Сербия Республикаси

Майдони: 88 361 кв.км.

Аҳолиси: 7 миллиондан ортиқ (Косово ва Метохиясиз).

Пойтахти: Белград шаҳри.

Тузуми: парламентли республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 3 та ҳудудий статистик бирликдан иборат. Мамлакат ҳудуди 29 та округ ва Белград шаҳри округига бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Белград, Нови Сад, Приштина, Ниш.

Пул бирлиги: серб динори.

 

Жуғрофий ўрни. Жануби-шарқий Европада – Болқон яримороли ва қисман Паннон пасттекислигида жойлашган. Сербия конституциясига биноан, мамлакат иккита мухтор ўлкадан – Воеводина ҳамда Косово ва Метохиядан ташкил топган. Косово 1999 йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциясига кўра, БМТ протекторати ҳисобланади. 2008 йил 17 февралда Косово мустақиллиги эълон қилинди, уни БМТга аъзо 106 та давлат тан олди.

Сербия шимолда Венгрия, шимоли-шарқда Руминия, шарқда Болгария, жанубда Македония, жануби-ғарбда Албания ва Черногория, ғарбда Хорватия ҳамда Босния ва Герцеговина билан чегарадош.

Мамлакатдаги ўн бешта тоғ денгиз сатҳидан икки минг метр баланд. Энг баланд чўққиси Жеравица тоғида (2656 метр).

Сербия иқлимига Адриатика, Эгей ва Қора денгиз каби иссиқ денгизлар таъсир кўрсатади. Шимолда континентал, жанубда мўътадил континентал, тоғларда эса тоғ иқлими ҳукмрон. Қиши қисқа ва совуқ, қорли; ёзи иссиқ бўлади. Йиллик ёғин миқдори – 896 мм. Ёмғирлар асосан май ва июнь ойларида ёғади.

Мамлакатнинг тўқсон фоиздан ортиқ қисми Дунай дарёси ҳавзасида жойлашган. Дунайдан ташқари Сава, Тиса, Бегей, Катта Морова ва Тамиш дарёдаларида кема қатнайди. Сув тошқинларидан ҳимояланиш, суғориш ишлари ва бошқа мақсадлар учун бир қанча каналлар қазилган.

Ўлкадаги энг катта кўл – Жердап кўли.

Тарихи. Сербия тарихи VI асрга, қадимги славян қабилалари Болқон яриморолининг ғарбий қисмларига келиб ўрнашган даврга бориб тақалади. VIII – IX асрларда илк серб давлат уюшмалари юзага келди. XII аср сўнгида Серб давлати Византия империяси ҳукмронлигидан қутулди ва XIV аср ўрталарига келиб Болқон яриморолининг жануби-ғарбий қисмини деярли тўлиқ эгаллаган улкан давлатга айланди. Айниқса, Стефан Душан (1331-1355) ҳукмронлиги йилларида мамлакат гуллаб-яшнади. Бироқ унинг ўлимидан сўнг қироллик таназзулга юз тутди. 1389 йили Косово майдонларидаги жангда серб князлари мағлубиятга учради ва Усмонли султонлиги вассалларига айланди. 1459 йили Сербия тўлиқ эгалланди ва кейинги 350 йил давомида ўлка Усмонлилар қўл остида бўлди. Шимолий ҳудудлар эса XVII аср охирларидан Австрия империяси таркибига кирди.

Биринчи серб қўзғолони (1804–1813) натижасида Серб князлиги (беклиги) ташкил топди. 1813 йил қўзғолон бостирилди. Иккинчи серб қўзғолони 1815 йил бошланди. Ўн беш йилдан сўнг султон Сербия ҳукуматини тан олди. 1878 йил 13 июлда Берлин битимига биноан, Сербия мустақилликни қўлга киритди, 1882 йили эса қироллик эълон қилинди. XX аср бошларида парламентар монархия тизимига ўтилди, иқтисодиёт ва маданият даражаси тезлик билан ўса бошлади.

Болқон уруши (1912-1913) натижасида Косово, Македониянинг бир қисми ва Санжоқнинг каттагина қисми Сербия ҳудудига қўшилди. Биринчи жаҳон урушида Сербия Антанта томонида туриб урушга кирди. Баъзи маълумотларга кўра, ана шу жангларда мамлакат аҳолисининг учдан бири қирилиб кетган. Урушдан сўнг Сербия ўзагида серблар, хорватлар ва словенларнинг Қироллиги ташкил этилди. Бу давлат 1929 йилдан Югославия Қироллиги номини олди. Иккинчи жаҳон уруши даврида Сербия ҳудудини Германия қўшинлари босиб олди (1941 йил апрел). Мамлакатни 1945 йили собиқ Иттифоқ ва Югославия миллий-озодлик армияси қўшинлари озод этди. Шу йили Югославия федератив халқ республикаси эълон қилинди. Сербия Югославия таркибидаги олти республиканинг бири бўлди.  1963 йилдан Югославия ва унга аъзо давлатлар социалистик тузумга ўтди. Миллатлараро келишмовчиликлар ва норозилик кайфияти 1990-йиллардаги фуқаролар урушларига ва Югославиянинг қулашига олиб келди. Ундан Словения, Хорватия, Босния ва Герцеговина, Македония чиқиб кетгач, Сербия билан Черногория Югославия Иттифоқ Республикасини тузди. 2000 йили НАТО қўшинларининг ҳужуми ва БМТ тинчликпарвар қўшинларининг киритилиши оқибатида Сербия социалистик партияси ҳукмронлигига барҳам берилди. 2003 йил 4 февралдан бу давлат Сербия ва Черногория деб атала бошлади. 2006 йили Черногорияда ўтказилган референдумдан сўнг Сербия ва Черногория давлатлар иттифоқи фаолиятини тўхтатди.

