Эртакларда туш ва туш мотиви

Бутунни билиш учун уни юзага келтирувчи қисмларни билиш керак бўлади. Шу маънода эпик асарларнинг сюжет асосини ташкил этувчи мотивларни билмасдан уларнинг моҳиятини англаш мушкул. Демак, дастлаб “мотив ўзи нима”, деган саволга жавоб бериш лозим.

“Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати”да “Мотив сюжет таркибидаги ҳалқалардан бири”, дейилган.[1] Сюжет асар мазмунини ташкил этган воқеалар тизими бўлса, мотив шу воқеликни юзага келтирувчи асосий унсур ҳисобланади. Яъни эпик асар қурилма-структурасини мотивларсиз тасаввур этиш мумкин эмас.

Эпик асарларнинг сюжет ва мотиви ҳақида мутахассис олимларнинг қарашлари турлича. Бироқ кўпчилик олимлар рус олими А. Н. Веселовскийнинг бу борадаги фикрларига асос сифатида таянишади. Мазкур олим мотивларнинг сюжетни юзага келтирувчи энг асосий бўғин эканини таъкидлаб, “Мотивлар бирлашиб, сюжет ҳалқасини юзага келтиради”, – дейди.[2] У мотивларни сюжетнинг энг кичик бир бўлинмас бўлаги сифатида таҳлил этади.

В. Пропп ва Б. Путиловлар эса А. Н. Веселовскийнинг қарашларини ривожлантириб, мотивларнинг ҳамиша ўзгарувчан эканлигига, улар сюжетнинг кичик бир бўлаги бўлган ҳолатда унинг ўзи ҳам бўлаклардан, қисмлардан ташкил топишига эътибор қаратадилар.

“Мотив сюжетнинг мағзидир”, дейди Б. Путилов.[3] Бу ўринда олим мотивларнинг табиий эволюцион жараёнини назарда тутади.

Сюжетнинг юзага келиши мотив билан чамбарчас боғлиқ экан, мотив бирламчи эканлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Энг муҳими эса ҳар бир мотивнинг сюжет ҳалқасида қандай ўрин тутишини, қандай мазмун ва моҳият кашф этишини аниқлаш фольклоршуносликнинг долзарб вазифаларидан биридир. Ўзбек халқ эртак ва достонлари таҳлилига бағишланган фундаментал тадқиқотлар мавжуд. Булар орасида Ҳ. Зарифов, М. Саидов, М. Афзалов, Т. Мирзаев, К. Имомов, Х. Эгамов, Ғ. Жалолов, Б. Саримсоқов, А. Мусақулов, М. Жўраев, Ш. Турдимов каби олимларнинг ишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.[4] Эпик асарларнинг сюжети, версия ва вариантлари, тарихий асослари ва бадиияти борасида бу олимларимизнинг изланишлари назарий манба бўлиб хизмат қилишига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Бироқ, шундай бўлса-да, биргина Н. Дўстхўжаеванинг ўзбек эртаклари таҳлилига бағишланган илмий ишини истисно қилганда, эпик асарлар структураси бизда ҳалигача етарлича ўрганилган эмас.

Ҳар қандай эпик ижод, биринчи навбатда, эртак ва достонлар ҳам ўз қурилмасига эга. Мотив эса ана шу қурилмада асосий ўрин тутади. Шундай экан, фольклор асарлари таҳлили мотивлар таҳлили орқали амалга ошмоғи керак. Эпик асарлардаги мотивларни аниқлаш, ҳар бир мотивнинг бошқа мотивлар билан боғлиқ жиҳатларини, ички ҳаракат ва хусусиятларини, бадиий-эстетик вазифаларини таҳлил этиш фольклоршуносликдаги муҳим масалалардан биридир.

Маълумки, эпик асар сюжети албатта бирор макон ва замонда кечар экан, бу ҳаракат, шубҳасиз, мотивлар ҳаракати орқали амалга оширилади. Бизнинг мақсадимиз эса ана шу мотивлар, хусусан, туш мотивининг эпик асардаги ўрни, бошқа мотивлар билан муносабати, воқеликни юзага келтиришдаги тадрижий ривожини таҳлил этишдан иборат. Зеро, туш ва туш мотиви эпик асарларда муҳим ўрин тутади.

Ўзбек фольклорида, хусусан, халқ эртак ва достонларида тушнинг муайян асар таркибида тутган ўрни, бадиий-эстетик вазифаси ва бошқа жиҳатларини тадқиқ этиш учун, аввало, туш мотиви мавжуд бўлган асарларни жамлаб олиб, уларни ўзаро муқояса қилиб, маълум етакчи хоссаларига кўра таснифлаб, сўнгра турли йўналишлар бўйича тадқиқ этиш талаб этилади. Биз ушбу мақсадда нашр этилган мавжуд эртак ва достонлардаги туш иштирок этган асарларни ажратиб олиб, уларни муайян жанр доирасида саралаб чиқдик. Оммавий нашр этилган 160 эртакдан 19 тасида, 60 та достоннинг 16 тасида бевосита туш мотиви мавжудлиги аниқланди. Айни ҳолат эртак ва достонларда туш мотивининг келиши хусусий ҳодиса бўлмай, анъанавий кўриниш олганлигини ва махсус тадқиқ қилиш етарлича материал бера олишини намоён этмоқда.

Эртак ва достонлар таркибидаги тушнинг ҳар бир асар композицияси, сюжет қурилмасидаги ўрни, бадиий вазифаси ва ушбу мотивнинг туб асослари, ундаги тимсол, рамзларнинг семантик кўламини атрофлича таҳлил ва тадқиқ этиш умумфольклордаги туш ҳодисасининг табиати, бадиий-эстетик қимматини ёритиш имконини беради. Шундай экан, дастлаб туш мотиви иштирок этган эртак ва достонларни алоҳида-алоҳида ҳар бир жанр қамровида қараб чиқайлик.

