Садоқат куйчиси

Зулфия шеърияти ХХ аср ўзбек адабиётида янги саҳифа очган, унинг бўй-бастини кўрсата олиш қудратига эга бўлган, китобхонга вафо ва садоқат, меҳр ва муҳаббатдан сабоқ берувчи шеъриятдир. Бу шеъриятнинг мавзу ва талқин доираси жуда катта қамровга эга бўлиб, биз унда ўз Ватанини севиш, ўзбек аёлининг шонли ҳаёт йўлини улуғлаш, бани-башарда тинчлик-омонликни орзу қилганлар мушоираси билан бирга, муҳим ҳаётий муаммолар ва инсоний дарду кечинмалар тасвирини ҳам кўрамиз. Буларнинг барчаси шоира шеъриятидаги ғоявий юксаклик, дилбарлик ва покизалик, теран маъно-мазмунга эга бўлган хусусиятлар жараёнида юзага чиқади. Шеъриятидаги ана шундай ҳаётбахшлик ва ватанпарварлик фазилатлари, юртнинг маънавий ҳаётидаги фидойилиги уни ўз халқининг садоқатли қизига ва шоирасига айлантирди.

Ҳаётни ўзининг юксак маънавияти ва аёлга хос назокатли нигоҳи билан кузатиб яшаган шоирамиз инсон ҳаётида содир бўладиган севинчли ва ғамгин ҳолатларга рўбарў келди, ҳаёт синовлари ва тўфонлари олдида қадди букилмади, ўз тақдирини она халқи тақдири билан боғлиқликда ҳис қилди, унинг иззат-икромига муяссар бўлганлиги учун шукроналар келтирди:

 

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб…

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:

Суйдим,

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима билдим,

Шу-да бир яшаш!

 

Шоира шеъриятнинг барча жанрларида қалам тебратди. Бу ижод намуналарининг аксарияти китобхонлар томонидан адабиётимиздаги янгилик (ноёб ҳодиса) сифатида қабул қилинди ва илмий-адабий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Мен бу ўринда шоиранинг “Ҳижрон кунларида”, “Сени куйлайман, ҳаёт”, “Йиллар ва ўйлар”, “Шалола”, “Ўғлим, сира бўлмайди уруш”, “Уни Фарҳод дер эдилар”, “Мушоира” туркумлари ва достонларини алоҳида қайд этгим келади.

Айтиш жоизки, шоира “Ҳижрон кунларида” туркумидаги шеърлари билан ўзбек шеъриятида янги йўналишга – инсон ҳаётининг фожиавий талқинига асос солди. Хусусан, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Кўрганмидинг кўзларимда ёш?”, “Ўрик гуллаганда” каби шеърларида лирик қаҳрамон руҳиятининг рангин ҳолатларини – ғам ва изтироб кечинмаларини ҳам, айрилиқ ва соғинчга тўлиб тошган дилгирлик кайфиятларини ҳам, неки инсон зотига хос бўлган ҳис-туйғуларни ҳам, сабр-бардош ва жасоратни ҳам кўрамиз. Энг муҳими, бу шеърлардаги ҳижрон мотивлари китобхонни инсон тақдири билан боғлиқ бўлган ҳаёт мураккабликларини, унинг бардавомлилигини тушунишга ёрдам беради ва куч-қудрат бағишлайди:

 

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,

Тунлар тушимдасан, кундуз ёнимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам.

 

Шоиранинг ҳижрон оҳанглари тасвирланган шеърларидаги лирик қаҳрамоннинг фарёд ҳасратлари ифодаланган мисралари гўё китобхон қалбига Ҳамид Олимжон асарларидаги латиф туйғуларга лиммо-лим тўла тасвирларни кўчиради, кўз ўнгида шоир сиймосини гавдалантиради ва, айтиш мумкинки, шоир шеърларига ўзига хос янгича умр ато этади. Китобхон бу шеърларнинг интиҳосигача лирик қаҳрамон билан бирга бўлиб, жўшқин ҳиссиёт ва ўткир драматик тасвир таъсиридан, соғинч ва изтироблар гирдобидан чиқиб кета олмайди.

Шоира шеърларида “ҳаёт нафаси шовуллаб”, “инсонлар юраги ловуллаб” туриши, жаҳон халқлари билан қардошлик туйғулари, ижодкорнинг жамият ва халқ олдидаги масъулияти фалсафий ва жаҳоний талқинда берилиши ҳам ноёб истеъдоднинг бир хусусияти эди. Ана шундай хусусият фақат ва фақат Зулфияга хос шоирона ҳароратга бой мисралар: “Ўғлим, сира бўлмайди уруш”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Юртим харитаси – менинг юрагим”, “Мушоира” каби асарларининг ҳам мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Истиқлол йилларида – умри поёнида яратилган асарлари шоира ижодининг ҳам, кейинги йиллар ўзбек шеъриятининг ҳам ноёб саҳифаси бўлиб қолди. Хусусан, “Шарқнинг ўзи она бўлган ҳамиша” (1993) номли достонида шоира ўз умри давомида халқининг ўзлигини, юртининг кўркини, ёзиб улгурмаган армонларини баён этар экан, ўзига хос бадиий тафаккурда халқимизнинг бошқаларга қарам бўлмагани ва унинг фарзандлари салоҳиятининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини тарихимиздаги шонли саҳифаларга безанган ҳолда ўқувчи онги-шуурига етказади:

 

Билинг:

Комил,

Фозил,

Башар юлдузларига

Шарқнинг ўзи ОНА бўлган ҳамиша!

