Фузулий ҳақида фозил инсон сўзи

Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд (1898-1976) адабий меросимизга оид ижтимоий-маърифий, илмий-адабий мақолалари билан ХХ асрнинг 20-30 йиллар адабиётшунослигида ўзига хос ўрин тутади. Унинг “Фузулий Бағдодий” номли мақоласи ўзбек адабиётшунослиги тарихида озарбойжон шоири Муҳаммад Фузулий ҳақида ёзилган илк тадқиқ ва дастлабки тажриба сифатида қадрли. Мазкур мақола ўз даврининг ўқувчилари учун арзигулик янгилик, илмий доира учун эса жиддий тадқиқот бўлди, десак хато бўлмас. Чунки бу иш туркий халқлар адабиётининг мумтоз шоири ҳақидаги қилинажак ишларнинг ибтидоси ёки дебочаси сифатида кейинги тадқиқотлар учун пойдевор вазифасини бажарган. Мақолада Вадуд Маҳмуд ўз олдига катта мақсадни қўйган: шоирнинг ҳаёти ва ижод йўли, дунёқараши, шеъриятининг ғоявий-фалсафий асоси, ғазалларининг бадиий ва тасаввуфий миқёси, ижодиётининг умумий мундарижаси, Фузулий мактабининг давомчилари ва шоирларнинг адабий-эстетик қарашларини очиб бериш эди.

Мунаққид мақолада Фузулийнинг туғилиши ва шоир сифатида шаклланишига доир кенг қамровли фикрларни ўртага ташлайди ва айрим ноаниқ нуқталарга аниқлик киритади. Фузулийнинг Боғдод атрофида жойлашган Карбало шаҳрида, айрим ривоятларга кўра, Ҳулла шаҳрида ҳижрий IX (милодий XV) асрнинг охирларида туғилиб, ҳижрий X (милодий ХVI) асрнинг биринчи ярмида Ироқда яшаб, нашъу намо топганлиги, асли исми Муҳаммад, отаси Сулаймон деган олим бир киши бўлганлиги ҳақида маълумот беради. Вадуд Маҳмуднинг бу қарашлари Фузулий ҳаёти ва ижоди бўйича қилинажак барча тадқиқотларга дастур бўлиб хизмат қилди.

Тадқиқотда Фузулийнинг ижодда юксак мавқеларга эришувида унинг шеърият сирларини ўз ўтмишдошларидан чуқур ўрганганлиги, хусусан, “достончи бўлиш эътибори ила Низомий, ғазалсаро бўлиш эътибори-ла Ҳофиз” асарларидан кўп таъсирланганлиги ва тасаввуф илмини ҳам улардан ўзлаштирганлиги эътироф этилади.

Вадуд Маҳмуд Фузулийда тасаввуф даражасини белгилашда қуйидаги хулосага келади:

– тасаввуф илмида қатъий эканлиги;

– тасаввуфий маълумотини тафсир ва ҳадис илмини чуқур ўзлаштириш орқали орттиргани;

– бутун вужуди ва руҳи билан ошиқлик мартабасига эришган Шахс бўлгани;

– мақсади “ризойи Худо” учун “шаръий йўл”дан ахлоқий поклик ва ҳалоллик билан бориш ва бу йўлда собит қолганини эътироф этади.

Тадқиқотчи ижодкорга холис ва тўғри илмий баҳо беришда ашёвий далил сифатида унинг асарларига таянади, ундаги нафосатни чуқур ҳис этган ҳолда асар замирида яширин ғоялардан маъно чиқара олади, натижада унинг тасаввурлари адабиётшуносликда бутун бир воқеликка айланди:

Бу давр ўзбек адабиётшунослигида Вадуд Маҳмуд Фузулийнинг таржимайи ҳоли ҳақида келтирган мукаммал маълумот мавжуд бўлмагани сабабли шоир таржимайи ҳолини ўзига хос услубда содда, аммо аниқ қилиб кўрсатади. Ижодий дунёқараши кенг, шу билан бирга якранг эмаслигини алоҳида эътироф этади. Яъни шеърият, тасаввуфий, диний илмлардан ташқари тиббиёт илмининг ҳам мукаммал эгаси бўлганлигини, унинг тибб илмига доир “Чор унсур” отли асари мавжудлигини келтириш билан исботлайди. Фузулий араб тилини яхши билиши, форсийдаги ижоди ҳам ёмон эмаслиги, ҳатто бу тилда бир девон, бир неча қасида ва маснавийлар битганлиги, аммо туркчаси ҳаммасидан ҳам “самимий, санъаткорона ва гўзал” эканлигини алоҳида таъкидлайди. Бу билан Фузулийни асли туркигўй шоир бўлганлигига шубҳа қолдирмайди.

Вадуд Маҳмуд ушбу таҳлилий мақолада адабий таъсир масаласига алоҳида эътибор қаратади. Мақоланинг “Фузулийнинг Туркистонга таъсири” бўлимида айнан шу ҳақда маълумот берилган. Фузулийнинг туркистонлик шоирлар ижодига кучли таъсири, унинг асарлари энг “маъруф китоблардан бири” сифатида кенг тарқалганлиги, Фузулийнинг таъсирида икки тиллилик пайдо бўлгани ҳақида алоҳида қайд этади.

Фузулий усулида шеър ёзган шоирлар кўплиги, айниқса, буларнинг ичида Умархоннинг ўғли Муҳаммад Алихон Фузулий услубини чуқур ўзлаштирганлиги, ҳатто шеърларини Фузулийникидан ажратиш қийинлигини эътироф этиб, шу йўлдаги “Оҳким, дўкди фалак қонимни мужгонимдан” деб бошланувчи ғазалини тўлалигича келтиради. Тадқиқотчи тўғри англаб етганидек, ғазал Фузулий шеърларига жуда ҳамоҳанг тарзда битилган. Шоир Муҳаммад Алихон шеърда Фузулий шеърларининг шаклий жиҳатларинигина эмас, балки ифода тарзи ҳамда ғоявий моҳиятини ҳам сингдиради.

Вадуд Маҳмуд Фузулий ижодини тадқиқ этар экан, шоир ижодини эстетик нуқтаи назаридан текширишга уринади. Бу борада мунаққид Фузулийнинг таъсиринигина эмас, Фузулийга Навоийнинг таъсири нечоғлик бўлганлигини, бу адабий таъсир натижасида “Фузулий бизда Навоийдан кўб ўқулмаса-да, Навоийдан кам ҳам ўқулмай”диган Фузулий мактаби яратилганлиги ҳақида қатъий хулосага келади.

Адабиётшунос олим Баҳодир Каримов Вадуд Маҳмуднинг адабий мероси бўйича қилинган тадқиқотида мунаққид фикрларига шундай қўшимча қилади: “Назмий тафаккурнинг сўлим гулшанидан таралган мисраларнинг мусиқий оҳанги нозиктаъб инсонни ўзига мафтун этади. Муҳаммад Фузулий ўзидан олдинги сўз гавҳари заргарларининг санъатига мафтун бўлди, дили кетди”.

Кўриниб турганидек, мунаққид Вадуд Маҳмуд Фузулийнинг кўп қирраларини фактлар асосида ёритиб берган. Мақола адабий-маърифий характерга эга. Мақоланинг афзаллиги ҳам шунда. Вадуд Маҳмуднинг қарашлари ўзбек олимлари томонидан ХХ аср бошларида яратилган фузулийшуносликдаги илк тадқиқот сифатида бугун ҳам илмий қимматини ҳамда аҳамиятини сақлаб қолди.

 

 

Муқаддас ТОЖИБОЕВА,

ЎзМУ докторанти

 

“Ёшлик”, 2010 йил, 7-сон

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/fuzuliy-haqida-fozil-inson-sozi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x