Барбара КАРТЛЕНД (1901–2000) ШАРҚОНА МУҲАББАТ

(Роман)

Рус тилидан
Шаҳло Аҳророва
таржимаси

Инглиз адибаси. ХХ асрнинг энг сермаҳсул ижодкорларидан бири. Ишқий романлар қироличаси деб эътироф этилган Картленднинг 723 та китоби нашрдан чиққан. Шундан 657 таси ишқий роман бўлиб, улар салкам миллиард нусхада чоп этилган. 1983 йилнинг ўзида 26 та романи чоп этилиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирган. Унинг бир қанча асарлари экранлаштирилган. Б.Картленд ЮНЕСКОнинг китоблари энг кўп таржима қилинган адиблар рўйхатида 7-ўринда туради. Картленд вафотидан сўнг унинг архивида яна юзлаб романлар аниқланди ва улар ҳали ҳам чоп этилмоқда.

Биринчи боб

1876 йил.
Шона Уинтертон Парк-лейндаги ота маконига яқинлашар экан, “уйга қайтишим жоизмикан?”, деган савол уни қийнай бошлади.
Қачонлардир бу уй бахтга тўла эди. Энди эса келишга юраги бетламайди.
Извошдан тушиши билан, эшик саройники каби ланг очилди ва уни табассум билан кутиб олишди.
– Сизни яна кўришдан мамнунман, мисс. Ўрнингиз жуда билинди.
– Раҳмат, Хоскинс. Онам яхшимилар?
– Муҳтарама хоним кейинги вақтда анча кучдан қолдилар. Ҳозир дам оляптилар, аммо ишончим комилки, сизни кўриб бошлари кўкка етади.
Шона унга жилмайиб қўйди. Хоскинс бу уйда ўн беш йилдан бери хизмат қилади. Агар бирор ёрдамга муҳтож бўлса, бу қари хизматкорга суяниш мумкинлигини Шона яхши биларди. Зинадан кўтариларкан, қиз бу хизматкорнинг ёрдамисиз ўзига қийин бўлиши мумкинлигини ўйлади.
Агар отаси тирик бўлганда, ҳаммаси бошқача кечармиди? Шонанинг отаси адабиётни юксак қадрлайдиган ва китобсевар, бир неча тилларни билгувчи инсон эди. У, қиз бола турмуш қуриши учун жуда ақлли кўринмаслиги лозим, деган бидъатга эътибор қилмас, аксинча, Шонанинг заковатидан ғурурланар, ўзи билган ҳамма нарсани унга ўргатишга ҳаракат қиларди.
Отаси саёҳатни хуш кўрар, имконият бўлганда чет элга хотини ва қизини ҳам олиб кетарди. Бу саёҳатлар қанчалар ажойиб эди!
Аммо уч йил олдин юрак хуружи уни бир неча дақиқада ҳаётдан олиб кетди.
Шона онаси билан бирга жуда қайғуришди, шундай бўлса-да, ярим йил ўтгач, бева қолган онаси яна турмушга чиқди. Қиз энди бу уйда бахтли бўла олмаслигини тушунди. Ўгай отаси полковник Локвуд ўткир идрокли ва оғир- вазмин отасининг акси – ҳазилкаш ва хушчақчақ эди.
Шона онасининг ётоғи эшиги олдида тўхтади-да, оқсочига юзланди:
– Эффи, мен онажоним билан кўришишим керак. Унга қадар марҳамат қилиб ваннани тайёрласанг.
Эффи бекасининг топшириғини адо этмоқ учун ошиқди, Шона эшикни тақиллатди ва ичкаридан “киринг” деган паст овоз эшитилди.
Шона ичкарига кирган ҳамоноқ каравотида жимжимадор тўрли тунги кўйлакда ўтирган Хелен хонимга юзланди: озғин юзи жуда рангпар эди.
Онаси эллик ёшидаёқ ўзини заиф кампирдай тутадиган бўлиб қолган, қизи бу ҳолатни онасининг кечириб бўлмас иккинчи никоҳи оқибати, деб ўйларди.
Хелен хоним иккинчи эри устидан шикоят қила олмасди. Чунки бу никоҳ унинг бемаъни хатоси эди. Шунинг учун Хелен хоним ҳар қандай муаммодан, ўзи учун энг қулай усул, қочиб ҳимояланарди.
Шона онаси уни яхши кўришини билар, аммо ўгай отаси билан низолашиб қолганида ҳеч қачон унинг тарафини олмаганлигини ҳам унутмаганди.
Қизини кўриб Хелен хонимнинг юзи ёришиб кетди ва қучоғини очди:
– Шона, азизам! Ниҳоят, сен ўз уйингдасан!
Онасининг қувончида Шона аллақандай носамимийликни ҳис этди, бу унинг юрагига оғир ботди. Чамаси, онаси қандайдир хавфни яшириш мақсадида қизи олдида ўзини енгил ҳис қилаётганини намойиш этаётганди.
– Болагинам, Донвортлар оиласи сенга ёқдими? – сўради Хелен хоним.
– Жуда ёқди. Уларнинг уйида ҳамиша қувонч ҳукмрон. Ҳар оқшом кўнгилчоғлик қилиш, рақсга тушишни айтмайсизми! Тўғриси, кўнгилхушликлардан баъзан жуда чарчаб ҳам кетаман.
Хелен хоним қизининг сўзларини эшитиб, кулиб қўйди. У ёшлигида бундай кўнгилхушликларни жуда яхши кўрар, балларнинг тенгсиз маликаси эди. Ўз орзусидаги эркакни учратиб, унга турмушга чиққунга қадар ноз-карашмалари билан жуда кўп йигитларнинг ҳушини ўғирлаганди.
Нозик ва латофатли Хелен хоним ҳали ҳам ўз ҳуснини йўқотмаган, қизи унга жуда ўхшарди: товланиб турувчи майин қизғиш сочлар, катта-катта мовий кўзлар, юз бичими ҳам қуйиб қўйгандек.
Фақатгина Шонанинг юзида акс этиб турувчи қатъият онасида етишмасди. Қизнинг энгаги кўркам ва зодагонларга хос, айтиш мумкинки, унинг иродасини намоён этиб турарди. Нафис ва лўппи лаб чизиқлари унинг журъатли ва кучли руҳият эгаси эканлигидан дарак берарди.
Шона Уинтертон кимдир унга ҳукмронлик қилишига йўл қўймас, аммо атрофида унинг бу феълини англаб етмаганлар ҳам бор бўлиб, улардан бири – ўгай отаси эди.
– Вақтинг хуш ўтганидан жуда хурсандман, – деди Хелен хоним.
– Мен у ерда яна жон деб қолган бўлардим, – деди Шона, – лекин ўгай отамнинг ёзишича…
– Азизам, нега сен уни бундай деб атайсан? Ишончим комил, агар сен “ота” деб атасанг, у жуда бахтиёр бўларди.
– Мен бундай қилолмайман, – аста деди Шона. – Менинг отам ўлган. Мен бошқа одамни унинг номи билан атай олмайман.
Хелен хоним чуқур нафас олди.
– Қизгинам, афсуски, сен жуда қайсарсан. Полковник Локвуд жуда яхши одам. У сенга ёрдам бериш учун қўлидан келган ҳамма нарсага тайёр.
– О, йўқ, онажон. Мен бунга ҳеч қачон ишонмайман. У менга ёрдам кўрсатиш асносида ҳам ўз манфаатини кўзлайди. Мен ҳатто унинг яхши одамлигига ишонмайман…
– Жим! – қичқириб юборишига оз қолди Хелен хонимнинг. – У ҳақда бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди?!
– Кечиринг, онажон. – итоаткорона жавоб берди Шона.
Қиз онасига бу нохуш ҳақиқатни очишга уринишнинг фойдасизлигини биларди, зеро, онаси кўриниб турган нарсани ҳам тан олишни истамасди. Шундай бўлса-да, Шона ҳақиқатни айтишдан ўзини тия олмади.
– Полковник ўз унвонини оширишни мўлжаллаган. Бунга эришиш учун мендан фойдаланмоқчи.
– Бу сафсата…
– Сафсата эмас, онажон. Нима деб ўйлайсиз, нега мен уйга барвақт қайтдим? Ўгай отам мендан Лондонга қайтишимни илтимос қилди, у мени “мафтункор инсонлар”, жумладан, граф Харрингтон билан таништириш ниятида.
– Ҳа, граф ҳақиқатан ҳам мафтункор, – деди она, қизининг кўзларида ялт этиб ўтган ғазаб учқуни туфайли бироз тутилиб.
– Йўқ, онажон, у қўпол, беодоб, жуда маишатпараст. Ўгай отам унга пули ва унвони учун турмушга чиқишимни истайди. Бу истагини амалга ошириш учун у ҳеч нарсадан тоймайди. Ўгай отам қанчалик тиқиштирмасин, лорд Харрингтон менга ҳатто эътибор ҳам бергани йўқ. Ер юзидаги энг сўнгги эркак у бўлганда ҳам унга тегмайман.
