Қирғиз тилидан
Зуҳриддин Исомиддинов
таржимаси
Ўзбекнинг “Алпомиш”и, “Гўрўғли”си каби достонлари, юзлаб сеҳрли эртаклари бор. Буларнинг биронтаси йўқолса, ўрнини тўлдириб бўлмайди. Ёки аксинча, халқ оғзидаги бирон асар топилиб қолса, нақд хазинага дуч келган бўламиз.
Қирғизларнинг “Алпомиш”и ҳам, “Гўрўғли”си ҳам, бошқаси ҳам, аввало, “Манас” достонидир. У ҳам типологик жиҳатдан “Алпомиш”, “Гўрўғли”лар билан бир хил, яъни қаҳрамонлик достони. Ва уларнинг аксари деярли бир вақтда – ўтган асрнинг йигирманчи-эллигинчи йилларида ёзиб олинган. Бироқ бизнинг достонлар ёзиб олинган чоғда ўзбекларда эпик муҳит барҳам топиб, бу асарлар бадиий обидага айланган бўлса, худди ўша ХХ аср бошида қирғиз фольклорида эпик муҳит ҳали барқарор эди. Бу ҳолат то эллигинчи йилларга қадар давом этди. Унинг инерцияси ҳатто ҳозир ҳам сезилади, ҳар беш-ўн йилда янги-янги “Манас”чи оқинлар етишиб чиқяпти.
Аммо бугунги шиддатли давр эпик муҳитнинг яна давом этишига имкон қолдирмади. Шунинг учун, “Манас” эпоси ҳам, қачон ёзиб олинганидан қатъи назар, ўтмиш мероси. Бугунги қирғиз аудиторияси ҳам уни сўз санъати намунаси, бадиий асар деб эмас, ўтмиш обидаси деб билади.
Хўш, ҳозирги ўқувчи “Алпомиш”, “Манас”, “Гўрўғли” каби достонлар, ёки сеҳрли эртаклардан ўзи учун нима топади? Бугунги технология асрида оғир гурзиларни кўтариб от чопган содда ва дўлвор қаҳрамонлар бизга нима бера олади? Умуман, ҳаётни кенгроқ мушоҳада қиладиган бўлсак, бир қадар эртакка, чўпчакка ўхшаб кетадиган бу достонларга бугун зарурат борми ўзи?
Албатта бор. Гап шундаки, сўз ихлосманди бадиий асардан техника ёки технология ютуқларини эмас, ҳис-туйғуларни, инсоний олийжанобликларни қидиради. Ва топади ҳам. Бу соҳада эса, айнан оғзаки ижод намуналари ҳатто анча-мунча бадиий асарларни ҳам ортда қолдириши тайин. Чунки уларда халқ руҳи бутун манзаралари билан, яйраб-ёйилиб акс этади. Техника, технология ҳар замонда янгиланиб туради, лекин ҳис ва туйғулар асло эскирмайди, билъакс, ҳиссиётлар, туйғулар қанча “қадимги”, қанча “эски” бўлса, шунчалик ноёблашиб, қадри ортиб боради.
Қирғиз “Манас” эпосининг таржимаси ҳам бизга шунинг учун керак. Чингиз Айтматов бекорга уни “қадимги қирғиз руҳининг сарбаланд чўққиси” демаган. Бу асар билан танишиб, биз қардош ва қўшни эл – қирғизларнинг миллий руҳини, ўзига хосликларини кўпроқ англаймиз.
“Манас” – ҳажман дунёда энг йирик достон. Соғимбой Ўрозбеков айтган биргина варианти 450 минг мисра келади. Яна бир машҳур “Манас”чи Саёқбой Қоралаев эса бу эпосдан қарийб 1 миллион мисрани ёд билганини нақл этадилар. Аёнки, бунча кўламли нарсани юзлаб китоб қилиб нашр этиш амримаҳол. Шунинг учун ҳам Қирғизистоннинг ўзида ҳам “Манас” ҳозирга қадар фақат қисқартирилган ҳолда нашрга тайёрлаб келинган.
Бу асарнинг I бўлим биринчи қисми янада катта қисқартиришлар билан 1964 йилда устод Миртемир томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Орадан ўттиз йил ўтиб, 1995 йилда – минг йиллиги нишонланаётган кунлари унинг иккинчи қисмини Султон Акбарий таржима қилди, болалар учун тайёрланган вариантини эса Турсунбой Адашбоев ўзбекчалаштирди. Шу ўринда ўтган аср эллигинчи йиллари охирида Фрунзе шаҳрида чиққан “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси ходимлари унинг баъзи қисмларини ўгириб, ушбу рўзнома саҳифаларида чоп эттиришганини, XXI аср бошларида эса ўшлик айрим қаламкашлар ҳам эпоснинг у ёки бу вариантини ўзбек тилига ағдаришганини қайд қилиб ўтишимиз лозим.
Ҳозиргача “Манас”нинг ёзиб олинган вариантлари сони олтмишдан ошди. Бунча кўп вариантларда (нашр этилган нусхалар орасида ҳам) эпосда тасвирланган улкан эпик воқелик тасвири ва талқинида анча-мунча фарқлар борки, ҳатто энг билармон ўқувчи ҳам унинг асл “ўриш-арқоғи”ни иккинчи даражали, асарга кейин қўшилган эпизодлардан ажрата олмай қолади. Шуни ҳисобга олиб, ёзувчи, Қирғизистон қаҳрамони, профессор Бексултан Жакиев “Манас”нинг “қисқартирилган” эмас, “қисилган” вариантини тайёрлади ва бу хрестоматик нусха илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилиб, барча таълим даргоҳлари – бошланғич ва ўрта мактаблар, олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланмаси сифатида чоп этилди. Диққатингизга ҳавола этилаётган “Манас” таржимаси ана шу нусхага асосланган.
