Нодира ҚОСИМОВА КИНЕМАТОГРАФИЯДА НЕОРЕАЛИЗМ ОҚИМИ

ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб кино санъатида улкан ўзгаришлар, ижодий ислоҳотлар юз берди. Жаҳон кино жамоатчилигининг бадиий дунёси, эстетик қарашларини тубдан ўзгартириб юборган итальян  неореализм киноси пайдо бўлди.  Бу оқим нафақат Италия, балки дунё кинематографиясига  ҳам беқиёс таъсир кўрсатди.
“Неореализм асли   бутун жаҳон маданиятида уруш йилларидан кейин вужудга келган ёрқин бадиий ҳодисадир. Бу янги оқим адабиётда (Витторини, Павезе, Кальвино, Вигано, Фенольо каби ёзувчилар ижодида), тасвирий санъатда (Леви, Кальи, Маффаи полотноларида, Маццакурати, Манцу ҳайкалтарошлигида) ўз аксини топади. Лекин у кинематографияда шиддат ва давомийлик билан тараққий этди”.
Неореализмнинг пайдо бўлиши ва алоҳида услуб сифатида шаклланишига бир қанча омиллар сабаб бўлди. Улардан энг асосийси, иккинчи жаҳон урушининг тугаши ва итальян халқининг фашизм зулмидан озод бўлишидир. Бу йўналиш намояндалари уруш даҳшатларини бошдан кечирган халқнинг азоб-уқубатлари, руҳий ҳолатини рўйирост кўрсатиб беришни асосий мақсад қилиб олдилар.  Инсонийликка зид фашистик ғоялар таъсиридан қутулган киноижодкорлар реал ҳаётни акс эттира бошладилар, уларнинг  ишларида оддий инсон образи асосий планга чиқди.
Баъзи италиялик кинотанқидчилар фикрига кўра ушбу оқимнинг маънавий отаси эксперименталь кино маркази ўқитувчиси Умберто Барбаро ҳисобланади.  У 1943 йили “Фильм” журналида нашр этилган мақоласида биринчи бор “неореализм” атамасини тилга олган.
Ушбу терминнинг танқидий ва эстетик нуқтаи назардан тўғри қўлланилмагани хусусида кўплаб баҳс-мунозаралар юзага келган, аммо “неореализм” деб қабул қилинган ва санъатда яшаб келаётган мазкур атамани оддийгина тан олиш керак, холос.
Неореализм оқимининг ўзига хослиги шундаки, унда оддий инсонлар ҳаёти, туриш-турмуши реал бўёқларда тасвирланиб, кундалик фаолияти, муаммолари атрофлича акс эттирилади. Бунгача яратилган картиналарда бош қаҳрамонлар сифатида шоҳлар, аслзодалар, жасоратли, қўрқмас ботирларга эътибор қаратилган бўлса, энди оддий ишчи, халқнинг қуйи қатлами асосий образ даражасига чиқди. Неореализм оқимида асар қаҳрамонининг ички туйғулари, орзу-ҳаваслари,  интилишлари, қайғу-аламларини ёритишга алоҳида аҳамият берилган.
Кинематографияда неореализмнинг ўзгача хусусиятлари фильмни тасвирга олиш жараёнида ҳам яққол сезилади. Неореализмда фильмлар студия ёки махсус павильонларда эмас, табиат қўйнида, реал воқеа содир бўлаётган  ҳудудларда суратга олинган. Яъни воқеа Римнинг жин кўчаларида юз берса, ижодий гуруҳ айнан шундай кўчани танлаб, фильм лойиҳасини амалга оширган. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, бу оқим вакиллари бирор касб, айтайлик,  фабрика ишчиси ҳақида фильм яратаётган бўлса, актёрларни эмас, балки росмана фабрика ходимларини киноасарга жалб қилишган. Неореализмда эпизодик қиёфалар асосий қаҳрамонларга айланиб, уларнинг ўй-ташвишлари, муаммолари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган.
Ушбу оқимда  яратилган илк фильм “Рим – очиқ шаҳар” деб номланиб, у 1945 йил режиссёр Роберто Росселлини томонидан суратга олинган. Фильм воқелари 1945 йил Рим шаҳрида содир бўлади, режиссёр сценарий устида ишлашни Серджо Амиди ва Федерико Феллинига топширади. Федерико Феллинининг қайд этишича, фильмни яратиш ғояси Рим шаҳрида  озодлик учун кураш кетаётган  паллаларда туғилади. Фильмда немис аскарларининг Рим хонадонларига бостириб кириб, тинтув ўказишлари, озодлик тарафдори бўлган халқ вакилларини қийноққа солишлари реалистик кадрларда юксак маҳорат билан кўрсатиб берилган.
