Анатолий ДОМБРОВСКИЙ (1934–2001) АФЛОТУН ВА АРАСТУ

 

Қисса[1]

 

Рус тилидан

Амир Файзулла ва

Маҳкам Маҳмуд

таржимаси

 

Кун шундай чўзилдики, гўё ҳеч қачон кеч кирмайдигандай эди, ҳолбуки ҳамма қош қорайишини кутар, кутганда ҳам, бетоқатлик билан кутарди, чунки Дионис шарафига бўладиган намойишни ҳамма бирдек кўришга муштоқ эди. Кун ботишига ҳали анча бор эди, минглаб афиналиклар эса ўйин-кулги ва сершовқин томоша бошланадиган Дипилон дарвозаси томонга, Ташқи Керамикага қаторлашиб кетганди.

Нелей ҳовлида, ошхона олдида мудрарди. Бармоқлари билан унинг бурнини қисиб, Фаний уни уйғотди. Дафъатан Нелей ўзини чўкиб кетаётгандек ҳис қилди-ю, дарров уйғонди ва Фанийнинг аҳмоқона ҳазилини англаб, тутмоқчи бўлиб унга ташланди, бироқ Фаний тутқич бермади ва Нелей дарров чарчаб қолди. Ўтирди-да, хириллаб нафас олганча Фанийга муштумини дўлайтирди.

– Кетдик Ташқи Керамикага, – деди унга қаҳ-қаҳ уриб кулганча Фаний. – Кўзларингни арт.

Арасту билан Феофраст қувноқ-қувноқ гаплашганча ҳовлига чиқишди.

– Герпиллидани йўқлаймизми? – сўради Феофраст Арастудан. – Уни ўзимиз билан олиб олсак, қалай бўларкин? Ҳойнаҳой отаси эшакда Дипилонга етиб олган бўлса керак.

– “Герпиллидани олиб кетишсин-да ишқилиб”, – хаёлан маъбудларга мурожаат қилди Нелей, чунки у қизни ўз фарзандидай севарди, гўё қизнинг отаси сартарош Мидий эмас, унинг ўзидай. У Герпиллидани биринчи марта кўрганида, кўнглидан дарҳол бундай гап ўтганди: агар маъбудлар унинг пешонасига хотин ва қиз беришганида, унинг қизи худди шу Герпиллидадек бўлар эди. Илгари у ҳеч қачон қиз тўғрисида ўйламас эди, Герпиллидани кўрди-ю, ўйлаб қолди. Ёш Герпиллида Арастуга ҳам ёқиб қолганди, чунки ўша кундан бери у фақат Мидийга сочини олдирарди.

“Герпиллида гўзал” – қиз борасида фақат шу гапни айтиш мумкин эди. Нелейнинг кўзи тушган бошқа барча Афина қизлари шунчаки сулув бўлса, Герпиллида соҳибжамол эди. Гарчи қиз отаси, сергап сартарош Мидийга дастёрлик қилса-да, аслида маликага ўхшаб ҳамма унинг хизматини қилишга арзир эди. Нелей шундай ўйлади. Арасту-ку буни амалда қилар эди: сартарошхонага келганида у ҳар доим Герпиллидага совға келтирарди. Арасту қизга совға қилган нарсаларни Нелей истаган вақтда битта-битта айтиб бера олади. Даставвал у Герпиллидага мовий белбоғча, кейин кўзгу, ундан кейин кумуш билагузук, кўзли тўғноғич, тилла занжир ва тилла узук, биттасидан атиргул, иккинчисидан заъфарон ҳиди анқиб турадиган иккита сирли кўза совға қилганди. Яқиндагина у қизга кўк камзул ва қизил ковуш совға қилди…

– Бўпти, – рози бўлди Арасту. – Герпиллидани ҳам бирга олиб кетамиз.

Энди Феофрастга фақат Помпил ҳамроҳ эди, Фаний уйда қолди.

– Герпиллидани чақириб юборарсан, – Помпилга буюрди Феофраст. – Сизларни Опетор емакхонаси олдида кутиб турамиз.

– Ана, – Нелейнинг олдида мақтана бошлади Помпил. – Муҳим ишни топширади менга! Бундай ишни қилиш сенинг қўлингдан келиб бўпти: гўзал қизни уйидан фақат мен авраб олиб чиқа оламан.

Нелей эътироз билдириб ўтирмади: Помпилга ҳақиқатан ҳам шундай қийин топшириқ берилганди, зеро у Мидийнинг уйига дарвозадан эмас, балки боғдан киришга мажбур эди. Бунинг учун эса баланд девордан ошиб ўтиши керак бўларди, чунки дарвоза каби боғ эшиги ҳам қулф эди. Кейин Помпил олдида янги қийинчиликлар турарди: уйнинг аёллар бўлмаси – гинекейга кириб олиш; уни ҳеч ким пайқамаслиги керак, акс ҳолда ҳолига вой. Мидийнинг хизматкорлари бадфеълликда машҳур эдилар, дарвоқе Мидийнинг ўзи ҳам тез-тез уларни дўппослаб турарди. Кейин у гинекейдан баланд тош деворли эшиккача қайтиб келиши ва Герпиллидани кутиши лозим бўларди.

– Бир драҳма сеники, – ваъда берди Помпилга Арасту.

Буни эшитиб, Нелейнинг лунжи осилди: хожаси пул совурганда у ҳар доим тумшаяр эди.

Опеторнинг емакхонаси олдида одам кўп эди. Шаҳар девори ортига йўл олишдан олдин кўпгина афиналиклар пишлоқли бўғирсоқ сотиб олиш ва бир кружка мусаллас ичиш учун бу ерга кириб чиқар эдилар, ахир олдинда уйқусиз тун кутиб турибди-да. Тўхтовсиз югур-югурлардан қизариб кетган Опетор у пештахтадан бу пештахтага ўзини урар, бақирар, қўлларини силкитар, оёқдан қолган сотувчиларни ҳайдар эди – савдо ҳар доимгидан қизғин эди.

Помпил ва Герпиллида узоқ кутиб қолишди. Гарчи Феофраст билан Арасту емакхонадан нарида, Помпеонни ўраб олган девор муюлишидаги Панафинеялар тантаналарига мўлжалланган ашқол-дашқоллар омбори ёнида туришса-да, уларни дарров пайқашди. Биринчи бўлиб Мақдуния проксени Никанор югуриб келди.

– Хайрэ, Арасту. Суюнчи беравер, Арасту! – қичқирди у узоқданоқ – Филипп тахтга ўтирди! Филипп – Мақдуния шоҳи!..

– Шовқин солма! – қатъий оҳангда деди Арасту. – Одамлар мени Мақдуния фуқароси деб ўйлаши мумкин. Мен эса Стагираданман, фракияликман… Унутдингми, ё?

– Ҳа, ҳа, ҳа! – бош ирғиди семиз ва жонсарак Никанор. – Эсимда, эсимда… Аммо бу ғоят қувончли гап! Шундай қувончлики! Сен Филипп билан бирга катта бўлгансан, ахир…

– Албатта, хурсандман, – деди Арасту. – Бўлди, буни қўя тур, Никанор. Бу хабарни Афинада кўплар эшитганми?

– Кўплар эшитган, Арасту, кўплар эшитган! Кўпларнинг боши осмонда! Айтишларича, Демосфен бу янгиликни эшитиб, ғазабдан ёқаларини йиртибди, Филиппнинг ота тахтига ўтиришига ёрдам берган Ификратнинг етти пуштига лаънатлар айтибди. Демосфен бу ҳақда: “Афина ўзига гўр қазиди”, деганмиш. Гўё Филипп Афинанинг душимани эмиш…

– Жим бўл, – деди Феофраст Никанорга. – Демосфеннинг ўзи келаяпти…

Демосфенга кўзи тушиши ҳамоноқ Никанор жуфтакни ростлаб қолди ва емакхонадан Дипилон томонга оқаётган оломон ичига кириб ғойиб бўлди.

– Хайр-э, Арасту! Хайр-э, Феофраст! – файласуфларга салом берди Демосфен. – Дионисга сизлар ҳам ҳамроҳлик қилмоқчимисизлар?

– Ҳа, – жавоб берди Арасту. – Фақат нигоҳимиз билан, Демосфен.

– Мен ҳам, – деди Демосфен. – Ҳолбуки, остимга эчки пўстаги солиб, эшакда савлат тўкиб кетишга шунчалик интиқманки… Қўй ва эшаклар подаси ичида афиналикларга насиб қилгани шу. Бугун Диониснинг ёғоч санамини эмас, Филиппнинг терисини…

– Филиппни нега бунча ёмон кўрасан? – сўради Феофраст Демосфендан.

– Чунки у ҳокими мутлақ, – жавоб берди Демосфен. – Бундан ташқари, уни Мақдуния тахтига қайтарганларни ҳам биламан. Филиппга ёрдам бериш фақат бир нарсани англатади: Афина демократияси учун гўр қазилмоқда… Сизлар икковингиз метек-келгиндиларсиз, шунинг учун бошимиз устида турган офатни сезмайсизлар…

– Филипп сенинг ёш мусаллас байрамингни ҳаром қилганидан афсусдаман, – деди Арасту Демосфенга. – Балки мусаллас кайфиятингни кўтарар? Опеторга кирмаймизми?

– Биласан, Арасту, кайфиятим мусаллас қуйилиб тушадиган жойда уя қурмаган.

Улар бир-бирининг кўзига тик қараб турар эдилар. Ҳар иккови ҳам бир-бирига синовчан тикиларди. Арастунинг кўзларида Демосфен нимани кўрмоқчи бўлганди? Гарчи Арасту Никанор келтирган хушхабар севинчини, Демосфен эса Филиппнинг ғалабаси ҳақидаги шумхабардан етган андуҳни беркитишга ҳаракат қилса-да, уларнинг ҳар иккаласи бир-бирининг кечинмаларидан воқиф эди. Арасту Демосфен олдида ўз севинчидан андишада эди, чунки Филиппнинг тахтга келиши Демосфеннинг буюк ва муқаддас орзуси – афиналикларнинг эрксеварлик ва ҳурфикрлилик орзуси илдизига болта урарди. Демосфеннинг афиналиклар эрксеварлиги ва ҳурфикрлилигига бўлган муҳаббати буюк ва муқаддас, унинг ўзи шу эрксеварлик ва ҳурфикрлилик тимсоли эди.

Мана, энди унинг кўзларида мунг ва изтироб, чеҳрасида – аламли чарчоқ. Унга нима деб ва қандай қилиб далда бериш мумкин? Арасту Демосфеннинг бу курашда бой беришини, унинг қисмати – фожиа эканини аллақачон англаб етган эди. Буни Демосфеннинг ўзи ҳам билишига Арастунинг иймони комил эди. Қаҳрамонлар қисмати аянчли, аммо гўзал бўлади. Бу ҳақда ўйлаш аламли бўлса-да, аммо ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

Арастунинг қисмати – билим. Ишқ эмас, эҳтирос эмас, шижоат эмас, балки ҳақиқат йўлидан бориш. Шижоат гўзал нарса, аммо зарурият, қонун ютиб чиқади. Қонун эса Демосфенга қарши эди, чунки Афинанинг шон-шуҳрати ва қудрати ўтиб бўлганди, чунки бошқа қудратли кучлар кўтарилиб келмоқда эди. Шундай бўлса-да, Демосфеннинг орзуси муқаддас бўлиб қолаверади…

– Филипп ҳақида сен нима дейсан? – сўради Демосфен Арастудан. – Сен уни яқиндан биласан-ку.

– У Мақдуния тахтига муносиб, – жавоб берди Арасту.

– Афиналиклар Филиппга муносиб, – аламнок жилмайди Демосфен. – Аммо у уларга қимматга тушади ҳали. Ҳамма базми жамшид қилаяпти, яйраб-қувонаяпти, ёрдамга чақирадиган одамнинг ўзи йўқ, – У яна Арас­тунинг кўзига қаради. – Сизлар ҳам ёрдам беришга арзимайсизлар. Хайр.

– Хайр, – жавоб берди Арасту.

То Демосфен оломон ичига кириб кўздан йўқолмагунча у унинг ортидан қараб турди ва Феофрастга юзланиб деди:

– Борди-ю, яккаҳокимлик Афинада демократиянинг бошига етганда ҳам бунда Филиппнинг ўзи эмас, балки демократия учун курашишни ҳам, маблағ беришни ҳам истамайдиган афиналик мешқорин бойлар айбдор бўладилар…

Демосфен кетди, Помпил ва Герпиллидадан бўлса ҳамон дарак йўқ эди. Арасту билан Феофраст ташвишлана бошлашди: Мидийнинг уйида Помпил бир балога йўлиқмадимикин?

– Нелейни сартарошга юборайликми? – сўради Феофраст Арастудан.

“Эй маъбудлар! – ўйлади Нелей. – Шунга йўл берманглар!”. Унинг Мидийникига боришга сира кўнгли йўқ эди: йўл ҳам узоқ, вазифа ҳам оғир – дарбондан Герпиллида қаердалигини, Помпил келган-келмаганини сўраб билиш. Борди-ю, Герпиллида уйда бўлиб, Помпил боғда қўлга тушиб қолган бўлса, Нелей ҳам насибасини олмай қолмайди.

Хайриятки, маъбудлар Нелейни аяшди: Арасту уни Мидийникига жўнатмоқчи бўлиб турган эди ҳамки, Помпил билан Герпиллида келиб қолса бўладими! Иккови ҳам кулар, тез юрганидан юзлари бўғриқиб кетган, ёшликлари ва чиройлари янада юзага қалқиб чиққанди. “Қиз тушмагур Помпил билан ўпишмаганмикин?” – Герпиллида ҳақида ўйлади Нелей, чунки Помпил жудаям хурсанд кўринмоқда эди. Герпиллида ҳам негадир Помпилга одатдагидан кўпроқ қараб-қараб қўймоқда эди – йигитнинг қуллиги эсида ҳам йўқ. Бироқ агар Феофраст, ўзи ваъда қилганидек, қачонлардир унга озодлик бергудек бўлса, Помпил зодагон одамга айланиши турган гап эди.

– Бўла қолинглар, дўстлар, – деди Арасту. – Найлар товуши қулоғимга чалинаяпти.

Улар одамлар оқимига қўшилиб кетишди. Оломон ичида адашиб кетмаслик учун Арасту Герпиллиданинг қўлидан ушлаб олди… У қизнинг қулоғига энгашиб, нимадир деди ва Герпиллида шундай хандон отиб кулдики, ёнма-ён кетаётган одамлар унга қараб жилмайиб қўйишди.

– Маъбудлар, шу қизнинг бахтини беринглар, – шивирлади Нелей. – Унинг ҳусни жамоли, хандон кулгиси, пок қалби учун абадий бахт ила сарафроз этинглар…

Нелейнинг гапларини эшитгандай, Герпиллида унга томон бурилиб қаради ва табассум ҳадя қилди. Нелей хўрсиниб қўйди-да, яна бир карра унга бахт тилади.

– Байрам намойиши бошлангани ҳамон Нелей Арасту билан Герпиллидани кўздан йўқотди – улар ранг-баранг либослардаги шовқинли оломонга қоришиб кетишганди. Бирмунча вақтгача у Феофраст ва Помпилдан ортда қолмасликка ҳаракат қилди, бироқ кўп ўтмай улар ҳам рақс тушаётган нимфалар ва менадалар[2] гирдобида кўздан йўқолишди.

Қўшиқлар, қаҳ-қаҳалар, шодон қийқириқлар, мусиқа, минглаб оёқлар дупури, минглаб кўзлар, минглаб жилмайишлар, ранг-баранг либослар, ниқоблар, қуёш, ёш баҳор майсаси – бу шундай сеҳрли хилқат эдики, ундан ҳар бир одамнинг боши айланар ва юраги гуп-гуп урар эди. Айниқса ёшлар ўзини бутунлай унутган. Кексалар эса ўзларини ёшдай ҳис қилар эдилар.

– Ниқобингни оч, сени бир ўпай! – қичқирди Нелейга фаришталардай кийиниб олган бир аёл.

Ўша аёл унинг олдига чопиб келди-да, соқолидан тортиб қўйди. Буни кўрганлар қотиб-қотиб кулишди. Нелейнинг ўзи ҳам ёйилиб кулди. Кейин иккита фаришта унинг қўлидан тутиб, етаклаб кетишди. Нелей базўр юлқиниб чиқди-да, нафасини ростлаб, шаҳар дарвозаси томон шошилди: бундай байрам учун куч керак бўларди. Унинг қайтиб келганидан Тиманф суюниб кетди.

– Қани у? – сўради Нелейдан Арасту ҳақида.

– У ёқда, – камгапликда Тиманфга тақлид қилиб, Нелей қўлини силкиб қўйди.