Икки оғиз таржима усули ҳақида. Биз юқорида халқ қаҳрамонлик достонларининг илмий-маърифий жиҳатларига бежиз тўхталмадик. Гап шундаки, бадиҳаан айтиш (бир оннинг ўзида ҳам тўқиб, ҳам ўша лаҳзада ифода этиш, ижод ва ижро жараёнининг омухталиги) бу обидалар матнидан ўта юксак бадиий санъатлар, истиоралар қўллашга имкон бермайди. Уларга халқона соддалик, табиийлик хос, туркий тилларнинг асл хусусияти – жумланинг феъл-кесим билан тугалланиши, мисраларнинг уч бўғинли клаузула билан якунланиши кабилар хос. Камина таржима матнида ана шундай жиҳатларни имкон борича сақлашга интилдим, мисралар ўрнини алмаштириш, мураккаб перифразалар қўллашдан воз кечиб, “Манас”чи оқиннинг ўзи тузиб, ўзи тизган жайдари сўз ва ифодаларни имкони борича ўзгартирмасликка интилдим, “бадиий” ўгиришдан кўра илмий-адекват таржима қилишни (бу ўринда) афзал билдим. Дарвоқе, ҳозир дунё эпосларини шу принцип асосида таржима қилиш тамойили етакчи ўринга чиққан. Бу усулда қилинган таржималар матнига таяниб, шу асар ҳақида бемалол илмий иш қилиш мумкин. Боз, боя айтилганидай, асар аслиятига хос тароват улардан кўпроқ уфуриб туради.
Таржимондан
ДОСТОН БОШЛАМАСИ
Э…э…э…эй, бурунгининг эртаги,
Бошласа бўлар эрмаги.
Оталарнинг эртаги,
Айтмай кетсак бўлами?
Кўпи тусмол, кўпи чин,
Кўпчиликнинг кўнгли-чун.
Кўриб қайтган киши йўқ,
Қўшиб айтган билан иши йўқ.
Ярми тахмин, ярми – чин,
Ёронларнинг кўнгли-чун.
Ёнида бўлган киши йўқ,
Ёлғони билан иши йўқ.
Уламодан уққан сўз,
Олимлардан юққан сўз.
Қарилардан қолған сўз,
Халқ ичидан олған сўз.
Турфа масал, тўлған сўз,
От кўтармас бўлған сўз.
Орсизлардан оғриниб
Азамат эрга қўнған сўз.
Эранлардан қолған сўз,
Энчи қилиб олған сўз.
Нақ юракка ботған сўз,
Дилда қайнаб, қотған сўз.
Ёвга отланган ботирнинг
Ён яроғи бўлған сўз.
Бўрон-довулли белдан
Беш айланиб ўтган сўз.
Боласига отаси
Мерос қилиб кетган сўз.
Ёзилган бир номадай
Кулли юртга маъқул бўп,
Унутилмай етган сўз.
Қанча замон бу достон
Тилда тошиб сел бўлған.
Ҳормас-толмас эрлари
Ғайрат берар бел бўлған.
Ул замондан то ҳануз
АЛОКЕ ХОННИНГ
ҚИРҒИЗЛАРНИ ҚИРГАНИ
Аждодлари бари хон,
Олдида Хизр дориған.
Туб отаси Қирғиздан
Туққан экан Қорахон.
Қорахондан Ўғузхон.
Ўғузхондан Аланча,
Аланчадан Бойғурхон.
Ғайрати зўр, заҳри куч,
Қотилганни ер қилган
Қоплон экан Нўғайхон,
Қайтмас бўлиб туғилган
Ҳаммага донғи уқилган.
Ғазабига текканда,
Хитойга қараб ўқ узган.
Шул Нўғайхон ўлганда,
Қайтиб келмас чин жойни
Шундоқ эран кўрганда
Қорахитой, Манжудан
Алоке деган хон чиқиб,
Ҳайбатидан жон чиқиб,
Не дарахт бор – қулатиб,
Не иморат – сулатиб,
Ғофил ётган қирғизни
Ғаним билиб, қирди-ку!
Ўшанда хитой Алоке
Ўрдани ёқиб кул қилди.
Хотин-қизни ҳеч қўймай,
Қамаб, бойлаб, тул қилди,
Бошга азоб солди, ҳа,
Ошга заҳар солди, ҳа.
Хонсиз қолган, довдираб,
Талон бўлди шўрлик эл!
Адирда йилқи олти сон,
Алоке бойлаб кетди уни.
Тоғдаги йилқи тўққиз сон,
Алоке ҳайдаб кетди уни.
Нўғайхоннинг Жақипи
Эргашиб юриб, эр бўлиб,
Эр ўғли билан тенг бўлиб,
Эгарлаб отга минганда,
Эплаб-сеплаб юрганда,
Оқболта оғанг борибди,
Жақипга ўгит берибди:
– Биз қадимдан эл эдик,
Она туққан эр эдик.
Қора халқ ғамин билмай,
Қази-қарта ер эдик.
Бундай тирик юргандан
Не муродга етайлик?
Ҳаддан ошди бул хитой,
Ҳарб солишиб кетайлик!
Эркиман ётган қирғизнинг
Шуйтиб шўри қайнади.
Юртнинг бари чопилиб,
Ўлайин деса, ўлолмай,
Эрки кетган шўрлик эл
Ҳоли танг бўлди шундай!
Ўз жойидан қирғизни
Битта қўймай кўчирди.
Илож қолмай яшарга
Кимдир кетиб Попонга,
Кимдир тентиб Олтойга,
Бирови кетиб Қанғайга
Бирови кетиб Масчоҳга
Биров тушиб кетди чоҳга…
Усаннинг қўлин бойлади,
Ўрканни кўзлаб ҳайдади.
Бойнинг ҳам қўлин бойлади,
Желпиниш ёққа ҳайдади.
Туннинг ўғли Ўрозни
Ҳайдадилар узоққа.
Оқболта билан Жақипни
Туширдилар тузоққа.
Овули билан кўчириб,
Олтмиш жайсанг, кўп қалдай
Ўраб олиб ҳайдади,
Олти ҳўкиз, тўрт хачир,
Кучини бериб ҳайдади.
