Дилмурод Холдоров Руҳий таназзул тасвири

Жаҳон адабиётида ХХ асрнинг биринчи ярмидаёқ ноанъанавий тасвир услуби пайдо бўлди. Айниқса, Марсел Пруст (Франция), Жеймс Жойс (Ирландия), Франц Кафка (Чехославакия) сингари ижодкорлар бу ноанъанавий йўналишда мактаб яратди. Жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бохабар бўлиш, воқеликни иррационал қабул қилиш ва талқин этиш, онг оқими, ботиний шуур ўзбек насрида ҳам ўз ифодасини топди. Зеро, ҳеч бир миллий адабиёт ўз қобиғида, ёлғиз ўзининг анъана ва муҳитида тараққий этиши мумкин эмас. Шу маънода жаҳон адабий мактабларидан сабоқ олиш ва янгиликка интилиш жараёнлари ўзбек адабиётининг 80–90-йиллар авлоди носирлари ижодида юзага кела бошлади. Мурод Муҳаммад Дўст, Олим Отахонов, Хуршид Дўстмуҳаммад, жумладан, мазкур мақола объекти бўлган Назар Эшонқул томонидан ёзилган ҳикоя ва қиссаларда янгиланаётган насрнинг ана шу белги – аломатлари тажассум топди.
Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам”, “Хароба шаҳар суврати”, “Муолажа”, “Ажр”,  “Шамолни тутиб бўлмайди”, “Хаёл тузоғи”, “Тобут”, “Оғриқ лаззати”, “Баҳовиддиннинг ити”, “Гўрўғли” сингари қатор ҳикоялари бадиий кашфиёт бўлди; фавқулодда сокин услуби, замон ва макон ирреаллиги, кўп ҳолларда танланган қаҳрамонларнинг исмсизлиги бундай ҳикоялар таҳлилида кўпвариантлиликни пайдо қилди. Ҳикоячиликка оид махсус тадқиқотларда ҳикоянависликдаги бу хусусият инобатга олиниб, поэтик тафаккурнинг янгиланишига хос жиҳатлари, айрим поэтик қирралари алоҳида ўрганилди.
Кейинги давр ўзбек насрида модерн қиссачиликнинг асосий хусусиятлари Назар Эшонқулнинг “Қора китоб”, “Тун панжаралари” асарларида ўз ифодасини топди. Бу типдаги қиссаларнинг турли хусусиятлари тўғрисида айрим кузатишлар ҳам баён этилмоқда. Жумладан, адабиётшунос олим Баҳодир Карим ёзади: “Адабиётимиз сувратдан сийратга, жамиятдан инсонга, ташқаридан ичкарига қайтаётгандек, ирмоқдан денгизга уланаётгандек… Ўз асарларини даврнинг ижтимоий-сиёсий муаммолари билан безашни эп кўрмаган, бадиий адабиётни рамзлар тили, эзгулик ва қабоҳатнинг мангу жанггоҳи, инсон қалбидаги чексиз изтироблар чизгиси эканлигини ҳис этаётган ёш иқтидор эгалари, имкони борича, инсонларнинг ботинига, ҳис-туйғулари тўлқинига, орзу-армонларига диққатни қаратаётгандек таассурот беради”.
Ҳар қандай адабий ҳаётдаги янгиланиш ўз-ўзидан, инқилобий сувратда пайдо бўлмайди. Айниқса, ниҳоятда мураккаб, ўзига яраша руҳий-психологик жараёнларда кечадиган бадиий ижодда оригиналликка эришиш осон эмас. Зотан, “Оламни кўриш жуда кўп компонентлар уйғунлигидан иборат бўлиб, ёзувчи ҳаёти, савияси, характери, тажрибаси ва дунёқараши билан шартланганлиги учун ҳам индивидуалдир. Яратилаётган образ ҳеч вақт ҳаётнинг бешавқ, бепарво нишонаси эмас, у ёзувчининг бадиий диди кучи билан танланади”.
