Ян ПАРАНДОВСКИЙ (1895–1978) СЎЗ КИМЁСИ

ИЛК ҒОЯДАН ТО СЎНГГИ ФИКРГА ҚАДАР

Энг гўзал поэма, бу – унинг тузилиши ва ўз ижодкори ҳаётидаги барча воқеалар силсиласида ривож топган яратилиш тарихидир. Ушбу фикрга тан берган Поль Валери гўё буни ўзи англаб етгандай, уни кўп марта такрорлаб юрган ва бундан ташқари, намуна сифатида “Бир поэма кундалигидан парчалар”ни ҳам нашр эттирган. Мазкур нашр, шоирнинг ўзи эътироф этишича, унга ҳаётидаги энг бахтли онларни инъом этган, “Навқирон хаёл” устида олиб борган кўпйиллик меҳнатлари тарихини акс эттирган, бироқ тўла-тўкис, тугал бўлмаган варақлардан иборат бўлган. Атиги кичик бир лавҳа акс этган “Кундалик”дан кўриниб турибдики, ижодий жараённинг мукаммал тарихини ҳеч қачон ёритиб ҳам бўлмайди, ёзиб ҳам. Ҳаттоки муаллиф ёзув, қайдларни кунига олиб борган тақдирда ҳам, композиция тафсилотлари, сатрлар ёки жумлалар тузилиши, образлар, иборалар ва айрим сўзларнинг ўз миясида, хаёлида қачон ва қай тарзда пайдо бўлганини барибир англаёлмас ёки аниқлаб ҳам ололмас эди.
Бундан бир неча йиллар муқаддам Франсис Понжнинг “Қарағайзор ён дафтарчаси” босилиб чиққан эди. Унда қарағайзор ўрмонда шеър ёзиш билан ўтган икки ҳафтанинг батафсил хроникаси баён этилган. Уни ўқир эканмиз, август ойининг очиқ, хушҳаво кунларида дарахтзор оралаб айланиб юрган шоир кўз олдимизда намоён бўлади. Дарахт шохларини икки томонга суриб, ўзига йўл очаркан, у сўз, истиоралар билан пўстлоқлар атрофини “тўқиллатиб” уриб, ранг-тус ва оҳангларни қидиради ҳамда кейинроқ луғатларни варақлаб, ўрмонга оид бўлган ҳар бир сўзнинг тўғри-нотўғрилигини текшириб чиқади. Изланишлар ва топилмалар ҳақида ҳаяжон билан ёзилган бу ҳикоя, афсуски, ғамгин хотима билан тугайди, чунки шеър мазкур бобдаги биринчи жумланинг тасдиғи эди, холос. Антоний Слонимскийнинг “Шеърлар қандай пайдо бўлади” деб номланган унча катта бўлмаган эссеси ўқувчида хийла кучли таассурот қолдиради, негаки шеърнинг (“Зигмунт колоннаси”) ўзиям яхши ёзилган, қолаверса, муаллиф иқрори Варшаванинг ўша фожиали кунларида кўнглимиздан ўтган шахсий кечинмаларимиз билан уйғунлашиб кетади.
Поэма яратишнинг барча касбий сир-асрорларини очиб берувчи ҳаққоний тарихини ёзишга муваффақ бўлган биринчи шоир Эдгар Аллан По эди десак, эҳтимол, муболаға бўлмас. Унинг шу мавзудаги ниҳоятда қизиқарли ёзилган очерки “Қузғун”нинг яратилиш тарихига бағишланган. Илгариги замонларда муаллифлар ўз ишхоналарига чет кишиларнинг киришини ёқтиришмаган. Улар ўзларини худди антик математик Диофант сингари тутишган, у алгебрани яхши билгани ҳолда ўз билимларини бошқалардан сир тутган; энг қийин математик масалаларни ҳам ечиб, барчани лол қолдирган, аммо бунга қандай эришган, буни қаттиқ сир сақлаган. Қадимги ёзувчилар ҳам бу борадаги узуқ-юлуқ фикр ва қайдларини мактубларда ёки суҳбатлар асносида шунчаки йўл-йўлакай айтиб ўтишган. Мана шундай камчил, етарлича бўлмаган материаллар асосида энг сўнгги тадқиқотчилар баъзан поэманинг яратилиш тарихини асл ҳолига келтириб, қайта тиклашга муваффақ бўлишган. Бунга мисол қилиб, Станислав Пигонянинг Адам Мицкевич қаламига мансуб “Пан Тадеуш” поэмаси ҳақидаги монографиясини айтиб ўтиш мумкин. Бу ишни олиб борган хат-ёзишмаларидан фойдаланган ҳолда, Флобернинг исталган асари билан ҳам амалга оширса бўлади. Худди шундай йўл билан, гарчи бир ҳовучгина бўлса-да, аммо-лекин муаллифларнинг муфассал фикрлари, гоҳида эса бир оз бўрттириб юбориладиган шахсий хотира-эсдаликларига қараганда анча аниқроқ, ишончлироқ бўлган далил ва маълумотларга эга бўламиз. Ҳенри Жеймснинг ўз романларига ёзган сўзбошилари ёки Жозеф Конрад ўз асарларининг янги нашрлари муносабати билан битган муқаддималар – булар наинки ижод психологияси бўйича ҳужжатлар, балки ёзувчилик санъати ҳақидаги теран фикрларга тўла ажойиб, мустақил бадиалар ҳамдир.
Бернард Шоунинг кириш сўзлари кўпинча пьесаларининг яратилиш тарихини ўз ичига олган бўларди. Бунга мисол қилиб, “Инсон ва ўта қудратли одам”, “Қалбаки пул ясовчилар” каби асарларини айтиб ўтиш мумкин. Томас Манн “Доктор Фаустус”да ушбу романни яратишга сарф бўлган ўз умрининг бир неча йилларини баён этиш билан бирга, иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ воқеаларга ҳам тўхталиб ўтади. Муаллифлар томонидан ўз адабий асарининг юзага келишига ёки тугалланишига бағишланган бир қанча назмий ва насрий саҳифалар мавжуд, улар орасида – “Пан Тадеуш”га ёзилган эпилог ёки “Фауст” асарининг аввалидаги “Бағишлов” ва ҳ. к. ларни учратиш мумкин. Муаллифнинг шахсий эътирофлари баъзан қаҳрамоннинг руҳий ҳолати баёнига яширинган бўладики, бунда қаҳрамон ҳам ижодкор, бироқ ҳар доим ҳам ёзувчи эмас, чунки ёзувчилар ўз ижодий тажриба ва кечинмаларини кўпинча бастакорлар, рассомлар, файласуфлар ва олимларга “инъом” қилиб юборишади. “Жан Кристоф”да мусиқий ижод соҳасидан адабиётга кўчириш мумкин бўлган жойлар бор. Айнан ана шундай саҳифаларда ижодий кечинмаларга хос лиризм ҳаммадан ҳам кўра ёрқинроқ ифодаланган бўлади.
Бадиий асар ёзишни ният қилишнинг ўзиёқ, бу – қойил қоладиган, мафтункор, зўр кечинмадир. Гиббон Юпитер Капитолий ибодатхонаси харобаларидаги роҳиблар ибодати чоғида “Рим империясининг таназзул ва ҳалокати тарихи”ни ёзишга аҳд қилади; қўшиқлар, Пиранези гравюраларида тасвирланган, бегона ўтлар босиб кетган харобазорлар, баҳорги намгарчилик сабабли зах ҳиди анқиб турган шаҳар ҳақидаги хотиралар кўп йиллар давомида Гиббоннинг ёдида сақланиб қолади. Кўпгина адабий асарлар расм, суратлардан олинган таассуротлар остида дунёга келган: мисга ўйиб ишланган сурат Клайстга “Синган кўза” учун мавзу берган бўлса, Ҳеббел ўзининг “Юдиф”ини Жулио Романо чизган расмдан “топган”, Флобер “Авлиё Антоний васвасаси” учун Брейгель суратидан, Малларме эса “Фавн”нинг тушдан сўнгги ҳордиғи”ни яратишда Буше фантазиясидан илҳом олган.
Аммо муаллифнинг ўй-ният, режалари кўпинча хийла камтарона доирада, дейлик, одатдаги, оддий кундалик дақиқалар ичида туғилади ва бу фусункор мўъжизанинг бирдан-бир, ягона унсури унинг ўзи – сеҳргар-ижодкор бўлади. Бундай ҳодиса шунчаки суҳбат пайтида, газета ўқиётганда, дўконга бораётиб ёки бўлмасам, эрталабки ювиниш-тараниш, ясан-тусан чоғида – бир сўз билан айтганда, хаёл, фантазиянинг уйғониши учун деярли ҳеч қандай қулай бўлмаган вазият, шароитлар остида содир бўлади, бу шундайки, ёзувчи ўз сўзини ёки гапини тугатмасдан бирданига жимиб ёки ярим қадам босар-босмас тўсатдан тўхтаб қолади, шу сонияда у ажойиб сукунат оғушига чўмиб, ҳаракатсизлик ҳолатига тушади ва ана шундай бир неча лаҳзалар ичида унинг кўз ўнгида, хира, туссиз нур пардаси ортида қандайдир образ, манзаралар, бир қанча сўзлар ёки улар янграйдиган вазн, маром, мақом пайдо бўла бошлайди, – бунда ният, режа туғилишига ҳамроҳ, йўлдош бўлаётган чуқур сукунатни ҳатто унинг юрак уриши ҳам бузишга ботинолмайди. Йейтс полга тушиб кетган перони олмоқчи бўлиб энгашган маҳал миясида “лоп” этиб пайдо бўлган асар режаси ҳақидаги ҳайратланарли воқеани айтиб берган эди. Америкалик ёзувчи Айра Моррис ўзининг “Bombay Meeting” – “Бомбейдаги учрашув” номли қизиқарли ёзилган романида ПЕН клуби конгресси ва қатнашчиларининг характерли қиёфаларини акс эттириш билан бирга, ўзи кўйлак кияётган пайтида хаёлида бирдан янги асар ғояси пайдо бўлгани билан боғлиқ воқеани ҳам баён қилган.
Аммо “илҳом калити”, одамлар ўйлаганидек, ҳар доим ҳам тепадан тап-тайёр бўлиб тушавермайди, айниқса, бундай ҳоллар камдан-кам учрайди. Ҳеч кимнинг эътиборини ўзига тортмаган қандайдир жумла ёки саҳифанинг қуйи қисмига битилган қўшимча ёзув, вақти келса, кутилмаган янгиликка айланиши мумкин ва айтиш жоизки, ёзувчи ижодини ўрганувчи тадқиқотчилар гоҳо йўл бўйида ётган оддий тошдан чиқадиган учқунни қидириб, катта ва қалин китобларни титкилаган кўйи вақтни беҳуда ўтказадилар.
Кўпгина замонавий ёзувчиларнинг каминага илтифот кўрсатиб билдирган эътироф-иқрорномалари орасида мени ҳайрон қолдиргани – ўй-ният, режанинг юзага келишида режиссёр вазифасини ўтайдиган ажойиб, мўъжизакор гном (митти одам) бўлди. Мана, тасаввур қилинг, кимдир бўм-бўш хонага кираётиб, стол атрофига териб қўйилган стулларга кўзи тушгач, бирдан миясига ажойиб бир мавзуга оид фикр келади, лекин қизиғи шундаки, ушбу фикр на хона ва на ундаги стуллар билан ҳеч қандай боғлиқ бўлмайди. Яна бошқа биров эса печкани очиб, унинг кулини сидириб оларкан, кўзига ногоҳ қақағлаб, макиёнини чақираётган катта ўрмон қуши – карқур кўриниб кетади ва шу сониядан эътиборан у ўрмон ҳақидаги романи ҳавоси билан нафас ола бошлайди. Митти одамча фойдаланадиган реквизитлар орасида консерва банкаларидан тортиб, то костёл минорасининг соати, янги дазмолланган ичкийим, чойшаб ва ҳ. к. ҳиди ва ҳатто метрога тушган тасодифий ҳамроҳнинг юзидаги сўгалгача, барчасини учратиш мумкин.