Олти эчки, уч сигир
Сутини бериб ҳайдади.
Қуёш чиқар, ой чиқар,
Ботқизмай ҳайдаб боради.
Икки куни бир ерга
Ётқизмай ҳайдаб боради.
Ортда тоғлар, бел қолди,
Кўз илғамас чўл қолди.
Илининг боши Учорол
Олтой деган ер экан.
Бу Олтойни ерлаган
Қалмоқ, манжуу эл экан.
Қирқ уйлик бу қирғизлар
Қора қалмоқ, манжуудан
Эчкининг қотган мойин еб,
Ёрдамчи бўп, сут ичиб
Кунин кўрди амаллаб,
Йилқи ёйиб, от миниб.
Азоби кетиб, Жақипнинг
Армони қабул бўлибди,
Тўрва, сандиқ бариси
Тилло, пулга тўлибди.
Манжуу, қалмоқ ичида
“Бой Жақип” бўлиб қолибди.
Мол-мулки кўп бой бўлиб,
Тургани Олтой жой бўлиб,
Борди-келди бул ерда
Манжуу, қалмоқ эл бўлиб,
Ўсар куни йўқ бўлиб,
Ўлар кунин ўйланиб,
Дилида алам, хор бўлди,
Бир болага зор бўлди.
Юрса-турса бола деб,
Бир тирноқни кўрган йўқ,
Тирик мурда, ўлган йўқ.
Эгамдан фарзанд тилади:
“Ажал аниқ, чора йўқ,
Мендайин бечора йўқ.
Охиратга юзлансам,
“Отажон” деб ортимдан
Қайғиргувчи бола йўқ.
Қурч темирдан ойболта,
Қарсиллатиб ким соплар?
Қачон шўрлик бу элга
Хон бўлар эр топилар?”
Жақип бойнинг оғаси,
Отаси билан оға-ини,
Чийир отли киши эди.
У Чийирнинг хотини
Булғор хони Эштекнинг
Шақан деган қизи эди.
Чийирнинг кўзи ўтган сўнг,
У дунёга сафар тортган сўнг,
Қалмоқнинг қалдайига
Юкуниб Жақип борибди:
Чийирнинг есир хотини –
Янгамни олиб, боқай” деб,
Чин уриниб, олибди.
Шақанни қалмоқ шу бўйи
Чийирди атаб қолибди.
Бойвуччаси Чийирди
Бойидан бир кун гап сўрар:
Буни уққан бойвучча
Кўзидан ёши тўкилиб,
Бўғини бўшаб йиқилди,
Юк тагига биқиниб:
“Тингла, Тангрим, зоримни
ЖАҚИП, ЧИЙИРДИ
ВА БАХТДАВЛАТНИНГ ТУШИ
Йиғлаб ётиб бойвучча
Уйқуга кўзи борибди.
Оқ соқолли бир одам
Яқинига дорибди.
– Парвардигор худойим
“Қайғурмасин, деб, сени
Мени атай юборди.
Лагандай манов оқ олма
Асалдан ширин бол олма
Тут қўлингга, олма, – дер,
Нафсинг қонсин, ямла, – дер.
– Айтган сўзим уқ, – деди,
Олтмиш қулоч аждарҳо,
От ўрнига мин, – деди.
Тушида еган оқ олма
Қурсоғига тўлибди
Олдидаги мингани
Аждарнинг ўзи бўлибди.
Қаҳрланиб ҳўп тортса,
Кенг оламни сўрибди.
Ўшал дамда ўйғотиб,
Бердике кириб борибди:
– Бойвучча, бойга нетди? – деб,
Оти қочиб кетди, – деб.
– Ҳакимбек ўғли Менглибой
Ортидан қувиб кетди, – деб.
– Бойловчи бола бўлмаса,
Бул семирган тўнғизни
Бойвучча ё тўқоли
Бойлаб қўймай нетди, – деб.
Қирдан ошган Менлибой
От қувганча йўқ бўлди.
Қош қорайиб, тун бўлди,
Менглибойга не бўлди?..
Қайта тўлар кемтигинг.
Бойвучча, эшит сўзимни,
Қудрати зўр Худойим
Қувнатар экан кўзимни.
Кароматли туш кўрдим,
Тушимда ажиб иш кўрдим!
Бахтдавлат туриб, муни айтар:
– Мен ҳам яхши туш кўрдим,
Бир бўлакча иш кўрдим.
Бўз-ола лочин, занжири мис,
Кўкси қора, абжирмиш.
Ўнг қўлингга олибсан.
Осмонни кўзлаб солибсан.
Бойвуччанинг уйинда,
Балдоғи олтин туурда
Тек ўтирмай, талпинар.
Аямай мол сўяйлик
Қурбонлик қилиб қўяйлик.
Жақипнинг жони чиқди:
– Шунча молни қирайми?
Моллар тамом сўйилгач,
Сенинг тушинг кўрайми?
Бойлик, қут-ку, мол деган,
Тирикчилик мол билан,
Ғашга тегар сўз бошлаб,
Қуриб кетсинг ҳангоманг!
Ташқарида тонг отар,
Биров сўзлаб ётгандай
Бой Жақипга қарата:
“Отажон, нега қайғурдинг
Ақл-ҳушдан айрилдинг,
Армонинг не, болами,
Ё, ниятинг чалами?”
Қулоқ солиб сўзига,
Ёлғиз турган бой Жақип
Ёш чиқарди кўзига.
Ёнига келиб Бахтдавлат
Бой Жақипга гап солди:
– Нега аяйсан, ҳей чол,
Ҳеч жойга сиғмас кўп молни?
Дунёинг кўп, чаланг йўқ,
Лек ғамгинсан, боланг йўқ,
Мол-дунё кўп, элинг йўқ,
Пайқаб кўрсам, ўзингни
Ғунон билан қувгандим.
Энди отга етганда
Қош қорайган чоғ эди,
Қирдан чиқиб қийқириб,
Қирқ бола етиб келди-ку:
“Бой Жақип!” деб бақирар,
“Манас!” деб урон чақирар.
