Луи Массиньон (1883–1962) МАНСУР ҲАЛЛОЖ

Ҳанафия мазҳабидаги қози Ибн Баҳлулдан ҳам Мансур Ҳалложнинг тергови жараёнида қатнашиб, Абу Умар билан бақамти иш олиб боришини сўрадилар, аммо у буни қабул қилмади ва ўринбосари – иродаси заиф ва салоҳияти кучсиз бўлган Абулҳусайн Ишнонийни тавсия этди. Ҳаллож муҳокамаси чоғида Абу Умар Абулҳусайн Ишнонийни ўз йўриғига шундай солдики, ҳатто бир куни Ишноний Ҳалложнинг қатлини вожиб деб, унга “Ё ҳалол ад-дамъ!” (эй қони ҳалол бўлган!) деб мурожаат қилди. Бу жараёнда бирорта ҳақиқий гувоҳ иштирок этмади. Сохта гувоҳлар бошлиғи Абдуллоҳ бин Мукаррам Ҳаллож “гуноҳи”ни исботлаш учун ўзига ўхшаган бир гуруҳни ўз атрофида тўплади, бундан ташқари Ҳалложнинг мухолифлари бўлган қори ва фақиҳлар фатволарини жамлаб, Ҳаллож қатлига тарафдор бўлганлар сонини 84 тага етказди. Бунинг эвазига энг сердаромад мансаблардан ҳисобланмиш Қоҳира қозилиги унга ҳадя қилинди.
Эртасига Наср – қўриқчилар бошлиғи ҳамда халифанинг онаси ҳукмни бекор қилишга кўп ҳаракат қилдилар; халифа ўша пайтларда бетоб эди, шунга қарамасдан Ҳалложни ўлдирмаслик ҳақида кўрсатма берди. Аммо Ҳомид вазиятни шундай даҳшатли қилиб тасвирладики, гўёки агар Ҳаллож тирик қолса, халифаликда катта тўнтариш юзага келиши мумкин. Халифа бундан қўрқиб, бу ишга бошқа аралашмади.
Ҳомид Ахи Саълук ва Мансур Ҳалложни орадан кўтариш тўғрисида лашкарбоши Мунис билан келишиб олди. Халифа ал-Муқтадир лашкарбоши Мунис шарафига берилган зиёфатдан сўнг иккита фармон чиқарди. Биринчи фармон Ҳалложни қатл этишга оид, иккинчиси эса Ахи Саълук ўрнида Амир Абу Юсуф бин Аби Сожни Рай волиси этиб тайинлаш тўғрисида эди. Ушбу фармонлар Ҳомид талаби билан чиқарилган эди. Бу билан Ҳомид Ибн Аби Сож олдида ҳарбий шарафини қайта тикларди. Чунки Ибн Аби Сож бир вақтлар яккама-якка урушда Ҳомидни енгиб, асирга олиб, сўнгра озод қилган эди. Бу ҳолат Ҳаллож ва Ахи Саълук ҳомийси – Наср билан ҳам ўн саккиз йил олдинроқ юз берган эди. Ўша вақтларда Наср ҳам Ахи Саълук қўлига асир тушиб, унинг олдида қарздор бўлиб қолган эди. Ҳижрий 311 йил Ахи Саълук Ибн Аби Сож билан бўлган уруш майдонида ўлдирилди. Ибн Аби Сож унинг бошини Наср хабар топмаслиги учун махфий тарзда халифага юборди.
Зулҳижжа ойининг 23-кунида қатл ҳукми ижро этилиши карнай овози остида эълон қилинди. Мутаассиб шиалар нуфузларидан фойдаланиб, шаҳарда назорат ва тартибни сақлаш чораларини қаттиқ кучайтирдилар. Вазир Ҳалложни соҳиб уш-шурта (қоровуллар бошлиғи) Муҳаммад ибн Абдусамадга топширди. Қоровуллар бутун шаҳарда қўзғолон кўтарилишидан қўрқиб, кечаю кундуз кезиб юрардилар… Зиндон ҳужрасида Ҳаллож сўнгги кечада айтди: “Менга шаҳид бўлиш бахти насиб этади ва охират кунида ғолиблардек тириламан”. Иброҳим бин Фотак унинг дуосини ёзиб, бир йилдан сўнг қози Ибн ал-Ҳаддодга етказди.
Зулҳижжанинг 24-кунида Бағдоднинг Дажла дарёси ғарбий қирғоғидаги Хуросон дарвозасида тумонат одам йиғилди. Бошига зобитлар кулоҳига ўхшаган қалпоқ кийган Мансурни келтирдилар. Бошига дарра урдилар, сўнгра қўл-оёқларини кесиб ташладилар, ҳали жони чиқмаган баданини дорга осдилар. Дўсту душман ундан сўнгги марта айрим нарсаларни билиб олмоқ учун унга талпинардилар. Бу вақтда бир неча қўзғолончилар дўконларни ёқиб юбордилар. Ҳалложнинг бошини кесиш тўғрисидаги фармон (у пайтлардаги одат бўйича, бошни олишга алоҳида фармон бериларди) халифадан келмади, шу сабабдан, Ҳаллож жасади эртасигача дор бошида қолди.
Халифани кўндириш учун Ҳомид айтган эди : “Уни ўлдир, агар бундан сенга бирор зиён-заҳмат етгудек бўлса, мени ҳам ўлдир”. Аммо бу ғалвали кечанинг эртакнамо ҳодисалари, Ҳалложнинг ғаройиб сўзлари, у тўғрисидаги турли хил ҳангома ва овозалар ҳамма ёққа тарқалиши мумкинлиги Ҳомидни бу масалага бошқачароқ қарашга мажбур қилди. Узоқни кўзлайдиган Ҳомид масъулиятни ўзи ва халифа бошидан соқит қилиш мақсадида Ҳалложга қарши гувоҳлик берган шоҳидларни чақириб уларга ислом умматининг пешқадам намояндалари сифатида Ибн Мукаррам бошчилигида Ҳаллож осилган дор атрофида тўпланиб, одамларга унинг ўлими мусулмонлар фойдасига бўлганини тушунтиришга топшириқ берди (Тузарий ривояти).
Ҳалложнинг бошини кесдилар, танасини нафтга (ёқилғи) ботириб, ёқиб юбордилар, кулини баланд бир минор устидан Дажлага сочдилар. Бу воқеа милодий 922 йилнинг 26 март куни, ҳижрий шамсий ҳисобда Наврўз айёмининг 301 йилида содир бўлди. Қатл майдонида ҳозир бўлганларнинг айтишича, Ҳалложни қийнаб ўлдираётган пайтда унинг оғзидан шундай сўзлар чиқиб кетдики, унгача ҳеч ким айтган ё эшитган эмасди:
“Илоҳи, изо татаваддаду ило ман юъзийка, факайфа лам татаваддаду ило ман юъзий фийка?!” (“Бор Худоё, агарки Сенга озор етказувчини дўст тутгансан, қандай қилиб, Сенинг йўлингда озор чеккан бандангни дўст тутмайсан?!) Калима қайтараётган чоғида ушбу ибора билан сўзини тугатди: “Ҳасбул-вожиду ифрод ул-Воҳиди лаҳу” (“Вожид (ошиқ)га Воҳид (Аллоҳ) билан бирлашиш давлати басдир”).
Унга нисбат бериладиган бу ва шунга ўхшаш сўзларким, шубҳасиз Ҳалложнинг ўзига тегишлидир. Шаҳид бўлишдан бир кеча олдин айтган дуоларини дўстлари кейинги авлодларга кам-кўстсиз етказдилар: “Ва наҳну шавоҳидука”, яъни Биз Сенинг дийдорингга борурмиз…