Қисқа асарлар – афоризм, ҳикматли сўзлар, эпиграмма, масал, лирик шеър – одатда Юпитер бошидаги Минерва янглиғ, етук ҳолда дунёга келади. Сўзларни кунлар, ҳафталар ва ҳатто ойлар давомида силлиқлаб, сайқаллаш мумкин, аммо асосий маъно-мазмун, туб моҳият эса кутилмаганда ёзувчининг хаёлига фикр, ғоя келган ўша қанотли, учар лаҳзадаёқ пайдо бўлган бўлади. Леопарди билан ҳам худди шундай ҳолат рўй берар, мавзу ўз кўлами, барча тафсилотлари билан бирданига пайдо бўларди, бироқ … “Сўнгра мен уни ривожлантира бошлардим, лекин бу жараён шу қадар секин кечардики, ҳатто кичкинагина шеър ҳам икки ойдан то уч ойгача вақтимни олар эди”. Шундай бўлса ҳам, ёзувчини режа, ғоя, фикр бирданига ўзига жалб қила олмайди.
Бизни дастлабки кўз қамашиш ҳолатидан ҳар қандай фикр, ғоянинг “ўгай она”си – ўйлаш, мулоҳаза қилиш олиб чиқиб кетади. Уларнинг янгилиги ва жозибасига берилмай, ёзувчи ҳар томонини ўйлаб, мулоҳаза қила бошлайди ва қай даражада оригинал, долзарб, жозибадорлигини қайд этар экан, ўз ният-режасини амалга ошириш йўлида сохта теранликларга дуч келиши, уни қатор қийинчиликлар ҳамда иш ҳажми чўчитиб юбориши ҳам мумкин. Ўйлаш, мулоҳаза қилиш бизларга гўё яратилажак дурдона, шоҳ асарларни ваъда қилгандай туюлган ижодий завқ-шавқнинг минглаб лаҳзаларини ўлимга маҳкум қилган. У қуёшнинг чиқиши ва ботиши, қорли чўққилар ва яшил водийлар ҳақидаги, фоний ёшликнинг ва муқаррар ўлимнинг қучоғига, зулфу гажакларига туташиб кетган бўсалар ҳақидаги қанчадан-қанча шеърларни ҳали туғилмасиданоқ маҳв этишга улгурган!
Мазкур азалий мавзулардан воз кечиш учун кўпинча қатъият, уларни янгича, ўзига хос сўзлар билан ифодалашга эса куч-ғайрат ва маблағ етишмайди. Кўпчилик ер юзида пайдо бўлган биринчи одам сингари ўзини қудратли ҳис этиб, ҳали ҳеч ким тополмаган сўзни топа оламан деган умидда ўз-ўзини алдаб юради. Муҳаббат ҳар бир авлоддан-авлодга бемаза шоирларни ҳам дунёга келтираверади.
Баъзан шоирларни гўё самодан юборилган биринчи сатрни ёзиб бўлгач, балки бас қилиб қўяқолиш керакмиди, деган андиша ўйга толдирган. Одатда қийинчилик билан, қофияга боғлиқ барча инжиқликлар ва тасодифий ҳоллар эвазига эришиладиган иккинчи сатрни қўшишнинг аслида нима ҳожати бор эди? Қолаверса, мана шу иккинчи сатр гоҳо биринчи сатрнинг жозибасига путур етказиш мақсадида бизга ёвуз ва маккор душман томонидан атай тиқиштирилгандай бўлиб туюлмайдими? Модомики, шоирларнинг вафотидан сўнг, уларнинг чоп этиладиган дастлабки ёзув ва хомаки қўлёзмаларидаги ана шундай бир сатрли шеърлар бизларда завқ уйғотар экан, нега энди ўша бир хил, ўзгармас оҳангли шеърларнинг мустақил мавжуд бўлиш ҳуқуқи мустаҳкам белгилаб қўйилмайди? Гап шундаки, уруғ униб чиққандан, гул ғунча очгандан сўнг ўсишдан тўхтаб қолмагани каби, шоирлардан ҳали ҳеч ким юрак ютиб, бунга журъат қилолгани йўқ.
Ёзувчи: унинг ўйлаганлари янги, ўзига хос, мустақил, тўғрими, мақбулми, меҳнат қилишга арзийдими, деган саволларга ўзи ижобий жавоб қилгач, энди кўнглида сўнгги шубҳа, хавотир пайдо бўлади: ўз олдига қўйган вазифа унга оғирлик қилмасмикин?
“Беғалва иш” куйчиси Ҳораций ҳам ўз даврида ёзувчининг қобилияти кўтаролмайдиган “юк”дан ҳушёр бўлиш ҳақида огоҳлантирган ва ундан кейинги барча ақлли, доно, мулоҳазали адабиёт устоз, мураббийлари ҳам худди шу масалани такрор айтиб ўтишган.
Аммо ўз имкониятларини тўғри баҳолай олиш худди анқонинг уруғидай камдан-кам учраши бор гап. Улар тугаган жойда тўхташ анча мушкул, айниқса, юқорига қараб олийжаноб интилиш бўлса! Бундай васвасалар кўпинча шуҳратпарастлик, ҳасад, дарғазаб рақобат, тез ёки дабдабали шон-шуҳратга эришишга интилиш каби тубан мақсад ва иллатлар оқибатида юзага келади. Шунда мисол учун дейлик, тарихий мавзу бўйича ажойиб асарлар яратиш учун мўлжалланган қалам ўтмаслашиб, оддий, ўртамиёна ёки шунчаки бемаза романлар ёзаётган пайтда ҳаттоки синиб кетиши ҳам мумкин; қувноқ фантазияларга бой, мафтункор кичик асарлар ёзишга қодир комедиограф эса, бунинг ўрнига кўтаринки, жўшқин ва хира, бўғиқ, туман босган трагедиялар сари отланиб, охир-оқибат ҳафсаласи пир бўлиши тайин. Баъзан шунақаси ҳам учраб туради, яъни бинойидек ажойиб романлар ёзиб юрган муаллифлар бирдан ўзларини драматургияга уриб, шуҳрат қозонгилари келиб қолади, пировардида эса мағлубиятга учрайдилар. Пьесаси шармандали равишда муваффақиятсизликка учраб, ана шундай мағлубият аламини тортган Золя норозилик билан ҳуштак чалиб “обрўсизлантирилган драматурглар” учун имлама зиёфат уюштириб, Флобер, Мопассан, Гонкур ва Доде билан бир дастурхон атрофида ўтириб улфатчилик қилган экан.
Баъзида эса бунинг тескариси ҳам бўлади. Масалан, Сент-Бёв шеъриятдан воз кечиб, замонавий адабий танқиднинг асосчисига айланган. Альбер Сорель заиф, бўш беллетристика ўрнига аъло тарихни афзал кўрган. Аммо бу борада рўй берган энг қизиқ, ажиб воқеани Конан Дойл мисолида кўриш мумкин. Аввалига у ойлик журналлар таҳририятларини ва театрлар маъмуриятларини ўзининг драма қўлёзмалари билан кўмиб ташлайди. Бир куни эътиборсизлик қилиб, навбатдаги трагедия саҳифалари орасига ўз хурсандчилиги учун ёзилган детектив ҳикояни ҳам билмай қўшиб юборади. Бемаза трагедия қўлёзмасини қовоқ уйиб варақларкан, муҳаррир бирдан ҳикояга кўзи тушиб, уни ўқиб чиқади ва ўз ҳайратини яширолмай, зимдан қойил қолади. Сўнг, аввалига чек ёрдамида, кейин эса жиддий далиллар билан муаллифни ишонтиришга киришади, ваҳоланки, барибир Шекспирдан ўтолмайсиз, келинг, ундан кўра, яхшиси қурбингиз етадиган ўз адабий жанрингизни яратсангиз бўлмайдими, дейди у. Хуллас, Конан Дойл муҳаррирнинг маслаҳатига амал қилиб, машҳур бўлиб кетади. “Naturae non imperatur nisi parendo” – “Унга бўйсунмай туриб, табиатни енгиб бўлмайди”, дейилади қадимий ҳикматда. Бироқ табиат Шерлок Холмс образини яратган ижодкор учун яна бир кутилмаган совға тайёрлаб қўйган экан: умрининг охирларида у спиритизм билан қизиқиб қолади ва асл иқтидорини марҳумларнинг руҳини безовта қилиб, улар билан суҳбатлар олиб боришга бағишлайди.
Бошқа биров томонидан ўргатилган йўл-йўриқ ёзувчи ижодига чуқурроқ кириб бориб, унга ўзи ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган мавзуни мажбуран қабул қилдириши ҳам мумкин. Кимдир Грилпарцерни Сафо ҳақида, Ҳеббелни Гигес ҳақида драма ёзишга кўндирган. Ҳа, бунақа ҳолатлар тез-тез учраб туради. Театр директори, ношир, газета муҳаррири замон руҳи, мода, томошабин ёки ўқувчилар таъб-диди ҳамда муаллиф имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уни маълум бир мавзуни олишга кўндирадилар. Бундан бир неча йиллар аввал Америкада Таврот мавзуига бағишланган, жуда катта ададда босилиб чиққан романларнинг деярли барчаси бевосита ноширлар томонидан буюртма қилинган, чунки китобхонларнинг талаби катта бўлган. Бунда аввало, фойдани кўзлаб иш тутилгани сир эмас. Бироқ мавзу ҳам кўп ҳолларда диққат-эътиборга сазовор бўлиб, ёзувчи буюртма олади ва унинг бажарилиши ташаббускорларга ҳам, муаллифга ҳам бирдай обрў-эътибор олиб келади. Албатта, бу ҳеч қачон ўз-ўзидан кўр-кўрона, тасодифий ҳолат бўлмайди, балки бегона фикр маълум бир муаллифга хос бўлган тегишли ижодий хусусиятлар ривожини бирмунча тезлаштиради, холос, шунда ташқи рағбат таъсирида яратилган асар ёзувчи кўнглида туғилиб, пишиб етилган ғоя асосида дунёга келган асардан ҳеч қандай фарқ қилмайди.
Кимки ўз қобилияти, истеъдодининг характери ҳамда сарҳадларини аниқ ажрата олса, норозилик билдириш ўрнига, қалбига қулоқ солиб ишласа, албатта, нафақат муваффақиятга, балки бахт-омадга ҳам эришади, бу эса камдан-кам яхши ёзувчиларга насиб этади. Бу йўлни ақл-идрок кўрсатиб беради. Аслида ҳам шундаймикин… Шу ўринда Леопольд Стаффнинг бир маърузасида айтган ушбу сўзлари ёдимга тушади: “Ақл-идрок, бу – қанотсиз ақлдир”. Мен бу сўзларни ҳамиша ҳар бир ижодкор ўз-ўзи билан ҳормай-толмай олиб бориши лозим бўлган ботиний кураш учун шиор сифатида эслайман, зотан, унинг олдида иккиланиш кўндаланг туради: ўз кучини ният-мақсадлар билан ўлчасинми ёки ният-мақсадларини кучларига мослаштирсинми, қай бири маъқул. Бинобарин, бизда мардлик, жасурлик, довюраклик, жўшқинликдан нимаики бўлса, ҳаммаси, қолоқликда ҳали қотиб қолмаган нимаики бўлса, – буларнинг барчаси югуриш йўлкамиздаги финиш чизиғини борган сайин, тобора узоқроққа суриб қўяверади. Аммо мақсадга ҳар доим ҳам эришиб бўлмайди. Адабиёт тарихида мардонавор мағлубиятга доир мисоллар тўлиб ётибди, лотин шоири эса уларга атаб муносиб эпитафия ёзган: “In magnis et voluisse sat est“ – “Улуғлар учун биргина хоҳишнинг ўзи кифоя”.