– Ичасанми? – сўради Тиманф.

Нелей бош ирғади.

Тиманор унга нон ва мусаллас келтирди, унинг рўпарасига ўтирди-да, Нелейнинг ейиш-ичишини томоша қила бошлади.

– Уйни ўзи топиб келади, – деди Нелей ҳамон Арасту ҳақида ўйлаб.

Тиманф индамай уни маъқуллади.

– Бунинг устига ёнида Герпиллида бор.

– Э-ҳа, – деди Тиманф ва жилмайди.

Қуёш ботди. Дарахтзордан илк баҳор майсаларининг муздек ҳиди димоққа урди.

 

 

Тўртинчи боб

 

Илдизлар ва бутоқлар

 

Дион уйининг чумоли уясидан фарқи қолмаганди; Сиракуза мустабиди таъқибларидан қочган сицилияликлар ҳар куни Дионни қуршаб олар, ундан ҳимоя талаб қилар эдилар, улардан энг қунтлилари ўзларининг зодагон ҳамюртларидан келтирган офатлари учун қутурган мустабиддан ўч олишга – Сиракуза ёнига қўшин тушириб, Дионисий Иккинчини тахтдан суриб ташлашга ундар эдилар. Гарчи жияни Дионисий бутун дунё олдида унга бўҳтон қилган, ўзига қарши фитнада айблаб, Сицилиядан ҳайдаб юборган бўлса-да, Дион ҳеч бундай қадам қўйишга журъат қилолмас эди. Дионнинг энг яқин дўсти Афлотун олдида ҳам Дионисийнинг айби тоғдай эди: меҳмондўстликнинг барча қонунларини назар-писанд этмай, Афлотунга ўлдираман деб дўқ қилган шу Дионисий бўлади-да… Барибир ҳам васваса ҳаддан ташқари катта эди: мустабид бадарға этган сицилияликлар, афтидан, шартта жангга ташланишга тайёр эдилар, бисотларидаги бойликлар эса сицилияликлар қўшинига талай ёлланма аскарларни қўшиб олиш учун бемалол етиб ортар эди.

Дионнинг руҳий ҳолатидан Афлотуннинг кўнгли тинч эмасди ва у дўсти билан суҳбатни деб Академияни тез-тез тарк этмоқда эди. “Ҳар қандай зўравонлик – муқаррар ёвузликдир”, деган нақлни рўкач қилиб, Афлотун Дионни мустабид жиянини тахтдан ағдариш тўғрисидаги фикрдан қайтармоқчи бўларди.

Сицилиялик қочоқлар Афлотуннинг Дионга таъсири кучлилигини билиб, файласуфни очиқдан-очиқ қоралар ва Дионни дадилроқ бўлишга чақирар эдилар. Булар бари Арастуга тинчлик бермасди. Афлотуннинг жияни Спевсип сицилияликлар тарафини олгач, у баттар ташвишга тушиб қолди. Спевсип ўз ихтиёри билан Сиракузага боришга, агар Дион қўшин билан Сицилия соҳилига келиб тушса, сиракузаликларнинг ўзлари бунга қандай қарашини билишга бел боғлади. Унинг махфий сафари бир неча ойгача чўзилди. Энди Афинага қайтгач, у фитначиларни Сиракуза деворлари олдига тезроқ олиб бориб ташлашни қаттиқ туриб талаб қила бошлади. Шу тариқа Афлотун Спевсипнинг режаларига ҳам тўсқинлик қиларди.

– Сен Академия жамоаси ичига нифоқ солдинг, – деди бир куни Спевсипга Арасту. – Бу ҳам етмагандай, сен фалсафани бутунлай ташлаб қўйдинг, Спевсип.

– Таънангнинг аввали кўпроқ сенинг ўзингга тааллуқли эмасмикан деб қўрқаман, – жавоб берди Афлотуннинг қизиққон жияни. – Сиракуза ҳақидаги масала у ёки бу тарзда ҳал этилади. Аммо бу барча воқеалардан кейин нима қолади: шогирдлар сафига сен солган рахна қолади, вассалом.

– Нима тўғрисида гапираяпсан ўзи? – сўради Арасту. – Айбловинг асосга эгами?

– Ҳа! – жавоб берди Спевсип. – Яна бир гап, Арасту: сен машғулотларингни фақат Афлотун ўз шогирдларини тўплаши мумкин бўлган хиёбонда ўтказа бошладинг. Қадимдан бу жой қутлуғ саналиб келган. Ҳушёр бўл, Арасту.

– Ҳақиқатни ўрганиш тақиқланган жой йўқ, Спевсип, – жавоб берди Арасту. – Сицилияликлар Афлотунга қарши тиш қайраганлар, сен эса нутқларинг билан уларнинг оловига ёғ сепасан. Тилингни тий, Спевсип.

– Сен ҳам тилингни тий, Арасту. Агар билимда Устоздан ўзиб кетганман деб ўйласанг, қорангни ўчир.

– Бу гапни менга Устознинг ўзи айтсин, – жавоб берди Арасту.

Шу билан улар тарқалишди. Спевсип Афинага, Дионнинг олдига, Арасту эса ўз шогирдлари ҳузурига йўл олди.

 

Арасту Академия эшигида биринчи марта пайдо бўлганидан буён ўн йил ўтди. Инсон умрида ўн йил кичик муддат эмас. Пифагор ҳам ўргатгандики, ўн рақамида қандайдир мукаммаллик бор ва бу рақам ҳамма нарсанинг моҳияти бўлмиш сонларнинг бутун табиатини қамраб олади. Файласуф ҳаётида йиллар воқеаларнинг миқдори билан эмас, балки ҳақиқатни англаш даражаси билан ўлчанади. Мана, Арастунинг ўзи ўн йиллик шогирдликдан устозга айланиш учун етарли вақт деб тушунади.

У қилган ишлар, ҳарқалай, мақтовга арзийди: у ҳаётнинг маъно-моҳиятини, жисм ва руҳни ва ҳамма соҳаларнинг ўзаро боғлиқлигини кашф қилди. Дунёни бундай тушунишга етиб келиш осон бўлмади, аммо бу янгича тушунишни ифода этиш ундан-да қийин кечди: Афлотунда ҳам, унга сажда қилувчиларда ҳам фикр ва эътиқод ўзгача эди. Агар бу одамлар Арастунинг душманлари бўлганда, иш осонроқ битарди. Аммо Арасту уларни севади. Гарчи ҳақиқат ҳам, дўстлар ҳам унга азиз бўлса-да, муқаддас бурч ҳақиқатни устун қўйишни амр этарди…

 

Тунда бошланган ёмғир ҳамон тинай демасди. Қаёққа қараманг, кўлмак, муздек шимол шамоли эсарди. Ҳамма совқотиб, чакмонларига ўранган. Эски гимназийдаги синфлар банд эди. Арастунинг шогирдлари йиғиладиган пешайвоннинг устидаги бостирмадан ҳам чакка ўтиб ётарди, шунинг учун пешайвонда ҳам дарс ўтиб бўлмасди. Шунда Арасту барчани экседрага таклиф этди, экседра мана неча кундирки ҳувиллаб ётарди, чунки Афлотун шу кунларда Дионникида меҳмонда эди.

Толиблар экседрага кираверишда тараддудланиб қолишди: ўз толибларини бу ерга олиб келиш Арасту томонидан қилинган ҳайратомуз дадиллик эди. Бу ерда фақат Афлотун ва уннинг толибларигина шуғулланишлари мумкин эди.

– Бўла қолинглар! – деди Арасту ва экседра остонасидан биринчи бўлиб ҳатлаб ўтди.

Битта тақиқ бузилган эди: у ўз толибларини Афлотун экседрасига олиб кирганди. Иккинчи, овоза қилинмаган тақиқни бузиш қолганди: Афлотун таълимотига қарши бўлган ва асосий нарса – кўзга кўринадиган дунё ва хаёл қилинадиган дунёга, заминий ва самовий дунёга, бу дунёлар тўғрисидаги тасаввурлар ва билимларга дахл қиладиган гапларни айтиш қолувди. Афлотун ўз шогирдларига икки олам бор деб уқтириб келар эди: самовий олам ва ер олами, соф ғоялар олами ва дағал нарсалар олами, арши аълога кўтарилган инсон қалбига ошкор бўлувчи ҳақиқий билимлар ва мана шу қалбга шу ерда, заминда аён бўлувчи жисмлар бор.

– Биз аллақачон ертўлалардан чиқиб олганмиз, – деди у толибларга юзланиб. – Бу ертўлалар – бизнинг жаҳолатимиз. Биз ерни, денгизни ва осмонни, чўққида сузиб юрган булутларни, тоғ тизмаларини кўриб турамиз, ёмғирнинг шовқинини, шамолнинг ғувиллашини эшитамиз. Дунёни ёритган,  бутун осмон ва бутун ер бўйлаб нурини сочган қуёшдан тўлқинланамиз. Қуёш ботиб кетгандан кейин эса, юлдузли ва ойдин кечалар намоён бўлади, олис-олислардаги ёритқичларни илғаймиз, уларнинг бир маромдаги ва ўзгармас рафторини кузатамиз. Биз гўзал оламни кўрамиз ва унинг улуғворлигидан ақлимиз шошиб, беихтиёр ўзимизга савол берамиз: бу барча улуғворликни ва гўзалликни ким яратган экан? Ахир буларнинг барини биз яратмаганмиз-ку. Унда ким яратди экан? Биз яратувчини қидирамиз-у, аммо тополмаймиз. Ўзимизга таскин бериш учун биз бошқа бир оламни ўйлаб чиқарганмиз – бу маъбудлар истиқомат қиладиган жой бўлиб, у бундан-да улуғвор ва бундан-да гўзалдир, зеро унда маъбудлар яшайди-да. Шундан кейин биз дангасалар ўзимизга ўзимиз айтамиз: ҳақиқат бошқа дунёдадир, бу дунёда ҳақиқат йўқ. Аммо биз бу ерда кўриб турганимиз ёруғлик ҳам, жилва ҳам, гўзаллик ҳам, улуғворлик ҳам, уйғунлик ҳам наҳотки моҳиятдан, уруғдан, ҳаётдан, ҳақиқатдан мосуво бўлса? Сизга айтмоқчи бўлган гапим шу: йўқ, мосуво эмас!

– Тўхта! – экседра остонасида тўсатдан пайдо бўлган Спевсип қатъий оҳангда деди. – Бу ерга Устоз келаяптилар, фақат унга тегишли бўлган бу жойни сен тарк этишинг керак.

– Мен Устознинг йўлларига маҳталман, – жавоб берди Арасту. – Ул зот нима десалар, ўшандай қилгум.

Афлотун шошмай кириб келди, ҳозир бўлганларга кўз югуртирди, устида асарлари боғлам-боғлам бўлиб ётган столга яқинлашди ва ҳеч кимга юзланмасдан деди:

– Биз аслида билган нарсаларимизнинг ҳаммаси бир вақтлар руҳимиз тангрига ҳамроҳлик қилганда кўрганларимизнинг аломатларидир, холос. Шогирдларингга шундай деб таълим бораётибсанми, Арасту?

Арасту жавоб бермади. Афлотун унинг толибларидан эскедрани холи қолдиришни сўради.

– Сен ҳам боравер, жияним, – деди у Спевсипга.

Спевсип кетди. Шундагина Афлотун ўтириб, Арастуга юзланди.

– Эшитишимча, – деди у, – мен ёзган кўп нарсалар сенга маъқул келмаган эмиш, Арасту. Шу гап ростми?

– Устоз, – жавоб берди Арасту бироз сукут сақлаб. – Мана бу сарвга қаранг, унинг шохлари илдизига ўхшамайди. Аммо ҳеч ким уни илдизлар билан ҳамкорликсиз ўсган деб айтмайди-ку.

Афлотун ўрнидан турди, дераза олдига борди ва ёлғиз турган баланд, кўм-кўк сарвга тикилди. Сўнг Арастуга ўгирилди-да, жилмайиб, сўради:

– Ҳақиқат бутоқларда демоқчимисан?

– Бутоқлар қуёшга яқинроқ, Устоз, – жавоб берди Арасту.

– У ерда туриш хатарли: шамоллар, жазирама иссиқ, яшин тушиши… Булардан қўрқмайсанми?

– Йўқ, қўрқмайман.

– Унда гаплашсак бўлар экан. Аммо берган саволларимга шартта жавоб қайтариш шарти билан, Арасту. Менинг илдизларимдан озуқа олган ўша шох сен эмасмисан, шуни билмоқчиман.

Бу оғир суҳбат эди. Узоқ суҳбат бўлди. Дунёдаги нарсалар тўғрисида, жон ва маъбудлар тўғрисида, инсон мушоҳадалари ҳақиқийлигининг мезонлари тўғрисида, бутун борлиқ сабаблари тўғрисида ва фақат файласуфларгина гапиришлари мумкин бўлган яна кўплаб нарсалар тўғрисида гап борди.

 

Спевсип Афинадан Академияга қайтиб келганида қоронғу тушганди. Шивалаб ёмғир ёғарди. Дарахт япроқларидан думалаб тушган йирик томчилар тўкилган хазонларда шитирлаб овоз берарди. Ҳаво совуқ эди. Уйига бир амаллаб етиб келиб, кийимларини қуруқлаб олган Спевсипнинг яна уйдан чиққиси келмаётганди. Аммо Афлотун билан кўришиш ва уни ўз қароридан воқиф этиш зарурати барибир тағин ёмғирга, муздек тун зулматига чиқишга мажбур этди. У Сицилияга Дион билан бирга кетишга азму қарор қилганди. Нима учун? Борди-ю, Афлотун шуни сўраб қолгудек бўлса – сўраши аниқ эди, – Спевсипи унга мана бундай жавоб беради:

– Гарчи Дион – Дионисий, мен эса – сен, Афлотун бўлмасам-да, фалсафа мустабиддан кўз-қулоқ бўлиб турмоғи керак.

Афлотунга бу сўзлар мойдай ёқади. Лекин Сиракузада фалсафа вакили бўлишга фақат у – Спевсип, Афлотуннинг жияни, қариганда суянган тоғи, унинг меросхўри ва Академиянинг бўлажак эгаси лойиқлигини Афлотунга тушунтириш Спевсип учун талай меҳнатга тушиши эҳтимолдан узоқ эмасди. Улар Дион билан келишиб қўйилган нарса – бу Кефиснинг серсоя соҳилларида сайр қилиш эмас. Сицилияда уларни ғалаба эмас, балки ўлим кутаётгани эҳтимоли кўпроқ эди…

Спевсип хизматкордан Афлотуннинг ҳали ҳам Арасту билан бирга эксе­драда эканини билиб, ўша ёққа йўл олди.

Афлотун ва Арасту стол олдида ўтиришар, уларнинг чеҳраларини ўртадаги столда турган мойчироқ шуъласи ёритиб турарди. Қолган ҳамма нарса зулмат қаърида эди. Шу боис экседра остонасидан оҳиста ҳатлаб ўтган Спевсипни улар кўришмади. У Афлотун билан Арастунинг суҳбатини тўсатдан узишга журъат этмади. Спевсип билан изма-из Нелей пайдо бўлди. У индамай скамейкага келиб ўтирди ва гаплашаётганларга халақит бермаслик учун чурқ этмади.

Улар овозларини баралла қўйиб узоқ гаплашишди. Кейин бирдан жимиб қолишди-да, дераза ортида тўкилган япроқларга тушаётган ёмғир томчиларининг шитир-шитири қулоққа чалина бошлади.

– Ҳай аттанг! – хўрсинди Афлотун. – Қоронғи, кеч, совуқ, ёмғир, куз, кексалик, мадорсизлик… Ҳадемай чироқнинг мойи ҳам тугайди. Ёмғир ёғаяпти, Арасту. Ёмғир ёғаяпти. Ҳа, бир нарса эсимга тушди. Бир куни ёмғирдан яшириниб, пичан ғарами остида ётганимда бияни эмаётган қулунни кузата бошладим. Бия уни нарилатишга ҳаракат қилган эди, қулун онасини бир тепди. Қулун онасини тепаяпти, Арасту. Бу сенга тааллуқли. Сенга ва менга тааллуқли. Бу ҳақда ҳали гаплашамиз. Бор энди.

Ўзининг келганини билдириш учун Спевсип йўталиб қўйди.

– Сени аллақачон кўргандим, – деди жиянига Афлотун. – Уйга чопиб бориб, ёмғирпўшимни олиб кел. Ёки битта яримтадан айттириб юбор.

