Ибройим ЮСУПОВ  (1929–2008)

 

 Қорақалпоқ тилидан

Ойдин Ҳожиева

таржимаси

 

Қорақалпоқ адабиётининг атоқли намояндаси Ибройим Юсупов 1929 йили Чимбой туманидаги Озод қишлоғида таваллуд топди.

“Бахт лирикаси” , “Кунчиқар йўловчисига” , “Ўйлар”, “Етти наво”, “Дала орзулари”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё”, “Тузли шамоллар”, “Кўнгилдаги кенг дунё”, “Беклигингни бузма сен…”, “Ҳар кимнинг ўз замони бор” номли шеърий китоблари  ва “Танланган асарлар” тўпламлари нашр этилган.

Унинг шеърлари қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.

Шоир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари, бир қатор ҳукумат фахрий ёрлиқлари ва медаллари билан мукофотланди. Унга 2004 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони берилди. Ҳозирда юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори билан Нукусда шоир ҳайкали ва унинг номидаги ижод мактаби барпо этилди.

Қуйида эълон қилаётганимиз  шоир шеърларини Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева ўзбек тилига таржима қилди.

Шоирамизнинг ўндан ортиқ шеърий тўпламларида инсон қалби кечинмалари халқона оҳангларда ўзига хос талқинини топган. Ватанга муҳаббат, маънавий поклик, тил билан  дил ростлиги, ҳаётнинг  унутилмас орзу-армонлари, инсон матонати, халқнинг беқиёс гўзал, олижаноб қалбини куйлаш истаги Ойдин Ҳожиева ижодининг бош мавзуси ҳисобланади.

Шоира Ш.Петефи, А.Мицкевич, Р.Казакова, М.Дилбозий, Гулрухсор, М.Абдуқосимова, Ф.Унгарсинова ва бошқа қатор дунё адабиёти вакиллари шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Шеърлари рус, украин, қозоқ, қирғиз, тожик, белорус, француз, инглиз ва урду тилларида нашр этилган.

Баҳонаи сабаб ойдин туйғулар соҳибаси Ойдин опа Ҳожиевани муборак 75 ёшлари билан чин дилдан қутлаймиз. 

 

БУ ДУНЁ

 

Одам ўғли, ўз кўнглингни шод айла,

Очилсанг, очилаберар бу дунё.

Ўтганларнинг васиятин ёд айла:

Йиғнасанг, сочила берар бу дунё.

Ҳалол меҳнат билан топса дунёни –

Ҳақ ниятли ёш йигитнинг армони.

Ҳийла қилсанг, алдайман деб сен они –

Шумлиғин ошираберар бу дунё.

 

Элдан ортиқ яшайман деб агар сен –

Манман бўлсанг, ўзинг азоб чекарсан,

Тулкининг изидан този юборсанг

Туттирмай, қочира берар бу дунё.

 

Олтин деб йиққанинг темир тот бўлиб,

Охирида изза ерсан мот бўлиб,

Сен қувсанг, ул сароб паризод бўлиб

Юзларин яшира берар бу дунё.

 

Бу дунёнинг берган аччиқ сабоғин

Ҳар кўрганда шукр айла, товба қил,

Ошиқ Аёз, очиқ турсин қабоғинг,

Ёпилсанг, ёпила берар бу дунё.

 

 

* * *

 

Бу дунё беш кунлик, ёлғончи деган

Бурунгилар айтган сўзлари бордир.

Ошиқади биздан қолганча дерлар,

Бевафолик кулар юзлари бордир.

 

Тангрим бул дунёни йўқдан бор этди,

Бандам яшасин деб лолазор этди.

Лекин ғофил банда ўзидан кетди:

Баъзида инсоф йўқ, базинда бордир.

 

Дунё деб одамзод бир-бирин қирган,

Шайтон ғулғуласи ҳақ йўлдан урган,

Бул учун не ёзиқ дунёда турган, –

Ҳар бало одамнинг ўзида бордир.

 

Бу дунё ёлғончи эмас чининда,

Нафсингни тий деган асли қадимда,

Бир ҳовуч тупроққа тўлгани зумда

Очкўзлик одамнинг кўзинда бордир.

 

Ошиқ Аёз, ҳақ йўлидан юрмаса,

Бу дунёнинг гўзаллигин кўрмаса,

Бул сўзга вақтида маъни бермаса,

Қаттиқ пушаймонлар изинда бордир.

 

 

   БЎЛМАСА

 

Қуш боласи бўлиб кирмайди сонга

Булбулнинг хушҳавас саси бўлмаса.

Созни чертган билан келмас нағмага

Кўнгилда бир андишаси бўлмаса.

