Илм излаганга илмдир дунё

Истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб, улуғ боболаримиз меросини чуқур ўрганишга киришилди. Жумладан, беназир аллома Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий асарлари ҳар томонлама тадқиқ этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим қилинаётир. Инчунун, ҳазратнинг шоҳ асарлари “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” (4 жилдлик) ва “Ал-адаб ал-мафрад” тўлиғича китобхонларга тортиқ этилди. Тошкент ислом институтига Имом Бухорий номи берилган. Қолаверса, бир неча жомеъ масжидлари буюк муҳаддис номи билан аталади.

1997 йил 29 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди. Унга асосан Самарқанд вилоятининг Ҳартанг қишлоғида, аллома дафн этилган гўшада муҳташам мажмуа барпо этилди, бу авлодларнинг у зотга чексиз эҳтироми рамзи эди. Мазкур ёдгорлик мажмуи Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шаҳрисабз усталари томонидан қисқа муддат, яъни саккиз ой мобайнида бино қилинди. Мажмуа таркибида ҳазратнинг мақбараси, катта жомеъ масжиди, музей ва бошқа иншоотлар бор. Шунингдек, бу ҳудудда бешта чинор ва улар бўйидаги ҳовуз ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ушбу дарахтлар XVI асрда Бухоро хони Аблуллахон даврида экилган. Мутахассисларнинг аниқлашича, чинорларнинг ёши 570 дан ошган.

Имом Бухорий номи дунё миқёсида чуқур ҳурмат билан тилга олинар, хорижда, айниқса, мусулмон оламида юксак эҳтиромга сазовор бўлса-да, собиқ тузум даврида ўз юртида эътибордан четда эди. Ҳаёти ва бебаҳо мероси деярли ўрганилмас, у зот абадий қўним топган маскан ташландиқ ҳолда бўлганини ёши улуғ юртдошларимиз яхши эслайдилар.

– Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан ушбу масканни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Негаки, ўзлигимизни, қандай улуғ инсонларнинг авлоди эканимизни англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш йўлига киришар эканмиз, бу ишларнинг дебочасида Имом Бухорий ҳазратларининг маънавий меросини тиклаш вазифаси туриши табиий ҳолдир, – дейди Ҳартанг қишлоғидаги Имом Бухорий жомеъ масжиди имом хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Чунки бу динимизга қилган хизмати барча замон уламолари томонидан юксак эътироф этилган. Мисол тариқасида қатарлик олим Доктор Муҳаммад Али Донавийнинг “Ал-Умма” журналидаги (1982 йил, август) “… Дарҳақиқат, Ислом уммати кўпгина фазилатлар, илм ва ҳидоят эвазига Бухорийдан қарздордир. Бу уммат зиммасига юклатилган вазифа шуки, улар фарзандларига мактабларда, олий таълим даргоҳларида ва мажлисларда Бухорий ҳазратлари ўзи ким эканликларини ўргатмоқлари лозим”, деган сўзларини келтириб ўтиш кифоя.

Бу улуғ зотнинг бениҳоя нодир қувваи ҳофизаси ва илми хусусида ривоятлар юради. Аллома умри давомида кўп сафарларда бўлгани маълум. Хусусан, Басра шаҳрига келганида жарчи: “Эй аҳли илм! Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди!” дея ҳамюртларига хабар қилади. Уни излаб борганлар Басра жомеъ масжидида, устун ортида намоз ўқиётган ёш йигитни кўрадилар. У намозини ўқиб бўлиши билан атрофини ўраб олиб, улар учун имло мажлиси қуришини илтимос қилишади. У киши рози бўлади. Шунда жарчи иккинчи марта “Батаҳқиқ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди! Биз ундан имло мажлиси қуришни сўрадик! У эртага фалон жойда мажлис қуришга рози бўлди!” деб жар солади. Эртасига фақиҳлар, муҳаддислар, ҳофизлар ва нозирлардан минглаб одам жамланади.