Спевсип ёмғирпўшни ўзи олиб келди. Уни кийишда Афлотунга ёрдамлашар экан, деди:

– Дион Сицилия қирғоғига қўшин ташлашга қарор қилганини биласан. Менинг ҳам Дионнинг ёнида бўлишимга изн бер. Ҳолбуки Дион мени эмас, ёнида сени кўришни истайди, Афлотун. У яна бир қур сендан илтимос қилди…

Афлотун елкасидан жиянининг қўлини олди-да, деди:

– Қасдма-қасдига бошқаларни чақиринглар. – Шундай дея у шиғалаб турган тунги ёмғир остида остонадан ҳатлаб чиқиб кетди.

– Агар сени экседрада фалсафа сўқиб турганингга яна кўзим тушгудек бўлса, бу ердан думингни тугиб қўяман! – деди Арастуга Спевсип.

Арасту кинояли жилмайди-да, Спевсипга бир оғиз жавоб айтмай кетди. У билан бирга Нелей ҳам кетди.

– Менга бирон нарса айтсанг-чи, – илтимос қилди Тиманф, Нелей бурчакдаги тўшагига чўзилгач.

– Нимани айтай? – хўрсинди Нелей. – Совқотиб кетаяпман, ухламоқчиман. Тун, ёмғир, совуқ…

– Нима бўлса ҳам-да, – деди Тиманф. – Қаерда бўлдинг, нимани кўрдинг, нима эшитдинг? Ахир кун бўйи саланглаб юрдинг-ку, қари бекорчи…

– Сен ҳам мендан бешбаттарсан, – жавоб берди Нелей. – Ҳозир экседрада эдим, хўжайиним билан Афлотуннинг баҳсини эшитдим.

– Нима тўғрисида баҳслашишди?

– Э, сенинг ақлинг етармиди.

– Тушунтиргин-да, – ўтинди Тиманф.

– Бўпти. Фақат битта шарти бор: эвазига Наксос мусалласи билан сийлайсан, бўлмаса ҳеч баданим илимаяпти, Тиманф. Сенда асал қўшилган Наксос мусалласидан борми?

– Топилади.

– Бор, олиб кел. Жиққа ҳўлман, қалтираб кетаяпман, касал бўлиб қолишим мумкин.

– Ҳозир, сабр қил.

Тиманф қазноққа йўл олди, узоқ вақт у ерда идишларни тарақ-туруқ қилди, ниҳоят қайтиб келди-да, Нелейга яқин келиб сўради:

– Мени кўраяпсанми? Қўлимни кўраяпсанми? Астароқ ол, тўкилиб кетмасин. Баҳор асали солинган тоза Наксос мусалласи.

Нелей қўлини чўзди, мусалласли косани пайпаслаб топди, тўшакка чўнқайди-да, бир қултум ютди.

– Ёнимга кел, – деди у Тиманфга. – Қизиқ, нега ўзинг ичмайсан?

– Ўрганмаганман, – жавоб берди Тиманф, Нелейнинг ёнига келиб ўтираркан. – Сизлар учун асраб қўяман, сен ва Арасту учун.

– Маза бўлди-да, – Нелей ширин мусалласдан яна бир ҳўплади.

– Исиндингми? – сўради Тиманф.

– Исиндим.

– Қани, энди сўзлаб бер, – тиқилинч қилди Тиманф.

– Нимани ҳам сўзлардим? Ўзим кўп нарсани тушунганим йўқ. Хуллас калом, бундай: ҳадемай бизни Академиядан ҳайдашади.

– Нега ҳайдашар экан? – ташвишланди Тиманф. – Нима бўлди?

– Шу бўлдики, бизнинг хўжайин ҳар гапда Афлотунга қарши чиқаверди. Афлотуннинг эса жаҳли чиқди.

– Қандай қилиб? Нимада қарши чиқди?

– Ҳозир айтаман. Афлотун, масалан, айтадики, одам – бу арвоҳ.

– Қанақа одам? – сўради Тиманф.

– Ҳар қандай одам, хоҳ мен, хоҳ сен, хоҳ хўжайинимиз, хоҳ унинг, Афлотуннинг ўзи. Арвоҳ экан. Тушунаяпсанми? Ҳақиқий одамлар эса ҳув аллақаёқларда, осмону фалакда яшар эмиш. Масалан, сен осмону фалакда яшаркансан, бу ерда эса, менинг ёнимда сенинг арвоҳинг эмиш.

– Нималар деяпсан ўзи, ё тавба? – қўрқиб кетди Тиманф. – Қанақа қилиб мен арвоҳ бўларканман? Бундоқ мени туртиб кўр-чи!

– Барибир арвоҳсан. Арвоҳдек арвоҳ. Гап тамом. Вассалом.

– Қизиқ. Хўжайинимиз нима деди бунга? – сўради Тиманф.

– Хўжайинимиз бунга рози эмас. Хўжайинимиз айтадики, биз ҳаммамиз ҳақиқиймиз, ҳеч қанақа арвоҳ-парвоҳ эмасмиз, дейди.

– Қўрқитмасанг-чи одамни, – ялинди Тиманф. – Ё кайфинг ошиб қолдими?

– Ана! – деди Нелей. – Ҳеч нимага ақлинг етмаслиги кўринди-қолди, Тиманф. Гапимга яхшилаб қулоқ сол: ҳақиқий одам бор, шу одамнинг арвоҳи бор. “Ҳақиқий одамни, – дейди хўжайинимиз, – унинг арвоҳи билан нима боғлаб туради, хўш?” Сенингча, нима боғлаб туради, қани, айт-чи. Ҳа, ўйла! Агар айтмасанг, яна мусалласга борасан.

– Булар бари нимага керак ўзи, Нелей? – сўради ҳанг-манг бўлиб қолган Тиманф. – Кимга керак бунақа гаплар?

– Арасту ҳам шунақа дейди: “Булар бари кимга керак? Бу ёқда биттасининг уддасидан чиқолмаяпмиз-у, сиз бўлсангиз, азиз Устоз, иккитасини ўйлаб топибсиз…”, дейди.

– Шунақа дедими?

– Худди шундай деди.

– Афлотун-чи?

– Ановингдан олиб кел, кейин айтаман… Айтмоқчи, кўп мусаллас ичган одам бир киши ўрнига иккитани кўриши турган гап.

Эрталаб Арасту Нелейни хат билан Мақдуния проксени Никанорга жўнатди. Ёмғир ва совуқни сўкканча Нелей бир неча соатдан кейин қайтиб келди ва Арастуга жавоб мактубини берди.

“Арастуга Никанордан саломлар, – деб ёзганди проксен. – Маълуминг бўлсинки, опанг Аримнеста савдогарлардан сен учун муҳим  хабарларни ва сенинг саховатли васийингдан мактуб илова этилган пул юборибди. Келиб, буларнинг барини ўзинг ол, чунки хабарлар ҳам ғоят муҳим ва пул ҳам ҳаддан ташқари кўп. Уни сенга Нелейдан бериб юбориш тўғри келмайди”.

Арасту анчадан бери опасидан хат олмаганди, пули ҳам тугай-тугай деб қолганди. Шу боис дарҳол Афинага йўл олди. У билан бирга бормаса ҳам бўлаверадиган Нелей барибир Арастуга эргашиб йўлга тушди, чунки қизиқувчанлик намчил куз ҳавоси ва йўли келтирадиган уқубатлардан устун келганди, ҳолбуки Арастунинг чолга раҳми келиб, сен бормай қўя қол, деб айтганди ҳам.

– Агар опанг юборган пул шунчалик кўп бўлиб чиқса, – улар Никанорникига етгунча Нелей йўлда Арастуга қайта-қайта маслаҳатлар солар эди, – уй ва қуллар сотиб олиш керак. Чунки мен энди қариб қолдим, ошпаз Тиманфнинг ҳам қуввати кетган. Энди бизнинг сенга фойдамиздан зараримиз кўпроқ, Арасту. Афтингга бир қара: эт йўқ, қон йўқ, чунки меъдангда иллат бор. Иллат борлигининг сабаби шундаки, биз қилган овқатлар овқатмас, оби ёвғон, юқумсиз, Тиманфнинг ҳам боши касалдан чиқмай қолган…

Нелей бор гапни айтаётган эди. Аммо Арасту унга жавоб қилмади. Нима деб ҳам жавоб қиларди: опасининг кўп пул юборганига у ишонмасди. Тўғри, Никанор аллақандай васий ҳақида сўз очганди. Қанақа васий экан у? Шу пайтгача Арастунинг битта ҳам васийи бўлмаган. Опаси унга ҳар замонда юбориб турадиган пуллар ҳам Эвбеяда онаси унга мерос қилиб қолдирган ердан келувчи арзимас даромад эди.

 

“Укажоним Арасту, меҳрибон опанг Аримнеста сенга саломлар йўллайди, – деб ёзганди опаси. – Бутун Мақдуния бўйлаб ва ундан ташқарига ҳам сувдаги мавжлардек ёйилаётган бахт муборак бўлсин! Унинг хушхабари сенга ҳам етиб борди. Суюн, укажоним, Арасту! Бизларни, синглинг Геро ва унинг яқинда дунёга келган фарзандини унутма. Геро унга Каллисфен деб исм қўйган, жиянингни унутма. Агар маъбудлар хоҳлашса, Каллисфен ўзингга шогирд тушади, укажоним, ўшанда ё уни ёнингга чақириб оласан, ё ўзинг киндик қонинг тўкилган Стагирага қайтиб келасан”.

Проксен Никанор азбаройи қизиққанидан тоқати тоқ бўлиб турарди. Арасту мактубни ўқир экан, у сал нарида, деярли нафас олмай ва Арастудан кўз узмай қараётганди. Аслида у Аримнеста укасига нималар ҳақда ёзганини ва пергаментга[3]  шоҳ қўли билан битилган нариги хатда нималар ёзилганини ҳам билар эди. У ёқдан келган сандиқчага ҳам аллақачон мўралаганди. Шундай бўлса-да, қизиқувчанлик балоси ёмон экан-да: бу барча янгиликлару инъомлар Арастуга қандай таъсир кўрсатишини кўришга ошиқарди.

Опасининг хатини бир четга қўйиб, Арасту Мақдуния шоҳи Филиппнинг пергаментга ёзилган мактубини қўлга олди. Кўзларини меҳмонга тикканча Никанор бутунлай нафас олишдан тўхтаганди. Арастунинг лабларида табассум жилва қилганини кўриб, у енгил хўрсинди, энди севинчини дунёни бошига кўтариб, қичқириб изҳор этишга тайёр эди: буюк шоҳ Филипп ўғил кўрибди, исмини Александр қўйишибди, меросхўр дунёга келибди. Никанор энди энг аъло мусалласлардан ва энг тансиқ таомлардан келтиргани чопиш учун имога мунтазир турарди.

“…Ўзингга маълум, Арасту, бултур Этрурия шоҳининг қизи Олимпиадага уйланган эдим. Борди-ю, унинг қанақалигини таърифлаб берсам, менга ҳавасинг келган бўларди.

Уйланганимдан бир йил ўтгач, Олимпиада ўғил туғди – мана шу Александрни. Бу хабар менга яқинда забт этганим Потидеядалигимда етиб келди. Бу хосиятли аломат, албатта.

Александр дунёга келган куни тун чоғи бир воқеа содир бўлган эди: Эфесда бир телба Артемида ибодатхонасига ўт қўйибди. Афинадагилар ҳам бундан бохабар бўлишса керак. Мен сенга айтсам, Артемисионни эфеслик Герострат ёқиб юборган. У бировлар шон-шуҳратини кўролмаслик ва одамлар асрлар давомида яратган нарсаларни йўқ қилишда машҳур эди.

Фолбинларим бунда бир аломатни кўришибди, ўғлим Александр Эфесдан шарқ томондаги мамлакатларни босиб олар экан.

Яна кўпларнинг менга айтишича, Арасту, ўша бўронли куз тунида Пелладаги менинг кошонамга иккита лочин учиб келибди. Улардан бири бошини шарқ томонга, иккинчиси – ғарб томонга буриб қўнибди. Александр чинқириб дунёга келганда, лочинлар ҳар бири ўзлари қараб турган томонга учиб кетибди. Ўғлимнинг буюк фатҳлар қилишидан башорат берган фолбинларнинг айтишларича, у шарқнигина эмас, балки ғарбни ҳам, яъни лочинлар учиб кетган мамлакатларни ҳам забт этар экан.

Ўзинг биласан, Арасту, урушларни маъбудлар бошқарадилар. Улар нимани хоҳлашса, шу бўлади. Мен бир нарсани истайман: афиналиклардаги барча ҳикматлар сенга кўчиб ўтса, сен уларнинг барча илмларини мукаммал англаб етсанг дейман. Ўғлим улғайгач, сен, Арасту, унинг мураббийи бўлсанг дейман. Ўғлим сен яшаган даврда дунёга келганидан миннатдорман. Бор-йўқ умидим шундан иборатки, сенинг ғамхўрлигинг ва таълиминг уни бўлажак давлатга муносиб қилиб тарбиялай олсин.

Сенга бир сандиқча юборяпман, унинг ичидаги нарса ҳаётингни ёқимли ва маъмур қилгай. Александр вояга етиб, ҳикматни ўзлаштиришга қодир бўлганда бу сенинг чекингга тушадиган мукофотларнинг мингдан бир улуши, холос. Сенинг донолигинг эса ҳозирдан оғизга тушган. Дунёда энг кучли донишманд деб эътироф этилган Афлотун ҳам сени Академиянинг мияси деб таърифлаган эмиш. Билмадим, у шундай деганми ё йўқ. Аммо бошқалар сен тўғрингда айтган гапларнинг ўзиёқ – мен уларни ўз қулоғим билан эшитдим – мен, яъни сенинг дўстинг учун шарафдир.

Маъбудларга илтижо қиламанки, сени ўз паноҳларида сақлагайлар ва сени чорлаганимда уйимга олиб келиб қўйсинлар”.

– Никанор,– проксенни чақирди Арасту, Филиппнинг мактубини ўқиб бўлиб, – менга бу қадар саховат кўрсатаётган инсон кимлигини ҳеч ким билмаслиги керак.

– Ҳеч ким билмайди, – жавоб берди проксен.

– Чунки файласуфларнинг ҳикмати ҳаммага хизмат қилади, аммо файласуфлар фақат ўйлайдилар, – қўшиб қўйди Арасту.

– Бу ёдимда қолади.

– Сандиқчадаги пулларни санаб чиққандирсан, ҳойнаҳой? – Ўзини хафа бўлганга солиб, Никанор бошини эгди. – Уй ва янги хизматкорлар олишга етадими ишқилиб?

– Етади, Арасту. Саховатпеша… – Никанор Филиппнинг номини зикр қилмоқчи эди, бироқ ўз вақтида ҳушини йиғди, – саховатпеша опанг чиндан маъбудлар ярлақаган банда экан: уй ҳам, қул-чўрилар ҳам, ҳаёт учун керакли бошқа ҳамма нарсани ҳам сотиб олса бўлади.

– Шуларнинг барини амалга оширишда менга ёрдам берасанми? – сўради Арасту.

– Сен ниманики айтган бўлсанг, ҳаммасини муҳайё қиламан, чунки буни менга валенеъматим айтмоқда…

 

Йигирма тўққиз – бу шундай ёшки, бунда файласуф бўлган эркак ҳам фақат руҳнинг мангулиги ҳақида ўйламайди. У замин узра инсонга ҳамроҳлик қилувчи севинчлар ва нохушликлар ҳақида ўйларди. Нохушликларни қандай четлаб ўтиш ва севинч устига қандай севинч қўшиш ҳақида ўйларди. У Мақдуния шоҳи Филиппнинг вориси Александр ҳақида ўйларди. Агар вақт тизгини унинг қўлида бўлганида эди, Александр билан учрашиш ва унинг устози бўлиш учун дунёни ўн йил олдинга олиб ўтган бўларди. Шунда Афлотун ҳам, Спевсип ҳам унга қаттиқ ҳаваслари келарди: у мустабидга эмас, балки мустабидлик ҳокимияти, шон-шуҳрати ва қулдорлик нашъаси қалбини ҳаромламаган, шоҳона тахтнинг ёш ва беғубор ворисига, якка ҳокимга мураббийлик қиларди. Шунда ҳаммаси кундай равшан бўлар эди: Афлотун Дионисий билан ҳамтовоқ бўлиб, Спевсип Дион билан оғиз-бурун ўпишса-да, улар эришолмаган нарсага у, Арасту эришар эди. У энг яхши давлат тузуми ҳақидаги фикрларга мосу хос бўлган дунёга ҳукмронлик қилувчи шоҳни тарбиялар эди. Мана шу фикрларни Арасту иложи борича Александрнинг қулоғига қўрғошиндай қуяр эди. Бунинг учун Афлотундек Солон исми билан боғлиқ афсонани – Атлантидани ўйлаб чиқармаган бўларди. Қизиғи шундаки, бу афсоналарга ишонадиганлар ҳали ҳам топилади. Дарвоқе, бир вақтлар Арастунинг ўзи ҳам уларга ишонар эди. Афсуски, давлат ҳақидаги илм байрамона орзулардан туғилиши мумкин эмас. Ҳаётнинг ўзини ўрганиб, унинг тизгинини қўлга олиш мумкин, холос.