Тўқайга отинг етканда
Йўлбарс чангал соларда,
Йўлдош бўлган бир бола
Гурзи солса, Туғчуноқ
Йўлбарсни тепди чунонам.
Бола ҳам гурзи ургани,
Билмай қолдим мен чини
Туғчуноқ қорнин ёрганин,
Ё бошқа урганда боланинг
Гурзисидан ўлганин.
Йўлбарсни болалар сўйишди,
Отингга ортиб қўйишди.
Қирқ бола бўлди йўлдошим,
Қизиқ иш кўрди бу бошим.
Салқинлаб сувни бўйладим,
Тонг откунча ўйладим.
Бор бўлган болаларни
Нега йўқ деб алдайсан?
Қирқта ўғлинг бор экан,
Ана энди қандайсан?
– Болам, мазах қилмагин!
Энанг ҳам хўрлаб гапирди.
Тун ярмидан ухлатмай,
Жонимга солди жабрни.
Кетайлик уйга, юргин, – деб,
Болаю отни олиб,
Борди Жақип уйига
Кўп гап келди ўйига.
Бойвучча билан Бахтдавлат
Чопиб чиқди суюниб.
Хонимжон келди қошига,
Боласин кўриб, қурғурнинг
Бағри тўлди ёшига.
* * *
Атрофида Жақипнинг
Етмиш уйлик бор экан.
Эллик ёшга чиққунча,
Тўққиз йилқи, тўқсон қўй,
Етти қорамол сўйиб,
Бағри қора, бўйни бўз,
Пўлат чангал, бути жез,
Қўндоққа тўғри жойламиш,
Хотиним икковин бойламиш.
Бул нимаси бўлсайкин?
Айтинг, кўнгил тўлсайкин!
Жақип бой қизиб, чўғ бўлди,
Ёр-ёронлар бариси
Айтарга сўзи йўқ бўлди.
Қанча фурсат ўтганда
Ош қайнашга етганда
Оқболта гапни бошлади:
– Жақипнинг туши – туш экан,
Ўнгидан келар иш экан.
Қуш кўринган – боладир,
Фарзанди йўқ бўлган-чун
Жақип кўнгли оладир.
Ой теккан ернинг барисин
Олар экан болангиз.
Кун теккан ернинг барисин
Кутар экан болангиз.
Оёғига таққанинг
Олтмиш қулоч ипак боғ
Ой шўъласин ем қилиб
Ором бериб боққанинг –
Олтмиш ёшга чиққунча
Ҳоким бўлиб, юрт сўраб
Олар экан дунёни.
Арвоҳ қўниб бошига,
Оллоҳ-таоло суйгани.
БОТИРНИНГ ТУҒИЛИШИ
Ўшандан сўнг билинмай
Икки йил ўтиб кетибди.
Чийирди бўйида бўп,
Тамом уч ой ўтибди.
Бойвуччанинг тилаги –
Есам, – дер, – йўлбарс юрагин.
Шуни дер фақат, тамом.
Маъқулмас бошқа таом.
Йўлбарс юраги қайда?
Йўлбарслар олис тоғда
Шўрлик кўнгли алағда.
Йилқичи хабар бергани:
“Қанғайнинг Қора мергани
Йилқичилар бир жойда
Бия сўйганин кўрди.
Семиз бия чўзилиб
Бошин қўйганин кўрди.
Униям олди юрагин,
Қўша қилиб берсам, деб.
Бойвуччамиз не қилар,
Ана шуни кўрсам, деб.
Йилқичи келиб қолгани
Юракни қўлга олгани.
Жилмайганча бойвучча,
Йилқичига гап айтар:
– Бадалбой болам, – деб айтар,
– Икки юрак нимаси?
Йўлбарслар йўлда ётганми?
Қанғайнинг Қора мергани
Қаторлатиб отганми?
Ё, мол юрагин йўлбарс деб,
Егунча шўрим қотганми?
– Бири молнинг юраги,
Бири йўлбарс юраги.
Балким дори қилсангиз,
Бўлиб қолар кераги?
Чалқайиб босиб бойвучча,
Челакка сувни олгани.
Қопқоқли мис қозонга
Икковини солгани.
Чала-чулпа пишириб,
Ҳаммасини ямлади.
Бошқоронғулик ариб,
Азоблари қолмади.
* * *
Бола бўйга битгандан
Тўққиз ой ҳам ўтибди.
Яна тўққиз кундан сўнг,
Қоқ тўлғоғи етибди.
Бойвучча муни сезибди,
Азобидан безибди.
Оқбўз бия сўйилди,
Олтин товоқ қўйилди.
Уни тутиб, бойвучча
Айҳой солиб бақирди,
Қўшниларин чақирди.
Қўзғалган сари бойвучча
“Вой-вой!”ин айтиб зорланди.
Ким олса, хушвақт бўлар.
Жақип бой йўлга тушибди
Назари чўлга тушибди.
Бўз айғир уюридан
Қора ёл қула бия
Сағрин букиб қолибдир.
– Бугун бўлса-бўлмаса,
Қула биям туғар, – деб, –
Эркак бўлса қулуни,
Энчилай, – дер, – боламга.
Аймонбўз деб от қўяй
Бу туғилар қулунга.
Парвардигор, давлатинг
Еткизгин, – дер, – қулингга!
Хотиним туғса бир ўғил,
Сонсиз йилқи молимга
Йўрғабўз деб от қўяй,
Анов турган айғирга
Қамбарбўз деб бот қўяй”.
Йилқи бари дупурлаб,
Жилғага кириб боргани.
У ён-бу ён одимлаб,
Бир ерда туриб қолгани.
Нари-бери ўт чимдиб,
Чивин ҳайдаб, қичинди.
Ётиб-туриб қула бия
Туғай турган кўринди.
Ортидан борган бой Жақип
Ичидан ўтар қиринди.
Уни ташлаб солайлик,
Бойвуччаси Чийирди
Ҳолидан хабар олайлик.