 

Одат қолар балким, хосият қолмас,

Элга хизмат қилмай – йигит синалмас.

Кўп яшаган билан оқсоқол бўлмас

Фаросатли, ақл-эси бўлмаса.

 

Бировлар қартайса, зийнати ошар,

Юртига кўрк бериб, тўрга ярашар.

Бировлар урғочи маймунга ўхшар,

Эсиз, одам суврат туси бўлмаса.

 

Кимлар ёш қайтса-да фикрати тўлган,

Кимсалар ғўлдираб, тил-жағи қолган,

Отга “чуҳ” дегандан бошқаси ёлғон –

Ёшулканлик ҳафсаласи бўлмаса.

 

Тирик туриб кимдир отин йўқламас,

Инсон бўлиб ичган тузин оқламас,

Берёғидан қўйган билан тўхтамас,

Нарёғинда бир нарсаси бўлмаса.

 

 

СУМАЛАК ПИШИРГАН ЯНГАГА

 

Омон бўл, сумалак пиширган янга

(Менга янга бўлсанг, ёшлар “чеча” дер).

Навбаҳор уйғонган ойдин кечалар

Шукрона этарсан ғанимат дамга,

Омон бўл, сумалак пиширган янга!

 

Сумалак қайнатмас ҳурлар сен учун,

Сулув келинларга ўргат сен бугун:

Қадим удумларни бир-бир танисин,

Ўргат удумларнинг гўзал маънисин,

Омон бўл, сумалак пиширган янга.

 

Байрам сумалаги удумдан қолмас,

Удумин билмаган эл бўла билмас,

Эркин бозорлардан, чет элдан келган

Ширинликлар унга тенг кела олмас.

 

 

 

Обиҳаёт сувин ичган байрам бу

Замондан замонга кўчган байрам бу.

Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин деб, тилаб,

Пайғамбар назари тушган байрам бу.

 

Наврўз юртнинг шодлик салтанатидир,

Эзгулик, яхшилик шарофатидир,

Меҳру шафоатнинг инсон қалбига

Илоҳий нур қуйган кароматидир.

 

Халқ яйраб мустақил Ўзбекистонда

Дунё тинчу эллар ободон бўлсин.

Шодлик сози янграб ҳар қутлуғ тонгда

Ҳар хонада тўкин дастурхон бўлсин!

 

Жайҳун дарё тошиб, мавж уриб оқиб,

Ватан ерларига оби раҳматлар ёғиб,

Қутга, баракага тўлиб тўрт ёғи

Хоразм, Қорақалпоқ гулистон бўлсин.

 

Келинг, биродарлар, даврангиз тўлсин,

Етишмак ғанимат бу ёруғ кунга.

Наврўз байрамингиз муборак бўлсин,

Омон бўл, сумалак пиширган янга!

 

 

БЎЛМАС

 

Ерга хизмат қилмай пўлат позалар

Юзлари ярқираб очилган бўлмас.

Элга хизмат қилмай ўктам йигитлар

Мардлик сифатлари очилган бўлмас.

 

 

Яхшиларга хизмат қилсанг ёшингда

Кексайганда ёшлар турар қошингда,

Гур-гур ёнган ўтни ўчоқ бошинда

Киши қўли билан ўчирган бўлмас.

 

Улуғла ўзингнинг асли зотингни,

Юқори тут беклик инобатингни,

Бир кун келиб тутмасалар отингни,

Ёшларга ўпкалаб, қисинган бўлмас.

 

Ошиқ Аёз айтар: тангрим берсалар,

Яхшилар шод бўлиб даврон сурсалар,

Аввал-охир феъли бузуқ кимсалар

Ҳажга борган билан мусулмон бўлмас.

 

ГУЛЛАР АНГЛАМАС

 

Тўпидан айрилган тўрала ғознинг

Ғанқиллашин ойдин кўллар англамас,

Гул ишқида куйган булбул ноласин

Баҳорда очилган гуллар англамас.

 

Бировга айролиқ, бировга сайрон,

Дунёнинг ишига қоларсан ҳайрон,

Сув излаб улоқса ярадор жайрон

Ўзи сувсаб ётган чўллар англамас.

 

Қасдинг бордай шунча қийнаб боримни,

Аёвсиз чертарсан кўнгил торимни,

Менинг сен деб чекан оҳу зоримни,

Худога минг шукур, эллар англамас.

 

Ўтар гул мавсуми – баҳору ёзи,

Бемаҳал урмагай хазон аёзи.

Ошиқ Аёз сен деб битган баёзин

Бедард жонлар, беғам диллар англамас.

 

 

 БОЗОР

 

Чегарасиз бу дунёнинг

Ҳозир эркин бозори кўп.