ИККИНЧИ БОБ

Ҳалложнинг дўстлари ва душманлари

Мансур Ҳалложнинг дорга осилиши душманларининг ҳақиқий қиёфасини очиб берди ва асл муддаоларини ойдинлаштирди.
1.Ҳаллож мухолифлари.
Ҳаллож мухолифлари тўдасининг бошлиғи, юқорида айтиб ўтганимиздек, халифанинг оқсоқол вазири Ҳомид эди. У йиллар давомида молия вазирлигини бошқариб, ўз мансабидан шу даражада мағрурланиб кетгандики, байтулмолда тўпланган маблағдан кетаётган ҳар бир динорни ўз чўнтагидан кетаяпти, деб ҳисобларди.
Қаллоблик ҳамда фирибгарлик йўли билан катта бойлик тўплади, бу бойликни ахлоқ ва лутфдан йироқ, фисқу фасоддан иборат айшу ишратга сарфларди. Ҳомид аҳли суннат ва жамоатдан ҳисобланса ҳам, имони мустаҳкам эмасди. Ахлоқдан бир чақирим йироқ ва очкўз бу кимса ишни бошлаган кунидан Ҳалложга мухолиф эди. Ҳалложнинг барча ишлари – унинг кучли руҳияти бўладими, хайрли охират йўлида зуҳд ва тақвога йўғрилган ҳаёти бўладими – ёмон кўринарди; унинг кашфу кароматларини ҳам ширк ва жоду деб биларди. У ер юзини Ҳалложга ўхшаган ёвуз жодугарлардан поклаш лозим, деган ақидада эди.
Ҳомидни бу мухолифатга йўналтирган бошқа бир киши Шалмағоний бўлиб, Ҳомиднинг ақидапараст куёви ҳам Шалмағоний билан маслакдош эди. У қора ниятли, ёвуз ва бадахлоқ бир кимса эди. Шалмағоний ўн уч йилдан сўнг ўзидан кўра шум ва ёвузроқ бўлган Ибн Руҳ Навбахтий туҳмати қурбони бўлди. Ҳомид Ҳаллож ўлгандан сўнг унинг сеҳр-жодуси кейин ҳам унга ёмон зарар келтиришидан қўрқарди. Шу хаёл билан у Мансур Ҳалложнинг ўлдирилишига унинг ҳокимиятга бўйсунмагани ва қайсарлигини сабаб қилиб кўрсатди. Бу билан у Ҳалложни кофир дея ҳукм чиқариш масъулиятини ўз зиммасидан соқит қилмоқчи бўлди.
Халифа лашкарбошиси Мунис асли румлик бўлган аъёнлардан эди; у ҳам Ҳомид каби ёши бир жойга бориб қолганди. Фитна бошлангунга қадар Ҳаллож ҳақида ҳеч нарса айтмаганди, чунки тутинган ўғли – Ҳусайн бин Ҳамдон ва дўсти Наср – дарбор қўриқчилари сардори Ҳалложнинг ҳомий ва суянчиқлари ҳисобланардилар. Лашкарбоши фақат ўз фойдасини кўзлайдиган одам эди. Халифа ал-Мўътазид ва ундан кейин халифа ал-Муқтадир номига садоқат билан хизмат қилиш тўғрисида қасамёд қилганди. Шунинг учун ўлжалардан ва совға-салом номи билан бериладиган поралардан баҳраманд бўлишга тўла ҳаққим бор деб ўйларди. Унинг назарида, бу бойлик қилган хизматлари учун халифанинг чўнтагидан келаётгандек эди. Ибн Исонинг солиқларни камайтиргани Мунисга ёқмасди. Ибн Исонинг ташқи сиёсатда муросасозлик билан иш тутиши ҳам унга унчалик хуш келмасди. Олдин Ибн Исо билан ҳамтовоқ бўлса ҳам, ислоҳотлардан кейин у билан урушиб қолиб, Ҳомидга қўшилди. Муниснинг мақсади – Насрнинг истагига қарши, Ибн Аби Сожни Ахи Саълук ўрнига Райда ҳоким ва лашкарбоши қилиш эди. Шу сабабдан халифанинг онасига ҳам, Насрга ҳам мухолиф бўлди ва бу йўлда Мансур Ҳалложни қурбон қилишига тўғри келди. Бу келишмовчиликлар натижасида ҳижрий 317 йилда сиёсий тўнтариш юз берди (бу йилда Қарматийлар Маккани босиб олдилар ва Мунис вазиятдан фойдаланиб, хазинани талон-тарож қилди).
Ҳалложнинг бошқа бир мухолифи – қози Абу Умар ҳам ушбу тўнтаришда ўзининг энг катта орзуси – қозиюл қуззот мансабига эришди. У сарой аҳлига хос бўлган хислат – вазиятга тез мослашишни жуда яхши ўзлаштирганди. Башанг кийинарди, атир ва хушбўйликларга жуда ўч эди. Муҳокама жараёнида сурбетлик билан олдинги ҳукмига мутлақо қарама-қарши бўлган бошқа бир хулоса чиқаришда устаси фаранг бўлиб кетганди. Моликия мазҳабига эътиқод қиларди. Фиқҳ илмидаги саводсизлигини ўзи билган ҳадис ва оятларни турлича талқин ва таҳлил қилиш билан хаспўшлаб юрарди. “Кўпчилик манфаатини кўзлаш” даъвоси билан Ҳалложнинг тергов жараёнини ўз фойдасига ҳал қилганидан жуда фахрланарди. Бу иши билан у гўё бошқа касбдошларидан ҳам қасос олгандай эди.
Халифа ал-Муқтадир иродаси заиф, ўзгарувчан ва фикри беқарор арбоб эди. Агар унга Худо ва Худонинг халқи олдида катта масъулияти борлигини эслатсалар, аччиғи келарди ва ўша одамни ўзига ашаддий душман деб биларди. Ҳаллож ва Ибн Исодан юз ўгиришининг сабаби ҳам айнан ана шу омилдир.
Ҳокимият тепасига келган мутаассиб фирқалар намояндалари ҳам макр ва ҳийлада иблисга устозлик қилардилар. Улар ҳеч қачон халифаликни Аббосийларга раво кўрмасдилар. Улар томонидан амалга оширилган ғоявий тажовуз шу даражада кучли эдики, ҳатто халифа ўз ваколати қонуний ва ҳақиқий эканлигига шубҳа қила бошлади. Макр ва найранг фанининг бундай устозлари сифатида Ҳусайн бин Руҳ Навбахтий ва ибн ал-Фуротни мисол келтириш мумкин. Ибн ал-Фурот маълум вақт халифа ал-Муқтадирга васий (оталиқ) ҳам бўлган эди.
Унинг қўлидаги беҳисоб бойлик охир-оқибат халифа ал-Муқтадирни ўзига маҳлиё қилиб, тўғри йўлдан чалғитди. Шу сабабдан халифа унинг таклифига кўниб, Муфлиҳ исмли ёлланма бир ҳабаш қулни ҳарам оғаси ва сарой хожаси лавозимига тайинлади. Муфлиҳ садоқат туйғусидан мосуво бир кимса эди ва ибн ал-Фуротнинг ўғли – Муҳсиндан пора олиб, халифа ҳарамидаги чўриларга қўшмачилик қиларди. Мансурни ўлдирмаслик учун халифанинг онаси минг ёлворса ҳам, у ўз онасининг таваллосига қулоқ солмади.
2. Ҳалложнинг дўстлари ва хайрихоҳлари
Ҳалложнинг ихлосмандлари ва дўстларидан бири бу вазир ноиби Ибн Исо ҳисобланади. У тўғрисўз ва ҳақгўй, айни пайтда узоқни кўра билувчи андишали одам эди. Ўз лавозимини сақлашда жуда эҳтиёткор бўлгани боис, Мансурни ҳаётлиги даврида ҳам, ўлимга ҳукм этиш пайтида ҳам қўлламади. Аммо ўз кўнглида Мансурга нисбатан хос бир таважжуҳга эга эди. Айнан шу одам Ҳалложнинг бир рисоласини ўз кутубхонасида яшириб сақлади ҳамда Ҳалложга хиёнат қилган Ибн Ҳаддодни 310 йили Қоҳирада зиндонга ташлади. Ибн Мукримни ҳам 312 йили ўз лавозимидан четлаштирди. Айтиб ўтилганидек, Ибн Мукрим Қоҳира шаҳрининг қозиси бўлиб, Ҳаллож қатлининг фаолларидан эди.
