Юракнинг ишемик касаллиги

Юракнинг ишемик касаллиги (ЮИК) бир қанча юрак хасталиклари (хусусан стенокардия ва миокард инфаркти) ни ўз ичига олган жиддий дард ҳисобланади. Касаллик бошланишида асосан тож артериялар тизимида патологик жараёнлар юзага келади ва миокарднинг қон билан таъминланиши бузилади, ҳатто бирор тож артериясида қон оқиши бутунлай тўхтаб қолиши мумкин. Бунга сабаб юрак тож артериясида атеросклеротик пилакчалар (бляшкалар) ривожланишидир.

Тож артерияларининг асаб зўриқиши туфайли торайиб, қон оқишининг секинлашиши ҳам юрак ишемик касаллигига олиб келади. Шунингдек ЮИК ривожланишини бир қанча зарарли омиллар келтириб чиқаради. Масалан:

  • стресслар, қаттиқ асабийлашиш ҳолатлари;
  • қонда холестерин миқдорининг кўпайиши;
  • гипертония (хафақон)касаллиги;
  • спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш;
  • чекишга ружу қўйиш;
  • семизлик;
  • камҳаракатлилик гиподинамия;
  • қандли диабет.

Бундан ташқари катта жисмоний юклама туфайли юрак мушаклари иши билан унинг кислородга бўлган эҳтиёжи ўртасида номутаносиблик келиб чиқса ёки эмболия оқибатида тож томирларда қон айланиши бузилса юрак ишемик касаллиги хавфи пайдо бўлади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, қирқ ёшгача бўлган эркакларда бу касаллик аёлларга нисбатан кўпроқ учрайди. 40-60 ёшдаги эркаклар юрагида тож томирларнинг атеросклеротик пилакчалар (бляшкалар) туфайли торайиб қолиши эса аёлларга нисбатан олти баробар кўп кузатилади. Климактерил даврдан кейин ва 70 ёшдан кейин юракнинг ишемик касаллиги эркак ва аёлларда баравар кечади.

Тўш орқасидаги оғриқ

to'sh-orqasidagi-og'riq

Стенокардия юрак ишемик касаллигининг бир неча секунддан 20 дақиқагача чўзиладиган ўткир хуружсимон оғриқ билан кечадиган туридир. Бунда тож томирлар, яъни миокардни қон билан таъминлайдиган томирлар бўйлаб қон оқиши бузилади, оқибатда юрак соҳасида, асосан тўш орқасида оғриқ пайдо бўлади. Тож томирлар бўйлаб қон оқишининг ёмонлашишига қуйидаги омиллар сабаб бўлади:

  • тож томирлар спазми (торайиши, қисилиши);
  • атеросклеротик пилакчалар (бляшкалар) пайдо бўлиши;
  • жисмоний ёки руҳий зўриқишларда миокарднинг зўр бериб ишлаши;
  • камқонлик;
  • ўпка касалланиши;
  • организмда эндокрин бузилишлар;
  • қон босимининг ортиши, ичиш ва чекиш.

Юрак ишемик касалликларининг жиддий тури ҳисобланган стенокардия ривожланишидаги оғриқ беморда хавотир ва қўрқув уйғотади. Асосан чап курак остида, жағда, елкада, чап қўлда ва бўйинда оғриқ сезилиб беморнинг ранги оқаради, баданидан совуқ тер чиқади, пешоб миқдори кўпаяди. Бу вақтда бемор ҳаракатланмаса оғриқ тўхтайди, айниқса тил остига нитроглицерин таблеткаси ташланса оғриқ жуда тез қолади.

Стенокардия хуружида оғриқ ўнг елкага, орқага, қориннинг юқори қисмига ва пастки жағ соҳасига ҳам тарқалиши мумкин. Баъзан бемор кўкрак қисиши, ҳансираш ва ҳаво етишмаслигидан қийналади. Пульс секинлашади, юраги тартибсиз уради, қон босими бироз кўтарилиши мумкин. ЮИКнинг бу тури кўпинча зўриқиш стенокардияси дейилиб 2-3 йил давом этади, баъзида 10-20 йилгача чўзилади. Стенокардия касаллиги тез-тез хуруж қилиб турадиган кишиларнинг юрак тож томирларида атеросклеротик пилакчалар кўп бўлади. Кейинчалик пилакчалар (бляшкалар) янада кўпайиб касаллик хуружи оғир кечади.

Биринчи марта пайдо бўлган стенокардия хуружи бир ойгача давом этади. Кейин у барқарор стенокардияга айланади ва хуружлар сони кўпайиб бир ойдан кўпроққа чўзилади. Айниқса совуқ ҳавога чиққанда ва салбий ҳис-ҳаяжонлар таъсирида кучаяди. Айрим ҳолларда эса киши тез ва узоқ юрганда, ювинаётганда, 3-5 кг юкни кўтарганда ҳам хуруж тутиб қолади. Беморда нафас етишмаслиги ёки юракда оғриқ бўлиши кузатилади. Нитроглицерин шундай вақтда аҳволни енгиллаштиради.