– Азизам, бундай қайсарлик асл хонимга ярашмайди.
– Агар қайсар бўлмаганимда, аллақачон меҳроб ёнида бўлардим, – жавоб берди Шона. – Нима деб ўйлайсиз, мен нега Донвортларникига кетдим? Чунки улар Лондондан йироқда бўлган Эссексда истиқомат қилишади. Бундан ташқари, у ерда ўгай отамнинг бемаъни таклифларидан узоқ бўлишга умид қилгандим, аммо янглишибман. У бугун кечки овқат дастурхонида бўлишимни талаб қиляпти. Мен унга узил-кесил рад жавобини бериш учун ҳам уйга қайтдим.
Хелен хоним чинқириб юборди:
– Азизам, сен ахир ўз отангга қўполлик қила олмайсан!
– Ўгай отамга, – унинг сўзини шарт кесди Шона. – У менга ота эмас ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам! Узр, онажон, мен хонамга бориб, кийимларимни алмаштиришим керак.
Шона онасини ўпиб, шошиб хонадан чиқиб кетди.
Шонанинг жомадонини жойлаб бўлгач, бекасига ванна тайёрлаб турган Эффи унинг хонасида кутиб турарди. Эффи йигирма ёшларда эди. У мазкур хонадонда ўн беш ёшидан бери оқсочлик қилар, бу вақт оралиғида қизлар яқин дугона бўлиб қолишганди.
– Сизга жуда кўп таклифномалар келди, мисс, – деди Эффи. – Бир қаранг-а!
Шона таклифномаларга бепарволик билан кўз югуртирар экан, герцогиня Грешем қароргоҳ – Греш-Хаусдаги бугунги қабул таклифномаси унинг эътиборини тортди. Шона бу хонадонни ёқтирарди.
“Аммо розилик бериш учун кеч бўлди”, – надомат ила ўйлади Шона.
Ванна қабул қилаётиб, Шона ўгай отаси ҳақида мулоҳаза юритди.
“Эҳ, – ўйлади у. – Нега онам унга турмушга чиқдийкин-а? Бир ҳисобда уни айблай олмайман: отам вафотидан сўнг онам жуда ёлғизланиб қолганди, лекин нега энди айнан Локвудни танлади?!”
У полковникдан устун дея ҳисоблайдиган ўнлаб эркакларни санаши мумкин эди. Уни танлаётганда онасининг ақл-ҳуши жойидамиди? Ё бу эркак унинг бош-кўзини айлантириб олганмиди?
Полковник уларнинг уйига кириб келган биринчи кунданоқ Шона унинг қандайдир муҳим режаси борлигини сезганди, чунки у Хелен хонимга ҳаддан ортиқ мулозамат кўрсатарди. Нафратини яширмаган қиз англагандики, унинг таклифи ва онасининг розилиги вақт тақозоси эди, холос.
Шунингдек, полковник Хелен хонимга ҳамиша яхши муносабатда бўлганини ва унинг кўнглига қараганини Шона тан олишга мажбур эди, зеро Локвуд, агар истаса, жозибадор эркак бўла оларди. Аммо, тез орада Шона унинг фирибгар эканини, аслида онасининг давлати ва жамиятдаги мавқеига кўз олайтирганини англаб етди. Шона бу одамга на меҳр қўёлди ва на ишонди.
Никоҳдан сўнг Шона тушундики, полковник учун янги рафиқасининг қизи ортиқча бош оғриғи эди, холос. Локвуд бу хонадоннинг Лондондаги ва шаҳар четидаги уйларида ҳукмронликни ўз қўлига олишни истарди. У тез орада Шонадан қутулишнинг ягона йўли – уни эрга бериш, берганда ҳам бирор мартабаси баланд эркакка узатиш ва унинг ёрдамида ўз мавқеини кўтариб олиш лозим, деган хулосага келди.
Шонанинг отаси жангу-жадалда ном қозонган генералнинг ўғли бўлиб, аммо у урушдан сўнг зодагонлар оламига кира олмади. Хелен хоним эса графнинг қизи эди.
“Уни онамнинг насл-насабигина қизиқтирган. У олифта ва худбин, у ҳамиша худбинлигича қолади”, – ўйлади Шона.
Локвуд оқсуяклар даврасига қўшилиш учун хотинининг насаби ва мавқеидан имкон қадар фойдаланишга ҳаракат қилар, аммо бунга ҳали эриша олмаганди.
Локвуднинг бу уринишлари зое кетди: зиёли ва амалдор одамлар уни яқинларига ҳам йўлатмадилар. Шу боис у ўзининг эски ҳамтовоқлари – келиб чиқиши ва насл-насабига қарамай, жентльмен бўлмаган, назокатдан йироқ эркаклар даврасига қайтди. Қартабоз, ичкиликбоз, маишатпараст ва нодонлар – Локвуд атрофида ана шундайлар тўпланганди. Энди эса у шуларнинг бирига ўгай қизини бериш учун жонини жабборга бериб уринаётганди. Граф Харрингтон бу гуруҳдан охирги номзод бўлиб, Шона ҳар гал у билан учрашишдан қочарди. Одатда, граф тушликка таклиф қилинса, Шона от миниш сабоғи баҳонасида кечикиб келар, кечки овқат вақтига келса, ё чарчаганини рўкач қилиб ухлашга ётар, ё сездирмасдан бирор ерга қочарди.
Энди бу уринишлар ёрдам бермай қўйди. Полковник Локвуд жон-жаҳди билан қатьий туриб олганди.
Шона зинадан пастга тушаётиб, полковникни кўрди – қиз шундан хавфсираганди. Унинг ўгай қизи билан сермулозамат бўлиб сўрашиши қизнинг кўнглини ваҳимага солди. Локвуднинг ошланган теридай қип-қизил юзида узун мўйловлари ёқимсиз кўринар, ундан вискининг ўткир ҳиди анқирди.
Шона ижирғаниб бурнини жийирди.
– Илтимосимни ерда қолдирмай уйга қайтганингдан жуда хурсандман, – Шонанинг энсасини қотирадиган қўпол овозда деди Локвуд.
Шона заҳарханда гапларини ичига ютиб, босиқлик билан деди:
– Мени онамнинг соғлиги хавотирга солди.
– Албатта, албатта. Бу табиий ҳол. Онажонинг сен учун жуда ҳам қайғурмоқда, болагинам. У сени турмушга берадиган пайт келди, деб ҳисоблаяпти. Мен унинг фикрига қўшиламан.
– Мен кўнглимга ёққан эркакни учратгачгина турмуш қуриш ҳақида ўйлаб кўраман. Ҳозирча эса мен бунақасини учратмадим, – қатъий жавоб берди Шона.
– Қўйсанг-чи. Сен каби яхши қизлар тезроқ турмушга чиқишлари лозим.
– Фикримча, агар эркак киши мени ўзига мос деб ҳисобласа, менга уйланишни хоҳлайди. Лекин у менинг шахсий қарашларим ва кўнглимга қараши керак. Мен эса ҳали ўзимга ёқдиган эркакни учратмадим.
Полковникнинг кулгуси носамимий янгради.
– Кел, яхшиси бу масалани бугун кечки таом устида муҳокама қиламиз, – таклиф қилди у. – Менинг сенга айтадиган гапим кўп. Хабаринг бор, эртага бизникига лорд Харрингтон ташриф буюради. Менимча, сизлар очиқчасига гаплашиб оладиган вақт келди.
– Биз муносабатларимизни аниқлаштириб олганмиз, – кескин жавоб берди Шона. – Мен таклифини узил-кесил рад этганман ва энди муҳокамага ўрин йўқ.
– Мен буни назарда тутмаяпман…
– Билмайман, сиз нимани назарда тутгансиз, лекин бу масалада жавобим қатъий. Уни бекорга умидвор қилиб ўтирманг. Мен у ҳақда билишни ҳам истамайман!
Полковникнинг юзидаги хайрихоҳлик ниқоби ечилиб, унинг ўрнини ғазаб эгаллади.
– Қулоқ сол, кичик хоним! Сен ўзингни ким деб ҳисоблаяпсанки, мен билан бундай оҳангда гаплашасан?!
– Сиз менга сўзингизни ўтказа олмайсиз, – бепарволик билан жавоб берди Шона.
– Адашасан! Модомики, ҳали вояга етмаган экансан…
– Модомики, ҳали вояга етмаган эканман, сиз менинг никоҳимга халақит қилишингиз мумкин, аммо бутун бошли қироллик лашкари-ю, қироллик отлиғи ҳам мени Харрингтон каби одам билан никоҳдан ўтишга мажбур эта олмайди!
– Харрингтон – менинг дўстим!
– Буни яхши биламан, – ижирғаниб деди Шона.
