириб, тасвирий ва амалий-декоратив асарлар кўргазмалари учун хизмат қилади. Галериелар XVI аср бошларида бир қисми катта деразалар ва устунлардан иборат сарой залларида бўлган. Катта-катта деразалардан тушадиган табиий ёруғлик қарама-қарши девордаги сурат ва ҳайкалларни ёритиб турган. Кейинчалик меъморий асосига боғлиқ бўлмаган ҳолда кўргазмага қўйиладиган асарларни шундай жойлаштириш ва галерея услубидан фойдаланиш анъана тусига киради. Галерея услубидан ҳозирги давр меъморчилигида ҳам фойдаланилади.

ГАСТРОЛ – ижодий сафар. Санъаткор ёки ижодий жамоанинг одатда ўзи фаолият юритадиган доимий жойида эмас, бошқа саҳна ва томошабинлар аудиториясида спектакль ёки концерт томошаларини намойиш этишидир. Гастрол атамаси немисча “Gast” –“меҳмон” ва “Rolle” – “роль” сўзлари бирикмасидан келиб чиққан.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади

2019/4

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/10/02/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc-6/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x