Ёзувчининг ижод жараёни, таъсирланиш омиллари, билим савияси, маҳорати каби масалалар адабиётшуносликнинг азалий муаммолари жумласидандир. Янгича услубда қиссалар ёзаётган адибларнинг дунёни ўзгача рангларда кўришга бўлган иштиёқи оқибатида мутлақо кутилмаган бадиий кашфиётлар бўй кўрсатмоқда. Аслини олганда, маҳаллий адибларга тақлид қилиб, ҳаммага таниш воқеаномаларни, хотимаси асарнинг аввалиданоқ маълум бўладиган бир хил рангдаги сюжет қолипларига қараганда янгиликка интилиш ҳар доим қадрли саналади.
Н.Эшонқулнинг “Қора китоб” қиссасида воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғулар, фалсафий фикр-мулоҳазалар ва руҳий кечинмалар биринчи шахс тилидан баён қилинади. “Қора китоб” – Иблиснинг китоби, чўққи соқолнинг китоби. “Қора китоб” – инсонга абадул-абад ҳамроҳ бўлган ва то қиёматга қадар Одамни (Одам Атодан бошланган) тўғри йўлдан оздиришга онт ичган Шайтоннинг шайтоний найранглари ҳақида. ”Қора китоб”да шайтон қутқусини ўз ҳаётига дастуруламал этиб олган ва уни ўз фарзандлари тарбиясига ҳам сингдирган, алалоқибат, ўз хатосини илғаб етган кишининг бошидан кечирганлари ўзига хос оригинал услубда баён этилади.
Қисса моҳият эътибори билан етмиш ёшга чиқиб, ўзлигини, ўз қилмиши ва ҳаётидаги мавқеини англаб қолган кишининг тазаррусини эслатади. Қаҳрамон турмушнинг паст-баландини, аччиқ-чучугини, яхши-ёмонини кўрган инсон сифатида қоп-қора хулосаларга ҳам келган. Унингча, “одамзотдан умид қиладиган нарсанинг ҳаммаси ўлган. Ҳаммаси ҳалок бўлган” (196-бет). Ҳамма нарса бой берилган, барбод бўлган. “Энди буни ҳеч нарса қутқара олмайди. На гўзаллик, на ишонч, на эзгулик” (196-бет).
Бири-бирига мутаносиб бўлмаган тушунчаларнинг жамланиши ва бири-бирининг мантиқий давоми сифатида берилиши, қаҳрамоннинг фавқулодда теран фикрлари унинг ички дунёсида кечаётган жараён ифодаси китобхонни беихтиёр ҳушёр торттиради. Бу ғаройиб инсонда, ўз касбини севган ва мароқли маърузалар ўқиган муаллимда, ўз қизини ўлдириб, қотилга айланган отада бундай бир қарашда пурҳикмат бўлиб кўринган фикрлар қаердан пайдо бўлди? Етмишга чиққан ҳар киши шундай хулосаларга келадими? Ҳамма ҳам ҳаёти поёнига етгач, ўзининг ўтган умрига шу тарзда тупирадими? Бу барча инсонларга хос хусусиятми? Бундай саволлар устида жиддий бош қотириш лозим. Қисса одамни шунга ундайди. Агар асарнинг ички қатламларига, рамзлар ортига яширинган маъноларга жиддий эътибор берилса, қайсидир даражада жавоблар ҳам топилади.
Инсон ғаройиб жонзоддир. Унинг ҳаётида шундай вазиятлар бўладики, у маълум бир қарашлар йиғиндисини ўз турмуш тарзи учун дастур қилиб олади; уни энг тўғри ва ўзгармас ҳақиқат ўрнида қабул этади. Ожиз фикрли инсон қалами билан ёзилган “қора китоб”ларга мафтун бўлган кишининг умри, ҳаёти, борингки, умрининг охири пушаймонликдир. Пушаймонлик, афсус-надомат, тавба-тазарру ҳар вақт нисбатан юксакроқ, олийроқ қадрият қаршисида туғилади; қандайдир ҳақиқатни теранроқ англаш, умр мазмунини (ёки мазмунсизлигини) ҳис этиш оқибатида юзага келади.