Тўлғоғи етти кун бўлган,
Тўлғоғи мунча ким бўлган?
Ўн икки хотин хўп тортди,
“Қўллагин, Худой!” деб тортди.
Қағаноқ суви шар этди,
Боланинг товши “бар!” этди.
Қорнини қаттиқ сузгани
Ҳар икки панжасида
Қон чангаллаб тушгани.
Типирчилаб, қўймади,
Йиғлади вағ-вағ этиб.
Иккинчи бор сув чиқди,
Учинчиси қон чиқди.
Чийирди ҳеч чидамас,
Гўё ундан жон чиқди.
Буни бунда солайлик,
Жақипдан хабар олайлик.
Овулдаги одамлар
Шоша-пиша от миниб,
Адир чопди аланглаб,
Ўзанга чопди ўзишиб,
Далага чопди топай деб,
“Бой Жақип қайда бўлса?” деб,
Бари юрар тўзишиб.
Зипиллаб чиққан Зулайхо
Ўтовга бошин солибди.
Уйда ўтирган Оқболта
Уйқусираб қолибди.
Буни кўриб Зулайхо
– Тавба! – деб дашном берибди.
– Чолим, кўзинг тўйдими?
Суюнчига бой Жақип
Қирқта отни бойлаган.
Шул қирқдан бирин олмай,
Қандоқ шўринг қайнаган!
Ҳайрон бўлиб Оқболта
Хотинига бақрайди:
– Қора босган Зулайхо,
Худойлигинг айтсанг-чи!
Мен кексани қийнамай,
Айтган сўздан қайтсанг-чи!
Мол кўрмаган фақир кўп,
Қўй кўрмаган, ахир, кўп.
Ёндош бўлган қўраси
Қўшни, таниш, жўраси.
У эмас менинг армоним,
Ҳозир отга минарга
Келмас менинг дармоним.
Ўзинг, неча кун бўлди,
Қаралашиб юрасан,
Бергани неча пул бўлди,
Қани сенинг олганинг?
– Мана менинг ўлжам! – деб,
Икки лачак, бир чопон
Зулайхо ташлаб солгани.
Борар бўлди Оқболта,
“Бормайман”, деб айтолмай.
Бойловдаги Кўкдўнон,
Катта ирин, кенг қовоқ,
Эр сиёғи кўринар.
Қучоқ ёзиқ, қўл очиқ,
Отланиб чиқса – йўл очиқ,
Зўр сиёғи кўринди.
Кўкраги кенг, тўш ёйиқ,
Яғрин – супа, хипча бел,
Ҳайбати зўр, заҳри куч
Шер сиёғи кўринар.
Йўлбарс бўйин, қурч билак,
Очиқ қовоқ, юлдуз кўз,
Бўри қулоқ, елка туз,
Бад ниятли ёвузни
Ер сиёғи кўринар.
“Ўзинг бердинг, Худойим,
Сендан умрин тиларман.
Тепгангандан олсин кекимни,
Ургандан олсин ўчимни.
Шукр!” деб, йиғлаб-кўпибди,
Юзидан ҳидлаб, ўпибди.
Сўз айтди Жақип суйиниб:
– Қолмасин ичим куйиниб,
Учоролда тўй бергум,
Минглаб буқа, қўй бергум.
Эшитган кела берсин,
Шу ёққа ела берсин.
Боши Эртиш сув бўлсин,
Этаги Орол кўл бўлсин,
Келсин Чамбил, Хитойдан,
Эшитган ҳар не жойдан.
Тўйга келсин бариси,
Эр-хотин, ёш-қариси.
Жақип бой айтиб ташлади,
Ёз келиб, тўй бошлади.
Етти юз ўчоқ ўйдирди,
Етмиш уйли қирғизин
Эт осарга деб қўйдирди1.
Қалмоқдан қанча қўл келди,
Қозоқ, қирғиз мўл келди.
Қалмоққа қозон осдирди
Талай мардикор чорлаб,
Ер ўчоқлар қаздирди.
Кўрмаганлар армонда,
Кўрганлари дармонда.
Билсанг, қадр тун келди,
Ўйлаб кўрсанг, Жақипим,
Ёруққа чиқар кун келди.
Лек олисда душман бор,
Уламодан гап уқдим:
Азалий ёв Эсонхон
Бу қирғизнинг юртидан
Бола излар, деб уқдим.
“Қирғиздан Манас чиқар, – деб,
Ул Манаси туғилса,
Бээжинга ғавғо солар” деб,
“Хонлигингни олар” деб,
Айтмиш билгич айёри
Шум хабарга тайёри.
Манасни излаб Эсонхон
Ғаламуслик қилармиш.
Шу кунларда, қизталаоқ,
Ҳар ёққа дарак солармиш.
МАНАСНИНГ БОЛА ЧОҒИ
Ойлар ўтиб, ой ўтиб,
Олтидан ёши ошибди.
Етти ёшида Манас
Ғайратидан тошибди.
Бола бўлса ҳам аён:
Бандадан бўлак сиёғи.
Ҳар мучасин қарасанг,
Бошқаларга ўхшамас,
Қай бир куни қарасанг,
Белин маҳкам боғлатар.
Чол-кампирни доғлатар.
Ҳалол-ҳаром не, билмас,
Муздай сувда чўмилиб,
Сувайғирдай пишқирар.
Ёдига келса қай иш,
Қилар, асло йўқ қайтиш.
Бундай масъум боланинг
Эр эканин ким билар?!
Босган изидан қайтмас
Шер эканин ким билар?!
Ҳолбуки, беш ёшгача,
Ботир Манас босган йўқ.
Бошқалардай шошган йўқ.
Аммо саккизга тўлгач,
Оташ бўлди, чўғ бўлди.
Кулли қирғиз ичида
Бойвучча ҳам эшитиб,
Кўзидин ёши тизилди.
– Қара, боланг эси паст,
Тинчи йўқ, давлатга маст
Мен хўрландим ёшимдан,
Азоб ўтди бошимдан.