Эртак сюжетида туш мотивининг тутган ўрни, бадиий юки ва умуман, эртаклардаги тушлар ўзаро қиёсланиб таҳлил қилинганда, биринчи галда, қуйидаги жиҳатлар яққол кўзга ташланади. Бу ўринда туш мотивининг сюжет тизимидаги вазифаси, яъни сюжетдаги бошқа ҳалқаларнинг туш мотивига қай даражада боғланганлиги, аксинча, туш мотивининг, ўз навбатида, бу мотивларга қанчалик алоқадорлиги масаласига эътибор қаратиш зарур бўлади.

 

Сюжет ўзагини ташкил этувчи намуналар
 
Айни типдаги эртаклар нисбатан кам сонли бўлса-да, уларда туш воқеа асосини ташкил этувчи таянч – ўзак мотив вазифасини бажариши билан ажралиб туради. “Мусофирбек” (варианти “Сотилган туш”), “Хосиятли туш”, “Сирли туш”, “Ибратли туш”, “Давлатмирза”, “Хон билан камбағал”, “Қирон ака”, “Маликаи Бирмисқол” каби эртакларни айни гуруҳга киритиш мумкин.[5] Ушбу асарлардан бир қанчасининг номланиши (“Сотилган туш”, “Хосиятли туш”, “Сирли туш”, “Ибратли туш”) ҳам уларда тушнинг етакчи ўрин эгаллашини кўрсатиб турибди.

“Хосиятли туш” ва унинг версияси бўлмиш “Мусофирбек” эртагини бу гуруҳнинг мукаммал намунаси сифатида келтириш мумкин. “Хосиятли туш” эртагининг қисқача мазмуни қуйидагича: “Камбағал аёлнинг ёлғиз кал ўғли ўтинчилик билан умр кечирарди. Бир куни у ғаройиб туш кўрибди. Тушида калнинг ўнг томонида қуёш, чап томонида ой балқиб турганмиш, кал гоҳ қуёшни, гоҳ ойни қучиб, бағрига босармиш. Кал онасининг маслаҳати билан бу тушининг таъбирини доно маликага айтади. Малика кални уришиб, ҳайдайди. Кал дарвоза олдида пойлаб, бу тушнинг таъбирини ўз ошиғига айтган пайти билиб олади. Таъбирга кўра, кал маликага ва яна бир гўзал парига уйланиши керак экан.

Малика ва ошиғи тақдирга қарши тадбир кўриб, бу юртдан кетишга аҳдлашади. Кал яна онасининг маслаҳатига кўра ухлаб қолган ошиқ йигит ўрнига бориб, малика билан бирга ўзга юртга кетади. Кал маликанинг синовидан ўтиб, унга уйланади. Улар ўзга подшоликда яшай бошлайди. Шу мамлакат вазири калнинг хотинини кўриб, ҳуснига маҳлиё бўлиб, подшога айтади. Подшонинг ҳам маликага ишқи тушиб, ҳаловатини йўқотади. Подшо маликага етишиш учун вазирининг маслаҳати билан калга шартлар қўяди. Кал малика хотини ёрдамида бу шартлар (йўлбарс сути, Гулиқаҳқаҳни олиб келиш)ни бажаради ва золим подшодан қутулиб, юртга подшо бўлади”.[6]

“Мусофирбек” эртаги “Хосиятли туш”дан биргина чўпон йигит Қўлдошнинг мардикор дўсти Йўлдош кўрган тушни сотиб олиши билан фарқланади. Аслида, Йўлдошнинг тушида “… осмонда иккита жуда катта юлдуз ва битта юлдуз тушиб” қўйнига кириши ҳам моҳиятан “Хосиятли туш”даги кал кўрган тушга уйғун келади. Эртаклардаги сюжет ривожи ва етакчи мотивлар ҳам бир-бирига деярли мос. Яъни:

– Қўлдошнинг тасодифан қизга шерик бўлиб сафарга чиқиши;

– қизнинг Қўлдошни синаши;

– Қўлдошнинг қиз билан оила қуриб, ўзга мамлакатда яшашлари;

  • мамлакат подшосининг қизга ошиқ бўлиб, шартлар қўйиши (1.

Йўлбарс сути. 2. Тилла ғишт);

– ушбу шартларни бажариш баробарида Қўлдошнинг иккинчи синглисини ҳам ўзи билан олиб келиши;

– ўлиб кетган отаси билан боғлиқ учинчи шартнинг бажарилиши давомида шоҳнинг ҳалок бўлиб, қаҳрамоннинг мамлакат тахтига эгалик қилиши.

Ўрни билан шуни айтиш керакки, “Хосиятли туш”да ҳар бир мотив эпик мантиқ мезонларига мос равишда ҳеч бир шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада бадиий асосга эга. Лекин “Мусофирбек”даги иккинчи шартни бажариш баробарида пари қизнинг келиши туш таъбири ҳамда “Хосиятли туш”даги муқобилга тўғри келса-да, қизга Қўлдошнинг дўсти Йўлдошга берилиши сўнгги даврдаги таҳрир сифатида баҳоланиши ўринли. Чунки туш таъбирига кўра, икки ёруғ юлдуз туш кўрувчининг (“Хосиятли туш”да кун ва ой) қўйнига киради. Ўз навбатида, бу юлдузлар тушни сотиб олган кишига насиб этиши керак эди (“Хосиятли туш”да воқеа шу тартибда ечимга эга).

