Валид ИХЛОСИЙ  (1935 йилда туғилган)  ГУЛИ СИЁҲ

Ҳикоя

 

Араб тилидан

Гўзал ЖАЛИЛОВА

 таржимаси

 

Валид Ихлосий 1935 йили Искандария шаҳрида таваллуд топди. Бошланғич таълимни Ҳалаб мактабида олди, сўнгра Мисрдаги Александрия университетида  ўқиди. У “Миллий театр” деб ном олган Ҳалаб халқ театри ва киноклубининг ташкил этилишига катта ҳисса қўшди. 1970 йилда келиб Ёзувчилар уюшмасининг раиси этиб тайинланади.

Адибнинг “Гули сиёҳ” ҳикояси янгича йўналишда ёзилган бўлиб, унда ижтимоий-сиёсий мавзулар қамраб олинган. Асарда муаллиф ҳикоячи образида гавдаланади. Ҳикояда сюжет икки йўналишда – ёзувчининг ўз онаси, унинг илҳом манбаи бўлмиш севимли боғи билан муносабати ҳамда бошқа персонажлар ҳаёти тафсилотлари асосида ривожланади.

 

Табиат… О, она табиат!

Бoғда осуда куз фасли ҳукмрон, яшил майсаларни санавбар дарахтларининг сояси қамраб олган. Сукунат аста ҳаракатга келиб, шаффоф тутун осмонга кўтарилди. Бу тутун гўё боғни ташқи оламдан ажратиб, ичимга жо қилди.

Бу ерда учтамиз: дарахтлар, майсалар ва мен. Мен ҳали сарлавҳа топиб улгурмаган ҳикоямнинг қораламасини яқиндагина тугатдим. Лекин тан олишим керакки, менда жўяли таассурот пайдо бўлганди. Бу таассурот мени ҳикоядаги шахсларни қамраб олган барча ҳис-туйғулардан бутунлай қутулганимни кўрсатарди. Энди мен ҳам худди боғдек сокинман.

Бироздан сўнг ён кўчадан пастроқдаги боғимга қараган юқори қаватлар қандайдир бир ҳаракатни юзага келтираётганини сездим. Ҳаракат фазодан заррама-зарра иниб келаётганга ўхшарди. Зарралар шовқин солиб сўзларди. Мен эса ўзимни овунтирадиган бир иш қилишим лозим эди. Боғда янги шахсларни излай бошладим.

Бироздан сўнг унсиз учаётган капалаклар, сўнгра кекса бир дарахт шохларини тўлдириб қунт билан ҳаракат қилаётган чумолиларнинг кичик-кичик қўшинларига кўзим тушди. Оёғимда бир чумоли ўрмалаб юқорига чиқишга ҳаракат қиларди, бироқ кўзи етмади шекилли, ортга қайтди.

Куним хотиржамлик билан бошланди. Кичик боғимда гавдаланган табиат билан янгидан пайваст бўлдим. Ҳикоянинг қораламасидан жой олган фикрлар ва чалкаш сўзлар ўрнига боғ, балки, табиатнинг ўзи келганди.

Табиатнинг сарлавҳаси дилимда пишиб етилганди.

Бу сарлавҳамнинг номи, шубҳасиз, “Сокин хурсандчилик” эди. Ваҳолонки, ҳикоямга ҳали сарлавҳа танлаганим йўқ. Энди мен бир неча ойдан бери ичимда яшаётган ҳикояни ифодалай оладиган бирор сўз ёки жумла излаб, бошимни оғритмасликка қарор қиляпман.

Куз уфқи кўз олдимда тобора кенгайиб борарди. Кўк рангдаги икки капалакни кўриб озмунча завқланмадим. Гўё улар денгизнинг бир заррачаси каби эди. Чегара қўриқчиларига ўхшаб қатор саф тортган чумолиларни кўриб, кўзларим катта-катта очилди. Капалак жонини қурбон қилиб табиатга ранг улашаётган бир пайтда чумолилар сабот билан турарди. Шундай қилиб, “Будда” ва унинг маъшуқаси “Aтика” суврати пайдо бўлди.

Доктор Исом “Будда” номи билан танила бошлаганди. “Будда” бу Исомнинг ҳаракатига қараб айтилган лақаби эди. Ўртоқлари ҳаракатчан иқтидор эгаларини шундай деб чақиришарди.

Табиат билан ҳикоя аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Ҳашаротлар инсонлар билан бирлашиб кетди. Куннинг ярмига бориб ҳарорат кўтарилди. Мен эса юнгли ридога ўраниб олгандим. Худди қариликдан узоқлашаётган ёки ўтиб кетаётган ёшлигини маҳкам тутиб қолган кишига ўхшардим.

Мана, кун ҳам яримлаяпти, умр ҳам қисқармоқда, холислик нуқтасида табиат кимёси сезгилар табиати билан ҳали сарлавҳаси йўқ ҳикояга айланиш учун кунлар давомида тўпланиб қолган ҳодисалар қоришиб ётибди. Мана, хотиржамлик яна зил кетиб, мен қайтадан хавотирга юз тутяпман.

Ишлар чигал, ёзув ҳам аксига олиб одатдагидек аниқ-тиниқ эмас. Жумлалар ҳам саҳифанинг узунасига-ю энига сочилган эди. Ўйланиб қолдим…

Ҳикояни ўйлардим. У Aтикага нисбатан тугамаган бўлса ҳам, мен учун тугаганди. Aтикани қаҳрамон қилиб қўйдим. Ёки ўзини ўзи ҳаётнинг энг қийин, инсонни адойи тамом қилувчи умидсизлик ихтиёрига топширган. Ҳақиқатан ҳам у (Aтика) чумоли эди, йиқилган ва ўша заҳоти ўрмалаб чиқишга уринаётган чумоли. Агар у шу митта ҳашарот бўлса, демак Будда капалакдир.

“Чумоли ва капалак”.

“Ниятидан қайтмаган чумоли ва ёниб тугаган капалак”.

Ҳикоямни “Чумоли ва капалак” деб номлайми?

Бир неча лаҳзалардан сўнг боғ ўртасидаги жойимни тарк этмоқчи бўлдим, лекин табиат мендан устунлик қилди. Дарахтлар устига тушган меҳмонларни яна кўздан кечира бошладим. Овозлар ёқимли мусиқа оҳангига ўхшарди. Учиб келаётган чумчуқлардан болалик севгисини туйдим ва улар билан осмондаги ҳақиқий ошёнлар сари парвоз қилдим. Қушлар мени яна ортга, йўқ бўлиб кетган беғуборликка, воқеликдаги тошу ҳақиқий саҳро худудларига ва тубсиз денгизга қайтарди. “Қотиб қолган қон, ҳасратга тўла қум, қуёш ва умидни ютиб юборгудек теран денгиз”.

