РАҚС ТУШАЁТГАН ОДАМ (Мансурага татаббуъ)

 

Сарлавҳа топаман деб эзилиб кетдим. Йўқ, йўқлигидан эмас, кўплигидан, азбаройи мўллигидан қийналдим. Унинг ҳар бир битигидан не-не сарлавҳалар уфуриб туради. Беистисно ҳар биридан…
Сарлавҳа фикрнинг қаймоғи, тафаккур ёмбиси. Битиккаки муваффақиятли сарлавҳа топдинг, омадинг чопгани ёки илҳом паривашлари меҳмонига айланганинг шу. У ёғи сарлавҳадан қўр олиб, равон кетаверади. Бежизмаски, сарлавҳа ҳар қандай асарнинг ярим ютуғи, дейишади. Менимча, асл ютуғи, айни ютуғи.
Устанинг ёзишича, “Нитше образ яратиш санъатини рақс деб билади. Рақс инсониятнинг энг қадимий санъати ва ҳамма саньатлар ва шунингдек, сўз санъатининг ҳам ота-онаси.”
Модомики шундай экан, ижод аҳли образ яратувчилар – рақс тушувчилардир. Мантиқ шу, сарлавҳанинг мақсад-муддаоси ҳам шу!
Камина уввало уриниб, минглаб сарлавҳалар ичра ажратганим ифоданинг таърифлангувчиси – бугун барча – юрт отасидан тортиб мухлису муҳибгача алқаб, улуғлаб турган инсон Иброҳим Ғафуровдир.
Алишер Навоий ҳақидаги машҳур фильмимизнинг сценарий муаллифларидан Виктор Шкловскийга ўхшатаман Иброҳим акани. Шкловскийнинг Лев Толстой, Сергей Эйзенштейн ҳақидаги китобларини яхши кўраман. “Тортилган камон. Ўхшашнинг ўхшамаслиги ҳақида” (“Тетива О несходстве сходного. Теоретическая работа М., 1970 г.) ўзига хос ажойиб назарий китоби бор. Умуман, ёруғ дунёда 91 йил яшаб, ўзи ҳам саноғига етолмаган бир кўп китоблари (бадиий, илмий, илмий-назарий), эсселари, сценарийлари билан машҳур мутафаккир олим, танқидчи, ёзувчи, киночи, санъатшунос ва ҳоказо. Китоблари, умуман битиклари бари тезислардан иборат. Билим, фикр, мулоҳаза, мушоҳада шу қадар жўшқинки, тўлиб-тошиб келади. Ортиқча тафсилот, эга-кесим қидириб ўтиришга фикр пўртанаси чидамайди. Тезислар шаклида қоғозга қуйилаверади. Шкловскийнинг назарий, амалий қарашлари ХХ аср инсоният бадиий-илмий тафаккурининг ноёб кўринишларидан. У бадиий онг турларининг барчасида салмоқли ишлар қилган, залворли мерос қолдирган. Адабиёт, кино, тасвирий санъат, театр… барчасининг “…шунос”ликлари ривожига қўр берган буюк эссеист, қомусий тафаккур одами. Унинг тезисларда фикрлаб яратган ўнлаб китоблари ҳам бари сарлавҳалар таассуротини беради. Ҳа, ана шу сарлавҳа-матнларда бир олам маъно, мантиқ, мазмун. Ҳайратинг ошиб-тошиб кетади. Во дариғ, ҳамманики каби шу бир кафтга сиғгулик чаноқда шунча илм-билим, тушунча бўладими деб қоласан…
Бизнинг Иброҳим Ғафуровни шу закий мутафаккирга ўхшатаман.
Гарчи кўринишидан сира ўхшашлиги бўлмаса-да, сийратан ўхшаш улар. Тортилган камон мисол икковлон ҳам. Ўхшамасларнинг ўхшаши. Улар гўё маънавий ака-укадек.
Агар яна шу ердан изҳоримни узиб, янги сарлавҳа қўйиш мумкин бўлса, “Баланд тепалар” туркумидаги “Оқ бургутлар” дан мана бу ифодани хат бошига муҳрлаб қўярдим:
“Жўнлик устидан қозонгим келар ғалаба”.
О, нақадар долзарб фикр, мардона ифода! Бугун, ҳа бугуннинг энг керак гапи, энг зарур сарлавҳаси. Ҳаётини “рақс тушишга” тиккан бари санъат аҳли ва санъат ҳабибларининг кўнглидаги гапи, қалбидаги изтироби бу бугун. Чор атрофингни “жўнлик” умргузаронлиги метастаза берган саратон касали мисол босиб келаётган бир паллаларда нақадар интиқ, тансиқ бу ғалаба. Билооқибат, мумкинмикан бу музаффарият?!