Доно ҳукмдор, буюк давлат, бахтиёр халқ. Буни идрок этиш файласуф учун олий лаззат, чунки ҳукмдорнинг донолиги, давлатнинг улуғлиги ва халқнинг бахти олий фалсафий орзунинг ердаги тажассуми.

Дам суюниб, дам ташвишланиб Арасту бундай фикрлар билан бир ё бир неча кун андармон бўлмади. Ҳамма нарса рисоладагидек бўлиши: йиллар тинч кечиши, Александр вояга етиши ва Филипп Арастуни Пеллага таклиф этишига шак-шубҳа қолмагани ҳақида ўйласа у суюнар эди. Гоҳо ҳар қандай кунда фалокат рўй бериши мумкинлиги ҳақидаги ўйлар мияга келганда унинг бадани жимирлаб кетарди: балки унинг ўзи ётиб қолиб, дунёдан ўтса-чи? Мана, ҳалитдан вужудида қандайдир толиқиш, дардни сезаяпти, бундан қутулишнинг иложи йўққа ўхшаяпти; ёки ёш Александр бирдан касал бўлиб, ўлиб қолса-чи? Мақдуния салтанатида тўнтариш содир бўлиб, ҳокимият тепасига бошқа одамлар келса-чи? Александр билан Арасту ҳеч қачон кўришмаслиги учун етиб ортадиган минглаб мусибатлар ёпирилиб келса-чи? Эртага қуёш чиқиши – бугунданоқ муқаррар, аммо Арасту билан Александрнинг ўн йилдан кейин кўришуви – аниқ ҳам эмас, ноаниқ ҳам эмас. Бундан келиб чиқадики, ўзининг бахтли келажаги билан Афлотун олдида ҳам, Спевсип олдида ҳам ҳозирча мақтанмай тургани маъқул, чунки бахт бугуннинг ўзидаёқ бахтсизликка айланиши мумкин. Амалга ошган ёки амалга ошиши қўлимизда бўлган нарса билангина мақтанса арзийди.

Модомики, шундай экан, ҳозирданоқ ўз меросхўрлари – шогирди ёки фарзанди тўғрисида ўйлаб кўрмаса бўлмайди. Жоннинг мангулиги таскин бўлса-да, аммо сендан кейин яшашга қолган барча одамлар учун у сенинг мангу йўқлигингдан бошқа нарса эмас.

У Гермийнинг жияни Пифиадани унга бериш ҳақидаги ваъдасини эслаб, мийиғида кулди: одамлар ваъда беришда қанчалик сахийлар ва бу ваъдаларнинг қанчалик оз қисми ушалади! Киши тилини ақл эмас, ҳислар ишга солади, ўз ишини ато этаётганда фалак уларни ҳисобга олмайди. Бундан келиб чиқадики, файласуфларнинг яна бир муборак бурчи бор экан: одамларни ортиқча ташвишлардан ва беҳуда интиқликлардан халос этиб, ҳамма нарсани билиш, ҳамма нарсани олдиндан кўриш. Аммо барибир ҳалол файласуф – бу ҳамма нарсани олдиндан айтишга бел боғлаган кароматгўй эмас. Ҳалол файласуф бундай дейди: бу – эҳтимол, бу – бўлиши мумкин эмас, мана буниси эса – муқаррар. Инсон тақдирини ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди, осмон ёритқичларининг абадий айланиб туриши ҳамма нарсадан ҳам муқаррарроқ ҳисобланади ва демакки, вақт ҳеч қачон тўхтаб қолмайди, ёшликдан кейин кексалик келади ва барини олдиндан кўра билмоқ учун ёшлик йилларида бажариш керак бўлган ишларни амалга ошириш, мумкин бўлган ҳамма нарсани ўрганиш керак.

 

Арасту Афинада уй сотиб олди ва хизматкор ёллади.

Бундан хабар топган Афлотун ундан сўради:

– Энди ўз мактабингни очишга ҳаракат қилмайсанми?

– Йўқ, Устоз, – жавоб берди Арасту. – Сизнинг сўнгги нафасингизгача шогирдингиз бўлиб қоламан.

– Ундай бўлса, – деди Афлотун, – шогирдликда юриш вақтинг оз қолибди.

Дионнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар келганда Афлотуннинг башорати сал бўлмаса ўнгидан келаёзди. Спевсипдан Дионнинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитиб, Афлотуннинг чиқиб кетганини кўрган ким борки, ҳамма кекса Устознинг кунлари оз қолганини дилидан ўтказса-да, бир-бирига айтишга журъат этмади. Унинг боши кўксига осилиб тушган, елкалари чўккан, бели букчайиб қолганди, оёқларини базўр судраб босарди. Бир неча кунгача у уйдан чиқмади, туз ҳам тотмади ва рўпарасида ётган мум тахтачаларга ҳам қўл урмади.

Бешинчи куни ҳузурига жияни Спевсипни чақирди-да, деди:

– Васиятим қаерга яшириб қўйилганини биласан. Шу васиятга кўра, сен схоларх этиб тайинланасан, мулклардан эса сенга ҳеч нарсани қолдирмайман, чунки сендан ҳам камбағалроқ одамлар бор: мулклардан бирини қариндош-уруғларимга қолдираман, қолганларини эса сен шундай тасарруф этгинки, дўстларим хоҳлаган вақтларида мусаллас ва нон оладиган бўлишсин. Чўри Артемидани озод этиб юбор. Бисотимда қиймати унча баланд бўлмаган баъзи лаш-лушлардан бошқа ҳеч вақо йўқ. Академиядаги энг қимматбаҳо бисот – бу Арасту. У менинг таълимотим тагига сув қуяётгандек бўлиб кўринаётгандир сенга. Йўқ, у таълимотимни пухталаяпти, холос. Шуни доим ёдингда тут, Спевсип, уни экседрадан сиқиб чиқаришга бошқа журъат қила кўрма… Ваъда бер…

– Ваъда бераман, – жавоб берди Спевсип.

– Ҳаммадан ҳам дўстликни қадрла ва эҳтиёт қил. Дўстликдан бошқа ҳеч нарса одамларни бирлаштиришга қодир эмас, Спевсип.

– Бу ҳақда айтиб эдинг, Афлотун.

– Бу ҳақда ҳар кун айтсанг ҳам кам. Ўлим олдидан фақат дўстлар ҳақида ўйлаш мумкин бўлади, Спевсип.

– Ўлимнинг ўзи ҳақида ўйлаш вақти келдимикан, Афлотун?

– Мен ўлим ҳақида ўйлаётганим йўқ, Спевсип. Мен ҳар доим Дион ҳақида ўйлайман. У бўлса анави ёқда, – Афлотун ноаниқ қўл силкиб қўйди. – Бир замонлар қалбим мени Дионнинг олдига, Олимпияга етаклаганини эсладим, у билан кўп йиллардан бери кўришмагандим. Мен кечаю кундуз юрдим, уни кўриш ва қучиш учун яна қанчалаб кеча-кундузларни ўтказдим, бегона ерлардан, бегона ўлкалардан юриб ўтдим… Охири биз учрашдик, Спевсип, ва қучоқлашиб кўришдик. Ўша кундан бахтлироқ кун бўлмаганди ҳаётимда. Энди бўлса Дион ўша ерда, файласуфларга янада яқинроқ ва биз бир умр киришга ошиққан мамлакатда. Рост, Дион ўша ерда экан, менинг имиллашимга ҳожат бормикан?

– Кўплар ўша ёқда, Афлотун. Аммо дўстлар бу ерда ҳам ундан кам эмас.

Афлотун сукут сақларди. Сўнг Спевсипга юзини буриб, деди:

– Арастуни чақир.

– Яхши, – жавоб берди Спевсип, Афлотун нима учун унга тикилиб қараганини англаб: у Арастуни чақир деб қилган ўтинчи бўлажак схоларх чеҳрасида норозилик ифодаси пайдо қилмаганига амин бўлмоқчи эди. – Ҳозир чақираман, – деди Спевсип, одатдагидан кўра бироз шошиброқ ўрнидан тураркан. – У шу ерда, олдингга келаётганимда унга кўзим тушгандек эди. Арасту билан суҳбатинг чоғида мен қаерда турай?

– Бу ерда эмас, – жавоб берди Афлотун. – Сени ҳам ёлғиз чақирган эдим-ку.

Спевсип Арастуни кутубхонадан топди ва унга Афлотуннинг ўтинчини етказди.

– Чолни толиқтириб қўйма, – деди у Арастуга. – Чолнинг мадори йўқ ва мен билан васият хусусида гаплашди.

Арасту Афлотун ҳузурига шошилди.

– Менга айт-чи, Арасту, – деди Афлотун, Арасту унинг пойига келиб чўккач, – ўлганимиздан кейин биз қаерда бўламиз? Бу масалани ўзинг учун ҳал этганингда нима деб ўйлаганингни айт. Фараз қилки, сен гапирмаяпсан, балки ўйлаяпсан, ана шу ўйингни айт менга.

– Ҳатто энг хаёлпараст қадимги донишмандлар ҳам мангулик ҳақида ғоят мавҳум нарсани ўйлагандек ўйлашган, – жавоб берди Арасту.

– Мен ҳам жоннинг абадийлигига шубҳа қиламан демоқчимисан?

Афлотун чўри қизни чақирди-да, Арастуга ва ўзига мусаллас билан овқат келтиришни буюрди. Артемида айтилган нарсаларни олиб келгач, у яна Арастуга юзланди.

Суҳбат кеч тунга қадар давом этди, шу боис чўри Артемида бир неча бор мусаллас келтирди. Арасту кетгач, Афлотун дарров ухлаб қолди. Эрталаб уйғонгач, ўзи ёқтирган анжир ва сут келтиришларини айтди. Нонуштадан кўп ўтмаёқ у экседрага етиб келди… Ҳамма устознинг кексайиб қолганини пайқади, аммо унинг овози ўша-ўша тиниқ ва қатъий эди.

Пайт пойлаб туриб Спевсип Арастудан сўради:

– Афлотун билан алламаҳалгача нималарни гаплашдинглар? У нега бу қадар ўзгариб қолди?

– Ҳаёт ва ўлим ҳақида гаплашдик, – жавоб берди Арасту. – Зеро файласуфлар бундан бошқа нима ҳақида ҳам гаплашадилар.

– Хўш, қайси бири маъқул экан: ҳаётми ё ўлимми?

– Фақат мусаллас яхши ёки ёмон бўлиши мумкин, Спевсип. Аммо у тириклар учунгина яхши ё ёмон бўла олади. Ҳамма гап шунда, – кулди Арасту. – Ҳамма гап шунда, Спевсип.

 

Ёш Феофраст анчадан бери Арастунинг эътиборини тортиб келарди, ўзининг ўткир ва шиддаткор зеҳни, фикрининг тиниқлиги, баҳслардаги жонбозлиги-ю, қатъияти билан уни ҳайратга соларди, хоҳ қадимги қўлёзмаларни кўчириб ёзиш бўлсин, хоҳ турли мамлакатлардан келган савдогарлар ва денгизчилар ҳикоя қилган наботот ва ҳайвонот олами каталогларини тузиш ёки кутубхона китобларини рўйхатга олиш бўлсин, қаттиқ берилиб ишларди. Бунинг устига Феофраст хушрўй эди ва атрофдагиларнинг нигоҳини мудом ўзига тортарди, зеро гўзаллик доноликнинг энг буюк неъматидир. Дунёнинг ўзи ҳам гўзаллик қонунлари бўйича буюк зеҳн билан яратилгандек кўринарди… Феофрастни бошқа тингловчилар орасида ажратиб туришга Арастуни яна бир ҳолат мажбур этар эди: Феофрастнинг ўзи ҳам Арастудан узоқ-узоқ кўз узмай қараб қоларди, унинг нигоҳида Арасту айтган, ўргатган нарсалардан ҳайрат аниқ-ошкор кўриниб турарди. Қисқа қилиб айтганда, Феофраст Арастунинг суюкли шогирди бўлса, Арасту – Феофрастнинг жондек устози эди.

Улар нотиқ Демосфен Мақдуния шоҳи Филиппга қарши афиналиклар ҳузурида нутқ ирод этиб турганида агорада учрашиб қолишди. Феофрастни Арасту оломон орасида кўриб, орқадан етиб борди-да, қўлини унинг елкасига қўйди.

– Нима деяпти? – сўради Арасту Демосфен борасида.

– Айтаяптики, Филипп Мақдуний шимолдаги қўшинлари: фракияликлар ва иллирияликларни бўйсундириб, қудратли қўшин тўплади, унинг ғалабалари ўткир мусаллас ваҳшийни маст қилгандай, уни ҳам маст қилади; Филипп энди барча қўшни мамлакатларни босиб олиб, Фива ва Афинага юриш қиларкан ва эллинларни қул қилиб, шўрини қуритаркан…

Арасту йигитнинг елкасидан қўлини олди-да, унга қарамай деди:

– Демосфен – зўр нотиқ. Аммо афиналиклар тинглашни билмайдилар. Кўраяпсанми, улар ғала-ғовур қилишаяпти, ҳар ким оғзига келганини гапираяпти, Филипп эса янги-янги шамширлар ясаяпти. Улар ҳеч бўлмаса шуни ўйлашлари керак эди, аммо улар кайф-сафо-ю ўзларининг бачкана манфаатларидан бошқани билмайдилар. Бундай халқ билан Афина икки дунёда ҳам ўзининг илгариги улуғворлигига кўтарила олмайди. Уларни бўйсундириш учун кимдир келади ҳам. Фақат бўйсундириш учун эмас, вайрон қилиш учун келади…

– Хатарли башорат, – деди Феофраст.

– Ахир Демосфен ҳам шу ҳақда гапираяпти-ку. Эшитиб кўр.

– Бўрон қўзғалаётганида, – беғам афиналиклар ғовурини босиб кетишга ҳаракат қилиб, Демосфен бор овози билан гапирарди, – ҳар ким у менинг даламни пайҳон қилмасин-да, деб ташвиш чекади. Ҳозир устимизга бўрондан ҳам даҳшатлироқ бир офат бостириб келмоқда! Нега унинг олдини олишга шошилмаяпмиз? Мудҳиш хатарга ким қаршилик кўрсатади, афиналиклар?  Кўзингизни очинг! Қаранг, Филипп қадам-бақадам бизга яқинлашиб келаяпти, – давом этди Демосфен. – На Эллада ерлари, на ваҳшийлар ерлари унинг қорнини тўйғазолмай қолган! Бизлар бўлсак, лаллайиб турибмиз, тарқаб кетаяпмиз, ўзимизни қутқариш учун ҳеч нарса ўйлаб топмаяпмиз. Кейин бошимизни чангаллаб, “Бундай бўлишини ким билибди?” деб фарёд солиб қолаверамиз. Токи кема сувда экан, маллоҳлар билан дарға ўз ишларини қилишлари керак бўлади. Аммо оқим бир олиб кетдими, барча уринишлар бир тийинга қиммат бўлиб қолади. Биз ҳам шундаймиз, Афина аҳли. Токи оёқда маҳкам турган эканмиз, курашга тайёр бўла оламиз ва тайёр бўлишимиз керак. Шунда иттифоқдошларимиз ҳам биздан мадад олишга ишонади. Азиз фуқаро! Аждодларимиз бизга шонли ҳуқуқни васият қолдиришган: ночорларга васийлик қилиш ва ҳимоя этиш. Бу ҳуқуқни қон билан сотиб олганмиз. Номимиз шаъни учун бу ҳуқуқни кўз қорачиғидай асрашимиз керак. Иттифоқдошларимизни ва ўзимизни қандай ва нима билан ҳимоя қилишимиз ҳақида ўйлашимиз керак!

– Бориб деворингни[4] қурсанг-чи, томоғингни йиртиб нима қиласан? – қичқирди Демосфенга оломон ичидан кимдир.

– Мана, – хўрсинди Арасту. – Уларнинг миннатдор бўлгани шу. Эҳ аттанг, нотиқ бўламан деган одамларнинг таҳқирига чидаши керак. Бу афиналикларнинг башараларига қараб, Феофраст, Демосфенни келажакда нима кутаётганини бемалол ўқиб олса бўлади.

– Ўқишга ҳаракат қилиб кўр-чи, Арасту, – илтимос қилди Феофраст.