Бунда митти одамча ўзининг сеҳрли ният-режалар тўрвахалтаси билан буйруқ бермайди, уларни энди ёзувчининг ўзи қидириб топади. Сенкевич ўзининг мактубларидан бирида беллетристик майда-чуйдалардан сўнг ижоднинг янги даврини бошлашга ваъда бериб, шундай деб ёзади: “Буюк ғоялар қўнғироғини чалиш вақти етди”. Бундай дақиқаларда ёзувчи у-бу нарсаларни камдан-кам аниқ кўради, у фақат ўзи учун азиз бўлган ғоя ёки ишга хизмат қилиши учун ақли ёки қалби буюрган нарсанигина ҳис этади, холос. Аммо шу аснода бирдан унинг хаёлини худди афсун билан бошқа тусга кирган ёки кира оладиган Пергюнт одамлари янглиғ, кўнгил қулайликлари ардоқлаб вояга етказган иштиёқ, ҳавас ва одатлар банд қилиб, иродасини сусайтиради, уни эсанкиратиб, довдиратади ва айни чоқда мавзуларни синаб кўришга ҳам ундайдики, бунда илгариги тажриба ва шаклланган маҳоратдан унумли фойдаланиш учун қулай фурсат туғилади. Кураш эса осон кечмайди. Ёзувчи халқ, давр, инсоният ва идеаллар олдидаги бурчи асносида ўз иттифоқчисини топади. Ғалабани қўлга киритиш учун оғир меҳнат қилишга, кўп ҳолларда соғлиқдан кечишга, баъзан эса жон фидо қилишга ҳам тўғри келади. Лекин бу йўл ёзувчиларни энг буюк тантана сари олиб боради: бир ҳовуч мухлислар ўрнига у миллионлаб китобхонларнинг таҳсин ва ташаккурига, меҳр-муҳаббатига сазовор бўлади.
Узоқ давом этган иккиланишлардан сўнг, ёзувчи ниҳоят, узил-кесил қарор қабул қилиб, ишга киришади ва бу давр бир неча йилларни ўз ичига олади. У энди ўзини шу пайтгача қизиқтирган ва келгусида йўлдан оздириши мумкин бўлган барча нарсалар билан хайр-маъзур қилиши лозим, у юзлаб бошқа мавзулар ичидан айнан шунисини танлаб олганига кўп марта афсусланади – аламли, оғир дақиқаларда ҳар қандай бошқа мавзу кўзига яхшироқ ва меҳнатга арзийдиганроқ бўлиб кўринаверади; шунда янги кунлар, янги ишлар ва янгича ғоялар ўз олдига қўядиган талаб ва таклифларнинг барчасини рад этиши ёки уларни навбат кутишга мажбурлаши ёки бўлмасам, шунчаки унутишига тўғри келади. Серғайрат қалам соҳиблари (масалан, Лопе де Вега) бу масалада анча омадлироқ бўлишган, улар битта нарсага узоқ вақт боғланиб қолмаган ва айримлари фақат умр поёнидагина ўз бадиий виждонлари билан орани очиқ қилганлар. Мисол учун, кекса Крашевский Сенкевичнинг “Ўқ ва тиғ”ини ўқиётиб, шундай йўл тутган. Бошқаларда эса асосий иш билан бўлиб, четга суриб қўйилган, бироқ “таслим” бўлгиси келмаган ният ва режалар кейинчалик ана шу асосий ишга алоҳида қисмлар, лавҳалар сифатида қўшилиб кетиши, баъзан эса ўзлари билан қандайдир янги мавзулар, янгича оҳанглар олиб келиб, дастлабки режага ўзгартиришлар киритиши ҳам мумкин.
Ҳар қандай, ҳатто бир қарашда бемаъни (“футуризм тарафдорлариники каби тутуриқсиз” демоқчийдим, ўзимни тийдим, чунки улар аллақачон ўтмишга айланган) туюлган адабий асарнинг ҳам маълум бир мақсадга хизмат қиладиган ва муайян мантиққа бўйсунадиган ўз тизими, композицияси бўлади. Юзага келадиган, туғилаётган ҳар бир фикр, ғоя, ўй-ният, режа, таъбир жоиз бўлса – сирғалиб, чап бериб, ёйилиб, ҳар томонга тарқалиб, кўздан йўқолиши мумкин бўлган илк нафас, сиртқи кўриниш, шакл, шарпа, соя, кўланкалардир. Биринчи мавзуга бирмунча кейинроқ янгилари келиб қўшилади, улар “тебраниб” туради, шу боис дафъатан “ушлаб” олиш қийин, уларни фақат жиддий эътибор, кескин, зўр тасаввур ва ён бермайдиган фикргина гуруҳларга бўлиб, ажратиб, тартибга сола бошлайди. Бу ерда воқеалар худди Анаксагор космогониясидагидек кечади: nus – “aқл” – тарқоқ, бетартиб унсурларга уйғунлик бахш этади. Ҳақиқий ижодни тафаккур интизомисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсоният тарихининг кўплаб ва албатта, энг яхши асрлари давомида фикрларни мантиқий тартибда бирга қўшиб олиб бориш, уларни ўзаро мутаносиблик асосида тасарруф этиш, бир шеърий банддан бошқасига, насрда эса бир қисмдан бошқасига ўтишда уйғунликка, образларнинг аниқ, ёрқин ва тушунарли бўлишига эришиш маҳорати доимий ўзгармас қоида бўлиб келган. Ҳораций ана шундай ёзган, унинг ҳар бир қасидаси баайни ўзак ва бурчакларга ажраладиган кристалл тузилишига эга бўлган. Барча классиклар шундай ёзишган. Эдгар Аллан По “Қузғун”нинг яратилиш жараёнини баён этар экан, уни қуйидагича изоҳлайди: “Унинг композициясидаги биронта ҳам унсурни тасодиф ёки муаллифлик илҳоми деб бўлмайди. Поэма ечими аниқлик ва математик масалага хос қатъий мантиқ асосида қадам-бақадам ҳал этилган”.
Демак, мумтоз адабиёт учун мажбурий деб ҳисобланган нарса ўз мақсадларини яхши тушунган ҳар қандай етук, ҳақиқий ижод мактаби учун ҳам қонун саналади. Бу қонунга “Энеида” гекзаметрлари ҳам, “Илоҳий комедия” терциналари ҳам, “Роланд ҳақида қўшиқ” ва Мицкевичнинг “Қрим сонетлари” ҳам бирдай бўйсунади.
Данте ўз поэмасини ҳайратланарли даражада изчиллик билан, қонун-қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ёзган. Унда шеър – терцина шаклида ҳам, поэманинг ҳар бири ўттиз уч қўшиқдан иборат уч қисмга бўлинишида ҳам уч турлик принципи ҳукм суради. Муқаддима-шеър билан ҳаммаси бўлиб 100 та. Шеърий сатрлар сони – 14 233 та, учга бўлинган, лекин қолдиқсиз эмас, – битта ортиқча сатр ўзининг зарралар оламида гўё муқаддима-қўшиққа мос тушадигандек. Қисмларнинг баб-бараварлиги, мутаносиблиги ва композициянинг аниқлиги бўйича жаҳон адабиётида унга тенг келадиган бошқа достон йўқ.
Юксак маҳорат, номига бўлса-да, ҳатто майда-чуйдаларгача эътибор билан пухта сайқал бериш баъзи бир даврларда фавқулодда қадрланган. Бугунги кунда Лео Ларгье “Кузнинг 1059 катренни”ни ёзди, ундаги сонлар йиғиндиси – 666 – Апокалипсисдаги йиртқич ҳайвон ва 393 – электрум белгиси, етти сайёрага мос келадиган етти металл синтезига тенг. Вергилий буколикаларида эса Пифагор сонлари тизимини пайқаш қийин эмас. Бир давр диний ҳис-туйғу билан йўғрилган бўлса, бошқаси шунчаки эрмакка айланган. Бироқ поэзия галма-гал дам ўзига юзаки қийинчиликлар орттиришни, дам уларни мазах қилиб ёки дарғазаб ҳолда менсимасликни ёқтиришини инкор этиб бўлмайди. Наср ҳам мумтоз шеърият қонун-қоидаларидан бир нималарни ўзига қабул қилиши мумкин: Жойс “Финнеган маъракаси”да “Илоҳий комедия”нинг асосини ташкил этган “тўрт ҳисса ошиқ” – яъни сўзма-сўз, маънавий-ахлоқий, бир-бирига ўхшаш ва кинояли, мажозий принципни қўллаган.
Ромен Роллан “Жан Кристоф”нинг “Бўлғуси кун” деб номланган сўнгги қисмида ижодкор кўнглидаги асарнинг туғилиш жараёнини тасвирлайди. У бастакор ҳақида сўзласа-да, шубҳасиз, ёзувчини назарда тутади. Аввалига ўй-ният, режа билан “ҳомиладорлик” даврини баён қилади, унда ижодкор “пишган бошоқдай у ёқдан-бу ёққа чайқалиб, номаълум қувонч ҳиссини туяди” ва туғилажак янги ҳаёт нафаси сезила бошлайди. “Шунда ирода ҳаракатга келиб, от каби гижинглаб турган орзу устига минади ва уни тиззалари билан қисиб олади. Руҳ уни ўзига жалб қилаётган, авж олган кучларни жиловлаётган вазн, маром қонунларини тутиб, уларга мақсад сари йўл кўрсатади. Ақл-идрок ва инстинкт симфонияси пайдо бўлади. Зимистон тарқалади. Йўлнинг узун тасмаси чувалиб, унда туғилажак асарда алоҳида сайёралар оламининг ўз қуёш тизими доирасидаги марказлари бўлиши мўлжалланган ёрқин, ловуллаган гулханлар ёқилади. Шу ондан эътиборан, образнинг асосий қиёфаси сезилиб, сўнг янаям аниқроқ кўрина бошлайди ва ғира-шира қоронғилик ичидан чиқиб келиб, ниҳоят, ҳамма нарсалар: гуллар уйғунлиги-ю қиёфалар бекамикўстлиги тўла намоён бўлади. Энди фақат барча кучларни сафарбар қилиб, ишни охирига етказиш қолади. Мана, хотиранинг чиройли, нафис қутичаси очилиб, ундан анвойи ҳидлар таралади. Ақл ҳис-туйғуларни озод қилади, уларнинг туғён уришига изн бериб, ўзи жим бўлиб қолади. Бироқ шундоқ ёнларида бекиниб олиб, улардан кўз узмай, ўлжасини пойлаб ётади…”
Эвоҳ! Ромен Роллан айнан шундай ёзган. Мен бу моҳирона, чигал ёзилган саҳифани келтирсамми-йўқми деб, узоқ иккиландим, лекин гарчи у бизга камгина маълумот берса-да, аммо барибир жуда бўлмаганда, ижодий жараёнлар ҳақидаги хотира ёзувчи кўнглида қандай акс садо беришининг лирик ҳаяжон намунаси бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқ. Энди баёнимизни яна давом эттирамиз.
Асар тузиш, уни тартиблаш, қисмларини жой-жойига қўйиш иш бошланиши олдидан ёки иш қандай силжиётганига қараб бўлади. Ана шу иккала метод бўйича ёзувчиларни икки тоифага бўлиш мумкин. Ишга киришишдан олдин муфассал режа тузиб оладиган муаллифлар хусусида шуни айтиш керакки, бу усул зинҳор илҳом ёки фантазия йўқлигини билдирмайди ва улар устидан кулиш ҳамда иккинчи тоифа вакилларини тўғрилик, софдиллик, самимият ва югурик фикрлар эвазига эришган муваффақиятлари учун зўр бериб мақташнинг ҳам ҳожати йўқ. Ва яна, Шопенҳауэр айтганидек, ёзув столига ўтиргандан кейингина, нима ёзиш ҳақида ўйлайдиган ёзувчини ҳам ёмон муаллифлар қаторига қўшиш керак эмас. Бунда фақат характер хусусиятларидан, таъб-дид, тарбия ва одатлардан келиб чиқадиган тафовутлар мавжуд, холос. Тартибга ўрганмаган, асабий, қизиққон ёзувчи ҳеч қачон олдиндан режа тузиб олмайди, чунки у шунчаки саҳифаларни қоралаб ўтиришни хоҳламайди, улар йўқолиб қолиши ҳам мумкин.