Ўшанда узоқ саёҳат қилиб, тунда қолган қадам изларини кўздан кечирдим. Денгиз мавжлари из қолдирмайди. Ҳаттоки, қумга ботган оёқ изларим ҳам бир неча лаҳза ичида ғойиб бўлди. Худди йўлдан адашган одамдай изларимни қидира бошладим. Ҳикоядаги ҳақиқий воқеаларнинг аксарияти соҳилда рўй берганди. Ҳикояни юзага келтирган воқеалар узоқ муддат давом этмаган. Ҳақиқатни тўлиқ идрок этаётган бўлсам ҳам, денгиз бўйидаги тошлар олдида туриб, қуёшнинг чиқиши-ю ботишини такрор ва такрор ўйлаб, вақтнинг ўтиб боришини кузатдим.

Ахир табиат гўзал эмасми? Нима учун у бизларни кун ботиш томон олиб кетмоқда?

Овозини эшиттирмай мени бахтсиз қилган Буддада бўлгани каби менинг ҳам бошимда бир гап айланарди. У ҳақда Aтика сўзлаб берганидан бошқа ҳеч нарса билмайман.

“У ҳамиша жим эди!”

“Доим маҳзун эди, лекин ёмонликни билмас эди!”

“Ҳаётнинг унга, оиласига шафқатсиз бўлишига қарамай, у йиғи нималигини билмас эди!”

“Ўқишдаги ва ҳаётдаги муваффақиятларига қарамай, табассум нима эканлигини билмас эди”.

“Ишга чақирилишидан олдин электр соҳасида янги бир назарияга асос солишига оз қолган эди. Ҳамма нарсани стол устида қолдирди-ю, худди бир муддатдан сўнг илмий ишини охирига етказиб қўйиш учун яна қайтиб келадигандай ҳеч нарсага эътибор бермай кетди”.

У билан шахсан танишиш иштиёқим кўпинча табиат билан юзма-юз учрашишга бўлган муштоқлигимга ўхшаб кетарди.

Уй сокин, мусиқа аппарати ҳам ўчиқ.

“Мусиқа сунъий табиатдир”.

“Табиат эса нота ифодалай олмайдиган мусиқадир”.

Онам тўшакдан туролмас, бир ўзи ёлғизланиб қолганди. Ўзимга ўзим: “Унинг гўзал Aтикаси бор, сенинг-чи?” дердим.

Мен учун боғ бор.

Кел! Ёмғир ва ваҳшатдан ўзга самовий хурсандчилик бера олмайдиган қора булутлар тўсатдан келиб қуёшни тўсиб қўйишидан олдин боғни тарк этайлик.

 

 

ЖОНСИЗ НАРСАЛАР ТОМОН ҚАЙТИШ

 

Бу жимжитлик мени баайни кишанлаган эди, лекин онамнинг инграши яна ҳаракат қилишга ундади. Бурчакдаги қалин баргли яшил каучук дарахтча яшнаб турарди. Одатдагидек, у (дарахт) билан сўзлашиб турдим. Шу пайт дарахтнинг битта барги сарғая бошлаганини кўрдим. Уйга олиб келганимизда у кичкинагина эди. Қўлимда худди чақалоқдай турарди. Бу кўчат ҳали янги бaрг чиқариб, шохлари баланд бўлади, илдизи бақувват дарахт бўлади деб орзулардим.

Aтика пишган зайтун рангидаги яшил рўмол ўрарди. Унинг қайғуси эса кўзларининг порлашию юз-андоми қиздирилаётган зайтун ёғи каби эди.

У билан ўтган сафар учрашганимда интизорлик билан маҳбубини кутаётганини айтди. “Келиши гумон бўлган кишини кутишдан нима маъно?”

“Мени айтди дерсан, у албатта, келади”.

“Нега бу қадар ишонч билан айтяпсан?”

“Ўлишимизни биламиз-у, яна нима учун яшаймиз?”

“Демак, сен унинг келмаслигига тўла аминсан?”

“Келади…”

Дарахт менга илҳом берди. Бир неча соатлардан бери у билан бирга бўлсам-да, у мени ҳалиям ўзига бутунлай тортиб ололмаганди. Атрофимда қалин барглару бир ёқтириб-бир ёқтирмаган ҳикоям… Демак, булар айни пайтда мавжуд бўлиб турган олам. Менга қайғу келтирган, мени тўлиб-тоширган ўша ҳикоя… Охирги лаҳзаларда яна ёзишга эҳтиёж сезаётганимни ҳис қилдим. Илгари ҳам шунга ўхшаш ҳис-туйғулар пайдо бўларди, лекин ҳеч бири ҳозиргидек кучли бўлмаган. Мана Aтика ўз муҳаббати билан мен илгари билган, таниган аёлларнинг барчасини енгиб ўтмоқда. Мана, Будда ҳам шуълага айланиб, ўз олови билан барчани чирмаб бормоқда.

Қани Aтика, қани Будда?

Бу ўша тўлиб-тошишми?

Бугундан кейин ёзишдан батамом тўхтаб қолишимни, табиат қўйнига қайтишимни ҳис қиляпман, ҳақиқатан ҳам, табиатни узоқ вақт эътибордан четда қолдирдим. Гўё инсонлар тилида сўзлай олмайдиган махлуқотлар маконига келиб қолгандайман.

Ҳикоямнинг сарлавҳаси асло “Чумоли ва капалак” бўлмайди. Қўлёзма варақлари устида ўтирарканман, хаёлимдан шу фикр кетмади-кетмади.

Шу лаҳзалар ичида аввалги ёзганларимда фойдаланган рамзларимнинг ҳаммасини ёмон кўриб кетдим.

Эркин бўлишни, жисмим билан табиат шовқини-ю, инграшини, жарликка тортаётган кучсиз сукунатни тўғридан-тўғри тутиб олишни истайман. Санавбар дарахтининг шираси билан лойнинг ширасини бир-биридан ажратишни истайман. Бир лаҳза куртакнинг очилишидан хабардор бўлишни, хотиржам ҳудудлар ёки коинот четида муаллақ турган йўлаклар сари сафар қилишни жуда-жуда хоҳлайман.

Ҳали ёзилмаган шеърдек тонггача сукут қиламиз. Aтика ва Будда каби коинот сари биргаликда сафар қиламиз… Покланамиз ва бир лаҳза қуёшда ёниб, сўнг оловимиз сўнади. Ахир рост сўзлаш вақти келмадими?

Севган инсонда рўй бериш мумкин бўлган ҳар қандай нарса, бу ўзининг ички олами ва у сингари кенг бўлган борлиқ тўғрисида рост сўзлашдир. Ошиқ-маъшуқларни қамраб олган барча эҳтимоллар мени рўй бериши лозим бўлган ҳодисалар олдига етаклаб келди. Бу ҳикояда бўлган ва бўлмаган воқеаларнинг бари рост эди. Ҳикоянинг ҳар бир кичик қисмидан сўнг хаёлан танлаган шахсларим ҳақиқатга айланиб борарди. Ҳаттоки, сўнгги соатларда ёзганларимга ҳам шубҳалана бошладим. Чунки мен бўлган ва бўлмаган воқеаларни ажрата олмайдиган бўлиб қолгандим.