Ҳалложнинг хайрихоҳларини иккинчи даражага мансуб деб ҳисоблаш тўғри бўлади, чунки булар Ҳалложнинг кўрган азиятлари ва машаққатларидан маҳзун бўлиш ҳамда ҳамдардликдан бошқа иш қилмаганлар. Бу тоифага Исо Динаварий, Абулаббос бин Абдулазиз, Қори Утуфий, Қалонисий, Қаннод ва Абулҳасан Балхий (бу икки киши мўътазилийлардан эди), шунингдек, Мансур Ҳаллож билан зиндонда бирга ётгани эҳтимолдан узоқ бўлмаган Иброҳим ибн Фотакларни нисбат бериш мумкин. Айрим сўфийларнинг ақидасига кўра, Иброҳим ибн Фотак узоқ йиллар Ҳаллож билан бир зиндонда ётиб, унинг қавл ва сўзларини ёдлаб, кейинчалик одамлар орасида тарқатган экан. Ҳалложнинг учта машҳур маслакдоши ҳам борки, уларнинг гувоҳлиги Ҳалложнинг сидқу сафосига энг ишончли далилдир. Булар – жонажон дўстлари Шиблий ва Ибн Ато ҳамда Ҳалложнинг содиқ шогирди Ибн Хафифдир. Ибн Ато бир умр пайғамбарлар каби азият чекиб, шаҳодат топмоқни истарди ва оқибат бу ниятига эришди. У дўсти Мансур бошига келган кулфатларни бирга чекмоққа тайёр содиқ дўст эди. Ҳаллож унга иккита гўзал ва пурмаъно мактуб ёзгани манбалардан маълум. Шунингдек, Ибн Ато бир неча марта яширин тарзда зиндонга бориб, Ҳаллож аҳволидан хабар олган ва унга, руҳига далда бўлган. У Мансурнинг мактубларини хавф-хатарга қарамасдан сақлаб қолди ва умри охирида уни ўз халифаси Али Иноматийга мерос қолдирди. Юқорида кўрганимиздек, Ибн Ато Ҳалложни озод қилишга кўп ҳаракат қилди – бир гуруҳ ҳанбалийларни Ҳаллож озодлиги учун қўзғатди, шунингдек, терговда ҳам мардона иқрор бўлди: “Мен ҳам Ҳаллож каби якка ва ягона Аллоҳ билан сўфиёна висолга эришганман, бу кароманинг мазҳаридир”. У Ҳаллождан ўн беш кун олдин ўлим топди. Ибн Атонинг бу қатъият ва собитқадамлиги Мансурнинг азиятини кўпайтирган бўлса, ажабмас. Чунки Ҳалложнинг бундай обрўли маслакдоши борлиги унинг душманлари кўнглида ҳасад оловини баттар алангалатарди.
Шиблий турк улуғларидан эди. Бир муддат Муваффақ исмли бир ҳожибга ёрдамчи бўлган. Дамовандда мулкдор эди. Аммо бир жазба туфайли тасаввуф тариқатини ихтиёр этди ва дунё бойлигидан буткул воз кечди.
Мисрда сиёсий беқарорлик авж олганлиги сабабли Шиблий Искандарияда моликия фиқҳи таълимини тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳаллож билан дастлабки учрашувлари Бағдоднинг Қуббат уш-шуаро қабристони ёнидаги жомеъ масжидида бўлган. Биринчи учрашувдаёқ Шиблий Ҳалложнинг шайдоси бўлиб, унинг жамолидаги илоҳий нур тажаллийси мушоҳадасидан масту ҳайрон бўлди. Шиблий ўз мақом ва даражасини оммадан яшириш учун билиб туриб, одат ва одобдан ташқари амалларга қўл урарди. У ўзини девоналикка соларди, аммо бу жунун ирода ва огоҳлик туфайли эди. Шунинг учун уни девона ҳисоблаб, Ибн Ато ва Ҳаллождек қатл қилишни лозим кўрмадилар.
Маҳкамада Ҳаллож иши кўрилаётган пайтда Шиблий унинг ақидаларидан ярмини инкор этди. Аммо қатл куни у паришон ва изтироб билан қатлгоҳга етиб келди ҳамда Ҳалложни қутқаришга имкони борича ҳаракат қилди. Айтишларича, халифа Ҳалложни тошбўрон қилишга фармон берганида Шиблий бир дона гул отган экан.
Шиблийнинг бу иши унинг сафо ва меҳрининг нишонасидир. У Мансур Ҳалложга шундай деганмиш: “Офарин сенга, сен тариқат йўлида бошингни фидо қилиб, мендан жасурроқ ва бахтлироқ эканлигингни яна бир бор намоён этдинг”. Шиблий Мансур билан бир жойда ўлишни истамасди. У Ҳаллож номини ўлимидан кейин абадийлаштиришга бел боғлади ва бунга муайян даражада эришди ҳам. У ўз муридларига айтарди: “Мансур ўлими шундай бир ноёб гавҳарки, уни қалбнинг тубсиз тубига жойламоқ керак, уни ҳар бир мажлис ва маҳфилда нокасу ноаҳллар бор жойда айтиш ўринсиздир”.
Ибн Хафиф ҳам Ҳаллож йўлини тутган зотлардан эди. Унинг аждодлари Шероз шаҳрининг обрўли зодагонларидан ҳисобланарди. Манбаларда келтирилишича, у Мансур Ҳаллож билан атиги бир марта – Мансур қатли кунида мулоқот қилган бўлиб, бу учрашув буюк бир дўстлик ва меҳру муҳаббат дебочаси эди. Ибн Хафиф ўзи калом илмининг машҳур намояндаларидан бўлиб, бошқа ашъарий мутакаллимлар каби сўфийлар таълимотини унчалик хуш кўрмасди. Шунга қарамасдан, қатл манзарасини кўрганидан сўнг Ҳалложнинг ихлосманди бўлиб, ҳамма жойда айтарди: “Мен Аллоҳ суйган бандани кўрдим”.
Наср Қашурий – сарой ҳожибларининг бошлиғи ҳам Ҳаллож ихлосмандларидан эди. У асли Румдан бўлиб, насроний мазҳабида эди. Кейинроқ исломга имон келтириб, ҳанбалий эътиқодида бўлди.
Қашурий давлат арбоби ва халифанинг содиқ ходимларидан бўлишига қарамасдан, Ҳалложга ихлос, эҳтироми юксак эди. У охиригача ана шу эҳтиромга содиқ қолиб, ҳатто халифа амри билан қатл этилган Ҳаллож учун очиқ-ойдин аза тутди. Бу – Қашурийнинг ўзига хос эътирози ва исёни эди. Бундай эътирозлар ва омманинг норозилиги боис вазир Наср Мансур Ҳалложнинг оиласи, яқин муридларига нисбатан шаръий, сиёсий жазо қўлламади, уларни солиҳ мусулмонлар деб эътироф этишга мажбур бўлди.
Ҳаллож ўлимидан сўнг халифа ҳарамини ваҳшатли сукунат босди. Атрофи баланд деворлар билан ўралган ям-яшил хуррам боғнинг ўртасида, мармартош ҳовузнинг бўйида қад кўтарган қаср ўрмонда адашиб қолган мусофирдек ғариб кўринарди. Бу қасрда халифанинг онаси – асли румлик бўлган Шағаб исмли малика истиқомат қиларди. Бу аёл Ҳалложнинг ашаддий ихлосмандларидан эди. Ҳаллож ўлим топганидан сўнг қаттиқ аза тутиб, унинг кесилган бошини анча муддат Канз ур-руъус (ноҳақ ўлдирилган номдор шахсларнинг кесилган боши сақланадиган жой)да сақлади. Ке­йинчалик бу бошни Хуросонга юбориб, шаҳарма-шаҳар айлантиришди ва одамлар Ҳалложни авлиёдек зиёрат қилишди. Шунингдек, халифанинг онаси ўз укасининг қабри ёнида катта бир мақбара қурдириб, Ҳалложнинг зиёратгоҳига айлантирди.
Ҳаллож турли тоифадаги одамларнинг ўртасида, хилофатнинг қоқ марказида дорга осилди. У ҳатто ўлим топган чоғида ҳам сармаст ва хушҳол эди. Бу сармастлик ва ўлимни байрамдек истиқбол қилиш кайфияти ўлимидан кейин ҳам одамлар онгини ўз забтига олди. Ўлим даҳшати Ҳақ ҳузурига кўтарилиш байрами олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Бу шундай қиссага айландики, асрлар давомида ирфон йўлидаги ҳар бир мутафаккир унга ўз муносабатини билдирмай иложи йўқ эди.
Ҳаллож ўлимини кўпчилик ўз кўзи билан кўрган бўлса ҳам, унинг ўлимига ўзини ишонтира олмасди. Айримлар уни Бағдоднинг кўча-кўйида, айримлар тушида ёки рўёда Ҳалложни тирик кўргандай бўлишарди. Масалан, Зоҳир Сарахсий даъво қилдики, Ҳалложни қўлида найза, учқур бир отда Бағдод кўчаларини айланиб юрганини кўрганмиш. Толиқонда Ҳалложнинг Шокир исмли муриди буни эшитгач, исён кўтариб, Бағдодга келди ва оқибат ўзи ҳам Ҳаллож каби ўлим топди.