– Албатта, бу файласуфларнинг иши эмас, аммо уриниб кўрсак бўлади… Ҳов анави ўнг томонда турган вазмин барзангини кўраяпсанми… Демосфеннинг нутқини тинглаб, нималарни ўйлаётибди? У пулларини ўйлаяпти. Қандай қилиб бойиб кетишни ўйлаяпти. Демосфен эса девор қуришга, кема ясашга, қилич қуйишга даъват этаяпти. Булар барчаси пулсиз бўлмайди-ку, тўғрими? Бу одамнинг эса пул бергиси йўқ. У Филиппнинг фуқароси бўлишга тайёр, фақат бойлиги ёнида қолса бўлгани. У таҳликали дамда Демосфенни сотиб кетади. Анави тиржайиб турган олифтани кўраяпсанми?.. Унинг дунёни сув босса тўпиғига чиқмайди. Зиёфат егани бориш учун тезроқ қош қорайишига интиқ. Агар ҳар куни кечқурун зиёфат бўлса, у ҳар қандай ҳукмдорнинг оёғини ўпишга тайёр. У Демосфен устидан чақимчилик қилишга, сахий дўстлари талаби билан бўҳтонлар ёғдиришга тайёр. Ҳа, Феофраст, Демосфенни сотадилар, у қаҳрамон сифатида ҳали кўп бўҳтонларга ва ҳақоратларга дучор бўлади. Бу афиналикларнинг башарасидан шундоқ кўриниб турибди. Шукрки, файласуфларнинг қисмати ундоқ эмас, Феофраст. Кетдик бу ердан, – деди Арасту. – Афиналикларга қарашга уялиб кетаяпман. Оломонга сира ақл кирмади-кирмади.

– Қаёққа борамиз? – сўради йигитча.

– Хоҳласанг, Илис қирғоқларида айланамиз, хоҳласанг, Акрополга чиқамиз.

– Бўпти, – деди Феофраст.

Ҳаво очиқ бўлишига қарамай, кун рутубатли эди. Афина узра тоза ва муздек шабада елар, ўзининг енгил эпкини билан юзни сийпаларди, қуёш нурлари ер узра сочилиб, ибодатхоналарнинг оппоқ мармар деворларида, тош тўшалган йўлларда ва қуюқ соя ташлаб турган дарахт шохларида акс этганча яна тубсиз осмонга кўтарилар ва қолган-қутган тафтларини ўзи билан олиб кетар эди.

Улар сўқмоқдан Илис соҳилига тушиб келишди ва хилват жой топиб, сувнинг шундоқ лабида турган дарахт соясида ўтиришди. Анҳор сокин оқарди. Унинг нариги соҳилидан, дов-дарахтларнинг қоп-қора сояси орасидан бир вақтлар вайрон этилган ибодатхонанинг бир неча устуни оқариб кўринарди. Устунлар узра дарахтлар учига илашиб қолгандай ўзининг тиниқлиги ва нафис кўриниши билан киши нигоҳини тортганча оппоқ паға булут турар эди.

– Ана сенга гўзаллик рамзи, – деди Арасту, – ғамгин ва тантанавор, абадий ва оний, латиф ва англаб бўлмас гўзаллик рамзи.

– Сен айтган гаплар бевосита инсонга ҳам тааллуқли бўлса керак, – деди йигитча.

– Инсонга дейсанми? Дарвоқе, шундай. У маъбуд олтин муҳрининг  мумдаги изига ўхшайди. Қоялар сари чопган тўлқиндаги абадий қуёш жилваси. Минглаб томчилар, минглаб қуёш акси! Янада улуғворроқ, яна тантанаворроқ! Аммо мана бу шаршара шовқини, шамол кўтарган оппоқ тўзон, дағал тошдаги нам из – кўзни қамаштирувчи зарралар ҳосил қилган ўша қуёш остида ҳаммаси ғойиб бўлади, из ҳам, у ҳақдаги ҳар қандай хотира ҳам буғланиб кетади. – Феофрастнинг кўзлари ҳаяжондан чақнаганини кўриб, Арасту жилмайиб қўйди.

– Қандай гўзал, – деди йигитча, – Нега ҳар доим шундай бўлиб қолмайди-а?

– Шеърият – ҳаётники, донолик – ўлимники. Қадимгилар шундай дейишган. Ҳолбуки аниқроғи сал бошқача бўлиши керак эди: шеърият – бандаларники, фалсафа – ўлмайдиганларники. Сен сўраётган фарқ аслида мана шунда бўлиши керак.

– Файласуф инсон ҳақида нима дейди?

– Сен билган нарсани айтади: инсон ҳаёт ва онг ато этилган жисмдан иборат. Ҳаёт нима эканини, онг нима эканини билганимизда, биз шоир бўлиб қоламиз. Булар шунчалик буюк ва гўзалдирлар. Ҳаёт абадият сари интилади ва азоб чекади, ақл абадиятга эга бўлади ва ҳузур қилади, аммо улар бирлашганларида азоб чекувчи, ҳузур қилувчи, ўладиган ва ўлмайдиган, севадиган ва нафрат қиладиган, бағритош ва меҳрибон, фоний ва боқий инсон вужудга келади…

– Муҳаббат – бу ҳаётнинг абадият сари интилишими? – сўради Феофраст. – Муҳаббат ўлимни бартараф этади, онг эса уни топади. Муҳаббат – онгнинг ўлими, онг эса – муҳаббатнинг ўлимими? Нима учун маъбудлар қўшилмайдиган нарсаларни бир-бирига қўшганлар?

– Мўъжизали ишларни қилиш фақат маъбудларга буюрилган, – кинояли жилмайди Арасту. – Уларнинг нега бундай қилишлари ҳақидаги саволга фақат уларнинг ўзлари жавоб бера олади.

– Ҳа!– деди йигитча. – Ҳа! – Унинг чеҳрасида шундай бир чирой, шундай бир ҳаяжон зоҳир бўлдики, Арасту буни биринчи марта кўриб турарди.

– Эҳ Феофраст, Феофраст! – деди Арасту. – Сенга ҳавасим келади: ёшлигимни абадият ҳақида ўйлаб ўтказдим, ҳолбуки сенга ўхшаб ўзимда муҳаббатни намоён этишим керак эди… Севгига бўлган муносабатига қараб одам қарийди. Аммо онгга қараб ҳеч қачон қаримайди. Демак, ёшлик муҳаббатнинг бир шакли экан…

– Ҳа! – деди Феофраст – Ана, Помпил билан Герпиллида ҳам келиб қолдилар.

– Ол хазинангни, Арасту, – деди Помпил Герпиллидага қараб қўйиб. – У келадиган эмасди. Сен уни севмай қўйган эмишсан, чунки ярим йилдан буён унинг сандиқчасидаги ашқол-дашқоллар битта ҳам кўпаймабди.

– Унга қулоқ солма, – қўлини силкиди Герпиллида. – Қилган меҳнати учун бир эмас, икки драҳма ундирмоқчи бўлган унинг ўзи-ку. Мен эса сени севаман, Арасту.

Дарё бўйи салқинлашиб қолгандан кейин улар Акрополга, Парфеноннинг олтинранг мармар биноси олдига кўтарилишди.

– Мана шу ерда тўхташ керак, – деди Герпиллидага Арасту, унинг қўлидан тутаркан. – Айнан мана шу ерда, токи Парфенон, Эрехтейон, Афина ва бошни мана бундоқ бурганда Одеон ва улар устидаги осмон кўриниб турсин, Афина Промахос найзасининг олтин учи иккинчи қуёш бўлиб кўзни қамаштирсин. Шу ерда тўхташ керак. Шунда барча чизиқлар, барча сонлар, – у Герпиллиданинг қўлини қаттиқроқ қисди, – барча муносабатлар ва мутаносибликлар, барча ранглар ва ёруғлик маркази, боши ва охири, манбаси ва жамланган жойи инсон ҳисобланмиш ўша улуғвор ва энг мукаммал уйғунликни ташкил этади. Биз айнан шу ерда тўхтадик. Ва айнан биз буни ҳозир тасаввур этиб турибмиз, – деди у овозини пасайтириб. – Гектин, Калликрат ва Фидий[5], Аттика замини ва осмон, ўтмишга қаратилган вақт ва келажакка қаратилган вақт бу ерда ўзларининг маркази қилиб инсонни танлаганлар. Нуқтани эмас, маконни эмас, балки ўз мувозанатида борлиқ оламни тутиб турган инсонни танлашган.

– Сўзларингдан баданим жимирлаб кетди, – деди Феофраст. – Аммо бунга қандай ишониш мумкин? Дунё мувозанати марказини қандай ҳисоб-китоб қилиб чиқиш мумкин?

– Сен буни сезмаяпсанми? Сен ўлсанг, булар бари ҳалок бўлишини, сенинг кўзинг қамашса, ҳамма нарса зулмат қаърига маҳв бўлишини, бу уйғунлик ҳақида ўйлашдан тўхтасанг, барча алоқалар тит-пит бўлиб кетишини, оғзингга талқон солиб олсанг, барча маъбудлар ўлишини ҳис қилмайсанми? Дунёнинг мана бу учида – сен мувозанат марказисан, нариги учида эса – ҳамиша зийрак онг.

– Бунақа нарсаларни ўйласам, қўрқиб кетаман, – шивирлаб деди Феофраст.

Герпиллида юзини Арастунинг юзига босди. Сўнг ортга чекинди ва тескари ўгирилиб қўллари билан юзини беркитди.

– Нима бўлди? – ҳайрон бўлди Арасту, унга яқин бориб. – Нимадан бундай ҳаяжонга тушдинг?

– Сендан, – жавоб берди Герпиллида юзини очмай. – Мени айрилиқ кутмоқда.

– Ким билан айрилиқ? – сўради Арасту.

– Сен билан. – У Арастуга бир қараб қўйди-да, чопиб кетди.

– Тўхта! Қаёққа? Шошма! – ортидан қичқирди Арасту. – Шошма!

Бироқ Герпиллида қайрилиб ҳам қарамади ва кўп ўтмай Пропилей устунлари ортида кўздан ғойиб бўлди.

Кекса Тимон жуда заифлашиб қолганди. Ҳозир ҳам эринмаган бандагина яқин бориб уни базўр кўра олар эди. Айнан шу нарса бекорчи афиналиклар учун уни янада бефаришта қилиб кўрсатиб қўйганди: бир карра кўришдими, тамом, шарти кетиб парти қолган қарияни яна бориб кўришдан қўлларини ювиб қўя қолишарди. Боз устига Тимон аввалгидек одамлар билан суҳбатлашмас, юзини қуёш томон беткай қўйганча тош устида миқ этмай ўтирар ва чақирган овозга қайрилиб боқмасди. Унга жуда яқин борган ва қайта-қайта саволлар беравериб жонига текканларга у ҳамон кўҳна қабристон харобаларида тўлиб-тошиб ётган тошларни ғириллатарди. Икки одамни у, афтидан, қадам товушидан биларди: Афлотун ва Арастуни. Улар саломга оғиз жуфтлагунча бўлмай у пешвоз чиқиб келар ва улар томонга юзланганча кутиб оларди.

– Арастумисан? – сўради Тимон файласуф унга яқин келиб қолганида.

– Ҳа, Тимон.

– Салом, Арасту.

– Салом, Тимон. Мен сенга саватда овқат олиб келдим, бунда анжир, бўғирсоқ, мусаллас бор. Қани. Еб ол, ош бўлсин.

– Миннатдорман, Арасту. Ерга қўй. Аммо келганингдан ўн баравар миннатдорман.

– Афинага қайт, Тимон, – таклиф қилди Арасту. – Меникида яшайсан, у ерда ҳар доим нон ва мусаллас топилади сенга. Сен энди кексайиб, кучдан қолгансан. Бу ерда совуқ тунларнинг бирида жонинг узилиши мумкин…

– Ҳайвонлар чўлда, ўрмонда ўладилар, одамлар билан уларнинг иши йўқ, одамларнинг ҳам улар билан иши йўқ. Хуллас, сен айтган нарса табиатга зид эмас.

– Табиатга зид эмас, – унинг гапини маъқуллади Арасту овқатли саватни Тимоннинг оёғи остига қўяркан. – Аммо инсон табиатига зид. Сени ҳеч ким шаҳардан ҳайдаб солган эмас, сен бўлсанг қувғиндилардай ўлиб кетмоқчисан.

– Мен ўлмоқчи эмасман, Арасту, – эътироз билдирди Тимон. – Қайтанга мен сени ҳайдаб солдим. Йўқ, мен Афинани мулкларимдан ҳайдаб солдим. Хўш? Топиб айтдимми, Арасту? Сўзларимда ҳали ҳам мазмун йўқ эмас-а? – мийиғида кулди Тимон.

– Шундай.

– Нега Афлотун келмаяпти? – сўради Тимон. – У мени бутунлай эсидан чиқариб юборди. Ёки тафаккур шамширини қайрайдиган тошга ортиқ эҳтиёжи қолмадими?

– У бетоб, – жавоб берди Арасту. – У сенга ўхшаб кекса ва бетоб, Тимон.

– Дононинг ҳам, нодоннинг ҳам қисмати битта: ўтиб кетиш ва унутилиш, – хўрсинди Тимон.

– Мен узоқ сафар олдидан сен билан хайрлашгани келдим, – деди Арасту.

– Ердаги барча сафарлар қисқа. Бизни Аидга[6] олиб кетадиган сафаргина узоқ. Хўш, йўл бўлсин энди, Арасту?

– Пеллага, Тимон. Филипп Мақдунийнинг ҳузурига. Элчи бўлиб кетаётибман аъёнларим билан…

– Ҳа-а, – кулимсиради Тимон. – Сен ҳам киборлик орзуларига ошуфта бўлибсан-да. Сен ҳам Афинанинг ва бутун Элладанинг халоскори бўлмоқчи бўлибсан-да. Нега, Арасту? Шаҳарлар ва давлатларнинг ҳам умри бор. Мана, Афинанинг умри тугай деб турибди… Филиппнинг ҳузурига боришни ким маслаҳат берди?

– Виждоним, – жавоб берди Арасту.

– Туф!  – тупурди Тимон. – Ортиқ гапирма!

Аммо Арасту гапида давом этди:

– Мен Филиппни билардим. Биз болаликда ва йигитлик паллаларимизда дўст эдик. У жиззаки ва қўпол, гап бойлик ва шон-шуҳрат ҳақида кетганда нафси ҳакалак отади. У кам ўйлайди, чунки умри қилич ўйнатиш билан ўтади. У бирин-кетин юнон шаҳарларини босиб олмоқда, жондек Стагирамни вайрон қилди. “Олтин эшакка эллинларнинг ҳар қандай шаҳри дарвозасини очади”, деган гап ўшандан қолган.

– Тўғри айтибди, – кулиб юборди Тимон. – Шундай замонлар келадики, Арасту, саркардалар шаҳар ва мамлакатларни босиб олмайдилар, балки сотиб оладилар. Худди қўй ва эшакларни сотиб олгандай… Сен нима қиласан, Арасту? Филиппни нима билан ва нимани деб тўхтатиб қоласан?

– Барча эллинлар сажда қиладиган нарсани вайрон этиб бўлмайди, Тимон. Афина бўлмаса, Эллада бўлмайди. Ҳар бир эллин – бу энг аввало Афина, гўзаллик, донолик ва асрлар оша бу ерда, Афинада қарор топган қонунлардир. Афинасиз эллинлар ваҳшийларга айланадилар. Уларнинг ҳикмат, илм ва санъатини ҳеч ким бир чақага олай қўяди, ҳеч ким, Тимон, эллин деса ҳамма юз ўгирадиган бўлади, ҳеч ким уларнинг маъбудларини писанд қилмайди…

– Нима бўпти? Нима бўпти, Арасту?

– Сен ё эллин эмассан, Тимон, ё буюкларимиз устидан кулаётибсан.

– Филиппга нима дейсан? – сўради Тимон.

– Турли далил-исботлар билан унинг ҳовурини туширмоқчиман.

Тимон индамади. Арасту изоҳлади:

– Афиналиклар уни куч билан енгмасликлари керак, чунки бундай кучнинг ўзи йўқ, уни ақл билан енгиш керак.

– Қандай қилиб?

– Филиппнинг ўзини ақлли, ҳақиқий эллин қилмоқ керак, гўзал Элладанинг ҳомийси ва ҳимоячисига айлантирмоқ керак.

– Кеч, – деди Тимон. – Кеч, чунки эллинлар ақлдан жудо бўлганлар, Филипп эса қудратли бўлиб олган. Афиналикларнинг ўзлари Филиппнинг  қўлига қилич берди. Бунинг учун Ификратдан[7] миннатдор бўлсинлар.

– Модомики, Филипп Афина қиличини олишга азм қилган экан, Афина ҳикматини нега олмасин?

– Ўзинг айтдинг-ку, у кам ўйлайди, умри қилич ўйнатиш билан ўтаяпти деб.

