“Айланар тақдирнинг тегирмон тоши”

БИЛМАГАН ДАРАХТМАН

 

Ўз кучи, ўз бардошини билмаган дарахтман мен,

Қоқилгандай битта жойдан жилмаган дарахтман мен.

Сершох, сербарг новдалари чақчақлатиб қушларни

Умри бўйи ўзи бир бор кулмаган дарахтман мен.

 

Ҳолбуки, шўх шамоллар-ла дайдиб кетсам бўларди,

Кўп ишқий қўшиқ билардим, айтиб кетсам бўларди,

Қайтиб кетсам бўларди-я, қайтиб кетсам бўларди,

Аммо, манглайига қайтмоқ битилмаган дарахтман мен.

 

Биров пичоқ билан кесди, сўрди шираларимни,

Бошқа бири каллаклади, кўрди ичим, қаъримни,

Баргим пилла қурти еди, биров кийди заримни,

Мен-чи, бировлардан бир барг юлмаган дарахтман мен.

 

Баъзан ўйланаман, оёқ берса, юриб кетсам, деб,

Дарёларнинг тўлқинида чаппар уриб кетсам, деб,

Кетмасам…

Шу туришимда ерга кириб кетсам, деб,

Дунё ишларидан кўнглим тўлмаган дарахтман мен.

 

Ўз кучи, ўз бардошини билмаган дарахтман мен.

 

ОТАМ МЕНИНГ

 

Отам Умматқулбой Худойберди ўғли хотирасига

 

Кузакларим, баҳорларим эрта келган,

Баҳорларда олқорларим эрта келган,

Кутмаганда бол, қорларим эрта келган,

Умматқулбой – эрта кетган отам менинг.

 

Қўшқавиқли тўнларини тўздирмай ҳам,

Довруғ солиб келганини сездирмай ҳам,

Сувларида ўрдак, ғозин суздирмай ҳам,

Тўхтаган сой – эрта кетган отам менинг.

 

Кўксин яралаб турса ҳам не нокас, кир,

Юракка елка тутаверган мисоли қир,

Мингта ўқдан чайқалиб ҳам умрида бир

Тутмаган ёй – эрта кетган отам менинг.

 

Ў, дўстлар-а, отам-ку ҳеч ёзғирмаган,

Айтмаган ҳам кўнглидаги бир сирлардан,

Фақат… бошга ёққан дўлу ёмғирлардан

Чўккан сарой – эрта кетган отам менинг.

 

Ота, десам, кўксим сим-сим қирқилади,

Бу сўз икки дунёйимни бир қилади,

Шу сўз мени ер қилади, шер қилади,

Умматқулбой – эрта кетган отам менинг.

 

 

АНЖОН САРИ

 

Ўйланаман, йўлим тушса Анжон сари,

Моҳларойим кўзларига кўзим тушса.

Майдалашиб кетмадими мевалари –

Танийманми, қўлга олма, узум тушса.

 

Моҳларойим тақдиридан куйлаб достон

Қалдирғочлар айвонида юрадими?

Келинлари саҳар, азон айтилмасдан

Обдастада сув иситиб турадими?

 

Рўмолининг учига гул битадими

Қизалоқлар – оналарин тиргаклари?

Орқа билан юриб, чиқиб кетадими

Ерга қараб оҳудайин ҳуркаклари?

 

Кўз олдимдан ўтаверар чопа-чопа,

Нодиранинг қул кунлари, шоҳ кунлари.

Қулоғимга келиб турар

Моҳларойим кетаётган хон ароба,

Умархон тўй аробасин шовқинлари…

Ўйланаман йўлим тушса Анжон сари…

 

ПАРИШОНХОТИР

 

Яшаб бораяпман паришонхотир,

Гоҳ узун, гоҳ қисқа дастга ўхшайман.

Гоҳ ўзни сезаман ҳар нега қодир,

Гоҳ ердаги чўпга, хасга ўхшайман.

 

Дўстлар бор, боши арш-аълога етган,

Уларнинг уйлари қуёшга беткай,

Мен гоҳо улардан баландлаб кетган,

Гоҳ эса баридан пастга ўхшайман.