Бошида ҳодисалар менинг тилимдан ҳикоя қилинар эди. Сўнгра Aтика, гоҳида эса бошқа бир аёл томонидан сўзланаётганини билиб қолдим. Баъзан мен шахсан танимайдиган Будда ҳақида ҳам гап кетади. Ваҳолонки, мен унинг биргина сувратини кўрганман, холос. Кейин унга макон ва замон бериб, уни бир ҳолдан иккинчи ҳолга, севгидан маҳрумликка, ўлимдан ҳаётга, борлиқдан йўқлик сари ўтказиб бордим. Хаёлимда Aтика мени, мен эса Буддани сайр қилдирдим…

Саволлар ва шубҳалар кўпая борди. Шундан сўнг биринчи саҳифадаги ҳикояга қайтдим. Ундан хаёлда тарих бўлишга улгурган нарсаларни изламоқчи бўлдим. Улар ҳамон сохталикни билмайдиган аёл каби воқеликни ҳис эттириб турар эди. Мана, ўзим учун қадрли бўлган саҳифаларимни қидиряпман. Мана, улар бир аҳволда. Бармоқларим варақларни пайпаслай бошлади ва ваҳимага туша бошлади. Мени қўрқувга солаётган нарса варақларнинг камлиги эди. Ҳикоядаги биринчи фасл йўқ. Кўз олдим қоронғилашиб, жинни бўлиб қолай дедим.

 

 

ҲОДИСАЛАР, ХОТИРАЛАР ТИТРОҚҚА СОЛАРДИ

 

Гоҳида уйнинг ташқариси ёки ичкарисида йўқлигимдан онамнинг хавотир олиши сени яхши кўрадиган инсонингга нисбатан азобдан ҳузурланиш ҳиссини туйдирар эди. Энди мен азоб бергувчи хавотирдан холис бўлган лаҳмдан ўтиб бораяпман. Йўқолган варақлардан ном-нишон йўқ. Ҳикоямнинг биринчи фасли йўқолиши мумкин эмасди. Тиниш белгилар… нуқталар… вергуллар… Ҳикоя ичида тартиб билан ўрин олган барча ҳарфлар, улар остидаги шахсларни ҳақиқат оламига чиқарган фикрлар ва сувратлар… Бу тузатишларни яна қайтадан ёзишга имконим йўқ.

Бу қайси бир лаҳзаларда хуружга оладиган жинниликми? Варақлар йўқолган жойларни ўйлашдан чарчадим. Чарчадим. Гўёки каучук дарахтчасининг барглари ҳам ҳорғин, барглари сарғайган. Сўнг ҳикоянинг бошини эслатармикан менга деб боққа чиқдим.

Боши… Бошланиши муҳаббат эди. Биринчи варақда хатлар Лондон осмонини Қуддус самоси билан боғлаш учун ҳавода учарди.

Хатлар… Хатлар…

Хатлар… Лондон туманига ўралиб ётган доктор Исом Aтикадаги хушбўй зайтун ҳидига ҳасад қилиб ёзади. Зайтун бу руҳни хушбўй қилган атир манбаидир. Aтика ёзди: “Ортга қайтишни орзу қилишинг мен учун етарлидир. Сен билан учрашишни исташим ўзимга кифоядир”.

У узундан-узун хатлар ёзади. Бир марта: “Биласанми, уйимиз сени кутиб олишга тайёр. У (янги уй) Хейдбергга қараган ва дарахтзорга яқин. Эй севгилим, сен билан бир марта гаплашишга ҳаракат қилдим. Лекин тил менга хиёнат қилди. Ваҳолонки, учта тилни яхши биламан. Мен ҳамиша жимман ва қачонгача жим юришимни билмайман”.

Ўзида завқу шавқларни мужассам қилган севги йўлида хат ёзишлар узоқ давом этди. Бир марта Aтика тантиқлик билан унга хат ёзди:

“Севгилим, уйимиз ҳақида менга батафсил сўзлаб бер. Ёзиш ва ўқишда фойдаланишимиз учун бир-бирига қараган иккита стол тайёрладингми? Докторликни сенинг соянгда ниҳоясига етказаман. Докторлик рисолам фалсафа ҳақида бўлишига қарамай, фалсафа билан асло шуғулланмайман. Ўзинг билганингдек, ўз куллиётимда бўламан…”

Ҳис-туйғулар тўла мактублар тоғлар, денгизлар ва даралар орқали Қуддус-Лондон томон учарди. Вазият кейинроқ ойдинлашди. Қуддус томондан келган хатлар жавобсиз қолаверди. Кундан-кунга хатлар бораверар, улар кетидан совуққина жимжитлик эргашарди. Aтика ўз сатрларида ғазабни ифодаламади. У ақлу фаросатига таянди, лекин Исомнинг қотилларча эътиборсизлигини кечирадиган бирор-бир оқлов  тополмади. Сўнгра бунинг сабабини бир номаълум киши Aтикага етказди:

“Исом қисқа муддат хат ёзишдан тўхтаб туради. Сўнгра сенинг олдингга қайтади”.

У ҳўнграб йиғлади. Қўққисдан юраги бир хатарни сезган эди. Ниқобли кишидан яна нималарнидир сўрамоқчи бўлди, лекин ғазабланишдан бошқа ҳеч нарса қўлидан келмади. У Қуддуснинг нафасни бўғгувчи тунида ниқобли кишининг ҳаракатини кузатарди.

Кутиш хавотирга, хавотир эса ғазабга айланган эди. Ғазаб эса парчаланишга олиб келяпти. Парчаланиш эса бутун келажакка ўз таъсирини кўрсатмоқда. Aтика Қуддуснинг “Бинлуб”ига айланадими? У илк ёшлик чоғида кўпинча уни масхаралаб келган афсонавий сабр билан “Улисс”ни кутадими?

Бошланиши шиддатли севги эди, тугаши узоқ кутиш бўлади. Кунлар, соатлар ўтади, ақл эса фалсафани баҳс қилиб боришга ожиз бўлиб қолади. Исом ўз севгисини, келажагини ёки илмий ишлар институтидаги ишларини хавф остида қолдирадими?

Муҳаббат хавф-хатар соясида қолмоқда. Умид қуши елкага оғирлик қилмоқда. Ёмон гумонларга берилиш қуши эса бошқа елкада худди мағлубият байроғидек ҳилпираб турар эди. Исом Aтикага ёзган хатида ортга қайтажагини айтган эди:

“Сени севдим, чунки сен бахтли ақл эгасисан. Сенга яқин бўлишни хоҳлайман. Сен билан учрашганимда сени ҳақиқатан ҳам аёлларнинг Момо Ҳаввоси эканлигингни, ўзимни эса унинг қовурғасидан яралган Одам Ато эканлигимни ҳис қилгандим.

Aтика ва Исом. Бу сўзлар эски ҳовлидаги қариб қолган зайтун дарахтига ўйиб ёзилган. Севгининг мантиқий муаммоси. Бошида у мустаҳкам оила қуришни хоҳлаб, ақл билан муҳаббат нишонини чизди. Ақлий, илмий, изтиробий барқарорлик жиҳатдан тенг оила. Aтика фарзандлар тўғрисида ҳам ўйлаб кўрган.