УЧИНЧИ БОБ

Мансур Ҳаллож саргузаштининг мухтасар баёни

Мазкур бобда Колтон ва Пайэ қўллаган услуб бўйича Ҳаллож ҳаётини мухтасар тарзда кўриб чиқамиз.
1. Ўлимдан олдин. Ҳаллож ўз умри давомида уч марта турар жойини ўзгартириб, бир шаҳардан бошқа шаҳарга кўчиб ўтган: биринчи марта Аҳвоз шаҳридан, иккинчи марта Восит шаҳридан, учинчи марта Басра шаҳридан кўчиб кетган. Бағдодга келганида оилали ва тўрт фарзанднинг отаси эди. Сулаймон, Мансур, Ҳамд исмли ўғиллари ва исми аниқланмаган бир қизи бир умр унга вафодор қолдилар. Бу борада Ҳалложнинг ҳаёт йўли ҳеч қандай тўсиқсиз юксалиб боради.
Энди унинг фаолиятига назар соламиз. У уч марта ҳаж қилган. Бу ҳаж зиёратлари унинг тариқат йўлида кўзга узук кўзи янглиғ қолган икки сафари – ҳидоят ва иршод учун турли шаҳарларга қилган сафарлари билан бирлашади. Оқибат, Бағдодда одамларни руҳий бедорликка чақирди. Натижада, икки марта қози маҳкамасига тортилди. Бу икки тергов ўртасида узоқ йиллар зиндонда умр кечирди ва иккинчи муҳокамадан сўнг ўлимга ҳукм топди. Бутун умри давомида уч марта иродаси заифлик қилиб, сусткашликка йўл қўйди: биринчиси, ҳаж зиёратидан кейин хирқани тарк этди, иккинчиси – дастлабки терговдан сўнг Сус шаҳрига қочиб кетди (албатта, бу икки ҳодиса яширинча бўлган эмас ва унинг шонли ҳаёт йўлига ҳеч қандай соя солмайди), учинчи ва энг асосийси – ўзининг ҳол ва мақомини намоён этиб, “Аналҳақ” дея ўз сирини ошкор қилди. Ундан кейин яшаб ўтган машҳур сўфий Боязид Бистомий (у Табаристон вилоятидаги сунниймазҳаб шайхлардан бўлиб, ҳижрий 261 йили вафот этган)да ҳам шунга ўхшаш ҳолат содир бўлди. Аммо у бу сўзларни рамз ва тимсол орқали эҳтиёткорлик билан баён этди. Шайхи мақтул Суҳравардий Мансурнинг бу ҳолатини яхши ёритиб берган. У айтади: “Ҳаллож “Аналҳақ” дейиши билан, била туриб бу ғавғони қўзғатди ва ўз қонини бошқаларга ҳалол этди”. Ҳалложнинг ушбу байтидан англашиладиким, у Аллоҳдан жонини шу тариқа олинишини сўраган ва дуоси мустажоб бўлган:

Байний ва байнука инни юнозиъуний,
Фарфаъ биннийка инниййа минал-байни

(Мендаги мен мен ва сен ўртасида ҳижобдир,
Ўз Менинг билан менинг менимни орадан кўтар).

