Шаҳло АҲМЕДОВА ЗАМОНАВИЙ ҚАТАР АДАБИЁТИДА ИЖТИМОИЙ-АХЛОҚИЙ МУАММОЛАР

Замонавий Қатар адабиёти Форс кўрфазида жойлашган бошқа араб мамлакатлари сингари такомиллашиб, жаҳон адабиётига қўшилиш жараёнини бошидан кечираяпти. Форс кўрфазидаги араб давлатларида замонавий тусдаги адабий ижод йўлига ХХ асрнинг иккинчи ярмидан қадам ташланганига қарамай, ҳозирда жадаллик билан ривожланмоқда. Хусусан, нисбатан қисқа давр мобайнида Қатар адабиётида тезлик билан турли хил адабий оқимлар, йўналишлар вужудга келди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу даврда нафақат Қатарда, балки бутун Форс кўрфази мамлакатларида аёлларнинг бадиий ижод билан шуғулланишлари яққол кўзга ташланади. Ҳатто ортодоксал мусулмон давлати ҳисобланган Саудия Арабистонида ҳам аёллар ижоди равнақ топмоқда. Масалан, ҳикоянавис Самира бинт ал-Жазиранинг асарлари катта қизиқиш билан ўқилади. Унинг “Йиғлаётган хотиралар”, “Мен умид билан хайрлашаман”, “Йиғи водийси” каби новеллалари чоп этилган.
Қатарда ҳам, Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатлар қатори, ёзувчиларнинг асосий қисмини адибалар ташкил этади. 80-йилларга келиб, Кулсум Жобир, Нура ас-Саид, Худа ан-Наим, Кулсум ал-Ғаним каби адибаларнинг ҳикоялар тўплами чоп этилди. Айниқса, Кулсум Жобирнинг асарлари қатарликлар томонидан севиб ўқилади. Адибанинг “Сен, сукут ўрмони ва иккиланишлар” номли биринчи ҳикоялар тўплами 1987 йилда дунё юзини кўрди. Шунингдек, “Араб аёли изтироблари” номли ҳикоялар тўпламининг нашр қилиниши Қатарда ҳикоя жанрининг ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Кулсум Жобир ўз ҳикояларида Қатар жамиятидаги, аниқроқ айтадиган бўлсак, бутун араб мамлакатларидаги аёл ва эркак муносабатлари ўртасида вужудга келадиган муаммоларни тасвирлашга уринади. Адиба бундай муаммоларнинг юзага келишида эр-хотиннинг ёши ўртасидаги фарқ, ота-она аралашуви, турли удумларга амал қилиш каби омилларни кўрсатиб ўтади. Ёзувчи учун қатарлик аёлнинг асл қиёфаси, кечинмалари, уни қуршаб турган жамиятда ўзлигини топишдаги қийинчиликларини бадиий мушоҳада қилиш муҳим саналади. “Севги ва нафрат” асари қаҳрамони – ёш қиз чумолиларнинг тепага бир чизиқ бўйлаб ҳаракатланишларини кузатаётган пайтда, дугонасининг гапларини диққат билан эшитади: “Мен ҳаёт тўғрисида сен каби фикр юритадиганларнинг ҳаётда муваффақият қозонишларига ишонмайман. Турмушни ўзгартиришнинг имкони йўқ… Жамият ўрнатган қонун-қоидалар бўйича кун кечириш лозим. Жамият танлаган оқим бўйича юриш керак, унинг аниқ, соғлом қарорларига бўйсуниш керак”.
Ҳикоя қаҳрамони бу гаплар маънисини тушунишга уринади, дугонаси эса ўз навбатида қизга итоаткорликни сингдиришга ҳаракат қилади.
“Мен қабул қилинган қарорларни ёмон кўраман. Нега уларни ишлаб чиқишаркан-а? Кимнинг мақсади учун? Менинг босиқ ҳамда ақлли эканимни ким айта олади? Мен кимгадир шундай ёрлиқларни ёпиштириб қўйишганларидан ҳайратланаман. Мен чиройимга чирой қўшадиган хотиржамликни қаердан олай? Ичимдаги, қалбимдаги дард-ҳасратларим вулқон бўлиб отилиб чиқаётганини кимга айтай?”