“Қиз ва ўғил, мен яхши кўрадиган ўғил, чунки сен ўшасан ва сен яхши кўрадиган ширин қизча, чунки мен уман. Иккаласи Қуддусни яхши кўради. Болаларимиз бу қадимий шаҳарни бир умр севиб ўтадилар”.

Исом мактубларини безаш учун сатрлар орасига зайтун меваларининг расмини чизиб шундай деб ёзди:

“Болаларимизни қандай келажак кутмоқда? Улар инглиз тилида фикр­лайдиларми ё Хейдбергдаги озодликка боғланиб қолишадими? Ўзлари шарқлик бўлса-да, ғарбча таом еб, ота-боболари яшаб ўтган ерларни унутадими? Ахир, бу нақадар ёмон-ку!”

Лекин Исом яна рангли, ёқимли сувратларга қайтиб, шундай ёзади: “Биз ҳали соғлом ва ақлли фарзандлар кўрамиз, улар билан фахрланамиз, улар ҳам сен ва мендан фахрланишади”. Исомнинг мактублари Aтика доим ёнида олиб юрадиган чарм сумкада туради. Юзлаб мактублар барча йўқотилган вақтларнинг эвазига келган. Aтика изланишлар билан боғлиқ китоблар ва манбаларни ҳар куни ўқишига қарамай, хатлардаги ҳар бир сўзни қайта-қайта ўқишга вақт топар эди. Aтика бутун ақлу заковатини Исомнинг нега тўсатдан ўзгариб қолганини аниқлашга қаратганди. Шимолдан эсадиган шамол ҳеч қачон бирлашмайди, деган фикр хаёлини банд қилмаган-у, лекин аёллик туйғуси Aтикани номаълум бир хатарга етаклаб келди.

Бир куни кечаси ваҳимали туш кўрди. Aтика ёш қизча, Исом эса ёш йигитча эмиш. Исом барглари қалин дарахтга кўйлаги билан осиб қўйилган эмиш. У ҳавода муаллақ туриб, бир жўжадан ёрдам сўраётган эмиш. Жўжага эса илонлар ҳамла қилармиш, Aтика эса унга ёрдам бера олмай, эсанкираб, ўзини йўқотиб қўйган эмиш. Мана шу туш Aтиканинг анча вақтгача эсидан чиқмай юрди.

ҲАЯЖОНГА СОЛУВЧИ ВАРАҚЛАР

 

Анчадан бери боғдаги жойимдан қимирлаганим йўқ. Ичкаридан онамнинг заиф овози эшитилди. У мендан: ”Варақларингни топдингми, болам?” – деб сўради. Мен унинг муздек оёқлари олдида чўкка тушиб афсус-надомат чекдим:

“Ҳеч нарса топмадим. Кейинги варақлар ҳам оппоқлигича турибди. Гўёки устидан шамол эсиб, ҳарфларини учириб кетгандай. Она, иккинчи фасл ҳам йўққа чиқди”.

Барглар тўхтовсиз тўкилар, боғ эса совуқ эди. Кўплар мени кўрарди-ю, мен уларни кўрмасдим. Мусиқа эса оғир садо таратар, гўё пул учун ирғишлаган раққосаларнинг аҳмоқона қадамларига монанд янграётгандай. Қани энди йўқолган нарсалар топила қолсайди.

Хотира қийнар, тил бахиллик қиларди. Ҳикоя қаҳрамони Исом эса кўп гапирмасди.

Ҳикоя тамтароқ оҳангларга айланган, улар эса тирикликдан кейин келувчи ўлимни яратиш дуолари билан омухта эди.

Ҳаммаси соҳилда рўй берганди.

Қайиқ қоронғида қолган. Юзлар эса қорайган, ҳеч бир маънони ифодаламайди. Кичкинагина кеманинг ичига ўн икки одам тиқилиб олган. Мен эса Aтика улар билан бирга, Исомга маҳкам ёпишиб, “мен учун қайтгин” деяётганини тасаввур қиламан. Лекин бу каби суврат нафратни қўзғайдиган даражадаги ҳис-туйғуга эга. Мен буларни ўчириб ташладим. Жумлани шафқатсизларча ўчириб, кейин дам олганимни эслайман.

Нурлар ва хотиржамлик шовқин-суронига ғарқ бўлган шаҳарда юрдим-юрдим, лекин инсонларнинг таниш бўлганига қарамай, хушрўй ва жим юрадиган Буддага ўхшаш бирор кишини топмадим. У (Будда) қоронғу тунда ерга қараб турар, ўзи эса қайиқнинг ўртасига суяниб олган, чурқ этмай, бошини эгиб олганди. Жимжитлик аста-секин ўз ўрнини шовқинга бўшатиб беради.

Будда мажбуран ўз жойини тарк этгани, шаҳар ўртасидаги янги ҳаётни, Хейдбергдагилар олдида араб тилида гапира олмагани, инглиз тилини яхши билса-да, лекин бу тилда гапиришни ёқтирмаслиги ҳақида ўйлар эди. Вазифа – бу ҳаракат эди. Бу янги дунё тили эди. Зиён ва фойда баробардир. Янги тил бу Будданинг йўлидир ва у натижалар ҳақида ўйламайди. Бир кишининг бақириши кемадаги тинчликни бузди:

“Душман кемаси!”

Бу кема худди қон ҳидини олган йиртқич балиқдек денгизни кезиб юрарди. Ҳамма жим бўлиб қолди.

Шовқин одамларга яқинлашиб келаётган мотор овозидан ҳам баландроқ эди. Микрофонда араб тилида гапиришарди:

“Моторни ўчиринглар, қуролларингни ташлаб, тепага чиқинглар!”

Будда ғайритабиий бир нарса юз беришини билди. Уларнинг кемалари ҳали душман ҳудудидан узоқда эди. Шунинг учун у одамларни хотиржам қилмоқчи бўлиб, “Хотиржам бўлаверайлик, улар арабларнинг кемаси” дея бошлади. Лекин ўзига ҳам номаълум бўлган бу ҳолат айни пайтда уларга манфаат келтирмаслиги ҳақида ўйлади.

У туйғулари билан сездики, қоронғуда булар томон келаётган бегона кема улар ўйлаган душманларники эмас, балки шу яқин орада уларни қўлга туширмоқчи бўлганларники эди.

Бўлар иш бўлди. Одамлар қурол-яроғлари билан бирга боғланиб, соҳилга олиб чиқилди ва ерга улоқтирилди. Бошларига қора қоп кийдирилди. Будда янги зулмат тўғрисида ўйларди. Қулоғи эса ҳужум қилганларнинг гаплари билан тўлар эди. У барчалари ўлимга маҳкум эканини билди. Илгари душман  қўлига тушмаган кишилар нохуш ҳодиса рўй беришини сездилар. Энди Исомнинг барча ҳаракатлари саробга айланиб, Aтика билан қилган орзулари гумдон бўладими?

Исом ва унинг шериклари душман кучлари томонидан қўлга олиниб, барчаси Кўрфаз яқинидаги ғорда сўйиб ташланди. Уларнинг бирортаси оиласи ва қариндош-уруғларига хат ёзишга ҳам улгурмади.