Мансур Ҳаллож важд ва ҳолнинг юксак чўққисига юксалганидан сўнг идрокнинг мавҳумлигини бартараф қилиш билан бир қаторда нафснинг чиркин олами ва ҳатто руҳнинг зулматларидан ҳам қутулиб, Холис Аслиятнинг мунаввар сарчашмаларига йўл топди. “Кун” (“Бўл!”) амрининг моҳияти ойдинлашиб, унда шундай беназир руҳий қувват пайдо бўлдики, у омманинг мудроқ руҳини уйғотишдек қалтис ишга ҳиммат камарини боғлади. Ибн Сабъиннинг айтишича, “Кун” амрининг камоли фақат шу чақириқнинг ўзи эмас, балки бу Ақли Кулга оид шундай Сўздирки, Ваҳдат сири у туфайли ошкор бўлгай.
Тавҳид сирини англаган ва Ваҳдат оламига восил бўлган мушоҳид зотнинг қони тўкилса, бу қон унинг руҳини юксалтириб, Қадим Шоҳид (Аллоҳ) дийдорига муяссар этади. Бу руҳ бандаликка хос бўлган хоксорликнинг камоли билан “Аналҳақ” фарёдини чекиб, Бепоён Раҳмат олами ва Азалий Муҳаббат дунёсига етказади; бундан сўнг у нима деса, ўша оламнинг ажойиботларидан ҳикоят қилади. Башар фарзанди ана шу йўл орқали бандалик оламидан Рабубият оламига етишади.
2. Ҳалложнинг ўлимдан кейинги тақдири. Абурайҳон Берунийнинг ёзишича, Ҳалложга бўлган кучли муҳаббат туфайли айрим мусулмонлар Ҳаллож ўлимининг кунини диний маросимга айлантириб, унга турли маънолар беришга ҳаракат қилганлар. Ушбу тоифага мансуб тадқиқотчилар Ҳалложнинг зиндонда ётган муддатини саккиз йилу етти ою саккиз кун деб ёзганлар. “Марям” ҳамда “Фотир” суралари абжад ҳисобида унинг муршидлик мақомига етишган йилини – ҳижрий 290 йилга тенг топишди, шу абжад ҳисоби билан “То син” сўзи ҳам унинг ўлим топган йил – ҳижрий 309 йилга тенг эканлиги, бу муддат Қуръони каримда зикри кетган “Асҳоби Каҳф” (“Ғор эгалари”)нинг уйқуга кетган муддатларига баробар келиши Мансур Ҳалложни Ҳаққа етишган валий зот сифатида эътироф этишнинг далили ҳисобланарди. Ҳаллож тавҳид ошиғи эди, у барча башарият яккаю ягона Аллоҳга сиғинишларини орзу қиларди. Ҳаллож бу билан тавҳид дини бўлмиш исломнинг ўз юксак чўққисига етишини истарди.
Ҳаллож тавҳид тарғиботчиси бўлса-да, кофирлик ва муртадлик туҳмати билан шаҳид бўлди, аммо унинг ғоялари ўлимидан кейин янада қувват топиб, энг илғор ғоялар сирасидан жой олди.
Ҳалложнинг ислом оламидаги шуҳрати Францияда Жанна д’Аркнинг шуҳратига ўхшаб кетади. Аммо шуни ҳам айтиш лозимки, Ҳаллож ислом оламида Жанна д’Аркнинг Франция жамиятидаги нуфузидан кўра кўпроқ мартаба топган ва буни ҳеч ким инкор этолмайди. Шунингдек, Ҳалложнинг ислом оламидаги нуфузи Исо алайҳиссаломнинг бани Исроил орасидаги эътиборидан баландроқ ҳисобланади.
Ислом тарихи ишончли хабарлар ва мўътабар ровийларнинг ёзишмалари асосида шаклланган. Айниқса, Қуръони каримдан кейин энг мўътабар манба ҳисобланган Муҳаммад с.а.в.нинг ҳадислари айнан ровийлар силсиласининг ишончлилиги даражасига қараб саҳиҳ, ҳасан, мутавотир, заиф, мавзўъ, мажҳул каби турларга бўлинади. Иснод (санадлар, далиллар) силсиласи Муҳаммад с.а.в саҳобаларидан бошланиб, кейинги асрларда яшаб ўтган илм ва фазл соҳиблари номи билан давом этади. Бу силсила мусулмон шаҳарларнинг турли даврлардаги илмий муҳит ва унинг намояндалари ҳақида ҳам муҳим сарчашма ҳисобланади. Негаки, иснодни ҳисобга олишда муайян даврда қайси саҳоба, тобеъин ёки табаъа тобеъин қайси шаҳарда яшаганлари ва уларнинг ўзаро мулоқоти эҳтимоллиги ҳам жуда аниқ ҳисобга олинган.
Шу нуқтаи назардан ислом мутафаккирлари Ҳалложнинг ҳаёт йўли кейинги асрларда ҳам барчанинг диққат марказида бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, имкони борича, Ҳаллож ҳақида тўғри ривоят ва қиссаларни борича кейинги авлодга етказишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар.
Ҳаллож дастлаб кофирликда айбланиб, шу айби туфайли қатл қилинганди, агар ўз замонида Ҳалложнинг ҳақиқатини ёзиб қолдиришмаса, кейинги асрлардаги мулоҳаза ва хулосалар ишончсиз ҳисобланиши тайин эди. Ҳалложнинг ҳақиқий мухлислари ва муридлари ўз ширин жонларини гаровга қўйиб, у тўғрисидаги хабарлар исноди силсиласи бошини мустаҳкам тутдилар. Улар Ҳалложнинг ҳаёт йўли ва билдирган фикрлари, асарларини қоғозга тушириб, бу сўзларнинг аҳли бўлмаган кимсалардан яшириб юрардилар. Хотирдан хотирга, кўнгилдан кўнгилга кўчган бу сўзлар туфайли Ҳаллож мусулмон Шарқи оламида римлик Цезар ва македониялик Александрнинг ҳавасини келтирадиган даражада шуҳрат топди. Негаки, Александр ва Цезарнинг шуҳрати асосан уларнинг меъморчилик соҳасида қилинган ҳомийликлари ва улар ҳақида ёзилган саргузашт қиссалар туфайли бўлса, Ҳалложнинг номи олиму оми, фақиҳ ва сўфий, ринду зоҳидлар орасида маълум ва машҳур эди.
3. Фақиҳлар, муфассирлар ва сўфийларнинг Ҳаллож тўғрисидаги ақидалари. Исноднинг дастлабки силсиласи фақиҳларга мансубдир. Бу силсила Ибн Сурайҳнинг фатвосидан бошланади. Шофиъийлик мазҳабидаги бу нуфузли фақиҳ дастлабки терговда Мансурнинг айбловини бекор қилди. У бу айбловларни шариат нуқтаи назаридан асоссиз деб топиб, айтди: “Сўфиёна важду ҳол ва ғайбий илҳом масаласининг муҳокамаси қозилар ваколатига кирмайди”. Бу ҳукм Вақфи Даълаж мадрасасида илк бор янг­ради ва кам-кўстсиз устозлардан шогирдларига ўтиб келди. Бу фатвони Ҳалложнинг сўнгги кечасида бирга бўлиб, унинг сўзларини ёзиб олган Ибн Ҳаддод Абу Бакр Қаффол (вафоти ҳижрий 365 йил)га айтиб берганди. Абу Бакр бу фатвони бошқа одамлар, жумладан Хатиб Муаррих Бағдодий (вафоти ҳижрий 463 йил) орқали вазир Ибн ал-Мусалламга етказди. Бу вазирни халифа Ал-Қоим Биллоҳ ҳижрий 437 йили ҳокимият тепасига келтирганди. У вазирлик айёмида бир куни бошқа давлат арбоблари билан бирга Мансур жомеъ масжидига қараб бораётган эди. Ҳалложнинг қатл қилинган жойига етиб, дуо қилди ва уни шаҳид деб атади. Фалакнинг гардиши билан Ҳаллож замондоши ва унинг қатлига сабабчи бўлган Ҳомиднинг ўрнига 124 йилдан кейин вазир бўлган бу киши Ҳалложни оқлашга ҳаракат қилди.
Ибн Сурайҳ шофиъия мазҳабида бугунги кунгача эътиборли ҳисобланади ва турли фиқҳий масалаларда ҳозир ҳам унинг ҳукмларига таяниб иш кўрадилар.