Инфаркт «даракчиси»

infarkt

Юрак ишемик касаллигининг ўткир тури бўлмиш миокард инфаркти айниқса 45-60 ёшли эркаклар ўртасида кўп учрайди. Эндиликда 40 ёшга тўлмаган кишилар ҳам миокард инфарктини бошдан ўтказишмоқда. Аксарият ҳолларда атеросклероз, гипертония, қандли диабет миокард инфарктини “эргаштириб” келувчи дардлардир.

Миокард инфаркти – миокарднинг ишемик некрозидир. Бу касаллик юрак тож артерияларининг тромб билан бекилиб қолиши ёки уларнинг ўткир сиқилиши оқибатида пайдо бўлади. Миокард инфаркти билан оғриган беморларнинг 97-98 фоизида юрак тож томири атеросклерозга чалинган бўлади. Бунда юрак тож қон томирида тиқилиш юзага келади, уларга қон қуйилиши ҳамда қоннинг ивиш жараёни бузилади. Қонда норадреналин, адреналин моддалари кўпаяди, миокардда модда алмашинуви издан чиқади, биокимёвий усулда парчаланиб улгурмаган ҳар хил биологик фаол моддалар ҳосил бўлади.

Касаллик бошланишидан олдин беморнинг кўкрак қисмида тез-тез оғриқ пайдо бўлади. Агар у илгари стенокардияга чалинган бўлса, эндиликда хуружлар давомли ва кучли оғриқ билан ўтади. Баъзан оғриқ фақат киши зўриққанда эмас, балки тинч турганда ҳам қўзғалаверади. Бунга нафас қисиши, ҳансираш, юракнинг нотекис уриши, ҳолсизлик ҳам қўшилади. Айнан шу даврда бемор кардиология бўлимига ётқизиб даволанса, унда миокард инфаркти ривожланмаслиги мумкин. Инфаркт рўй берган тақдирда ҳам ҳажми кичик ўчоқли бўлиши мумкин.

Олимларнинг кузатишларича миокард инфаркти 86-95 фоиз ҳолларда юрак соҳасида бўладиган қаттиқ оғриқ билан бошланади. Бемор кўпинча бу оғриққа чидолмайди. Баъзилари “кўкрагимга қизиган темир босиляпти” дейишса, бошқа бирлари “от туёқлари билан кўкрагимни босиб турибди” деган фикрни айтадилар. Кўпинча оғриқ кўкрак қафаснинг олд қисмида бўлади ва бир неча соатдан бир-икки кунгача давом этади. Ҳатто чап қўлга, елкага, кўкракка ва пастки жағ томонга тарқалади. Бемор бетоқатликдан қийналади, ҳансирайди, ўлим ваҳимасига тушади. Унинг кўнгли айниши, қорни дам бўлиши, ҳолсизланиб боши айланиши ёки оғриши мумкин, баъзида ҳушидан кетади. Айрим ҳолларда миокард инфаркти оғриқсиз ҳам кечиши мумкин.

Инфарктнинг ўткир даврида ҳаёт учун хавфли асоратлар ривожланади. Масалан:

  • юрак нотекис уриб ўтказувчанлигининг бузилиши;
  • рефлектор, кардиоген ёки аритмик шок кузатилиши;
  • юрак астмаси;
  • ўпка шиши;
  • чап қоринчанинг ўткир етишмовчилиги;
  • юрак мушагида аневризма ривожланиши;
  • юрак деворини тешилиши;
  • ичакларда ўткир яра пайдо бўлиб қон кетиши;
  • панкреатит юзага келиши мумкин.

Умуман стенокардияни ўз вақтида даволаб тузатиш жуда-жуда мураккаб ва зарурий ҳолат. Акс ҳолда бу касаллик зўрайиб миокард инфарктига олиб келади. Юракнинг инфарктга учраши эса асоратли кечадиган ўта оғир дард ҳисобланади.

Касалликдан кейин

infarktdan-keyin

Миокард инфарктининг ўткир даврида оғриқ дори-дармон билан йўқотилсада, кейинчалик ҳам юрак атрофида қолдиқ оғриқлар бўлиб туради. Бу вақтда врач буюрган дорилар ичилса ёрдам беради. Кейинчалик, яъни бемор ҳаракат қила бошлагандан сўнг инфарктдан сўнгги стенокардия хуружлари кузатилади. Бу хуружлар пайтида бошқа дорилар билан биргаликда нитроглицерин қабул қилган маъқул.