Флобер бўлғуси роман режасини тузиш устида бир неча ойлар мобайнида ҳар куни соатлаб ишлар эди. Режани тугатволгач, шундай дерди: “Романим тайёр, фақат уни ёзиш қолди, холос”. Ва унинг режаси шунчалик муфассал бўлардики, вафотидан олдин тугаллашга улгурмаган “Бювар ва Пекюше”нинг сўнгги боблари режада худди тугал матндек таассурот қолдиради. Ёшлигида дорихоначи бўлиб ишлаган ва ўз касби туфайли тартиб “атири” билан қаттиқ дўст тутинган Ибсеннинг кўп ғаладонли қутичаси бўлиб, ўша даврда ёзувчи драма устида ишлаётгани боис, унинг ҳар бир ғаладони драма персонажларидан бири учун мўлжалланган эди. Бутун ойлар давомида у ҳеч нарса ёзмас, фақат ёлғиз ўзи узоқ сайр қилиб юрар ва уйга қаҳрамонлар характерига хос янги хусусиятлар, диалоглардан парчалар ҳамда бутун бир саҳна кўринишлари билан қайтар, сўнгра буларнинг барчасини қоғозга тушириб, қутичанинг тегишли бўлмаларига солиб, териб қўяр эди. Таъбир жоиз бўлса, у худди асаларига ўхшаб ишлар, қутичанинг барча ғаладонлари асал билан тўлар-тўлмас, драматург ёзишга ўтирарди. Асарнинг муфассал режасини наинки ёзув ва қайдларсиз ўз миясида сақлашга, балки ана шу хаёлий режада ҳатто тузатишлар ва қисқартишлар қила оладиган ёзувчилар ҳам борки, бунда улар миясининг бурма-бурма бўлиб турган жойлари бамисоли дафтар саҳифаларига ўхшаб кетади. Руссо шундай ишлар эди. У ёзув столига ўтирволиб, фикрлайдиганлардан эмасди. Ёлғиз ўзи сайр қилиб юрган пайтларида ўзича тўхтовсиз монологлар айтар, шу тариқа мавзуни ўзлаштириб, уни бир бутун ҳолга келтирар, қайта ишларди. Кўпгина шоирлар ҳам худди шундай ишлайди. Улар ёзув столига узоқ вақт хаёлан ўйлаб, пишитиб юрган тайёр асарини ёзиш учунгина ўтирадилар. Асар режаси ёки композицияси ўз моҳиятига кўра – ёзувчининг мавзу, фон, персонажлар, кайфият билан, асарнинг эмоционал уйғунлиги ва ҳ. к. билан бирга яшаши, ҳамнафас бўлиши, дунёга келаётган асарни ўраб, чулғаб олган зим-зиё зимистоннинг аста-секин тарқалишидир. Бошланаётган ҳар бир янги кун ўзи билан бирга нур зарраларини олиб келади.
Асар яратишда ўз олдига мақсад қўйиш ва шу мақсад сари олиб борадиган йўлни белгилаб олишга органик жиҳатдан ноқобил бўлган ёзувчилар кўпчиликни ташкил этади. Бу асло ўртамиёналик, уқувсизлик ёки қобилиятсизлик дегани эмас, бундайлар ҳатто энг буюк ёзувчилар орасида ҳам учраб туради. Улар олдиндан нимаики бўлмасин, пухта ўйлаб, режалаштириб олган бўлишларига қарамасдан, иш соатларида ҳаммаси хазондай шамолга учиб кетади. Чунки улар – тасаввурий инжиқликлар, кутилмаган воқеа, ҳодиса, тасодифлар қўлидаги ўйинчоқлардир. Иш қайси йўналишда кетиши керак, бунга уларда қатъий ишонч йўқ, катта йўлдан боришаётганда бирдан сўқмоқ чиқиб қолса, унга чалғиб кетиб, кутилмаганда номаълум, гўзал бир водийга кириб қолиб, баттар ҳайрон бўлишади, ҳолбуки, йўлга отланаётиб, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган. Сокин суҳбат асносида қулоққа чалинган қандайдир ўзгача, ғайриоддий ёки сергаклантирувчи сўз, ҳозиргина бир четга опқўйилган китобчадан олинган фикр, йўл-йўлакай кўрилган сурат ва ниҳоят, ҳар бир жумла замирида намоён бўладиган ассоциацияларнинг бутун бир дабдабали флораси, – яратилаётган асарнинг ўзгартиришлар ва қайта ишлаш, унинг ривожи ва бутун бойлиги билан боғлиқ бўлган манбалар мана шулардир. Обдан ўйлаб чиқилган ва бинойидек тайёрланган драма бирданига комедияга айланиб кетиб, биринчи пардадаёқ комедия қатнашчилари мудҳиш шарпалар кўланкасида фалокат сари юз тутган воқеалар ҳам бўлган.
Шоирлар ижодида қофия – буюк сеҳргардир. Шоир уйғунлик, ҳамоҳанглик излаб, тил кенгликлари бўйлаб сафар қиларкан, ногоҳ мўлжалдаги йўлдан бурилиб, янгиликлар кашф қилади. Кутилмаган, хаёлга келмаган, ногаҳоний, тасодифий сўз янгича фикр, янги образ, янгича хусусият, баъзан эса ҳатто поэманинг янги персонажи, қолаверса, янги қисми учун ҳам тугунча, уруғдон бўла олади. Юлиуш Словацкий қаламига мансуб “Бенёвский” ёки “Руҳ-Қирол”даги қанчадан-қанча шеърлар шу тариқа вужудга келган. Гоҳо шоирни чалғитган сўзлар кетидан эргашган югурик фикр қолдирган изларни ҳам пайқаш мумкин. Уни йўлнинг ҳар бир бурилиш, муюлишида янги истиоралар кутиб ётган бўлади, бошни айлантирадиган даражадаги ҳиссиётлар, фавқулодда ҳайратомуз фикрлар хаёлини банд қилаверади. Гарчи сабаблар сал бошқачароқ бўлган бўлса-да, лекин “Пан Тадеуш”нинг яратилиш жараёни ҳам шундай кечган. Биз барчамиз билган поэма 1832 йилнинг кузида ёзила бошлаганидан бутунлай фарқ қилади. Биринчи вариантда Граф университетдан қайтади ва унинг portrait-charge – романтик йигитчанинг намунали портретига айлангани ҳеч қандай билинмайди; кашиш Робакнинг ҳақиқий характери эгнидаги сутанадан аранг сезилиб туради. Билмадим, Наполеон легионлари унинг эпопеясига бостириб киришини ва шу туфайли уни Наполеон ҳақида достон ёзишга ундаган қандайдир немис профессорининг башорати амалга ошишини шоирнинг ўзи олдиндан сезганми-йўқми: ахир, Мицкевич “тамом” сўзини ўнинчи қўшиқдан сўнг қўйган-да! Мицкевич қаламига мансуб мазкур дурдона асар – ушбу ёрқин ва жўшқин тарих бизга фақат қисман таниш, холос, яхлит олганда эса – афсус! – уни аслидай тасаввур қилиш ғоят мушкулдир.
Кимки аввал пухта режа тузиб олган бўлса, уни кунма-кун, бобма-боб, қўшиқдан қўшиққа бажариб боради. Ўз ишининг суръат ва маромини билган муаллиф бир ҳафтадан сўнг боғни тасвирлаши лозимлигини, бир ойдан кейин эса севишганларнинг бўса онларини баён қилишига тўғри келишини олдиндан кўра олади. Ишда интизомга риоя қилмайдиганлар эса, масалан, Гонкурга ўхшаб, турлича йўл тутади: илк ижодий шижоатдан руҳланиб, дарҳол асарнинг боши билан охирини ёзиб ташлайди, кейинроқ ўртасидан бошлаб ёки орада нима бўлиши лозим бўлса, ҳаммасини ёхуд Зофья Налковская сингари ҳар хил қисмларини қоғозга туширади, лекин уларни қаерга жойлаштириш масаласи очиқ қолади, шу боис доимо нокерак нарсаларнинг кўпайиб кетиш хавфи мавжуд бўлади ёки уларни бутунлай қайтадан ишлашга тўғри келади.
Лекин энг муҳим нарса, бу – биринчи сўзлардир, деган фикрга ҳамма қўшилади. Башарти улар ҳали топилмаган бўлса, унда ишлаш учун ўтириш бефойда: ўчириб, чизишлар, ўкинч, ачиниш, ранж, алам, ғижиниш, дарғазаб бўлиш билан орадан бирор соат вақт ўтгач, ғижимланган бир неча саҳифалар қоғоз ирғитиладиган саватчага равона бўлиши тайин. Илк сўзлар, бу – “сарахбор”, яъни қўшиқнинг боши. Улар ишнинг йўналишини белгилабгина қолмай, балки бутун бир бошли асарнинг характери ҳамда услубини ўзида намоён қилади. Шу ўринда ўз шахсий тажрибамдан мисол келтириб ўтмоқчиман. “Олимпия гардиши”нинг биринчи таҳририда Аркадиядан бошланадиган Олимпия дарёси – Алфей тасвирининг илк жумласи устида тиришиб ишлаганман. Ушбу фрагмент ўзимга ҳам жуда ёққан ва у кейинчалик алоҳида босилган, бироқ “Олимпия гардиши”га тўғри келмагани сабабли, асарга киритилмай, чиқитга чиқди, чунки ундаги характер хусусиятлари бутунлай бошқача, ундан беллетристик асардан кўра кўпроқ эсседа фойдаланиш мумкин эди, бинобарин, китоб шароитига мутлақо ҳамоҳанг эмасди ва бу муҳит ўша илк жумладаёқ ўз ифодасини топган ва китоб то шу бугунги кунга қадар ҳам айнан ўша жумла билан бошланади.
Сеҳрли илк сўзларнинг албатта асар бошида бўлиши шарт эмас, баъзан улар қаердадир ўртада яширинган бўлади, шу боис ҳали бокира саҳифага ташланган биринчи уруғ айнан улар эканлигини билиб олиш ҳам мушкул. Эҳтимол, зайтун дарахтининг кесилган новдасига ўрнатилган ўша эр-хотинлар ложаси ҳақидаги шеърни “Одиссея”нинг ниш урган илк куртаги, деб ҳисоблаган Клодель ҳақдир, – ким ҳам буни тасдиқлай ёки рад қила оларди? Ўзидаги ижодий тафаккурнинг худди ўша хусусиятларини ўз ҳамкасбидан ҳам топа олган шоирнинг ички ҳис-туйғусига ишонишдан бошқа иложимиз йўқ.
Шелли қаламига мансуб “Атласлик афсунгар” каби камдан-кам асарларни ҳисобга олмаганда, унинг етмиш саккиз октаваси атиги уч кун ичида ёзиб тугалланган, шиддат билан ёза бошлаган югурик қалам бора-бора секинлаб, охир-оқибат тақа-тақ тўхтаб ҳам қолади. Совуқ ноябрь ойини эслатувчи оғир кезлар бошланади. Ёзувчи ҳайрон бўлиб, умидсизликка тушади: ҳозиргина кучли ва ёрқин бўлиб кўринган нарса бирданига кучсиз ва хира тортиб, ишни давом эттиришга ҳам арзимайдигандек туюлади. Яна бир оз куймалангач, бор қизиқиши ҳам йўқолиб, уни ё ёзув столининг ғаладонига солиб қўяди ё бўлмасам, саватчага қараб ирғитади. Ёзувчиларнинг вафотидан кейин қоғозлари орасидан топилган ва тўла асарлар тўпламининг кўпгина жилдларини тўлдирган ана шундай фрагментлар, булар – у ёки бу сабабга кўра муаллиф олдида ўзининг илгариги жозибасини йўқотган ва унинг ҳафсаласини пир қилган адабий ёдгорликлардир.
Ҳатто Гёте ҳам ўзидан кейин кўплаб тугалланмаган фрагмент асарлар қолдирган. Отаси уни болалигидан бошлаб, ишни тугатмасдан ташлаб кетмасликка ўргатганига ва у гапга унамайдиган, бир сўзли майдакаш бўлганига қарамасдан, барибир фойдаси бўлмаган. У ўзи ҳақидаги афсоналарда тасвирланганидек, ўшанчалик руҳий мувозанатга, бир текис, сокин ва осойишта ижодий куч-ғайратга эга бўлмаган. “Фауст”га ўлимидан беш кун олдин сўнгги марта назар ташлаган экан. “Фауст” ҳақидаги ғоя айни кучга тўлган ёшлик пайтимда пайдо бўлган, – деб ёзади шоир, – ўшандан буён орадан олтмиш йил ўтибди – барча саҳналар кўнглимдагидек аниқ-тиниқ, ифодали, муқаррар изчиллик билан кўз олдимдан ўтиб турган. Мазкур давр ичида мени ўзига энг кўп жалб қилган дам бу тафсилотни, дам унисини ишлаб чиққан ҳолда, камина ушбу режамга бутун умр бўйи садоқат билан амал қилиб келдим. Аммо қизиқишим сусайгач, камчилик, нуқсонлар пайдо бўлди, улар айниқса, асарнинг иккинчи қисмида сезилиб туради”.