Қон худди адашган қўзичоқлардай атрофга тирқирар, қассоблар эса душман устидан ғалабани нишонлаб, сопол кўзалардан шароб сипқорар эди. Aтика бу хавфни сезиб, қичқириб юборди: “Исом осонликча ўлиши мумкин эмас”. Aтика ҳар доим ўзига-ўзи шундай дер эди. Албатта, рўй берган нарсаларга ишонмас, уларни гумон деб биларди. Уни ёнига қайтишига умуман шубҳа қилмасди. Шунга қарамай, Атика бир ҳафта ўзига келолмай юрди.

Соҳил бўйида нималар рўй берганди? Уни таърифлаш ҳам қўрқинчли. Манзаранинг бутун даҳшати – қўрқувдан чақчайган кўзлару, сўйишдан лаззатланаётган жонлар, шодликдан ҳавога отилаётган оловли ўқлар, емирилган қоялар, шовқин-сурон, тинимсиз айтилаётган салавотлар, қочоқ болалар, аёллар, ҳибсдагиларнинг оҳ-воҳларидан иборат. Тошларнинг ранги ўчган, денгиз чағалайлари қўрқиб қочар, балиқлар даҳшатга тушар, денгиз эса тобора каттариб борарди… Ғарб томонда уфқни денгиз тўлқинлари тўсган. Шарқда эса уфқни тобора қонли тусга кириб бораётган баланд тоғ қад ростлаб турарди. Танасидан жудо қилинган бошлар ўрни ўйилиб қоларди. Сўнгра уларнинг бошлиқлари бошларни бир жойга тўплаб, уларга оғзидан ароқ пуркар, ваҳшийларча хирилларди.

Батафсил айтиб беришга ҳолим йўқ.

Чарчадим…

Сўйиш воқеаларини ортиқ эслагим йўқ.

 

 

ҲАҚИҚИЙ ШАРПАЛАРНИ ҚИДИРИШ

 

Чарчадим. Ҳикоянинг варақлари эса аросатда – ё бутунлай йўқолган, ёки оппоқ ҳолида қолиб кетган. Гўёки, бу мен даволай олмайдиган сеҳр-жоду ёки тавқи-лаънат. Лондон ва Қуддус ўртасидаги масофани денгиз ва шаҳарлар орқали ифодалаб турган сувратни ниҳоялаш учун ёрдам берар деб юзлаб тафсилотларни тўплагандим. Энди-чи, энди нима бўлади? Тафсилотлар аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Варақлар, қаламлар, китоблар билан тўлиб-тошган хонамдаги стол билан онамнинг каравоти ўртасида юз мартача бориб келдим. Эслашга, ҳикоямнинг йўқолган варақларининг қаердалигини тахмин қилишга уриндим. Мени ҳаётга келтирган солиҳа аёлнинг умрини узайтиришини Худодан ёлвориб сўрадим.

Пайт пойлаб, тун қўйнида ўз шаҳрини тарк этган Aтикани деб қайғуда эдим (гарчи унга ёрдам берган нарса фақат тун эмаслигини билмасам ҳам). Ўшанда Aтика енгилган эди. Лекин у бир куни шундай туш кўриб уйғондики, тушида: “Исомни кўришни истайман” деб бақирар, сўниб бораётган умидларни қайта ёқмоқчи бўларди.

У Исомни излаш сафарида қотилликка гувоҳ бўлган кўрфазга етиб келди.

Aтиканинг табиати ғалати эди.

У ўзидаги заифликни ёки кўзларидаги ёшни бирор инсонга кўрсатмаган.

“Кўз ёшларимни ватанга қайтиб ҳузурланишга ёки учрашув шодлиги учун сақлайман” дерди. Одамларнинг ажойиб турмушига ҳасад билан қараш унга ёт.

“Мен Исомнинг ўлимини ҳис қилмадим… Демак, сўйиш ҳодисаси ҳам рўй бермаган”. У кўрфаздаги тепалик олдига бориб тўхтади. Кўпчилик бўлиб ўтган қотилликка барҳам берилди дерди. Уларнинг ҳақиқатни очиқ айтмаётганлиги тагида бошқа маъно бор эди. Ўч олишдан ким қандай фойда кўриши мумкин? “Интиқом айни пайтда рад этилаётган ишдир”.

“Севгилим Исом учун ўч олишни ўйлайми? Буни қандай амалга оширишим мумкин”, дея Aтика ўзига такрор ва такрор савол берди. “Умидимни узмайман”.

Aтика ҳеч қандай қаршиликсиз ўлишга қарор қилган эди. Исом бекордан-бекорга сичқондай қопқонга тушиб қолмаган. У Aтиканинг ҳаёти давомида учратган инсонлари ичида энг суюклиси эди. Жимлик ва умидворлик Исомга хос бўлиб, ундаги барча хислатлар энди Aтикада бош кўтаради. Aтика ўз ҳабиби деб, ҳабиби эса ватани деб муаммога учради. Орзулар асрида муаммолар тугайдими ўзи? “Ҳақиқатан ҳам бу орзу асрими?”

Ҳодисаларнинг ёмонлиги умидсизликка чорлаётган бўлса ҳам, лекин қон излари умид қилишдан дарак берарди. Буни Aтика фалсафада ўрганган эди. Бундай оғир вазиятларда унинг кўзига фақат илм кўринарди. У тобора фалсафага берилар, ҳар бир нарсани ақл ва мантиқ тарозисига қўйиб ўлчар, мулоҳаза натижалари эса унга умид бағишларди.

Исом ўлган ёки ўлмаганлиги ҳақидаги ўйлар Aтиканинг миясида ғужғон ўйнарди.

“Сўйиб ўлдирилган”.

Ўлмаган деган фикр тарози палласида оғирроқ келарди. Бечора аёл бегона шаҳарда, эшиклари зич ёпиқ хонада “ишонмайман” дея қичқирарди.

Aтика инкор қилмоқда. Бундай инкор этиш ўз маҳбубининг ўлимини эътироф этмайдиган инсоннинг фазилатидир.

“Агар ўлдирган бўлсангизлар, менга унинг жасадини кўрсатинглар, юзини кўрсатинглар менга… Шунда ҳам барибир ишонмайман”.

Aтика яна такрорларди: “Агар бутун дунё Исомнинг ўлдирилганини тасдиқлайдиган ақл ҳужжатини келтирганида ҳам, ҳиссий ҳужжат Исомнинг қаердадир юрганини, у мени эслаётганини таъкидлайди. Модомики, эслаш, хотирага келтириш бор экан, ҳаёт ҳеч қачон йўқ  бўлмайди”.

Воқеалар зиддиятли, лекин умид бор.

Йўқолган ҳикоя тўғрисидаги эслатмаларимни ниҳоясига етказишга ҳаракат қиламан.