“Мусофирбек” эртагида қаҳрамоннинг “қизга шерик бўлиб сафарга чиқиши” мотиви ҳам “Хосиятли туш”дагидек мантиқий асосга эга эмас. Айни пайтда, “Мусофирбек”даги синов мотиви ва бу ўринда келтирилган киритма ҳикоят эртак бадииятини янада мукаммал мақомга кўтаради. Айни воқеалар “Хосиятли туш”да учрамайди.

Бир сўз билан айтилса, қиёс натижаси бу эртакларни версия сифатида баҳолашга тўла имкон беради. Кўриниб турибдики, эртаклар сюжети туш тизимига мос равишда ривож топиб, якунланмоқда. Мабодо эртак таркибидан туш мотиви олинса, асарлар сочилиб, ўз қиёфасини йўқотади.

Ушбу эртаклар халқнинг туш – инсон тақдири ва келажаги тўғрисида сирли хабар ва шиорлар эканлиги ҳақидаги тасаввурларини ўзига хос равишда бадиий ифода этмоқда. Хусусан, кимки туш кўрсатмаларига биноан тадбир юритса, албатта амалга ошиши “Хосиятли туш” орқали, мабодо айни имкон ўзгага берилса, бу азалий “юк” бошқа ўзанга ўтиб, рўёбга чиқиши “Мусофирбек” мисолида тасвирлаб берилмоқда. Тақдири азалнинг амалга ошуви бевосита инсон хатти-ҳаракати ва интилишларига боғлиқлиги ҳақида ушбу қарашлар халқимизнинг туш ҳодисаси билан боғлиқ сакрал тасаввурларининг мукаммал тизимга эга эканлигини яна бир бор исбот этади.

Маълумки, нафақат ўзбек, балки, умуман, дунё халқлари эртакларида маълум миқдордаги мотивлар ва саноқли сюжет типлари мавжуд бўлиб, барча эртаклар ана шу мотивларнинг бирор бир сюжет типи доирасида у ёки бу даражада комбинацион янгиланиши натижасида пайдо бўлади. Ушбу сюжет тизилмасида кўпинча бирор бир мотив етакчи ўрин эгаллайди. Қолганлари эса ушбу таянч мотив атрофида бирлашади. “Хосиятли туш”, “Мусофирбек”, “Сирли туш”, “Ибратли туш”, “Давлатмирза”, “Хон билан камбағал деҳқон” каби эртакларда туш мотиви ана шундай бирлаштирувчи ўзак вазифасини ўтамоқда.

Ушбу гуруҳга мансуб “Ибратли туш”, “Хон билан камбағал деҳқон” эртакларига солиштирилса, уларда туш ва таъбир бевосита асар сюжетининг асосий қисмини ташкил этишини кўрамиз.

“Ибратли туш” эртагини намуна сифатида келтириб, таҳлил этайлик.

“Бир замонда бир подшо кечаси ётиб туш кўрган экан. Тушида айланиб юриб, бир боғни кўрган экан, боғда бир тоғни кўрган экан, ўртасида иккита тентак билан соғни кўрган экан. Ул боғнинг ўртасида бир туп мевали дарахт бор экан, у дарахтнинг меваси пишган экан, тўкилиб тагига тушган экан. Мевани териб олган экан, дўпписига солган экан, ейман деб ея олмай қолган экан. Шунда бу кўрган тушига ўзидан-ўзи таажжуб – ҳайрон қолган экан.

Подшонинг тўртта мунажжим фолчиси бор экан. Тўртовини аравага солиб келиб, рўпарага олиб келиб:

– Мен бугун туш кўрдим, тушимни жўйинглар, таъбирини айтиб беринглар, – деган экан. Мунажжимлар:

– Кўрган тушингизни бизга айтасиз, унга биз таъбир айтамиз, –

дейишибди. Подшо:

– Мен тушимда бир боғни кўрдим, боғда айланиб юриб тоғни кўрдим, ўртасида бир тентак билан соғни кўрдим. Боғнинг ўртасига борсам: бир мевали дарахт, меваси пишган, тўкилиб тагига тушган. Мевасидан териб олибман, дўппимга солибман, ейман деб туриб уйғониб қолибман. Шу кўрган тушимни қай хилда қилиб таъбирини жўясизлар? – дебди. Мунажжимлар:

– Кишининг тушига ҳар қандай нарса киради. Уни жўйса ҳам бўлади, жўймаса ҳам бўлади, – дейишибди. Подшо:

– Кўрган тушни жўя олмагандан кейин, сизларнинг мунажжимликларингизнинг нима кераги бор? – дебди. Мунажжимлар:

– Бўлмаса, кўрган тушингиздаги мевали дарахт мевасининг монанди

нимага ўхшайди? – дебди. Подшо:

  • Меваси тиллага монанд, барги кумушга монанд, шохи темирга

монанд, – дебди. Мунажжимлар:

– Сиз тушингизда кўрган у дарахт ер юзида йўқ нарса, – дебди. Подшо:

– Йўқ нарса менинг тушимга кирмайди. Топиб бермасанглар,

мунажжимлигингизни ҳисобга олмайман, сизларга жазо буюраман, – дебди. Шунда мунажжимлар кўзидан ёш тўкиб, бир-бирига ҳайрон қарашиб турган вақтда, подшонинг отбоқар хизматкори бу гапни эшитиб қолиб, подшога таъзим қилибди. Подшо:

– Ҳа, нима арзинг бор, – дебди. Отбоқар:

– Сиз айтган мевали дарахт бор. Булар мунажжим бўлгани билан билмайдилар. Буларни хўрламанг, топиб беринг, деб зўрламанг. У мевали дарахт бор бўлгани билан ҳозир меваси пишгани йўқ. Меваси тўкилиб, тагига тушади. Мевасини териб олиб, этагимга солиб, танаси темирга ўхшаган, барги кумушга ўхшаган, меваси тиллага ўхшаган дарахтни олиб келиб кўрсатаман. Ҳар қанча жазо буюрсангиз, мен гарданимга оламан, буларни қийнаманг, деб умид қиламан, – дебди. Подшо хўп деб мунажжимларни беозор кетказибди. Ўзининг еган овқатининг сарқитини отбоқарга егизиб юрганда қирқ кун бўлибди. Отбоқар йигит ҳалиги мевали дарахтнинг бир шохини кесиб, мевасини ҳалвиратиб, елкасига солиб шалвиратиб, подшонинг дарвозасига келибди. Эшик олдидагилар: – Буни нимага олиб келдинг, – деса.