Клоделнинг “L’annonce faite a Marie” – “Марямнинг ҳомиладор бўлгани ҳақидаги ваҳий” асари хусусида ҳам худди шундай дейиш мумкин, у мазкур пьесани эллик олти йил мобайнида ёзган ва шу йиллар давомида унинг тўртта вариантини яратган.
Ҳар бир йирик адабий асар тарихи умидсизликлар, айрилиқ, жудолик­лар ва қайтаришлар билан боғлиқ. Баъзан муаллиф уни узоқ вақт бир чеккага олиб қўяди ва гўё бутунлай унутиб юборгандек, кўплаб бошқа нарсалар ёзиш билан машғул бўлади. Жозеф Конрад “Нажот”ни бир неча марта четга суриб қўйиб, яна кейин қайта қўлига олган ва уни йигирма йилдан сўнггина тугатишга муваффақ бўлган. Бунга сабаб шуки, ёзувчи кутилмаганда бўшлиққа дуч келиб, уни нима билан тўлдиришни билолмай қолади: ё тажрибаси ёки ушбу предмет ҳақида билими етишмайди. Кўпинча белгиланган тартибни бузиб бўлса-да, ҳамма нарсани оёғини осмондан қилиб, барчасини қайтадан ишлагиси келади, чунки бирданига ҳаммаси сохта, ясама, шартли, хаёлий, бемаъни ва тутуриқсиз туюлиб кетади. Каден-Бандровскийнинг “Қора қанотлар”и асар устидаги ишнинг қийинчилик, мураккабликларига мисол бўла олади: “Суратли ҳафтанома”да босилган дастлабки матн кейинчалик амалга оширилган китоб шаклидаги нашридан анчагина фарқ қилади, бунинг сабаби ўша пайтдаги сиёсий вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлса керак, эҳтимол. Сиёсий тартиботлар муаллифларни ўз қаҳрамонларининг тақдир ва характерларини, китоб тенденцияси ва физиономиясини ўзгартиришга мажбур қилган ҳолатлар билан боғлиқ мисоллар ягона эмас. Бунга кўпинча мутлақо оддий важ, баҳоналар ҳам сабаб бўлган, мисол учун, ношир соф тижорий фойдани кўзлаб, муаллифдан ҳажман каттароқ китоб ёзиб беришни талаб қилган ва ҳ. к. “Дориан Грей портрети” худди шу тарзда кенгайтирилган, натижада асар композициясига жиддий путур етган.
Қадимгилар адабий асарларда, хоҳ кичик шеър ёки узун достон бўлсин, хоҳ қисқа луқма ёки катта нутқ бўлсин, бундан қатъи назар, энг аввало, тартиб ва уйғунлик бўлиши ҳақида қайғуришган. Қисмларнинг мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилган, асарнинг бутун вужуди ўзаро уйғунлик, мувофиқликка бўйсундирилган – бусиз бадиий асар бўлиши мумкин эмас эди. “Вергилий “Фауст” ҳақида нима деган бўларди?” – дея ўзига ўзи савол беради Красиньский. – У буни расво бир нима деган бўлар эди”. Аммо Вергилий Красиньскийнинг “Ноилоҳий комедия”сига ҳам худди шундай баҳо бериб, унинг чексиз чекинишларга тўла “Дон Жуан”ини эса иккита фикрни мантиқий бир бутун қилиб боғлай олмайдиган хиралашган ақл маҳсули, деб атаган бўлармиди, эҳтимол.
Мана, салкам бир ярим асрдирки, бизлар қадимги авлодлардан ўқиб-ўрганишни йиғиштириб қўйганмиз. Нотиқ учун ўз сўзини кириш, асосий ва якуний қисмларга аниқ ва лўнда қилиб бўлиш ҳамиша фойдали бўлган, агар бу қоидага илгаригидек риоя қилинганда эди, бугунги кундаги тартибсиз, мантиқсиз ва ҳеч нима билан тўхтатиб бўлмайдиган тийиқсиз маҳмаданагарчилик, сафсатабозликлар барҳам топган бўларди, аммо ушбу қоида нотиқдан фарқли ўлароқ, ёзувчи учун ҳар доим ҳам фойдали бўлавермайди. Драмаларнинг қадимги намуналар асосида мажбурий экспозиция, конфликт, перипетия (кутилмаган ҳаётий қийинчилик)лар ҳамда кульминациядан ташкил топиши бугунги кунда кўплаб драматургларни қониқтирмайди. Ҳатто Ҳорацийнинг йирик асарларда in medias res – “ишнинг моҳияти”га кириб бориш ҳақидаги ўгити ҳам бу масалада ёрдам беролмайди. Ўзининг баъзи бир романларини охиридан ёзишга киришган Конрад бу борада ажойиб натижаларга эришган. Тарихий шахснинг таржимаи ҳолини қаҳрамоннинг ўлимини баён қилишдан бошлаб, таваллуди билан тугаллаш эса ушбу ғояни ўзининг Гогасига тиқиштирган Папинининг ғалатилигига қараганда қандайдир катта нарса бўлса ажабмас ва бу тимсол бўлишга ҳам арзийди.
Композициянинг мумтоз назариясига бўлган ишонч сусайган даврдан бошлаб, у ёки бу ёзувчи ўз назариясини яратишга ҳаракат қилиб келмоқда. Болеслав Прус ёшлигидан то умрининг охирига қадар, адабий ижод назариясини илмий жиҳатдан ишлаб чиқиш ниятида бўлган ва унинг қоғозлари орасида шу мавзуга оид ўта қизиқарли хомаки режа, лойиҳалар топилган. Позитивизм йўналишининг вакили сифатида у ҳар бир масалага бағишлаб, кенг кўламли ва мураккаб схемалар тузган, бироқ ҳозирча улар етарли даражада тадқиқ қилинмаган, чунки фрагмент шаклида берилган, лекин қисқа очеркдан йирик романгача – барча мавзулар пухта таҳлил этилгани билан аҳамиятлидир. Пухта ўйлаб чиқиб, тузилган мазкур лойиҳалар кўздан кечирилганда, “Қўғирчоқ” муаллифи ўз ижодида ушбу қоидаларга риоя қилмай, ўзи ишлаб чиққан барча йўл-йўриқларни унутиб, яхшиямки, фантазия ва жўшқинликка эрк берганини сезмаслик мумкин эмас.
Модомики, асар композициясига шунча меҳнат, куч-ғайрат сарфланиб, унинг ҳақида ё танбеҳ ёки мақтов сўзлар янграр экан, – бунинг сабаби шундаки, композиция ёзувчи томонидан яратилаётган бадиий организмнинг яшовчанлиги ва гўзаллигини олдиндан ҳал қилиб, белгилаб беради, композицияси яхши тузилган асар соғлом қадди-қоматга хос бўлган хислат, фазилатларга эга бўлади. Ҳар қандай майиб-мажруҳлик ва аламли айниш, бузилишлар – оқсоқ, букур, мажмағил асарлар ҳам бўлади-ку – қандайдир ўзига хос, ўзгача, масалан, ногирон одамнинг чиройли кўзлари ёки ўткир ақл-идрок, заковати каби кўркам фазилатлар туфайлигина яшай олиши мумкин. Бироқ уларнинг ҳам замондошлар, ҳам авлодлар томонидан эътироф этилиши сари олиб борадиган йўли хийла оғирроқ кечади.
Тўғри, келаси авлодларга маълум бир муаллиф асари у қолдирган шаклда эмас, балки бошқачароқ кўринишда етиб боради. Ҳомердан сўнг, орадан бир неча асрлар ўтгач, “Илиада” ва “Одиссея” йигирма тўртта қўшиққа бўлинган бўлиб, айримлари шу қадар қониқарсиз чиққанки, буни Ҳомернинг ўзи ҳам маъқуллаши амримаҳол эди: “Одиссея”нинг VIII китоби суҳбат ўртасида тугайди, давоми эса IX китобга кўчирилган. Лекин одамлар нималарга қойил қолиб, тақлид қилмайди дейсиз! Бобларни шу йўсинда тугаллаш усули Вергилий, ундан сўнг эса бошқалар томонидан қабул қилинган. “Пан Тадеуш”нинг X китобида “кетишмоқда жанг майдонидан, унда стихиялар олишар тезда…” деган шеърий сатрларни ўқирканман, ушбу узилган шеър Мицкевичга “Энеида”нинг тугалланмаган гекзаметрлари ҳақидаги хотирани эслатган бўлса ажаб эмас, деб ўйлаб қолдим. Ҳеродотнинг узлуксиз ҳикоясини тўққизта китобга бўлиб, ҳар бирига тўққиз музадан бирининг номини беришган; Гёте “Ҳерманн ва Доротея”да худди шундай қилган. Шатобриан ўзининг “Memoires d’outre tombe” – “Нариги дунёдан хатлар”идаги қисм ва бобларни ҳафсала билан жойлаштириб чиққан, – энг сўнгги ноширлар эса уларни аямай ўзгартириб, қайта тузиб чиқишган. Муаллифларнинг ўзлари томонидан қисмларга ёки жилдларга бўлинган кўплаб асарлар тақдири шундай кечади, – кейинги нашрларда бу бўлинишлар кўпинча ўзгариб, китоб композицияси бу ёқда қолиб, кўпроқ унинг ҳажмига мослаштирилади. Сенкевич асарлари билан ҳам худди шундай бўлган ва ҳозир ҳам шундай.
Агар янги эмас, – бундай топилмага умид боғлаш қийин – ҳеч бўлмаганда, у қадар сийқаси чиқмаган композицияни қидириб кўрилса, бу худди қарталарни чийлашга ўхшаб кетади, лекин қарталар сони чекланган. Шунинг учун бўлса керак, ўтган қандайдир вақт оралиғида олдин учратган композицияларимиз яна қайтиб келади, ҳолбуки улар яқиндагина гўё эскиргандек туюлар эди. Ва ҳар гал мана шу “эскирганлик” ёзувчиларга ҳаяжонли таъсир кўрсатишига амин бўламиз. Катта, улкан васваса, бу – ё мох босган мавзуни тадқиқ қилишга ёки қандайдир унутилган адабий шакл мадригал ҳақидаги фикр таъқиб қиладиган шоирларни биламан.
Саҳна монологларига берилган қақшатқич зарбани Ибсеннинг хизмати деб кўрсатишади. Ибсендан сўнг ҳеч ким нафақат бу оддий, содда усулни қўллашга журъат қилолмаган, балки унинг устидан ҳатто Ибсеннинг барча ўтмишдошлари ҳам кулган. Расин ва Шекспир трагедияларида роль ўйнаган актёрлар шартномада монологларни тушириб қолдириш ҳақида олдиндан келишиб олишган. Ҳозир эса биз монологларни қаршиликсиз қабул қиламиз, баъзида эса ҳатто бош ария операсидаги каби, сабрсизлик билан кутамиз. Замонавий драматурглар ўз қаҳрамонларини бўм-бўш саҳнада, софитлар маржони олдида туриб, истиғфор келтиргизадилар-у, аммо ўзларини ҳечам обрўсизлангандек ҳис қилмайдилар. Қачонлардир саҳнавий диалогдаги индивидуаллашган тилнинг, мактабнинг адабиёт дарсликларида – “ҳар бир сўз персонаж характерини акс эттиради!” деб мақталган тилнинг дахлсизлиги таъминланади, деб ўйлашган. Буни қарангки, Жироду ўз драматик фантазияларининг барча персонажларига истисносиз худди ўша ўткир ва жозибадор поэтик нутқни жазо бермай бағишлай олар экан.
