Турфа тақдир ипин йигирар

 * * *

Дарахтнинг новдасин кесиб

най ясашди

ва

куй чалишди дарахт ҳақида.

Дарахтнинг баргларин сиқиб

ранг олишди

ва

чизишди дарахтнинг суратин.

Дарахтнинг пўстлоғин шилиб…

Дарахтнинг жуда кийгиси келди

ўз пўстлоғидан

тикилган

ковушни.

 

* * *

Бир коса шамол, охиргиси деб,

Алдаб сотиб кетди: созми ё оҳанг?

Бармоғимни ботирдим, тунга бўялди,

Жоним қани, ҳей, дарвоза нега ланг?

Икки кўзимда жилваси бенур,

Юсуфнинг кўйлаги уми, уми-увв.

Қўлимда йўл тутам, лабларим тупроқ,

Соҳибим, кўзангдан берма менга сувв.

На туйнук, на тешик, қўлларим озод,

Тебранмас бешигим лойини қордим.

Фаришта топмаган сиёҳ пардани

Ниназан кўрдиму кўзимни бердим.

 

 

ШAШМАҚОМ

 

1

Ғамранг кўлда қоғоз қайиқча,

Эшкаги йўқ ёз саёҳатчи.

Саробранг кун ичар соҳилда

Сўнгги умид шўр ҳамда аччиқ.

 

Суруви йўқ кекса чўпон – йўл,

Гулхан ёқар изларни йиғиб.

Қуриган вақт пўстлоғин тирнаб

Шамол ёзар: тош ҳамда йиғи.

 

Соҳиби йўқ сандиқ эса қулф,

Тақиллатар кимдир ичидан.

Осмон ҳам йўқ, ер ҳам йўқ энди,

Ҳатто кўлнинг суви ичилган.

 

2

Ҳамёнини очар сахий тун,

Бозор эса гунг ва кимсасиз.

Қалдирғочнинг уяси – юрак.

 

Қирриқ сарроф – шамол уйғониб,

Савдосини бошлайди сассиз.

Бойўғлининг ўғли – ваҳима.

 

Билагузук ва най дўконда

Бозингардан гаровга қолган.

Ярқиллаган қиличми-қинми?

 

Демак қадим базми жамшидда

Ҳамма нарса бошма-бош бўлган.

Балиқларнинг осмони – нима?

 

Сарроф энди бирга ўн қўшиб

Алмашмоқда савобга гуноҳ.

Калтакесак сайради – булбул.

 

Тарозини мумлаганини

Билмади тун, йўқ битта гувоҳ.

Қалдирғочнинг уяси – илон.

Калтакесак сайради яна.

 

3

Сув қайнади, сўнгра тугади,

Қумғон эса увулламоқда.

Қудуқ бунча бўлмаса чуқур?

Соҳибфурсат лаълиси бўм-бўш,

Макргиёҳ томизар шарбат.

Кўршапалак бунчалар учқур?

Дастурхонни очади осмон –

Мусичанинг қаноти ва ел.

 

Жарликларнинг тиши қамашур.

 

Ер остида қурт ва қумурсқа,

Гул томирин тўғраб беради.

 

Тулпор қайтар кўзлари сўқир.

 

Ўғир эса донга тўлади,

Тош кулади – элакка насиб.

 

Ҳаққуш яна оловни чўқир.

 

4

– Зинаси йўқ нарвондан

Қайга чиқиб кетяпсан?

 

– Жим!

Жим!

Жим!

 

Фалакда ҳеч ким йўқми,

Нега қайтиб тушяпсан?

 

– Жим!

Жим!

Жим!

 

5

Сир ғорига қўйилган тош – ой

сурилганга ўхшайди.

Ялтир-юлтир юлдузми, изми,

кирилганга ўхшайди.

Тун кўйлаги йиртиқ – қароқчи

тирилганга ўхшайди.

Сабр тортган қора камалак

узилганга ўхшайди.

Уфқда қон, қатлами ё зиёфат

тузилганга ўхшайди.

Муз ўпмоқда кўзимизни, йўл

бурилганга ўхшайди.

 

6

Ҳэ-э-э, чўлпи тўқиб жийдадан

Тун қозонин ковладим.

Чақмоқ чақиб қайтадан

Қанотимни тобладим.

Кўзида ранг қайнатган

Мусаввирни чорладим:

 

– Чорчўпи йўқ мато бу,

Четига нур тақилган,

Ўртасига гул билан

Қоп-қора мих қоқилган.

 

Ҳэ-э-э, гардиши йўқ дойрани

Чалдим, дилим қабарди.

Дор устида адашдим,

Тошга уриб табарди.

Жон қушини чақирдим,

Айтди кулиб хабарди:

 

– Меҳмони йўқ супа бу,

Тўртта шами ёқилган,

Тақсимчада жуфт мева

Данаклари чақилган.

 

Данаклари чақилган.

 

* * *

Оч офатдай судралиб ўтган,

Кунларимга боқаман ҳайрон.

Кўпдан буён юрак ҳам бўм-бўш,

На шодлик бор, на рост, на ёлғон.

 

Ахир, юлдуз ҳар тун чархида,

Турфа тақдир ипин йигирар.

Дарахтларнинг зангор тушига,

Жуфт-жуфт бўлиб соялар кирар.

 

Мен-чи, сира ушлай олмаган,

Ўйларимни яшайман қарғаб

Ва чақириб кўҳна ғамларни,

Томиримга чиқаман бойлаб.

 

Азиз Саид

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–3

https://saviya.uz/ijod/nazm/turfa-taqdir-ipin-yigirar/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x