Мўғулда мол боққанман,
Манжууларнинг юртида
Қанча йил жон боққанман!
Озиб-тўзиб, мол топдим,
Олтой яхши ер эди.
Кўнгли тоза, ичи кенг
Қалмоқ яхши, эл эди.
Баяннинг ўғли Чаянни
Қалмоқ деб, кўнглим илимай,
У ердан бошқа жилмай,
Хизматин оқлаб қилдим.
Бахтдавлат қизин берди,
Чаёндан топдим аённи.
Қурурса бу Чўнг Тентак,
Қайнатарми шўримни!
Бу кетишда, бир куни
Йўқ қилади боримни.
Қалмоқларга хор қилиб,
Кўпайтирар зоримни!
Ўйиндан ҳеч бўшамас,
Қайдан келар ризқу рўз
Билмайди у, ҳарқалай.
Мен жўнатгум узоққа,
Ўшпирга қилиб малай.
Бойвучча: “Хўп, маъқул” дер,
“Унда, ўғлинг чақир” дер.
Чорлаб Жақип болани,
“Энди қўй, – деб, – далангни,
Бизда от йўқ, туя йўқ,
Сенда эс йўқ, мия йўқ,
Юзтагина қўйим йўқ.
Сенинг тинар ўйинг йўқ.
Ўшпирнинг қўйин боқсанг,
Хизматин қилиб, ёқсанг
Ҳаққингга қўй беради.”
Жақип ўғлин тергади.
Ўшпирга берди уни,
Онаизор дер шуни:
“Айланайин Ўшпирбой,
Ўғлим терга ўшқирмай,
Гарчи кўз қиёлмадик,
Шўхлигин тиёлмадик.
Хўп кулибди қирқ чилтон,
Бир силкиниб ўшал он,
Гоҳ бўри, гоҳо одам
Тусин олиб дамодам,
– Энди, болам, тур, – деди. –
Доим билиб юр, – деди.
“Хизр-Илёс – йўлдошинг,
Қирқ чилтанлар қўлдошинг.
Ортингдан келган Чегабой,
Сенга ҳамроҳ, хойнахой.
Чега эмас, бут бўлсин,
Сенга толе, қут бўлсин.
Қутубий деб от қўйдик,
Қутлуғ исмин бот қўйдик.
Қолган тўққиз жўранг ҳам,
Қўйлар турган қўранг ҳам
Бизлар дуо қилурмиз.
Шундай нидо қилурмиз”.
Ғойиб бўлдилар шу он.
Қолмабди излари ҳам.
Манаснинг кўзлари нам…
* * *
Манас Ўшпир қошида
Нақ ўн икки ёшида.
Уринай деса тов топмас,
Урушай деса, ёв топмас,
Қирқта чўпон болани
Йиғиб олиб далага,
Новвос миниб, “от” чопар,
Эрмакка ҳар не топар.
Чўнг Тентакнинг ёнида
Кенг дала – ёбонида
Қирқ ўғлоннинг бариси
Ўйнар қилиб тўпалон,
Ёбонга тўлар тўзон.
Қўзи тутиб, сўйишиб,
Кабоб қилиб, тўйишиб,
От чопишар, бақирар,
Бақирганин қарасанг,
“Манас!” деб ўрон чақирар.
Буни кўриб, Ўшпирнинг
Ғулғула тушди дилига
Шу сўз келди тилига:
“Қизталоқнинг боласи,
Жини тутиб қолсами?
Бойвуччанинг қўлига
Соғ-саломат тутайин”.
– Ўшпир болам, юргин, – деб, –
Ўшал куни кеч маҳал
Етиб борди Бой Жақип.
“Кетмаганми улоқиб?”
Дея дилда хавотир:
“Болам, сени малай берди” деб,
Эл тинмасдан мазах қилар,
Энди сени қолдириб борсам,
Энанг уйни нақ дўзах қилар”.
Борар бўлди боласи,
Тинди Жақипнинг ноласи.
Нақ бир кунлик йўл эди
Борар жойнинг ораси.
Овулидан тушгача
Йилқи ётар даласи.
Шу далада кўрдилар
Осмонга чиққан туманни.
“Қанақа бу тўзон?” деб,
Ҳайрон қолиб тургани.
Онг-тонг турса, бир маҳал
Қулун, тойлар куйикиб,
Ғунон, биялар буюқиб,
Ҳеч тўхтатмай йилқини,
Олдига солиб, калтаклаб,
Бош йилқичи Имонни,
Ўнтача қалмоқ қувгани,
Тонг қолиб Манас тургани.
– Не сабабдан қалмоқлар
Бу шўрликни уради?
Кимниг моли бу мол? – деб,
Отасидан сўради.
Чинин айтар бой Жақип:
– Бизнинг йилқи бу мол, – дер, –
Олти даста қалмоққа
Яйлов ҳаққи, сув ҳаққи
Ўттиз байтал, беш отни
Ўт пулига бераман.
Шуни ҳам оз кўрсалар,
Энди қайга бораман?!
“Мол бизники” деганда,
“Молим йўқ, – деб ўтган гал
Алдаганми отам?” деб,
Туриб қолди шу маҳал.
Не қиларкин кофирлар?
Майли хунин олсалар.
Довин айтиб, мол сўрар,
Мол бермоққа кўнмасак,
Шўрлик қирғиз таланар.
Охирида, қулуним,
Ўлдирмай тинмас ўзингни,
Яхшилаб уқ сўзимни.
Шунда Манас гап айтар:
– Отажоним, – деб айтар, –
Агар чақа пул берсам,
Мени худой урмасми!
Қўрқиб яшаб бировдан
Қўрага мол йиғмадик!
Ялиниб яшаб бировга
Яйловга молни ёймадик!
* * *
Олтой ерин бийлаган
Олти аймоқ қалмоғи
Бир овулга жам бўлди
Маслаҳат – не қилмоғи.
– Ер талашиб, эр ўлди,
Хунини қанча соламиз?
Ўчини қандай оламиз?