Режиссёр ушбу фильмда эпизодик ролларни актёрларга эмас, оддий аҳолига топширади, улардан кундалик ҳаётда қандай бўлса, экранда ҳам худди шундай кўринишни талаб қилади. Бундан ташқари немис аскарлари роллари учун асирга олинган ҳақиқий немис зобитларидан фойдаланади.
Роберто Росселлини имкон қадар табиийликка эришиш учун фильм лавҳаларини Рим кўчаларида, реал одамлар яшовчи хонадонларда тасвирга олади. Фильм қаҳрамонларидан бири фарзандлари кўз ўнгида отиб ўлдириладиган эпизод бор ва  шу лавҳа суратга олинаётган пайтда кўчадан ўтиб кетаётган такси ҳайдовчиси “Отманглар!” дея “немис аскарларига” халақит бермоқчи бўлади. Мана шу табиий ҳолат,  қаҳрамон кўзидаги қўрқув, таҳлика фильм тасмасига муҳрланиб қолади. Бу эса фильмни тасвирга олишда табиийликка нақадар аҳамият берилгани ва шунга мос муҳит яратилганидан далолат беради.
Режиссёр “Рим – очиқ шаҳар” фильмида асосий урғуни инсоннинг қалб кечинмаларига қаратади,  қаҳрамонларнинг азоблари, дарду аламлари, драматик вазиятларга тушиши ва ундан қай тахлит чиқишини  ранг-баранг эпизодларда гавдалантиради. Аёл образини  ижро этган актриса Анна Маняни ушбу фильмдан сўнг чинакам машҳурликка эришади. У фильмда оддий итальян аёлининг қиёфаси, характерини очиб беришга ҳаракат қилади ва айнан шу  образ билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой олади.
Неореализм киносининг ёрқин намояндаларидан яна бири Витторио Де Сика (1901-1974) бўлиб, у  нопрофессионал актёрлар билан ишлашда катта ютуқларга эришган режиссёр ҳисобланади.
Де Сиканинг 1948 йили суратга олинган “Велосипед ўғрилари” фильмида мураккаб вазиятда қолган оила бошлиғининг хатти-ҳаракатлари ва ички кечинмалари психологик теранликда очиб берилган. Сценарий  муаллифи Чезаре Дзаваттинининг фикрича,  неореализмнинг асосий мақсади – ҳар кунги ҳақиқатни шундай тасвирлашки, унда инсон руҳиятининг ноаён жумбоқлари кашф этилади.   “Оддий ҳақиқат фото орқали эмас, ижодий ёндашув билан,  қаҳрамонларнинг табиий ҳолати ва характери орқали очиб берилса, мутлақо зерикарли бўлмайди” – деб таъкидлайди Чезаре Дзаваттини.
“Велосипед ўғрилари” фильмининг қисқача сюжети шундай:  бир киши не машаққатлар билан роса иш ахтариб, охири эълонлар тарқатиш билан боғлиқ юмуш топади, бироқ кутилмаганда велосипедини ўғирлатиб қўяди. Иш берувчининг талаби бўйича эълон тарқатувчининг албатта велосипеди бўлиши лозим эди. Шўрлик  энди иш топдим деганда бундай фалокат содир бўлиши уни эсанкиратиб қўяди,  у велосипедини топишга роса уринади, аммо уддасидан чиқолмагач, ўғрилик кўчасига киради. Лекин тажрибасизлиги боис тезда қўлга тушади ва энг ачинарлиси, бу ҳодиса ўз фарзандининг кўз ўнгида юз беради. Уни полиция маҳкамасига олиб кетишаётганида, ўғли “Дадамни қўйиб юборинглар” дея ёлвориб йиғлайди. Велосипед эгасининг раҳми келиб, ночор отани озод қилади.
Витторио Де Сиканинг “Велосипед ўғрилари” фильмида отанинг ўғрилик устида қўлга тушишидан кўра, айни воқеанинг фарзанди гувоҳлигида юз бериши нақадар аянчли экани шу қадар нозик тасвирланганки, томошабин беихтиёр ҳаяжонга тушади.
Режиссёр мазкур фильми учун 1950 йил “Оскар” мукофотига, энг яхши фильм номинациясида BAFTA совринига ва энг яхши хориж фильми учун “Олтин глобус” мукофотига сазовор бўлади.
Неореализм оқимида ижод қилган режиссёрлардан яна бири Лукино Висконти (1906-1976) нафақат киноижодкор, балки Ватан фидойиси сифатида ҳам ном қозонган. Гап шундаки, Висконти фашизмга қарши ҳаракатда иштирок этган ва ҳибсга олинган. Турли сўроқу қийноқларга қарамай, ҳамфикрлари ва сафдошлари ҳақида маълумот беришдан бош тортади, пировардида отишга ҳукм қилинсада, сотқинликдан кўра ўлимни афзал кўради. Ҳаётида шундай синовларни бошидан кечирган режиссёр ўз фильмларида уруш ва ундан кейинги даврнинг мураккаб манзарасини тасвирлашга ҳаракат қилади.