Ажабо, ҳикоя бирор инсонга етиб бормасданоқ ўлдими? У ҳақиқатан ҳам бир марта яшади, варақларим узра бир мартагина умргузаронлик қилди. Энди ҳамма нарса мендан ва ҳақиқатдан узоқлашиб кетди. Миямда  ўзини сиқиб бораётган ақлдан бўлак ҳеч нарса қолмади. Шундай қилиб, Aтика оз бўлса-да умид билан яшашда давом этди. Янги бир гувоҳ қаттиқ маст бўлганида шундай деди: “Ўлдириш учун биттасини танладик, бошқасини эса шеригининг ўлдирилишига гувоҳ бўлиши учун тирик қолдирдик. Бу бир ўйин эди”. Aтика бу кишидан ҳаёти сақланиб қолган олти кишининг тафсилотларини, тирик қолганлар ва ўлганлар ҳақида батафсил маълумотларни сўраб олишга ҳаракат қилди. Лекин у кишининг тили тутилар, Атика эса бунга кўпда эътибор қилмай, Исомни билганича таърифлаб берди. Ваҳолонки, Aтика Исом ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас эди. Шунда ҳалиги гувоҳ: “У ўлдирилганлар ичида бор эди-ёв”, деди.

Сўнгра Aтика у кишига Исомни бошқалардан ажратиб турадиган вазминлик хусусияти, унинг салобатини таърифлади. Шунда гувоҳ киши: “У нажот топганлар орасида бўлса керак”, деди. Шундай қилиб, аёл денгиз бўйида қатл қилинган жойга бориб, биттама-битта сўрашда давом этди. Суҳбатлардан шу нарса маълум бўлдики, у билан гаплашганларнинг ҳар бири ўша воқеадан озми-кўпми хабардор эди. Шундан сўнг, бир нотаниш киши Aтикага шундай деди: “У ерда ҳеч бир одам сўйилмаган. Асирлар озод этилган. Сўнгра улардан ўзларини-ўзлари сақлаб қолиши талаб қилинган. Асирлар узоқлашмасданоқ орқаларидан ўқ узилган. Улардан олти нафари ерга йиқилган, қолганлари эса тирик қолган”.

Aтиканинг қалбида умид туғилди. Исом тирик қолган. Чунки у ўқдан қандай қутулиш йўлини билади. Демак, ҳабиби ҳозир қаердадир юрибди. Ва у, албатта, келади. Aтиканинг туйғулари алдамайди. Шундай бўлса-да, у қўрқа-писа қайта-қайта сўрар эди: “У жароҳатланганми, бирон-бир ёрдамга муҳтожмикан?”

Aтика асирлар қочган томон юрди. Унинг ўз яқинини излаб юргани тоғдаги кишилар орасида ҳам овоза бўлганди. Жабрдийда аёлнинг олдига бир кекса киши келиб: “Кишанланган бир неча киши бир гуруҳ милиция қўриқчилигида шу ердан ўтиб кетганини эслайман. Лекин сен айтгандек, у пайтда на ўқ овози, на дод-фарёд эшитилди”, деди. Бунга яна бир қари деҳқон аёл қўшимча қилиб: “Охирги ойларда кўп қотилликларнинг гувоҳи бўлдик. Бир гуруҳ одамларни денгизда қўлга туширишган ва ўша ерда қатл қилишган, сўнг қум остига дафн қилишди”, дея кўрган-билганларини сўзлади.

Кейин қўшни қишлоқдан бир қизча келиб, Aтикага: “Шу ердан усти очиқ машинада арқон билан боғланган одамларни олиб ўтишди. Улардан бири менга кўзини қисди”, деди.

Aтика Исом ҳамон тирик эканини, унинг болаларча туйғуларини маъсум қизча билан ўйнашишга ундаганини англади.

Аёлнинг ҳис-туйғулари қўрқувга, хавотирга айланди. Лекин умид уни ҳаракат қилишга ундарди. Aтика бўлган ишларни ақл тарозусига солиб кўрарди ва Исомнинг тириклигига ишонар, унинг овози излашдан тўхтамасликка чорларди. Бир куни меҳмонхонада бир киши Aтиканинг хонасини тақиллатиб: “Ҳабибингга бўлган хавотиринг бизни ҳам уни изланишга ундайди. Демоқчиманки, Будда тирик. Менимча, уни милиция ҳукуматга топшириб юборган. Бошқа одамларимиз ҳам худди шундай қўлга олинган-у, лекин тирик қолишган”, деди. Кейин ўша киши севган инсонини йўқотган кишидай қайғули оҳангда қўшиб қўйди: “Айни пайтда қўлимдан келадигани шу”.

Aтика қичқириб: “Агар у ер юзидаги бирорта қамоқхонада ётганини, унинг тириклигини билсам бўлди, менга шундан бошқа ҳеч нарса керакмас”.

Aтика пойтахтга жўнаб кетди. У адолат тантанаси учун тинимсиз қилган изланишларидан чеккан азобларини ўз яқинларидан бирортасига билдирмай дам олиши ва ўзига келиб олиши зарур эди.

Ҳикоялар кўп, лекин умидсизлик кучли.

Харитага назар солсанг, ҳамиша пойтахтларнинг бир-бирига ўхшашини кўрасан. Энди ёзув тасмаси воқеаларни жонлантирар деган умидда жиҳозни ишлатишим керак. Тасма ғилдираги айланаверади, айланаверади…

Мен Aтиканинг ўша куни пешинда одамларга тўлиб-тошган шаҳарга етиб келишини таърифлашга ҳаракат қилаётган эдим. Сўзлар тушунарсиз, лекин сўзларни тушуниш учун жиҳозни аста-секин ортга қайтаришга ҳаракат қилардим.

Шаҳарда ранг-баранг эълонлар, афишалар қоқиб ташланган, одамлар кўп бўлишига қарамай, у ер ғамгин ва тушкун ҳолатда эди.

Атика оломон ичидан ногоҳ бир киши чиқиб: “Севгилингнинг қаердалигини биламан”, дейишини тасаввур қилар, лекин унинг аъзойи бадани зулм ва жабрдан эзилиб кетганди, шу сабабли у меҳмонхонага қочди ва у ерда Исомни топиш режасини тузмоққа аҳд қилди.

Унинг биринчи мақсади душманга қарши курашувчи кишиларда ишлайдиган таниш котиба билан учрашиш эди. Aтика у билан учрашиб, аҳволини баён этди. Шунда котиба аёлларга хос жасурлик билан Aтиканинг билагидан тутиб, бу мавзу тўғрисида билиши мумкин бўлган расмий ташкилотларни айланиб чиқа бошлади, лекин қилинган ҳаракатлар барибир уларни умидсизлик эшигига олиб бораверди. Шунда котиба: “Асло ноумид бўлмаймиз. Муҳаббат умидсизликни билмайди”, деди. Aтика: “Умидсизлик менинг хаёлимда ҳам йўқ. Умид ҳақиқат сари интилади. Исомни севишим – менинг умидим”, деди.

Бир куни унга хушхабар битилган хат келди. Бу хатни кўтариб,  қўриқчилари билан юрадиган бир мансабдор кишининг олдига борди. У киши Aтикага ишонч ва хотиржамлик билан: “Хоним, иншаллоҳ, ниятингизга етгайсиз”, деди.