– Подшога менинг кўрсатадиган далил – важим бор дебди. Улар подшонинг олдига олиб боришибди. Подшонинг олдига мевали дарахтни ташлаб, таъзим қилиб турибди. Подшо:

– Нимага буни олиб келдинг, – дебди. Отбоқар:

– Буни олиб келмай, нимани олиб келаман, – дебди. Подшо:

– Бунинг менга нима даркори бор? – дебди. Отбоқар йигит:

– Нима даркори бор дейсиз, бунинг мевасидан ейсиз, қайси кунги мунажжимларга нима дейсиз. Буни сиз кўринг, сизнинг тушингизда кўрган дарахтнинг йўриғидан йўриқлаб, ўзингизнинг ўзингиз ақлингизни қўриқлаб, шунга қаранг-чи, тушингизда кўрган дарахтга ўхшайдими, йўқми? – деганидан кейин подшо қойил бўлиб, озгина сарпо бериб кетказиб, нарироққа етказиб, у дарахтнинг мевасидан еб, ундай-бундай деб, у мевали дарахт нима экан десам, жийда экан…”[7]

Эртакда тўрт мунажжим таъбир этолмаган подшо тушини оддий отбоқар йигит ечади. “Ибратли туш”нинг ибратли жиҳати туш таъбирининг воқеага, таъбирчи хатти-ҳаракати, тадбирига сингдириб юборилганлигида. Яъни бу ҳаёт – “боғ”да ўзини доно атаганларнинг ҳаммаси билимли бўлмай, ақли, идроки, камолини кўз-кўз қилмай, бошқалар наздида “телбасифат” юрган кишилар ҳам доно бўлиши мумкинлиги, ҳар ким бажарган ишига кўра баҳоланса, адолат тантана қилиши ҳақидаги фикр бадиий ифодаланган.

“Подшо ва камбағал деҳқон” эртагида эса бевосита ҳаётда ҳам шундай ҳолат, ҳодиса рўй бериши ҳақида тасаввур акс этиши баробарида тушнинг киши руҳий ҳолати ва ўй-кечинмаларининг ифодаси сифатида воқе бўлиши ҳам ўта образли тасвирларда баён қилинган.

Эртакда деҳқоннинг бир хумча олтин топиб олиб, ҳузур-ҳаловатини йўқотиши, йўлда ўтаётган маҳрам буни кўрди деб гумонга бориб, уни турли баҳоналар билан тергаши, кампирининг олтинларни тошга айлантириб қўйганидан бехабар тош тўла хумни хонга олиб бориши ва ниҳоят ўзини овсарликка солиб, зиндондан қутулиши, охир-оқибатда хум тўла олтинга боғлиқ учта туш сюжет асосини ташкил этади.

Бир асарда икки ёки ундан ортиқ тушларнинг келиши ўзбек халқ эртакларида ягона ҳодиса эмас. Жумладан, “Мусофирбек”, “Ғуломбачча”, “Маликаи Ҳуснобод”, “Қирон ака”, “Мурқумом”, “Давлатмирза” эртакларида ҳам иккитадан туш учрайди. Юқорида санаб ўтилган эртаклардаги тушлардан “Хон билан камбағал деҳқон” эртагидаги тушларнинг бир-бири билан ўзаро яхлит тизимда туришини нисбатан ягона ҳолат сифатида кўрсатиш мумкин. Яъни чол кўрган биринчи туш: “Бобо уйига қайтиб келиб ниҳоятда чарчаганидан ётиб ухлаб қолибди. Тушида у қирқта довучча еган эмиш”. Кампири унинг бу тушини: “Довучча аччиқ нарса-ку, энди сиз хондан қирқ таёқ ейсиз”, – деб таъбир қилади. Чол бу таъбирдан кўнгли тўлмай эшонга боради. Эшон: “Сен ҳеч вақт тушингни хотинингга айта кўрма, унинг йўйгани нотўғри бўлади. Энди қирқ таёқ оласан”, – деб айтади. Чиндан ҳам кампирнинг айби билан чол хондан қирқ таёқ жазо олади.

Иккинчи туш: “Бобо ҳолдан кетиб ухлабди ва яна туш кўрибди. Бу гал у тушида саксонта довучча ебди. Чол тушини хотинига айтмай, эшонга бориб: – Эй тақсир, бугун мен яна туш кўрдим, тушимда ўн беш дона довучча едим. – дебди. Эшон: Сен қанча довучча еганингни тўғрисини айт, дебди. Бобо: – Тақсир, қирқ, элликта довучча едим! – дебди. Эшон айтибди: Бу айтганларинг ҳам тўғриси эмас, тўғрисини сўзла, – дебди. Ҳар бир довучча учун энди биттадан таёқ есам керак, деб ўйлаб: – Бугун мен тушимда саксон довучча едим, дебди. – Агар ундай бўлса, – дебди эшон, – бугун сен минг тилла мукофот оласан, – дебди”.