Унинг сўзларини ўзига ҳақорат деб билган полковник ўгай қизига тарсаки тушириб юборишига оз қолди. Расво феъл-атворли бу кимса кейинги пайтларда ўзини назорат қилолмай қолганди. Шона эса ўрнидан жилмади. Унинг совуқ ва ўткир нигоҳлари ўгай отасининг қутурган ола кўзлари билан тўқнашди. Локвудни охирги сонияларда нимадир тўхтатиб қолди. У қўлини туширди, аммо юзлари ғазабдан буришиб кетганди.
– Бу ҳақида кечқурун гаплашамиз, – ўшқирди у.
Шона ҳозиржавоблик билан деди:
– Сиз билан бугун кечки тановулда учрашолмайман, дея қўрқаман. Герцогиня Грешемдан бугунги кечага таклифнома олганман.
Полковник бир қалқиб тушди ва Шона бу довдирашнинг сабабини биларди. Грешемларнинг юксак мартабаси ва таклифининг ўзиёқ уни титроққа солиш учун етарди. Грешемлар Локвудни назар-писанд қилишмас, уни ҳеч қачон қароргоҳларига таклиф этишмаганди.
Шона мазкур қабулга усиз бораётгани сабабли ҳам Локвуд ўгай қизини баттар ёмон кўриб кетди. Аммо унинг олифталиги Шонанинг бу қарорига қаршилик қилишга тўсқинлик қилди.
– Шундай дегин, – деди ниҳоят у қувонганини самимий кўрсатишга уриниб. – Оиламиз дўстларини хафа қилиш ярамайди. Афсуски, менинг бошқа режаларим бор. Бўлмаса сени жон деб кузатиб борган бўлардим.
– Бу ўта аҳмоқона иш бўларди, – секин жавоб берди Шона.
Локвуд қизга ўқрайиб қараб қўйди. Шона унга қиё ҳам боқмади ва хонадан чиқиб кетди. У ўз сўзида туриб олган бўлса-да, юраги қинидан чиқар даражада гуп-гуп урарди.
“Мен дарҳол жуфтакни ростлашим керак, – саросимага тушди у. – У ўзини базўр тутди. Мени дўстига никоҳлаш учун у ҳар нарсага тайёр”.
Хонасига қайтиб киргач, Шона герцогиня уни қабул қилиши учун кеч бўлмаслигига умид билдирилган бир неча жумлани шошилиб ёзди-да, қаролидан бериб юборди.
Герцогиня уни ўз уйида қабул қилишидан мамнун эканлиги ҳақидаги жавоб тахминан бир соатларда келди. Шона енгил нафас олди-да, кейинги муҳим масала билан шуғулланди: нима кийиш керак?
У Эффининг ёрдамида ниҳоят пушти тошлар билан безатилган магнолия рангидаги атласдан тантаналар учун тикилган кўйлагини танлади. Бўйнига эса бобоси совға қилган марварид шодасини тақди.
Шона ўз эркинлигини намоён этишига асос бор эди, чунки онаси томонидан бобоси граф Ларнесский ўз мулкининг ярмини қизига, ярмини эса неварасига мерос қилиб қолдирганди. Шонанинг фикрича, ўгай отаси Хелен хонимни жуда бадавлат деб ўйлаган. Бу ерга келгач, мулкнинг фақат бир қисмигина унга тегиши мумкинлигини билиб, ғазаби қайнаганди.
Ҳар иккала аёлнинг пуллари билан боғлиқ расмиятчиликни васийлар амалга оширар, полковник Локвудга хотинининг улушидан оз миқдорда пул беришар, Шонанинг улушига эса унинг аралашиши ҳам тақиқланган эди.
Қиз полковникнинг бир неча бор ўгай қизига тегишли давлатни қўлга киритишга урингани ва ҳар гал қатъий рад жавобини олганда қанчалар ғазабга мингани тўғрисида васийларнинг ўзидан эшитганди.
“Ўгай отам чамаси мени ўша майпараст ҳамтовоғига узатиб, пулларимни ўмармоқчи”, – ўйлади у пардоз қилаётиб.
Унинг бу шубҳаси Эффининг сўзларидан кейин ўз тасдиғини топди:
– Мен бошқа хизматкорлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикрича, полковник бу эркакдан қарз олган экан.
“Бу эркак” аслида ким эканлигини аниқлаштиришга ҳожат йўқ. Эффи ҳам уни ёмон кўрарди. Унинг фикрича, “у қўлига жуда кўп эрк беради”.
– Сен бу ерда хавфдан холилигингга ишонасанми? – хавотирланиб сўради Шона.
– Ташвишланманг, мисс. Мен бугун йигитим билан учрашув белгилаганман. У полициячи, гоҳида кураш тушиб ҳам пул топиб туради.
– Айтмоқчисанки, у бир-бирини ҳушдан кетгунга қадар дўппослаб, сўнг шунинг эвазига пул оладиган йигитлардан бирими? – сўради Шона.
– Ҳа, мисс. Аммо Жимми ҳали бирор марта ҳам ютқизмаган.
– Яхши. Унда сендан кўнглим тўқ. Агар хоҳласанг, менинг пушти кўйлагимни кийиб ол.
Извошга ўтириб бу ердан тезлик билан жўнаб қолиш Шонага шундай енгиллик бағишладики! Уйдан узоқлашаркан, у ортига ўгирилиб, уйига қарашдан ўзини тия олмади. Қиз кутганидек, иккинчи қават деразасидан полковникнинг шарпаси кўзга ташланди. У қизни яширинча кузатиб турарди.
Грешемларникида кечки овқат жуда дабдабали ўтди. Шона меҳмонларнинг кўпчилиги билан таниш эди. Улар ҳар тарафдан қизни Эссексдаги сафари тўғрисида саволга тутдилар. Полковник ҳақида эса ҳеч ким эсламади ҳам.
Шонани ёш ва хушчақчақ бўйдоқ йигит – виконт Мелтон қаршисига ўтқаздилар. Аммо бу кеча Мелтон ўзгачароқ кайфиятда эди, гўё хаёли ўзида эмасди. Илгари улар тортинмасдан ҳазил-ҳузул қилишарди. Ҳозир эса у Шонага бир неча савол берди, холос. Шона сездики, бугун уни бошқа томонда ўтирган катталар билан суҳбат қуриш кўпроқ хушнуд этди.
Кечки тановул ниҳоялагач ва хонимлар жанобларни вино ичиш учун қолдиришган вақтда Шона нигоҳлари каби сўзлари ҳам ўткир бева герцогиня Грешем билан суҳбат қурди.
Бу басавлат хоним уйдан ташқарига кам чиқса-да, барча миш-миш ва гап-сўзлар қулоғига чалинар ва улар тўғрисида оқилона мушоҳада юритарди. Одамлар маслаҳат сўраб унга тез-тез мурожаат қилиб туришарди. Бу хоним, қанчалик мураккаб муаммо бўлмасин, уни ечишга қодир аёл сифатида ҳурмат қозонганди.
Эркаклар ҳам даврага қўшилиб, умумий суҳбат мавзуси янгилангач, Шона бу меҳмондўст хонадон соҳиблари билан бир неча оғиз суҳбатлашди-да, сўнг диванга ўтиб ўтирди. У бир финжон чой ичиш асносида ортидан кимнингдир овозини эшитди ва ўгирилиб қаради.
Суҳбат диван суянчиғи ортига илинган парданинг нариги томонида кечаётганди. Шона овоз соҳибини таниди – бу виконт Мелтон эди.
– Сиз менга ёрдам беришингиздан умидим катта, герцогиня. Ҳаётимда катта кўнгилхираликлар кечмоқда.
Унга бева герцогиня Грешем жавоб қайтарди:
– Мен биламан. Сизни Ларксвортлар қизига мажбуран уйлантиришяпти, шундайми? Сиз эҳтиёткорроқ бўлишингиз лозим эди.
– Мен бор-йўғи уни рақсга таклиф этувдим… – деди норози оҳангда виконт.
– Бир оқшомда уч марта! Бир оқшомда бир қиз билан икки мартадан ортиқ рақсга тушиш мумкин эмас. Сизнинг бундан хабарингиз йўқми? Уч марта рақсга таклиф этиш… у ёғини ўзингиз тушуниб олаверинг.
– Ўша сафар шундай бўлиб қолди, – минғирлади виконт. – Жаноб Роджер Ларксворт жуда қўпол луқмалар ташлади.
– Бу муаммодан қутулишнинг энг яхши йўли бир неча ҳафтага чет элга чиқиб кетиш, – деди герцогиня. – Сиз қайтгунингизча ҳамма бу можарони унутади ва бошқа нарсаларнинг муҳокамасига ўтган бўлади. Бунга ўхшаган вазиятлардан қочишга ҳаракат қилинг.
– Айтишга осон! Анави Локвуд ҳам унинг айнан нусхаси…
– Наҳотки у ҳам ўгай қизини мажбуран турмушга беришга уринаётган бўлса?!