Қаҳрамон қиз бу гаплардан сўнг диққатини яна чумолиларнинг ҳаракатига қаратади. Бироқ энди чумолилар ўз йўналишларини ўзгартириб, бир у тарафга, бир бу тарафга аррасимон (зигзагсимон) ҳаракатланишаётган эди. Буни кўрган қиз фикрлари тўғри эканлигига амин бўлади. Ҳаётда бир хил қоида ва талаблар асосида яшаб бўлмайди, ҳар қандай янги давр ўзи билан бирор янгилик олиб келади. Бу янгиликларни эса жамиятга татбиқ қилиш зарурдир. Ҳикоянинг асосий ғояси мана шу.
Ҳикоялардан ташқари, Кулсум Жобирнинг адабий танқидга оид мақолалари ҳам бор. Адибанинг фикрича, танқидчилик, бу – бадиий ижод маҳсули, у танқидчидан асарни таҳлил қилишда катта куч ва машаққат талаб қилади. Қисқа ҳикоялар ҳақида ёзувчи шундай дейди: “Охирги пайтларда қисқа ҳикоя жанрининг ривожланиб бораётганини кузатаяпман. Улар орасида тугалланмаган, яъни якуни очиқ қолдирилган ҳикоялар ҳам пайдо бўляптики, улар маълум бир қолипга бўйсунмайди ва анъанавийликдан йироқ. Бу ҳикояларнинг кўпчилиги барча учун бир бўлган умумий ҳаётий ҳолатлар, инсоннинг руҳий кечинмаси – ғам-андуҳлари, ҳаяжонлари ва ҳаётда ўзини ёлғиз ҳис қилганда бошидан кечирадиган бошқа ҳиссий ҳолатлари билан боғлиқ”.
Қатар ёзувчилари ҳикояларини ўрганганда шунга амин бўламизки, аёллар тенг ҳуқуқлилиги мавзуси кўтарилган ҳикояларда аёл ёзувчилар эркаклардан кўра маҳоратлироқ экани намоён бўлади. Адибалар ҳикояларининг яна бир жиҳати шундаки, улар воқеалар ривожи учун кўпинча Европадан адабий макон сифатида фойдаланишни маъқул кўришади. Ўзга юртга яшаш ёки ишлашга келган муслима аёллар ҳолатини ёритиб беришда психологик таҳлилдан фойдаланиш биринчи ўринга чиққан.
Юқоридаги фикрлар исботи учун Кулсум Жобирнинг “Араб аёли изтироблари” тўпламига кирган “Қайтадан туғилиш” ҳикоясини мисол келтириш мумкин. Бунда Ғарбга пул топиш ниятида келган ҳикоя қаҳрамони ёш қизнинг Ватанига, яқинларига бўлган соғинчи, уни қуршаб турган янги бир борлиққа нисбатан бегоналигини ҳис қилиши, кўникишга қийналишлари тасвирланган.
Ғарб дунёсидаги ёлғиз муслима аёлнинг қисмати мавзуси Худа ан-Наимнинг 1997 йилда Мисрнинг Қоҳира шаҳрида чоп этилган “Сурма қутиси” ҳикоялар туркумига кирган “Парчаланиш” ҳикоясида ҳам акс этади. Ҳикояда келиб чиқиши Форс кўрфази мамлакатидан бўлган, ҳозирда Европа университетларининг бирида таълим олаётган ёш, гўзал қизнинг ҳаёти ҳақида сўз боради. Қиз ўзининг доимо ёлғиз, атрофидаги одамларга бегона эканини ҳис қилиб яшайди. Ва бу туйғу билан курашишга ҳаракат қилади. Қиз ўзини шахс сифатида, Ватанига эга инсон сифатида англаганидагини қалбига сокинлик, осойишталик киради, олдинги изтиробларини унута бошлайди.