 

Эътиборли томони, достонда умумбашар маданияти тараққиётидаги алломаларимизнинг тутган ўрни ва фазилатлари ҳар бир юртдошимизда фахр-ифтихор туйғуларини юзага чиқаришда лирик қаҳрамоннинг маънавий олами билан узвий боғлиқ ҳолда тасвирланган.

Шоиранинг истиқлол йилларидаги баъзи шеърий лаҳзаларида лирик қаҳрамон қалбида собиқ тузумдаги “ҳамма қонунларнинг устидан чизиб” ташлаш исёнкорлиги юзага чиқса, баъзи мисраларида “Ахтариб топардим ҳар босган изим. Бекор ўтганига бахш этардим жон”, деган афсус-надоматлар етакчилик қилади. 1995 йилда ёзилган “Иқрорга вақт етди” номли шеърида шоира яна бир бор яшаб ўтган умрига назар ташлайди, истиқлол туфайли халқ ва мамлакат ҳаётида бўлаётган янгиланишлардан кўнгли қувончга тўлади, ажинлар из солган пешонасини истиқлолнинг ҳаётбахш қўли силашига иймон келтиради. Мазкур асарлардаги поэтик фикрлар “Хотирам синиқлари” (1995) достонида янада теран мазмун касб этади. “Хотирам синиқлари” – адабиётимиздаги беназир бир бадиий олам. Бу асар ўзининг шаклу шамойили, мазмун-моҳияти, тасвир ва ифода усулига кўра ҳам достончилигимиз жанрида янгиликдир. Адабиётшунос Умарали Норматов таъбири билан айтганда, Зулфия опа бу дунёга ҳижрон туркумини ва “Хотирам синиқлари”ни яратиш учун келгандай туюлади. Оллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, шоирамизга истиқлол даврида яшаш неъматини ато этди. “Хотирам синиқлари” Яратганнинг ана шу марҳаматига шоирамизнинг ижодий шукроналигидир.

Достон асосини шоира ҳаётига алоқадор воқеалар ташкил этади. Асарда нафақат шоира оиласининг, балки миллат бошига тушган қатағон даври мусибатининг илдизлари очиб берилади. Ижтимоий воқеаларнинг бадиий талқинида бугунги ўқувчи учун нотаниш бўлган кечаги кунимиз тарихига алоқадор ҳодисалар, сирли-синоатли ҳаёт тилсимлари очила боради. Бу тасвирлар орқали китобхон қатағон даври зулмидан шоира оиласи ҳам бенасиб қолмаганига гувоҳ бўлади. Муаллифнинг қалб исёни орқали биз қатағон даври қурбони Ака, муштипар Она, донишманд Отанинг қиёфалари, улар табиатига хос бўлган фазилатлар билан таниша борамиз. Уларнинг шоира шахсига нечоғлик яқинлиги миллий қадриятлар фонида очиб берилиши эса тасвир жозибасини янада оширган. Маълумки, акалар ўзбеклар оиласида опа-сингилларнинг шаъни, паноҳи, суянган тоғи, йўқловчисидир. Шоиранинг йиллаб қалбида чўкиб ётган хотира синиқлари ҳуррият туфайли қалқиб юзага чиқади, ўз армонларини, йўқловларини ҳиссиёт-кечинмалари оғушида тўкиб солади.

 

…Ака, кўзингизда оташ бор эди,

Ака, жонингизда қуёш бор эди,

Султонликка лойиқ келбат, лаёқат,

Сардорники янглиғ бардош бор эди.

 

Асарнинг бошқа мисраларидаги нолакор туйғуларда давр манзаралари шоиранинг мушфиқ Онаси ҳамда азоблар исканжасида қолганида ҳам, сабр-бардош билан яшаган Отаси қиёфаларида чизиб берилади.

Шоира шеърларининг деярли барчасида ҳаётнинг жонли тасвири гавдаланади. Чинакам шеърий асар катта ҳаётий муаммолар ва инсоний дардлар асосида туғилади. Юқорида тўхталганимиз “Ҳижрон кунларида” туркумидаги барча шеърларга ҳаётда содир бўлган мудҳиш воқеа – умр йўлдоши Ҳамид Олимжоннинг кутилмаганда автоҳалокатга учраб ҳалок бўлиши воқеаси асос бўлган. Ана шу воқеа шоира шеърларидаги мазмун-моҳиятни, оҳанг ва образлар талқинини ўзгартириб юборди:

 

Бахтиёр севгини куйларди созим,

Ўлим ханжарига тегди-ю синди.

Ҳижрон фарёдидай совуқ овозим,

Наҳот лириканинг ёлқини тинди?