Ер-жаҳондан дунё молнинг

Келиб турган гузари кўп.

 

Ҳар ким унга борин солган,

Ҳатто номус-орин солган.

Биров қувнаб савдо қилган,

Бировларга озори кўп.

Асил гавҳар, зари ҳам бор,

Аптекда йўқ дори ҳам бор,

Пулинг бўлса, бори ҳам бор,

Пулсиз кўзнинг қизари кўп.

 

Ҳар ким фойдасин кўзлаган,

Ёлғон-яшиқдан сўзлаган,

Бироқ бунда мен излаган,

Муҳаббатнинг бозори йўқ.

 

 

Шундай бозор бўлганида,

Сен бозорлаб борганингда,

Шоҳсанамдай боягида…

“Мен Ғарибни сотиб ол” деб

Йиқилардим оёғингга.

 

 

* * *

 

Ўзи қизиқ одамлар

Қизиқ кўрар дунёни.

Ўзи бузуқ одамлар

Бузуқ кўрар дунёни.

Ўзи қизиқроқ одам

Ўйлаб юради фақат:

Дунё деган – тўй-байрам,

Қизиқликдан иборат.

 

Бузуқ одам мудоми

Шумликни билар ақл деб.

Дунёнинг барча одами

Бузуқли ишлаб ётар деб.

 

 

* * *

Ошиқларнинг кўнгли дардли,

Кўрган кунларин айтсанго,

Бедардларнинг санинг билан

Ўйнаб-кулганин айтсанго.

 

Бераҳим яратиб сани,

Зору гирён этиб мани,

Сулувлик деган балони

Санга берганин айтсанго.

 

Маккор кулгинг, ҳар мазағинг –

Бизга қилган дарғазабинг.

Ошиқликнинг бор азобин

Манга берганин айтсанго.

 

Ошиқ Аёз тоқат этмай,

Ишқи даргоҳингга етмай,

Дардингдан ўртаниб кетмай

Тирик юрганин айтсанго.

 

 

ЙЎЛЛИ[1] ДАН САЛОМ

 

                                                                  Ойжамолга

 

Одамлар бўлганми шунча беадаб?

“Кетаман” демадинг одамга ўхшаб,

Ўйласам, вужудим кетади музлаб,

Қизиқ қиз экансан ўзинг, Ойжамол!

 

Сен кетганда тишда юриб эдим мен,

Кетишингни қайдан билиб эдим мен?

“Қайга борасан” деб ҳуриб эдим мен:

Товшимни эшитмай қолдинг, Ойжамол!

 

Баҳром[2]  келтирганда мен кучук эдим,

Қўлларингдан ширин сут ичиб эдим.

Қопоғон ит бўлар, деб кутиб эдинг,

Бировни қоптимми сира, Ойжамол?

 

Қўриқлаб мен сени ёмон кўзлардан,

Мактабга қатнадим не бир излардан,

Не ёмонлик кўрдинг ўзи бизлардан?

Ит кўнглини тушунмаган Ойжамол!

 

Қулоғимни чимчиб ўтганингда ҳам,

“Иркитвой” деб тергаб ўтганингда ҳам,

Эшикни илмасдан кетганингда ҳам,

Уйни пойлаб ётмадимми, Ойжамол!

 

Остонангда ухлаб қолсам хуриллаб,

Уй супурдинг чангютаринг дариллаб,

Сенга халал бермадим-ку ириллаб,

Аста туриб кетар эдим, Ойжамол.

 

Сени қўмсаб, юлдуз қўриқлаб чиқдим,

Кўчада ит қўймай сўроқлаб чиқдим,

Қўшнилар ҳовлисин оралаб чиқдим,

“Это не хорошо!” билсанг, Ойжамол.

 

Одамлардай ҳамма ит ҳам бир эмас,

Ит вафодир деганлари сир эмас,

Ҳар ит ўзи бўлак, Йўлли тур эмас,

Энди мендай ит йўқ сенга, Ойжамол!

 

Мен ёздирдим шеърни шоирга айтиб,

Кўрсам, этагингдан ўйнарман тортиб!

Майли, келма энди бул уйга қайтиб,

Тушган ерингда бахтли бўлгин, Ойжамол!

 

16.01.92

 

[1] Йўлли  — шоирнинг ити

 

[2]  Баҳром — шоирнинг тўнғич ўғли. Ўғлимнинг отини Ғафур Ғулом қўйган эди, дейди Ибройим оға.

 

2017/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d0%b8%d0%b1%d1%80%d0%be%d0%b9%d0%b8%d0%bc-%d1%8e%d1%81%d1%83%d0%bf%d0%be%d0%b2-1929-2008/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x