“Қора китоб” асаридаги ровий – қиссагўй ўз умр дафтарини варақлай туриб: “Мен улуғ гуноҳкорман, Тақсир”, – дейди (200-бет). Муаллиф бундай мулоҳазаларни очиш учун қаҳрамоннинг тарихига экскурс қилади. “Ёшликда бир китоб ўқиганман, кейин умр бўйи шу китобнинг таъсирида яшадим. Бу китоб умримни бошқарди. У мен учун муқаддас китоб бўлиб қолди. Фожиаларнинг боши ана шу китобда… Ҳаётда ниманики яратган бўлсам, шу китоб таъсирида яратдим. Шу китоб ҳукмида ҳукм қилдим. Болаларимни ҳам шу китоб билан тарбия қилдим, уларнинг ҳам қалбига сингдирдим бу китобни, сўзма-сўз, сатрма-сатр ёд олдирдим. Умримни китоб қўлига худди товада куйдирилган пиёздек қовуриб бердим”.
Бу китоб ёшлик кўчасида унга рўбарў келган чўққи соқол – Иблиснинг шайтоний китоби эди. Зотан, Чўққи соқол унга даҳо бўлиб кўринган, унинг овози, сўзлаш ва яшаш тарзига йигит мафтун бўлган. Шу китоб унинг умр мазмунига айланган, шу китоб уни охир-оқибат расво қилган. Ҳар қандай воқеа-ҳодисага шу китоб мезони билан ёндашган.
Қиссагўй бир ўринда: “Тақсир, мен ўқиган ва умримни бахшида қилган инсоният тарихи ожиз ва кучлиларга, хўрлашга лойиқ ва хўрланишга лойиқларга, эзувчи ва эзилувчиларга, қуллар ва хожаларга, қўй ва бўриларга бўлинади” (208-бет), – деган фикрни айтадики, жамият тарихини бу тарзда таснифлаш яқин ўтмишда айнан мустабид шўро замонларида юз берганлиги беихтиёр хаёлга келади. Муаллифнинг яқин кечмиш одами экани сезилиб туради. Қолаверса, қисса қаҳрамонининг ёши ҳам (70 ёш – Д.Х.) бизга нималарнидир ишора қилади.
Н.Эшонқул ўз услубига кўра, маълум бир макон номига атайлаб урғу  бермайди. Қиссадаги замон шакли бир пайтнинг ўзида ҳам тор (бир инсон мисолида), ҳам кенг (бутун башарият миқёсида) туюлади. Асарда воқеалар оддийдан мураккабга, бирликдан кўпликка томон ривожланиб боради. Бу жиҳат тасвир кўлами, услубнинг мураккаблашувида намоён бўла боради. “Қора китоб”нинг қамрови чексизлик сари кетади. Асар қаҳрамони ўй-хаёлидаги ҳар қандай фалсафа ва ҳодиса асар моҳиятига сингдириб юборилади, аниқроғи, ровийнинг қиссаси муаллифнинг бадиий тафаккури қуввати билан бойийди, ранг-баранг тусда товланади.
Услуб эътиборидан бадиий асар биринчи шахс тилидан баён қилинганда муаллиф, ровий ва қаҳрамон муаммоси пайдо бўлиши мумкин. Бунда баъзан муаллифнинг асл эстетик оламини, асл мақсад-ғоясини англаш ҳам нисбатан мушкуллашади. Ўқувчи ровийнинг ҳар қандай фикрини, ҳукми ёки хулосасини тўғридан-тўғри муаллиф устига юклаб қўйса, муаллиф қараши тарзида таҳлил этса, адашган бўлади. Чунки чинакам иқтидорга эга бўлган адиб воқеа-ҳодисаларни ўзи ўйлаганидек эмас, балки қандай бўлиши керак тарзида тасвирлайди. Бундан ижодкор фақат олам воқеаларини тўғридан-тўғри тасвирлабгина қўяди холос, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Чунки ижодкор ҳам мустақил тафаккурга эга бўлган инсон сифатида, воқеаликни ҳиссий сезим орқали кўради ва тасвир жараёнида ҳиссий мушоҳадасини чегаралаб туролмайди.