– У менга бир неча бор маънодор нигоҳ ташлади. Шона менга ёқади, аммо унинг отаси тирик бўлганда эди… Ҳаммаси бошқача бўларди. Лекин ўгай отаси билан қариндошлик ришталарини боғлаш… О, маъзур тутгайсиз.
– Бечора Шона! – афсус ила хитоб қилди герцогиня.
Парда ортида ўтирган Шонанинг қимирлашга ҳам ҳоли қолмаган, у юзига суртган бўёқлари оқиб тушаётганини ҳис қилиб турарди. Демак, ўгай отаси сабаб бирорта тарбия кўрган эркак у билан боғланишни истамасди.
– Эртагаёқ жўнаб кетаман, – қарор қилди виконт. – Ёрдамингиз ва ғамхўрлигингиз учун сизга ташаккур, герцогиня.
– Мен сизни туғилганингиздан бери биламан, виконт, – жавоб берди герцогиня. – Агар сизга ёрдамим тегса, бундан мен ҳам мамнунман.
– Сиз маслаҳат борасида ҳеч кимдан ёрдамингизни аямайсиз, – деди виконт. – Ишқий муаммоларимизни ечишда бахтимизга яхшиям сиз борсиз.
Герцогиня кулиб юборди.
– Одамларга ёрдам бериш – савобли иш, – жавоб берди у. – Лекин ҳамма муаммолар ҳам ишқий муносабатлар билан боғлиқ бўлавермайди. Масалан, маркиз Чилворт яқиндагина мендан француз, испан, итальян, агар имкони бўлса, грек тилида ҳам эркин мулоқотда бўла оладиган котиб топиб беришни илтимос қилди.
– Шубҳасиз, ўзи бу ишни эплай олмайди, – тушунгандек бош силкиб қўйди виконт.
– Бу масалани тезда ҳал бўлишига кўзим етмайди. Ахир бундай кўп тил билгувчини қаердан топиш мумкин? Инглизлар она тилларидан ўзга тилларда гапиришга нўноқ бўладилар. Улар кўпинча ўз тилида ҳам хато қиладилар.
– Агар бу масалани кимдир ечиши мумкин бўлса, у фақат сизсиз, – деди виконт. – Сизнинг мавқеингиз осмон қадар юксакликка кўтарилган. Хайрли тун, қадрли герцогиня. Яна бир бор барча яхшиликларингиз учун раҳмат.
Шунда герцогиня бир сўз айтдики, Шонанинг юраги туб-тубигача зириллаб кетди.
– Сиз чин севгингизни топмагунингизга қадар, менга миннатдорчилик билдиришга шошилманг. Севгингизни топсангиз, сизни қутқарганимга ана шунда амин бўласиз.
Шона извошга ўтирганда ҳам герцогинянинг охирги гапи қулоқлари остида жаранглаб турди. Агар у полковникка ўз режасини амалга оширишга қўйиб берса, севган инсони билан никоҳ қуриш бахтидан бир умр мосуво бўларди. Демак, у бунга ҳеч қачон йўл қўймайди!
Уйга қайтгач, Шона Эффини хонасида учратмади, у беш дақиқадан сўнг ҳозир бўлди.
– Маъзур тутинг, мисс, – деди у ҳаяжон ила. – Мен олдинроқ келиб, сизни бу ерда кутиб олишим керак эди.
– Ҳаммаси жойида, Эффи. Хўш, ошиғинг билан вақтни яхши ўтказдингми?
Эффининг кўзлари чарақлаб кетди.
– О, ҳа, мисс! Биз Жимми билан биринчи имконият туғилганданоқ турмуш қурамиз.
– Сизлар биргаликда жуда бахтли бўласиз, деб ўйлайман, – майин шивирлади Шона.
“Эффи ўзининг чин муҳаббатини топа олди”, – ўйлади у бироз ҳасад билан.
– Оқшом қандай ўтди, мисс?
Шона унга ҳаммасини, ҳатто парда ортидан бехос эшитган суҳбат ҳақида ҳам сўзлаб берди.
– Бу герцогиня эртаклардаги фаришта-онанинг ўзи экан, – эътироф этди Эффи Шонанинг сочларини тараётиб.
– Ҳа, у амалга ошираётган мўъжизалар одатий ҳолга айланган. Масалан, маркиз Чилворт унга кўп тилда сўзлаша оладиган котиб топиб беришни илтимос қилибди.
– Сизга ўхшаганми?
– Менга?
– Ахир отангиз сизга кўп тилларда сўзлашишни ўргатган-ку.
– Ҳа, тўғри, аммо… Менимча, унга котиблик қилиш учун эркак киши керак.
– Агар у эркак кишини тополмаса-чи, мисс?
Шона кўзгудаги аксига ўйланганча тикилиб қолди. Нега бу фикр унинг миясига олдинроқ келмадийкин? Бу унга қутулиш учун имконият бўлиши мумкин.
– Қўлимдан келармикин, – унинг ўйлари сўзига чиқди.
– Ҳа-я! – ҳаяжон ила бирдан қичқириб юборди Эффи. – Ахир мен ўша маркиз ҳақида эшитганман-ку! Унинг лақаби Махлуқ.
– Махлуқ? – беихтиёр такрорлади Шона.
– Айтишларича, бошига мусибат тушгандан сўнг, кўп йиллар мобайнида уни ҳеч ким кўрмаган.
– Қандай мусибат?
– Айтишларича, у телбаларча севган қиз бошқа йигитга унаштирилган, – жавоб берди Эффи.
– Кейинчи, кейин нима бўлган?
– Улар бирга қочиб кетишган. Аммо қизнинг қаллиғи уларни топиб, қизнинг қоқ юрагига ўқ узган, – деди Эффи ҳаяжондан бироз титраб. – Ўшандан бери маркизни ҳеч ким кўрмаган. У ё уйидан эшикка чиқмай, зимистонда яшайди, ё махсус тайёрланган кемада етти денгиз бўйлаб кезади.
– Ёқимсиз саҳна кўринишини эслатади, – ишонқирамади Шона.
– Айтишларича, у бир кечада чўкиб қолган.
– Хўш, бу воқеалар қачон рўй берган экан?
– “Экан” дейсизми, мисс? Бу воқеа ҳақиқатан ҳам рўй берган, бу чин ҳақиқат! Ўлай агар! Менга бу воқеани ўша маркиз қўлида хизмат қилган одамга турмушга чиққан холаваччам сўзлаб берди.
– Ҳеч ақлга тўғри келмайди. Агар бу ҳақиқат бўлганда, у ҳақда ҳамма биларди.
– Ахир у ташқи дунёдан яшириниб яшаётган бўлса, у ҳақда қаердан ҳам билишсин? – эътироз билдирди Эффи ўзининг мантиққа зид фалсафасида туриб олганча. – Оҳ, мисс, балки у билан учрашмаганингиз маъқулдир? У сизни ўғирлаб кетса-чи?
– Нега энди мени ўғирлар экан? – ҳайрон бўлиб сўради Шона.
– Қандайдир ғараз мақсадлар учун, – баланд овозда деди Эффи.
– Қандай мақсад?
– Ким билади дейсиз? Бундай мақсадлар каммас-ку!
Шонанинг лабига табассум ёйилди.
– Бу бемаъни гап, – деди у. – Агар маркиз Чилворт шунчалик одамови бўлса, ишонч билан айтаманки, бу мен учун айни муддао.
– Агар у сизни ўзи билан етти денгиз бўйлаб саёҳатга олиб кетишни истаса-чи?
– Оҳ, Эффи, тутуриқсиз романлар қаҳрамонига ўхшаб гапиришни бас қилсанг-чи! – кулди Шона. – Боз устига, агар мен етти денгиз бўйлаб кетсам, ўгай отамдан қутуламан. Мен зудлик билан маркиз Чилворт билан кўришишим лозим.
– Мисс, менимча бу хавфли! – қўрқа-писа шивирлади Эффи.
– Агар бу иш хавфли бўлса, уйга қайтиб келаман.
– Унинг хаёлига сизни ўғирлаш келиб қолса-чи?..
– Ҳа-ҳа, ғаразли мақсадларда. Эсимда. Мен бир таваккал қилиб кўрмоқчиман.
Шонанинг кўзлари қатъият билан чақнаб турарди.
– Ким билади, дейсан, – деди у қувноқ оҳангда муғомбирона. – Балки менда ҳам “ғараз мақсадлар” туғилиб қолар.

Иккинчи боб

Эртаси куни Шона барвақт уйғонди. Эффи унинг полковник билан учрашиб қолиш хавфидан асраш учун нонуштани хонага келтирди.
– У бунчалик барвақт уйғонмаса керак, – деди Шона. – Менимча, у кеча жуда кеч қайтди.
– Агар хизматкорининг гапи тўғри бўлса, ярим тунда, соат учда, – аниқлик киритди Эффи. – Ундан спирт ҳиди бурқсиб турган экан.
– Демак, чошгоҳдан олдин уйғонмайди. Жуда яхши. Менда ҳар бир нарсани аниқ режалаштириб олишга вақт бўлади.