Реалистик роман муаллифнинг бевосита китобхонга нисбатан ҳар қанақанги мурожаатларини, ҳазил-ҳузул, персонажлар ортидан маънодор кўз қисишларини супуриб ташлаб, уларни ғалати, кулгили, қизиқ нарсалар сақланадиган ажойибхонага топширворгач, муаллифнинг шахсий фикр, мулоҳазалари ва тушунтиришларига ҳам барҳам берди: борди-ю, эҳтиётсизлик туфайли бирон-бир жумлага муаллиф кўланкаси тушиб қолгудай бўлса, у худди Апулейнинг “Метаморфозалар”идаги эшак соясига ўхшаб қолган бўлар эди. Бу принципга қатъий амал қилган Флобер Ҳомернинг эришган обрўсини далил сифатида келтирган. Ҳақиқатан ҳам, шоир “Илиада”да фақат икки марта, “Одиссея”да бир марта “ўз номидан”, ундаям “мен” шаклида эмас, балки камтарлик қилиб: “менга” ёки “бизга”, ўқувчига эмас, балки ўз қўшиғи узра уйғоқ турган Музага, кўринмас ҳомийга мурожаат қилиб гапиради. Эндиликда камдан-кам одам қулоқ соладиган Ҳомерни ҳисобга олмаганда, замонавий буюк реалистлар ҳам муаллифга хос камтарлик ва вазминликда ибрат бўлишни бас қилиб, ўз нутқларига ўрин бериш ва ўз шахсий ҳис-туйғуларини ифодалаш учун персонаж ва пейзажларни бетакаллуфлик билан нари суриб, ўзларидан соқит қилмоқдалар. Ваҳоланки, қадимги яхши замонларда ҳам тартибли оилада ёш қиз болага ғамхўрлик қилишгани каби, романни ҳам мураббийсиз қолдиришмаган.
Бизнинг замонга келиб, қаҳрамонларни бешикдан то қабргача бир умр ёки хронологик тартибда бутун бир давр мобайнида қамраб оладиган тарихий романлар урчиб, кўпайиб кетди. Қачонлардир йилномаларнинг муаллифлари ёки солномачилар воқеа, ҳодисаларнинг асл моҳиятини англашга интилувчи прагматик тарих йўналишини ана шундай тайёрлаб боришган. Замон ва одамлар ҳаётига нур ёғилган энг муҳим даврларни акс эттирган буюк романлар тантана қилгандан сўнг, уларнинг қайта тикланишини ким ҳам кутибди дейсиз? Ҳораций ўшандаёқ Троя уруши тарихини ab ovo, яъни, Елена очиб чиққан Леда тухумидан бошлаб ҳикоя қилишдан бошқасига ярамаган ғоятда “пухта” шоирлар устидан кулган эди. Ҳомер композициянинг ҳеч ким тенг келолмайдиган, энг биринчи устаси эди. Кўпйиллик урушлар ва узоқ сафар, саёҳатлар билан боғлиқ воқеаларни қандай қилиб икки ҳафталик вақт оралиғига сиғдира олишни кўплаб асрлар давомида ундан ўқиб-ўрганиб келишган. Ҳикоянинг узоқ вақт бекор қилинган, нокерак шакли дея ҳисоблаб келинган муфассал хроникалар қайтадан тикланиб, янгича санъат, тўғрисини айтганда, гарчи хира, туссиз бўлса-да, жонланиб, яна ҳаётга қайтди.
Пруст романи – асар узра вақт уйғоқ туриб, унинг бутун вужудини ёриб ўтади, – санъат асари ўтган кунларни қайтаришнинг бирдан-бир, ягона воситасидир, деган фикрнинг амалий тадбиғи ҳисобланади. Адабий муҳитда ўсиб улғайган Пруст ҳар гал ёзув столига “бирон нима ёзмоқчийдим” ёки “бирон нима ёзиш керагийди” деган ўй билан ўтирар ва бу ҳолат то “ёзадиган нарса бор” деган ишонч билан бир варақ қоғоз олиб, ниҳоят, жойлашиб ўтириб олмагунига қадар давом этарди. Бу ишонч унга баайни илҳом каби кириб келарди: у ўз ҳаёти томонидан адабий асар учун тўпланган материал ўзида мужассам эканини яхши англар эди. Ҳеч қандай арзигулик воқеалар содир бўлмаган арзон-гаров вақтичоғликлар, беҳуда ўтган дамлар орасида, майда ҳис-туйғулар ва ҳеч бир маънисиз суҳбатлар, ўтиб кетган сон-саноқсиз лаҳзалар орасида қатлам-қатлам таассуротлар, кузатувлар кейинга сурилар ва улар бирдан унинг онгида қайғу-алам, дард ва ҳасрат тўлқинига айланиб туғён урар, буларнинг барчасини қайтариш, вақтни орқага қайтариш ва уни этагидан бошига қараб оқишга мажбур этишдан иборат азоб берувчи, оғир ташналик бўлиб кўтарилиб келарди.
Замонавий физиклар Аристотель ва Кантга нисбатан иззат-ҳурматсизлик қилиб, улар томонидан ишлаб чиқилган “вақт учун мустақил ҳолат”ни ўтмиш, ҳозирги замон ва келажакнинг азалий изчиллигини асраб қолиш осон бўлмайдиган мужмал ўринга суриб қўйдилар. Олдос Ҳаксли бундан ўзининг “Ғазодаги сўқир” номли романида фойдаланиб, ўз қаҳрамонлари ҳаётини худди кубик тахлаётган бола каби тартибга солган, аммо улар акс эттириши лозим бўлган оптик яхлитлик ҳақида ўйламаган. Бироқ бундай усул романтиклар томонидан ҳам қўлланилган: уларнинг қаҳрамони дам улғайиб, умр баҳорига қадам қўйса, дам соч-соқоли оқариб, ўлим тўшагида ётади, бир қарасанг, лўппи қирмизи лабларида табассум жилва қилиб, яна ҳаётга қайтади. Бу – сешанбадан кейин чоршанба, нонуштадан сўнг эса чошгоҳ бошланадиган ўзгармас дунё эмас, балки бошқа оламдир. Эҳтимол, келаси юзйилликда вақт тушунчаси физиканинг тўртинчи ўлчови сифатида ХХ асрда шоирлар таъсири остида яратилгани маълум бўлиб қолса ҳам ажабмас.
Ёзувчи бир вақтнинг ўзида иккала вақт ўлчови ичра мавжуд – бирини ўзи яратса, иккинчисига эса, соат милларига кўзи тушиб, тонг ёришган ва қош қорайган пайтларни, йил фасллари алмашинувини кўриб, бўйсуниб яшайди. Лиризмга бой бўлган қисқа лаҳзаларни ҳисобга олмаганда, ҳаёт ва ижод ҳеч қачон баравар мавжуд бўлмайди. Бунинг эса ўзига хос гўзаллик, жозибалари, ўз афзалликлари ва ноқулайликлари бор. Кескин фарқ туғдирган туйғулар жонажон туманлар ва қишни, пўстинга ўралган одамларни, мўйловини қиров босган денгизчиларни – мен бу ерда Гоголь ва Диккенснинг Италияда бўлган пайтларини назарда тутяпман – жанубнинг серқуёш ёғдусида жилва қилиб, ҳаммасидан ҳам кўра яхшироқ тасвирлашга ёрдам беради. Руссо фақатгина қиш фаслидаги шамолларнинг увиллаб эсишлари унга баҳор қўшиқлари бўлиб янграшини таъкидлаган. Ежи Либертнинг “Июль” деб номланган ҳароратли шеърига: 25 январь, 1922 йил санаси қўйилган. Худди унга ўхшаб, Уланд ҳам ўзининг “Lenzlieder” – “Баҳор қўшиқлари”ни қиш фаслида ёзган. Бошқа ёзувчилар эса – булар ҳам худди ўшалар каби, фақат бошқача шарт-шароитлар остида – ёзаётган асарларидаги йил фаслини кўзда тутадилар, баъзида эса ишни тўхтатиб, керакли фурсат келишини кутадилар. Фақат хотираларнинг ўзигина бирданига тасаввур учун озлик қилиб, ёвғон ва кам тўйимли озуқага айланади. Бу қанчалик ҳайрон қоларли бўлмасин, аммо энг хатарли саргузаштлар ва сафар, саёҳатлар тасвирланган асарлар, не тонгки, айнан уйдан эшикка чиқмасдан яшайдиган кишиларнинг қалами остидан чиққан. Бу хилдаги ёзувчилар ўзлари ўйлаб топган йўналишлар бўйича сузиб бораётган кемада туриб, ўз шаҳарча ёки кварталларида истиқомат қиладиган одамлар ҳақида ёзишади.
Ана энди, ёзувчининг шахсий ҳаёти қандай қилиб мутлақ шахсий характерга эга бўлмаган асарга аралашиб қолишига бир мисол. Мишле ўз кундалигига қуйидагиларни ёзиб қўяди: “Хотиним ўлди, юрагим эзилиб, тилка-пора бўлди. Аммо айнан мана шу руҳий тушкунлик менга ғоят катта, деярли иблисона куч бағишлади: ғамгин завқ билан Франциянинг ХV acpдаги жон талвасасини, ҳам ўзимга азоб бераётган, ҳам мавзуга оид мудҳиш, даҳшатли воқеаларни ёзишга киришиб кетдим”. Тарихчининг шахсий драмаси шу тарзда Карл VI замонасининг ақлсизлик манзаралари билан, ўша даврнинг ўлим рақси ҳамда маънавий инқирози билан уйғунлашиб, чатишиб кетади. Бундан кўриниб турибдики, муаллиф кайфияти айнан мавзу характерига мос келиб қолган, аммо бунинг тескариси бўлган, яъни юморист-ёзувчи энг қувноқ саҳифаларни ўз ҳаётининг ғамгин ёки аламли лаҳзаларида ёзгани ҳақида ҳам қанчадан-қанча мисоллар мавжуд! Кимки агар бунақа нарсалардан йироқ бўлиб, ногоҳ уларга тўқнаш келиб қолгудай бўлса, қутурган тўлқинлар узра ҳар томонга қаттиқ чайқалиб бораётган кемада ноғора чалиб ўтирган беғам денгизчига кўзи тушиб, аччиқ устида унинг қўлини орқасига қайириб ташлаган одам ҳолига тушиши ҳам мумкин.
Ҳатто энг ашаддий таркидунёчи зоҳидлар ҳам ташқи дунёдан бутунлай узилиб кетишга, ҳозирги кундан қандайдир қочиб қутулишга қодир эмас. Энг эҳтиёткор қалам ҳам кечаги ёки бугунги воқеани доимо йўл-йўлакай беихтиёр тилга олиб ўтади ва у матнга муқояса, истиора ёки ундов сўз тарзида “лип” этиб кириб қолади. Классик филология ўтган даврларга оид бунақанги шама, ишора, асар, аломатларни “тутиб” олишга моҳир ва улар шубҳали хронология билан йўғрилган асарлардаги саналарни аниқлаб, уни тақдирлайдилар. Биографлар муаллифларнинг давлат тузуми, оилавий келишмовчиликлар, жисмоний дармонсизлик ва ҳ. к. ларга оид сезилар-сезилмас шама, ишораларини қидириб топиб, ўзларининг ўткир ақл-заковатларини минг марталаб намойиш қилишган.
Бизга ҳамма нарсалар таъсир кўрсатади, бизни ҳамма нарсалар ўзгартиради. Ҳар бир лаҳзада миямизни кутилмаган, ногаҳоний, тасодифий таассуротлар қуршаб олади, улар ёзувчи яратаётган персонажнинг жумлалар колоритига, фикр оҳангига, характер хусусиятларига, адабий асар сюжетига таъсир қилиб, баъзан арзимас, баъзан кескин даражада ўзгартиради, улар таркибига ҳар доим ҳам мақбул бўлмаган ёт унсурларни олиб киради. Қалам ҳали саҳифага тегмай туриб, ҳаттоки бир ёки иккита жумла худди кўнгилдагидек ёзилади деб, ким ҳам кафил бўла оларди? Ҳатто керакли, зарур сўзларни топиш йўлидаги изланишларимиз ҳам кўпинча иродамиз измига бўйсунмай, сирғалиб кетиб қолаверади.