Ўчин олиб, бас қилмай,
Бой Жақип ё Манасни
Бировин нобуд қилмасак,
Одам бўлмай қолайлик!
Бой Жақипнинг йилқисин
Баримтага олайлик.
Бу ёмон иш ёзуғин
Ўлган Қўртуқ манжуулик,
Манжууга қўйиб қўяйлик, –
Деб ўшанда тонг саҳар
Яроқланиб, саф бўлиб,
Эллик, юздан тўп бўлиб,
Қалмоқлар йўлга тушгани.
Учоролда Жақипнинг
Овулин талаб олмоққа
Чопқин бошлаб қолгани.
Манжууларнинг йилқисин
Қўша ҳайдаб солгани.
Ўлган Қўртуқнинг ўғли,
Оти Шақум бу бола,
“Манас, Манас, Манас!” деб
Олға жўнаб қолғани.
Бариси кетди бақириб,
Найза тиклаб, ҳайқириб,
Бошқа сўз кирмай оғзига,
“Манас!” деб ўрон чақириб.
Ҳайбатига дош бермай
Қалмоқнинг қалин лашкари,
От чоптириб қочди-ку,
Тўп-тўп бўлиб аскари.
Манас, Жақип кенгашиб,
Отаси ўлган болани
Қирғизга келиб эл бўлиб,
Манжууларнинг халқига
Бий қип сайлаб олғони.
Қоратўқа Мажик шул
Қирқ жўранинг бири ул,
Кейинга қолди достони.
* * *
Манжуунинг нари ёғида
Қанғайнинг қирғоғида
Эсонхоннинг элчиси,
Қора қалмоқ, манжуунинг
Сирин билган синчиси
Бож олари Қўчқу дов,
Қўчқуга зайсанг1 борибди:
– Бурут феъли торибди,
Йилқичи боши Қўртуқнинг
Миясин қоқ ёрибди.
Хўр бўлган Қўртуқ шўрлик
Қўқтувга бекор борибди.
Деганда Қўчқу гезариб,
Етти алвон туғ олиб,
Етти юз аскар – қўл олиб,
Қурол-яроқ мўл олиб,
У бошлаган бу лашкар
Йўлга тушди чувалиб.
Довуллар уни қоқилиб,
Милтиқ уни уқилиб
Ғавғони Қўчқу бошлади.
Қаҳрланиб, “кел-кел!”деб,
Тоғ гавдаси диркиллаб
Бир ёққа чиқди эр Қўчқу,
Тепа сочи селкиллаб.
Бола Манас кўкёлинг
Ўқдан бурун етди, ҳа,
Турган ўша Қўчқуни
Ерга қориб ўтди, ҳа,
Дағдағаси зўр Қўчқу
Отдан қулаб, ётди, ҳа.
Манасга Жақип “Аттанг!” дер,
Эртасининг ғамин ер:
– Қўчқуга зўрлик қилиб,
Чуқур қаздинг гўримни,
Қайнатдинг-ку, шўримни!
Ўрдали элга қотилиб,
Пойгак қилдинг тўримни!
Койиб Жақип турганда,
Оқболта келди бўзариб,
Жаҳлланиб, сўзланиб:
– Нодон Жақип, тилинг тий!
Ўғил бола шўх бўлсин,
МАНАСНИНГ ЭСОНХОН
ЮБОРГАН АЛПЛАРНИ
ЕНГГАНИ
Нўҳ пайғамбар чиққан кез,
Тўфон сув тошиб чиқиб,
Бу оламни йиққан кез,
Шул тўфон ета олмай,
Бээжинни қоплаб кета олмай,
Чин-Мочин деган жой қолган,
Тўққиз юз тутун хитой қолган.
Қалин хитой бу элда,
Барини тутиб қўлда,
Қаҳри қаттиқ бир ҳоқон
Подшоҳ экан Эсонхон.
Олти йилни олдиндан
Кўриб, айтиб берувчи
Айёрлари бор экан.
Қадим китобдан ўқиб,
Бор ғазнанг ўлпон бўлар,
Қуритар уруғингни,
Каттангни, улуғингни!
“Бээжинни сўрар у” деб,
Хабар уқдим ғойибдан!
Тўфон суви кирмаган
Шаҳрингни этар ғорат,
Қолмағай бир иморат.
Тез тутиб шул болани,
Даф этайлик балони.
Қирқ қулоч зиндон ковлаб,
Манасни унга сололи!
Шунда буюк Эсонхон
Фармон берди ҳар томон:
– Жаҳондор паҳлавонлар,
Ҳар ёмондан ёмонлар,
Жами жодугаринг кел,
Ғойибни кўраринг кел,
Жам бўл баринг шу онда.
Қирғизни қўймам омонда
Олис Олтой томонда.
Тирик қўймай Манасни,
Қаро ерга тиқайин,
Ул Манасни топиб кел,
Бўлмаса, ер қопиб кел,
Манжуу, хитой,тирғовут,
Барингга тайёр тобут! –
– Ҳой Жўлай, қалмоқ хони,
Оқизиб Манас қонин,
Ерга кўмиб, жойлаб кел,
Ё эпласанг, бойлаб кел!
Фармоним уддаласанг,
Сенга хазинам очгум.
Қуруқ қайтсанг, полвоним,
Шул жойда қонинг сочгум!
Довул қаттиқ қоқилиб,
Эшикка фанор ёқилиб,
Бээжиндан чиқди минг айёр
Филга юклаб ўқ олиб
Мерганлар садоқ олиб,
Яёвлари от олиб,
Савдогарлар бот олиб.
Дўнгго билан Жўлайи
Йўлга тушди гўлайиб.
Шибирдан бор Музкиндик,
Тирғовутдан Солобо,
Етиб келиб Чўнг Довдир
Туғи олтин чодирга,
Тиззалади юкуниб,
Жўлай, Дўнгго ботирга:
– Манас билан тутишдим,
Тинмай қириб бошлади!
Икки юз эрнинг бошин
Сапчадай узиб ташлади!