– Сизга қайси кийимингизни ҳозирлай, мисс?
– Билмайман. Мен жиддий ва ҳозиргидан каттароқ ёшда кўринишим керак. Қиёфамга жиддий тус берадиган турмак қила оласанми?
Эффи сочга суртиш учун ошхонадан ун олиб келгани кетди, бу Шонани ўрта ёш кўрсатолмаса ҳам, сочларининг жилосини яшириб, кулранг тус берарди.
Кўп уринишдан сўнг ниҳоят улар керакли натижага эришишди. Унинг сочи ёши улуғларга ўхшаб турмакланганди.
– Энди менга кўзойнак керак, – деди Шона. – Уни қаердан олсак бўларкин?
– Хиггинс! – қувониб кетди Эффи.
Кичик хизматкор бўлиб ишлаган Хиггинс ўтган ойда кетган, у қўшимча кўзойнагини унутиб қолдирганди. Яхшиямки, Эффи бу кўзойнакнинг қаерда турганини биларди. Бурнига кўзойнак қўндирар экан, Шона ўзининг асл кўринишидан кескин фарқ қилувчи бутунлай ўзгача қиёфага кирди.
– Нима кийсам экан? Ҳамма кийимларим ҳашамдор. Мен тасаввур қилган аёл бундай ҳашамдор кўйлаклар киймаслиги керак.
– Сиз айнан қандай аёл бўлиб кўринмоқчисиз, мисс?
– Ўз қадрини биладиган улуғвор хоним каби. У мени тажрибасиз қизалоқ деб ҳисобламаслиги керак. Мен унда енгилтак ва калтабин эмас, тартибли ва жиддий аёл сифатида таассурот қолдиришим даркор.
– Лекин қўлингизда никоҳ узуги йўқ-ку?
– Онамникини тақаман.
Иккинчи марта турмушга чиқаётиб, Хелен хоним биринчи никоҳ узугини қизига берганди. Шона бу узукни ўз қутичасидан оларкан, унга хомуш тикилди. Каттагина бу узукнинг ички томонига “Муҳаббатимиз абадий бўлсин” деган сўзлар ўйиб ёзилганди.
“Бу узукни отам онамга тўй куни совға қилган, – ўйлади у. – Беҳад бахтга кўмилган бўлсалар керак ўшанда!”
Кейин эса отаси ўлди. Онаси эса унинг тирноғига ҳам арзимайдиган одамга турмушга чиқди.
“Йўқ, ўгай отам менга ҳукмронлик қилишига йўл қўймайман”, – ўйлади Шона узукни бармоғига тақаётиб.
– Энди шунга мос кийим танлаш лозим, – деди у. – Кийим жавонимда сипороқ нима бор?
– Балки сизга менинг кўйлакларимдан бири мос келар, мисс? – таклиф қилди Эффи.
– Ажойиб фикр!
Эффи одатда черковга кийиб борадиган кўйлагини келтирди. Кўйлак жуда оддий бўлиб, бошқа шароитда Шона бу кўйлакни сира киймаган бўларди.
Ўзини кўзгуга соларкан, Шона одатдаги қиёфасининг бутунлай ўзгарганига амин бўлди.
– Худди қаримсиқ хотинга ўхшайман, – деди у. – Жуда соз.
– Сиз учун извош тайёрлашларини буюрайми, мисс?
– Йўқ. Мен борадиган жой унча узоқдамас. Ўзим етиб оларман. Менинг қаёққа ғойиб бўлганимни ҳеч ким сезмагани маъқул.
– Унда мен сиз билан бирга бораман, – деди Эффи. – Ташқарида кутиб тураман. Сиз у ёққа ёлғиз пиёда бормайсиз.
– Нима, мени “ярамас мақсадлар” учун ўғирлаб кетишадими? – қиқирлаб кулди Шона.
– Бўлиши мумкин. Бундан ташқари, хўжайин уйғониб қолса, унга рўбарў бўлишни истамайман.
– Тўғри айтасан. Бўпти, йўлга чиқдик бўлмаса!
Иккиси бир оз пиёда юришгач, икки ғилдиракли арава ёллашди. Извошда ўн беш дақиқа юришди-ёв. Ниҳоят извошчи Белгравия ҳудудида жойлашган Чилвортга қарашли мулк ёнида тўхтади. Архитектураси ва маҳобати билан Чилворт уйи ҳар кимда катта таассурот уйғотадиган иморат эди, аммо Шонага бу ер қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда кўринди. Дераза тўсиқлари ёпилган. Демак, бу ерда яшовчи одам ташқи олам билан буткул алоқани узган кўринади.
Маркиз Чилвортнинг қандай одам эканлиги Шонани ўйлантириб қўйди.
Албатта, Эффининг бу кишини ғирт ёввойисифат, махлуқ тарзида таърифлагани ақлга тўғри келмасди. Аммо Шона ҳар ҳолда бу одамнинг бошқалардан буткул фарқ қилишига амин бўлди.
Шона Чилвортни тантанавор маросимларда сира учратмаган, ҳатто унинг исмини ҳам жуда кам эшитганди.
– Менга бу уй негадир ёқмаяпти, мисс, – деди Эффи Шона извошга рухсат бериб, эшик ёнида тўхтаганларида. – Биласизми, менимча сиз билан ичкарига кирганим маъқул.
Унинг овози арслоннинг инига киришга тайёрланаётган одамники каби хавотирли эди. Шона ўзини кулгидан аранг тийиб қолди, аммо оқсочининг бекаси учун қаттиқ қайғураётгани уни таъсирлантирмай қўймади.
– Яхши, – деди у. – Агар у мени ўғирламоқчи бўлса, у ҳолда сен билан ҳисоблашишига тўғри келади!
– Худди шундай, мисс. Нияти ёмон бўлса, мен унга кўрсатиб қўяман!
– Эффи, мен ҳазиллашдим.
– Мен эса йўқ, – хомуш жавоб берди Эффи.
Эшик қўнғироғини чаларкан, Шона ичида ҳали ҳеч кимни ишга олишмаган бўлсин-да, деб ўйлади.
Эшикни хизматкор очди.
– Илтимос, лорд Чилвортга етказсангиз, мен бу ерга герцогиня Грешемнинг тавсиясига биноан келдим.
Эшик оғаси тиржайди:
– Марҳамат қилинг, хоним. Зоти олийлари ҳозиргина нонуштани тугатдилар.
– Вой, Худойим, жуда эрта келиб, безовта қилмадимми?
– Зоти олийлари ҳар доим жуда эрта уйғонадилар. Сизга маълум бўлса керак, улар яқинда мамлакатдан чиқиб кетадилар.
– Йўқ. Мен билмагандим, – таажжуб билан жавоб берди Шона.
– Сизни ким деб айтай?
Шона аввалига довдираб қолди.
– Уинтерс, – ниҳоят жавоб берди қиз. – Миссис Уинтерс.
– Яхши, миссис Уинтерс, ишонаманки, маркиз зоти олиялари томонидан тавсия қилинган хонимни мамнуният билан кутиб оладилар.
Шона уйга кирди, Эффи унинг ортидан кираркан, худди ҳозир уларнинг устидан қизиб турган мойни қуйиб юборишаётгандай, атрофга эҳтиёткорлик билан назар солди.
Қизлар хизматкор ортидан узун йўлак бўйлаб бориб, камтарона жиҳозланган меҳмонхонага кирдилар.
– Маъзур тутинглар, шу ерда кутиб турсангиз, – деди хизматкор.
У эшикни ортидан ёпгач, Шона камин тепасига илинган кўзгу ёнига борди, у “ролга киришганига” яна бир бор амин бўлмоқчи эди. Унинг кўриниши ўзи истаган даражада эди.
Тақиб олган кўзойнаги унинг чиройли кўзларини буткул яширганди. Жиддий қиёфага мос турмакланган сочлари бошига ёпишиб турарди.
– Балки, ўз фамилиянгизга ўхшамайдиганини танлаш керакмиди? – шивирлади Эффи. – Уинтерс Уинтертонга жуда ҳам ўхшаш.
– Айнан шунинг учун ҳам шу фамилияни танладим. – деди Шона паст овозда. – Агар мени ўзи билан чет элга олиб кетадиган бўлса, мен Уинтертон фамилияси қайд этилган паспортни кўрсатишимга тўғри келади. Агар Чилворт фамилиям бошқачалигини билиб қолса, мен унга шундай эшитилганини, аслида фамилиямни Уинтертон деб таништирганимни айтаман.
– О, мисс, сиз жуда оқиласиз.
Шона хавотир ила чуқур нафас олди.
– Бу жуда ҳам ақлли қарор эмас, лекин ўша тобда калламга бошқа ҳеч нарса келмади.
Хизматкор келгунича анча вақт ўтди.
– Зоти олийлари сизни қабул қилишга тайёрлар, – эълон қилди у кириб келгач. Шона дивандан турди.