– Барибир унинг қошига бораман, – деди Арасту. – Демокрит хотинингдан маслаҳат сўрагин-да, айтганининг тескарисини қил, деган. Афиналиклар сенинг маслаҳатларингга ҳам шундай қараш керак дейишади: сен ҳақиқат шамширини қайрайдиган тошсан.

– Афлотун нима маслаҳат берди сенга? – сўради Тимон. – Албатта, Филиппнинг ҳузурига боришинг керак дегандир.

– Ҳа, у фалсафа гўзалгина эмас, фойдали ҳам бўлиши керак, деди.

– Кекса хаёлпараст, тузатиб бўлмас хаёлпараст! У одамларни лафз йўлга солди, деган гапга ҳали ҳам ишонади. Аслида одамларни очлик йўлга солади. Қўлидан қурол олганга Филипп ош-нон беради, эркин афиналиклар эса қўлида бир бурда нони бўлган ҳар қандай одамни талайдилар… Мана сенга ҳақиқат, Арасту.

 

…Ҳар доимгидек, Ксенократ хомуш ва тунд эди. Илгари сукутга бир соат бағишлаган бўлса, энди кун бўйи чурқ этмасди. У муттасил кеч келарди: элчихона ходимларининг барчаси оёққа турганида, у ухлаб ётар, ҳамма уйқуга кетганда эса, у ҳали ҳам ўзининг йўл анжомлари билан овора бўлар, чироқ ёруғида ўтириб олиб, нималарнидир пишиллаб ғудранган ва бошқаларнинг ухлашига халақит берганча ёзгани-ёзган эди. У секин овқатланар, секин юрар, секин гапирар, бир тўхтамга секин келарди, гоҳида эса умуман бир тўхтамга келмай, елка қисиб қўяр ва сукут сақларди.

Пеллага, Филиппнинг ҳузурига йўл олган элчихона аъзолари Ксенократдан норози эдилар; ундан нолирдилар, кўпинча ўзаро гаплашганда улар билан бирга афиналиклар Ксенократни юбормасликлари керак эди, ахир унинг тепса тебранмас эшак ва тилсиз ҳайкалдан нима фарқи бор, дер эдилар.

Фақат Ксенократнинг одатларини азалдан яхши билган Арастугина унга дўстона муомалада бўлар ва бошқалар олдида уни ҳимоя қилар эди, йиғинларда ёрдам берарди, шоширарди, бошқалар бош тортганда, у билан суҳбатлашарди. Афлотун Ксенократ ҳақида уни доим ниқтаб турмаса бўлмайди, дер эди ва Арасту унинг учун шу ниқтов бўлиб хизмат қиларди. Арасту ҳақида эса Афлотун унга жилов уриш керак дерди. Арасту учун шундай жилов Ксенократ эди. Арасту Ксенократни ҳатто яхши кўрарди. Ксенократнинг очиқкўнгиллиги, мустақиллиги ва ҳалоллиги унга ёқарди. Унга ёқмайдиган томони Ксенократнинг мудом тунд юриши эди. Афлотун ҳам шу иллатини унга эслатган пайтлари бўлганди ва: “Хариталарга садақа бер, Ксенократ! Токи улар сенинг қовоғингни очиб, одамбашара қилиб қўйишсин”, дерди.

Афлотун бетоб бўлгандан буён Арасту бошқа ҳеч ким бу сўзларни Ксенократга айтишга ботинолмасди. Арастудан бошқа ҳеч ким билан Ксенократ дардлашишни эп кўрмасди.

Афинадан Пеллагача бўлган йўл узоқ эди. Афиналик элчилар дам олгани кўплаб шаҳарларда тўхташди. Сафарнинг дастлабки кунларида Филипп билан бўлажак учрашувларга оид суҳбатлар жонли ва узун бўлар эди. Сафар охирига келиб, улар камдан-кам ва руҳсиз кечадиган бўлиб қолганди: Филипп ҳақида, Мақдуния ҳақида гапиравериш ҳамманинг жонига текканди, ҳеч ким биронта янги гап айта олмас ҳам эди – ҳамма кўнглидагини айтиб бўлганди. Фақат Ксенократ бундан мустасно эди.

Ойдин кеча. Ксенократ ва Арасту афиналик элчилар тунаган, қўнган уй ёнида, боғда ўтирар ва Олимпнинг ойдинда олисдан оқариб кўриниб турган чўққисини томоша қилар эдилар. Одатдагидек, иккаласи ҳам жим эди.

Чигирткалар чирилларди. Боғнинг тош девори устидан югуриб ўтган тунги калтакесаклар майда тошчаларга урилиб кетар, тошчалар қоронғида шитирлаб, ўтлар устига тўкиларди. Ҳали қош қораймай чиққан ой энди ғарбда, Олимпнинг устида осилиб турарди. Тоғ чўққиси товланиб турса-да, этаги зим-зиё қоронғулик ичида эди. Ой ҳам, Олимп ҳам осмонда сузиб юрганга ўхшарди.

– Маъбудлар ҳақида ўйлаяпсанми? – сўради Арасту Ксенократдан, жавоб олишга заррача умид қилмасдан. Сўраганининг боиси шу эдики, унинг ўзи аждодлар шу тоғ чўққисига жойлаган маъбудлар ҳақида хаёл сураётган эди; чўққининг эртакнамо гўзаллиги ва ойдин кечаларда ундан чиқадиган сирли ёғдуларни кўриб, одамлар ҳайратдан ёқа ушлаган бўлишса, ажаб эмас.

– Йўқ, – деди Ксенократ. – Мен Филипп ҳақида ўйлаяпман.

– Оббо! – ҳайрон бўлди Арасту. – Нималарни ўйлаяпсан у ҳақда?

Ксенократ узоқ сукут сақлади ва Арасту саволини такрорлашга оғиз жуфтлаган ҳам эдики, Ксенократ тилга кирди:

– Мен унга: “Афинага кўз олайтирма! Сен у ерда дўст тополмайсан!” дейман.

– Бори шуми?

– Бори шу, – хўрсинди Ксенократ.

– Аммо Афинада Филиппнинг дўстлари йўқ эмас, – эътироз билдирди Арасту. – Филипп Афинанинг душмани бўлганидан, дўсти бўлгани тузук. Дўстлик – душманликдан кўра ҳамиша яхши. Шундай эмасми?

– Шундай эмас, – жавоб берди Ксенократ. – Қарға калхат билан, каптар мушук билан, қўзичоқ бўри билан, доно нодон билан, яхши одам ёвуз кимса билан дўстлашолмайди…

– Бу шу пайтгача сен айтган барча жумлалардан энг узуни бўлди, Ксенократ, – кулди Арасту.

– Гапни бурма, – жиддий оҳангда деди Ксенократ. – Ёки ўткинчи тинч­ликни деб озод Афинани Филиппга сотишга тайёрмисан? Мен сизларнинг суҳбатларингизни эшитдим. Сизлар Филиппдан инсоф қидираяпсизлар, аммо ичингиздан биронтангиз Афина тақдири учун чинакамига куйиб-пишмаяпсиз.

– Демосфен билан қачон дўстлашиб қолдинг? – сўради Арасту.

– Ҳақиқат билан қачон хайр-маъзур қила қолдинг? – ўз навбатида сўради Ксенократ.

Ксенократ ва Арастуни Академиядаги йигирма йил, Афлотун, фалсафага муҳаббат, Гермий билан дўстлик бирлаштирса, Филипп уларни ажратган эди.

Арасту Академия ҳақида, энди унинг схолархи Спевсип бўлгач, гарчи Афлотун ҳам ҳаёт бўлса-да, Арасту ортиқ Кефис соҳилига боришни хоҳламаслиги ҳақида, уни Атарнеяга таклиф қилаётган Гермийни тез-тез эслаётгани, агар Ксенократ майли деса улар ўша ёққа, Гермий қаноти остига бирга боришлари мумкинлиги-ю, ўз мактабини очиши ҳақида сўзлаб кетди.

– Мен ҳозир кўпроқ шулар тўғрисида ўйлаяпман, – тан олди Арас­ту. – Уйланиш ҳақида ўйлаяпман. Гермий жияни Пифиадани менга тан маҳрамликка беришни ваъда қилган. Мен ҳам бир вақтлар унга уйланаман деб қўйган эдим…

– Филиппга сен нима дейсан? – сўради Ксенократ.

– Эй маъбудлар! – деди Арасту. – Мен Филиппнинг эсдан чиқарай дебман-ку! Дарвоқе, сен билан нима ҳақида гаплашаётган эдик, Ксенократ? Наҳотки Филипп ҳақида бўлса?

– Аввал саволимга жавоб беришинг керак! – талаб қилди Ксенократ.

– Яхши, яхши! – аччиғи чиқди Арастунинг. – Мен Филиппга ҳар бир эллин учун муқаддас ҳисобланган Афинани эсингдан чиқар дейман.

– Зўр, – деди Ксенократ скамейкадан кўтарилар экан. – Албатта шундай деб айт. Атарнеяга эса сен билан бирга бораман, аммо Афлотун ўтгандан кейин. Спевсип жонимга тегиб кетди.

Пеллагача икки кунлик йўл қолганди.

Арастунинг келганидан Филипп чин дилдан суюнди. У билан қучоқлашиб кўришди, кўксига босди. Унинг шарафига зиёфат берди, мусаллас дарё бўлиб оқди, дастурхонларга ноз-неъматлар сиғмай кетди. Арасту менинг қадрдон ва азиз дўстим деб ҳамманинг кўз ўнгида бор овозини қўйиб гапирар, аския қилар, тинмай кулар ва кўкрагига уриб мақтанар эди. Афина элчиларининг келиши шарафига бағишланган тантаналар бир неча кунгача давом этди. Шундай кунларнинг бирида Арастуни қучоқлаб, Филипп уни энагалар ўғли Александрни ўйнатиб юрган боққа олиб чиқди.

– Қара, – ўзини босолмай деди Филипп, ўғлини кўрсатиб. – Бу менинг меросхўрим. У мендан кўра ақллироқ ва кучлироқ бўлади. Ақлли дейишимнинг сабаби шуки, унинг устози сен бўласан, Арасту, кучли деганим боиси шулки, мен унга қудратли давлатни ва ундан-да қудратли қўшинни қолдираман.

Саккиз яшар Александр ўйинчоқ қиличи билан ўт ва гулларни чопар экан, бир зарб билан бир нечта гулни ёки йўғон пояни чўрт узганида, мақтов кутиб кўз қири билан отасига қараб қўярди…

– Бу ёққа кел-чи, Александр, – чақирди болани ота.

Александр қиличини қинга солди-да, катталарнинг олдига чопиб келди.

– Бу машҳур файласуф, – Филипп унга Арастуни таништирди. – У Афинадан келган.

– Биламан, – Александр меҳмонга тик қараб қўйди. – Сен Арастусан.

– Ҳа, – жавоб берди Арасту, Александрнинг нигоҳи ёшига нисбатан оғир ва пурмаънолигини ўзича қайд этиб. – Сен эса Александр…

– Александр Мақдуний, – Арастунинг гапига тузатиш киритди тахт вориси, – Сен билан суҳбатлашиб, Афина ҳақидаги ҳикояларни тингламоқчиман. Ундан кейин, одамлар яшайдиган ернинг катталиги қандайлигини билгим келади.

– Буни билиб нима қиласан? – сўради ўғлидан Филипп.

– У жудаям кичкина эмасмикан деб қўрқаман, – жавоб берди Александр. – Сиз, отажон, мен қўлимга қилич олгунимча уни забт этишга улгурасиз.

Филипп қорнини ушлаганча қаҳ-қаҳ уриб кулди. Кейин Арастудан бир неча марта қайталаб сўради:

– Қалай бизнинг ўғилча? Ақлли-а, тўғрими?

– Ҳа, – босиқлик билан жавоб берди Арасту. – Ҳа, у ақлли. – Шундай деди-да, Филипп билан асосий масалани муҳокама қилиш мумкин бўлган кун ва соатни кутиб қолди.

Филипп эса гўё шу муҳокамадан қочгандек Арасту билан суҳбатни жиддийлаштириб ўтирмади, унинг кўплаб саволларини бу қулоғи билан эшитиб, наригисидан чиқариб юборар экан, ўзи ва қадрли меҳмон учун тинмай мусаллас буюрар эди. Филипп унга отхонасини, аскарларини, хазиналарини кўрсатди, ўйингоҳда элчилар шарафига машқ мусобақалари уюштирди, театрда томоша ташкиллаштирди, у ерда ҳам машшоқлар, хонандалар ва шоирлар ўз ҳунарлари билан мусобақалашдилар.

– Шодиёналар ҳам одамни чарчатар экан, – тан олди Арасту Филипп­нинг хилватда у билан гаплашишдан атайлаб ўзини олиб қочаётганини англаб. – Аполлон байрами ва Афлотуннинг туғилган куни яқинлашиб келаяпти… Мен Афинада бўлишим керак. – Шундай дея у Филиппга саволомуз қараб қўйди.

– Бўпти, – мийиғида кулди Филипп. – Бўпти, дўстим, – такрорлади у хўрсиниб. – Менинг истагим битта: бутун Эллада қўшинига қўмондонлик қилиш, уни ёмон кўрганим форсларга қарши жангга ташлаш; улар менга зимдан қотилларини юбориб, шарқдаги мамлакатимга сира тинчлик бермаяпти. Бунда менга маъбудлар ёрдам беради. Улар ақллидирлар, Арасту, мени Афинани вайрон этишга гиж-гижламайдилар… Бор гап шу, Арасту. Сен берган саволларга, қилган илтимосларингга ва огоҳлантиришларингга берадиган бор-йўқ жавобим шу. Демосфенга айт, бозорчи шаллақиларга ўхшаб сўкинавермасин, исмимни булғаламасин. Бизларнинг тақдиримиз маъбудлар қўлида. Аммо сенга ишониб топширадиган бир вазифам бор, Арасту, – ўғлимнинг тарбияси… Мен йўл қўядиган хатоларимни шу билан тузатишинг мумкиндир, балки. Имкон топганингда келгин…

 

Афинада Арастуни иккита қайғули хабар кутмоқда эди, Афлотун шогирдининг қайтиб келишини кутмасдан вафот этганди, севимли устозининг қайтиб келишини кутмасдан Феофраст ҳам кетиб қолганди. Спевсип Арастуга деди:

– Афлотун ўзининг туғилган куни шарафига уюштирилган базми жамшидда ҳаётдан кўз юмди.

– Феофраст нега Академияни тарк этди? – сўради Арасту.

Спевсип бир нарсани қидиргандек индамай экседрада кезинарди, сўнг Арастунинг олдига келди-да, унинг кўзига қараб деди:

– Тўғрисини айтсам, Феофраст мени севмасди ва мендан қўрқарди. Мен схоларх бўлганимдан кейин эса…

– Навбат менга келгани кўриниб турибди, – деди Арасту.

– Энди Афлотун йўқлигида сен Академияни ташлаб кетолмайсан! – эътироз билдирди Спевсип. – Мен Афлотунга сўз бергандимки…

– Нима деб сўз бергандинг?

– Гарчи мен схоларх бўлсам-да, Академиянинг ақли – сенсан, Арасту. Жон бераётиб Афлотун шундай деди.

– Йўқотишлар донишмандларни руҳий чўққиларга кўтаради, Спевсип. Сендан миннатдор эмасман, аммо сенинг ақлимга бўлган ишончингни қадрлайман, – деди Арасту.

Улар қучоқлашишди. Қайғунинг хусусияти шунақа – у одамларни яқинлаштиради. Аммо қайғу ўтиб кетади.

 

 

Бешинчи боб

 

Митилена. Феофраст

 

Арасту ва Ксенократ ҳали қуёш чиқмасдан аввал савдогар Лахетнинг кемасида Пирейни тарк этдилар. Савдогар Лесбос оролига зайтун ёғи олиб бораётган эди. Улар икки ҳафта денгизда сузиб, учинчи ҳафтада Митиленага етиб келишди. Бу ерда уларни ярим йил аввал Афинадан Лесбос оролига келган Феофраст кутаётган эди.

Феофраст гоҳ Арастуни, гоҳ Ксенократни қучоқлар, бахтиёрлигидан боши осмонда эди. У ҳаяжонланиб, азиз устозларини қаёққа ўтказишни, нималар билан меҳмон қилишни ўйлаб жони ҳалак эди. У меҳмонларга меҳр кўрсатиб, шодлигидан кўзига ёш олди.

– Ўтган ой Лесбосга келган кемада, устоз Арасту, сизнинг мактубингизни олиб келишган эди. Ксенократ икковингиз Митиленага бориб қоламиз, деб ёзибсиз. Ўшандан бери ҳар куни соҳилган келиб, сизларни кутаман. Ҳар куни… – Феофраст шодлигидан нима қилишни билмай, яна меҳмонларни қучоқлар эди.