Келтирилган ҳар иккала туш тасвирида халқнинг туш ҳодисаси билан ўта муҳим қарашлари ўз ифодасини топганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Булар қуйидагилар:

  • “Тушнинг боши қил” мақолида образли айтилган эътиқод мавжуд. Бунда туш дастлаб қандай таъбир қилинса, ўша ҳолатда рўй беради, деб қаралади.

– Ҳар қандай тушни яхшиликка йўйиш ва тушни асосан таъбирни биладиган оқил кишига айтиш.

Чолнинг бу тушини беўрин таъбир қилган кампир яхшиликнинг ёмонликка айланишига сабаб бўлади. Эшон шу сабабли ҳам чолга: “ҳеч вақт ўз тушингни хотинингга айтма”, – деб маслаҳат беради.

– Туш кўрувчи таъбирчига ўз тушини имкон қадар батафсил, бузмасдан баён этишининг муҳимлиги. Чунки ҳар бир кўрилган туш қаторида тўқилган туш ҳам амалда рўй бериши мумкин, деган қатъий ишонч мавжуд. Жумладан, ислом оламида кенг тарқалган Юсуф алайҳиссалом ҳаёти билан боғлиқ қиссаларда ҳам новвой тўқиган тушда айни ҳодиса акс этган. Эшоннинг чолни тушини аниқ айтишга мажбур этиши ана шу талабдан келиб чиққади.

“Хон билан камбағал деҳқон” эртагидаги тушлар халқнинг туш ҳақидаги эътиқодий қарашлар тизимини ўзида мукаммал акс эттириши билан ҳам аҳамиятлидир. Эртакдаги хон кўрган учинчи туш ҳам юқоридаги туш ва олтин билан чамбарчас боғлиқ.

“Ўша куни тунда хон ҳам туш кўрибди. Тушда қиёмат-қойим бўлган эмиш. Фаришталар ҳамма одамларни, шулар қаторида хонни ҳам Сирот кўприкка ҳайдаб борганмиш. У бир ярим минг чақирим йўл босгандан сўнг Мурод бобога дуч келибди. Бобо хонга: “Сен биз каби бегуноҳларни у дунёда урдинг, қийнадинг, бир семиз отинг ҳуркиб сени йиқитгани учун мени қаттиқ жазоладинг, энди сени бу ерда шундай урадиларки, бу дунёга келганингга ҳам пушаймон ейсан, – дебди”.

Эртакда подшонинг Мурод бобони чақиртириб келиб, рози-ризолигини олиш учун кўп тилла ваъда қилгани, лекин чол қўйиб юборсангиз бўлди, розиман, деб пул-мол олмай, ўзи топган олтинларни сарфлаб, мурод-мақсадига етганлиги айтилади.

Туш таъбирига кўра, чол подшодан минг тилла олиши керак эди. Лекин бу ўринда эртакчи қандайдир сабабларга кўра воқеанинг ушбу ўрнига таҳрир киритган. Аслида, туш иштирок этган эртаклар, хусусан, асар сюжети бевосита туш билан боғлиқ асарларда айтувчилар томонидан киритилган янгилик ёки ўзгартиришлар, унутилган детал ва ўринлар аниқ сезилиб туради. Мисол тариқасида юқорида кўриб чиқилган “Мусофирбек” ва “Хон билан камбағал деҳқон” эртакларини эслаш кифоя.

Биз биринчи гуруҳ сифатида саралаган эртаклар композициясига диққат қилинса, уларда туш мотивининг асар аввалида келишини кузатамиз (биргина “Хон билан камбағал деҳқон “эртаги бундан мустасно).

“Маликаи Бирмисқол”, “Қирон ака”, “Воспирохун” (сўнгги қисми), эртакларида сюжет тугуни туш билан бошланишига кўра биринчи гуруҳга мансуб бўлса-да, бу намуналардаги туш мотиви тўлалигича сюжетнинг бошқа ҳалқаларини ўз қарамоғида тутиб турмайди. Масалан: “Маликаи Бирмисқол” эртагида подшонинг яккаю ягона Аҳмадбек ўғли гўзал маликани тушида кўриб, ошиқ бўлиб қолади. Айни ҳолатни “Қирон ака” эртагида ҳам кўрамиз.

Ҳар икки эртакда ҳам тушнинг тафсилоти учрамайди. “Аҳмадбек ғам-ҳасратдан узоқда вояга етибди. Кунлардан бир куни тушида гўзал маликани кўриб, унга ғойибона ошиқ бўлиб қолибди. Шу кундан бошлаб Аҳмадбек бировга гапирмайдиган, бирон таомга қўл ўрмайдиган бўлибди”[8] тарзида статик ахборот берилган. Бу ҳолат “Қирон ака” эртагида ҳам деярли шундай. Эртакларда шаҳзодалар сирини бир хилда кекса кампирлар аниқлаб, уларнинг ошиқлиги ошкор бўлади. Аҳмадбекка ғайритабиий кўмакчилар, “Қиронхон”даги шаҳзодага эса Қиронхон ёрдам бериб, ошиқлар маъшуқасига етишади.

Ушбу эртаклардаги туш мотиви бошқа бир хабар билан алмаштирилса, эртаклар сюжетига деярли путур етмайди. Айни ҳолатни “Воспирохун” эртагининг учинчи қисмида, яъни Соҳибқуролнинг уч ўғил кўриб, отасидан қолган мерос мулк орасидаги ойнаи жаҳонномага қараб ухлаб, тушида кўрган қизга ошиқ бўлиб, унга ўғилларини жўнатиши ва кенжа ўғилнинг қийинчиликларни енгиб, ушбу қизни олиб келишида ҳам кузатамиз.