– Марҳаматлари учун миннатдорман, – жавоб берди у.
– Марҳамат, ортимдан юрсангиз.
Хонадан чиқаверишда Шона Эффи билан кўз уриштириб олди ва бармоқларини аста сиқиб қўйди.
– Ҳузурингизга миссис Уинтерс ташриф буюрдилар, милорд, – деди хизматкор қизга олдинга юришга ишора қиларкан.
Шона зулмат босган кутубхонага кирди. Маркиз дераза ёнида уни бутун гавдаси билан тўсганча, пастдаги боққа қараб турарди. У ўгирилганда, қуёш унинг ортидан кўринди. Шу лаҳзаларда Шонага худди кўкдан тушиб келгандай, унинг елкаси аралаш боши нур таратиб турган ҳалқа ичида кўриниб кетди.
Шона хаёлидан турли васвасаларни чиқариб ташлаб, эс-ҳушини йиғиб олди ва англадики, маркиз дарҳақиқат бошқаларга ўхшамасди: олти футдан кам бўлмаган баланд бўйли, хушқомат, келишган эркак эди. Унинг тим қора,  жилвакор кўзлари Шонанинг вужудини тешиб ўтгандай бўлди.
Маркизнинг ёшини аниқ айтиш мушкул. Ўттиз ёшдан кам эмасди, ҳарқалай, қирққа бормаганди. Унинг сочлари Эффи таърифлаганидек оқ-кумуш эмас, тўқ каштан рангли экан. Унинг ҳорғин ва маҳзун қиёфаси кўзга ташланарди.
Ҳорғин ва маҳзун. Ҳа, айнан шундай эди.
Шона Эффи сўзлаб берган воқеани эслади. У севган ва юрагига қадалган ўқ туфайли ҳалок бўлган аёл ҳақидаги воқеа. Чилвортни шу аёл билан боғлиқ хотиралар қийнаётган бўлса ажаб эмас.
– Тушунишимча, сизни бу ерга герцог Грешемнинг беваси жўнатган, шундайми? – аниқлик киритди у.
– Ҳа, – тасдиқлади Шона. – Унинг маълум қилишича, сиз бир неча тилни биладиган одамни излаётган экансиз. Мен француз, испан, итальян ва грек тилларини яхши биламан.
Маркиз кулимсираб қўйди.
– Бу таҳсинга сазовор. Фақат герцогиня каби ўта оқила аёл бундай иқтидор эгасини топа билади.
– Эҳтимол, бу сизни таажжублантирар. Мен француз ва грек тилларида эркин гаплаша оламан, аммо қолган икки тилда ҳам ўқиб, ёза биламан.
Маркиз унга диққат билан назар солди. Сўнг ишора билан уни ўтиришга таклиф қилди. Шона диванга ўтирди ва англадики, бу ерда қуёш тўғри унинг юзига тушаркан.
Маркиз эса ёруғлик тушмайдиган ва ғира-шира кўринадиган бир четга бориб ўтирди. Бу ердан у қизни бемалол кузатар, ўзи эса қизнинг назарига ноаниқ шарпа бўлиб кўринарди, холос.
– Сиз бу тилларни қаердан ўргангансиз? – сўради Чилворт. Унинг йўғон овози ғор тубидан чиққандай жаранглади.
– Мен жуда кўп саёҳатларда бўлганман. – жавоб берди Шона.
– Турмуш ўртоғингиз биланми?
– Ҳа, – деди у тутилиб қолмаслик учун имкон қадар ишонарли сўзлашга уриниб. – Саёҳат эримнинг жон-дили эди, биз жуда кўп ерларда бўлганмиз.
– Агар сизни синаб кўрсам, ранжимайсизми? – қизиқсинди маркиз.
– Йўқ, албатта. Синаб кўрмай туриб ишга қабул қилмайсиз-ку.
– Балки мен билан испан тилида гаплашарсиз?
– Бу тилни унча ёқтирмайман, – испанча жавоб берди Шона. – Испан тилида ёзиш ва ўқишни билсам-да, бу сўзлар менга жуда беўхшов туюлади. Кўриб турганингиздек, бу тилда сўзлаша оламан.
– Боз устига, жуда яхши гаплашаркансиз, – деди маркиз. У ҳам аста ва ишончсизлик билан бўлса-да, испанча гапирди.
Кейин эса маркиз тўлиқ ифода эта олмаса-да, итальян тилига ўтишди.
– Энди эса, айтинг-чи, ҳозир Римда қандай об-ҳаво бўлиши мумкин?
Шона отаси билан саёҳатда бўлган Рим ҳақида ҳикоя қила кетди.
Сўзларидан унинг нафақат Рим ҳақида жуда яхши билиши, балки италь­ян тилида бенуқсон сўзлашишини англаш мумкин эди.
– Ҳайратдаман! – хитоб қилди маркиз, Шона ҳикоясини тугатгач.
Қиз таваккал қилишга қарор қилди.
– Яхши гапирганимни қаердан билдингиз? – сўради Шона. – Ахир мени базўр тушундингиз-ку?
Маркиз надомат билан чуқур нафас олди.
– Сездингизми? Агар сал секинроқ сўзлаганингизда, эҳтимол, сизни яхшироқ тушунган бўлардим. Нима учун менга ёрдам кераклигини энди англагандирсиз? Бошқа тилларда сўзлаш қобилиятингизни синаб кўришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.
– Агар лозим бўлса, қолган тилларда ҳам сиз билан бажонидил сўзлашган бўлардим, – деди ишонч билан Шона.
– Сиз грек тилини ҳам биламан, дедингиз. Айтинг-чи, қадимийсиними ёки замонавийсини?
– Ҳар иккаласини ҳам. Синаб кўрасизми?
– Нега? Сизни барибир тушунмайман.
Кутилмаганда маркиз Шонанинг ёнидаги курсига келиб ўтирди ва қизга диққат билан тикилди.
– Менга ўзингиз ҳақингизда гапирсангиз, – деди у. – Мистер Уинтерс ҳозир қаерда?
– У энди бу оламда йўқ, – деди Шона вазминлик билан.
– Болаларингиз борми?
– Йўқ.
– Ёшингиз нечада?
Кўйлаги этаклари орасига титроқ бармоқларини яшириб, Шона жавоб берди:
– Ўттиз бир ёшдаман.
– Турмушга қачон чиққандингиз ва қачондан бери бевасиз?
Шонани иккиланиш титроққа сола бошлади. Албатта, у ўзига саволлар берилишини кутганди, аммо савол бундай аниқ қўйилишини ўйламаганди. Шона маркизни бу қадар сурбетлик билан алдашни хоҳламасди, аммо ўгай отасидан қочиш учун бундан бошқа иложи йўқ.
– Бизнинг турмушимиз ўн йил давом этди. Турмуш ўртоғим уч йил олдин қазо қилди.
– Демак, сиз жуда барвақт эрга теккан экансиз-да?
– Мен ўн саккиз ёшда эдим.
– Эрингиз қанақа одам эди?
– У ҳақиқий жентльмен, жуда маърифатли инсон эди, – жавоб берди у аслида ўз отасини назарда тутиб ва таърифлаб. – У ўз билимларини улашишни ёқтирарди, шунинг учун ўзи билган нарсаларни менга ҳам ўргатишга уринарди.
– Сиз буни қадрлармидингиз?
– Албатта, – жавоб берди у отасини хотирлар экан. – У ажойиб устоз эди, ҳамма нарса ҳақида фавқулодда қизиқ қилиб сўзлаб берарди. У мен учун янги қирраларни очди, атроф-оламнинг барча гўзалликларини кўрсатди. Тарихий ёдгорликларни кўргани борганимизда у менга ҳозир харобага айланган жойларда қачонлардир яшаб ўтган одамлар тўғрисида сўзлаб берарди. Қадимги римликлар ва грек маъбудлари ҳамда испан мусиқашунослари ва француз ошхонаси ҳақида ана шундан биламан.
Шона юзига нурли табассум қўнганини ўзи ҳам сезмай қолди, чунки у ҳозир ўзи ҳаддан ортиқ яхши кўрган отаси ҳақида сўзлаётганди.
– Бу кунлар жуда ҳам ажойиб эди, – деди у назокат билан. – Мен ҳеч қачон ҳаётим ўзгариб кетади, деб ўйламагандим. Аммо, бу ерда…
– У қандай вафот этган? – ҳамдардлик билан сўради маркиз.
– Юрак хуружидан… Мен у билан аранг видолашишга улгурдим. Ҳаётимдаги ёруғлик, осуда дамлар бирдан йўқолди. Мен ҳалигача уни қўмсайман.
Шона ҳикоясини тугатгач, ўртага бир дам сукут чўкди. Ниҳоят у ердан нигоҳларини кўтарди ва кўрдики, маркиз унга ошкора таажжуб билан қараб турарди.
– Сиз уни жуда ҳам севган бўлсангиз керак, – ниҳоят тилга кирди маркиз.
