Отда юриш фойдалари

Йигитларнинг мард, жасур, эпчил, довюрак ва иродали бўлиб улғайишида от спортининг аҳамияти беқиёс. Беозор ҳисобланган отга яхши муносабатда бўлган спортчида мақсад сари интилувчанлик хусусияти тенгдошларига нисбатан кучлироқ шаклланади. Бу спорт тури яна шуниси билан муҳимки, бола отларни парваришлашни ўрганибгина қолмай, балки уларга меҳр ҳам қўяди.

От спорти билан ўн ёшдан бошлаб шуғулланиш мумкин. Чунки бу ёшда бола ўзини анча тутиб олган бўлади. Агар белгиланган ёшдан олдинроқ шуғулланилса, гавда ва оёқ суяклари нотўғри ривожланиб қолиши эҳтимоли юқори. Спортнинг бу тури билан шуғулланмоқчи бўлган болалар ёшлигидан от миниб ўрганган бўлиши, вақти-вақти билан отда сайр қилиб туриши лозим.

Азалий ҳисобланган от спорти болалар саломатлигига, феъл-атворига ҳам ижобий таъсир қилади. Феъли оғир болалар бу спорт тури билан шуғулланишса, кўнглида одамларга, ҳайвонларга нисбатан меҳр уйғонади. Ҳар қандай жонивор билан дарров тиллаша оладиган бўлади. Бу спорт тури билан камгап, уятчан, қўрқоқ, одамови, нимжон болалар шуғуллансалар улар киришимли, жасур ва соғлом вояга етадилар.

Отда юрганда оёқ-қўллар ва бутун тана ҳаракатга келгани боис организмдаги қанд миқдори камайиб, овқат ҳазми меъёрлашади. Томирлар тозаланади. Ҳар доим тоза ҳавода сайр қилиш натижасида нафас олиш аъзолари ривожланиб, мустаҳкамланади.

Отга миниб табиат қўйнида узоқ вақт бўлиш кўриш ўткирлигининг тикланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек отда сайр қилиш ҳомиладор аёллар учун ҳам, туғилажак бола саломатлиги учун ҳам фойдали ҳисобланади. Бу даврда қонда кислород етишмовчилиги кузатилмайди. Туғруқ жараёни ҳам енгил кечади. Бунинг учун ҳомиладор ювош отга оҳиста миндирилиб, 20-30 дақиқа табиат қўйнида, тоза ҳавода секин-аста сайр қилдирилади.

От нафақат юкингизни енгил қилади, балки у инсон вужудини руҳий муолажа қилувчи кучдир. Шифокорларнинг айтишича, от миниб юрганда бутун аъзои-бадан ҳаракатга келади. Айниқса, жигар, ўпка, буйрак, юрак, ошқозон, ичаклар силкиниб қон айланиши яхшиланади, табиий массаждан ҳузурланади.Ошқозон ости бези руҳий муолажадан тетикланиб, гормон ёҳуд инсулин ишлаб чиқаришни бир неча ҳиссага оширади.

Қадимдан от айрим касалликларни даволашда кенг қўлланилиб келинган, тиббиётда бу иппотерапия атамаси билан юритилади.

Беморлар от миниб, ўзларидаги кўплаб касалликлардан фориғ бўлишади. Масалан:

  • бўғимлар оғриғи;
  • ўпка ва буйракдаги муаммолар;
  • ўт пуфаги қайрилиши;
  • умуртқа поғонаси қийшайиши;
  • депрессия, невроз;
  • ошқозон-ичаклардаги муаммолар;
  • бепуштлик;
  • гиподинамия.

Кишининг жисмоний, ақлий ва ҳиссий ҳолатини яхшилашда ҳам от спортининг аҳамияти катта. Ошқозон-ичак ва юрак-қон томир касалликларини даволашда эгарланмаган ювош от миниб сайр қилишнинг ижобий аҳамияти олимлар томонидан исботланган.

Эгарланмаган отда сайр қилиш чоғида беморнинг касалланган мушаклари уқаланади, бунинг натижасида тана бўйлаб қон ҳаракати яхшиланади. Отнинг ҳарорати одамникидан анча юқори бўлганлиги сабабли мушаклар қизийди. Бу эса томирларнинг кенгайишига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, иппотерапия полиомелит хасталигининг асоратини йўқотишда, руҳий хасталикларни даволашда ҳам самарали таъсир кўрсатади.

От устида мувозанатни сақлашга алоҳида эътибор қилмоқ зарур. Шундай қилинганда, тана мушакларининг ҳаммаси баравар таранглашади, беморнинг диққати бўлинмайди.

Шунингдек, отда бир зайлда эркин сайр қилиш асабларни тинчлантиради, кайфиятни кўтаради, оқибатда беморнинг тузалиши янада осонлашади. От билан даволанишнинг яна бир фойдали томони шундаки, даво натижасида муолажа бошқа аъзоларга ҳеч қандай асорат қолдирмайди. Яъни, бир аъзонинг тузалиши баробарида бошқасининг шикастланишидек нохуш ҳолатлар юз бермайди.

Жўрақўзи ТУРДИМАТОВ,
Ўзбекистон “Улоқ-кўпкари” Федерацияси раиси,
Халқаро тоифадаги спорт устаси,
От спорти бўйича жаҳон чемпиони.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x