“Ўқи, ўқи, ўқи” деган сокин, шикаста сас чалинади қулоққа. Сас танишдек туюлади. Муқаддас каломни такрор-батакрор садолантираётган овоз ўша исёнкор истак ифода топган иккинчи сарлавҳанинг муаллифиники экани аёнлаша боради…
Гаштакнинг навбатдаги улфатчилигида ўртага баҳс тушди. Баҳс мавзусига оид не бир мақолани ўқимаган экан, мунозарага киришган носир акамиз. Ўқимаслик касалига чалингансан дея, чунонам ёғилди таъна, дашном…. Каломга жуфтланган лаблар қимтиниб, тупуклар қилт этиб ютилди. Лоларухсор юзлардаги кўзлар ерга қадалди. Чапани давра эмасди бу улфатчилик… Аммо шаҳд билан қилинган тазйиқ дилда кадар қолдирди, совуқлик инди. Бунинг рутубати анчагача тарқамади. Кўнгилда чўкинди бўлди. Озод домланинг гапи ёдимга келди:
“Қизиқ мен ҳар гал Иброҳимжон билан кўришганимда, унинг кўзларидаги алланечук таъна аралаш кинояли нигоҳ қаршисида, ундаги сўз билан ифодаланмаган, лекин яққол сезилиб турадиган талабчанлик қаршисида сал-пал довдираб қоламан, қилган ишларимни, гапирган гапларимни бирма-бир хаёлдан ўтказиб, боримдан кўра яхшироқ бўлишга чоғланаман”.
Устоз Шарафиддинов ана шу ҳолат – талабчанликни Иброҳим Ғафуровнинг асарларига ҳам нисбат бериб, пировардида уни, “ҳеч иккиланмай адабиётимизнинг виждони, деб атасак хато бўлмас”, дея хулоса чиқаради… Вақтида Озод домланинг ўзига шу сифатни бериб эдик. Шукрки, адабиётимиз виждонсиз қолмаган экан. Бинобарин, не тонгки, виждон ва адолатни давлатчиликнинг бош мезони деб саъй кўрсатаётган Раҳнамомиз мазкур битикларимиз қаҳрамонининг тўйи сабаб ҳам юртдаги устувор маънавий-ғоявий сиёсатнинг асосларини мустаҳкам этаётир.
Кимгадир бу шоҳона лутф бўлиб туюлар, аммо нафсиламирини айтганда, бу қонуний ҳол. Айниқса, бугун жўнлик ботқоғини қуритмоқ зарур. Давлат бошқарувидан тортиб иқтисоду сиёсатда, саноату зироатда, табобату таълим-тарбияда, маънавият-маърифатда, санъат ва адабиётда, албатта. Чучмал эьтирофлар, мақтанчоқлик, сафсатабоз худпарастлик, пучқоқ риторика, сохта табассумлардан воз кеча билмоқ керак.
Ахир:
Олам гўзал. Олам телба. Олам тубсиз.
Телбалик гўзаллик тубсиз.
Ўзини жинниликка солди Суҳравардий
Ва қутулди дордан.
Омон қолди жони
бош омон қолди.
Менинг ҳамма хазинам бошимда дерди.
Баъзан олам ҳаводислари
қулоғингни учириб ўтаман дейди.
Сен ҳам ўйлайсан иршайиб:
бошимни олиб қўйсам қутиламанми
Ёқадими сизга бошсиз чавандоз?..

Майн Риднинг буюклигини кўринг, замонавийлигини туйинг. Ҳамма саргузашт адабиётининг зўр намунаси деб билгувчи умрбоқий роман макону замонлар оша инсониятга чақириқ экан. Буни-да бизга англатиб, эслатиб турган қаҳрамонимиз.
Қаҳрамонимизнинг тафаккур ва кўнгил бисотини кавлайверса, сон-саноқсиз турфа оламу оламчалар чиқаверади. Жўн нигоҳга улар бир-бири билан қандай алоқадорликда деган саволлар қуйилиб, алжирашдек туюлади гўё. Жўн эмас, огоҳ билгич учун улар алжираш эмас, билъакс, темир қонун билан тартибланган тугаллик – низом. Қуроқ, синиқ, йиртиқ, ямоқ-ясқи, лахтакларни бир-бирига мослаб улашдан пайдо бўладиган ғалат шаклни мозаика дейдилар фарангилар. Сўз, асл маъносида музалар билан боғлиқ бўлгани учунми, бу бора-бора муайян табиийлик қонуниятига бўйсунувчи, Шкловский мисолида юқорида айтганимиз, ўхшамасликнинг ўхшаши асосидаги санъат турига айланди. Мозаика шакл санъати авангард адабиётига ҳам кўчиб, Жеймс Жойс каби улкан адибларнинг романларида авж-адосига етди. Оддий назарга ғалат туюладиган Ғафуров мансуралари мозаика санъатига хос муштараклик намуналаридир. Фақат буни сезиш, кўриш ва англаш учун қалб кўзлари керак ўқигувчига.