“Қирон ака”, “Маликаи Бирмисқол”, “Воспирохун” (сўнгги қисми) эртакларида сюжетнинг кўрилган туш билан боғлиқ бошланиб, якун топиши бу эртакларнинг биринчи гуруҳга мансуб эканлигини билдирса-да, қиз ҳақида маълумот берувчи тушнинг бошқа бирор “хабарчи” мотив билан алмашиши сюжет тизимига деярли ўзгартириш киритмаслиги бу намуналарни эртаклардаги биз алоҳида ажратилган иккинчи гуруҳга уйғунлаштиради.

 

СЮЖЕТНИНГ МАЪЛУМ ҲАЛҚАЛАРИНИ БОҒЛОВЧИ НАМУНАЛАР

 

Ушбу гуруҳга кирувчи намуналарда туш мотиви эртак сюжет тизимидаги ҳалқаларнинг маълум бир бўғинларини ўзаро бир-бирига боғлаб туради. Энг эътиборли жиҳатлардан яна бири шундаки, бу гуруҳдаги тушлар эртак воқеалари баёнининг ривожида ёки сўнггида учрайди.

Айни гуруҳга кирувчи тушларни бирор бир эртак сюжетидаги ўрни ва моҳиятига кўра қуйидагича ички қисмларга ажратиб тасниф этиш мумкин.

А) Қаҳрамоннинг тушига кирган бирор бир ғайритабиий куч ёки ҳомий руҳ унга хавф-хатардан қутулиш йўлини, чорасини ўргатади: “Ғуломбачча” (биринчи туш), “Беш қиз”, “Одилбек билан Хуррамбек”, “Ҳаким балиқчи”, “Эркенжа” ва ҳоказолар.

Мисол учун, “Ғуломбачча” эртагидаги биринчи тушни келтиришимиз мумкин. “Ғуломбачча ғаладон ичида ётиб туш кўрибди. Тушида бир одам: “Эй йигит, шу қишлоқнинг нариги чеккасида бир тепалик бор. Шу тепаликда аждарнинг макони бор. Бу аждар кундузи ухлайди, кечаси чиқиб ҳамма қишлоқларни айланиб, нима тўғри келса, тутиб ейди. Бу қишлоқнинг хароб бўлишига шу аждар сабабчи. Сен эртага ўрмонга бориб, бир қанча ёғочларни йиғиб, шу аждар устига кўмма қилиб, ички томонини бир-бирига маташтириб қўй. Ёғочларнинг хар қайси учини ип билан боғла, ўртасига тош қўй. Илон чиқадиган вақтда ҳалиги ипларни бирданига кесиб юбор. Ёғочлар тегиб, аждарнинг боши ярадор бўлади, ўлса ҳам ажаб эмас”, – дебди. Ғуломбачча уйғониб қараса, олдида ҳеч ким йўқ, тонг отиб қолибди”.[9] Ғуломбачча ушбу маслаҳатга амал қилиб аждарни енгади.

Қаҳрамонга “Беш қиз” эртагида – Хизр, “Одилбек билан Хуррамбек”да – кампир, “Ҳаким балиқчи”да – чол, “Эркенжа”да – бир одам айни шу тартибда маслаҳат беради. Қаҳрамонга ғайритабиий кучларнинг тушида берувчи маслаҳатлари деярли аниқ тарзда айтилиб, бошқа тушлар каби махсус таъбир, талқин талаб этмайди. Мисол тариқасида яна бир намуна келтириб ўтиш мумкин. “Одилбек билан Хуррамбек”дан кўчирма: “Одилбек йўл юриб, ниҳоят тоғ оралиғидаги ғорга етиб келибди. Тушида бир нуроний кампирни кўрибди. Кампир “ҳа, болам, бу борса келмас юртда нима қилиб юрибсан? – деб сўрабди. Одилбек бошидан ўтганларни гапириб берибди. – Ишинг оғир экан, болам, – дебди кампир. – Майли, сенга бир маслаҳат берай, бахтинг ёр бўлса, мақсадингга етарсан, – дебди. Қандай маслаҳат экан, – деб сўрабди Одилбек. Кампир айтибди: – Сен мана шу ғорга кириб бораверасан, кўп юрганингдан кейин ажойиб бир гулзорга етасан. Шунда сен юқорига қара. Баланд тоғнинг чўққисида кўк билан ўпишиб турган бир қасрни кўрасан. Гулпаризод ана шу қасрда туради. У қасрга чиқиш одам боласининг қўлидан келмайди. Агар бахтинг бўлиб, чиқа олсанг, қасрнинг биринчи дарвозасида баҳайбат бир дев қоровул бўлиб ётибди. Шу девни ўлдириб, жиғилдонидан қирқ дарвозанинг калитини олсанг бас. Ундан у ёғи дарвозаларни очганингдан кейин маълум бўлади. Одилбек уйғониб кўзини очса, туши экан”.[10]

Одатда, тушга кирувчи ғайб одам қаҳрамонга керакли маълумот, йўл-йўриқ ва таъбу сиргача айтади.

Б) Қаҳрамон тушига кирган шахс ёки бошқа ишорат берувчи восита сабабли сафарга отланади. “Озодчеҳра”, “Ғуломбачча” (иккинчи туш), “Сусамбил”, “Булбулигўё”, “Қирон ака” (иккинчи туш) эртакларида келган тушларни ушбу гуруҳга киритиш мумкин. Айни эртаклардаги тушлар тафсилотига эътиборимизни қаратайлик:

“Озодчеҳра бир куни кечаси тушида отасини кўриб, чўчиб уйғонибди ва чуқур бир оҳ тортибди…”[11] Шундан кейин у отасини кўриш учун йўлга чиқади.