 

Айланар тақдирнинг тегирмон тоши,

Ичимга оқади кўзимнинг ёши,

Дўстлар бор, бахтлардан айланар боши,

Мен қуюқ ғамлардан мастга ўхшайман.

 

Дунё қадаҳ тутса, кўксим-ку лим-лим,

Паришон эсам-да, чўзиқдир қўлим,

Шундан норасодир, эҳтимол, йўлим,

Шундан гоҳ ўзимга қасдга ўхшайман.

 

Яшаб бораяпман паришонхотир…

 

БАХМАЛ

 

Бахмал боғларида еру осмон – кўк,

Олмалар гоҳ-гоҳи тўкилар тап-тап.

Сангзор сувларидай тез оқар сув йўқ,

Учиб бораётган тойларга ўхшаб.

 

Кўкжарнинг сел олган жарларида чим,

Жилғалар пойгаси, тошлар гурунгги.

Менга туюлдики, Бахмал – кўп қадим,

Тоғда тошлари ҳам тоза, бурунги.

 

Сангзор чарх уради, жилғалари жўш,

Кетсам, кўнглим шунда қолаётгандай.

Боқсам, тоғ бошидан икки арча, қўш,

Бир-бир босиб, тушиб келаётгандай.

 

 

* * *

 

Мирхалил отанинг кўк гумбазидан

Самарқанд кўринар, ҳайрон бўлмайсиз.

 

Новқа отанинг беш панжасидан сув

Шифо сувларидан ичинг, ўлмайсиз.

 

Сифотин тополмай ўйга толдим мен

Минг хил ковул-коврак, оққиз ҳидини…

 

…Уч-тўрт қиррасини кўриб қолдим мен

Бахмал – Ўзбекистон марваридини.

 

 

МАСЛАҲАТГА БОРАМАН

 

Ой ўтмас, ҳафта ўтмас,

Ўзимнинг ақлим етмас,

Маслаҳатга бораман.

 

Саҳар ё кеч, ўтириб,

Бошингизда ўй суриб,

Сизга кўнглим ёраман.

 

Мен ўйлайман: “Соз тупроқ

Бехавф ётинг. Суянч тоғ,

Ҳалибери чўкмайди”.

 

Онам ўйлар: “Наҳотки,

Оқсоч боламнинг ёши,

Бир жойга етганда ҳам

Айтганимдан чиқмайди?”

 

ТАВБА ЭШИГИДА

 

Ҳамиша айбдорман, гуноҳим қўша:

Ташим хироману ичкаримда дод.

Ўйлайман, мен кимман?

Мен-чи, мен ўша –

Тавба эшигида қантарилган от.

 

Ўпаман, фарқ йўқдай, чўққими ё чоҳ,

Фарқ йўқдай шайтонми, раҳмонми ҳамроҳ,

Бу бари ташимда, ичимда мен оҳ,

Тавба эшигида қантарилган от.

 

Жаннатийманми мен ва ё осийман,

Ўлмоқ шарт бўлганда зиғирча куймам,

Суймаганни суйиб, суйганни суймам,

Тавба эшигида қантарилган от.

 

Ёллари шамолда ялтиллаб парқу,

Парвоз хаёлига бўлса-да ғарқ у,

Оллоҳдан афв сўраб йиғлайди ҳар кун,

Тавба эшигида қантарилган от.

 

Гуноҳкор бандангман, тупроқман, ерман,

Кунимда кун йўқдир, ойимда йўқ ой.

Худойим, кечиргин ва менга берма

Тавба эшигидан бошқа жойдан жой.

 

“ИНЖУЛАР” КИТОБИДАН

 

Кўклам ҳам гоҳ алдар, ғўр, боли йўқдир,

Алдашга ёздайин дажжоли йўқдир.

Куздан бир амаллаб алданмай ўтсам,

Қишнинг алдашгаям мажоли йўқдир.

 

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–4

https://saviya.uz/ijod/nazm/aylanar-taqdirning-tegirmon-toshi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x