Рост-да, ахир ҳамма қатори туғилмай, йўргакка олинмай, боши қолиб, оёғи билан ёруғ дунёга чиққан ва ўлик дея эски-тускига чирмаб, совуқ уйнинг бир чеккасига элтиб қўйилган ва иттифоқо онанинг сезими – савқи табиийси билан тириклиги аёнлашиб, бағирга олинган мурғак, аввало, қалб кўзлари туфайлидан омону эсон қолиб, камол топди. Ўзи айтмоқчи, ўттиз еттинчи йилнинг қаҳратонида Қодирий, Чўлпон, Фитратлар… қатағон этилган кунларда таваллуд топди. Бамисли уларнинг жисми йўқликка инган паллада миллатнинг қуриб битмас чашмаларидан янги чашма кўз очгандек бўлган эса не ажаб?! Шудир балки табиатдаги темир қонун, тартиб-интизом. Катта миллатларнинг юзи бўлгучи фарзандлари туғилишу ўлишида, наслларнинг ворислигу бардавомлигида, албатта, бир илоҳий низом – мунтазамлик бўлмоғи азалдан бор гап. Ўтлиғ шоиримиз Фурқат айтмоқчи, “жаҳон холи қолурму ҳеч расолардин”.
Ёруғ кайфият ва ажиб таъмнинг муждаси бўлиб, хоҳишларини қитиқлаган зарғалдоқ шафтолиларга қўйни-қўнжини тўлдириб чиққан маъсум болакайнинг жазоланиб, олма шохига осиб қўйилгани азобини бир эсланг-а… мансура ҳикоядан. Ўғриликнинг, бесўров хоҳишнинг жазосини онгу вужудига умрбод муҳрлаган бола тасаввурнинг даҳшатидирки, кейинги етмиш йиллик умр, ҳаромдан ҳазар шиори билан ўтди. У ютаётган луқмасинигина эмас, ўқиган китобию, ёзган битиклари, ўзбекчага ўгирган бадиий дурдоналари, ирод этган нутқу маърузалари билан, кўйингчи, давралардаги иштироки билан-да виждонларни уйғотиб, ҳалолликнинг унутилаёзган қўшиқларини куйлашдан тинмади, тонмади. Бу қанчалар қийин, азобли машғулот бўлмасин, шу маёққа интилаверди. Солланиб, салмоқланиб ўша бисот билан шу кунларга етди. Бу бисотга жамиятда эҳтиёж ўлмаган эканки, уни алқаб, улуғлаб ўлтирибмиз-биз… Рост бўлсин, рост бўлсин, муваққат ҳол бўлиб ўтмасин дегинг келади…
Мансураларни “Менинг романларим” деган Иброҳим ака “Ҳаё-халоскор”ида: “кучли нутқ оқимига асосланган “Мансуралар” деган жанр яратдим. Мансуралар эркин шеър жанрига жуда яқин, лекин эркин шеър эмас. У мени ўртаган ўй, хаёл, орзу ва эришилмаган, йўқотилган нарсалар тўғрисида фикр оқимлари”.
Ўсмир тасаввуримнинг инжа маликаси Одри Хепберн ҳақида ўзбеклардан илк бор Иброҳим ака ёзганини ўқидим. Ўқидиму ўша ўспирин паллада бу “ҳуркак оҳу”га ғойибона кўнгил қўйиб, у ҳақда ҳар нечук маълумот, таассурот, битиклар излаб, бори топган ўқиганларим орасида Иброҳим аканинг мансураси бошқачароқ, кучлироқ таъсир қилди. Бир ўзим эмас эканман, бу қизгинага хаёлий шайдо. Биргина менинг кўнглим эркаси эмас экан бу малак. Рашк эмас, умумҳайрат туйғуси эгаллаганди мени. О, менинг туйғуларим, мафтунлигим – илк бор “Рим таътиллари”ни кўргандаги…

Кўк сиғар эди Одрининг кўзига. Курра сиғар эди
Одрининг кўзига.
Чексиз Ҳимолайлар чўккан эди Одрининг кўзига.
Оксанлар маъсум ётар эди Одрининг кўзларида.
Мен ҳам ўсмир чоғларим сиққан эдим бу кўзларга.
Бошдан-оёқ мужассам ҳуркак нигоҳ эди Одри Хепберн.

