“Сен борсану олиссан”

Чорраҳа

 

Оддий оқшом эди.

Кун ҳам оддий кун.

Куз ҳам одатий куз –

Хазонлар босган.

Мен эса ёнингда борардим беун,

Нима демоқликни билмасдим,

Рост гап.

 

Қоп-қора кўл узра сузган оққушдек

Туннинг бағрин ёриб кетар эдинг сен.

Бир пайт чорраҳага юзма-юз тушдик,

Демак,

“Қоидага амал этилсин!”

 

Йўлчироқ остида туриб қолдик биз –

Бунча интиқ қилар, ахир, яшил ранг?

Автолар қувлашиб ўтаркан тиғиз,

Енгимдан тутдингу дединг:

“Шошилманг!”

 

Қўлимга оққушнинг патлари тегди,

Ҳатто, нақ қошимда куйлади бу қуш.

Яшил ранг,

Ёнмасанг ёнмагин энди,

Менга бахт келтирди, ахир, шу туриш.

 

Қандай тушунтирай?

Ҳозир мен учун

Дунёда энг гўзал жой – шу чорраҳа.

Шу ерга қўнади энг чиройли тун,

Шу ерда отади энг маъсум саҳар…

 

Бироқ,

Хазонларни кўмиб тупроққа

Кейин ўзи униб чиққандек баҳор,

Автолар йўлини кесиб ўтмоққа

Бизга рухсат бериб порлади зангор.

 

Қўлларингни тортиб олдинг бунча тез?

Қулоғимда тинди оққуш овози.

Ахир, сен жонимга яқин бўлган кез,

Бир умр кутишга эдим-ку рози!

Йўлда кечаётир ҳаётим ҳамон,

Кўрдим қанча хазон, қанча баҳорни.

Аммо, сен ёнимда йўқсан.

Қўрқаман –

Кесиб ўтолмайман чорраҳаларни.

 

Ёпиқ эшиклар

 

Уйғонаман.

(Тонг отди бахтсиз!)

Руҳда ҳамон ёлғизлик, танглик.

Сен борсану олиссан, тафтсиз –

Декабрнинг қуёши янглиғ.

 

Оқиб ётар қонимда муздек

Янги йилни бошлаган январь.

Сен борсану хизматкор қиздек

Бир ёт уйда дамлайсан қаҳва.

 

Кир чаясан.

Уй супурасан.

Кун кўрасан эрингни севмай.

Ва, мен ҳақда ўйлаб юрасан…

Ташқарида эрийди февраль.

 

Иккимизнинг хаёлимиз бир,

Бир хил урар юрагимиз ҳам.

Агар эшик очсакми ҳозир,

Ичкарига ёприлар кўклам.

 

Аммо…

Биз қўрқамиз баҳордан,

Остонада тугаб қолар йўл.

Ўзимизни алдаган ҳолда

Эшик томон узатмаймиз қўл.

 

Гулхан атрофида

 

Қур ташлаб ўтирдик.

Ўртада гулхан.

Ким гитара чалди, ким айтди қўшиқ.

Биров кўз узмайди яп-янги кулдан,

Менинг кўнглим эса бор-йўғи бўшлиқ.

 

Олов ўйнаб ётар тунги барларда,

Ярим яланғоч қиз рақс тушган каби.

У бизни ром этди сеҳргарлардай,

Ҳаммамиз измига бош эгдик тобе.

 

Ўт ва сувда пинҳон жоду бор

Рост гап.

(Шу пайтда чанқоғим ёдимга тушар!)

Алангага боқиб кетаман музлаб,

Вужудим увушар, кўнглим увушар.

 

Гитара жим.

Қўшиқ ютилди ичга.

Даврадан файз кетди, юзлардан ҳовур.

Гулханнинг тиллари тортди ингичка

Ва,

Уюм кул узра хайрлашди қур.

 

Олов!

Олов!

Бунча бешафқат зарба!

Аччиқ ҳақиқатга келиб қолдим дуч:

Наҳот, мен ўт ёққан ҳар битта қалбда

Вақт келиб фақат кул қолар

Бир ҳовуч?!.

 

Тасвирий санъат асарига шарҳ

 

Шеър тинглаб ўтирган қиздек кўзи ёш

Кузнинг.

 

Сочлари сарғайган боғларга ўхшаш

Қизнинг.

 

Куз ва боғ, қиз ва шеър бунчалар ғамгин,

Э воҳ!

 

О, рассом, бу дардга қандай бериб дош

Чиздинг?!

 

Носиржон ЖЎРАЕВ

 

“Шарқ юлдузи”, 2014–1

https://saviya.uz/ijod/nazm/sen-borsanu-olissan/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x