Атика бу гапларни эшитиб, юраги қувончга тўлди. Атика у ерда ҳали ҳам жавонмардлик яловини кўтариб юрган кишилар борлигини биларди. Хушхабардан хурсанд бўлганча у бўлажак учрашувга тайёргарлик кўриб,  ўзига оро берди. Лекин у киши ҳам қуруқ ваъдалар билан унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Атика ҳам  хонасига қайтиб, котиба дугонасига иши яна тескари кетаётганини айтди. “Унинг тириклигини билмасам, бу ҳаёт менга ҳаромдир!”, деди.

Қадам-бақадам, қамоқхонама-қамоқхона, ҳар бир қўлга олинганни кўриб чиқиш – бу дугонасидан чиққан ғоя эди. Чунки бундай нотаниш жойларда қўриқчилардан кимдир бўлса ҳам бу ҳақда билиши керак. Котиба Исомнинг қаердалигини билган ёки кўрган кишига катта мукофот борлигини айтди. Кундан-кун натижалар ёмонлашиб борди. Атика умидсизлик билан жон олиб-жон бериб курашарди. Кунлар алам ва хавотир сари етаклаётган бўлса-да, муҳаббат ҳам порлашда давом этарди.

Бир куни котибанинг хонасидан қувончли қичқириқ овози эшитилди. Атика эса дугонасининг гапига ўнинчи марта қулоқ тутаётганди. Унинг айтишича, боласини излаб юрган бир аёл маҳбуслар орасида Исомни кўрганини айтиб қолибди. Атика ҳали боласини топмаган онани қучоқлаб қичқириб юборди ва “Биламан, у тирик. Унинг тириклигини билардим”, деди. Аёл ҳеч нарсани тушунмади. Қандай келган бўлса, шундай чиқиб кетди. Атика эса дугонаси билан учрашувнинг яқинлашиб қолганини нишонлаб, кечани Қуддус ҳақидаги қўшиқни куйлаб ўтказди.

Эртаси куни икки аёл (Отна ва котиба) уйга оёқларини судраб қайтишди. Масъул кишилар ўзларида гапирмаётган кишининг борлигини ҳам, Исом ёки Будда лақабли кишининг борлигини ҳам инкор қилишди. Атика балконда тун қўйнида шаҳарга тикилиб зулмни ҳис қилди. Ёшлик, муқаддас заминнинг босиб олиниши, суйган инсонлардан узоқлашиш… Зулмки, унутиб бўлмайдиган зулм. У адолатни истайди. Севган инсонининг ҳали ҳам ҳаёт эканини рўй рост айтадиган инсонни истайди. Қандай талаб бу қийинчиликни келтирмоқда, қайси зулмат шаҳарни ўз комига тортмоқда, қайси кунлар ҳисобсиз ўтмоқда… “Энди умид ҳақида хаёл қиляпсанми?”

“Зайтун дарахти чарчадими? Доим яшил турган барглар сарғаймоқдами?”

“Келгуси кунларнинг сирини очиб бермоқчи бўлган садафлар жарангини ким эшитади?” Ким озод бўлади? Ким ғалаба қилади? Атика қалбида, денгиз соҳилида, бутун ҳаётида шовқинни юзага келтирган йўқлик фалсафасини маҳкам тутишга қарор қилди.

Умид нима учун яралган? Ҳаёт нима учун берилган?

Нима бўлса бўлсин… Варақлар йўқликка маҳв бўлди, лекин ҳақиқат ҳамон эгилган… Нима бўлса бўлар, ҳикоя йўқолди, лекин ҳали у юзага чиқади. Мана, мен қадимги китобларга қайтяпман. “Минг бир кеча”, “Сафар ажойиботлари”, “Ҳақиқий ёки мавҳум умидни изловчи Атика воқеалари”, “Калила ва Димна”, “Ҳикмат мағзи”… Йога билан шуғулланувчилар ҳушсиз ухлайди. Магеллан йўлдан адашади, сўнг ерни кашф қилади. Абу Зарр ҳақиқатни билади, сўнг заволлик сари боради…

Агар Атика фалсафани тарк этиб, тарихга қайтганида эди, ундан кўра аза тутиш афзалроқ бўларди. Эй қайғули хоним, қаерда бўлмай мен сен томон битта умид билан юзланаман. Тарихни ўрганишинг керак. Тарих менга ҳам таскин беради. Балки у сен йўқотган хотиржамликни қалбингга олиб кирар.

Нима бўлса бўлсин… Энди келгуси нарсалар ҳақида ўйлайлик. Она кундан-кун тўшакда сўлиб бормоқда, каучук дарахтининг барглари сарғаймоқда. Эй, гўзаллик ва қайғуга эрта келувчи заволкор зот! Ниҳоя мантиқий ва гўзал бўлсин. Мана, мен уларни боғдаги яшил ўт-ўланлардек ёнма-ён келаётганини кўряпман. Будда ва Атикани бир-бирларидан қайғу ёки фироқ ажратолмайди. Ниҳоят, икки севишган учрашди ва соғинч шамоллари иккисини бир-бирига талпинтирди.

Уларни кўриб хурсанд бўлдим. Икки севишган қалб бир-бирига яқинлашар экан, қадамлари яшил гилам узра илдам ҳаракат қиларди. Ёш болалардек кулишар, кўзлари қувончдан порларди. Бинафшаранг капалак­лар уларнинг боши узра учади… Эй, саодатни ҳис қилдирган ниҳоя! Эй, ниҳояни ҳис қилдирган саодат!

Кассетани тўхтатдим. Сўнг кассетани охирги узилган жойининг бошига қайтардим: ўша куннинг тонгида Атика ўзи ёқтирмайдиган мусиқа остида уйғонди. Ўшанда ҳали у учрашиши керак бўлган масъул шахс ҳам ёки уни умид сари етаклайдиган киши ҳам йўқ эди. Атика кўзгуга қаради. Унда чизиқлар ва сояларни кўргач, шаҳарга боқди. Тўғри йўл билан яшашни ўйлаётган ёки умуман ўйламаётган кишиларнинг ҳис-туйғулари тўғрисида фикр юритди.

Кутиш билан юз йил ўтдими? Атика қайғуга эътибор бермай, янада кўпроқ табассум қилмоқда. Кўзгудан Будданинг сиймосини кўргач,  Атика яна узоқ вақт яшаши кераклигини ҳис қилди.