Касалликнинг ўртача ўткир даври бир ҳафтадан ўттиз кунгача давом этади. Қондаги ўзгаришлар аста-секин яхшиланади, хавф-хатарли кунлар ортда қолгандек туюлади. Лекин бу даврда ҳам беморда бир қанча асоратлар (зотилжам, тромбоэмболия, плеврит, перикардит, пневмония, невроз, ошқозон ичак парези, аневризма, юрак чап қоринчаси ва ўнг қоринчасининг сурункали етишмовчилиги) ривожланиши мумкин. Даволаниб соғайгач бемор аҳволи яхшиланади, қон босими ва пульси меъёрда бўлади. Миокарддаги некроз ўчоғи ўрнида аста-секин чандиқ юзага келади. Бу давр бир ойдан уч ойгача давом этади.

Кўпинча миокард инфарктининг ўткир даври бир неча кун давом этиб узоққа (яъни 48-72 соатга) чўзилади. Худди шу даврда некроз ўчоғи доираси миокардда тарқалиб катталашади. Бунга бир қанча ҳолатлар (юрак тож томирларида узоқ вақт тромб бўлиши, тож томирларнинг атеросклероз билан кўпроқ шикастланиши, ҳафақон касаллиги, юракнинг тартибсиз уриши, гипотония сингарилар) сабаб бўлади. Баъзан миокард инфарктини бошидан ўтказган беморлар бу касаллик билан такроран оғрийдилар. Агар миокард инфарктидан кейинги 8-12 ҳафта ичида миокардда янги некроз ўчоқлари пайдо бўлса, бу такрорий инфарктдир.

Касаллик қайталаганда беморнинг умумий аҳволи оғир бўлади, унда юрак томир етишмовчилиги ва юракнинг тартибсиз уриши ривожланади. Миокард инфарктининг ўткир даврини бошдан ўтказган 10-15 фоиз беморларда шок ҳолати кузатилади. Шунингдек юракнинг уриш мароми бузилади, юрак астмаси юз бериши ҳам мумкин.

Батамом тузаладими? Бемор нималарга амал қилиши керак?

infarkt-reabilitatsiya

Унутмангки, юрак мушакларига кислороднинг кам келиши гипоксияни вужудга келтиради. Гипоксия туфайли кислород кам келиши давом этиб, охир-оқибат юрак ишемик касаллигини келтириб чиқаради. Шундан сўнг юрак соҳасида оғриқ сезилади. Оғриқ пайтида бемор дарҳол шифохонага бориши керак, чунки бу оғриқ стенокардия ривожланаётгани белгисидир. Даволанмаган стенокардия эса албатта инфарктни келтириб чиқаради.

Шифокорлар стенокардияни даволашда беш усулни қўллайдилар. Аввало юрак тож томирларини кенгайтирувчи нитратлар, изохинолин бирикмалари ишлатилади. Юрак миокардининг кислородга бўлган танқислигини камайтирувчи дори-дармонлар буюрилади. Юрак тож қон томири бўйлаб қон оқишини кўпайтирувчи дори воситалари тавсия қилинади. Юрак тож қон томиридан келадиган қон миқдорини юракнинг мушак қаватига кўпайтириб берадиган дорилар қабул қилинади.

Юрак мушак қавати модда алмашинувини яхшиловчи дори-дармонлар қўлланади. Бемор юраги соҳасида стенокардия хуружини ҳис этганида нитроглицериннинг 0,5 мг таблеткасини тили тагига қўйиши керак. Унинг таъсири 1-3 дақиқа давом этади. Бордию стенокардия сурункали тус олган бўлса жарроҳлик усули билан даволаш зарур деб топилади. Стенокардия белгилари бор беморлар албатта шифокор маслаҳати билан тож томирлар ангиографияси амалиётини ўтказиши мақсадга мувофиқ.

Миокард инфарктининг давоси эса тез тиббий ёрдам марказларида олдиндан ишлаб чиқилган стандартлар асосида олиб борилади. Миокард инфарктига чалинган беморлар қанча тез шошилинч ёрдам марказларига олиб келинса некроз ўчоғи доираси миокардда тарқалиши шунча кичиклашишига эришилади. Бемор шифохонада 10-15 кун даволангандан сўнг реабилитацион – юрак иш қобилиятини тикловчи ихтисослашган кардиология санаторийсига ўтказилади. У ерда беморга бадантарбия усуллари билан даво қилинади. 2-4 ойдан сўнг бемор ўз иш жойига қайтиши мумкин. Агар унинг иши оғир жисмоний куч билан боғлиқ бўлса бошқа енгилроқ ишга ўтказилади ёки ногиронлик нафақаси тайинланади.

Мажид КЕНЖАЕВ,
Республика Шошилинч тиббий ёрдам
илмий маркази “Шошилинч кардиология” бўлими
бош илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x