Мана сизга мансура – роман. Эҳ-ҳе, мана шу олти сатрда озмунча мазмун, тафсилот, тарих борми. Бу тафсилот-тарихлар бари ўзиники, ҳар бир қалбнинг ўз-ўзиники, ҳар бир хотиранинг ўз сурати, ўз ёндашуви, кўрими, муносабати. Бунга фақат ана шу олти сатргина туртки беряпти. Олти сатр бутун бир умрни хаёл кўзгусида жонлантиряпти. Фақат сеники, фақат ўзингники бўлган тафсилот-тарихларни жонлантиряпти бу олти сатр.
Мансура – романда Одрининг ўлими чексиз қайғуга солган титроқ қалбнинг яна бир неча ўн сатр гиряси бор, олтита билан тугаган эмас. Лекин улар энди кўпроқ, асосан Иброҳим Ғафурники, меники эмас. Мен ўлимига ҳар қанча қайғурсам-да, тирик ёруғ сурат бўлиб хаёлимда жилваланиб тураверади. Одри менга хотира, таассурот бисотимни очиб берган олти сатр етади. У ёғини ўзим тўлдириб оламан, тўлдирадиган тафсилотлар кам эмас… Фақат акадан яна бир сатрни сўраб оламан… сарлавҳа қилгани. Чунки бундан зўрроқ, ёмбироқ ташбеҳ-сарлавҳани мен тополмасам керак.
Одамзоднинг мунгига муҳр-оҳуларнинг кўзлари.
Шу ўринда фикр нишаби яна сарлавҳага тортиб, “Ҳаё – халоскор” деган маънавий оламимизга Иброҳим Ғафуров ибораси ўлароқ дарж этилган сўзлар қояланади.
Роман дейману қўшиққа ўхшайди бу Мансура. Балки қўшиқ-роман, гиря-роман дейиш керакмикан бу мансурани. Ва балки Иброҳим Ғафуров қалбидан отилган нидолар, видолар бари қўшиқдир…, унинг ўз қўшиқларидир?! Товуш тембрлари, диапазон зоҳиран қўшиқчиникига ўхшамагани учун у қўшиқ дея қадр топмаслиги мумкинлигидан бу сангдил издиҳомда, мансурани ўйлаб топдимикан…
Яқинда бангладешлик элчи-шоир Маъсуд Маннаннинг таклифи билан Тошкентда меҳмон бўлган Танвир Мукаммал исмли кинорежиссёр билан танишдим ва унинг “Лоло” номли фильмини кўрдим. Қизиқ, Лоло исмли ўтган аср бошларида Бангладеш қишлоқларида яшаб ўтган хат-саводсиз дарвеш шоир ўз таълимот-тушунчаларини куйлаб айтган экан. Тинимсиз куйлаган – бори ҳаёт, турмуш қўшиқдан иборат. Шуниси қизиқки, ҳар ким ўзини ифода этишнинг турфа йўлларини топар экан…
Аксарият ўзини ифодалашга имкон қидирадиган истеъдодлар инсоният асрлар оша уларгача яратган усул, услуб, жанр, вазн, ўлчов, қонун-қоида ва ҳоказоларга мурожаат этади. Қолипларга мослашади. Лекин шундай саркаш кўнгил ва шуур одамлари борки, улар бошдан-оёқ яратгувчилардир. Ўз розларини фақат ўзлари кашф этган шаклларга мувофиқ ифода этадилар.
Иброҳим ака француз адиби Андре Морлонинг “руҳга шакл бериш” ҳақидаги фикрларидан муттасир бўлиб ёзган эдилар. Ўша биз назарда тутаётган яккаш саркашлар айнан руҳга шакл излаётган одамлар бўлса-чи?! Топгани бахтли, тополмагани, қуввати етса, тинимсиз изланишда. Шу маънода Иброҳим ака бахтли. Ютуғи, каму кўстини ҳам ўзи ҳаммадан яхшироқ билади. Инчунун, “Мансура” жанрини яратдим” деганда ишонмаслик мумкин эмас… Билфеъл аканинг “Персонализм” хусусидаги мана бу иқрори орий рост: “Ҳар бир одам ўз ҳаётида инқилоб қилсин. Ҳар бир кимса ўз ичида ҳам инқилоб ясасин…. Илоҳий инқилоб! У қалбимда! Турғунлик деви (дев бўлса ҳам – Ш.Р) енгилмас эмас”.
Мана Одри Хепберн хотирасидан палак олган ўйлар, ўйчиқлар. Буни эҳ-ҳе, не-не тафаккур силсилаларига улаб давом эттириш, эттиравериш мумкин. Ҳа, мана сизга роман…
– Э, бўйингдан ўргилай, Иброй ака! – деворгинг келади волидаи азизага ўхшаб, гарчи “таъна аралаш кинояли нигоҳи” тушиши мумкинлигидан хавфсирасанг ҳам.