Ана шундай фильмлардан бири 1960 йилда суратга олинган  “Рокко ва унинг ака-укалари” картинаси бўлиб, унда моддий жиҳатдан оғир аҳволда қолган бир оиланинг Милан шаҳрига кўчиб бориши ва у ерда тўкин ҳаётга эришиши тасвирланади. Аммо, иқтисодий қийинчиликлардан қутулган оилани шаҳарда бошқа муаммолар кутарди. Шаҳар ҳаёти ака-укалардан бири Симонега салбий таъсир қилади, у ичкиликка ружу қўяди ва енгил ҳаёт тарзига ўрганиб қолади. У шу даражага етадики, жондан ортиқ кўрувчи ака-укаларидан нафратланади, муваффақиятга эришган укаси Роккога ғайрлиги келади. Ўз ўрнида Рокко акасига муносабатини ўзгартирмайди, унга қўлидан келганича ёрдам беради.
Лукино Висконти бир оила мисолида итальян халқининг ижтимоий-маънавий ҳаётини очиб беришга интилган. Шунингдек, режиссёр фильм­ни суратга олишда кадр композициясига катта аҳамият қаратади. Фильм кадрлари шундай монтаж қилинганки, асар воқеаларининг шиддат билан кечаётгани, қаҳрамонлар руҳиятида кескин ўзгаришлар кузатилаётгани сезилиб туради.
“Рокко ва унинг ака-укалари” фильми Лукино Висконтига оламшумул шуҳрат келтиради.  Ушбу фильм Венеция кино фестивалида махсус сов­рин ва ФИПРЕССИ мукофотига лойиқ кўрилади, шунингдек,  уч бор Италия кино журналистлари миллий уюшмасининг “Кумуш лента” сов­ринига сазовор бўлади.
Неореализм киносининг ёрқин намояндаларидан бири атоқли кинорежиссёр Федерико Феллини (1920-1993) ижоди ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Унинг 1954 йили суратга олинган “Йўл” номли фильми бетакрор ифодаси, ёрқин характерлари ва режиссёр ёндашуви билан ажралиб туради. Фильм бош қаҳрамони Жельсомина исмли телбанамо қиз образини Федерико Феллинининг турмуш ўртоғи, актриса Жульетта Мазина маҳорат билан ижро этган. Режиссёр мазкур образ орқали инсоннинг қалб гўзаллиги  жисмоний қудратидан устун туришини кўрсатмоқчи бўлади. Фильмда Жельсоминага қарама-қарши тарзда Зампано образи қўйилган. Зампано бақувват ва уддабурон бўлишига қарамай, меҳр-муҳаббат нелигини билмайдиган ва ҳар қандай масалани куч билан ҳал қиладиган инсон қиёфасида намоён бўлади.
Федерико Феллини жамият манзарасини цирк артистлари орқали кўрсатиб беради, унда турли характер ва тоифадаги артистлар фильм воқеаларини ҳаракатга келтиради. Чуқур фалсафий руҳ билан йўғрилган мазкур фильм Феллинининг режиссёрлик кредосини тўла юзага чиқарди.  “Йўл” фильми Венеция кино фестивалида “Олтин шер” ва “Кумуш шер” мукофотлари ҳамда “Оскар”, BAFTA совринлари билан тақдирланади.
Неореализм оқими дунё кинематографиясида ижобий бурилиш ясади ва кўплаб киноижодкорлар фаолиятида янги саҳифа очди. Машҳур рус кинорежиссёри ва назариётчиси Александр Митта неореализм оқими ҳақида шундай ёзган эди: “Феллинининг “Йўл” фильми экранга чиққанида ҳайратга тушгандим. Неореализм оқимида яратилган фильм­лар орқали ўзим учун янги поэтик кинони кашф қилдим. Кейинчалик кинематография институтида ўқиб юрганимда, неореализм йўлимни ёритувчи юлдузга айланди. Шуни тушундимки, неореализм – ҳаёт учун курашдир, аниқроқ айтганда,  енгилмас бўлиб кўринган ёлғон ҳаётга қарши курашдир.”
Бу оқимнинг таъсири туфайли кинематография санъати янада юксалди ва ҳозиргача бу йўналиш киноижодкорларни руҳлантириб келмоқда. “Неореализм шунчаки Италия реализми, ўтиш даври машаққатлари,  бир иқтидорли инсоннинг топилмаси ёки хорижий матбуотда эълон қилинган реклама шиори эмас. У йиллаб ҳукм сурган анъанавий  санъатга қарши риторика ҳам эмас. Неореализмни италиялик зиёлиларнинг маданият ва санъат соҳасида амалга оширган инқилоби дея таърифлаш мумкин”.