“Китобларни исталгандек яратиб бўлмайди, – деб ёзишади ака-ука Гонкурлар ўзларининг “Кундалик” саҳифаларида. – Аввалбошданоқ, фикр хаёлимизга келар-келмас, биз ана шу ҳолат измида бўламиз ва кейин қандайдир номаълум куч мажбурий равишда мавзу ривожини олдиндан белгилайди ва қаламни юрита бошлайди. Баъзан биз ҳатто ўз ижодимиз маҳсули бўлган, ўзимиз ёзган китобларни тан олишга ҳам қийналамиз: шунча нарсалар, буларнинг барчаси ўзимизда мавжуд бўлганига ҳайрон бўлиб, лол қоламиз, биз эса бундан мутлақо бехабар эдик…” Айниқса, ёзувчи фанодан, йўқлик қаъридан чорлаган инсоний образлар хавотирли, ташвишлантирарли даражада мустақилликни қўлга киритади. Персонажлари ўзининг измида эмаслиги, уларнинг сўзлари ва хатти-ҳаракатлари унинг учун кутилмаган ҳодиса эканлигини тан олиб, эътироф этган ёлғиз Теккерей эмас. Гончаровга ҳам ўз қаҳрамонлари мудом тинчлик бермай, унинг кўз олдида ҳар хил саҳналарда намоён бўлишар, узуқ-юлуқ гаплари қулоғига чалинар, атрофида буткул мустақил мавжудотлар айланиб юргандай туюлар, ўзи эса бор-йўғи сусткаш томошабинга айланар эди. Шунга ўхшаш галлюцинациялар Ибсен билан ҳам содир бўларди. “Бугун, – деганди у бир куни хотинига, – менинг олдимга Нора келди. Эгнида ҳаворанг кўйлак бор эди. У хонага кириб келиб, елкамга қўлини қўйди…”
Ижодий тасаввурга эга инсонларнинг ўз персонажлари ҳақида фантазия билан гапиришлари ҳеч қандай ҳайратланарли эмас. Улар поэма, драма ва романларнинг қаҳрамонлари фаолият бошлашлари биланоқ, мантиқий ва изчил ривожланиб борадиган воқеалар доирасига киришлари ҳақидаги оддий ҳақиқатни образли тил билан баён қиладилар, зеро, муаллиф ўз асарига путур етказишни истамас экан, ана шу изчилликни ҳам буза олмайди. Уларнинг характерлари, ижтимоий муҳит, оилавий муносабатлар, феъл-атвор, юриш-туришга сабаб бўладиган барча шарт-шароитларни аниқлаб олгач, муаллиф ўзини гўё ўз қаҳрамонларига мақсад ва воситалар танлашда тўла эркинлик бергандай тутади. Аслида эса у фақат ўзига ва инсоний ҳақиқатга ишонади, холос.
Мифологиядаги худоларга ўхшаб, мўъжизалар ва кутилмаган янгилик­ларни сохтлаштирувчи инжиқ, беқарор муаллифлар, костёл минорасидаги флюгер сингари ўзгарувчан, бебурд, бетайин қаҳрамонларни яратувчи ижодкорлар ҳатто энг хайрихоҳ, оқкўнгил ўқувчининг ҳам тоқатини тоқ қилиб юбориши мумкин. Агар муаллиф китобнинг ҳар галги қайта нашрида персонажларни қайтадан ишлайверса, уларга ишониш ва кўнгил қўйиш мумкинми? Башарти улар ҳар доим ўзгараверса, унда бутунлай мавжуд бўла олмас ҳам эдилар.
Мабодо асар жуда кенгайиб, йириклашиб кетаверса, бу муаллифнинг ўзини ҳам тонг қолдириши мумкин. Мицкевич эпизодик фигура – оддийгина сенбернар ит қандай қилиб ўз эпопеясидаги бош қаҳрамонга айланиб қолганидан ажабланиб, ўзига келолмаган экан. Сенкевич эса, трилогиянинг сўнгги қисмини ёзаётиб, Володиевскийни дастлаб комик фигурага айлантириб қўйгани учун ўзини ўзи айблаган. Толстой, Стендаль, Достоевский, Ибсен каби буюк руҳшунослар пайдо бўлиши билан, муаллифлар шуни олдиндан яхши билишардики, уларнинг қаҳрамонлари сўнгги саҳифага етиб боргунга қадар, илк саҳифалардагидан фарқли ўлароқ, бошқа одамларга айланиб қолишнинг сон-саноқсиз имкониятларига эга бўладилар. Ўз қаҳрамонларини ўзгаришлар ва ривожланиш йўлига олиб чиққан улуғ устозлар санъатини шунчалик яхши таҳлил қилиб, таништиришда адабиёт тарихи ва назарияси бўйича тадқиқотларнинг ёрдами катта бўлди. Натижада ягона формулага уюшган адабий образларнинг турлари йўқ бўлиб кетмади. Уларни ҳали ҳам китобларнинг саҳифаларида, саҳналарда учратиш мумкин, эри ва жазманларини алдаш бўйича ажойиб қобилиятга эга бўлган эпчил ва топқир, шўх хотинча эса, Милет қиссалари замонларидан буён ҳам ҳеч қандай ўзгаргани йўқ. Ўз саҳифаларини ана шунақанги “қўғирчоқ”ларга раво кўрадиган муаллифлар – буни пародия тарзида қилмаётган бўлсалар агар, – бемаза ёзувчиларнинг шу қадар паст тоифасига мансубки, улар ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳам фойдаси йўқ.
Адабиёт тўғри маънодаги қаҳрамонлардан бошқасини билмаган даврларда, муаллиф ўзи яратган персонажларнинг самимий ҳурмат-эҳтиромига умид боғлай олмас эди. Агар худолар, улуғ сиймолар, даҳолар, ҳоким, ҳукмдор, хоқон, султонлар, мағрур ва такаббур рицарлар тирилиб келиб, унинг камтарона ижодий лабораториясига юқоридан туриб назар ташлаганларида, шоир уларни яратиб, ўз бурчини адо этган, холос ва унинг тунларини тўлдирган чиройли, ширин тушлар учун ҳамда улар ҳақида сўзлаб бермоқ мақсадида ҳормай-толмай қидириб топган гўзал, жарангдор сўзлар учун ҳам улардан минатдор бўлиши лозим, деган қарорга келган бўлар эдилар. Лекин уларнинг ўрнига келган ва улардан қаҳрамонларнинг номларини мерос қилиб олган оддий, содда одамлар ўзлари ва ўз ҳаёти билан ёзувчига қанчалик ташвиш, безовталиклар, хафагарчилик, ранж, алам, озор етказганликларини ҳеч қачон англаб етмаган бўлардилар. Уларнинг оддий уй-жойлари, бир коса ёвғон шўрва билан бир бурда нондан иборат тушлик овқатларини тасвирлаб бериш учун ёзувчининг шунча меҳнат қилганига сираям ишонишмаган бўларди. Ажойиб ва ўткир ақл-заковат соҳиби улар билан кўп кунлар давомида машғул бўлишини, уларнинг тақдири, турмуш тафсилотлари, суҳбатлари уни уйқудан ҳам маҳрум қилаётганини билгач, лол қолган бўлишар эди. Аммо буни балки муболаға ёки шунчаки уйдирма деб ўйлаган ҳам бўлишармиди, эҳтимол. Ва шу ўринда бир эмас, балки бир неча, кўпгина ёзувчилар ҳам улар билан ҳамфикр бўлган бўлишарди. Негаки, сўз санъаткорларининг реалистик роман яратиш йўлида сарфлаётган куч-ғайрат ва меҳнатлари ҳаммага ҳам бирдек манзур эмас. Масалан, Польшада бунинг устидан Лесьмян кулган бўлса, Францияда – Поль Валери. Икковлон сийқаси чиққан маросим, расм-русумлар, удумлар ва кундалик воқеаларни тасвирлашга “провинциал мешчанликнинг қолоқ турмушига атаб услубий ёдгорликлар бино қилган” Флоберга ўхшаб катта маҳорат сарфлаб ўтиришни бемаънилик деб ҳисоблашган. Валери ўз фикрини худди шундай ифода қилган. У қуйидагича жумлани ёзолмаслигини ўзи тан олган: “Қаҳвахонага кирдим ва бир шиша пиво буюрдим”. Валерини ҳаётнинг интеллектуал шодлигидан ташқаридаги ҳеч нарса қизиқтирмас эди.
Тўғри, санъат соҳасидаги ортиқ кучайишдан, бадиийликдан гўёки азият чекадиган кўплаб асарлар бор, уларда восита билан муҳит ўртасидаги номутаносиблик кўзга ташланадики, уни мана шу воситалар шунақанги ёрқин тарзда қандай бўлса шундай тасвирлаб беради. Айниқса, содда тилда сўзлашувчи, оддий, кундалик фикрларни ифода қилувчи персонажлар диалогларининг табиат, шаҳар, авеню, улкан, баҳайбат уйлар, ҳашаматли хонадонларнинг дабдабали, тамтароқли тасвири билан навбатма-навбат бўлиниб туриши ўқувчининг ғашини келтиради. Бир-бири билан ўзаро суҳбатлашаётган ана шу содда, гўл одамлар гўёки ўзларининг оддий, камтарин ҳаётидан ҳам кўра муҳимроқ қандайдир тантана учун тайёрлаб қўйилган ажойиб декорациялар орасида худди адашиб қолгандай таассурот уйғотади. Ким билади, эҳтимол, XIX–XX acpларда яратилган баъзи бир романлар келаси авлодларга бизга сарой шоирларининг буколикалари қандай туюлган бўлса, шундай сунъий кўринса ҳам ажабмас. Лекин шундай бўлса ҳам, кўплаб асрлар мобайнида ёзувчилар фақат имтиёзли мавзулар ва қаҳрамонларни танлай олишган, деган фикрдан бизни ҳеч ким қайтаролмайди. Танлов келиб чиқиш, маданият даражаси, бойлик, таълим, ўзига хослик, фавқулоддалик, устунликни белгилаган. Мана энди оддий, одатдаги, кундалик ҳаётнинг мукаммал адабий шаклда тасвирланишга муносиб эканлиги адабиёт томонидан эътироф этилган пайтдан бошлаб, бу борада янгича юксалиш даврига қадам қўйилди.
Сўз билан алоқага киришар экан, нарсалар ва воқеалар сийқаликдан озод бўлиб, уларни фавқулоддалик шуъласи мунаввар айлайди. Сўз нафақат тушларимиз ва ўй, орзу, хаёлларимизни мужассамлантирибгина қолмасдан, балки бизни ўраб турган кундалик доимийликни ҳодисалар чигаллигидан халос қилиб, ўзгартириб юборади, ажойиблик ва ғаройиблик бахш этади.

Ана, тахтачадан юқорига чиқди югуриб,
Ортга ҳам қарамай,
Очиқ деразадан учиб кирди пир этиб,
Янги ой каби, йигит олдида
Кўринди ялт этиб.
Ва кўйлакчасин олди чангаллаб…

Шоир қаламига мансуб ушбу арзимас сатрлар абадиятга бурканади, у совут кийган Ахилл билан учрашади. Ҳар бир шеър, ҳар бир жумла – лаҳзалар, предметларга, одамларнинг имо-ишоралари, табассумлари, ўй, хаёл, ниятларининг ўткинчи, бебақолигига қўйилган ёдгорликдир. Ёзувчи ушбу ёдгорликларни бир вақтнинг ўзида ҳам воқеликнинг ўзига, ҳам шиддатли оқим олиб кетаётган ўз ҳаётига қўяди. У яратаётган барча нарсалар қатъий равишда унинг ўзи билан ҳам қандайдир руҳий-маънавий алоқага эга. Унинг асарларида ўз тақдир-қисматининг, завқ-шавқ, қувончларининг, афсус, армон ва ғам-андуҳларининг зарралари, аломатлари баайни қон таначалари янглиғ айланади…

Оқ кўйлакни ким михчадан олиб,
Юмшоқ оромкурси суянчиқларига
Илиб қўйди чала-чулпа, кенг қилиб?