Бағдодда ҳам улуғ алломанинг кўплаб шогирдлари бўлган. Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Бағдодий шундай дейди: “Муҳаммад ибн Исмоил Бағдодда мажлис қурар эди. Мен унинг имлосини одамларга етказиб турар эдим. Унинг мажлисига йигирма мингдан зиёд одам жамланар эди”. Хулоса шуки, ҳадис илмининг султони ўз даврида ҳам, кейин ҳам устозларнинг энг улуғи бўлган. Бошқача айтганда, ўз билимини халққа етказишда бениҳоя бағрикенг ва карамли инсон сифатида ҳурмат қозонган.

Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий айтади: “Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйида қолдим. Унинг ўша кеча ўн саккиз марта туриб ёдига тушган нарсаларни ёзиб қўйганини ҳисобладим”. Бундан кўринадики, ҳазрат илм йўлида нафақат дунёвий манфаатларидан воз кечган, балки бундай заҳматдан лаззат топган комил инсон бўлган.

Маълумки, ислом дунёсида Қуръони Каримдан кейинги ўринда имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” китоби эъзозланади. Ҳадисларнинг диққат билан жамлангани, мукаммал тартибга келтирилгани юксак эътирофга лойиқ. Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий “Тарихул Ислом” китобида қуйидагиларни ёзади: “Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ”и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир.

Дарҳақиқат, буюк алломанинг бой меросини ўрганиш, айниқса, унинг ватандошлари учун олий бурч. Шу маънода 2008 йилда Президент фармони билан Имом Бухорий халқаро Маркази ташкил этилди. Марказ илмий тадқиқотлар ва малака ошириш ўқувлари йўналишида фаолият юритади.

Илмий тадқиқотлар йўналиши иккита бўлимдан ташкил топган. Ҳадисшунослик бўлими Ислом динининг, Қуръони Карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк муҳаддис-алломаларнинг илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этади ва кенг жамоатчиликка тақдим қилади. Манбашунослик бўлими эса юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиб, улардан таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш учун зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий-амалий тавсиялар тайёрлайди, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб боради. Марказда йилига тўрт марта “Имом ал-Бухорий сабоқлари” илмий-маърифий журнали нашр этилади.

Шунингдек, марказда илмий тадқиқотлар ва малака оширишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган бир нечта бўлим фаолият юритади. Халқаро алоқалар бўлими дунё миқёсида илмий конферентсиялар, симпозиумлар ва семинарлар ўтказишни, халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этишни таъминлайди ҳамда Имом Бухорий мероси ва ҳадис илмини ўрганиш борасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди. Ахборот-ресурс маркази юқорида кўрсатилган бўлимлар фаолиятининг мукаммал бажарилишини таъминлаш мақсадида замонавий ахборот-коммуникатсия технологияларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратади ҳамда тегишли илмий ва услубий тавсияларни тайёрлайди. Манбалар хазинаси номли бўлимда эса нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни асл ҳолида сақлаш, аҳоли қўлида мавжуд ноёб тарихий асарларни йиғиб олиб, таъмирга муҳтожларини тиклаш ва бу асарлар устида илмий тадқиқот ишларининг олиб борилишини, кейинги авлодларга асл ҳолида етказилишини таъминлашдек масъулиятли вазифа бор.

Мухтасар айтганда, ушбу Марказда Имом Бухорийдек беназир инсоннинг илмий меросини пухта ўрганиш, тарғиб этиш вазифасини бекаму кўст бажариш учун барча шароитлар яратилган. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилаётганлар эса қалбан инсонийликнинг олий мақомига мушарраф бўлиши шубҳасиз.

Яқинда муборак ҳаж амалини адо этиб қайтган инсон билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, биз у муқаддас жойни тавоф қилишни қанча истасак, Саудия Арабистонида яшовчи диндошларимиз Имом Бухорий дафн этилган тупроқни бир кўришга орзуманд экан.

Бугун бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан зиёратчилар ташриф буюрмоқда. Юксак дид ва маҳорат билан безатилган кошинли айвонлар, маҳобатли мақбара, серфайз ҳовлию салобатли масжид Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик, дўстлик-тотувлик, диний бағрикенглик муҳитининг намунасидир.

 

Ситора ТОЖИДДИНОВА

 

“Ҳуррият”дан олинди.

https://saviya.uz/hayot/nigoh/ilm-izlaganga-ilmdir-dunyo/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x