КИТОБ – БИРИНЧИ МЎЪЖИЗА

Маънавий жасорат соҳиби деб ардоқланган атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов дунёдаги етти мўъжизага таъриф бериб “…етти мўъжиза инсон ақлининг, тафаккурининг, қалбининг оташин мадҳияси, инсон даҳосининг улуғлигига қўйилган мангу обида бўлиб келмоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, оламда яна бир мўъжиза борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди. Бу мўъжиза – китоб. Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза эканлигини кўпгина буюк одамлар қайд қилган” деб ёзади. Жумладан, ёзувчи ва драматург C.Цвейг “Қаердаки китоб бор экан, у ерда одам ўзи билан ўзи узлатда, ўз кўлами доирасида қолиб кетмайди, у ўтмиш ва бугунги куннинг барча оламшумул ютуқларига, бутун инсониятнинг фикр ва туйғуларига ошно бўлади”, деб ёзади. Ёзувчи ва файласуф Ж.Свифт “Китоблар ақл фарзандларидир”, деса, педагог ва ёзувчи Я.Коменский  “Китоблар донишмандликни ёйиш қуролидир”, дейди, файласуф ва тарихчи Ф.Бэкон эса “Китоблар замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир”, деб ёзади. Ана шу тариқа буюк алломалар, донишмандлар ва ёзувчию олимлар китобнинг мўъжизага, нурга, тафаккур қуввати ва устунига, мангулик ва маънавият тимсолига, билим манбаига, содиқ дўстга, давр кўзгусига ўхшатганлар. Энг муҳими, китоб жаҳолатга қарши маърифат билан курашда енгилмас кучдир.
Милодий 2000 йил тугаб, инсоният йигирма биринчи асрга қадам қўйганда дунё олимлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар ўтган икки минг йилликнинг инсоният тараққиётига бемисл ҳисса қўшган энг буюк воқеаси деб китоб чоп этишнинг ихтиро қилинишини бир овоздан тан олишди. Ваҳоланки, 2000 йилликнинг энг буюк воқеаси ҳисобланишига – порох, радио, пеницилин, интернетнинг кашф этилиши, Эйнштейннинг инсон тафаккурини остин-устин қилиб юборган нисбийлик назарияси, космоснинг забт этилиши ва бошқа кўплаб  улуғвор воқеалар ва оламшумул ҳодисоту кашфиётлар  даъвогарлик қилган эди.
Китоб чоп этилиши 2000 йилликнинг энг буюк воқеаси деб эътироф этилиши замирида қандай улуғ ҳақиқат ётганлигини тушунтириб ўтиришга сира ҳам ҳожат йўқ. Буни ёзувчи ва сиёсат арбоби А.Ламартин қуйидагича ифода этган: “Агар буғ ва темир йўл масофаларнинг узоқлигини йўқотган бўлса, китоб нашри замон ҳадларига барҳам берди: китоб шарофати билан биз ҳаммамиз замондошмиз. Мен Гомер ва Цицерон билан суҳбат қурсам, келажакнинг Гомер ва Цицеронлари эса биз билан гаплашадилар”.
Бугун мамлакатимизда маънавий ислоҳотлар жараёни сифат жиҳатидан ўзининг янги ва янда юксак поғонасига қадам қўйди. Жамиятимиз  ҳаётида бебаҳо ва бетакрор  қадрият ва анъаналарни қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътиборнинг маҳсули сифатида қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти қарори соҳа тараққиётига кенг йўл очган том маънодаги муҳим ҳужжат бўлди.
Ахборот технологиялар беқиёс даражада ривожланиб бораётган, виртуал дунё турли-туман ахборот оқими билан тўлиб-тошган ҳозирги замонда ёшларнинг маънавий ва бадиий-эстетик онг-тафаккурини тарбиялаш, уларда китобхонлик маданияти ва кўникмасини шакллантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ушбу қарор билан китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси, хусусан электрон китоб ўқиш ва китобхонлик маданиятни ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурда, энг аввало, китоб маҳсулотларни чоп этиш ва тарқатиш, матбаа соҳаларини янада жадал ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, хусусан, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда кейинги йилларда китоб савдоси ва китоб дўконларига бирмунча эътибор қаратилган бўлса-да, лекин хизмат кўрсатиш сифати ва дўконлар сони аҳолининг ўсиб бораётган маънавий талабларига тўғри келмасди. Шу боис мазкур ҳужжатда ҳар бир шаҳар ва туманда китоб савдосига ихтисослашган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эса юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини текин фойдаланишга бериш, савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига алоҳида статистик ҳисоби юртилиши ва улар 2020 йил 1 январига қадар ягона солиқ тўловидан озод этилиши кўзда тутилди. Шу билан бирга илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётлардан иборат ихтисослашган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш ҳам алоҳида тилга олиб ўтилди.