Инсониятни эзгулик сари етакламоқчи бўлган энг холис ҳаракатда ҳам, инсон қалбига эзгулик ва яхшилик уруғини экишга интилган ҳар қандай ҳаракатда ҳам шон-шуҳрат худбинлиги бўлиши мумкин. Худбинлик, доимо биринчи бўлишга интилиш – бу инсоният табиатига хос хусусият. Қиссагўй бу хусусиятни ўзида, фарзандларида, Иблисда кўради. Диққат қилинса, муаллиф иблисона “дастурлар” воситасида авлодини тарбиялаган жамият хароб бўлади, деган бир мулоҳазани уқтиради. Ҳолбуки, қисса бошқача таҳлиллар учун ҳам асос беради. Айни чоғда биз “Қора китоб”нинг ўзини, қиссадаги, қаҳрамон тарихи ва ҳолатини, ўй-кечинмаларини, жамиятини аниқ бир босқичга боғлаш фикридан йироқмиз.
Назар Эшонқул ижодида фалсафий фикр жуда кучли. Ёзувчининг умуман фикрга тегишли бир мулоҳазасини шу ўринда эслаб ўтиш ўринлидир: “Фикрлаётган одам мен учун ўзининг мавжудлигини исботлашга уринаётган одамдир. Мавжудликка интилиш фалсафий ва мураккаб ҳиссий жараён. Жамиятда мавжуд бўлиб яшашдан, мавжудлигини исботлаб яшашдан мавжудликка интилмай яшаш осон. Мавжудликка интилиш-ўзликни англаш ва уни ҳимоя қилиш, унга интилиш, муҳитни, қотиб қолган тушунчаларни, қарашларни, ақидаларни янгилаш, тараққиётга ва янгиликка, ўзгариш ва ўсишга йўл очиш, умуман, тирикларга хос яшаш дегани”.
“Қора китоб” қаҳрамони ҳам қандай бўлмасин, ўзлигига назар солаётган, фикрлаб яшаётган одамдир. Шу маънода унинг сўзларида эсда қоладиган ҳикматли фикрлар кўп учрайди. Айни жиҳат ёзувчининг услубий ўзига хослигидан дарак беради.
Ҳозирги ноанъанавий қиссалар услубида жанр, сюжет, композиция, гап қурилиши ҳақидаги назарий қарашларнинг парчаланганини кузатиш мумкин. Қаҳрамон руҳиятида кечаётган хаёллар тўзонини бундан бошқача тарзда ҳам етказиш мумкин эди. Бироқ босиб ўтган ҳаёт йўлидан арзирли маъни тополмаган, ёшлик орзулари армонга айланган ва бундан кейин қандай яшаш ҳақида бош қотираётган, тинмай ўзлигини қидираётган инсон изтиробларини бундан бошқача тарзда тасвирлаш матн мазмунига путур етказар эди.
Бугунги адабиётдаги қарашлар ўзгарган. Ўқувчилар орасида ёзувчи тайёрлаб қўйган тайёр маъноларнигина ахборот тарзида қабул қилувчилар билан бирга ўйлашга, тасаввур қилишга мойил китобхон ҳам яшаяпти. Бир вақтлар асарлари зарарли деб танқид қилинган адиблар асарлари оригинал ёки таржима тарзида китобхонга туҳфа қилиняпти. Демак, бугунги ўқувчи ҳар доимгидан кўра Ғарб адабиёти билан кенгроқ таниша бошлади. Дунё адабиёти билан яқиндан танишув йўлидаги тажрибалар Назар Эшонқул ижодида аниқ кўринади.

* Дилмурод Холдоров – ТошДЎТАУ тадқиқотчиси.
Карим Б. Моҳиятнинг намоён бўлиши. (Ёшларнинг айрим қиссаларига бир назар) // Мустақиллик даври адабиёти. – Т.: 2006. – Б. 262.

Носиров Ў. Ижодкор шахс, бадиий услуб, автор образи. – Т.: Фан, 1981. – Б. 34.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/01/%d0%b4%d0%b8%d0%bb%d0%bc%d1%83%d1%80%d0%be%d0%b4-%d1%85%d0%be%d0%bb%d0%b4%d0%be%d1%80%d0%be%d0%b2-%d1%80%d1%83%d2%b3%d0%b8%d0%b9-%d1%82%d0%b0%d0%bd%d0%b0%d0%b7%d0%b7%d1%83%d0%bb-%d1%82%d0%b0%d1%81/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x