Мансур Ҳаллож ҳақидаги хабарларнинг иккинчи силсиласи муфассирларга тегишлидир. Бир гуруҳ муфассирлар Қуръон оятларини тафсир қилиш жараёнида Ҳалложнинг сўфиёна ҳикматларидан иқтибос келтирганлар. Ҳаллож ҳаётлиги даврида кўзга кўринган таниқли уламолар (улар орасида машҳур муфассирлар ва ҳадис уламолари ҳам бор эди) оммани Ҳалложга қарши қўзғатиб, ижмоъ ҳукми билан уни куфрда айбламоқчи бўлдилар, фақат ҳанбалийлар жамоатининг пешвоси, ҳадис олими Ибн Ато уни ҳимоя қилишга қиришди. Ибн Атодан кейин бу силсила хуросонлик тафсирчи олим Сулламий (вафоти ҳижрий 410 йил)гача етиб келди ва у дадиллик билан ўз тафирида Ҳалложнинг сўзларидан қатор иқтибослар келтирди. Нишопур шаҳрида яратилган ушбу тафсир фақиҳлар томонидан яхши қабул қилинди ва Бағдоддаги “Низомия” таълим дастурининг ажралмас қисмига айланди (Иброҳим Нуфайлийнинг ривояти).
Бағдоднинг “Низомия” мадрасасига шофиъийлар томонидан асос солинган бўлиб, ҳижрий 460 йилдан VII асрнинг охиригача ислом оламининг илмий маркази ҳисобланарди. Суламий тафсирини Рўзбеҳон Буқлий Шерозий (вафоти ҳижрий 606 йил) кўп истифода қилиб, ундаги Ҳаллож сўзларини алоҳидаликда араб тилидан форс тилига ўгириб, қисқа шарҳ ва изоҳлар ҳам ёзган. Бу тафсир Ҳиндистон ва Покистонда ҳозиргача маълум ва машҳур бўлиб, қайта-қайта босилмоқда. Шуни ҳам қайд қилиш кераккки, ушбу тафсирда Мансур Ҳалложнинг номи очиқ қайд қилинмаган, фитнадан сақланиш учун фақат исми – Ҳусайн келтирилган.
Учинчи иснод силсиласи сўфийларга бориб тақалади. Бу силсила Ҳалложнинг Бағдоддаги сўфий дўстлари орасида томир ёзган. Бу сўфийлар дастлаб фақат ўз сирдош ва ҳаммаслак муридлари орасида Ҳалложни қадрлаш тўғрисида тарғибот ишларини олиб боришарди. Уларнинг талқинида Ҳаллож – Ишқ йўлида лаънатзада ва кофирлик туҳматига мубтало бўлган валий эди. Дастлабки пайтларда Ҳалложни лаънатлаш ва кофир, дея ҳукм чиқаришнинг ниҳояси йўқдай туюларди. Аббос Тусий ҳамда Ал-Азорнинг тушлари ва тахайюлоти бу жараён уч юз йилдан ортиқ давом этганига далолат беради. Машҳур ҳаким Ибн ал-Арабий (вафоти ҳижрий 638 йил) ва шозилия тариқатининг асосчиси Шайх Шозилий (вафоти ҳижрий 654 йил) ўз асарларида бахтиқаро Ҳалложнинг гуноҳларини Аллоҳдан сўраб илтижолар қилишган. Ибн ал-Арабийнинг ақидаси бўйича, шариат бўйича бундай валийларнинг қатли раводир, аммо қотил ҳам, мақтул ҳам мусулмонликдан чиқмаган ҳисобланади.
Шиблийдан кейин Насрободий Нишопурий (вафоти ҳижрий 372 йил), Абусаид Абулхайр (вафоти ҳижрий 494 йил), машҳур муҳаддис Абу Тоҳир Салафий (вафоти ҳижрий 572 йил) каби сўфийлар Шарвоний (вафоти ҳижрий 512 йил)нинг сунниймазҳаб шофиъий олим Шиҳобуддин Тусийдан нақл қилган Ҳалложнинг қони ҳақидаги ҳикоятини турли ранг ва оҳангда қайта нақл қилишга ўзларида журъат топдилар. Жумладан, ушбу ҳикоятда айтилишича, Ҳалложнинг тўкилган қонидан ерда Ҳақ таолонинг исми ҳосил бўларди ва ушбу қон Мансурнинг гуноҳлардан фориғ бўлганига далилдир. Кейинроқ Пири Ҳирот – ҳанбалиймазҳаб Хожа Абдуллоҳ Ансорий (вафоти ҳижрий 471 йил), машҳур сўфий Хожа Юсуф Ҳамадоний (вафоти ҳижрий 525 йил) ва айниқса машҳур сўфиймашраб шоир Ҳаким Саноий Ғазнавий (вафоти ҳижрий 550 йил) бу ҳикоятнинг саҳиҳлигига эътимод билдириб, Шайх Фаридуддин Атторга Мансур Ҳалложнинг кашфу каромотлари ҳақида батафсил маълумот беришига мустаҳкам замин яратдилар.
Шайх Фаридуддин Аттор (вафоти ҳижрий 617 йил) ўзининг “Тазкират ул-авлиё” асарида Мансур Ҳаллож ҳаётининг сўнгги манзили ҳамда валийлик мақомини гўзал баёнда ёритиб берган: “Ҳалложнинг валийлик мартабаси унинг эранларча жонбозлиги туфайли камолот чўққисига етибдир”.
Аттордан олдин Шайх Абусаид Абулхайр ушбу фикрни қуйидагича ифода этган: “Мансур Ҳаллождек дор остида жон бериш эранларга муносибдир, бу – номардларнинг иши эмас”.
Аттор Ҳалложнинг саргузаштини шундай бошлайди: “Ул қатилиллоҳ фий сабилиллоҳ (Аллоҳнинг йўлида Аллоҳ қўлида қатл этилган), ул таҳқиқ ўрмонининг шери, ул довюрак ва ботир, сиддиқ, ул маввож (мавж урувчи, тўлқинли) дарёга ғарқ бўлган, Ҳусайн Мансур Ҳаллож – унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – унинг иши ажибдир ҳамда ғаройиб воқеалар унга хосдир. У ҳам иштиёқ ва ўртанишда бағоят олий миқдор ва ҳам фироқ шиддатида масти беқарор. У ўз замонасида жунунга лойиқ ҳамда содиқ ва покдил ошиқ эди, мужоҳадаси азим эди ва риёзату каромати ажиб, ҳиммати олий ва қадри баланд бир зот эди…” (“Тазкират ул-авлиё”)
Сўзи давомида Аттор қуйидаги ҳикоятни келтиради: “Барча Ҳалложга тош отардилар. Шиблий амрга бўйсуниш маъносида бир гул отди. Ҳусайн Мансур оҳ чекди. Дедилар: Тош бўронига чидаб, бир оҳ тортмадинг. Отил­ган бир гулга оҳ чекишингнинг сирри надир? Деди: Улар билмайдилар, шунинг учун уларнинг узри бор. Отмоқ мумкин эмаслигини билган одамдан кўнглим оғриди.
Сўнг қўлини кесдилар, кулиб қўйди. Дедилар: Кулмоқ нечун? Деди: Асир одамнинг қўлини кесмоқ осондир. Мард улдурким, Аршнинг тоқидан ҳиммат кулоҳини оладиган сифот қўлини кеса билса. Ундан сўнг оёқларини кесдилар. Кулимсираб, деди: Бу оёқ билан тупроқ оламини кезардим. Шундай бир қадамим борки, энди икки оламни кезар, қўлингиздан келса, ўша оёғимни кесинг. Сўнгра кесилган икки қўлини юзига суртди, юз-бети ва икки тирсагини қонга булғади. Сўрадилар: Нега бундай қилдинг? Деди: Мендан кўп қон кетди. Юзим сарғайиб қолганини билиб турибман. Сизлар ўйлайсизларки, рангим сарғайиши қўрқувдандир. Шу сабабдан юзимга қон суртдимки, сизлар олдиларингда юзим қизил бўлсин, мардлар гулгунаси (юзни қизартирадиган элик) ўзлари янглиғ бўлур. Дедилар: Юзингни қон билан қизартирдинг дейлик, тирсагингни нега қонга булғадинг? Деди: Таҳорат олмоқдаман. Сўрадилар: Қайси таҳорат? Деди: Ишқда икки ракъат намоз борки, унинг таҳорати фақат қон билан дуруст бўлар. Сўнг кўзларини ўйиб олдилар. Халқ ичида қиёмат кўтарилди. Кимдир йиғларди, кимлардир тош отарди. Сўнг тилини кесмоқчи бўлдилар. Деди: Бир замон сабр қилинглар, икки оғиз сўзим бор. Осмонга қараб, деди: Илоҳий, Сенинг учун бу ранжни етказмоқдалар, уларни маҳрум этма ва бу давлатдан бенасиб қилма.
Аттор бу можарони “Мантиқ ут-тайр” достонида қуйидагича баён этган:

Чун забони ў ҳаме нашнохтанд,
Чор дасту пойи ў андохтанд.
Зард шуд, чун хун бирафт аз ў басе,
Сурх кай монад дар ин ҳолат касе.
Зуд дармолид он хуршедроҳ
Дасти бурида ба рўйи ҳамчу моҳ.
Гуфт: чун гулгунаи мард аст хун,
Рўйи худ гулгунатар кардам кунун

(Унинг сўзларини англамадилар,
Тўрт оёқ-қўлини кесдилар.
Ундан қон кўп кетиб, ранги сарғайди,
Кимнинг юзи бу ҳолатда қизиллигича қолар?
Ул йўли қуёшли дарҳол суртди
Кесилган икки қўлин ойдек юзига.
Деди: мардлар гулгунаси қондир, шундан
Юзимни олдиндан ҳам қизилроқ этдим).

Аттор сўзида давом этиб, дейди: “Сўнг унинг тилини суғуриб олдилар. Шом пайти бошини кесдилар. Боши кесилган пайти бир табассум қилиб, жон берди. Одамлар фарёд чекдилар. Ҳусайн қазо ўйинида ризо майдонида ғолиб чиқди. Танасининг ҳар бир аъзосидан овоз келарди: “АНАЛҲАҚ”.
Эртасига дедилар: “Бу фитна ҳаётлиги давридан ҳам кўра кучлироқ қўзғалмоқда”. Уни ёқиб юбордилар. Кулидан ҳам “АНАЛҲАҚ” овози келарди. Қатл пайти қони тўкилган жойларда “АЛЛОҲ” нақши пайдо бўларди. Ҳусайн бин Мансур ўз хизматкорига айтган эди: “Менинг кулимни Дажлага сочиб юборсалар, Дажланинг суви тўлиб-тошар, ҳаттоки Бағдодни сел олиш хавфи туғилар. Ўшанда менинг хирқамни дарёга сол, дарё қарор топади”. Учинчи кун Мансурнинг кулини дарёга сочиб юбордилар. “АНАЛҲАҚ” овози ҳали ҳам келарди. Дарёнинг суви тўлиб-тошарди, ўзанларига сиғмасди. Хизматкор шайхининг хирқасини Дажла соҳилига олиб келди. Дарё тинчиди, кулдан ҳам бошқа овоз келмасди. Сўнг кулни йиғиштириб, бир жойга кўмдилар. Тариқат аҳлидан бирор кишига Мансурчалик бундай кушойиш насиб қилган эмас”.
Аттор “Тазкират ул-авлиё”да Ҳалложни улуғ бир раҳнамо – муршиди комил сифатида тасвирлаб, ёзади: “Дунёнинг турли гўшаларидан унга мактуб ёзардилар, ёзишмаларида Ҳинд аҳли уни Абулмуғийс, Чин аҳли Абулмуъин, Хуросон аҳли Абулмеҳр, Форс аҳли Абу Абудллоҳ аз-Зоҳид ва Хузистон аҳли Ҳаллож ул-асрор, Бағдодликлар Мусталим ва Басра аҳли Мухбир деб аташарди”.
Туркий халқлар ҳам Мансур Ҳалложнинг фаолиятига ижобий баҳо беришган. Жумладан, Хожа Аҳмад Яссавий (вафоти ҳижрий 563 йил) ўз шеърларида Мансурни Валий сифатида мадҳ қилган.
Насимий ҳам ўз шеърларида Мансурни улуғ авлиё сифатида васф этган. Бу шоирни ҳижрий 869 йили шаккоклик ва илҳод (Худодан қайтиш) билан айблаб, Ҳалаб шаҳрида ўлдириб, терисини шилиб олдилар.
Усмонли турк империясининг яничарлари орасида катта нуфузга эга бўлган бектошия тариқати сўфийлари Мансур Ҳалложга кўп таважжуҳ зоҳир этардилар. Улар ўз муридларига Мансур Ҳаллож ўлимини туз ният ва пок сийратнинг тимсоли сифатида мисол келтирардилар. Бектошия дарвешлари орасида тариқатга киришнинг шундай бир одати бор эди: улар бўйинларидан оёқ-қўлларини боғлашга кифояланадиган бир узун арқон ташлаб, ўз пирлари ҳузурига келиб, айтишарди: “Ҳузурингизга Мансур каби Ишқ йўлида бошни фидо қилиш учун келдим”.
Туркий адабиётда Ҳаллож “Зубдат ул-авлиё” (Авлиёларнинг сараси) номи билан танилган. Турк шоири Ломеъий (вафоти ҳижрий 958 йил) Султон Сулаймон Қонунийга бағишланган туркий қасидасида дорга осилган Ҳаллож жасадини сўлиб қолган гулга ўхшатган.
Шайх Аттор ва Айнулқуззот Ҳамадоний (вафоти ҳижрий 525 йил) каби сўз санъаткорларининг Ҳаллож шахсияти ва тақдирига бўлган ижобий муносабатлари туфайли Форс, Хуросон, Мовароуннаҳр ва Ҳинд сўфийлари ичида унинг ашаддий тарафдорлари йилдан-йилга кўпая борди.
Ҳиротнинг сўнгги темурий ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро (вафоти ҳижрий 911 йил) Аттор асарлари мутолаасидан сўнг Ҳалложга нисбатан иродат ҳосил қилди. Шу иродат сабабли у машҳур наққош Камолиддин Беҳзод Ҳиравийга Ҳалложнинг ҳаётини тасвирлашга кўрсатма берди. Бошқа бир ҳукмдор – Султоншоҳ Банголий ўз замонининг машҳур шоири Сармад Кошонийга Ҳалложия тариқатига асос солиб, муридларга раҳнамолик қилишига ижозат берди. “Сатёпир” номи билан машҳур бўлган бу тариқат Аврангзеб Оламгир ҳукмронлиги давригача Деҳлида фаолият юритди. Ҳижрий 1071 йили тариқатнинг пешвоси – Сармад Кошоний Аврангзеб буйруғи билан дорга осилди. Бу тариқатнинг тарихи шундан гувоҳлик берадики, Ҳалложнинг ғайриоддий тақдири – бир кишига ҳам куфр ва ҳам валийлик нисбати берилиши ҳеч қачон жамиятнинг онгли қатламини бефарқ қолдирмаган. Ҳаллож ҳақидаги ривоятлар – унинг қонидан ерда Аллоҳ сўзи нақш бўлиши, кулидан “Аналҳақ” овози чиқиши, Дажла тошқини ва хирқа туфайли сокин бўлиши – оддий одамларни сирли ва жозибали руҳият оламига етакларди. Шундай бир ривоят ҳам борки, Ҳалложнинг кули Дажлага сочилганда бир гуруҳ солиҳа аёллар Дажланинг сувидан ичдилар. Улар эрсиз ҳомиладор бўлиб, кейинроқ валийлик мақомига етган ўғилларни дунёга келтирдиларким, туркий халқлар уларни “нафаси улуғ” зотлар дейдилар. Курдлар орасида машҳур бўлган ривоятларга кўра, Мансур Ҳаллож Қиёмат кунининг валийсидир.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида қорақирғизларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ривоятларнинг бири ҳам Мансур Ҳаллож номи билан боғлиқ. Унда айтилишича, бир қабила оқсоқолининг қирқта бокира қизи бўлган. Бу қизлар ўша сўфиёна сувдан ичиб, бокира ҳолатида ҳаммаларида ҳомила бўлиб, улардан туғилган фарзандлар қорақирғиз (қирғиз – қирққиз) қабиласини вужудга келтирганлар.
Насимий ҳақида Бухорода, Сатёпир ҳақида Банголада, Ситижанор ҳақида Жова шаҳрида қорақирғиз қабиласи ўтмишини ёдга солувчи афсонага ўхшаш ривоятлар мавжуд. Номи келтирилган бу зотларнинг оналари ҳам сўфиёна сувдан ичиб, бокира ҳолатларида иккиқат бўлиб, кейинроқ тариқат аҳли бўлмиш етук фарзандларни дунёга келтирганмишлар.
Албатта, булар шунчаки афсона бўлиб, халқ оғзаки ижодидаги сайёр сюжетларнинг турли талқинларидан бошқа нарса эмас. Бу ривоятлар Ҳалложнинг оддий халқ орасида қанчалик шуҳратга эга бўлганлиги даражасини билиш учунгина аҳамиятлидир.
Ҳаллож ҳақидаги манбаларнинг тўртинчи силсиласи ибн Хафиф Шерозий (вафоти ҳижрий 371 йил) номи билан боғлиқ. Бу зот, олдинроқ қайд қилиб ўтилганидек, Мансур Ҳалложнинг сўнгги кечасида бирга бўлган. Ҳаллож қатлидан кейин ўз она юрти – Шероз шаҳрига қайтиб, Ҳаллож ҳақида дўстлари ва душманлари айтган сўзларни тўплашга киришди. Ундан кейин Ибн Бокуя (вафоти ҳижрий 428 йил), Масъуд Сижзий (вафоти ҳижрий 463 йил) махфий равишда унинг китобини тарқатишга киришдилар. Шу тариқа бу манба икки буюк тарихчи ва муҳаддис олим – Хатиб Бағдодий (вафоти ҳижрий 463 йил) ва Заҳабий (вафоти ҳижрий 748 йил)ларнинг қўлига етиб борди.
Ибн Хафиф Шерозийнинг муридлари ва шогирдлари кейин ҳам устозлари сингари яширин тарзда Мансур Ҳалложни улуғлашда давом этардилар ва у ҳақида хонақоларда дилкаш суҳбатлар қурардилар. Натижада, бу суҳбатлар бошқа хонақоҳларда ҳам пайдо бўлиб, Ҳаллож номи товусийлар, ажамийлар, зубайдийлар каби тасаввуфий ҳалқаларда ҳам тез-тез тилга олинадиган бўлди.
4. Ҳалложнинг оқланиши. Ислом оламида Ҳалложнинг бегуноҳлигига очиқ-ойдин фатво берган фақиҳлар Басра шаҳридаги Солимия мактаби намояндалари эди. Уларнинг ақидаси бўйича, Ҳалложнинг шатҳиёти ва бундай руҳий исёни аслида исломнинг тавҳидий ғояларидан озиқланади. Ундан кейин аҳли суннат ва жамоатнинг ашъария мутакаллимлари томонидан ҳам Мансур Ҳалложнинг қилмишлари эътиқодга мувофиқ эканлиги исботланди. Бу мазҳабнинг йирик намояндаси Қушайрий (вафоти ҳижрий 425 йил)нинг фикрича, Ҳалложнинг барча сўзлари жунун ёки куфр ғалаба қилган ҳолатда эмас, балки Илоҳий Муҳаббат ғалаёнида солим ва уйғоқ Руҳ иродаси билан содир бўлган. Ҳаллож ўзини Ёри азалдан узоқда қолган ҳижронзада бир ошиқдек тутарди, унинг висолига етишиш учун бошини фидо қилди. Шофиъия мазҳабининг йирик намояндалари Абу Исҳоқ Исфаройиний ва Имом ул-Ҳарамайн Жувайний Мансурнинг қилмишлари ҳақида қуйидагича фикр билдирганлар: Ҳалложнинг ичида Иблис яширинган эди. Ҳар бир комил мусулмон Иблиснинг ашаддий душмани ҳисобланади, шунинг учун уларга қарши Иблис қаттиқроқ курашади. Ҳалложнинг шатҳиёти Иблиснинг муваққат ғалабаси чоғида юз берган. Қолган пайтларда Ҳаллож шариат амрларини бекам-кўст бажарадиган мусулмон эди.