– Ҳа, жуда ҳам.
– Ҳар ҳолда… Одобсизлигим учун маъзур тутгайсиз, аммо сизнинг ҳикоянгиздан хулоса қиладиган бўлсак, у сиздан анча катта бўлган кўринади.
– Бизнинг ёшимизда анчагина фарқ бор эди, – унинг гапини қувватлади Шона. – Аммо бунинг заррача аҳамияти бўлмаган. Нима эди?
– Йўқ-йўқ, ҳеч нарса, – шошиб жавоб берди маркиз.
– Менимча, савол бериш учун энди менинг навбатим келди, – деди Шона. – Вазифам нимадан иборат бўлади? Тил билишнинг сизга нима зарурати бор? Сиз чет элликлар билан тез-тез ёзишиб турасиз чоғи?
– Гоҳида ҳақиқатан ҳам ёзишиб тураман, шунингдек, тез-тез саёҳатга ҳам чиқаман. Ҳозир мен роман ёзиш ҳақида ўйлаб қолдим. У чет эллардаги саёҳатларим таассуротларига асосланади ва мен кўпроқ манба тўплаш учун бу мамлакатларга қайтмоқчиман.
– Хизматкорингизнинг айтишича, сиз имкон қадар тез жўнаб кетмоқчи экансиз, – деди Шона. – Аммо у аниқ вақтини айтмади.
– Чунки аниқ вақтини ўзим ҳам билмайман. Барчаси ўзимга муносиб котибни топишимга боғлиқ. Энди эса, ўйлайманки, мен жуда ҳам муносиб котибни топдим. Миссис Уинтерс, менга бунчалик омад кулиб боққанига ишонгим келмаяпти.
Сўнг маркиз кутилмаган қатъият билан Шонадан сўради:
– Сиз зудлик билан Англиядан жўнаб кета оласизми?
Шона нафасини ичига ютди.
– Ҳозироқми ёки эртагами?
– Ҳар ҳолда ҳозироқ эмас, – кулди маркиз. – Аммо, керакли одамни топганимдан сўнг сафарни кечиктиришдан мантиқ йўқ. Мен эрта тонгда йўлга чиқсак дегандим. Бу сизга тўғри келадими?
– Албатта, – кўтаринкилик билан жавоб берди қиз, кўнглида ниҳоят унинг илтижолари қабул бўлгани ҳақида ўйлар экан.
– Аммо битта нозик томони бор, – истар-истамас тан олди маркиз. – Менимча, гап нима ҳақда кетаётганини тушунгандирсиз?
– Йўқ, тушунмадим. Мени ўзингизга тўғри келмайди, деб ҳисоблайсизми?
– Сиздан яхшисини топиш қийин. Лекин тан олишга мажбурманки, мен котиб вазифасига аёл кишини оламан, деб ўйламагандим. Биз бирга саёҳат қиламиз, бирга яшаймиз. Ҳар хил гап-сўз чиқиши мумкин…
– Аммо ҳеч қаерда бу гап-сўзлар бизга озор берадиган даражада узоқ ушланиб қолмаймиз, деган умиддаман, – таъкидлади Шона.
– Ҳақсиз. Лекин ўзингиз билан яна бир ҳамроҳ олсангиз яхшироқ бўлармиди?
– Милорд, мен можаролардан қўрқмайман. Сиз ҳам қўрқишингизнинг ҳожати йўқ. Мен ёш ҳам эмасман, гўзал ҳам. Демак, биз билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди.
Маркиз енгил кулимсираб, лабини қимтиб қўйди.
– Жуда соз. Агар шу қадар ишончингиз комил бўлса, таваккал қилишимиз мумкин. Сиз зудлик билан жўнаб кетишимиз учун эрталаб барвақт кела оласизми?
– Мен ҳатто бу ерга ҳозироқ қайтишим мумкин. Уйга бориб, юкларимни оламан ва сизга маъқул бўлса, биз эрталаб тонг отмасданоқ йўлга чиқамиз.
– Сиз ҳеч нарсани унутмадингизми, миссис Уинтерс?
– Унутмадимми? Йўқ, нима эди?
– Қанча ҳақ тўлашим ҳақида сўрамадингиз. Мен бу жиддий аҳамиятга эга, деб ўйлагандим.
Ана холос! Шона бундай вазифалар учун қанча ҳақ тўланиши ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасди.
– Келинг, яхшиси буни кейинроқ муҳокама қиламиз, – Шона атайин ўзини бепарво кўрсатди. – Тўғрисини айтганда, бу масалада сизга тамоман ишониш мумкин, деб ҳисоблайман.
– Ҳа, албатта. Сиз мен илгари ишга ёллаган ходимларга сира ўхшамайсиз, – жилмайди маркиз. – Ишончингизни оқлашга ва сизга етарлича ҳақ тўлашга ваъда бераман.
Маркиз қўнғироқ тугмасини босди ва хонага хизматкор кирди: меҳмонни кузатиб қўйиш унинг вазифаси эди.
Эшик олдида Шона хайрлашиш учун ўгирилди, аммо маркиз орқа ўгирган, қоронғулик унинг шарпасини беркитиб турарди.
Бекасини кўриб енгил нафас олган Эффининг қўлтиғидан олганча, Шона ўқдек учиб чиқиб кетди ва дарҳол извош тўхтатди.
– Нима бўлди, мисс? У дарҳақиқат махлуқ эканми? – йўлга тушишгач, нафасини ростлаб сўради Эффи.
– Ҳеч ҳам-да, – жилмайди Шона. – У ёввойисифат эмас. Лекин, шубҳасиз, аломат киши. Унга сал бўлсаям ўхшаш одамни ҳали учратмаганман. Энди эса, полковник йўлимизни тўсмаслиги учун зудлик билан уйга бориб нарсаларимизни йиғиштиришимиз ва у ердан кетишимиз лозим.
– Қаёққа отланяпсиз?
– Мен маркизнинг маконига қайтаман.
Эффи ҳайрат ила қараб қолди.
– Сиз у билан бирга яшайсизми?!
– Йўқ, яшамайман. – шошиб жавоб берди Шона. – Мен бугун уникида тунайман, эрта тонгда эса биз мамлакатдан чиқиб кетамиз.
Сўнг Шона қошларини чимирганча қўшиб қўйди.
– Сен ҳақингда ҳам ўйлаш керак. У ерда қолиб полковникнинг ғазабига дучор бўлмаслигинг учун сенга бирор бошпана топиш лозим. Қулоқ сол, агар сенга бироз пул берсам, Жиммиларникига вақтинча кўчиб ўта оласанми?
– Албатта, мисс!
Уйга кела солиб, қизлар ўзларини Шонанинг хонасига уришди. Уларни биров сезмади ҳам.
– Кийимларингни еч, – Шона шошилганидан ўзини қўярга жой топмасди. – Менинг кийим жавонимдан ўзингга ёққан ҳамма нарсани олишинг мумкин. Биз сен билан кийимларимизни алмашамиз.
Бир неча дақиқада қизлар иккита катта жомадон тахлашди.
– Тезда кўчага чиққин-да, извош ёлла, – буюрди Шона. – Мен бир неча сонияда тушаман.
Энди энг қийин масала қолганди. Шона ҳаяжонланиш мумкин бўлмаган онасига ҳеч нарса демасдан, шунчаки, бирдан йўқолиб қолишнинг имкони йўқлигини тушунарди.
У ўтириб хат ёзди:
“Азиз онажон! Бир қанча муддатга кетишга қарор қилдим. Мен шунчаки, бу ерда қолиб, қандай қилиб бўлса ҳам мени эрга беришни истаётган полковникнинг жоҳилликларига тоқат қила олмайман.
Мендан хавотир олманг, илтимос. Боришим мумкин бўлган дўстларим жуда кўп. Уларникида навбатма-навбат меҳмон бўлсам керак. Макферсонлар мени бир неча бор таклиф қилишганди ва ўйлайманки, ташрифим уларни қувонтиради.”
Макферсонлар Шотландияда яшашарди. Ўзи жануб тарафга кетаётган бир пайтда, Шона хат ўгай отасининг қўлига тушиши мумкинлигини ўйлаб, шимол тарафга боришига шама қилди. Мактуб қуйидаги сўзлар билан якунланди:
“Яқин кунларда сизга хат ёза олмайман. Азиз онажон, сизни яхши кўраман, Шона”.
Қиз хатжилдни муҳрлаб хизматкорни чақирди ва унга ушбуни Хелен хоним уйғонгач, беришни буюрди.
– Энди эса, менга жомадонларимни олиб тушишга ёрдам беринг. Айрим буюмларимни хайрия сифатида бериб юбормоқчиман. Бундай буюмлар кўпайиб қолган экан.
Хизматкор юкларни олиб тушиб улгурар-улгурмас, извош ёллаган Эффи қайтиб келди. Хизматкор жомадонларни извошга жойлашга кўмаклашар экан, унга бекасининг ҳам ўтирганини кўриб, ҳайратда қолди.