“Ғуломбачча тушида подшоҳнинг қизини кўрибди. Қиз Ғуломбаччага: – Оташинлик вақтида алваъдайн деган гаплар бор. Ваъдага вафо қилмадинг-ку, – деб кўздан ғойиб бўлибди. Ғуломбачча чўчиб уйғониб қараса, туши, ёнида ҳеч ким йўқ, азон вақти бўлган экан”.[12] Ғуломбачча ҳам шу туш туфайли йўлга чиқади.

“Подшонинг кенжа ўғли туш кўрибди. Тушида бир парча булут узилиб, қўйнига тушибди. Чўчиб уйғониб, подшонинг ёнига келиб:

– Эй отажон! Менга ҳам сафар йўли тушди. Туш кўрдим, тушимда сафарга чиқишни хуш кўрдим. Яхшилик билан жавоб берсангиз ҳам, йўқ десангиз ҳам кетаман, – дебди”.[13] Кенжа ўғил ҳам туш йўриғи билан сафарга отланади.

“Сусамбил”да ҳўкиз тушида бошқа ҳўкизни сузаяпман, деб хўжайинини сузгани учун уйдан ҳайдалиб, бошқа ҳайвонларга қўшилиб, Сусамбилни излашга тушади.

Келтирилган тушлар баёни ҳам бу хилдаги тушларнинг қисқачалиги деярли ортиқча тимсолларсиз қаҳрамоннинг сафарга чиқишига туртки уйғотиши билан ажралиб туришини билдирмоқда.

В) Эртак сюжетининг маълум бир ҳалқасида рўй беражак воқеа қаҳрамон тушида аён бўлади. “Маликаи Ҳуснобод”, “Рустам ва Шерзод”, “Мурқумом” (иккинчи туш) эртакларидаги тушлар ушбу хусусияти билан эътиборга молик. Масалан:

“Қизнинг отаси кечаси туш кўрибди. Қараса, осмондан бир бургут келиб, подшони кўтариб учибди. Олиб кета туриб: “Менга қуллуқ қиласанми, ё бошингни узиб ташлайми? – дебди. Подшоҳ: “Юртимни ва хазинаю дафиналаримнинг ҳаммасини сенга берай, лекин омон қолдир”, – дебди. Шунда қуш: “Менга дунё керак эмас, сен золимдан Ҳуснободнинг ҳокини талаб қиламан”, дебди. Подшоҳ қизининг исмини эшитиб, йиғлаб турган вақтида Ҳуснобод қизи бир тоғнинг орасидан чиқиб кела бошлабди. Бир қўлида яланғочланган қилич, бир қўлида ғоз кабоби бор эмиш. Қизи етиб келиб, ўша қушни бир урибди. Қуш икки бўлакка бўлинибди. Подшоҳни ерга қўйиб, қўлидаги кабобни узатиб: “Ота, мендан ўтган бўлса, маъзур тутинг”, дебди. Подшоҳ “дод” деб уйғонибди. Қараса, ён-атрофида ҳеч ким йўқ, қоронғуда бир ўзи ётган экан”.[14]

Подшоҳ тушини вазири сизга душман даф қилса, қизингиз келиб қутқариб олар экан, подшоҳлик бошқа одамга ўтар экан, деб таъбир қилгани учун зиндонбанд бўлади. Эртак воқеалари эса ушбу туш хабар берганидек ўз ечимини топади.

“Рустамзод ва Шерзод” эртагида ҳам ўзи ва болалари тақдирида рўй беражак воқеа чолнинг тушида аён бўлади. “Бир куни бобой чарчаб, ўйлаб ётган эди, мудроқ босиб, кўзини уйқу олди. Тушида кўрса, ўз ҳовлисида ўтирибди. Шу вақтида бир шоқол келиб, мурғни тутиб олди. Бобой югуриб келиб, мурғни қутқариш учун кўп жаҳду жадал қилди, бўлмади. Ахири шоқол мурғни олиб кетди. Бобой уйғониб қолиб, туш кўрганини англади”.[15]

Ушбу эртакдаги туш бевосита таъбир қилинмаган бўлса-да, воқеалар ривожи туш тимсоллари талқинига мос давом этади. Айни ҳолат “Мурқумом” (иккинчи туш)да ҳам тўлалигича акс этган.

Келтирилган мисолларни ўзаро ва бошқа туш иштирок этган намуналарга муқояса қилиб кўрилса, айни гуруҳдаги тушлар тўлалигича тимсоллар воситасида баён этилишини кузатамиз.

Г) Воқеликни туш сифатида баён этиш. Қаҳрамон мушкул шартни бажариш давомида ўз кўрганларини туш сифатида айтади (“Моҳистара”). Қаҳрамонга қўйилувчи шартга сабаб сифатида туш тўқилади (“Мусофирбек”даги иккинчи туш). Ҳар икки ҳолатда ҳам тўқилувчи тушлар шарт мотиви билан алоқадор келмоқда. Эртаклар таркибида туш мотиви сюжетининг маълум ҳалқаларини боғлаб келган намуналар, асосан, биз юқорида тасниф этган тўрт хил кўринишда намоён бўлмоқда.

Ўз навбатида, эртакларда келувчи тушларнинг икки катта гуруҳи ўзаро қиёсланса, улар ўртасидаги фарқ янада аниқроқ намоён бўлади.