Аммо, афсуски, Феофраст устозлари билан суҳбатга тўймай қолди. Меҳмонлар уч кунгина бу ерда бўлиб, тўртинчи куни, ҳаво очиқлигида Атарнеяга, Гермий ҳузурига йўл олдилар. Атарнея бу ердан унчалик узоқ эмас, ҳаво очиқ пайтларда соҳили кўриниб ҳам туради.

Арасту ва Ксенократ Атарнея ва Асс мустабиди Гермий юборган триерада йўлга чиқдилар. Уч қатор эшкакчилар бошлиғи – триерарх ёрдамчисига секин буйруқ берар, ёрдамчи баланд овозда эшкакчи қулларга буйруқни етказар, улар най жўрлигида эшкак эшар эдилар. Триеранинг тумшуғидаги мис зирҳли таран учи қуёшда ялтирарди.

Кема палубасида Арасту ва Ксенократ учун иккита юмшоқ курси ва стол қўйилган, столдаги дастурхонда сархил ноз-неъматлар муҳайё эди. Тўрт қул оқ парда тутиб, меҳмонларни қуёш тиғидан асраб турар эдилар. Иккита ёш канизак дастурхонга мевалар, таомлар қўяр, хумдондаги Лесбос майига асал ва сув аралаштириб турар эдилар

Арасту ва Ксенократ Афинани тарк этишдан афсусланмаётган эдилар. Афлотун вафотидан сўнг Академияга схоларх бўлиб олган такаббур ва ҳовлиқма Спевсип  ўзини Афлотундан кейинги биринчи файласуф деб билар, муаллим ва талабаларга қўпол муомала қилар эди. Илм-фанда Спевсипга нисбатан Арасту ва Ксенократ анча кучли эдилар[8].

Афиналиклар Ксенократни Пеллага элчилар қаторида борганида музокараларда фаол қатнашмади, нутқлари билан Филиппга таъсир кўрсатмади, умумий суҳбатларда иштирок этмади, давлат маблағини совурди деб айблади. Бу айбловларни ноҳақ деб билган Ксенократ бунга қарши шундай деди:

– Элчилардан кимлар унинг пулига учиб сотқинлик қилганини подшоҳ Филиппнинг ўзи яхши билади. У мени ҳеч бир бойлик билан гапига кўндиролмаганини ҳам билади.

Арасту дўсти Ксенократни ҳимоя қилди, ундан айбловни олиб ташладилар, лекин у афиналик давлат арбобларидан хафа бўлди ва ўз юрти Халкедонга қайтишга қарор қилди. Аммо Арасту уни Атернеяга, Гермий ҳузурига бирга боришга кўндирди. Арасту Афинадаги уйини сотди, қулларидан фақат Тиманф ва Нелейни олиб қолди. У Нелейни Эвбеяга яқин Каристада кемадан тушириб, марҳума онасининг уйида яшаётган синглисиникига жўнатди. Камгап, “соқов” Тиманф эса кетишларидан уч- тўрт кун аввал вафот этди. “Энди мени ҳеч ким гапиртиролмайди” – унинг сўнгги сўзлари шундай эди.

Ксенократ дўсти Арастуга гумонини айтди:

– Гермий ўша биз билган Гермийми, ё мустабид бўлиб, ўзгариб қолганмикин? Дўстлигимизни унутмаганмикин? Мустабид бўлган одам софдиллигини йўқотади одатда. Дўстларни эслаш бошқа, дўст бўлиб қолиш бошқа…

– Борганимизда кўрамиз, – деди Арасту. Унинг ҳам кўнглида шундай гумонлар бор эди. – Замона ҳам одамларни ўзгартиради. Мабодо у ўзгариб қолган бўлса ҳам ажабланмаймиз.

 

Дўстларини кутиб олиш учун Гермий бир кун аввал Атарнеядан Ассга келди. У дўстларини сабрсизлик билан кутарди. Бутун Эллада донишмандларининг етакчилари сифатида шон-шуҳрат қозонган Арасту ва Ксенократнинг келиши фуқаролари олдида Гермийнинг ҳам шуҳратини оширар ва унга кўп шодликлар келтирар эди. Одатда мустабидларнинг дўсти бўлмайди, аммо Гермийнинг дўстлари бор эди. Одатда мустабидлар билан ҳеч ким баҳслашмайди. Гермийнинг дўстлари у билан баҳслашар эдилар. Одатда мустабид ҳеч кимдан, ҳеч бир байрамдан хурсанд бўлмайди. Гермий учун эса дўстлари Арасту билан Ксенократнинг келиши хурсандчилик, чинакам байрам эди. Гермий фармони билан Ассда азиз меҳмонларга кенг, ҳашаматли уй, Арасту ва Ксенократ талабалар ва дўстлари билан суҳбат қилиши учун ўриндиқлар қўйилган сокин хиёбонлари бор катта боғ тайёрлаб қўйилган эди. Гермий давлат ишидан бўшаган вақтларида бу ерга келиб, дўстлари билан юксак ва мангу масалалар ҳақида суҳбатлашмоқчи эди. У дўстларини Атарнеядаги саройига ҳам таклиф этиш ниятида эди албатта, аммо давлат ишлари билан уларни кўп чалғитмоқчи эмасди. Ассда эса майда икир-чикирлар, турли ўткинчи ташвишлардан йироқ соф руҳ учун қизиқарли мангу фалсафий масалалар муҳокама қилинар эди. Афлотун Академиясини Афинада ботаётган қуёши бу ерда – Ассда чарақлаб чиқиши учун Арасту ва Ксенократнинг донишмандлик мактаби очилмоқда эди.

Гермий кўпчилик мулозимлари, амалдорлари билан Асс бандаргоҳига келиб, кемадан тушаётганида халойиқ жўр бўлиб, уни шарафладилар:

– Гермийга шон-шарафлар! Германийга шон-шарафлар!

Кўп ўтмай Арастуни ва Ксенократни олиб келган триера Асс бандаргоҳига бир стадий яқин келиб қолганида икки донишмандни оломон жўр бўлиб шарафлади.

Келган кема зинаси олдида меҳмонларни кутиб турган Гермий ҳокимлиги, улуғлиги эсидан чиқиб, зинадан югуриб палубага чиқди ва дўстларини қучоқлаб кутиб олди. У хурсандлигидан ҳам кулар, ҳам йиғлар эди…

– Паҳлавон бўлиб кетибсан, – деди у Ксенократни қучоқлар экан. – Жиддий қарашингдан қўрқиб кетдим…

– Сен бўлсанг жуда озиб кетибсан, рангинг оқарган, касалмисан?

Гермий бу гапга хафа бўлмади. У Арастуни қучоқлар экан:

– Сен ростдан Арастумисан? Кичкина бола эдинг, энди эса бутун Элладага шон-шуҳрат келтирган донишманд бўлибсан, қойилман, – деди.

– Соҳилга тушайлик. Бизга мулкингни кўрсат, – деди Арасту ҳам уни қучоқлаб.

Бандаргоҳдан хизматчилар Арасту ва Ксенократни иккита замбилга ўтқазиб, кўтариб борардилар. Гермий эса юганларининг тилласи қуёшда ярқираган ўз отида уларнинг ўртасида борарди.

Гермий бу йўлни Гомер қандай таърифлаб ёзганини эслатди:

– Гомер “Ассга қараб юрсанг, ўлим чегарасига тезроқ етасан”, деб ёзган. Отахон Гомер бу тик йўлдан ўзи юрган бўлса керак, уни лаънатлабди. Сизлар ҳам, дўстларим, вақти келиб мени лаънатласангиз шон-шуҳратим янада ошарди. Асс сизларнинг келганингизни шарафлаб, байрам қилмоқда.

Ростдан ҳам шундай эди. Гермий меҳмонларни қаерга бошлаб борса, уларнинг шарафига томошалар, ўйинлар ўтказилди. Кутилмаганда Арас­ту касал бўлиб қолди. Қорнида кучли оғриқ пайдо бўлди. У Тиманфдан ўрганиб олганидек, ўзига шифобахш гиёҳлардан дамламалар тайёрлади. Гермий унга ўзининг табибларини юборди, аммо Арастунинг дардини Гермийнинг жияни Пифиада даволади.

Пифиада чўрилари билан кириб келганида Арасту боғдаги ёнғоқ дарахтининг соясида ётган, қорни оғриётган эди.

– Хайрэ, Арасту, – деди қиз бемор ётган жойда тўхтаб. – Мен, Пифиада, сени кўришга ва соғлигингни сўрашга келдим. Гермий айтдики…

Арасту қизнинг гўзаллигидан ҳаяжонга тушиб, тили калимага келмай қолди. Қиз сўзини давом этди:

– Гермий айтдики, у сенга берган ваъдасини унутмабди.

– Қанақа ваъдасини?

– Билмадим. Буни менга айтмади, – кулиб, деди Пифнада ва беморга яқин келиб, кўзини катта очиб қаради. – Сен, Арастусан, тўғрими?

– Тўғри. Сен ўзинг кимсан?

– Мен Гермийнинг жияни Пифиадаман.

– Ёшинг нечада? Сир бўлмаса?

– Гуллар фақат очилганда чиройли. Қизлар ҳам фақат гул очган ёшлик чоғида чиройли бўлади. Ўзинг неча ёшдасан?

– Файласуфлар қаримайди, мангу ёш бўлади.

– Мен сенинг уйингни, боғингни кўрмоқчиман. Файласуфлар уйи деганлари шу ердами?

– Ҳа, шу ерда. Тўғри айтишибди.

Қувноқ қиз билан боғда ва турли хоналарда айланиб юришганида Арас­тунинг оғриғи ўз-ўзидан йўқолди. У касаллигини эслаганида аллақачон соғайиб қолган эди.

Пифиада Файласуфлар уйига яна бир неча марта келиб кетди. Ҳар келганида Арасту:

– Гермий қани? Нега келмаяпти? Уни кўрсанг айтиб қўй. Мен унинг ваъдасини бажаришини сабрсизлик билан кутаман, – дерди.

Қиз амакисининг ваъдаси Арастуни унга уйлантириш эканлигини билиб олган эди. Пифиада тақдиридан хурсанд, буюк донишманднинг севимли ёри бўлиш улкан бахт эди. Арасту уни севиб қолган, қиз ҳам уни севарди.

Ксенократ дўстининг севгилиси билан овора бўлиб, фалсафани ташлаб қўйишини истамасди. Лекин дўстига гапи таъсир қилмагач, охири қўл силтади.

– Ошиқ файласуф ошиқ эфеб каби телбадир, – деди у. – Барча ошиқлар азалдан шеър ёзадилар. Сен ҳам шеърларингни буюк фалсафий фикрлар, ҳақиқатлар ёзиладиган пишиқ пергаментларга эмас, мумланган тахтачаларга ёки папирусларга ёзсанг яхши бўларди.

– Севги ҳақиқатлари ҳам мангу яшайди, – эътироз билдирди Арасту. – Токи инсон бор экан, муҳаббат ҳам бор.

 

Ассда фалсафа мактаби ташкил этиш билан асосан Ксенократ шуғалланди. У Файласуфлар уйида Асс ва Атарнеяда топиш мумкин бўлган  барча китобларни тўплади. Файласуфлар уйининг низомини ёзди, юзга яқин толиблар билан суҳбатлашди, улар билан машғулотларни бир ўзи бошлаб юборди.

Гермий давлат ишлари билан бандлиги сабабли, кам келарди. У Ксенократнинг дарсларини икки марта тинглади, қолган вақтларида Арасту билан унинг тўйи ҳақида суҳбатлашарди. Гермий фақат бир марта Арасту ва Ксенократ билан давлат ишлари ҳақида суҳбатлашди. Ўз давлати учун ёзган бошқарувга доир қонунларини дўстлари баҳолашини истарди.

– Давлат қонунларини баҳолаш учун, бу давлатда фуқаролар қандай яшаётганини билиш зарур, – деди Арасту. – Қонунлар баъзилар учун яхши, баъзилар учун ёмон бўлиши мумкин. Солон[9] Афина қонунлари кўпчилик фуқаролар учун яхшилигини мақтаган эди. Агар қонунлар фуқароларнинг ҳаётини яхшилашга ёрдам бермаса, уларни халқ қабул қилмайди. Яхши қонунлари бор давлатда бошига қайғу, кулфат тушган одамга ҳамма ёрдам беради. Қонунлар жамиятни ҳимоя қилиши зарур. Афсуски, мен ҳали бундай меҳр-шафқатли халқни ҳам, бундай халқни ҳимоя қилувчи қонунларни ҳам кўрмадим.

Бу фикрларга Ксенократ эътироз билдирди:

– Янгича қонунлар халқнинг ҳаётини яхшилаши мумкин. Устозимиз Афлотун яхши қонунлари бўлган ажойиб давлат намунасини кўрсатиб берди-ку[10].

– Тўғри, – деди Арасту. – Аммо бу қонунларга фуқаролар қанчалик амал қилади – шуни билиш керак. Масалан, қулларни озод қилиш ҳақида қонун чиқариш мумкин. Аммо агар қуллар ва қулдорчилик бўлмаса, биз бу ёққа келган триерамизда ким эшкак эшарди? Эшкакчилар бўлмаса, кемамиз денгизда писта пўчоғидай тўлқинларга ўйинчоқ бўлар эди. Давлат ҳам қулларсиз ана шундай аҳволга тушиб қоларди. Шу сабабли биз қулларни озод қилиш ҳақидаги қонунни ҳам, бошқа яхши қонунларни ҳам чиқаролмаймиз. Устозимиз Афлотун ҳам “Дарёлар тескарисига оқизилсин” деган қонун чиқармаган, агар бундай қонун чиқарилганда ҳам дарёлар тескарисига оқмас эди.

– Қулчилик дунёни вайрон қилади, – деди Ксенократ тундлашиб.

– Демократия дунёни вайрон қилади, – деди Гермий.

Арасту бу иккала фикрга қўшилмади:

– Дунёни бойлар ва камбағаллар борлиги, бир тўда бойлар неча минг­лаб камбағалларнинг ҳаққини ўзлаштириб олгани вайрон қилади. Бойлар янада бойийди, камбағаллар янада камбағаллашиб, гадоларга айланади. Мана шунга йўл қўймайдиган адолатли қонунларни ўйлаб топиш керак. Гермий, сенинг қонунларингни тўйдан кейин кўриб чиқаман.

Кузда камтарона тўй бўлди. Афина одатларига кўра, оқ рўмол ёпинган, гулчамбар таққан келинни соябон аравада янгалари куёвнинг уйига яқин жойга олиб келиб, беркитиб қўйишар, куёв уни излаб, ёлғондакам жанг қилиб ва совға-суюнчилар бериб, “қутқариб” оларди. Арасту бу одатни қисқартириб, Пифиадани даст кўтаради-да, аёлларнинг қий-чуви остида куёв учун ясалган уйга олиб кетди. Тўйда буюк файласуфни кўриш учун оқиб келиб, икки кўчани тўлдирган халойиқ куёвни излар эди. Файласуфни кўрганлар хурсанд бўлдилар, кўролмаганлар армонда қолдилар.

Арасту келинни ёниб турган ўчоқ олдига олиб келди, Пифиада кафтини олов тафтига тутди. Бу энди унинг ўчоқ маъбудаси ҳимоясида бўлишини билдирарди. Улар ясатилган дастурхондаги тўй учун тайёрланган нон ва пишириқлардан татиб кўрдилар. Сўнг Каллироя тоғидаги булоқдан узунчоқ кумуш кўзаларда олиб келинган муқаддас сувда юзларини ювдилар. Сўнг барча элладаликлар удумига кўра, тўй шовқин-суронидан олис, ичкари хонага кириб кетдилар.

Арасту тўйдан кейин ҳам анча вақтгача фалсафа ишларига аралашмади, гўзал Пифиаданинг қучоғидан чиқмади. У Пифиада шарафига муқаддас меҳроб ясаб, ибодатхоналарга хайр-эҳсонлар қилди. Арасту яна дўсти Гермий ва авлодларини шарафлаб мадҳиялар ёзди. Фақат ишқ оламида яшади.

Ксенократ дўстини неча бор огоҳлантирди:

– Арасту, сен телба бўлиб қолибсан. Асс аҳолиси устингдан кулмоқда. Мен ҳам жуда норозиман. Мен бу ердан кетаман.