Худа ан-Наим ушбу ҳикоясини ёзишда Кулсум Жобирнинг “Араб аёли изтироблари” ҳикоясидан таъсирланган ва буни яширмайди. Асарда қаҳрамон қиз шундай дейди: “Ҳа, менда ҳам “Араб аёли изтироблари” ҳикоясидаги қаҳрамон қизникидай дард-алам бор, у ҳис қиладиган азобларни мен ҳам ҳис қиламан”. Гарчи икки ҳикояни ўн икки йиллик вақт ажратиб турса-да, туйғуларда деярли ҳеч нарса ўзгармагани кўринади.
Фикримизга кўра, бу икки адиба асарларида нафақат араб дунёсидан чиққан муслима аёлларнинг бегона жойларда кун кечиришлари, у ерда юзага келадиган муаммолар ҳақида, балки Ғарб ва Шарқ ўртасидаги доимий номутаносиблик, ўзига жалб қиладиган шахсий эркинликни қўлга киритишга қарама-қарши равишда инсоннинг ўз миллийлигини, ўзлигини йўқотиши, ўзининг миллий илдизларидан ажралиб қолиши мавзуси ёритилади. Аммо ҳамма ижодкорларни ҳам масалага бундай ёндашади, деб бўлмайди. Масалан, қатарлик яна бир ёзувчи аёл Забия Холис қаҳрамони Ғарб дунёсида ўзини бегона сезиб, ич-этини емайди, аксинча, у тезда ғарбона маданиятга кўникиб кетади.
Қатарлик яна бир маҳоратли адиба Фотима ат-Туркий катта авлод ҳикоянавислари мактаби вакиласи ҳисобланади. Умм Ақсам тахаллуси билан ижод қилган Фотима ат-Туркийнинг кўпгина асарлари автобиографик хусусиятга эгадир. Адиба оилавий муаммолар, уларнинг юзага келиш сабаблари, оиланинг барбод бўлишига олиб келувчи омилларни ёритишга ҳаракат қилади. Шунингдек, муслима аёл эркинлиги ҳақида сўз юритиб, Умм Ақсам шундай дейди: “Аёлга мутлақ эркинлик бериш – унинг ҳаёти бузилишига олиб келади. Биз мутлақ эркинликнинг натижаси сифатида кўпгина Европа мамлакатлари маънавий-ижтимоий жиҳатдан инқирозга юз тутаётганини кўраяпмиз. Бундан ташқари, оилаларнинг барбод бўлиши – Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам салбий ҳодисадир”.
Кўринадики, Форс кўрфази араб мамлакатларидаги аҳолининг ҳаёт кечириши яхши даражада, жамияти ижтимоий жиҳатдан юқори таъминланган деган фикрларга қарама-қарши ўлароқ, ижтимоий тенгсизлик, камбағаллик бу ерларда ҳам долзарб муаммо эканлиги ўз тасдиғини топади. Замонавий ҳикоялар олдинлари сукут сақланиши лозим деб топилган ёки кўз юмилган айрим муҳим ижтимоий воқеаларни қўрқмасдан, довюраклик билан очиб бериши жиҳатидан аҳамиятга моликдир. Кўпгина араб адабиётшуносларининг фикрига кўра, “ҳозирги замон ёшларининг катта авлод адабиёт вакилларидан фарқли ўлароқ адабиётдаги ўз ўринларини йўқотиб қўйишдан қўрқмасдан, мамлакатда юз бераётган муҳим ижтимоий воқеа-ҳодисаларни қаламга олишлари асарларининг янада ўқишли бўлишига олиб келади, шунингдек, бундай битикларни танқидий таҳлилга бардошли қилади”.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/30/%d1%88%d0%b0%d2%b3%d0%bb%d0%be-%d0%b0%d2%b3%d0%bc%d0%b5%d0%b4%d0%be%d0%b2%d0%b0-%d0%b7%d0%b0%d0%bc%d0%be%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%b8%d0%b9-%d2%9b%d0%b0%d1%82%d0%b0%d1%80-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x