Ҳар икки гуруҳ ўртасидаги асосий фарқлар:

– Биринчи гуруҳга мансуб эртакларда туш мотиви, асосан, воқеа аввалида келади ва сюжетнинг асосий бўғинлари: тугун, кульминация, ечимлар ушбу мотив билан чамбарчас боғланган ҳолатда воқе бўлади;

– иккинчи гуруҳдаги тушлар воқеа ривожи ёки воқеа сўнггида келади. Уларда биринчи гуруҳдаги каби кенг қамров йўқ;

– биринчи гуруҳ намуналаридаги туш мотивини иккинчи гуруҳдан фарқли бошқа мотив билан алмаштириш ёки тушириб қолдиришнинг имкони йўқ. Акс ҳолда эртак бутунлай ўзгариб кетади. Иккинчи гуруҳдаги туш моҳиятан шу мотив ўрнини босувчи бошқасига алмаштирилса ҳам, умумсюжет тартиби деярли ўзгармайди;

– биринчи гуруҳдаги тушларнинг асосий қисми таъбири билан биргаликда айтилса, иккинчи гуруҳда бу ҳолга ҳамма вақт ҳам амал қилинмайди. Бу гуруҳга мансуб кўпчилик тушлар тўғридан-тўғри хабар, ахборот шаклида келади.

Эртак сюжетида туш мотиви ҳалқасининг жойлашув ўрни масаласига келадиган бўлсак, у асосан қуйидаги ўринларда жойлашган:

  1. Воқеа бошида.
  2. Воқеа ривожида.
  3. Воқеа сўнггида.

Туш мотиви учровчи эртаклар ва уларда ушбу мотивнинг сюжет қурилмасидаги ўрни, вазифаси инобатга олиниб, улар алоҳида жадвалга жамланди. Айни пайтда, жадвал (1-жадвал)да тушда келувчи тимсоллар, таъбир, тушнинг бошқа мотивлар билан алоқаси ва келтирилган эртакнинг мавжуд версия, вариантлари ҳам ўз аксини топган.

Биз юқорида тушнинг эртак сюжетида тутган ўрни ва унинг сюжетни ташкил этишдаги вазифалари хусусида атрофлича тўхталдик ва қилинган хулосалар, таснифлар жадвалда ҳам ўз аксини топган.

Навбатдаги масала тушнинг бошқа мотивлар билан ўзаро боғлиқлик даражасини аниқлаш. Келтирилган жадвал натижаларига таяниб, қуйидаги кўрсаткични чиқарамиз.

 

1-жадвал.

Ўзбек халқ эртакларида туш билан боғлиқ мотивлар

 

Туш билан боғлиқ мотивлар номи

Умумий ҳисоби

1.

2.

3.

4.

5.

6.

Синов

Сафар

Уйланиш

Ҳомий

Хатар

Ўлим

8

7

5

3

3

1

 

Ўшбу жадвал эртак таркибидаги тушлар, асосан, синов (8), сафар (7), уйланиш (5) мотивлари билан фаол, қисман ҳомий ва хатар (3 тадан) ва бир ўринда ўлим мотиви билан боғлиқ келишини кўрсатмоқда. Демак, эртак сюжети ўзагини ташкил этувчи қаҳрамоннинг ёр учун (уйланиш) сафарга отланиши ва синовларни енгиб, унга етишувида туш асосий боғловчи вазифасини ўтамоқда.

 

Жаббор ЭШОНҚУЛ

 

“Ўзбек фолклорида туш ва унинг бадиий талқини” (Тошкент, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриёти, 2011) китобидан.


 

[1] Ҳотамов Н., Саримсоқов Б. Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати. – Тошкент: Ўқитувчи, 1979. – Б.190 –191.

[2] Веселовский А.Н. Историческая поэтика. – Л.: Высшая школа, 1940. – С.494.

[3] Путилов Б. Мотив как сюжетообразуюшей элемент // Типологические исследование по фольклору. – М.: Наука, 1975. – С.142.

[4] Жирмунский В.М., Зарифов. Х. Узбекский героический эпос. – М.: Наука, 1947; Зарифов Х. Основные мотивы эпоса «Алпамыш» // Об эпосе «Алпамиш». – Ташкент: Фан, 1959. –С.6 – 25; Мирзаев Т. «Алпомиш» қаҳрамонлик эпоси ва ўзбек достонлари // «Алпомиш». – Тошкент: Фан, 1999. – С.7 – 49.

[5] Қаранг: Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик / Тузувчилар М.И.Афзалов, Ҳ.Расулов, З.Ҳусаинова. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1995. I жилд; Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик / Тузувчилар: М.И.Афзалов, Ҳ.Расулов, З.Ҳусаинова. –Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1996. II жилд; Олтин бешик. Эртаклар / Нашрга тайёрловчилар М. Афзалов, К.Имомов. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1985; Сув қизи. Фантастик эртаклар / Нашрга тайёрловчилар М.Афзалов, З.Ҳусаинова, Н.Сабуров. – Тошкент: Бадиий адабиёт, 1966.

[6] Мусофирбек // Ўзбек халқ эртаклари. II жилд. – Б.293 – 307.

[7] Ибратли туш // Луқмони Ҳаким / Айтувчи Нурали Нурмат ўғли. Нашрга тайёрловчилар Т.Мирзаев ва З.Ҳусаинова. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1990. – Б.174 – 176.

[8] Маликаи Бирмисқол // Олтин бешик. – Б.82 – 85.

[9] Ғуломбачча // Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик. II жилд. – Б.310 – 318.

[10] Одилбек билан Хуррамбек // Олтин бешик. – Б.119 – 125.  

[11] Озодчеҳра // Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик. I жилд. – Б.87 – 98.

[12] Ғуломбачча // Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик. II жилд. – Б.310 – 318.

[13] Булбулигўё // Олтин бешик. – Б.31– 44.

[14] Маликаи Ҳуснобод // Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик. II жилд. – Б.105.

[15] Рустамзод ва Шерзод // Ўзбек халқ эртаклари. Икки жилдлик. II жилд. – Б.59 – 73.

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/ertaklarda-tush-va-tush-motivi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x