Маълумки, авваллари китоб ва китобхонликни кенг миқёсда тизимли тарғиб-ташвиқ қилишга етарли эътибор берилмаганлигини мамлакатимиз жамоатчилиги вакиллари турли йиғин ва машваратларда, оммавий ахборот воситаларида куйиниб гапирганларига гувоҳ бўлганмиз. Қарорда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танловларнинг саралаш ва республика босқичларини ўтказиш белгиланди. Бу эса мамлакатимизда китобхонлик ҳаракати оммавий тус олишига ўзига хос туртки бўлади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятдан муносиб ўрин эгаллаб ва хорижий мамлакатлар билан кенг қамровли сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйди. Халқимиз, айниқса ёшларимиз жаҳон маданияти ва адабиётидан баҳраманд бўлиши учун кенг имкониятлар яратилди. Сўз юритилаётган қарорда ҳам “жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмалари бериш” вазифаси белгиланди. Бу асосан жаҳон адабиётининг нодир намуналарини таржима қилиш ва тарғиб қилишга ихтисослашган “Жаҳон адабиёти” журнали ижодий жамоаси зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Президентимиз қарорида мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш юзасидан мутасадди идоралар зиммасига аниқ вазифалар юкланган.  Миллатимиз келажагига дахлдор бўлган мазкур масаланинг аҳамиятини ҳисобга олиб, бу борада жамоатчилик вакиллари – ёзувчилар, олимлар, ўқитувчилар, ота-оналар ҳам масъул эканликларини унутмаслигимиз лозим.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили сайловчилар билан учрашувларда ва шу йил турли соҳалар вакиллари билан ўтказган видео­селекторларда халқимизни ва, айниқса, ёшларни китоб ўқишга даъват этиб, январь ойида айни масала юзасидан фармойиш ҳам қабул қилган эди. Биз сўз юритаётган қарор ҳам Президентимизнинг бу борадаги изчил сиёсатининг мантиқий давоми сифатида юзага чиққан.
Бугун, замонавий ахборот ва инновацион технологиялар ривожидан ҳамда интернет имкониятларидан ақлимиз шошиб қолаётган бир пайтда, одам боласи ҳаётида китобнинг ўрни ва аҳамияти йўқолди, дегувчилар кўплаб топилади. Бу каби қараш ниҳоятда юзаки ва сохта эканлигини ҳаётнинг ўзи исбот этмоқда. Биргина мисол: халқаро тадқиқотлар ва сўровлар ривожланган Ғарб мамлакатларида интернетдан фойдаланувчилар сони қанчалик ошаётган бўлса, китоб сотиб олиш ва ўқиш ҳам худди шунга мувофиқ равишда ўсаётганлигини кўрсатган. Ваҳоланки бу тадқиқотлар интернет технологиялари ниҳоятда тараққий қилган ва унинг хизматлари кун сайин ошаётган Ғарб давлатларида ўтказилган. Бу нарса китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса ололмаганлигини, унинг мўъжизавий куч-қудрати олдида интернетдек энг қулай ва замонавий восита ҳам ожиз қолишини кўрсатаяпти.
Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бугун дунёда шиддат билан кечаётган интеллектуал рақобат ва мусобақа ҳамда халқимизнинг кун сайин ошиб бораётган маънавий эҳтиёж ва талабларига ҳамоҳанг эканлиги билан катта аҳамият касб  этади ҳамда  мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади.

Жалолиддин САФОЕВ

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/21/%d0%ba%d0%b8%d1%82%d0%be%d0%b1-%d0%b1%d0%b8%d1%80%d0%b8%d0%bd%d1%87%d0%b8-%d0%bc%d1%9e%d1%8a%d0%b6%d0%b8%d0%b7%d0%b0/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x