Шоядки, ўша кассета овоз чиқармай, бўм-бўш айланса. Унга ёзилаётган жимжитлик ўзида сирларни сақлайди. Боғни кезаётиб, гоҳ Атикани, гоҳ мевали зайтун дарахти остида жимгина турган Буддани кўрардим. Улар бир-бирлари билан кўзлари орқали сўзлашарди. Айни вақтда бир-бирларидан узоқлашиб ҳам борарди. Шунда Атика даҳшатга тушганча девор ортидан бир масъул кишининг уларни кузатаётганини билди. Боғда хавотирлик ҳукмрон. Қора булутлар намли, ҳамма нарса унинг сояси томон юради. Атика ортга қайтади. Масъул киши эса уни ўзига тортади. У қаршилик қилиб ортга ҳаракат қилса-да, масъул киши кучли эди. Будданинг кўзлари эса бўшлиққа тикилган…

Ҳикоядаги ҳодисалар аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Жимжитлик борган сари ўз домига тортарди. Шу пайт тўшакда заиф ётган онамнинг “Ёнғин, ёнғин” деб ёрдам сўраб чақирган овозини эшитдим. Шошиб хонага кирдим. Онам бармоғи билан боғ томонга қараган дераза тарафни кўрсатарди. У ердан осмонга ўрлаётган тутун кўринарди. Мен вазиятни билиш учун эҳтиёткорлик билан ўша томон бордим. Шунда боғ бурчагида ловуллаган оловга кўзим тушди. Ҳеч нарса қилмаса керак деб ўйлаб тургандим, лекин аҳвол бирдан ўзгарди. Олов қуруқ шохларга тегиб, аста-секин кўтарилиб борарди. Кейин худди шамол келиб кучайтириб юборгандек, олов бирдан шиддатлашиб кетди. Қўрқиб, боғ томон юрдим. Бир пайтлар ўзим экиб, ундаги ўзгаришларга қараб, воқеаларни яхшилик ёки ёмонликка йўйиб юрган ёлғизгина дарахтим – зайтун томон силжиб бораётган оловни ўчирмоқчи бўлдим. Ақлим ишламай қолганди. Нима қилишни билмай, олов устига тупроқ соча бошладим. Лекин шамол кучайиб, аланга яшил ўт-ўланлар сари чўзилди. Зайтун мевалари эса оловдан пишиб тўкила бошлади. Сувга қараб чопдим. Шамол бўронга айланди. Осмонда яшин пайдо бўлди-да, ёмғир ёғиб дардимга шерик бўлди. Фикримни жамлай олмай, жим тўхтаб қолдим. Бироздан сўнг ҳаммаси тугади. Хотиржам бўлдим. Ёнғин ҳиди билан ёмғирдан сўнг пайдо бўладиган тупроқ ҳиди бир-бирига қоришиб кетди. Ким ҳам бунинг сабабини қидиради дейсиз? Мен эса тинчликни қидирмоқдаман. Дераза ортида боғда бўлган ҳодисани қайғу билан кузатаман. Якка зайтун дарахти ўз меваларини йўқотди. Ўт-ўланлар эса қорайиб кетди. Капалаклар қочиб кетди. Чумчуқлар жим бўлиб қолди. Чумолилар тупроқ остига яширинди. Онамга “Ҳаммаси тугади, волидам”, дедим.

У хотиржам бўлиб, кўзларини юмди. Кассета ҳам айланишдан тўхтади. Сув ва олов билан тинчланган ҳис-туйғуларимни нима деб номлашимни ҳам билмайман. Менга нима бўляпти ўзи? Бизга нима бўляпти? Йўқолган варақлар, йўқолган ҳарфлар, мубҳам ниҳоялар…

Боғ ичидан Атика менга қайғули ҳолда юриб келаётган кекса аёл бўлиб кўринди. Шунча воқеаларга қарамай, унинг овози умид билан титрарди. Секин-секин қадам ташлар, оёқлари қорайиб кетган ўт-ўланларга кўмилиб келарди. Тезроқ ҳаракат қилмоқчи бўламан-у, лекин бунинг уддасидан чиқолмасдим. Атикага нима бўлди? Бечора муҳаббатга нима бўлди? Атика эндигина эришиб, уни маҳкам ушлайман деганида ўрталарида катта девор пайдо бўлди.

“Исомни мен билан бирга қидиргин”, дерди Атика менга қараб. Унга: “Албатта, уни сен билан бирга қидираман”, дедим. У эса ҳамон жойидан қимирлай: “Мени қидир, шунда уни топасан”, деди.

Сабрни бемор ётган онамдан, умидсизликка тушмай изланишни Атикадан ўргандим. Шунча воқеага қарамай, зое кетган вақту арзимас нарсаларни ҳис қиляпман. Оёқларим қорайиб кетган ўт-ўланларга кўмилади. Воқеалар тинчиди, гумонлар тарқади. Боғимни таъсирли жимжитлик билан тўлдирган барча шахслар ҳикоя майдонидан ғойиб бўлди. Тўсатдан ёзишдан тўхташга қарор қилдим. Атика севгилисини топмади. Чамаси, у ҳаёт ҳақиқатини билишга бўлган барча умидларини йўқотди. Бу билан мен бефойда изланишнинг манфаатига алоқаси бўлмаган биргина ҳарфни ҳам ёзиб олишдан фойда йўқлигини англадим…

“Эй Аллоҳим, фикрларим тарқоқ, мен йўқолмоқдаман”.

Сочилиб ётган қораламалару ёзилмаган варақларни ҳам ёқиб юбордим. Ҳаммаси оловда ёниб, кул бўлди. Бемаъни ҳодисалардан таъсирланиб, азобнинг ниҳоясини ўйлаб қолдим.

Будданинг ё ўлмай, ё яшамай қолишига мен жавобгарманми? Мени бундай танг аҳволга солган айнан Атика эканлигини сездим. У мени гуноҳ ботқоғига ботирди-да, ўзи ғойиб бўлди. Бунга кўз олдимдаги гули сиёҳлар, кулга айланган майсалар гувоҳ. Будда ва Атиканингмуҳаббати битилган мактубларни ўчирайми? Ҳодисалардан хабар берувчи, яшил рангини йўқотган ўт-ўлан устига тупроқ ағдарайми?

У эрта келган қариликми ёки боғимда узоқ туриб қолган кузмиди? Ёлғондан туш кўришни истайман. Ёзиш, хаёл суриш, ёлғонларни тугатиб, ҳақиқатни эътироф этиш вақти келди…

Ҳаммамиз мағлуб бўляпмиз. Будда қутулиш, Атика эса уни излаш йўлида… Мен эса ҳеч нарсани ўзгартиролмай, уларга гувоҳ бўлиб турибман, холос. Йўқолиб боряпман, лекин ўз сўзларим билан ёпган умид эшигини Атика келиб тақиллатишини кутаман. Будда билан учрашгани тўғрисида хушхабарлар келтирар деб кутишда давом этавераман. Шунда қайтадан ёзиш усули ҳақида ўйлайман. Узоқ йиллар аза тутишга мажбур қилган ёлғон усул тўғрисида хаёл сурайми?

Шунда онамнинг: “Бутун боққа қуёш тушяпти”, деб хурсанд бўлиб гапирганларини эшитдим. Илгари сира бундай хушчақчақ гапирганларини эшитмагандим. Шунда бўлган ҳодисаларни унутиш учун қалбга шодлик олиб киргани боққа чиқдим…

Манба: “Majalla-al-adab al-masviy”. – Al-kairo:  Dar al-kutub, 1985.

 

2017/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d0%b2%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d0%b4-%d0%b8%d1%85%d0%bb%d0%be%d1%81%d0%b8%d0%b9-1935-%d0%b9%d0%b8%d0%bb%d0%b4%d0%b0-%d1%82%d1%83%d2%93%d0%b8%d0%bb%d0%b3%d0%b0%d0%bd-%d0%b3%d1%83%d0%bb%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x