У Толстойдан уялади. Достоевскийдан, Жойсдан, Хеменгуэй, Айтматов, Маркес….дан уялади, хижолат қилади жўн ёзишдан, жўн фикрлашдан. Ва, албатта андиша қилади ҳазрат Навоийдан. Шу андишасики, уни Навоийга унсияти – яқинлашмоғи учун, “Фалакий кўламлар”га интилмоғи учун қалбига қўр, танига қувват, фикратига қудрат бағишлайди. Ва у шу андишаси билан бирор кун Толстой бобо унга жўнлиги учун хаёлан айтиб қолиши мумкин бўлган таъналардан асранади. Асраниб, муҳофазаси улғайиб, кўнглини мансура куйлашга сомеъ этади.
Мен дастлаб Тургеневнинг насрдаги шеърларини ўқиган эдим, кейин Миртемир, сўнг Ойбек, яна кейинроқ бир-икки Чўлпонда. Булар бари ҳиссий эпкинлар самараси, шеърга, ўлчам ва қатъий мезонларга сиғмаган, сиғишни истамаган саркаш туйғуларнинг юзага чиқиш усули эди. Назаримда, бу ҳол туйғулари чандон чаппар уриб турганда шоду хандон ва ёки тамоми шикаста кўнгилли ижод аҳлининг барчаси вақти-вақти билан мурожаат қилиб, гоҳ пинҳон тутадиган, гоҳ ошкор этадиган муваққат чизгиларига ўхшайди. Ўзим ҳам ёзганман, ёзаман шундай насрдаги шеърларни. Улар кўпинча ёндафтарларда, жавонларда, архивларда қолиб кетадиган ўта интим, тийиқсиз ҳиссий эҳтиёж натижалари. Шунинг учун ҳам фикрловчи ошуфта аҳли қалам бари мансура ёзадигандек туюлади. Модомики, мансура фикр алангаси ёлқинлантирган ҳиссиётлар эпкинида туғилар экан, у ҳам тафаккур, ҳам ҳиссиётлар зурриёти, фарзанд эса ўсувчандир. У нимага мойил бўлса, шу томонга қараб бўй чўзади, шаклу шамойил касб этади. Фикрга бўлса “…шунослик” (адабиётшунослик, санъатшунослик, адабий-бадиий танқид…) йўлини тутади, ортиқ даража туйғуларда турғун туриб, шунга нойил эса бадиий ижод (шеър, наср, драма ва ҳоказо)га жўяк солади. Ҳа, назаран, мансура шу икки илмий ва ижодий жараённинг ибтидоси, асоси, пойдевори. Кимлардир қай бир йўналишга тортиб кетади, кимлардир ҳар иккисинида бўлак-бўлак, мустақил юргизади. Кимлардир (булар жуда камчилик) ўша ибтидода мустаҳкам туриб қолади – худди Иброҳим Ғафуровдек.
Аслику у ҳам “…шунослик” дарёларида сузиб, адабий танқид, адабиётшунослик, таржимашунослик оролларини обдан кезинди, гоҳ-гоҳ яна сафарлар қилиб туради бу оролларга. Аммо бу ороллардаги муҳит, маром зерикарлироқ туюлади шекиллик, улар оромидан ором топмай, яна фикр, мушоҳада билан ҳиссиёт уйғунлигидаги эссеистикани кўнгил хоҳиши, ифода воситаси деб белгилайди. Энди унинг “Мангу латофат” (айниқса), “Паривашлар мажлиси”даги рисолалари ҳам бари бирликда эссеистика – бадиалар бўлиб жамланади. Қаранг, ўша китоблар тартибида жадид боболар адабиёти, матбуоти, Беҳбудий, Фитрат, Эркин Воҳидов, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддинов, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Шайхзода, Зулфия, Усмон Носир, Одил Ёқубов, Асқад Муҳтор, Мақсуд Қориев, Сайёр, Тоғай Мурод, Лазиз Қаюмов, Нуриддин Шукуров, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким ва бугуннинг ёш шоирларигача таҳлилга, мушоҳадага тортилган турли авлод қалам аҳли ҳақидаги рисола, мақола, тақриз, сўз, кириш сўз, сўнгсўз ва ҳоказо турли илмий-танқидий жанрдаги барча битиклар ҳеч муболағасиз, бари эссеистика намуналари. Уларнинг қаеридадир таҳлил, илмий мушоҳада, баҳс-мунозара каби “…шунослик” методлари кўриниб ё кучайиб кетса-да, барчаси бора-бора ҳиссиётлар зилолига қўшилиб, бадиа дарёсига сингиб кетади. Булар қатори руҳ, ҳаёт, ўлим, имон, эътиқод, тил, ирода, ахлоқ, ҳаё, матонат, жасорат, миллат, ватанпарварлик… каби алоҳида мақола, чиқишларга мавзу бўлган қатор маънавий категориялар ҳақидаги фалсафий ўйлар, тезислар, фиқралар, муносабатлар… ҳам ўша дарёнинг балиқлари.