* Нодира ҚОСИМОВА – Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчиси
Кино Италии: Неореализм: Пер. с итал. / Сост., К 41 вступ. ст. и комм. Г. Д. Богемского. — Москва: Искусство, 1989.  С. 5.

А. Исмаилов. Кинотелеоператорское мастерство. – Tашкент: 2013. – С. 266.

Кино Италии: Неореализм: Пер. с итал. / Сост., К 41 вступ. ст. и комм. Г. Д. Богемского. — Москва: Искусство, 1989. – С. 134.

А. Исмаилов. Кинотелеоператорское мастерство. – Tашкент: 2013. – С. 271

Искусство кино. Я и Росселини. Российские режиссеры о неореализме. – 2003. №11, ноябрь

Кино Италии: Неореализм: Пер. с итал. /Сост., К 41 вступ. ст. и комм. Г. Д. Богемского. — Москва: Искусство, 1989. – С. 121.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/02/%d0%bd%d0%be%d0%b4%d0%b8%d1%80%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d1%81%d0%b8%d0%bc%d0%be%d0%b2%d0%b0-%d0%ba%d0%b8%d0%bd%d0%b5%d0%bc%d0%b0%d1%82%d0%be%d0%b3%d1%80%d0%b0%d1%84%d0%b8%d1%8f%d0%b4%d0%b0-%d0%bd%d0%b5/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x