Сербия 2000 йилдан БМТ аъзоси. 2012 йил мартдан Евроиттифоқ аъзолигига расман номзод.

Иқтисоди. Иқтисодиётининг устун жиҳатлари: 1. 2000-2001 йилларда чет элдан молиявий ёрдам олиш ва сармоялар киритила бошланди. 2. Дунай дарёси катта савдо-иқтисодий имкониятлар беради.

Салбий жиҳатлар: 1. БМТ санкцияси ва 1999 йилги НАТО ҳужумининг оғир оқибатлари ҳали-ҳануз сақланиб қолган. 2. Валюта захирасининг камлиги ва тажрибали мутахассисларнинг етишмаслиги ҳам иқтисодий тараққиётга қаршилик кўрсатади.

Мамлакат иқтисодиёти ўтиш босқичида. Гарчи бозор сектори етакчига айланган бўлса-да, иқтисодиётдаги асосий ҳисса давлат секторига тегишли. Иқтисодиёт ишлаб чиқариш ва экспортга таянади, ташқи сармоядорларга қаттиқ боғланган. Ўтган асрнинг 80-90 йилларида иқтисодий вазият анчагина яхши эди. Югославиянинг парчаланиши, ички муаммолар, турли санкциялар ва НАТО ҳужуми иқтисодиёт даражасини 1945-йиллардаги ҳолатга тушириб юборди. Хусусийлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ислоҳотлар бошланган бўлса-да, электр энергияси ишлаб чиқариш, телекоммуникация, газ таъминоти каби соҳалар давлат бошқарувида. Бир қатор ислоҳотлар жаҳон молиявий инқирози туфайли боши берк кўчага кириб қолди. Бироқ Сербия бу асоратлардан аста-секин қутулиб боряпти. Иқтисодий ўсиш 2009 йили 3,5 фоизга орқага кетган бўлса, 2010 йили 1 фоизга,  2011 йили эса 2 фоизга юқорилашга эришилди. 2010 йили ҳукумат келгуси ўн йил ичида экспорт ҳажмини тўрт баравар кўтариш, соҳа ривожига маблағлар ажратиш бўйича режа ишлаб чиқди.

Мамлакат ривожида сайёҳлик хизмати соҳаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Халқаро санкциялар ва ҳарбий ҳаракатларга қарамасдан Сербияда сайёҳлик соҳаси мунтазам ривожланди. 1990-2000 йилларда ўлкага келувчилар сони 50 фоизга, бу соҳадан олинадиган даромад 80 фоизга ошди. 2000 йилдан сўнг эса соҳа янги ривожланиш босқичига ўтди.

Аҳолиси. Туғилиш даражаси жуда паст, мамлакат бу борада дунё бўйича охирги ўринларда туради. Косово ва Метохияни ҳисобга олмаганда, мамлакат аҳолисининг асосий қисми – 83 фоизи серблардан иборат. Кейинги ўринда венгрлар (можорлар) туради – улар умумий аҳолининг 3,9 фоизини ва  Воеводина мухтор ўлкаси аҳолисининг 14,3 фоизини ташкил этади. Шунингдек, Сербия тупроқларида боснияликлар, циганлар, албанлар, болгарлар, черногорлар,  македонлар, словаклар, русинлар, влахлар ва руминлар ҳам яшайди. Ўлкага келиб ўрнашган хитойликлар ҳам анчагина.

Давлат тили – серб тили. Конституцияга мувофиқ, Воеводина мухтор ўлкасида венгр, словак, хорват, румин, украин ва русин тиллари, Косово ва Метохияда серб ва албан тиллари ҳам ишлатилади.

Дини. Конституция ва қонунларда эътиқод эркинлиги ифодаланган. 2002 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига қараганда, аҳолининг кўпчилик қисми – 85 фоизи проваслав. Шунингдек, насронийликнинг католик (5,5 фоизи) ва протестант (1,1 фоиз) йўналишларига эътиқод қилувчилар ҳам бор.

Ислом Сербияда эътиқод қилувчилари сони бўйича учинчи ўринда туради. Мамлакат мусулмонлари асосан суннийлардан иборат. 2002 йилги маълумотларга кўра, ўлкада 240 мингдан ортиқ мусулмон яшайди. Бу умумий аҳолининг 3,2 фоизи демакдир. Мусулмонларнинг асосий қисми Косовода яшайди. Бироқ ҳудуддаги нотинч вазият сабаб уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот йўқ. Мусулмонларнинг кўпчилиги босниялик (бошноқ) ва албан миллатига мансуб.

Ислом Сербияда XIV-XVI асрларда кенг ёйилган. Бу Усмонли султонлигига қарашли ерларнинг кўпайиши билан боғлиқ. Кўплаб славянлар Ислом динини қабул қилган, шарқдан эса мусулмонлар кўчиб келган. XIX аср охирларида бўлган жанги жадалларда кўплаб масжидлар вайрон бўлди.

Марказий Сербия ва Воеводинада 190 дан ортиқ масжид ишлаб турибди, уларнинг 120 га яқини Санжоқда, 60 таси Жанубий Сербияда жойлашган.  Белград, Мали-Зворник ва Суботицада биттадан масжид, Нови Пазар ва Белградда биттадан мадраса бор.

Мамлакатда Сербия Ислом маркази, Сербия Ислом уюшмаси каби исломий ташкилотлар фаолият юритади.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.

https://saviya.uz/turfa-olam/serbiya-respublikasi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x