“Эътиқод ҳосиласи” номли Озод Шарафиддинов ҳақидаги эссесида Иброҳим Ғафуров синчковлик-фаросат-ҳафсала хусусларида фикр юритиб, уларни туғма, эгиз, туғишган, бирлашган, туташган, чатишган хусусиятлар дейди. “Буларсиз адабиётчи йўқ, танқидчи, санъаткор йўқ. Вассалом”. Ана шу бири бирига эш уч фазилат мансура ва эсселарнинг уруғдони ва дояси. Агар синчковлик акада энг ривож топган индивидуал хусусият десам, битикларидан бохабар бирор кас фикримга шубҳа билдирмас. Фаросату ҳафсала борасида ҳам худди шундай. Ҳафсаласизликни кечириб бўлар, чунки бундан энг катта зиён кўргувчи сизнинг ўзингиз бўласиз, қилмаган ва бажаришга қувват ва фурсат топмаган, турли ботиний ва зоҳирий важ-карсонлар топиб, ўз-ўзини алдаб юрган ўзингиз бўласиз ҳафсаласиз одам. Аммо фаросат бобида уни одамнинг яккаш камчилигигина деб айтиб бўлмайди. Бефаросатлик бу нуқсон, иллат, қусур одамдаги. Одамлик шаънини не қадар ерга ургучи тубан, тақир бир ҳолат.

Фаросатсиз нодонлардин қочмоқ керак.
Бефаросат, бефаҳм одам мисли эшшак.

дейди донишманд халқ.

Хўш, синчилиги йўқ одам ҳаёт, тирикликнинг турфа кўринишларида не бир ҳаводисларни ажратиб, уларнинг моҳиятини излаб, ўрни, аҳамияти, керак нокераклигини билиб, билдириб биладими?! Табиатда неки яратиқ бор-барининг ўрни, вазифаси бор. Ҳеч бир нарса оламу одамдан ташқарида эмас. Фақат синчковликкина бор нарсанинг борлиги, қай бир даражада кераклигини англатади. Уни ўша кераклик доираси-даражасини топиш фаҳму фаросатдан. Қўллаш, ишлатиш, амалиётга қўя билиш эса ҳафсаладан. Биринчи ва иккинчи хусусиятлар ижодкорда ҳаётий зарур бўлгани ҳолда учинчиси ҳаракатсиз туриши мумкин. Бу энди юзага чиқмаган имконият, потенциал. Ўзида Достоевский, Шопенгаурларни ўлдирган Ваня тоғанинг ёзғиришлари, йиғи-армонлари. Бу уч сифатнинг бир инсонда мужассамлиги бахти, омади, тақдир қилгани. Бироқ бу фазилатлар боридан бўлиқроқ, бўртиброқ кўринса-чи, ортиқроқ фаолликда намоён бўлса-чи. Бу энди улуғлик, ўзгалардан, бир кўп инсонлардан ўзгачароқ, қатору сафлардан бўйчанроқ кўриниш бўлса керак. Бундайларни ҳарбийда қатор бошига қўйиб, белги олинади. Маҳалла-кўйчиликда ҳамиша олдинга ўтқазиб, сафнинг савлати, эътибор-иззатини белгилашади. Илмда, ижодда агар шундай олим, адиб, санъаткор бўлса, у зотни табаррук ва улуғ санаб, устоз ва пир дея этагидан тутишади. Бугун неча-неча маънавиятга ёндош мардум Иброҳим акани устозу пир мақомида билиб, суҳбатларига интилади, этакларини тутиб, бу табаррук инсонга эргашади.
Агар инсонни синчковлик безаса, бахтиёр этса мисоли Иброҳим Ғафуров, фаҳму фаросат фазилатмаоб қилса, намунаси Иброҳим Ғафур, ҳафсала туфайли ўз ҳаётида инқилоб қилса, турғунлик девини енгса, Иброҳим Ғафур. Ана шу илоҳий бахтдан ибратланиб юрганлар муродига етсин, албатта.
Турли давра, учрашувларда иқтибос келтириб айтиб юраман – “Аргументы и факты” газетасининг 2016 йилги сонларидан бирида машҳур кинорежиссёр Павел Лунгин “Стыда больше нет” дея афсус-надомат билан интервью берибди. Ҳа, у энди ҳаётда, дунёда уят бўлмайди, шарму ҳаё туйғуси йитиб кетди, энди буларнинг бари пулга сотиладиган товарга айланди, энди шарму ҳаё бу шоу-бизнес деганидир дейди.