“Пан Тадеуш”нинг ўқувчилари учун бу Зося хонаси тасвирига оид кўплаб тафсилотлардан бири, холос ва оқ кўйлакча образи саҳифалар узра сирғалаётган нигоҳни ўзида аранг тутиб қолади. Шоир учун бу ҳаётий лаҳза, у худди юракка яқин тақиб юриладиган медальон каби ардоқлидир. Айнан шундай кўйлакни Мицкевич Тухановичига илк бор келган пайтда Мариланинг хонасида кўрган ва илмга чанқоқ дўстларининг ҳазиллашиб айтишларича, у аввал кўйлакни, сўнг эса қизни севиб қолган.
Адабий асар яратиш жараёнининг шаклланишига оид сон-саноқсиз жиҳатлар ичида иккита энг муҳими – ибтидо ва интиҳодир. Биринчисида кўклам шамолининг эсишини эслатувчи нимадир бор, у – қанотларнинг париллашида ва тонгги шафақнинг енгил, мафтункор, ҳаётбахш безакларида мужассам – бамисоли қайиқ, елкани эса умид. Иккинчиси, гарчи уни олдиндан кўриб, пайқашган ва шу пайтгача кутишган бўлса ҳам, ҳар доим тўсатдан кириб келиб, ҳайрон қолдиради, безовта қилади, озор беради. Аслида ҳам бу интиҳо – охиримикин, деган фикрни ўзлаштириш қийин, бунга ишонгинг келмайди. Эртасига ёки кейинги кунлар ичида шубҳа-гумон тобора ортиб боради, ёзувчи яна тағин сўнгги саҳифага қайтади, ўзгартишлар, янги қўшимчалар қилади, йўл қўйган хатосига амин бўлмагунча ва дастлабки хотимани тугатмагунча, бетўхтов узилиб қолган мавзуни янада ривожлантириб, мукаммалаштираверади. Қўлёзмада кўпинча муаллиф сўнгги нуқтани қўйгандан кейин ҳам, унинг иккиланишлари ва безовталикларидан далолат берувчи изларни учратиш мумкин. Бу айниқса, кенг кўламли, йирик асарлар – драмалар, поэмалар, романлар учун характерлидир. Асар ниҳоясини муаллиф иш бажарилди, деган руҳий енгиллик туйғусини ҳис этган ҳолда, лекин бир оз ғамгин кайфият билан қарши олиши мумкин.
Бу ҳақда икки ёзувчи қуйидагича фикр юритади. Диккенс: “Икки йил давом этган тасаввурий меҳнатдан сўнг, қаламни қанчалик ғам-ғусса билан четга олиб қўясан! Муаллиф гўё вужудининг бир қисми у дунёга ўтиб кетаётгандек ҳис қилади ўзини”. Конрад: “Тамом” сўзини ёзаётган перо ғичирлайди ва мени тан олиб, эътироф этган, олдимда имо-ишоралар қилиб турган, мен билан шунча йил бирга яшаган одамларнинг бутун бир жамоаси ғуж-ғуж шарпаларга айланади – улар ортга чекинади, шакл-шамойиллари хиралашиб, ғира-шира туман билан қопланади… Бугун эрталаб шундай ҳиссиёт билан уйғондим, гўё танамнинг бир парчасини стол устидаги саҳифалар орасига кўмгандек эдим”. Икки овоз ва улар бир-бирига қанчалик ўхшаш, бу каби овозларни эса юзлаб эшитиш мумкин. Ёзувчи ўзи тўқиб чиқарган олам билан хотиржам хайрлаша олиш учун унда жуда узоқ вақт яшайди. Баъзан ижодкор ўз қаҳрамонлари ёки даврдан буткул узилиб кетолмайди, бундай ҳолларда Сенкевичнинг “Трилогия”си ёки Голсуорсининг “Форсайтлар ҳақида сага”сига ўхшаш туркум асарлар, гоҳида эса Сенкевичнинг қоғозлари орасидан топилган, “Камо грядеши”нинг давоми сифатида ўйлаб қўйилган романнинг биринчи боби сингари қисқа фрагментлар юзага келади.
Аммо тугалланган асар ўз ижодкоридан кўпинча бир умрга ажралиб, узоқлашиб кетади ва вақт ўтган сайин унга тобора бегоналашиб бораверади. У янги асарлар ёзади ва улар эскиларини дилдан ва хотирадан (янги нарса яқинроқ бўлади-да) суриб чиқариб, уларнинг ўрнини эгаллайди, орадан бир неча йиллар ўтиб эса, ёзувчи ўзининг эски китобларидан униси ёки бунисига ногоҳ кўзи тушиб қолгудай бўлса, унга ўз ҳаётининг шундай қимматли бир бўлагини бағишлагани, китобнинг режасини шунча узоқ вақт ўйлаб юргани, у бир пайтлар ўзига шу қадар азиз ва яқин бўлганини эслаб, ҳайрон бўлиб, изтироб чекади. Муаллифлар ўзларининг ҳамма асарларини ҳам бирдай яхши кўравермайди. Мицкевич энг охирги йилларда “Конрад Валленрод”ни ёқтирмай қолган ва энг ёмони, “Пан Тадеуш”дан ҳам шу қадар кўнгли совиганки, натижада уни йўқ қилиб юбормоқчи бўлган, яхшиямки, иш шунгача бориб етмаган. Вергилий ўз васиятномасида агар ҳаётлигида “Энеида”ни тугаллай олмаса, уни йўқ қилишларини тайинлаган. У тўсатдан вафот этгач, император Август шоирнинг сўнгги истагини бажо қилиш ўрнига, ёзиб тугалланмаган, икки минг йил шон-шуҳратга бурканган бир неча гекзаметрларни беради. Киплинг ўзининг “Recessional“ номли машҳур шеърини чиқинди саватчасига ташлаб юборади, сўнгра уни Сара Нортон исмли бир аёл олиб, шоирга шундай қаттиқ ёпишиб оладики, охир-оқибат шеърни чоп эттиришга розилик беришга мажбур бўлади. Эндиликда ўз муаллифлари хуш кўрмаслиги сабабли йўқ бўлиб кетган қанчадан-қанча ажойиб асарларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Бундай ёқтирмасликнинг келиб чиқишига одатда – биз кутган, орзулаган китоб билан номукаммал чиққан асар ўртасидаги узилиш, номувофиқлик сабаб бўлади. Чунки ўзи хаёлан ўйлаб юрган, орзуманда бўлган, ҳис қилган тўла-тўкис, мукаммал асар яратишнинг уддасидан чиқа оладиган даҳо ҳали туғилмаган. Йиллар ўтиши билан ёзувчи ўзининг у ёки бу асарига, ҳаттоки бутун ижодига кўнгли тўлмай, нафрат билан қараши ҳам мумкин. Ўйлайманки, Франц Кафка ҳам кўп йиллар мобайнида ёзув столида йиғилиб қолган қоғозлар уюмига худди шундай назар билан қараган. Уларни йўқ қилиб ташлаш ҳақидаги васиятига дўсти Макс Брод қарши туриб, Кафкани ҳалокат ва унут бўлишдан сақлаб қолган.
Шундай ёзувчилар ҳам борки, китоби нашрдан чиқиши билан уни батамом унутади – лоқайд ва паришон бир алпозда қўлига олади-да, сўнг токчага ташлаб қўяди, вассалом. Ҳолбуки, бундан атиги икки ҳафта олдин сўнгги корректуралар устида безовталаниб, хатоларни тўғрилаш ва тузатишлар киритиш ҳақида босмахонага қўнғироқ қилган, китобнинг охирги жумласидаги сифатни ўйлаб, кечалари ухламай чиққан, мундарижа, қоғоз сифати, муқовани деб ношир билан аразлашиб қолган эди – мана энди эса ўша хавотир, ташвишлари ва югур-югурлари объекти бўлмиш китоб ҳали босмахона бўёғининг ҳиди кетмай, қўлига келиб тушиши билан унга бўлган қизиқиши бирдан сўнади-қолади. Буни адабиёт тарихидаги ғалати, қизиқ, кулгили воқеа, ҳодисалар орасидаги энг ҳайратланарлиларидан бири деса бўлади. Уни айрим драматургларнинг шундай бир одати билан қиёслаш мумкин, улар ўз пьесаларининг ҳар бир репетициясида ҳаяжон, ташвиш, хавотир, ҳатто зарда, жаҳл ва жон-жаҳди билан ҳозир бўладилар-да, сўнг премьера куни эса қаёққадир ғойиб бўлиб, пьеса ҳақидаги мақола чиққан газета ҳам етиб бормайдиган қандайдир гадойтопмас, овлоқ жойларга яшириниб олишади.
Албатта, бу ўз асарига баҳо бериши лозим бўлган бегона, ёт фикрлар олдида пайдо бўладиган ногаҳоний қўрқув ифодасидир. Нимаям дердик, ёзувчи халқининг шунақа асабий ва инжиқ бўлиши маълум. Уларнинг баъзилари ўз китобларига нисбатан нафратланиш ёки жирканиш даражасига етиб бормасалар ҳам, лекин барибир унча яхши муносабатда бўлишмайди. Китобни камдан-кам ҳолларда қўлларига олиб, шундаям деярли ҳеч қачон беғараз, холисона қайта ўқиб чиқмайдилар. Бироқ асарнинг қайта нашр қилиниши кутилаётган ва унга қандайдир ўзгартиришлар киритиш зарур бўлган пайтлардагина шундай қилишга мажбур бўладилар. Ўта сермаҳсул ёзувчиларда эса ҳатто иш шунгача ҳам бориб етмайди – улар ўзларининг эски китоблари билан фақат ноширлар ила тузиладиган шартномалар орқали алоқада бўлишади ва гўё ўзлари ҳеч қачон ёзмагандек, уларни унутиб ҳам юборади. Гёте бир куни бир неча тарқоқ, бут бўлмаган саҳифаларга дуч келиб, катта қизиқиш билан ўқиб чиқади, кейин маълум бўлишича, уларни бир вақтлар ўзи ёзган экан. Ҳатто ўз китобларига нисбатан жирканиш ёки нафрат билан муносабатда бўлиб, уларни ўзида сақламаслик ҳоллари ҳам учраб туради. Фақат кам ёзадиган ва ҳар бир шеърини хаёлида узоқ вақт ўйлаб, пишитиб юрадиган шоирларгина ўз асарларини яхши биладилар ва деярли барча шеърларини ёдда сақлайдилар. Феликс Пшисецкий ўзининг “Зимистон қўшиғи”ни тўлиқ ёдда сақлаган ва дўстлари илтимос қилиб қистайвергач, шундан кейингина шу бир ҳовуч шеърларни аввал дўкондан сотиб олинган дафтарчага кўчириб ёзган-да, сўнгра мўъжазгина китобча ҳолида нашр эттирган ва ундаги барча шеърларни ёддан билган.
Ёзувчиларнинг ўз китобларига нисбатан турлича муносабатда бўлишларини кузатишимга тўғри келган. Баъзи бирларида ҳар бир нашр чиройли муқовалари билан хронологик тартибда териб қўйилган бўлади, гоҳида улар шахсий кутубхонанинг энг катта бўлимини ташкил этади, бошқалари эса китобларни худди нокерак лаш-луш, эски-туски нарсалар сингари у ер-бу ерга тиқиб ташлайверади, уларни ҳеч қачон тополмайди ҳам, бу китоблар кўпинча тўзиган, кир-чир бўлади, зарур бўлган пайтда бундай муаллифлар ўз китобларини кутубхонадан олишларига тўғри келади. Мазкур ёзувчиларни ўз асарлари барчага тарқаб кетганининг ўзиёқ тўла қониқтиради ва ушбу китоблар уларни ортиқ қизиқтирмайди. Тугалланган нарсаларнинг бизлар учун шунчалик кам аҳамиятга эга бўлишининг боиси, ёзишни орзу қилаётган асарларимиз фикр-хаёлимизни буткул банд қилиб қўйганида бўлса керак, эҳтимол ва бу китоблар дунёга келиши мумкин ёки ёзилмай қолиб кетиши ҳам мумкин.

Рус тилидан
Мирзаали АКБАРОВ
таржимаси

2017/11

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/03/13/%d1%8f%d0%bd-%d0%bf%d0%b0%d1%80%d0%b0%d0%bd%d0%b4%d0%be%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1895-1978-%d1%81%d1%9e%d0%b7-%d0%ba%d0%b8%d0%bc%d1%91%d1%81%d0%b8-3/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x