– Ахир, мисс… Шахсий извошингиз бор-ку?
– Улгурмайман, – деди Шона. –Яхши қолинг.
Қаердадир, боши узра деразанинг ғичирлаб очилгани эшитилди ва Шона извошдан ўғринча назар солди. Ўгай отаси май исканжасидан эндигина чиққан хира ва сузилган кўзлари билан унга қараб турарди, нима бўлаётганини англагач, бир лаҳзада сергак тортди.
– Тўхта! – қичқирди у.
– Тезроқ ҳайдасангиз-чи! – буюрди Шона извошчига. – Мени бу ердан тезроқ олиб кетинг!
Извошчи отларга қамчи босди ва кейинги дақиқада извош бурчакда кўздан йўқолди.
– Янада тезроқ! – хитоб қилди Шона.
– Хўп бўлади, мисс, – жавоб берди извошчи ва аямай тезликни оширди.
Улар полковникдан борган сари узоқлашиб боришар, Шонанинг юраги гуп-гуп урарди. Қиз ўгай отасининг кийина солиб, пастга отилиши ва уларни қувишини аниқ-тиниқ биларди.
– Қаёққа ҳайдай? – шошиб қамчи босаркан, бақириб сўради извошчи.
Шона унга маркизнинг манзилини айтди ва Эффига юзланди.
– Мен тушгач, у сени Жимминикига олиб боради. Мана бу пулни ол. Биринчидан, извошчига тўлайсан, иккинчидан бу сенга менинг тўёнам.
– О, мисс! – Эффи бекасининг бўйнидан қучди.
Шона ҳам уни қучаркан, ўзининг шахсий муаммолари бунчалик осон ҳал бўлмаслиги тўғрисида кўнглидан аччиқ ўй ўтди…
Ниҳоят, улар маркизнинг уйи олдида тўхташди. Эшик очилиб, Шонани қарши олиш учун икки хизматкор чиққач, у ўзини енгил ҳис этди. Улар извошдан юкни олишлари билан Эффи извошчига янги манзилни айтди. Қизлар яна бир бор қучоқлашиб хайрлашдилар-да, извош тезлик билан елиб, кўздан йўқолди.
Оқсоч меҳмонни қарши оларкан, уй соҳиби қисқа муддатга чиқиб кетганини айтди ва қизни унинг учун ҳозирланган хонага бошлади. Бу бежамдор катта каравот қўйилган ва дабдабали санъат асарлари билан безатилган ётоқхона эди. Аммо Шона бу ҳашаматга эътибор бермади. У ҳозир хавотир ичида ўзини қўярга жой топмас, Худодан битта нарсани, тезроқ Лондондан чиқиб кетиш лаҳзалари яқинлашишини сўрарди.
Бир неча соат ўтса-да, маркиздан дарак бўлмади. Оқсоч унга пастда, ошхонада кечки овқат тайёрланганини маълум қилди.
Шона пастга тушди ва хонасига тезроқ қайтиш хаёли билан ёлғиз ўзи шошиб тановул қилди. У қаҳвасини ичиб бўларкан, залда қўнғироқ овози эшитилди. Қиз маркиз қайтган бўлиши керак, деб ўйлади ва янги иш берувчиси билан саломлашиш учун стулдан турди.
Аммо кирган эркак киши маркиз эмасди. Бироқ унинг маркизга ўхшаш жиҳатлари дарров кўзга ташлана бошлади. Кўринишидан йигирмадан ошмаган бу йигитча худди маркиз каби тик қоматли ва кўркам юзли эди.
Фақат бесўнақай оғиз бичими унинг ҳуснига путур етказиб турарди.
– Хайрли кеч, хоним, – деди у Шонага. – Ўзимни таништиришга рухсат этинг: каминангиз Лайонел Хилтон, Чилвортнинг жияниман. Сизнинг исмингиз нима?
– Мен миссис Уинтерсман. Зоти олийлари мени шахсий котибалик вазифасига ишга олдилар, – босиқлик билан жавоб берди Шона.
– Наҳотки! Эй Худо, буни қандай тушуниш лозим!
Лайонел нотаниш аёлдан кўз узмай, стулни суриб ўтирди.
– Менимча, сиз котибага ўхшамайсиз, – деди у.
– Зоти олийларининг фикрича, ўхшайман ва менга шунинг ўзи етарли. Яна гап нимада?
– Гап шундаки, бу лавозимга мен даъвогар эдим. Бу сафарда унга мен ҳамроҳ бўламан дегандим.
У қизга умид билан тикилди ва Шона тушундики, Лайонел Хилтон қизнинг бу ишдан воз кечишини кутаяпти. Бу эркатой йигитча, кўринишидан, райини қайтармасликларига ўрганиб қолган.
Шу билан бирга унинг ёқимтойлигини инкор этиш ҳам мумкин эмасди. Ундаги назокатли ва ишонувчан, беғубор болакай қиёфаси атрофидагиларни енгишга қодир эди.
– Сизни ранжитиб қўяётганимдан афсусдаман. Лорд Чилворт мени ишга қабул қилди.
– Лекин сиз бошқа иш билан шуғулланишингиз мумкин, – таклиф этди у.
– Сиз ҳам.
– Аммо… Тан оламанки, мен зўр ишчиман, деб айта олмайман.
– Унда котиб сифатида тоғангизга кўмаклаша олмасангиз керак, – деди Шона йигитчанинг бу сурбетлигидан таажжубланиб.
– Бу иш унчалик қийин эмас, деб ўйлайман. Эплаб кетишимга шубҳам йўқ.
– Сиз лорд Чилвортга ўз хизматингизни таклиф этганмисиз?
– Ҳа.
– У нима деб жавоб берганди?
– У тилла берсам ҳам рози бўлмаслигини айтди, – тан олди Лайонел. – Лекин у билан кетишни жуда ҳам хоҳлагандим!
Шона кулди-да, испан тилида давом этди:
– Заррача шубҳам йўқ! Лекин сизга ўз ўрнимни бера олмайман. Умидингизни чиппакка чиқаришга мажбурман.
– Тушунарсиз тилда гапириб, ноҳақлик қилманг-да, – эътироз билдирди йигит.
– Сиз мени тушунмадингизми?
– Бирорта сўзни ҳам.
– У ҳолда лорд Чилвортга сафар хотираларини йиғишда қандай ёрдам бермоқчисиз?
– Сафар хотиралари – бу сафсата! – хитоб қилди Лайонел. – Аслида у… бутунлай бошқа масалалар билан шуғулланмоқчи.
– Зоти олийларининг маълум қилишича, у китоб ёзмоқчи, – қатъият билан деди Шона. – Менда унга ишонмаслик учун ҳеч қандай асос йўқ.
– Сизлар азалдан танишмисизлар?
– Биз бугун кундузи танишдик.
– Демак, у сизга асл мақсадини баён этишга етарлича вақт ажратмаган. Аммо ишончим комилки, унинг ўзида ҳам аниқ режа йўқ.
Йигитнинг овозидаги аллақандай сезилмас, мавҳум оҳанг Шонанинг кўнглига ғулғула солди, аммо бу ваҳима сабабини қиз аниқ билолмади.
– Нимани назарда тутяпсиз? – сўради Шона. – Сизнингча, у қандайдир мудҳиш ишни амалга ошириш ниятида, шундайми?
– Бўлиши мумкин. Билмайман. Гап шундаки, буни ўзи ҳам билмайдиган кўринади. Эҳтимол, сўнгги дақиқагача ҳам билолмас, қачонки… Хуллас, бу узун ҳикоя.
– Албатта, – деди Шона, бу суҳбат энди унинг кулгусини қистатаётган эди. – Бу узун ҳикоя ва бу ҳақда яхшилаб ўйлаб олишингиз лозим.
Афтидан йигитча буткул мағлуб бўлганди.
– Тушунишимча, сиз менга ишонмаяпсиз, – ғазаблана бошлади у.
– Наҳотки? Бу гапни қаердан олдингиз? – кулди қиз бутун кўринишидан ишончсизликни намоён қилганча.
– Нима ҳам дердим, – нафас ростлади йигит. – Менга ишонмаслигингиз мумкин.
– Ҳа, ишонмайман. Менимча, бу алмойи-алжойи гапларни фақат бир мақсадда: мени қўрқитиб, ўрнимни эгаллаш учун айтаяпсиз. Аммо бекорга вақт йўқотяпсиз. Энди эса, рухсатингиз билан, мен кириб ётмоқчиман.

Давоми бор

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/25/%d0%b1%d0%b0%d1%80%d0%b1%d0%b0%d1%80%d0%b0-%d0%ba%d0%b0%d1%80%d1%82%d0%bb%d0%b5%d0%bd%d0%b4-1901-2000-%d1%88%d0%b0%d1%80%d2%9b%d0%be%d0%bd%d0%b0-%d0%bc%d1%83%d2%b3%d0%b0%d0%b1/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x