Бизнинг Иброҳим ака буни роппа-роса 10 йил олдин кўра билиб, бутун бир китобининг сарлавҳасига чиқарган эди – “Ҳаё – халоскор” – “Шарқ” НМАК, Тошкент, 2006 йил.
Бу билан қаноатланмай, икки йилдан сўнг “Мангу латофат”ида яна бонг уриб “Ахлоқни соғиниш. Ҳаё – халоскор” деб чиқди. “Адаб – одамийликнинг ўзаги. Балки одамийликнинг бари бошдан охир адабдан иборат. Адабнинг илиги эса – ҳаё. Илик қуриган ерда ҳаё бўлмайди. Ҳаёни ор-номус, ҳамият, орият, шаън, уят сингари тушунчалар қаторига қўямиз….Уят жуда қадимдан келаётган туркий ўзбакий сўз ва тушунча. У ёпиш, паналаш маъноларини англатади…Уят туркийча, ҳаё – арабийча, шарм – форсийча келиб чиқишга эга. Руслар бу тушунчаларни “стыд”, “срам” сўзлари билан ифодалашади.
Ҳа, ана-рус кинорежиссёри айтган “стыд” – ҳаё жамиятда, одамларда йўқола бориб, товарга айрибошланган экан, демак, уни асраш чоралари кўрилмоғи зарур. Дарахтки танасида кесилган ва очилиб қолган жойини ёпиб қобиқ қопларкан, нега одамзод яланғочликдан асраниш эвини қилмайди?! Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган энг оддий, ҳамиша кўз олдимиздаги ҳақиқатни эслатади Иброҳим Ғафур: “Яланғочни ер ҳам қабул қилмайди”. Дарҳақиқат, на насроний, на буддавий, на исломий эътиқодларда майитни яланғоч ҳолда дафн этиш йўқ.
Ҳа, ҳаё – халоскор. Фақат тананинг яланғочлануви, авратнинг очилиб қолиши эмас, фикру ўй, сўз-муносабат, мулоқот-мусоҳабаларнинг яланғоч кўринишлари – бу ҳам беҳаёлик-ку. Биз гоҳо қадим водий миллий маданий қадриятларидан келадиган аскияни уятсизроқ жанр, деймиз. Аммо шу уятсиз аталгувчи айтишув-диалогларда қанча парда, ишорат тасаввури билан англанадиган қанча фасоҳатли завқ-шавқ бор. Ҳатто сўзиники шу қадар пардалаган мардум нега энди ҳар не унсурдан пардани кўтаряпти. Ҳаёсизларча ялтоқланяпти, беҳаёларча мақтаняпти, уятсизларча куляпти, шармандаларча тана ўйинлари билан ҳирсу ҳарисликни оддий ҳолга айлантиряпти.
Бола эканмиз, раҳматлик бувимнинг бўйинларида пайдо бўлган нуқтадек қизил сўгални кўрсатиб – нима деб сўрабман. “Ўғил бола бунақа нарсаларни сўрамайди”, дея танбеҳ эшитдим. Шу-шу ёшинг ўта бошлаб, қўлу томоқ, бўйинларингда ўз-ўзидан пайдо бўлиб қоладиган ҳолу сўгалларни энди ўзимизда кўриб, булар ҳар қандай тананинг ўз таманнолари, вужуд-тери кимёларининг не бир зуҳури эканини англаб, шугинага ҳам дакки олганимиз учун ҳаё пардаси оналаримиз, момоларимизда шунчалар бўлган экан-да, деб қўямиз. Иброҳим ака мавзу очаётган ҳаё-ку глобал дунёнинг хавотир-ташвишлари. Бора-бора Лут қавми ё Содом, Гоморра шаҳарларини қўпган қиёматлардан огоҳлантириш хушёрлиги.
Ўзи-ку аканинг мансура, эсселари бу унинг ҳайратлари ичра оҳлари, андуҳлари, армонлари, ошкор айтилмаган аламлари, дардлари ҳам. Озод домла ҳақидаги “Эътиқод ҳосиласи”да ёзади: “Таржима мақолаларни Озод Шарафиддинов адабий-танқидий, ижтимоий, инсоний эътиқодининг сар мевалари, деб қарамоқ керак. Ўзи шундай ҳам. Озод ака ўзи ёзолмаган, айтолмаган (турли сабабларга кўра) фикрларини шу таржималар орқали ўқувчисига етказади. Зеро, биз учун озодлик ва маънавиятга ҳизмат қиладиган ҳар бир нарса қадрлидир.”