Жувайний ва Исфаройинийнинг шогирди, машҳур Зайниддин Муҳаммад Ғаззолийнинг укаси Аҳмад Ғаззолий бу ҳақда бошқачароқ ақидада бўлган. Унинг айтишича, Шайтон Илоҳий даргоҳдан ҳайдалгани унинг Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббати ва ғаюрлигидан эди. Шунинг учун, Шайтон “ошиқлар сарвари”дир. Мансур ҳам Ишқ йўлида Унинг Ўзидан бошқасини кўрмади ва Шайтон каби одамлар орасидан ҳайдалди.
Ваҳдат ул-вужуд таълимоти намояндалари, жумладан, бу таълимотнинг асосчиси Муҳйиддин Ибн ал-Арабий (вафоти ҳижрий 638 йил) ақидаси бўйича Холиқ ва махлуқнинг вужуди ягона эканлиги сабабли, Мансур Ҳалложнинг сўзлари ортиқчадир. Вужуд аслида восил бўлган жойда Висол талаби ноўриндир.
Балхий, Мантиқий, Абу Ҳайён Тавҳидий каби Ҳаллождан кейин яшаган мусулмон файласуфлар ўз замонларида Ҳаллож сўзларининг фалсафий таҳлилига уринганлар. Жумладан, Дайламийнинг ақидаси бўйича, Мансур Ҳалложнинг Ишқ тўғрисидаги қарашлари қадимги Юнон файласуфлари ақидалари, айниқса, перипатетиклар мактабининг ишқ категориясига берилган таърифига уйғун келади.
Мансур Ҳаллож ўлимидан кейин ишқ масаласи мусулмон файласуфлари ўртасида чуқур тадқиқ этилди ва бу борада турли-туман фикрлар билдирилди. Дастлаб Абу Али ибн Сино ишқнинг моҳияти ҳақида ўз асарларида фикр юритди ва ишқ тўғрисида алоҳида рисола ҳам ёзди. Ундан кейин икки машҳур файласуф бу борада ўз нуқтаи назарларини баён этишга киришдилар: биринчиси – ишроқ фалсафасининг асосчиси Шайх Суҳравардий Ҳалабий бўлиб, машҳур саркарда Салоҳиддин Айюб замонида мушрик­ликда айбланиб, ҳижрий 587 йилда қатл этилди. Иккинчи файласуф Ибн Сабъин Мурсий (вафоти ҳижрий 669 йил) бўлиб, Испаниянинг Андалусия шаҳрида яшаб ижод қилган. У асосан ислом фалсафий тафаккури тарихи билан шуғулланиб, умри охирида ирфон ва тасаввуф масалалари билан жиддий қизиқди. Бу икки файласуф Мансур Ҳаллож ҳақида қуйидаги тўхтамга келганлар: Мансур авлиёуллоҳдандир, у Қиёмат куни шафоат қилувчилар тоифасидан бўлур. Мансур исломий тавҳиднинг ашаддий тарғиботчиси ва дин моҳиятини чуқур англаган мутафаккир зотдир. Маъжусийлар ва насронийлар ҳам унинг файзидан баҳраманд бўлурлар.
Мансур Ҳаллож ўз шеърларида жамийки одам боласи, жумладан, ўз душманларини яхшилик истаб дуо қилган. Бу тахлит шеърлар қатор донишмандларда Мансурни маънавий қутб ва унинг ғоялари бутун инсониятни исломий тавҳид сарманзилларига элтувчи маёқ сифатида билиш ва баҳолашга ундаган. Нажмиддин Розий (вафоти ҳижрий 654 йил), “Низомия” мадрасасининг мударриси Аллома Кеший (вафоти ҳижрий 694 йил), машҳур шоир ва мутафаккир Мавлоно Жалолиддин Румий (вафоти ҳижрий 672 йил), қомусий аллома Хожа Насириддин Тусий ва вазир Рашидиддин каби улуғ зотлар муғул босқини асрида Ҳалложнинг ашаддий тарғиботчилари бўлганлар.
Ҳасан Саббоҳ ўз мактубида Аббосийлар халифалигининг мўғул босқинида тор-мор бўлиши сабабини иккита катта кечирилмас хатоларининг оқибати сифатида талқин қилган. Биринчиси – аббосийлар томонидан халифаликнинг қонуний меросхўрлари (Ҳасан Саббоҳ бу ерда исмоилий имомларини назарда тутмоқда)дан тортиб олинганлиги, иккинчи гуноҳ – Мансур Ҳаллождек улуғ авлиё қатлига буйруқ берилиши. Хожа Насириддин Тусий шиа мазҳабида бўлгани билан Ҳалложнинг валийлигига иқрор эди. Ҳижрий IX асрда реал сиё­сий кучга айланган шианинг исноашария мазҳабидагилар ҳам Ҳаллож ҳақида яхши ақидада бўлишган. Жумладан, “Кашкул” муаллифи Шайх Баҳоуддин Омулий (вафоти ҳижрий 1030 йил), Мирдомод Астарободий (вафоти ҳижрий 1041 йил), Садриддин Шерозий (вафоти ҳижрий 1050 йил), Муҳсин Файз Кошоний (вафоти ҳижрий 1091 йил) Ҳалложни имоми охирзамон – Ҳужжат зуҳуридан хабар берувчи зот сифатида таърифлаганлар.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Ҳаллож ўлим топганидан сўнг аҳли суннат ва жамоат орасида ҳам, шиа оқими тарафдорлари ўртасида ҳам мақбул ва маҳбуб бўлди. Ҳатто шианинг радикал оқимлари ҳам Ҳалложнинг тарафдорларига айландилар. Италиялик Чиравелли Рашт минтақасидан Ҳалложга бағишлаб ёзилган катта бир марсияни қўлга киритган.
Умумий тарзда олганда, Ҳаллож қатли замонидан то бугунги кунгача ислом оламининг турли минтақаларида Ҳалложнинг издошлари ва тарғиботчилари зоҳир бўлиб, унинг ақидалари ҳақиқат йўлидаги дастур янглиғ эканлигини исботлашга киришганлар. Олдинги саҳифаларда номи зикр этилган машҳур шахсиятлар рўйхатига “Ахбор ул-Ҳаллож” китобининг муаллифи Шокир ибн Аҳмад, Форис Динаварий (вафоти ҳижрий 340 йил), қодирия тариқатининг асосчиси Шайх Абдулқодир Гелоний (вафоти ҳижрий 561 йил), Ҳалложнинг шатҳиётини тўплаб, уларга шарҳ ёзган ориф Рўзбеҳон Буқлий Шерозий, ваҳдат ул-вужуд мактаби намояндаси Алоуддин Симноний (вафоти ҳижрий 736 йил), чиштия тариқатининг жалолия фирқаси муршиди Жалол Ҳусайн Бухорий Гесудароз – Махдуми жаҳониён (вафоти ҳижрий 875 йил), ҳиндистонлик форсийзабон шоир ва мутафаккир Мирзо Абдулқодир Бедил (вафоти ҳижрий 1133 йил), Ҳазрат Мужаддиди Алиф Соний Сарҳиндий Нақшбандий Ҳанафий (вафоти ҳижрий 1034 йил) каби ислом тафаккури тарихида чуқур из қолдирган зотлар номини илова қилиш мумкин. Албатта, Ҳалложга нисбатан адоват ҳиссида бўлган ва уни охирзамон Дажжоли дея таъриф берган фақиҳлар ва қорилар ҳам барча давру замонда бўлган. Айниқса, тоҳирийлар ва ашъарийлар мактабига мансуб айрим олимларнинг Ҳалложга муносабатлари ўта салбий ҳисобланади.
Ҳар ҳолда бундай салбий муносабатлар Ҳалложнинг машҳурлик мақомига соя туширолмади. Араб ўлкаларида оддий одамлар ҳам Ҳалложга ибрат ва эҳтиром кўзи билан қарашарди. Сурия ва Мисрда Мансур номи билан боғлиқ афсона ва ривоятлар, Уззо бин Ғоним Муқаддасий, Воиз Ҳанбалийларнинг Дамашқ ва Маккада эшитган қиссалари, Андалусиянинг Гренада шаҳрида халқ орасида маълум бўлган афсоналар айтганларимизга далил бўла олади. Туркий халқлар ўз дуоларида Мансур Ҳалложнинг номини зикр қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳлари учун шафе келтиришарди. Шунингдек, туркийлар кечалари ухламай йиғлаб чиқадиган чақалоқларни тинчлантириш учун “Ҳаллож тумори”дан фойдаланишади. Анталияда мавлавийлик тариқати издошлари самоъ мажлисида най асбобидан фойдаланишади ва бу найни “Найи Мансурий” деб аташади.
Мансурнинг жасади ёқиб юборилгани сабабли, ҳижрий V асрда Бағдодда унинг номи билан боғлиқ рамзий бир мақбара қурилди. Бу мақбара айни кунларда бутун дунё, айниқса, Ҳинд ва Покистон мусулмонларининг севимли зиёратгоҳига айланган.
Салмони Покга нисбат бериладиган, косиблар ва ҳунармандларга бағишлаб ёзилган “Футувватнома” асари (бу асар ҳижрий 532 йили Бағдодда ёзилгани тахмин қилинади)да Мансур Ҳаллож Қаттонлар пири деб ёзилган. Маълум бўладики, ўрта асрларда ҳалложи – пахтани чиғириқдан ўтказиб, чигитдан ажратиш билан шуғулланадиган косиблар Мансур Ҳалложни ўзларига пир деб билишган. Бизнинг давримизда Мансур Ҳаллож номи билан боғлиқ тўртта косиблар хонақоҳи мавжуд бўлиб, улар Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида, Мавританиянинг Ғадаф минтақасида, Покистоннинг Шўришвора ва Фаридпур шаҳарлари атрофида фаолият юритади.

Форс тилидан
Олимжон Давлатов
таржимаси

2017/11

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/03/13/%d0%bb%d1%83%d0%b8-%d0%bc%d0%b0%d1%81%d1%81%d0%b8%d0%bd%d1%8c%d0%be%d0%bd-1883-1962-%d0%bc%d0%b0%d0%bd%d1%81%d1%83%d1%80-%d2%b3%d0%b0%d0%bb%d0%bb%d0%be%d0%b6-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x