 

Шоиранинг иқрор бўлишича, унинг кўпгина шеърлари турли ҳолатларда – мажлисларда, йўлда, сафарга кетиш чоғларида туғилган. Чунки шеърий сюжетни юзага келтирувчи ижодий кайфият ижодкорда турли сабаблар билан содир бўлади. Шоиранинг айтишича, баъзи шеърлари мажлис залларида дунёга келган. Осмони мовий ранг ва шамоли гувуллаб турувчи апрель табиати, ҳали барг ёзмаган дарахтларнинг пушти ва оппоқ либоси шоиранинг кўзига чиройли кўриниб кетади-ю (буларнинг барчаси шеър сюжети учун ҳаётий материал – Д. Т.), салқин ва тоза шабада баҳри дилини очиб юборганини сезиб қолади, иш осон кўчади: сюжет яратувчи енгил руҳий кайфиятни қўлдан бой бермаслик учун ўз олдида қоғоз йўқлигидан бировнинг қўлёзмасини олади-да, шеърни ёзиб тугатади. Унинг ёнида ўтирган бир киши: “Буни ҳозир ёздингизми?” – деб таажжубланади. Шоира унга “ҳа!” деб жавоб қайтаради ва шўхлиги тутиб: “Буюринг, яна нима ёзиб берай?” деб ҳазил-мутойиба қилади.

“Бу гапдан кейин, – деб ҳикоя қилади шоира, – ёнимда ўтирган киши менга жуда ҳам сиполик билан зимдан бир қараб қўйди-да, ўзидан маслаҳат сўраганимга астойдил ишониб, боягидек сиполик билан: “Вафодорлик ҳақида… ёзинг бўлмаса!” – деди. Гўё ўз маслаҳатини, бу мавзунинг мен учун ғоят аҳамиятли эканини қаттиқ таъкидламоқчи бўлгандай, яна менга зимдан қараб қўйди. Қулоғимнинг тагига тарсаки тушгандай бўлиб кетди. Ҳалигина эсиб турган кўклам шабадаси ҳам… гуллаб турган шафтолининг пушти либоси ҳам бирпасда йўқолиб, шохи синган, куз шамолида дийдираб турган, ёш, яланғоч чинор нима учундир кўз ўнгимда пайдо бўлди. Ҳамид Олимжон ҳалок бўлган йили деразамиз остида худди ана шундай бир чинор бор эди”.

Кўриниб турибдики, ногаҳоний бир кайфият, шоиранинг қалб торини чертиб юборган кишининг гапига жавобан шеър туғилмоқда. Ўтмиш, хотира, шохи синган чинор (бу – шоиранинг мажозий тимсоли бўлиб, синган шох Ҳамид Олимжоннинг вафотига дардли бир ишорадир – Д. Т.) ҳаётий материаллардир. Ҳамид Олимжон сиймоси тасвирланган баъзи шеърларнинг сюжети ана шу материаллар асосида юзага келган. Агар шоиранинг қалбини: “О, дарахтнинг қалин кўланкасида ўтириб, жазирамадан жон сақлаш нақадар осон. Лекин шу дарахт катта бўлиб олгунча қанча машаққатларни бошидан кечирганини ҳеч ким ўйламайдими? Ҳали унинг ўзи ёш бўлиб тузукроқ япроқ ёзмаган, ўзи ҳам ҳали кўланкага зор бўлган чоғларида офтобда куйганини, ёки бўлмаса, шамолда қадди эгилганини, ёхуд муздек ёмғир остида дийдираб қалтираганини ким кўрибди?..” – деган изтиробли, дардли фикр эзмаганига ёш чинорча кўланка, вафодорлик, қисқаси, умр йўлдошидан ёш чоғида бева қолган шоиранинг ўзи ҳақидаги ва баъзи одамларнинг тошга айланган бағри ҳақидаги шеър туғилмаган бўлар эди.

Шу ўринда шоиранинг “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” (1954) шеърининг туғилишига Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларида ядро қуролининг портлаши натижасидаги мудҳиш воқеа, “Уни Фарҳод дер эдилар” асарининг туғилишида эса ўзбек саҳнасида Фарҳод ролини қойилмақом ижро этиб, ўз халқи маънавиятининг юксалишида фидойилик кўрсатган санъаткор Қобил қори Сиддиқовнинг фронтдаги Ватан учун жонини берган қаҳрамонлиги ижодий туртки берганлигини ҳам эсласак, унинг барча асарларига хос бўлган ҳаётийлик шоира ижодидаги бадиийликнинг асосий мезони эканлигини кўрсатади.

Зулфия Осиё ва Африка ёзувчиларининг Токиода бўлиб ўтган бир анжуманида сўзга чиқиб “Адабиёт – ҳаёт демакдир”, дея лутф қилган эди. Дарҳақиқат, шоира ўзи айтганидек, бир умр ана шу ҳаёт ичида яшади, “Шеър тинглаб, шеър тизиб – шеърларда қолди…”

 

Дамин ТЎРАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–1

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/sadoqat-kuychisi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x