Асли Иброҳим Ғафуров ҳам закий мутафаккир, ҳушёр нигоҳ ва сира бефарқ бўлмайдиган инсон ўлароқ кўнгил розларию норозиликларини, ёқмаган, ёқтирмагани номарғуб сўз, китоб, одам, авом, қилиқ, қийтиқларни яланғоч танқид қатларига қайд қилмай, мансуралар, эсселарнинг не бир оҳанг мисраларига жо этади. Фаҳму фаросати бор одам бу ишора, истеҳзо, эссеистик киноя ва фасиҳ кесатиқларда неқадар ништар пардаланганини аниқ сезиб билади. Ва, албатта, Иброҳим аканинг хунукни чиройли қилиб, бадномга мажоз топиб, бадбинга оройиш кўзгу тутиб, билиб-билиб, архаик аталувчи сўз бисотидан аниқ ифодалар танлаб муносабат билдиришига тан беради.
Мана шулар
менинг ватандошларим
бошқасини қайдан оламан
уй солишни севишар
тўй қилишса, қувишар
аза келса, туришар
вазминликни суйишар –
мана шулар –
менинг ватандошларим
бошқасини қайдан оламан.
Офтобликка аста чиқишар
жаҳон билан секин сўрашар
эҳтиёти унга ярашар
мана шулар – менинг ватандошларим
бошқасини қайдан оламан…
жиқ бўлиб кетдим фикр чопқинларида

ёки мана бу сатрларга жо бўлган кўҳна сўзлар ташигувчи оҳангни тинглаб, мажозини чақиб кўринг-а:

Нисоланар сўзлар –
Бағримга бош қўяр қатор бўлишиб –
аёлга ўхшаб қолар сўзлар –
қора қуш ёмғирида ивиган, бўртган, тиниқ тортган
аёл шундай бўлар.
Қонган аёлдан гўзал аёл бўлмас –
мен шундай қонеъ сўзларни қучаман – ўпаман,
эркалаб – эркалаб етаклайман
Сўзларнинг кўксидан тизилиб отилар сутлар
мен ичолмайман
лек
бола каби
сўзлар олдида ожизман.
Қора қушлар ўтишар
қуюн тортишиб,
нисоланар сўзлар кузги бодринг каби
кўм-кўк, қарсилдоқ – мен уларни бағримга босаман
муқаддас нима бор шундай сўздан ортиқроқ.

Мансураларни Иброҳим ака менинг романларим, деганини эслатиб эдик. Юқорироқда фикр билан туйғуларнинг турфа ва ажиб муштараклигида туғилиб, сўнг шохлаб кетадиган илмий ва ижодий жараённинг ибтидоси дедик. Агар адабиёт ва замон нисбатида бугунги шитобдаги глобал жараёнларни бор шошқину тошқини билан кўрадиган бўлсак, мансуралар айнан роман ва айни чоғда ибтидо ҳам, интиҳо ҳам бўлиб қолади. Шу билан бирга, улар Иброҳим Ғафуров зако ва фасоҳат сайёрасининг ноёб яратиқлари ва муҳташам обидалари бўлиб ҳам кўп ҳассос кўнгилларда машъалалар ёқади. Бадиий сўзнинг тилсим дунёсига не-не авлодларни чорлайверади.
Устоз ўзбекчага ошуфталик билан ўгиргани “Зардўшт таваллоси”нинг ижодкори Нитшени ниҳоятда суяди. Унга турли муносабат билан бот-бот мурожаат этади. Модомики, Нитше “образ яратиш санъатини рақс” деб билган экан, Иброҳим Ғафуров мансуралар, эсселар, таржималар, ёниқ сўзлар воситасида образ яратишнинг ҳаддини эгаллаб, тимсол уммонининг ғаввоси ўлароқ шаън ва шуҳрат топди, табаррук ёш ва одамийликнинг қутлуғ мартабаларига етишди. Яна устознинг ўзи “Инсонийлик рисоласи”да “Яшаш бу санъат” деб ёзган эди. Демак, у образ яратиш санъатини яшаш санъатининг меҳварига айлантириб, ажиб самовий кенгликлар ичра рақс этишда бардавомдир.
Фақат ҳавасланиш мумкин бундай умргузаронликка.

Шуҳрат РИЗАЕВ

2017/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/16/%d1%80%d0%b0%d2%9b%d1%81-%d1%82%d1%83%d1%88%d0%b0%d1%91%d1%82%d0%b3%d0%b0%d0%bd-%d0%be%d0%b4%d0%b0%d0%bc-%d0%bc%d0%b0%d0%bd%d1%81%d1%83%d1%80%d0%b0%d0%b3%d0%b0-%d1%82%d0%b0%d1%82%d0%b0%d0%b1%d0%b1/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x