– Қизиталоқ бурутдан
Қўрқибсан, кўзинг пирпираб
Ўн икки яшар боладан
Баринг қочиб, тирқираб.
Манасни бойлаб олайлик,
Қўлга тушса отаси,
Қурбонликка чалайлик,
Қизиталоқ бурутни
Қора элачик қилайлик!
Шундай дея эр Жўлай
Минган оти Очбувдан,
Ҳар ён чопиб, бостириб,
Аскарларни шоштириб.
Ун солдириб карнайдан,
Чумчуқ учмс кенг сойдан
Қўл-қўшини қўзғалиб,
Жўнаб қолди шул жойдан.
* * *
Бу ёқда Жақип айтар:
– Ҳар не деса, кўнайлик,
Сулув қиздан бир тўққиз
Совға қилиб кўрайлик.
Қийналган, абгор эдик,
Тирик бўлиб, сонда йўқ,
Қулуним,
қирилиб кетиб юрмайлик!
– Тавба, ота, не дейсан?!
Ёвга номус бергунча
Ажалдан бурун ўлайин!
Молим билан жонимни
Ўлжага қандай берайин?!
Золим қора хитойга
Боплаб уруш соламан,
Беномус қора хитойдан
Қилкуранг қўлга киргунча,
Худо, юзин кўрсатма,
Қамишни кўр, селни кўр,
Қоплаб келган элни кўр,
Қаҳрли Жўлай бақириб
“Хоқон!” деб ўрон чақириб,
Қаҳрин қаттиқ солди-ку.
Қайнаб келган кўп полвон
Манасни қуршаб қолди-ку.
Аймонбўз отин ўйнатиб,
Текканнинг шўрин қайнатиб,
Ўрталиқда зўр Манас
Асқар тоғдай кўринар.
Ғазабига чидамай,
Полвонлар қочиб суринар.
Манаснинг қирқ жўраси
Қувди шунча ғанимни
Ўрнак бўлди тўраси.
Етук Жўлай чўнг полвон
Очбууданга қамчи уриб,
Қобон қувган айиқдай,
У ён-бу ён суриниб,
Қўлда тутган найзаси
Қарағайдай кўриниб,
Бир четга чиқиб олибди.
Бу кофирнинг қаҳрига
Ер майишиб қолибди!
Қирон Манас ёш бола
Тик қошига борганда
Жўлай ботир шундай дер:
– Ошиқмасдан сен, бурут,
Отинг оғзин бура тур!
Нарироқ ерда тура тур!
Айтганимга кўн, Манас,
Бурутлигинг чин бўлса,
Ўз галингни бер, Манас!
Яккама-якка беллашиб,
Якка санчиш қилайлик.
Жаланглаган Жўлайнинг
Айтганига кўнибди,
“Хоҳлаганинг бўлсин” деб,
Навбатин Манас берибди:
– Аямай найза ур, Жўлай,
Аяр бўлсанг агарда,
Ўз-ўзингдан кўр, Жўлай!
Йўлбарс чиқди майдонга
Отига қамчи солиб,
Найзасин қўлга олиб,
Оч арслондай хезланиб,
Бургут мисол тезланиб,
Отилиб Манас етибди,
“Қалмоқи эгар қоши деб,
Қоқ юракнинг боши” деб,
Найза чотиб кетибди.
Қалмоқ шоҳи эр Жўлай
Ўтира олмай ғўдайиб,
Узангидан бути тойиб,
Икки кўзи ғилай бўп,
Ташвишлари талай бўп,
Қуюшқонни тутамлаб,
Ўз-ўзига “Отам”лаб,
Ўз-ўзига мотам деб.
Ҳоли-жони қолмапти.
Қайтиб Манас келгунча,
Қобон алпин чақирди,
Йўғон алпин чақирди,
“Тез келгин!” деб бақирди,
Олтмиш жайсанг, қирқ деви
Қўрғон бўлиб Жўлайга
Қўлин тутиб, қўллабди.
Суяб-тутиб бадбахтни,
Бир чеккага йўллабди.
Энди Жўлай гап айтар:
– Эранлар, эшит, – деб айтар, –
Очбууданни минганда
Ҳайқириб йўлга кирганда
Ким йўлиқса, барини
Бир ҳамлада жойлардим.
Ким дуч келса, фарқи йўқ,
Қўл-бутини бойлардим.
Мен Жўлай полвон эдим,
Шул экан-да, ёзганим.
Бир бурутнинг қўлида
Ўлиб қолаёзганим!
Шундай ёмон ҳол бўлди,
Икки қўлим шал бўлди!
Тоғ этаги – ёбондан,
Гўё айиқ қобондан
Қочганини Жўлайнинг
Қоплон Манас кўрди-ку.
“Ҳозир сенга етгум!” деб,
Қилич билан чопишиб,
Унинг эпин қилолмай,
Чўқмор билан солишиб,
Арслон каби олишиб,
Жон аямай урушди.
Қирон Манас ботиринг
Энкайиб қўл солди-ку.
Қобоннинг қора сочин
Қўлига тутиб олди-ку!
Нари-бери тутамлаб,
Узанги бовлиғига
Уч йўл ўраб чалди-ку.
Аймонбўзга аямай
Қаттиқ қамчи солди-ку,
“Чуҳ!” деб чопа қолди-ку.
Ўпол тоғдай шибени
Дирқиратиб судраркан,
Бой Жақипнинг қиличи
Жонини суғуриб олибди.
Эр Манаснинг қўлида
Қобон алп ўлиб қолибди.
Олтмиш бедов тулпорни
Эр Манас ҳайдаб келибди.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/25/%d0%bc%d0%b0%d0%bd%d0%b0%d1%81-%d2%9b%d0%b8%d1%80%d2%93%d0%b8%d0%b7-%d1%85%d0%b0%d0%bb%d2%9b-%d2%9b%d0%b0%d2%b3%d1%80%d0%b0%d0%bc%d0%be%d0%bd%d0%bb%d0%b8%d0%ba-%d1%8d%d0%bf%d0%be%d1%81%d0%b8/