– Жуда яхши, – деди Арасту. – Кетсанг кетавер. Ҳаммангиз менинг бахтимга ҳасад қилябсизлар… Кетавер…

Бу суҳбатдан хабар топган Пифиада эрига шундай деди:

– Мен яқинда туғишга тайёрланиш учун кетаман. Дўстинг Ксенократ кетиб қолса, ёлғиз қоласан…

Арасту дўстини излаб елиб-югурди, аммо тополмади. Ксенократ оҳанрабо тошлари сирини ўрганиш учун Магнесияга кетган эди. У Арас­тунинг хизматкорларига бундай гапни айтиб қўйинглар дебди: “Аҳмоқ оҳанрабо тошлар бир-бирига интилади, оқил одамлар эса бир аёл сабаб, жанжаллашиб, бир-биридан узоқлашади”.

Гермий келиб, Арастуни Атернеяга, Мақдуния элчилари шарафига берилаётган зиёфатларга таклиф қилди. Ксенократ кетиб қолганидан кейин Арастунинг кайфияти унчалик яхшимас, зиёфатга ҳуши йўқ эди. Аммо Гермий “Бормасанг бўлмайди”, деди. Арасту Атернеядан уч кунда қайтиб келди ва хотини билан маслаҳатлашиб, Магнесияга Ксенократни излаб кетди. Аммо уни тополмади.

Ксенократ Магнесиядан Измирга, ундан Афинага йўл олган экан. У Арастуга қисқа мактубида бундай дебди: “Мен Афинага қайтмоқдаман. Ассдаги шогирдларимга ҳам устозлик қил. Агар шон-шуҳратинг Афинага етиб борса, буни таклиф деб қабул қиламан ва ёнингга қайтаман”.

Арасту хотинини Атарнеяга жўнатиб, ўзи Файласуфлар уйидаги  ишларга шўнғиди. Гермий ҳам унинг фалсафий суҳбатларини эшитиш учун келиб турди. Пергам, Скепсис, Митилена донишмандлари Ассга, Арастунинг Файласуфлар уйига меҳмон бўлиб кела бошладилар. Севимли шогирди Феофрастнинг келгани Арастуни жуда севинтирди.

Арасту шогирдини қучоқлар экан:

– Кел, энди сира ажралмаймиз, деб аҳдлашайлик, – деди.

– Яхши, – деди Феофраст, – агар бу қўлимиздан келса.

– Қўлимиздан келади, – деди Арасту.

Ассдаги Файласуфлар уйи ва донишманд Арастунинг асарлари, шон-шуҳрати бутун Элладага тарқалди. Ассга янада кўпроқ шаҳар-давлатлардан юксак мартабали меҳмонлар келадиган бўлди. Улар ўз ватанларига қайтиб, Арастунинг донолиги учун, Гермийни эса фалсафага ҳомийлик қилгани учун мақтаб, шарафлар эдилар.

Пифиада жуда хурсанд эди. “Одамлар сендай дўсти бўлгани учун Гермийга ҳам ҳавас, ҳам ҳасад қидмоқдалар”, – дерди у.

Улар қиз фарзанд кўрдилар.

– Қизимизга қандай исм қўямиз? – сўради Пифиада.

– Мен билган энг чиройли исм – Пифиада, – деди Арасту.

 

Арастунинг Ассда, Гермий ҳузурида машҳурлиги овозаси Мақдуниягача, Филиппгача етиб борди. У бир мактубида “Арасту, агар Гермийнинг ҳомийлигидан зериксанг, менинг ҳузуримга кел, дўстим Гермийга ҳасад қилаяпман”, дебди.

Арасту Филиппнинг мактубини Гермийга кўрсатди. У хавотирланиб сўради:

– Ростдан ҳам, менинг ҳомийлигим сени зериктирдими?

– Йўқ, – деди Арасту. – Мен фақат Флиппга ростдан ҳам дўстмисан, демоқчи эдим.

– Ҳа, дўстман, лекин яқинимда Эрон бор, Артаксеркснинг саркардаси Мемнон бор, мен у билан ҳам дўст бўлишим зарур. Афина ҳозир унчалик қудратли эмас, Филипп эса чиндан ҳам қудратли.

– Родослик Мемнон нимага келибди?

– У мен билан дўстлашмоқчи. Мен йўқ дейолмайман, чунки унинг ортида Эрон, Артаксеркс бор. Мемнон сенинг довруғингни эшитибди, сен билан суҳбатлашмоқчи.

– Бемалол. Унинг мақсадини ҳам билиб оламиз. Лекин сен ҳам биласан-ки, Филипп Мақдуния байроғи остида барча Эллада давлатларини бирлаштира олади. Бундай қудратли иттифоқ жуда зарур. Аммо Филипп жуда қўпол ва таккабур. Унинг доно вазири ё устози ҳам йўқ. Аммо унинг ўғли Александр бор. У ҳали ёш ва уни мардликка, доноликка, адолатни севишга ўргатса бўлади.

– Яъни, сен Мақдунияга кетмоқчисан?

– Ҳозир эмас. Эҳтимол, бир ё икки йилдан сўнг кетишимга тўғри келар. Сен, Гермий, ўша вақтда менга рухсат беришинг зарур.

– Тушунаман, – деди Гермий маъюсланиб. – Сиёсий вазият яқин дўстларни ҳам бир-биридан узоқлаштиради.

 

Арасту Эрон саркардаси Мемнон билан суҳбатлашаётган вақтида югуриб келган Феофраст унга Ксенократ келаётганини айтди.

– Ксенократ келдими? – Арасту шошиб ўрнидан қўзғалди. – Зевсга шон-шарафлар бўлсин! Қани у, қаерда?

– У бандаргоҳдан шаҳар томон келмоқда.

– Мен уни кутиб олишим керак, – деб Арасту саркарда Мемнон билан хайрлашди. – Эртага суҳбатимизни давом эттирамиз.

– Мен аввал Гермийга ҳавас қилаётгандим, – деди Мемнон. – Энди Ксенократга ҳавас қилаяпман.

Арасту отидан сакраб тушиб, Ксенократ билан қучоқлашиб кўришди.

– Сен чақирганинг учун келдим, – деди Ксенократ.

– Чақирдим, – деди Арасту дўстини маҳкамроқ қучоқлар экан.

– Сенга Спевсипдан, Демосфендан, Герпиллидадан, Никанордан саломлар келтирдим.

– Герпиллида дейсанми? У мени ҳамон эслар эканми?

– У сени севади, – деди Ксенократ.

Дўстлар отга минмадилар. Ксенократ пиёда юришни хоҳларди.

– Гомер Ассга пиёда борган экан. Биз ҳам унинг изидан бора қолайлик.

Арасту хизматкорларига отларни олиб кетишни буюрди.

– Пифиада соғ-саломатми? – сўради Ксенократ.

– Энди уйимда иккита Пифиада бор: аёлим ва қизим.

– Иккаласига меҳринг бўлинар экан-да?

– Йўқ, меҳрим учинси-да.

– Учинчи ким экан?

– Фалсафа, – деди Арасту. Сўнг сўради:

– Афина соғ-саломатми?

– Афина – касал, – деди Ксенократ. – Мешқорин бойлар Филиппни кутмоқдалар. Камбағал ва гадолар бойларни лаънатламоқда ва Демосфеннинг нутқларини тингламоқда. Нотиқ Эсхин Демосфенни сўкмоқда. Машҳур халқ маталидаги каби: “Шон-шавкатли афиналиклар қудратда тенгсиз, гуноҳкор афиналиклар гуноҳда тенгсиз. Аттика заминида энг тотли асал ҳам, энг кучли заҳар ҳам бор”.

– Академия Афлотун даври қайтиб келади, деган орзу билан яшамоқда. Афлотуннинг шогирдлари энди ҳаётни шарҳламай, Афлотун асарларини шарҳлаш билан машғул.

– Тушларни шарҳлаётган эканларда. Дунё ларзада, буюк ўзгаришлар арафасидамиз. Сен билан биз бу алғов-далғовларни, бўрон, довулларни кўрамиз. Дунё қай аҳволда бўлса ҳам биз файласуфлар халқларга ёлғонлар қайси, ҳақиқатлар қайсилигини ўргатишимиз зарур. Одамлар ўзгарган, парчаланган ҳақиқатларни бирлаштириб, бутун ҳақиқатни кўра билишлари керак. Бизнинг асарларимиз шу ҳақда. Ўзимиз қабрда ётсак ҳам фалсафий фикрларимиз дунёни тўғри йўлга бошлайди. Одамлар парчаланган, бир-бирларига душман давлатларда эмас, балки ёлғонлардан ҳақиқат устун келган янги дунёга қадам қўядилар. Бизнинг меҳнатимиз, майли, мана шу тикка йўл каби оғир, машаққатли бўлсин. Аммо, йўл охирида бизни қанотли отлар кутиб туради.

Ксенократ бир зум тўхтаб, юқорига қаради, у ерда ростдан ҳам уларни отлари кутиб туришарди.

– Ҳозирги айтганларингни ёзиб қўйиш керак, Арасту, – деди Ксенократ таъсирланиб. – Гомернинг сўзларидан кам эмас бу сўзлар.

– Бу қисқа нутқни сенга бағишладим, Ксенократ, – деди Арасту. – Ҳа, фақат сен учун бўлсин бу сўзлар.

Эрон саркардаси Мемнон бир неча ойдан сўнг Ассга, Файласуфлар уйини кўришга келди. Совғага Бобил донишмандларининг ҳикматлари ёзилган бир неча ўрам пергаментни олиб келди. Гермийнинг меҳмондўстлигини мақтади. Уни ва барча файласуфларни Сузага таклиф этди, уларга ўз кутубхонасини ва осмондан тушган тошлар – метероитлар тўпламини кўрсатишни ваъда қилди.

– Эронга борайлик, – деди Гермий дўстларига. – Эрондаги бу мартабадаги битта дўст бутун бошли қўшинга тенг…

– Йўқ, – деди Арасту. – Бормаймиз. Мен унинг болдай ширин гапларига ишонмайман. Унинг дўстлиги ва саховати – душман найранги. Унинг кўзларидан макр, сўзларида заҳар бор.

– Ҳаво айнигани сенга таъсир қилдими? – ажабланди Гермий. – Қизалоғинг касал. Филиппга мактуб ёзганингдан Ксенократ хафа… Мемнонга нега ишонмайсан? Сизлар бормасангиз якка ўзим бораман.

– Ихтиёр сенда, боргинг келса боравер. Лекин менинг сўзларимни унутма. Менинг бирор маслаҳатимни олмасанг, мен ҳам Филиппнинг таклифига рози бўламан. Демак, сен – Сузага, мен – Пеллага жўнайман. Қизчам соғайиши билан кетаман. аммо сен Мемнонга кўп ишонаверма.

 

Бир ҳафтадан сўнг Гермий Эрон саркардаси саройига кетди. Афина кенгаши уни хоинга чиқарди. Афиналиклар Арастунинг ҳам душман Мақдуния тарафдори деб, ўлимга ҳукм қилар эдилар. Энди Арасту Мақдуния пойтахти Пеллага қочиши зарур бўлиб қолди. У Феофрастни топиб “Ксенократ иккалангиз Файласуфлар уйидаги китобларни ва жиҳозларни тахлаб, ўраб, боғлаб, тинчроқ жойга олиб кетинглар” деди.

– Гермий билан орангиз бузилдими? – сўради Феофраст.

– Йўқ, – деди Арсту. – Аммо, Гермийга ҳам, бизга ҳам ўлим хавфи яқинлашди.

 

Германий Мемноннинг саройига бориши билан, ушланиб, қўл-оёғи кишанланди ва Артаксеркс ҳузурига олиб борилди. Артаксеркс уни Мақдуния подшоҳи Филипп билан Эронга қарши иттифоқ тузгансан, деган айбловлар билан дорга осишга ҳукм қилди.

Ўша куниёқ Гермий қатл этилди. Бу хабар уч кунда Атарнеяга етиб келди. Яна уч кундан сўнг Мемнон бошчилигида Эрон қўшинлари Атарнея ва Ассга бостириб кирдилар.

 

Феофраст устози Арастуни ва Ксенократни Митиленада қолдиришга роса ҳаракат қилди. “Бу ерда аввалгидан ҳам катта ва чиройли Файласуфлар уйи очамиз, менинг бойлигим етарли”, деди. Аммо улар бу таклифга кўнмадилар.

– Йўқ, – деди Арасту. – Мени Филипп чақирмоқда.

– Йўқ, – деди Ксенократ. – Мен Афинага қайтаман.

Митиленадан аввал Арастунинг кемаси йўлга чиқди. Ксенократ дўстини кузатишга келмади.

Ксенократ Феофрастга тушунтирди:

– Филиппнинг дўсти Афинанинг душманидир. Устозинг Арасту Пеллада шон-шуҳрат қозонгандан кейин ўзинг нима қиласан, Феофраст?

Феофраст кўнглидагини Ксенократга айтмади. У “Мен Митиленада қоламан”, деди. Аммо Ксенократ тушган кема Афина сари йўл олгач, Феофрст Митиленадаги китоблар, қўлёзмалар, зарур жиҳозларни йиғиштирди ва бир неча ҳафтадан сўнг Пеллага, устози ёнига етиб келди.

 

[1] Давоми. Бошланиши ўтган сонда.

 

[2] Нимфалар – юнон фалсафасида табиат маъбудалари, менадалар – маъбуд Дионис ҳамроҳлари.

 

[3] Пергамент – хат ёзишга мўлжалланган, ишлов берилган тери.

 

[4] Демосфен Афина ва Пирей атрофига мудофаа деворини қуриш ишларига бошчилик қилган кенгаш аъзоси эди.

 

[5] Гектин ва Калликрат – меъморлар. Фидий – ҳайкалтарош. Улар Афина Акрополидаги ибодатхоналар ва ҳайкаллар мажмуини барпо этган эдилар.

 

[6] Аид – қадимги юнонларда дўзахнинг номи.

 

[7] Ификрат – афиналик ҳарбий саркарда, Мақдунияда ўзаро урушлар юзага келганда Филиппнинг онаси Эвридика ундан ёрдам сўраган ва у Филиппнинг тахтга ўтиришига сабабчи бўлган.

 

[8] Таржимонлар изоҳи: тахминан II-III аср юнон муаллифи Диоген Лаэртий Афлотуннинг истеъдодли шогирдларидан бири Ксенократ ҳақида бундай ёзади: “…Ксенократ устози Афлотундан сира айрилмасди. Афлотун Сицилияга, мустабид Дионисийга насиҳат қилиш учун борганида Ксенократ у билан бирга эди. Мустабид Дионисий Афлотунни ўлимга ҳукм қилмоқчи бўлганида Ксенократ “Аввал мени ўлдиринглар” деган ва мустабид қарорини ўзгартирган эди”. Диоген Лаэртийнинг ёзишича, Афина кенгаши Мақдуния подшоҳи Филипп ҳузурига элчилар юборганида фақат Ксенократ унинг зиёфатларига қатнашмаган, совғаларини қабул қилмаган. Кейинчалик Филиппнинг ўғли Александр Ксенократга кўп тилла тангалар юборганида у озгинасини олиб, қолганини қайтариб юборган ва сенинг қўшинингга кўпроқ пул керак, деган экан.

Ксенократ фалсафа ва шеърият билан шуғулланган. Асарлари: “Табиат ҳақида” 6 китоб, “Донишмандлик ҳақида” 6 китоб. “Бахт ҳақида” 2 китоб. “Озодлик ҳақида”, “Дўстлик ҳақида”, “Бойлик ҳақида”, “Давлат ҳақида”, “Қарама-қаршилик ҳақида”, “Эҳтирослар ҳақида”, “Тақдир ҳақида”, “Мардлик ҳақида”, “Руҳ ҳақида”, “Санъат ҳақида”, “Тушуниш ҳақида” 8 китоб, “Баҳсли масалаларни ҳал этиш” 10 китоб, “Пифагор масалалари”, “Ҳолатлар” 20 китоб, “Александрнинг ҳокимияти ҳақида” 4 китоб ва бошқалар. Афина кенгаши Ксенократни солиқларни тўламагани учун қул бозорига қўйган. Дмитрий Фалерий (Александр Мақдуний вафотидан кейинги Афина ҳукмдори) уни сотиб олиб, озод қилган. Ксенократ Афлотун академиясига Спевсипдан кейин, Арасту Мақдунияда эканлигида 25 йил раҳбарлик қилган.

[9] Солон (тахм. эр. авв. 638-559 йилларда яшаган) – афиналик сиёсат арбоби, шоир ва файласуф.

 

[10] Афлотуннинг “Давлат” ва “Қонунлар” асарлари кўзда тутилмоқда.

 

2017/12

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d0%b0%d0%bd%d0%b0%d1%82%d0%be%d0%bb%d0%b8%d0%b9-%d0%b4%d0%be%d0%bc%d0%b1%d1%80%d0%be%d0%b2%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1934-2001-%d0%b0%d1%84%d0%bb%d0%be%d1%82%d1%83%d0%bd-%d0%b2%d0%b0-%d0%b0-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x